Сталин ўлимининг сирлари | ||||
1953 йилнинг 13 январи Сталин учун машъум кун бўлди—у «тескари даволаш йўли билан Совет Иттифоқининг фаол арбобларининг умрини қирқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган террорчи дўхтирлар гуруҳи"ни давлат хавфсизлик идоралари фош этгани тўғрисида «ТАСС хабари»ни эълон қилдирди. Бунинг қандай содир бўлганини тушуниб етиш учун биз ўзимизга «Дўхтирлар иши» Сталинга нимага керак бўлиб қолди? деган сўроқни беришимиз керак. Бу саволга Сталин ўша 13-куни эълон этилган «Профессор-дўхтирлар ниқоби остидаги ифлос айғоқчилар ва қотиллар» деган мақоласида бехосдан оппа-ойдин жавоб бериб қўйган. Мақоланинг тагида имзо йўқ, аммо тил ва услубининг ўзига хос хусусиятига кўра, унинг муаллифи Сталин экани равшандир. «ТАСС хабари»да айтилишича, «зараркунандачи-дўхтирлар» амриқо (профессор дўхтирлар М. С. Вовси, Б. Б. Коган, А. И. Фелдман, А. М. Гринштейн, Я. Г. Этингер ва бошқалар) ва инглиз (академик Виноградов В. Н., профессор дўхтирлар М. Б. Коган, П. И. Егоров) айғоқчилик идораларининг топшириғи бўйича ишлаганлар. Виноградов билан Егоровдан бошқа барча ҳибсга олинганлар жуҳудлардир. Ҳаммаси Кремл поликлиникасининг дўхтирлари ва Сиёсий бюро, ҳукумат аъзолари ҳамда олий ҳарбий амалдорларнинг хос дўхтирлари ҳисобланишади. Биринчи гуруҳдаги барча жуҳудлар амриқо айғоқчилигига «Жойнт» номида ўзини меҳр-шафқат ташкилоти қилиб кўрсатадиган жуҳудларнинг халқаро буржуача миллатчилик ташкилоти ёрдамида «ёлланган» бўлиб чиқишди, Виноградов гуруҳининг аъзолари эса «илгаридан инглиз разведкасининг айғоқчилари» эканлар. «ТАСС хабарлари»да дўхтирлар ўз айбларига иқрор бўлганлари тўғрисида ҳам маълумот бор. Улар гўё «тескари даволаш йўли билан» МҚ котиблари Жданов ва Шчербаковни ўлдирганларини, маршаллар Василевский, Говоров, Коневни, армия генерали Штеменкони, адмирал Левченкони ўлдирмоқчи бўлганларини тан олган эдилар. Профессор Вовси тергов чоғида «СССРнинг раҳбар кадрларини қириб юбориш тўғрисида» гўё «Жойнт»даги сионистлардан топшириқ олганман», деганмиш (эътибор беринг: мўлжалланган қурбонлар орасида Жуков ва Булганин сингари энг йирик маршаллар ҳамда Маленков, Берия, Хрушчёв сингари энг йирик партия арбоблари номлари йўқ). Агар Сталин шу «ТАСС хабари» билан чекланганида эди, унда бу ҳодисани семитизмга қарши кайфиятнинг галдаги портлаши деб, «дўхтирлар иши»ни эса «сионистлар ишивнинг бир кўриниши деб ўйлаш мумкин эди. Аммо «Правда» рўзномасидаги (ўша, 13-кунги сонидаги) мақола билан Сталин ҳовлиқиб (натижада эҳтиётсизлик қилиб) ниятини фош қилиб қўйди. Сиёсий бюро аъзоларининг хос дўхтирларига қарши бошланган иш худди Сиёсий бюронинг ўзига қарши уюштирилгандай кўринарди. Сиёсий бюрога нисбатан ғазаби Сталиннинг кўзини шу қадар кўр қилиб қўйган ёки у шу қадар эсини еб қўйган эдики, эски оқ иплар билан янги қора ишни тикаётганини ўзи кўрмасди: «...айримлар зараркунандачилик, қўпорувчилик, айғоқчилик хавфи энди батамом ариди, деган хулосага келиб қолдилар. Фақат ўнг оппортунистларгина, синфий кураш «сўниб боради» деган марксизмга зид нуқтаи назарда турувчи одамларгина шундай деб ўйлашлари мумкин. Бизнинг ғалабаларимиз курашнинг сўнишига эмас, балки кучайишига олиб келишини, қанчалик муваффақият билан олдинга бораверсак, халқ душманларининг кураши шунчалик кескинлашаверишини ундай кимсалар тушунишмайди ёки тушунишни исташмайди». («Правда», 13.01.53). Номи айтилмаган бу «ўнг оппортунистлар» кимлар эди? Албатта, колхозчилар ёки ҳатто «зараркунандачи дўхтирлар» ҳам эмас, балки, Совет ҳукуматининг аъзолари ва давлат хавфсизлиги идораларининг раҳбарлари эдилар ва булар ҳам, худди «ўнг оппортунистлар Бухарин, Риков ҳамда Ягода сингари, осонгина чекистларнинг ўқига тўғрилаб қўйилиши мумкин эди. 1. «Бизнинг айрим Совет идораларимиз ва уларнинг раҳбарлари ҳушёрликни йўқотдилар, боқибеғам бўлиб қолдилар»; Сталин Кремл дўхтирларини қора курсиларга ўтирғизиб, ўтмишдаги найрангни ношудларча такрорлаётганини ўйламайди. У уларнинг «зараркунандачилиги»ни қарийб қонуният деб билади: «...ифлос қотиллар ва Ватан хоинларининг дўхтир ниқобида иш кўрганларига тарихда мисоллар топилади. Лёвин, Плетнёв каби «дўхтирлар» Совет Иттифоқининг душманлари топшириғи билан атай тескари даволаб, улуғ ўрис ёзувчиси А. М. Горкийни, Совет давлатининг атоқли арбоблари В. В. Куйбишев ва В. Р. Менжинскийни ўлдирганлар». Лёвин ўша пайтлар, худди Виноградовга ўхшаб, Сталиннинг шахсий дўхтири бўлган эди. Булар иккаласи ҳам чет эл разведкаси хизматига кирган «ўнг оппортунистлар» билан «халқ душманлари»нинг топшириғига биноан Сталинни ўлдирмоқчи бўлдилар. Агар Сталин омон қолган бўлса, ўзининг ҳушёрлиги, сергаклиги туфайли омон қолди, НКВД идоралари эса ўша вақтда (Ягода) ҳам, ҳозир (Берия) ҳам «дўхтирлар орасидаги зараркунандачи, террорчи ташкилот»ни ўз вақтида фош эта олмади. Мақоланинг тил услуби ежовчилик замонини эслатади. Ўшанда Сталин Лёвин билан Плетнёвларнинг "илҳомчилари"га томон «йўл топган», Сиёсий бюронинг ярмини, МҚ аъзоларининг 70 фоизини оттириб юборган эди. Берия, Маленков, Хрушчёв ва Булганинлар (Молотов билан Ворошиловни, Микояну Каганович билан Андреевни айтмагандаёқ) бу тил услубини-да, Сталин ҳокимият тепасида яна бир неча ой турса ўзларининг тақдирлари ҳам ҳал бўлиши мумкинлигини-да, «жуда яхши билардилар. КПССнинг XX съездида шу ҳақда гапирилди: Дўхтирлар қамалганидан кейин ҳеч қанча фурсат ўтмай, биз—Сиёсий бюро аъзолари — дўхтирларнинг ўз айбларига иқрор бўлгани кўрсатилган қарорларни олдик... Иш шундай чалкаштирилган эдики, ундан тергов қайси далиллерга асосланганини аниқлаб ё текшириб булмасди... Сталин ўлимидан кейин бу «иш»ни қайта кўриб чиққанимизда, у бошдан-охир тўқиб чиқарилган деган, хулосага келдик. Бу шармандали «иш»ни Сталин яратган эди. Аммо у бу ишни ўзи истаган ниҳояга олиб боролмади, улгурмай қолди» (Н. С. Хрушчёв. «КПСС XX съезди ёпиқ мажлисида қилинган маъруза», 41-бет). Хўш, ниҳояни Сталин ўзича қандай тасаввур қилган эди? Сиёсий бюро ўттиз йил кечикиб, архивдан Лениннинг Сталин ҳокимиятни кўтара олмаслиги, лавозимини суиистеъмол қилиши мумкинлиги, бинобарин, уни Бош котибликдан олиш лозимлиги таклиф этилган «Васиятнома»сини кавлаштириб топди. «Сталиннинг бу салбий хислати... умрининг охирларига келиб мутлақо чидаб бўлмас даражадаги феълга айланди», деб қайд қилди Сиёсий бюро (8-бет). Сиёсий бюро аъзолари Сталин ўзларини йўқ қилишни истаётганига ва унинг феъли «мутлақо чидаб бўлмас» ҳолга етганига ишонч ҳосил қилганларидан кейин, улар Сталинга нафакат дўхтирларни озод этиш тўғрисида, балки ҳамма лавозимлардан кетиши ҳақида кескин талаб қўйишга қарор қилдилар. Буни қўлида аниқ ҳокимият бўлган Берия, Маленков, Хрушчёв ва Булганинларгина армияга (Жуков, Захаров, Москаленко, Соколовский, Ерёменко) ҳамда полицияга (Игнатев) суянган ҳолда амалга ошира олардилар. Ўзларининг иғволари билан «ички кабинет»нинг тор-мор этилиши уларга қатъий талабни қўйишга имкон очди. Фитначиларнинг бошлиғи, шубҳасиз, Берия эди. Энди Сталин билан Бериянинг ўзаро муносабатларига қайтамиз. Сталиннинг Бериядан қўрққани ва ҳатто унинг фитна уюштириб қолишидан чўчиши тўғрисидаги Хрушчёвнинг ҳикоясини китобимизнинг бошроғида келтирдик. «Мингрел иши» аслида Берияга қарши қаратилганини ҳам кўрдик. Ниҳоят, «дўхтирлар иши» ҳам энг аввало «Берия иши» эканини билдик. Шуларни ҳисобга олганда Сталин уни нега эркин қўйиб қўйгани бизни ажаблантиради. Ахир, у Сиёсий бюронинг эски аъзолари Молотов, Ворошилов ва бошқаларни уйига яқинлаштирмай қўйган эди, нега Берияга нисбатан ҳам шу чорани кўрмади? Берия Сталиннинг уйига кўнгли тусаган пайтда—кечасими, кундузими демай, исталгак маҳалда келаверарди. Берия бу хонадонга Сталиннинг аввалги хотини Надежда Аллилуева тириклигида ҳам келиб-кетиб юрарди. Айнан ўша аёл Берияни ярамас деб эрини биринчи бор огоҳлантирган. Қизлари Светлана Аллилуева бу ҳақда шундай ёзади: Бора-бора Сталин Берия ҳақидаги фикрини ўзгартиришга мажбур бўлди. Бир гал қизи Светлана Бериянинг уйида меҳмон бўлиб, ўша ерда ётиб қолганида бундай воқеа рўй берди: «...