Абдулла Қодирий чинакам миллатчи ҳисобланади. Илгари у савдогар, муштумзўр эди, ўз хўжалигида одамларни мажбуран ишлатарди. Бундан ташқари Зоҳириддин Аълам, Шоҳидов каби аксилинқилобий кайфиятдаги мусулмон руҳонийлари билан доим апоқ - чапоқ бўлиб юрарди. Ошна - оғайнилари аксилинқилобий фаолияти учун жиноий жавобгарликка тортилган. А. Қодирий чинакам аксилинқилобчи, миллатчи. У доим аксилинқилобий, миллатчилик ишлари билан машғул бўларди. Масалан, ўзининг «Калвак Махзум», «Ўткан кунлар», «Меҳробдан Чаён», «Обид Кетмон» сингари асарларида аксилинқилобий, миллатчилик ғояларини тараннум этади, ҳозирги замон ўзбек халқига туҳмат қилади, ўрисларнинг устидан кулади. 1936 - йилда мен Қодирий билан биргаликда Наби Шариповнинг уйига таклиф этилдим (у аксилинқилобчи, миллатчи эди, ҳозирги пайтда жиноий жавобгарликка тортилган); ўша хонадонга Зоҳириддин Аълам, Шоҳидов, Чўлпон (аксилинқилобий мусулмон руҳонийлари, ҳозир жавобгарликка тортилганлар) ва менга нотаниш кимсалар ҳам таклиф этилган эдилар. Ўтириш давомида фақат сиёсий мавзуда суҳбатлашдилар, ҳамма Шўро ҳокомиятини қоралади, Шўроларга қарши гапиришди. Қозон шаҳрида «Шўро» меҳмонхонасида яшаб турган пайтимизда Қодирий менга бундай деди : «Татаристонда ва олмонларнинг Эдилбўйи мухториятида озиқ - овқат маҳсулотлари атайлаб тахчил этиб қўйилган; Шўро ҳукумати аҳоли ўртасида норозилик уйғотиш учун жўрттага шундай қиляпти. Олмонияда эса хайр - эҳсон тўпланяпти, йиғимдан тушган маблағ, маҳсулот Татаристон билан олмонларнинг Эдилбўйи мухториятига жўнатиляпти». Сўнгра Қодирий бундай деди: «Ҳарбий жиҳатдан Шўро Иттифоқи Олмониядан кучсиз. Агар уруш бошланиб кетса, Шўро ҳукумати мағлубиятга учрайди». Ушбу сўзларни эшитишимиз билан Умарий, Сулаймонов ва мен дарҳол Қодирийга эътироз билдирдик. Аммо Қодирий ўз фикридан қайтмади. Қодирий ўзининг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» китобларида Худоёрхон ҳукмронлик қилган даврни ёритган. Абдулла Қодирий бу асарларида ўрис халқига қаҳр - ғазабини тўкиб солган. Темурланг, Умархон замонидаги олтин даврни қўмсайди. Агар ўшалар каби хонлар бўлганда борми, ўрислар икки дунёда ҳам Туркистонни босиб олишолмасдир, деб ҳисобларди. Абдулла Қодирий ўз асарларида Худоёрхонни уқувсиз ҳоким сифатида қоралайди; ўша ярамас охир - оқибатда Туркистонни ўрисларга топшириб қўйди, дейди. «Обид кетмон» романида Қодирий яккахўжаликни улуғлайди, жамоа хўжалиги қурилишини қоралайди. Бу романида Қодирий сифлис (таносил) каби юқумли касалликлар Туркистонга ўрислар томонидан келтирган, деб талқин этади.
Набижон Боқийнинг "Қатилнома" китобидан.
|