Сталин 1941 йил немис танкларининг Киевга қараб юриши ҳақида хабар топгач, бунга алоҳида эътибор қаратмади ва бу каби маълумотлар тарқатилишини ваҳимачилик намоён бўлиши деб атади. Чекиниш ҳақидаги гаплар учун ўлим жазоси билан таҳдид солди. Пировардида Қизил Армия асир тушган 665 минг кишини йўқотди. 1941 йил июль ойининг охирларида, вермахт ҳужум бошлаган кундан бир неча ҳафта ўтгач, Совет Иттифоқи Бош штаби бошлиғи Георгий Жуков олий ҳарбий қўмонданларга Киевни топшириш ва келажакни кўзлаган ҳолда Днепр дарёси ортида мудофаа чизиғи яратишни тавсия қилганди. Жаҳли чиққан Сталин бу таклифни «буҳуда гап» деб атаб, рад қилди, шундан сўнг Жуков жасорат кўрсатиб таклиф билдирмасликни маъқул кўрди. Уни эгаллаб турган лавозимидан озод этишларини сўради, ваҳоланки бунинг учун у мағлубиятчиликда айбланиши ва ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин эди. Бироқ Сталин, бу таклифга истар-истамас рози бўлди ва бу генерални Захира фронтига бош қилиб тайинлади, Ставкадаги ўрнини ҳам сақлаб қолди. Олти ойдан кейин Сталин Жуковнинг эҳтимол, ҳақ бўлганлигини тан олмасдан иложи қолмади. Шу аснода Қизил Армия олтита армия ва тўртта захира армия ёрдамида Смоленск яқинида немисларнинг «Марказ» армиялар гуруҳини тўхтата олди, жанубда эса душманни орқага қайтаришга эришилди. Бироқ бу йирик танк бўлинмаларининг бу йўналишдаги ҳаракатини тўхтатиб, уларни бошқа томонга йўналтирган Гитлернинг буйруғи туфайли рўй берди. Генерал Герман Готнинг жанговар машиналари «Шимол» армиялар гуруҳининг Ленинградга ҳужумини қўллаб-қувватлаши лозим бўлган бир пайтда генерал Гудерианнинг танклари жанубга, Украинага йўл олди. Немис ҳарбий кампаниясининг дастлабки режасига кўра Москвага шиддат билан ҳужум уюштириш кўзда тутилганди ва вермахт қўмондонлиги Москванинг қулаши Совет Иттифоқи устидан яшин тезлигидаги ғалабани англатишига умид қилди. Шу сабабли «Марказ» армиялар гуруҳига иккита танк гуруҳи берилди, «Шимол» армиялар гуруҳи ва «Жануб» армиялар гуруҳи эса танк дивизияси ва моторлаштирилган дивизиядан иборат бўлган битта танк армияси билан кучайтирилган. Мос равишда, уларнинг тобора кучайиб бораётган советлар қаршилигини енгиб ўтиб, ҳужум қилиши қийин эди. Ўз генералларининг қаршилик кўрсатишига қарамай, Гитлер Украинага нисбатан ўз ҳаракатларини ҳарбий-иқтисодий мулоҳазалар билан асослади. Унинг учун бу мамлакатнинг саноат, фойдали қазилмалар ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бой ресурсларини зудлик билан ўз назорати остига олиш муҳим эди, бу ўз-ўзидан, Сталин устидан тез ғалаба қозониш ва зафар қучишнинг имкони бўлмаслигини тан олиш бўлди. Гудериан Гитлернинг кўрсатмасига риоя қилиш ва танкларни Киев билан Украина шарқининг саноат маркази бўлган Харьков ўртасида жойлашган Лохвица томон йўналтиришга мажбур бўлди. Бу шаҳар Умань яқинидаги «қопқон»да ғалаба қозонганидан сўнг ўз юришини давом эттирган генерал Эвальд фон Клейст қўмондонлиги остидаги 1-танк гуруҳининг ҳам нишони бўлган. Припять дарёси бўйлаб ботқоқлар орқали ҳаракатланган «Жануб» армиялар гуруҳининг пиёдалар дивизиясига келадиган бўлсак, совет ҳимоячилари уларни Киев ва Днепр йўналишида фаол сиқиб чиқарарди. 