эртасига эрта билан отам сим қоқиб қолди ва мени уят сўзлар билан сўкиб, «ҳозироқ уйга жўна! Мен Берияга ишонмайман!» деб бақириб берди», деб ёзади Аллилуева ва отасининг бу сўзларидан қанчалик ҳайратга тушганини айтади («Фақат бир йил», 327-бет). Бироқ, Берия ҳақида фикрини ўзгартириб ҳам Сталин ундан дарров қутула олмади, шунинг учун ташидан сир бой бермай юраверди. Сталин нафақат зимдан иш кўриш-да устаси фаранг, балки юксак маҳоратли найрангбоз ҳам эди. Ички сиёсатда ҳам, ташқи сиёсатда ҳам, Сталин жиноий фаолиятининг биринчи қоидаси бундай эди: у кўз остига олган қурбонининг ишончини аввал қозониб оларди-да, кейин унга туйқусдан, довдиратиб қўядиган зарба берарди. Сталин ўзи алданиб қолишини ҳам, бу ҳол галдаги (ва охирги) зиёфат чоғи рўй беришини ҳам кутмаган эди. Сталиннинг бу фикрлари бутун январ ва феврал ойлари «Правда»нинг мафкуравий жазавасига асос бўлди. Ур-сур айни қайнаган дамда—21 январ куни СССР Олий Совети Ҳайъатининг «Зараркунандачи дўхтирларни фош қилиш ишида ҳукуматга ёрдам кўрсатгани учун дўхтир Лидия Федосеевна Тимашук Ленин ордени билан тақдирлансин», деган Фармони эълон қилинди. Бу энди маҳаллий чақимчи тимашукларга очиқдан-очиқ чақириқ—яъни, чақувларни кўпроқ-кўпроқ ёзинглар, сизлар ҳам орден оласизлар, деган гап эди. 24 январ куни «Правда» маҳаллий Советларга сайловлар муносабати билан ўлиб-тирилиб халқни ҳушёрликка, Ленин—Сталин партияси теварагида бирикишга чорлади. 6 феврал куни «Правда» давлат хавфсизлиги идоралари СССРнинг турли жойларида кўпларни ҳибсга олгани тўғрисида катта мақола босди. Мақола махфий ҳужжатларнинг ўғирланиши (Поскребишев!) тўғрисидаги мисоллар билан тўла эди. Унинг устига, бу ўғирланган ҳужжатлар ҳам нимагадир албатта «душманлар» ва «сотқинларининг қўлига тушиб қолаверарди! «Правда» рўзномасининг «қотиллар»га қарши бошлаган жазаваси айни авжига минган кунлари яна иккита қотиллик содир бўлади. У пайтлар бу иккаласини ҳам табиий ўлим сифатида талқин этишган, лекин энди бизга маълумки, ўликларнинг биттаси Сталинга, иккинчиси Берияга керак бўлган. 17 феврал куни «Известия» рўзномаси Кремл комендатурасининг бошлиғи «Сталин хавфсизлигига масъул бўлган генерал Косинкиннинг «бевақт» ўлгани тўғрисида хабар берди. Генерал бу лавозимига тўппадан-тўғри Сталиннинг соқчилигидан кўтарилган эди. Нисбатан ёш, ҳали бақувват, Сталинга мутаассибларча содиқ ва мустақил Косинкин Бериянинг қўлидан ҳар иш келиши мумкинлигини англаб етмади ва шунинг учун ҳам «бевақт» ўлиб кетди. Лекин Сталинга керак бўлган қотиллик ҳамма «бу одам жанговар постида ўлди» деб ўйласин, деган мақсадда анча табиий ҳатто тантанали равишда ташкил этилди. Гап Лев Мехлис устида боряпти. Мустабид Сталиннинг тарихий оёққа туришида полицияга боғлиқлик томондан Ежов билан Берия қандай хизмат кўрсатган бўлса, мафкуравий жиҳатдан Мехлис ҳам шундай хизмат қилган эди. Мехлис МҚнинг: «Мен Сталинга Лениннинг ҳамма эски сафдошлари жасадлари устидан ҳокимиятга элтувчи мафкура йўлини тўшаб қўйганман, уни партиянинг улуғ доҳийси қилган ҳам, ҳамма фанларнинг буюк саркори қилган ҳам менман!» дея оладиган ягона аъзоси эди. Дарҳақиқат, «Правда»нинг муҳаррири сифатида Мехлис бу мақсадга эришишда қанчалар иш қилганини кўриш учун рўзноманинг 20- ва 30-йиллардаги ҳамма сонларини варақлаб чиқиш кифоя. Миннатдор Сталин унинг бу хизматларини ерда қолдирмади: Қизил профессура институтининг собиқ тингловчиси Мехлисни аввал «Правда» рўзномаси бош муҳаррирининг ўринбосари, кейин бош муҳаррири қилиб қўйди, «улуғ тозалаш»дан кейин эса Сталин уни МҚга ва унинг партия ва давлатнинг олий ўринларига кадрлар тақсимловчи ташкилий бюросига киритди. Уруш пайти Сталин унга генерал-полковник унвонини бериб (ҳолбуки, ҳатто Сиёсий бюро аъзоси Хрушчёв ҳам бор-йўғи гене-раллейтенат эди), ўзининг мудофаа халқ комиссарлиги бўйича ўринбосари ва Қизил Армия Бош бошқармасининг бошлиғи этиб тайинлади. Урушдан кейин Сталин Мехлисни Давлат назорати вазири ҳамда тағин МҚ (XIX съездда) аъзоси қилиб қўйди. «Сионистлар иши»дан ва янги «зараркунандачи дўхтирлар иши»дан кейин Сталин унинг бир «лекин»ини эслаб қолди: Мехлис жуҳуд эди. Жуҳуд зотини жинидан баттар ёмон кўрадиган Сталинга бу ёғи ҳал: у жуҳудми, демак сионист, модомики сионист экан, демак, сионист дўхтирларга ўзининг эски рақиби ва Қизил Армия Бош сиёсий бошқармасига ўзидан кейин бошлиқ бўлиб келган Қизил профессура институти бўйича курсдоши бўлмиш А. Шчербаковни ўлдириш тўғрисида топшириқ берган бўлиши мумкин. Шундай қилиб, «зараркунандачи дўхтирлар» ҳали судни кутиб ўтирганларида, Сталин Мехлисни «муҳим топшириқ» билан Саратовга юборди. Ўша ерда уни шовқин-суронсиз ва гувоҳларсиз қўлга олишди. Масковдаги Лефортово қамоқхонасининг касалхонасига ўтказилган Мехлис Сталин талаб этган кўргазмаларни беради ва 1953 йил февралининг 13-куни ўлади. Мехлисни Қизил майдонга Сиёсий бюронинг кўплаб аъзолари, маршаллар, вазирлар иштирокида тантанали равишда кўмдилар. Аммо маросимда Сталин иштирок этмади. Афтидан, Сталин риёкорликнинг ҳам чегараси бўлиши керак, деган қарорга келган шекилли. Ҳарҳолда, у ўша кунлари касал эмас эди, чунки 17 феврал куни Ҳиндистоннинг элчиси К. Менонни қабул қилган ва узоқ суҳбатлашган. К. Меноннинг сўзига қараганда, Сталин етмиш уч ёшга кирганига қарамай, кўринишидан ҳали анча тетик, соппа-соғ бўлган. Суҳбат чоғида Сталин ён дафтар саҳифасига бўриларнинг расмини чизган ва нафақат дипломатик суҳбатга, балки нодипломатик суҳбатга ҳам алоқаси бўлмаган фикрларни айтган эди. Ўзи чизган суратларни шарҳлаётгандай, қутурган бўриларни ўлдириб деҳқонлар тўғри қилишади, деб қўйган. Албатта, Сталин Сиёсий бюродаги «қутурган бўрилар»ни назарда тутган! Бу орада «Правда» мамлакатда сиёсий ва руҳий муҳитни қиздириш йўлидаги кампанияни давом эттирарди. Рўзноманинг 8, 9, 11, 12, 16, 18, 19, 20, 22, 23, 26, 27 феврал сонларида чиққан мақола ва хабарлар «қотиллар»га, «айғоқчилар»га, «зараркунандачилар»га, «халқ душманлари»га ҳамда «буржуа миллатчилари»га бағишланган эди. «Правда»нинг ҳеч қайси сиёсий бош мақоласи «ҳушёрлик» ва «халқ душманлари» сингари истилоҳларсиз чиқмай қўйди. «Правда» ежовчилик даврининг йўл-йўриқларидан оғишмай, атай ва узлуксиз равишда оммавий жосуслик васвасасини қўзғаб турди. 28 феврал кечаси «Правда»нинг 1 март сони босмадан чиқади. Унда КПСС МҚнинг 8 Март аёллар байрами тўғрисидаги қарори босилади. Шу қарорда ҳам «жосуслар», «қотиллар», «совет халқининг пинҳона душманлари» ҳақида гаплар бор... Эртаси кундан бошлаб эса ғалати ва тушунтириб бўлмас ҳодиса рўй беради: «Правда» бирдан «халқ душманлари» ҳақидаги ҳар қанақа гап-сўзни тўхтатади. Боз устига, «халқ душманлари» ҳатто сиёсий мақола ва шарҳларда ҳам тилга олинмай қўяди. «Правда»нинг 2 март сонидаги («Социалистик миллатларнинг гуллаб-яшнаши») ва 3 март сонидаги («Тарғиботни кўтаришнинг энг муҳим, шартлари») бош мақолаларда «буржуа миллатчилари», «халқ душманлари», «жосуслар», «қотиллар» ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ! «Халқ душманлари»га қарши уюштирилган кампания бекор қилинган эди. «Правда» рўзномаси таҳририятида эмас, албатта, балки юқорида бекор қилинган эди. Уни 1953 йил 1 мартидан бошлаб Сталиннинг ўлимини пойлаб турганлар бекор қилган эди. Берия, Маленков, Хрушчёв ва Булганиндан иборат тўртлик тимсолидаги бу «қоровуллар» 1953 йилнинг 28 февралидан 1 мартига ўтар кечаси давлат тўнтариши қилган ва бу тўнтаришлари «Сталин касаллиги туфайли ҳокимиятни «вақтинча» бошқара олмайди, деган баҳона билан пардаланган эди. Тўртлик КПСС МҚ Ҳайъатини четлаб ўтиб, ҳокимиятни зудлик билан ўзаро тақсимлаб олди. Сталиннинг Сиёсий бюродаги бошқа барча ворисларига эса, улар тўнтаришда иштирок этмаганлари учун, иккинчи даражали ўринлар тегди. Тўртлик «Ҳукумат хабариини чиқарди. Унда бундай сўзлар битилган эди: «Марказий Қўмита ва СССР Вазирлар Кенгаши бутун партия ва бутун совет халқимиз сингари ўртоқ Сталин оғир касаллиги туфайли анча муддат раҳбарлик фаолиятида иштирок эта олмаслигини чуқур англайди. Марказий Қўмита, Вазирлар Кенгаши партия ва мамлакатни бошқаришда ўртоқ Сталиннинг партия ва давлат раҳбарлигидан вақтинча четлашгани билан боғлиқ ҳамма шарт-шароитларни ғоят масъулият ила ҳисобга олади» («Правда», 4.03.53). Бу паллада Сталиннинг ажали яқинлашиб келарди. Совуқ нияти ўзига уриб, «тескари даволовчилар» қўлига тушган ва мана энди аста-секинлик билан, аммо муқаррар ўлим сари борар эди... Дарвоқе, биринчи «Ҳукумат хабари»да бошқа ёлғон ҳам бор эди. Унда айтилишича, Сталинга касаллик (мияга қон қуйилиши) 2 мартга ўтар кечаси Масковдаги уйида ётганида хуруж қилган. Аслида эса, кейинчалик маълум бўлишича, бу воқеа Масковда эмас, Кунсевода содир бўлган. Агар ҳаммаси табиий кечган ва Сталин шогирдларининг виждонлари тоза бўлса, унда нимага улар устозларининг ҳақиқий ўлган жойини яширадилар? Нимага МҚ ва Вазирлар Кенгаши номидан ўз»партияларини ва халқларини бу қадар алдайдилар? Жиноят содир бўлган жойда биз йўқ эдик, дейиш учун эмасмикан? Сталин Масковда ўлмаганини Хрушчёвдан биринчи бўлиб Нью-Йорк шаҳрининг собиқ ҳокими, уруш пайтида АҚШнинг Масковдаги элчиси бўлиб ишлаган Аверёлл Ҳарриман эшитиб билган. Тўртовининг Сталиннинг ўлимини қандай пойлаб туришганини ҳам Хрушчёв ўша одамга айтган. Бу ҳақда Ҳарриманнинг ўзи бундай ҳикоя қилади: Сталин сўнгги йилларда ҳар нарсадан шубҳаланаверадиган, зулмкор ва шафқатсиз бўлиб қолди, деди Хрушчёв менга. «У ҳеч кимга ишонмасди, биздан ҳам ҳёч ким унга ишонмасди. Анчадан бери ўзи бир ишни эплаёлмасди, биз қилайлик десак, қўймасди. Жуда қийналиб кетдик. Бир шанба кечаси у бизни далаҳовлисига зиёфатга чақирди. Сталиннинг кайфияти яхши эди. Зиёфат хушчақчақлик билан ўтди, кўнгилли ўтириш бўлди. Кейин уй-уйларимизга тарқалдик. Якшанба кунлари у одатда бизларга сим қоқиб чиқар, ул-бул ишни гаплашиб олар эдик, аммо ўша якшанба сим қоқмади. Биз ажабландик. Душанба куни ҳам у шаҳарга тушмади. Душанба куни кечқурун шахсий соқчиларининг бошлиғи сим қоқиб, Сталин касал, деди. Биз ҳаммамиз — Берия, Маленков, Булганин ва мен зудлик билан унинг далаҳовлисига жўнадик. Биз борганимизда у ҳушсиз ётарди. Бир қўл, бир оёғи шол, тилдан қолган. Биз унинг ёнида уч кун турдик, лекин ҳушига қайтмади. Кейин маълум муддатга ҳуши жойига келди, биз у ётган хонага кирдик. Ҳамшира унга қошиқда чой ичирди. У бир-бир қўлларимизни сиқди, зўр бериб ҳазиллашмоқчи бўлди, соғ қўли билан девордаги расмни кўрсатди. Расмда кичкинагина қизалоқ эчки боласини қошиқда овқатлантираётгани тасвирланган эди. Мана, энди мен ҳам худди шу эчки боласига ўхшаб нотавонман, демоқчи бўларди гўё. Сал вақт ўтиб жони узилди. Мен йиғладим. Ахир, энг аввало, биз унинг шогирдларимиз ва ундан кўп жиҳатдан қарздор эдик». Бу ҳикоядан биз қуйидаги муҳим маълумотларни билиб оламиз: 1) Сталин Масковда эмас, ўзининг далаҳовлисида жон берган (кейинчалик биз Аллилуева китобидан ҳам унинг Кунсеводаги далаҳовлисида вафот қилганини биламиз); Ким ўзи бу дўхтирлар? Уларни ҳеч ким билмайди. Кейинроқ билишимизча, улардан ҳеч қайсисини Светлана Аллилуева ҳам танимайди. Агар Хрушчёв гоҳида самимий бўлса, айни дамда у икки баробар самимийдир: Сталиннинг сиёсий меросини бўлиб олиш учун кураш ўлаётган «доҳийининг боши устидаёқ бошланган ва биринчи қурбон сифатида Берия кўз остига олинган эди. Шунга қарамай, давлат хавфсизлиги вазири лавозими барибир унга насиб этди — бу ўринни у шунчаки эгаллади-қўйди, камига ички ишлар вазири лавозимини ҳам қўшиб олди. Тўрт сана тилга олинди, шунинг учун улардан қай бири рост эканини ишонч билан айтиш қийин. Мен 28 феврални кўрсатишга мойилман, чунки, юқорироқда айтилганидек, 1 мартдаёқ ҳокимият амалда тўртликнинг қўлида эди (бунинг холис далили "Правда"нинг 1—2 март кунлари «халқ душманларипга қарши кампанияси тўсатдан тўхтаб қолганидир). Лекин фитначилар тўнтаришни ҳеч бир қаршиликсиз ва муваффақиятли амалга ошириб олиш учун Сталиннинг аҳволини нафақат халқдан, балки айниқса партиядан ва армиядан яширишга катта аҳамият берадилар. Ўзларини айбсиз ва Сталиннинг касаллигига алоқасиз қилиб кўрсатишдан қаттиқ манфаатдор бўлганлари учун фитначилар ўлаётган Сталиннинг тепасига иккинчи ё учинчи куни унинг фарзандларини ва Сиёсий бюронинг икки аъзосини (Ворошилов билан Кагановични) чорлашади, халққа эса тўртинчи ё бешинчи куни эълон қилишади. Бу палла Сталиннинг ўлими муқаррар бўлиб қолган эди. Энди Светлана Аллилуеванинг хотираларига мурожаат қилайлик. Унинг таъкидлашича, Сталин Масковда эмас, Кунсеводаги далаҳовлисида ўлган: Василий Сталин билан иккалаларини ўлаётган оталарининг олдига у буткул ҳушини йўқотганидан кейин, яъни 2 март кунигина чақиришган. «Касални биринчи марта кўриб турган бегона дўхтирлар ғоятда типирчилаб қолдилар. Бўйни билан гарданига зулук қўйишди, юрак уришини аппаратга солишди, ўпкани рентген қилишди, ҳамшира тинимсиз қандайдир уколлар қиларди, дўхтирлардан биттаси кассаллик жараёнини тўхтовсиз ёзиб борарди... Ҳамма сақлаб қолиш мумкин бўлмаган ҳаётни сақлаб қолишга овора эди...» («Дўстимга йигирма мактуб», 6—7-бет). Бор дўхтирларнинг орасида Светлана Аллилуевага фақат битта аёл дўхтир танишга ўхшаб туюлади. «Мен бирдан мана шу ёш дўхтир аёлни биладиганга ўхшадим. Қаерда кўрган эканман? Биз бир-биримизга бош қимирлатиб қўйдик, лекин гаплашмадик» (7-бет). (Шу дўхтир аёлни эслаб қолиш даркор.) Сталиннинг ҳушга келгандаги қилиқлари тўғрисидаги Аллилуеванинг кузатишлари Хрушчёвнинг ёзганидан буткул бошқача, Хрушчёв, Сталинга эс-ҳуш қайтганида, «у бир-бир ҳаммамизнинг қўлимизни сиқиб қўя бошлади...» деб ёзган бўлса, Аллилуева мана бўндай ҳикоя қилади: «Талвасаси қўрқинчли эди. Шу талваса уни ҳамманинг кўзи ўнгида бўғарди... Бир пайт... у бирдан кўзини очди ва атрофида турганларга бир-бир қараб чиқди. Нигоҳи телбаворми, ғазабнокми — қандайдир даҳшатли эди... Шу нигоҳ дақиқанинг бирор улуши ичида ҳаммани айланиб чиқди. Шунда тўсатдан у чап қўлини (қимирлайдиганини) юқорига кўтарди — бу ҳаракати тушунарсиз ва ваҳимали эди, мен ҳалигача тушунмайман, лекин эсимдан ҳам чиқара олмайман: тепада ниманидир кўрсатдими (Хрушчёв икки марта такрорлайдики, Сталин эчки боласи билан қизалоқнинг суратига ишора қилди, деб. — А. А.) ёки ҳаммамизга пўписа қилдими... Ҳаракати тушунарсиз, аммо таҳдидли ва кимга ё нимага қаратилгани номаълум эди» (9—10-бет). Лекин Хрушчёв билан Аллилуеванинг Берия қилиқлари хусусидаги кузатишлари асосан бир-бирига мувофиқ келади. Бундан келиб чиқадики, Сталиндан кейин ҳокимият амалда Берияга ўтган, модомики ҳозир Сталин ҳушсиз ётар экан, демак, тақдири Бериянинг қўлида эди. Бу масалада Хрушчёв ҳам, Аллилуева ҳам бир хил хулосага келганлар: Берия Сталиннинг ўлимини истаган, у ўлганида эса, тантана қилган эди. Ана энди биз энг сирли-жумбоқли масалага келиб тақалдик. Сталинни, ўзи Кремл дўхтирларини айблаганидай, тескари ташхис (диагноз) қўйиш, акс дорилар бериш усули билан «даволаш»мадимикан? Бизнинг ғоят муҳим бир гувоҳимиз бор. У доҳий ўлими тепасида турган ва қатъиян, ҳаммага эшиттириб туриб: «Отамни заҳарлашди, отамни ўлдиришди!» деб айтган генерал-лейтенант Василий Сталин — Сталиннинг ўғлидир. Светлана