7 сентябрь куни советларнинг Жанубий-ғарбий фронт қўмондони Михаил Кирпонос Ставкадан унинг қўшилари дарё ортидаги позицияни эгаллаши мумкин бўлишини қаттиқ туриб талаб қилди. Фақат икки кундан кейингина – бу вақтга келиб немислар унинг ўнг қанотини деярли қуршаб бўлганди – у рухсат олди, лекин у қандай қилиб бўлса ҳам Киевни ва дарёнинг ўнг қирғоғидаги бошқа плацдармларни ушлаб қолиш ҳақида қатъий буйруқ олганди. 11 сентябрда Сталин унга қўнғироқ қилиб, Кирпоносни ва бутун жанубий-ғарбий ўқ қўмондони Семен Буденнийни улар «қаршилик кўрсатиш йўллари» ўрнига мунтазам «чекиниш учун оралиқ» қидиришда айблади. Буденный – ўтмишда Сталиннинг сафдоши, совет маршалига айланган собиқ кавалерист ва чор армияси унтер-офицери – бутун жасоратини тўплаб, «чекинишда кечикиш қўшинларнинг ва моддий қисмнинг улкан қисми йўқотилиши»га олиб келиши мумкинлигини айтди. Шундан сўнг Сталин унинг ўрнига Семен Тимошенкони тайинлади, лекин Буденнийни – бошқа кўплаб генераллардан фарқли равишда – ўлим жазосига ҳукм қилмади. Ҳатто 14 сентябрда ҳам Ставка Киев фронтидан ҳалокат ҳақида кўп сонли хабарлар қабул қилган бўлсада, уларни ваҳимачилик намоён бўлиши сифатида баҳолди ва чекинишни хаёлига келтирган ҳар бир командирни отиб ташлашга буйруқ берди. Бу пайтга келиб немислар Днепрга яқинлашган ва шарқ томон ҳаракат қилаётганди. 15 сентябрда Гудериан ва Клейстнинг танк гуруҳлари илғор қисмлари Лохвица шаҳри яқинида, Киевдан 200 километр шарқда учрашди. Тўлиқ қуролланган тўртта армия ва яна иккита армия қисмлари, умумий ҳисобда 700 минг киши, қуршовда қолди. Мағлуб бўлган Тимошенко, охир-оқибат, жасорат топиб, Кирпоносга кучсиз захиралар билан пана қилиниши лозим бўлган шошилинч чекиниш ҳақида буйруқ берди. Бироқ Кирпонос, юқоридаги таҳдидлардан қўрққан ҳолда, Ставкадан розилик олишни талаб қилди. 18 сентябрь куни рухсат олинди, лекин кеч бўлганди. Кирпонос қўшинларининг катта қисмида тартиб-интизом бузилганди, бошқарув йўқотилганди ва ўз мақсадига сабот билан интилаётган душманларга қарши тизимсиз жанглар оқибатида ҳолдан тойганди. Ҳаттоки совет историографиясида фақат кам сонли қисмларгина қуршовдан чиққанлиги таъкидланади. Кирпоноснинг ўзи граната портлаши натижасида ҳалок бўлди. 26 сентябрь куни жанглар тўхтагач, 150 минг нафар совет аскарлари ҳалок бўлганлиги маълум бўлди. 665 мингта қизил армиячи асир тушди. Немислардан 100 минг киши ҳалок бўлди ва яраланди. Тарихчилар Киев жангини тарихдаги энг йирик алоҳида ҳарбий операция ҳисобланади. Фақат бошқа жойларда жанг қилаётган сўнгги захираларни жангга ташлабгина Ставка фронт чизиғи бўйлаб улкан тешикни ёпа олди ва Ростов-Дон томон ҳаракатланаётган немис танк қисмларини тўхтатишга эришди. Позицияларни ушлаб қолишга қаратилган ўжар стратегияси туфайли Сталин Гитлерга Москва томон ҳаракатланиш учун имконият тақдим этди. Гудериан танклари зудлик билан советлар пойтахтига ҳужумда иштирок этиш учун шимол томон ҳаракат қилишга буйруқ олди. Фронт ортига айланишга улгурган Киевга қирғин уюштириш учун урушнинг иккинчи қисмини бошлаш мақсадида СС бўлинмалари айнзац-гуруҳлар билан кириб келди. 29 ва 30 сентябрда Бабий Яр жарлигида 33 минг нафар яҳудий отиб ўлдирилди.
Абу Муслим таржимаси
|