Аллилуеванинг китобларидан кўриниб турибдики, қиз ўз отасининг назарияларига ва совет воқелигига аввалдан танқидий муносабатда бўлган, лекин сиёсий масалалар билан жиддий шуғуллангани ёки отаси билан сиёсий мавзуда бирон-бир суҳбатлар қилгани тўғрисида у китобларда бирон-бир гап йўқ. Аёл киши билан сиёсат тўғрисида гаплашишни одобсизлик деб биладиган қофқозликлар анъанасига содиқ Сталин, афтидан, қизи билан ҳам сиёсат тўғрисида суҳбатлашмаган кўринади. Боз устига, қиз отасининг ҳузурида охирги икки-уч йил давомида жуда кам бўлган. Сталин Сиёсий бюродаги сафдошлари тўғрисида кўнглида пинҳон сақлаб келган ўйларини қачондир, кимгадир айтган бўлса, буни ўзининг содиқ ўғлига айтган. Ота билан ўғил ўртасидаги муносабатлар Василий лавозимидан олингандан кейин ҳам яхши бўлиб қолаверди. Бу лоақал шунда ҳам кўринадики, отасининг маслаҳати билан у Бош штаб Академиясига ўқишга киради. Опаси сингари, Василий Сталинни ҳам отанинг тўсатдан касал бўлгани тўғрисида иккинчи ё учинчи куни — Сталин тилдан қолгандан кейингина хабардор этишди. Ўлаётган одам бунақа аҳволда зорланолмайди-да. Аммо кўнгил сезар экан. Қандайдир бегона куч (балки, шунчаки ички туйғудир) Аллилуевани айни ўша якшанба куни — 1953 йилнинг 1 мартида отага сим қоқишга ундади. «Мен якшанба куни яна бир бор отамнинг ёнига бормоқчи бўлган эдим, лекин кўп сим қоқдим, ҳеч тушолмадим» («Дўстимга йигирма мактуб», 195-бет). Туша олмас-ди ҳам! Сталиннинг ҳамма телефонлари Бериянинг қўлида, у алоқа йўлларини тўсиб қўйган эди, лекин Аллилуеванинг бу шаҳодати тарихий аҳамиятга эгадир. «2 март куни эрта билан эса мени дарсимдан Академиядан — чақириб, Кунсевога боришим лозимлигини айтишди, — деб давом этади Аллилуева. — Укам Василийни ҳам 1953 йил 2 март куни чақиришган. У ҳам катта хонада бир неча соат ўтирди... Хизматчилар уйида роса ичиб олиб, шовқин кўтарди, дўхтирларни сўкди, «отамни ўлдирдилар», «ўлдиряптилар», деб бақира бошлади» (ўша китоб, 195—196-бетлар). Афтидан, Аллилуева укам ичкилик таъсирида қутуряпти, деб ўйлашга мойил кўринади. Бироқ, Василий кўмиш куни мутлақо ҳушёр ҳолатда отасининг тобутини Молотов билан ёнма-ён кўтариб бораётиб, яна «отамни ўлдиришди» деб такрорлайди. «Отамнинг ўлими уни ларзага келтирди, — деб давом этади Аллилуева. — У даҳшат ичида қолган эди. Отамизни «заҳарлашган»ига, «ўлдиришган»ига унинг ишончи комил эди. Отам унинг учун борлиқ олам эди, бу оламсиз у ўзини тасаввур эта олмасди, энди шу оламнинг қулаётганини кўриб турарди... Мотам кунлари у даҳшатли аҳвол-да эди ва ўзини ҳам шунга яраша тутарди: ҳаммага маломат қиларди, ҳукуматни, дўхтирларни, кимларни айблаш мумкин бўлса, ҳаммасини лозим даражада даволамаганлари учун айбларди... У ўзини меросхўр шаҳзода каби ҳис этарди» (198-бет). Василии дуч келган одамга отасини ўлдиришгани тўғрисида қайта-қайта гапираверар, дарҳақиқат шундай бўлганлигига ишончи комил ва бу ишонч асло маст одамнинг босинқирашига ўхшамас эди. У кўп нарсани — фитначилар Сталиннинг «касалини ташкиллаштиришганини» ҳам, отаси ўзининг устидан тайёрланаётган фитна тўғрисида ўйлаганини ҳам биларди. Отасининг ўлими сирларидан воқиф ёш генерал ҳокимиятни тортиб олаётганларга қарши янги тўнтаришнинг байроқдори ва ҳатто ташкилотчиси бўлиб қолиши мумкин эди. Шунинг учун уни эркинликда қолдириб бўлмасди. Аввалига яхшиликчасига қутулмоқчи бўлишди. Мудофаа вазири Булганин уни ҳузурига чақириб, чеккага, ҳарбий округлардан бирига боришни таклиф қилди, лекин Василий Масковда қолишни истаб, бу таклифни рад этди. Шунда унинг устидан шикоят уюштиришди-да, ҳибсга олишди ва эндиликда ўзининг ваҳшиёна тутуми билан машҳур бўлиб кетган Владимир қамоқхонасига ташлашди. Бу воқеа 1953 йил 28 апрелида — Сталиннинг ўлимига икки ой тўлиб-тўлмай содир бўлди. Ўша ерда етти йил ўтиргач, 1962 йилнинг март ойида, Қозонда сургундалик чоғида вафот этди. Опаси уни ичкиликбозликдан ўлди, деб ўйлайди, бироқ, афсуски, дунёда бундан бошқа ҳам яна бир касаллик — сиёсат бор. Василийнинг шу касалликдан ўлгани ҳақиқатга яқинроқ... Тағин расмий ҳужжатларга қайтайлик. 1953 йилнинг 5 мартида Сталин ўлади. Шундан кейин ворислар кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган иш қилишади: Сталин касалига қўйилган диагнознинг ҳамда МҚ раҳбарлигида кўрилган даво чораларининг тўғрилигини тасдиқлаш учун ўша-ўша, Третяков билан Куперин бошчилигида етти нафар академик ва профессордан иборат буткул янги комиссия тузишади. Комиссиянинг обрўли хулосаси мана бундай: «Жасад ёриб кўрилгандаги натижа И. В. Сталинни даволаган профессор-дўхтирлар қўйган диагнозининг тўғрилигини исботлади. Ёриб текшириш хулосалари мияга қон қуйилиши содир бўлган фурсатдан эътиборан И. В. Сталин касалининг тузалмас тус олганини аниқлади. Кўрилган кескин чора-тадбирлар шунинг учун ижобий натижа бера олмас ва ҳалокатни даф эта олмас эди» («Известия», 7.03.53). Бу хулосани дўхтирлар бермаган, балки Берия билан унинг шериклари ўзларининг айбсизликларини исботлаш учун олдиндан ҳозирлаб қўйишган эди. Чунки улар билишардики, «Сталинни ўлдиришди» деб Василий Сталиннинг ўзигина эмас, бошқалар ҳам даъво қилиб қолишлари мумкин эди. Лекин шунақа хулоса керак бўлганининг ўзиёқ уларнинг сирини ошкор қилиб турарди. 1953 йилнинг 28 февралидан 1 мартига ўтар кечаси Сталинга қарши уюштирилган сарой тўнтариши кўп жиҳатдан Павел 1 га қарши уюштирилган сарой тўнтаришини ва унинг 1801 йил 11 мартдан 12 мартга ўтар кечаси ўлдирилиши ҳодисасини эслатади. Унда золим подшога қарши дворянлар намояндалари исён қилган эди, бунда сталинчи намояндалар «ота ва устозиларига қарши исён қилдилар. Булар шундай қилмаса бўлмас эди, чунки Сталин «ўз болаларини ўлдиришга» қатъий бел боғлаган эди. Фарқ ҳам шу ерда: дворян фитначилар Ўрусияни мустабиддан озод этиш учун исён кўтарган бўлсалар, сталинчилар ўзларининг бошларини омон сақлаб қолиш учун исён қилган эдилар. Павелга қарши фитна қилганларнинг кўпи, агар у тахтдан ўз хоҳиши билан воз кечиши тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекса, жонини омон қўйишга (Павелнинг ўғли Александр фақат шу шарт билан тўнтаришга розилик берган эди) мойил эдилар: Сталинга қарши фитна қилганларнинг ҳам кўпи, агар у ўзининг ҳамма лавозимларидан воз кечса, эҳтимол, унида омон қўйган бўлардилар. Лекин Бериянинг фикрича, юзага келган вазиятда тирик Сталиндан ўлик Сталин афзал эди. Фикрининг исботига у ўз салафи—Павелга қарши фитнанинг ташкилотчиси, Петербург ҳарбий валийси граф Паленнинг фитна амалга ошириладиган кечада ўз шерикларига айтган гапини келтириши ҳам мумкин. Ўшанда Пален: «Эсингизда бўлсин, жаноблар, тухумни синдирмай туриб қуймоқ пишириб бўлмайди», деганди. Ҳатто Павелдан ва Сталиндан кейин янги давр бошлангани тўғрисидаги баёнотлар ҳам бир-бирига ўхшайди. Тож табиий равишда ворисга ўтганида, кўҳна Ўрусиянинг одатдаги анъанасига кўра, ўғил мамлакатни «унутилмас падари бузрукворимиз» бошлаб берган йўлда бошқариши айтиларди, бироқ 1801 йил мартининг 12-куни чиқарилган мурожаатномасида Александр I мамлакатни марҳума малика Екатерина II нинг «дил» ва қонуни бўйича бошқаришини таъкидлади. Бу дегани ҳурфикрлик қарор топади, мамлакатда муросаи мадора ўрнатилади дегани эди. Сталинга қарши фитначилар эса, унинг ўлимидан кейинги илк қарорларида Сталин номини тилга олмаслик билан ундан юз ўгирганликларини билдиришди ва мамлакатни ҳозиргина ўлган «ота, устоз ва доҳийининг «буюк кўрсатмалари» асосида эмас, балки «жонажон партиямиз ишлаб чиққан сиёсат»га таянган ҳолда бошқаришга ваъда беришди. Айни чоқда ворислар «парокандалик ва саросималарга йўл қўйилмасин деб огоҳлантиришди (кўнгилни тинч қилинглар, ҳеч қанақанги даҳшат бўлгани йўқ, дейишмоқчи бўлишди). КПСС МҚ пленуми, СССР Вазирлар, Кенгаши, СССР Олий Кенгаши Ҳайъатининг 1953 йил 7 март куни ўтказган қўшма мажлиси Қароридан тегишли парча келтирамиз: «Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг Марказий Қўмитаси, ССР Иттифоқи Вазирлар Кенгаши, СССР Олий Кенгашининг Ҳайъати партиямиз ва мамлакатимиз учун оғир бўлган ушбу дамларда узлуксиз ва тўғри раҳбарликни таъминлашни партия ва ҳукуматнинг экг муҳим вазифаси деб билади... бу эса ўз навбатида... ҳеч қанақанги парокандалик ва саросималикка йўл қўймасликни ва шу тариқа мамлакатимиз ички ишлари бўйича ҳам, халқаро ишлари бўйича ҳам партиямиз ва ҳукуматимиз ишлаб чиққан сиёсатни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишни шубҳасиз таъминлашни талаб этади». ТЎНТАРИШ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛДИ? Агар Сталинга қарши фитна ҳақиқатан бўлгани исбот талаб этилмайдиган ҳол деб ҳисобланса, тўнтаришнинг ўзи қандай амалга ошгани масаласи ҳалигача Кремлнинг энг пинҳон сирларидан бири бўлиб қолмоқда. Модомики бу «вужудга келган раҳбарларнинг ленинчи бўлаги» орасида Сталин йўқми, демак, «ленинчи бўлак» Сталинга қарши вужудга келган эди. Шундай қилиб, бу «ленинчи бўлак» Сталинга қарши уюшган фитначиларнинг бошқача номи эди, холос. Фитна тан олиняпти, аммо уни амалга сшириш техникаси сир тутиляпти (Сталин ўлимидан ўн йил ўтгачгина Хрушчёв бу сир пардасини қия очди). Ҳозирча биз Ғарб матбуотида пайдо бўлган тахминларни кўриб чиқайлик. Биринчи ривоят Иля Эренбургга тегишлидир. Маълумки, Эренбург Кремлнинг ўша давр раҳбарлигининг таянчи, қўғирчоғи бўлган. Эренбургга шу топшириқни берар экан, Кремл МҚнинг шахсга сиғиниш тўғрисидаги 1956 йил 30 июн қароридан қандай мақсадни кўзлаган бўлса, бунда ҳам шундай мақсадни кўзлаган, яъни, Сталин «қўпорувчи дўхтйрлар» ишини бошлаганида МҚ раҳбарлари қўл қовуштириб ўтиришмаган, деган фикрни ўтказиш эди. Ўзининг ривоятини Эренбург фаранг файласуфи ва ёзувчиси Жан Пол Сартрга сўзлаб беради, бу ривоят фаранг матбуотида юз кўрганидан кейин бутун дунё матбуотини ҳам айланиб чиқади. Орадан бир йил ўтиб—1957 йили Кремлнинг уюштируви билан КПСС МҚ Ҳайъатининг собиқ аъзоси, КПСС МҚнинг собиқ котиби, кейинчалик эса СССРнинг Нидерландиядаги элчиси бўлмиш Пономаренко чет элда яна бир ривоятни тарқатади. Гарчи Пономаренко моҳиятан Эренбургнинг ҳикоятини тасдиқлаган бўлса-да, у расмий шахс ва МҚ аъзоси бўлгани учун унинг ривоятини дунё матбуоти буюк янгиликдай илиб кетади. Пономаренконинг ривояти бўйича: Сталин 1953 йил февралнинг охирларида МҚ Ҳайъатининг мажлисини чақириб, у ерда «зараркунандачи дўхтирлар» партиянинг кўзга кўринган арбобларини қандай ўлдирганлари ва бундан кейин ҳам шу ишни қандай давом эттирмоқчи бўлганлари тўғрисидаги кўргазмаларини кўрсатади. Айни чоқда, жуҳуд уруғи борки, ҳаммасини Ўрта Осиёга кўчириш тўғрисидаги ёрлиқ лойиҳасини МҚ Ҳайъатининг тасдиғига ҳавола этади. Шунда Каганович билан Молотов сўз олиб, бунақа кўчириш ташқи дунёга ҳалокатли таъсир этишини айтадилар. Сталин қаҳр-ғазабга тўлади ва лойиҳасига кўнмасликка журъат этган ҳаммани чапарастасига сўка бошлайди. Каганович яна бир марта сўзга чиқади, бу сафар кескин ва муросасиз тарзда гапиради, партбилетини (МҚ Ҳайъатининг аъзолик билетини — А. А.) намойишкорона йиртиб, Сталин олдида устолга ирғитади. Сўзини: «Сталин мамлакатни иснодга қолдиряпти!» деб тугатади. Каганович билан Молотовни бошқалар ҳам қўллайдилар, ғазаби тўлиб-тошган Сталин шунда бирдан ҳушсиз йиқилади—юрак фаолияти кескин сусаяди. Берия буни кўриб ғоят хурсанд бўлади ва: «Мустабид ўлди, энди биз эркинмиз!» деб бақира бошлайди. Лекин Сталин бирдан кўзини очганида, гўё тиз чўкиб, Сталиндан кечиримлар сўрашга тушади. (Берия билан боғлиқ бу сийқа саҳна кўп совет ёлғонномаларида қайта-қайта келтирилган.) Эренбургнинг сўзига қараганда, Сиёсий бюро аъзолари уни ўлдириш мақсадида фитна уюштирганларига Сталиннинг ишончи комил бўлган. Фақат, Сталин тасаввурдаги фитначилар билан ҳақиқийларини айириб ололмагани жуда ғалати ва келгусида рўй беражак ҳодисалар назаридан қараганда тушунтириб бўлмайдиган бир ҳолдир. Эренбургники деб тақдим этиладиган ривоятда яна мана шундай дейилади: «XIX съезддан кейин аниқ бўлдики, Сталин восвос касалига мубтало бўлган... У энг катта қонли тозалаш ўтказишга тайёрланаётган, XIX съезд МҚсини буткул қириб юбор-моқчи бўлган эди. Ўзаро суҳбатлар чоғи у Ворошилов, Каганович, Микоянлар ўзини ўлдирмоқчи бўлаётганларини айтарди». Сталиннинг бу гумонлари ва фикрлари унинг кундалик юриш-туриши ва ўз сафдошларига жуда мос келади. Юқорида айтганимиздек, Сталин уларнинг ҳаммасини очиқдан-очиқ хоинликда айблаган. 1963 йили Хрушчёв, Сталин нимага ўн йил илгари ўлмади деб одамлар ғазабланишаяпти, дея очиқчасига гап бошладида: «Улар ҳақ», деб қўйди. Хрушчёвнинг бу ривояти воқеаларни мана бундай тасвирлайди: Сталин ўзининг Кремлдаги квартирасида эмас, балки граф Орловнинг собиқ мулки (Кунсеводаги далаҳовли)да ўлади. Ташқи дунёдан буткул ажратилган Сталин бу ерда «ўз қўрқувининг асири» бўлиб қолган эди. 2 мартга ўтар кечаси Сталин соқчиларининг чақируви билан Хрушчёв, Маленков, Берия ва Молотовлар (биз биламизки, улар орасида Молотов бўлмаган, Булганин бўлган —А.А.) далаҳовлига етиб келишади. Соқчилар анчадан буён Сталиндан дарак йўқлигини айтишади. Сталин хоҳишига қараб учта хонадан бирида яшагани, уларнинг ички тузилмаси мураккаб бўлгани учун соқчилар ичкарида нима гаплигини билиша олмайди. Эшикни фақат Сталиннинг ўзи махсус симқувватли мослама ёрдамида очиши мумкин эди. Сталин айнан қайси хонада эканини соқчилар билмагани учун бирма-бир ҳамма эшикни бузишга тўғри келади. Сталинни иккинчи хонадан топишади. У генералисимус кийимида, тирикликдан нишона бермай, ерда ётган экан. Биринчи бўлиб Берия овоз чиқаради: «Золим ўлибди, ўлибди, ўлибди!» деб хурсанд бақира бошлайди. Шу вақт Сталин кўзларини катта-катта очиб қолади. Тирик экан ҳали. Маленков, Хрушчёв ва Молотов учалалари хонадан чиқишади. Ёнида доим заҳар олиб юрадиган Берия ўзининг мустабид ҳокими билан хонада ёлғиз қолади. Орадан беш соат ўтгачгина (гўё йўлларнинг қаттиқ музлаганлиги туфайли) дўхтир чақиришади... Хрушчёвнинг, полшаликларнинг, фаранг мажалласининг ривояти мана шунақа. Бир нарсани алоҳида эътиборга олиш керакки, бирмунча илгари (1963 йилнинг 8 мартида) Хрушчёв совет зиёлилари вакилларини қабул қилиб, ўша ерда Бериянинг Сталин ўлимидан нафақат хурсандчилигини яширмоганини, балки унинг ажалидан бурун ўлишидан манфаатдор бўлганини тўппа-тўғричасига билдирди. Савол туғилади: агар Сталин ўлимидан битта Берия манфаатдор бўлган бўлса, уни ожиз, оғир бемор ёнида ёлғиз, бунинг устига, қўлида заҳари билан қолдиришдан булар қандай манфаат кўзлашган?.. Биз бу икки бобда Сталиннинг сўнгги кунларини баён қиладиган ,беш хил талқинни — Эренбургнинг (1956), Пономаренконинг (1957), Ҳарриманнинг (1959), мажалласининг (1963) ҳамда Хрушчёвнинг (1970) ривоятларини кўриб чиқдик. Булардан ташқари яна битта — олтинчи хил талқин ҳам мавжудки, уни оқланган эски болшовойлар айтиб юришади. Бу талқинни ғоят мураккаб вазиятларда олишга эришганим учун бу ҳақда ёзишга ҳали эрта... Тириклигида оқланган эски болшовойларнинг кўплари Сталин жиноятларини текширувчи комиссиялар ишида анча фаол иштирок этишган (улардан айримларини камина Масков ва Қофқоздаги ҳаётим давомида шахсан танир эдим). Сталиннинг қандай шарт-шароитда ўлгани биринчи навбатда шу болшовойларни қизиқтирарди. Бу талқин бўйича ҳам 28 феврал — 1 март воқеалари Хрушчёв ҳикоя қилганидек тарзда кечади: тўртлик аъзолари Сталиннинг ҳузурига келишади, биргаликда тинч ва шод-хуррамлик билан кечки овқатни ейишади, бироқ, бу учрашув аслр Сталиннинг ташаббуси билан эмас — балки Маленковнинг таклифи билан уюштирилган эди. Баҳона — Вазирлар Кенгашининг 2 март, душанба куни бўладиган мажлисида кўрилажак масалалар бўйича Сталиннинг кўрсатмалари керак. Бундан бир ҳафта олдин Сталин МҚ Ҳайъатининг Бюросини «зараркунандачи дўхтирлар» устидан суд мартнинг ўртала-рида бўлажаги тўғрисида хабардор этган ва уларга СССР Бош прокурори имзо чеккан «Айблов хулосалари»нинг нусхасини топширган эди. Бу ҳужжат, шунингдек, Бериянинг малайи бўлмиш бош прокурор Сафоновнинг Сталин билан суҳбат ҳақидаги шарҳлари доҳийнинг асл ниятларини узил-кесил фош қилиб қўяди. Ҳужжатга қараганда, амриқо-ликлар уруш пайтлари нафақат Кремлнинг Даволаш бошқармасида, ҳатто МҚ (Лозовский) ва Давлат Хавфсизлиги вазирлиги (Абакумов) ичида ҳам айғоқчилик тармоқларини очиб олган бўлиб чиқарди. Инглизлар худди шу ишни урушгачаёқ қилиб қўйишган, уруш чоғи эса МҚ аъзолари Кузнетсов, Попков, Родионовларни ҳам ёллаб, ўзларининг айғоқчилик тармоқларини янада кенгайтиришганмиш. Армия хусусида Василевский, Говоров, Штеменко, ва Коневларни заҳарлаш мўлжаллангани тўғрисидаги хабардан бўлак ҳеч гап йўқ эди. Лекин шу қисқа сатрлар остидан ҳам гўё Жуков, Воронов, Юмашев, Богданов сингари аламзадаларгина уларни заҳарлашдан манфаатдордир, деган тагмаъно чиқиб турарди. Жданов билан Шчербакбвни ўлдиришдан ким манфаатдср бўлган, деган масала очиқ қолган эди. Лекин ҳаммалари билишардики, Берия билан Маленковнинг улар билан муносабатлари ҳеч қачон яхши бўлмаган ва агар Сталин чиндан ҳам Ждановни ўлдирган бўлса, буни у худди Кировни Ягоданинг қўли билан ўлдирганидек, Бериянинг қўли билан амалга оширган. Хуллас, иш дўхтирлар суди билан чекланмаслиги, балки худди 1937 йилдагидек, Сиёсий бюронинг кўп аъзоларининг ҳам боши кетиши маълум бўлади. Берия, Маленков, Хрушчёв ва Булганинлар бу ҳужжатни синчиклаб ўрганиб чиққанларидан кейин, Хрушчёвнинг таклифи билан, аҳволни жам бўлиб муҳокама қилиб олишга келишадилар. Учрашув Масков яқинидаги ўрмонда ов баҳонаси билан уюштирилади, Берия ишорани тушунади ва гапни айлантириб ўтирмасдан: «Қафасдаги Сталин эркинликдагисидан баттар хавфлидир», деб жавоб қилади. Агар Сталиндан узил-кесил воз кечилмаса, ўлимидан кейин ҳам у яна анчагина ишларга аралашавериши мумкин эди-да. Аммо Берия бирор аниқ йўл таклиф этмайди. Бир неча кундан кейин Берия ўзининг далаҳовлисига Маленков, Хрушчёв, Булганинни таклиф этиб, майда-чуйдаларигача ҳисобга олиниб ишлаб чиқилган икки хил — «кичик» ва «мақбул» режаларни уларга баён қилади. «Мақбул режа»да Сталин ухлаб ётганида (демак, кундуз куни) унинг далаҳовлисини портлатиш назарда тутилган. Озиқ-овқат ниқоби остида портловчи модда олим кириб, нафақат Сталин яшайдиган иморатни, балки биратўла гувоҳларни ҳам йўқ қилиш! учун атрофдаги бошқа биноларнида портлатиш лозим эди. Тўртлик аъзоларининг вазифалари аниқ тақсимланган эди: Берия режанинг «амалий қисми»га, Маленков партия ва давлат аппаратини жалб этиш ишига, Хрушчёв пойтахтга ва алоқа воситаларига, Булганин ҳарбийлар устидан назоратга жавоб берарди. Белгиланган вақт кириши билан тўртлик Сталинни «оғир касал» деб эълон қилиши ва у «буткул соғайиб кетгунигача» ҳокимиятни ўз қўлига олиши лозим эди... 1 Сталин дардининг ниҳоятда оғир (ҳушини йўқотган) эканига қарамасдан, тўртлик атайлаб дўхтир чақирмай туради, ўлишига аниқ ишонч ҳосил қилгунча кутади. Вазиятдан маълум бўляптики, Кремл Даволаш бошқармасига бу дўхтирларнинг сира ҳам алоқалари йўқ. Ҳарҳолда Аллилуева улардан биронтасини танимайди, Хрушчёв бўлса, фақат профессор Лукомскийни таниганини айтади. Сталинни чақирилган дўхтирларнинг ҳаммаси ҳам текширгани йўқ. Улар қўшни хонада ўтиришган ва, Аллилуеванинг ёзишича, Сталинни қандай даволаш тўғрисида «мажлис қилишган». Дарднинг тадрижи ва унинг кўриниб турган белгилари тўғрисидаги маълумотларни ҳам Бериядан бўлак ҳеч ким танимайдиган дўхтир берган. Хрушчёвнинг Берияни истисно қилиб кўрсатишига унча ишониб бўлмайди. Нега деганда, Хрушчёвнинг аввалги ҳикоясидан бизга маълумки, Бериянинг қўлидан ҳар қандай ифлослик келишини Сталин биларди. Хрушчёв, афтидан, Берия Сталиннинг ўзини ҳам қандай алдаб кетиши мумкинлигини кўрсатиш учун уни истисно этиб тасвирлаганга ўхшайди. Сталин ҳаммадан ҳам заҳарланишдан қўрқишни у кўрган эҳтиёт чоралардан ҳам билса бўлади. Нафақат озиқ-овқат билан бирга, балки ҳаводан ҳам заҳар кириб қолмаслиги учун далаҳовли ниҳоятда пухталик билан қўриқланади. Қизи С. Аллилуеванинг ёзишича: «Унинг дастурхонига балиқ махсус хазиналардан, қирғовул ва қўзичоқлар махсус парваришхоналардан келтириларди, гуржи майи ҳам махсус тайёрланарди, мевалар жанубдан учоқлар (самолётларда) етказиб келинарди. Буларнинг ҳаммасини дастурхонга мунтазам тортиб туриш учун давлат ҳисобидан қанча маблағ кетишини, неча улов (транспорт) овора бўлишини у билмасди. Баъзи махсус дўхтирлар унинг дастурхонига қўйилажак барча емишни кимёвий текширувдан ўтказиб туриш учунгина мавжуд эди. Ҳар бир тўғрам нон, ҳар бир бўлак гўшт ёки ҳар дона мева жавобгар «заҳаршуноожинг имзосию муҳри ила мустаҳкамланган («Заҳарли модда топилмади») махсус «акт» билан қўшиб бериларди. Баъзида Дияков деган дўхтир бизнинг Масковдаги уйимизда ўзининг шиша идишларм билан пайдо бўлиб, «ҳаводан ҳам намуна оларди». («Фақат бир йил». 335-336-бетлар). Албатта, агар Бериянинг ўзи Сталинни заҳарлашни истаб қолса, бунақа эҳтиёт чоралари ҳам бир пул бўлиб қоларди, чунки Поскребишевнинг «ички кабинети» тор-мор этилган, генерал Власик ҳам, Сталиннинг барча дўхтирлари ҳам йўқотилган эди. Ўшандан бу ёғига Сталин Бериянинг илтифоти туфайлигина яшаб келди. Сталинга қарши тўнтаришнинг тадрижи ва натижаси «аламзадаларни ёллаш» усулининг зўр ютуғини кўрсатиб турибди. Ҳал қилувчи дақиқаларда Сталиннинг олдида на содиқ ўғли Василий ва на шахсий дўхтири Виноградов — ҳеч ким бўлмай қолди. Сталиннинг ўлимини Берия ва унинг доимий учала шериги Маленков, Хрушчёв, Булганинлар қоровуллаб ва йўналтириб туришди. Кейинги бу учаласи Сталинга ҳам, Берияга ҳам хиёнат қилишган эди. Янош Кадар бошчилигидаги можор (венгер) партия ва ҳукумат делегацияси шарафига 1964 йил июлининг 19-куни уюштирилган митингда Хрушчёв нутқ сўзлайди ва совет диктатори мажбурий ўлим топганини ярим дунё олдида тан олади. «Сталин ўзиникиларни қирарди. Инқилоб ветеранларини овларди. Мана шу зўравонлик учун биз уни қоралаймиз... Мамлакатимиз раҳбариятини ўзгартиришни ва Сталин йўл қўйган барча суиистеъмолликларни ҳимоя қилишни истаётганлар беҳуда чиранмоқдалар... Ҳеч ким уни оқлаёлмайди ҳам... Қора кўппакни ювган билан оқариб қолмайди (Чапаклар). Инсоният тарихида шафқатсиз золимлар кўп ўтган, лекин уларнинг бари ўз ҳокимиятларини болта билан тутиб турганлари боис, ўзлари ҳам болтадан ҳалок бўлганлар». Бутун СССР бўйлаб ва Интервидение орқали бутун Шарқий Оврупа бўйлаб кўрсатилган, Масков радиосидан эшиттирилган бу нутқни «Правда» ва «Известия» рўзномалари кўчириб босаётганида Хрушчёвнинг золимлар тўғрисидаги гапини ўчириб ташлашган, лекин уни СССРдаги ва Оврупадаги милёнлаб кишилар эшитганлар. Сталин ўлимнинг сири унинг ўлдирилганлиги ё ўлдирилмаганлигида эмас, балки қандай ўлдирилганлигидадир. Сталин ўлсинми ёки Сиёсий бюронинг ҳамма аъзоси ўлсинми деган икки йўл аро қолган Сиёсий бюро аъзолари, охир-оқибат Сталин ўлимини маъқул топишди. Инсонийлик нуқтаи назаридан ҳеч ким бу қарор учун уларни айблай олмайди. БЕРИЯНИНГ ТУГАТИЛИШИ Жиноятнинг изини йўқотиш ва ўзини бу жиноятга алоқасиздек қилиб кўрсатиш ҳар қандай қотилнинг табиий интилишидир. Аммо мутлақ ҳокимиятга эга бўлган қотилларгина ўзларини мутлақ оқ қилиб кўрсата оладилар. Изни йўқотиш учун улар кетма-кет янги қотилликларга қўл урадилар — гувоҳлар, бажарувчилар, ўлдирилган шахснинг яқин кишилари бирин-кетин йўқ бўлиб қолаверадилар. Аммо шахсларга, гуруҳларга, синфларга ва ҳатто бутун-бутун халқларга нисбатан сиёсий қотилликларни ташкил этиш фақат Сталин ва унинг шогирдлари учун олдиндан ўзларини оппоқ қилиб кўрсатадиган жиноятчилик санъатининг махсус тармоғига айланиб қолди. У пайтлар ўйлаб ўтирмасдан ҳаммани йўқ қилишган. Ёзилмаган шундай қонун бор эди: махфий ўлдирилган одам Сталинга қанчалик яқин юрса, шунчалик кўп асос билан унинг теварагидагилар ҳам йўқотилган. Бу «қонун» ҳатто Сталиннинг оиласига ҳам тааллуқли эди: у ўзининг қайнағаси кекса болшовой Сванидзени, божаси, кекса чекист қўмиссари Рединсни отиб ташлади: у урушдан кейин ўғли Яковнинг хотини қўлидан боласини олиб қўйиб сургун қилди; у ўз хотинининг сингиллари — Лениннинг дўсти Аллилуевнинг қизларини қамоққа ташлаттирди: Нимага? Бу воқеалардан ҳайрону лол қолган қизи отасидан, холамларнинг айби нима, деб сўраганида, Сталин ўзига хос бўлмаган самимият билан: «Керагидан ортиқча билишарди», деб жавоб қилган. Берия Сталин ўлимидан кейин дарҳол мана шунақа «керагидан ортиқча биладиганлар» билан шуғулланишга тушди. Улар тоифасига, Бериянинг шерикларидан ташқари, Сталинни «даволаган» ва «тўғри» даволадилар деб гувоҳлик берган икки комиссия (дўхтирлар) ҳамда Сталиннинг соқчилари ва хизматкорлари кирар эди. Агар Сталин, «Ҳукумат баёноти»да ёзилганидек, «КПСС МҚ ва Ҳукуматнинг доимий кузатуви остида» ўз ажали билан ўлган бўлганида, ундан кейин Кунсевода Сталиннинг қизи ёзган «антиқа воқеалар» содир бўлмасди: Буларга Берия ҳам худди Сталиндай: «Керагидан ортиқча билишарди», деб жавоб қилиши мумкин эди. Шунинг учун уларни узоқ-узоқ шаҳарларга сургун қилишарди-ки, кейин уларни у ёқда судсиз, шовқин-суронсиз гумдон қилса бўларди. Дарвоқе, Бериянинг жиноятчи шериклари — Маленков, Хрушчёв ва Булганиндан иборат яна бир гувоҳлар гуруҳи бор эди. Ўзлари жуда унақа буюк шахс бўлмасалар ҳам, энг муҳим соҳаларнинг бошида турардилар — Маленков давлат бюрократиясини, Хрушчёв партия аппаратини, Булганин армияни бошқарарди. Ўзининг қадрига етадиган ҳар қандай босқинчи сингари, Берия ҳам қўлга киритилган ўлжани — ҳокимиятни улар билан бўлишиб олишни ўйларди. Сталинни «даволаш» чоғи иккинчи даражали рол ўйнаган бу учаласи Сталиннинг ўлимидан кейин Бериядан партия ва давлат устидан раҳбарлик қилиш ҳуқуқини олишган эди. Фақат битта айтилмаган шарт билан, Берия давлатда биринчиларни бошқариб турадиган иккинчи шахс бўлишга розилик беради. Берия политсайгина эмасди. Сиёсатдон сифатида ҳам у ўз ҳамтовоқларидан анча баланд турарди. Сталин билан бирга бутун бир давр ҳам тугаганини, бундан бу ёғига энди фақат Сталинга қарши бўлган одамгина улуғликка кўтарилиши ва давлатни муваффақиятли бошқариши мумкинлигини у англаб етди. Ҳақиқатан, найза билан ўз мамлакатини эгаллаш мумкин, аммо абадий шу найза устида ўтириб давлатни бошқариш ўнғайсизлиги аниқ бўлиб қолди. Ўнғайсиз ҳам гапми... Албатта, совет расмий тарих асарларида бор барча маълумот Берияга қарши қаратилган, биз ҳам уни қарийб йигирма йил давомида мамлакатнинг бош ёвуз одами сифатида биламиз, шундай ҳолда унинг ўз шахсига тескари одамга эврилиб қолишини тасаввур этиш қийин. Аммо сиёсатда ҳар қанақа кескин ўзгаришлар ҳам рўй бериши мумкин. Ленин ўзидан кейингиларда турлича ўзгаришлар бўлажагини башорат қилиб кетган: «Эврилиб туришлар тарих учун оддий ҳолдир,—деган эди у РКП(б)нинг XI съездида. — Сиёсат эътиқодга, садоқатга ва бошқа зўр руҳий сифатларга таянмайди, буларни бачкана деб билади». Ленин ўлимидан кейин партия: «Ленинсиз, аммо ленинча йўлдан бораверамиз», деган шиорни олға сурди ва нишонга тўғри урди. Ленин «ҳарбий коммунизм»ни бекор қилган, НЭПни берган, Советларни сақлаб қолган, Давлат Сиёсий Бошқармасини чеклаган, санъатда ижодий уюшмаларнинг сотсреализмсиз, лекин хусусий нашриётларга эга ҳолда яшашига рухсат берган, пролеткултчиларга қарши курашган, ҳамма эркинлик ва ҳуқуқларни тиклашга ваъда берган (партия Дастури)... шундан кейин ўлган эди. Мамлакат унинг йўлидан боришга рози эди. Ҳозир-чи? Ҳозир халққа: «Сталинсиз, аммо сталинча йўлдан бораверамиз», деб айтиб бўладими? Хуфяларидан тинимсиз оқиб келиб турган маълумотлардан Берия Сиёсий бюро аъзоларининг ичида биринчи бўлиб халқнинг бу саволига жавоби қандай бўлишини билди: халқ елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил тортмоқда, катта ўзгаришларга умидвор бўлмоқда эди. Берия халқни яхши кўрганидан ё Сталинни ёмон кўрганидан, ва ёки содир этган жиноятлари учун тавба-тазарру қилганидан эмас, балки янгича шароит сиёсати нуқтаи назаридан, шахсий манфаати нуқтаи назаридан мамлакатда ислоҳот ўтказишга, бу ҳаракатни ўзи бошқаришга қарор қилди. Термидорчилар ҳам Робесперни ўлдираётганларида мақсадлари гилётина (қатл машинаси) офатидан қутулиш ва уни тарих музейига топшириш бўлмаган, аммо халқ бу қирғин ҳокимининг ўлимини нақадар шод-хуррамлик билан кутиб олганини кўриб, бу англашилмовчиликдан фойдаланиб қолишга, инсонпарварлик ҳаракатини ўзлари бошқаришга қарор қилган эдилар. Хрушчёв Сталинни уч йилдан кейин, XX съездида (1956) нима қилган бўлса, Берия ўша ишларни ҳозироқ бошламоқчи эди. 1953 йил 4 апрелида «зараркунандачи дўхтирларини озод этиб, сохта, уюштирилган далиллар асосида одамларни азоблашнинг сталинча-берияча усулини ўзи танқид қилиб, бу ишни бошлади ҳам. Сталинчиликни тугатишнинг бошланишини ва ҳатто «шахсга сиғиниш» иборасининг пайдо бўлишини Хрушчёвга ва XX съездга нисбат беришади, аммо бу—хато. Чунки бу ибора биринчи бўлиб Сталин ўлимидан уч ой кейин, Берия амалда мамлакат ҳокими бўлиб турган маҳалда ишлатилган. «Правда» рўзномаси 1953 йил 10 июн сонида «Коммунистик партия—совет халқининг йўналтирувчи ва раҳбар кучидир» деган имзосиз, аммо, шубҳасиз, МҚ Ҳайъатининг қарори билан босилган мақолада бундай деб ёзган эди: «...омманинг, синфларнинг, партиянинг рўлига ғайри марксча зид қарашлар ва шахсга сиғинишнинг унсурлари каби партия аллақачон қоралаган сарқитлар тарғибот-ташвиқот ишларида энг сўнгги дамларгача учраб келди, зйрим китоблар, мажаллалар ва рўзномалар саҳифаларига ҳам кириб борди. «Мақола яна: «Партия ва давлат раҳбарлигимизнинг кучи унинг кўпчилик бўлиб бошқаришига асосланганидадир», деб қайд этади; «партиямиз сиёсатининг моҳияти» бўлса «Г. М. Маленков, Л. П. Берия, В. М. Молотов маърўзаларида ўз ифодасини топган», дейди. Бериянинг сталинчиликка қарши бу яширин дастурини Маленков ҳам қўллаган, лекин Хрушчёв қарши бўлган эди, чунки бу дастур Берия билан Маленковнинг обрўларини ошириб юборарди, бу эса Хрушчёвга тўғри келмасди. Айни чоқда, Хрушчёвнинг ҳеч қанақанги ўз дастури йўқ эди, унга фақат Маленков, Берия, Молотовдан иборат янги учликнинг вужудга келиши ёқмасди. Партиянинг тарихи гўё яна такрорлангандай бўлди. Бир вақтлар, ҳали Ленин тириклигидаёқ бош котиблик лавозимига бир овоздан Сталинни тавсия этишган. Сабаби, уни «ювош» ва истеъдодсиз деб ҳисоблаб, ўзларининг мақсадлари йўлида ундан фойдаланишни кўзлаганлар. Хрушчёвни МҚнинг биринчи котиблиги вазифасини бажариб турувчи қилиб кўрсатганда ҳам партия тахминан яна ўшандай: «Хрушчёв қишлоқи, эси паст, партиянинг мурвати, бундан ҳам ўзимизнинг мақсадларда фойдаланишимиз мумкин», деган хаёлга борди... Сталинчиликни тугатиш режасининг бир бўлаги сифатида Берия сохта «сталинча миллий сиёсат»ни ҳам қайта кўриб чиқишни бошлади. Берия бир томондан империячи жандарм бўлса, иккинчи томондан гуржи шовинисти (чеченлар, ингушлар, балқарлар ва қорачойлар ўз ватанларидан кўчириб юборилганидан кейин, Бериянинг буйруғи билан тоғли Чечения ҳамда Элбурс тоғларини Гуржистон ССР босиб олган) эди, шунинг учун у Совет Иттифоқининг заиф жойи афсонавий капиталистик қуршов эмас, балки ўзи босиб олган халқларнинг икки қаватлама қуршови эканини жуда яхши тушунарди. Биринчи қават қуршов Ўрусиянинг чекка ўлкалари бўлса, иккинчи қават қуршов Шарқий Оврупа эди. Берия миллий сиёсатни лоақал ленинча ўзанга қайтармоқчи бўлди. Яъни, партия ва давлат аппаратини маҳаллийлаштиришга, она тилда иш юритишни йўлга қўйишга киришди. 1953 йил 12 июнда Берия маърузаси бўйича қабул қилинган КПСС МҚ Ҳайъатининг қарори шу мақсадга хизмат қиларди. Унда бундай дейилган: Бунақа тасқара улуғдавлатчилик тажрибасидан воз кечилса ва партия-давлат аппаратини маҳаллийлаштириш йўли танланса, бу, энг аввало, партиянинг манфаатига тўғри келишини Берия англаб етди ва эҳтимол, бошқаларни ҳам шунга ишонтирди. Ишни Украина ва Белоруссиядан бошлашди. У жумҳуриятларда ҳатто биринчи котиблар ҳам ўрис кишилардан эди. Украинада Л. Маленковни олиб, ўрнига украин Кириченкони, Белоруссияда Патоличев ўрнига белорус Зимянинни қўйишди. Латвияда иккинчи котиб В. Ершовни латиш В. Крумишин билан алмаштиришди. Шундай қилиб, чекка ўлкаларда сталинча миллий сиёсат аввалгидай қолаверди. Берияни қандай қилиб Сталиннинг орқасидан жўнатса бўларкин-а? (Шундай қилса, унинг биринчи ва охирги ҳамфикри бўлмиш Маленковни ҳам четга суриш мумкин бўларди.) Хрушчёв бундан бу ёғига ўзининг қайнаб турган бутун қувватини ва табиат ато этган фавқулодда айёрлик истеъдодини мана шу масалани ҳал қилишга бағишлади. Сталин ўлимидан кейин вужудга келган аҳволни у ғоят қайғули оҳангда тасвирлайди: «Сталин ўлган чоғда у бизга нотинчлик ва қўрқувни мерос қолдирди. Бу қўрқув ва нотинчлик орамизда доимий яшаб қолишини ҳаммадан кўра Берия истарди. Мен анчадан бери Берияга ишонмасдим. Берияни мен ташқи сиёсатда найрангбоз сифатида баҳолашимни Маленков билан Булганинга кўп марта айтганман. У ўзининг аҳволини мустаҳкамлаш билан банд эканини ва энг муҳим лавозимларга ўзининг одамларини қўяётганини билардим» (Хотиралардан). Хрушчёвнинг сўзларига ишонмасликка бизда ҳеч қанақа асос йўқ. Чунки ҳақиқатан у, айнан шу Хрушчёв-—Сталинга қарши фитнада Бериянинг шериги—- ўша заҳоти, яъни ўлаётган Сталиннинг боши устидаёқ Берияга қарши фитнага олов ёққан эди. Шуниси диққатга сазоворки, Берияга қарши аввал тўртлик аъзолари билан тил бириктирди, кейин Сиёсий бюронинг бошқа аъзоларини ҳам осонгина ёллай бошлади. Берия МҚнинг бу Пленумида иштирок этмаган, шунингдек, декабр ойида ўзининг устидан ўтказилган судда ҳам қатнашмаган. Суд одатдаги томоша тарзида ўтади, бунақа судларни Берия бошқалар устидан кўп маротаба ўтказган. Битта фарқи — энди буниси тирик одам устидан эмас, жасад устидан уюштирилган эди, холос, Битта ҳикоясига қараганда, Бериянинг тугатилиши бундай бўлган. Хрушчёв олдин Маленков билан Булганинни, кейин МҚ Ҳайъатнинг ҳамма аъзосини йўқ қилиб юборишига ишонтиради. Эҳтимол, ҳамма ҳам шундай ўйлаб юргандир-у, бир-бирларига айтишдан чўчиб келишгандир. Хрушчёв қўрқмади. Гап осон, уни амалга ошириш қийин эди. Энг рисоладаги йўл МҚ Ҳайъатида ёки унинг пленумида Берияга қарши қўйилган айбларни муҳокама қилиш, лекин бу сиёсатга мутлақо тўғри келмасди. Шунинг учун ҳам тўғри келмасдики, Берия ўзига қарши қўйилаётган айблардан хабар топган заҳоти зудлик билан давлат тўнтариши қилиб, барча рақибларини отиб ташлаши мумкин эди. Яна ўша — барча ифлосларнинг энг синалган қуроли — алдов, пистирма ва тузоққина қўлланадиган бўлди. Бу борада Бериянинг ўзи бениҳоя уста эмасми, демак, устомонларча алдовни айёрона тузоқ билан уйғунлаштириб юбориш лозим эди. Шунинг учун Берияга қарши оператсия муддатини Совет Армиясининг ёзги ўқув тайёргарлиги ўтадиган вақтга тўғрилашади. Масков ҳарбий округининг ўқув-тайёргарлик ҳаракатларида (агар Масков дивизияларида Бериянинг тарафдорлари бор чиқиб қолса, ҳар эҳтимолга қарши) бир неча Сибир дивизиялари ҳам иштирок этиши лозим эди. Вазирлар кенгаши мажлисига мудофаа вазири, унинг ўринбосарлари ва Бош штаб бошлиғи ўқув ҳаракатларининг бориши тўғрисида ахборот беришлари керак бўлгани учун кўп ҳарбийлар таклиф этилади. Бу мажлиснинг кун тартиби ҳар хил қарорлар лойиҳалари ва таклиф этилган маърузачилару экспертларнинг номлари битилган қоғозлар билан бирга, одатдагидек, Вазирлар кенгаши аъзоларига олдиндан юборилади. Хуллас, ҳаммаси эскичадай. Ҳамма келади. Ҳукумат аъзолари Вазирлар кенгашининг мажлислар хонасига йиғилишади, таклиф этилганлар, шу жумладан харбийлар ҳам, яна ўша эскича одатдагидек, кутув хонасига жойлашишади (таклиф қилинганлар, ўзларига боғлиқ масала кўрилаётгандагина ичкарига чорланади). Муҳокамага Совет Армиясининг ўқув машғулотларининг бориши биринчи масала қилиб қўйилади. Мажлислар хонасига маршал Жуков билан Масков ҳарбий округи қўшинларининг қўмондони генерал Москаленко бошчилигидаги бир гуруҳ ҳарбийлар киришади. Маленков МҚ Ҳайъати билан Вазирлар кенгашининг қўшма мажлисини очиқ деб эълон қилади ва ўша заҳоти Жуковга қараб: Ҳарбийлар Берияни қўлга олишади ва қўшни хонага олиб чиқиб кетишади. МҚ Ҳайъати унинг келгуси тақдири тўғрисидаги масалани муҳокама қила бошлайди. Берия 27 июн куни қўлга олинган, деб ҳисоблашади. Исботига унинг юқорида биз айтган опера томошасида иштирок этмагани далил қилиб келтирилади. Лекин театрда Бериясиз ўтирган ҳукумат аъзоларининг рўйхати чиққан «Известия» рўзномасининг ўша сонида «Партия ва халқнинг ажралмас бирлиги» деган катта сиёсий мақола босилган ва у ерда Берия номи партия ва давлат раҳбарларидан бири сифатида тилга олинган. Бироқ мақола аслида сталинчиликни тугатиш сиёсатига ва Бериянинг миллий дастурига қарши қаратилган. «Коммунизм ҳақидаги ленинча-сталинча фан» тўғрисидаги, «миллатчилик ва ҳавойичилик (космополитизм) сингари буржуача мафкурага қарши» курашнинг зарурлиги тўғрисидаги ва «партия совет кишиларини бепар-волик ва боқибеғамлик касалидан ҳамиша огоҳлантириб келмоқда, коммунистларни ва барча меҳнаткашларни юксак сиёсий ҳушёрлик руҳида, ички ва ташқи душманларга қарши курашда муросасизлик ва қатъийлик руҳида тарбияламоқда», дегандек таниш иборалару баландпарвоз ифодалар тағин такрорланган. Тил услуби жиҳатидан бу мақола Сталиннинг Берияга қарши ёзган («Правда», 13,01.53) мақоласи билан бир хилдир! Берияни раҳбарлардан бири сифатида нега тилга олишгани номаълум. «Известия» таҳририяти Бериянинг аслида бу мақола чиқмасидан бир кун бурун, яъни, СССР Прокуратураси хабар қилганидек («Правда, 17.12.53), 1953 йил июнининг 26-куни қамоққа олинганини билмаслиги мумкин эмас. Холис кузатувчи бу айблов ҳукмида чин ҳақиқат қип-қизил ёлғон билан аралаш-қуралаш бўлиб кетганини осонгина сезиб олади. Берия билан унинг ҳамтовоқлари (салафлари ҳам, ворислари ҳам) халқ душмани эканликлари ҳақиқат, аммо улар ўзларининг сиёсий политсайларини партия ва давлат устидан ҳукмрон қилмоқчи бўлганлари ёлғондир. Бундай қилишларига ҳожат йўқ эди, чунки шундоғам у партия ва ҳукумат устидан йигирма йилдан бери ҳоким эди. Мазкур суд иши декабр ойида бўлиб ўтгани тўғри, лекин унда Бериянинг ҳам иштирок этгани ёлғон. Ҳамма нарсадан хабардор ва Берия қирғинидан шахсан жабр кўрган С. Аллилуева, масалан, Берия устидан бўлган суд ҳақида бир оғиз ҳам ёзмаган. Аксинча, унинг ёзувларидан Берия ҳибсга олинган заҳоти ўлдирилгани билинади: «Берия 1953 йил июнида қўлга олиниб, зудлик билан отиб ташлангач, бироз муддат ўтиб, ҳукумат унинг «жиноятлари» ҳақида узундан-узоқ махфий ҳужжат тарқатди. Партия йиғилишларида уни ўқишнинг ўзига уч соатдан кўп вақт кетди. Берия «империапизм фойдасига халқаро айғоқчилик» билан шуғулланганликда айбланганидан ташқари, МҚнинг махфий хатининг ярмидан кўпи унинг «ахлоқсиз қиёфаси»ни фош этишга бағишланган эди. Партия терговчилари энди ўзларига хавф сола олмайдиган рақибларининг чиркин кўрпасини оғизда сўлак билан титкилаб чиқди-лар ва ҳалигача ҳеч бир партия йиғилиши бу қадар қизиқарли бўлмаган эди: тахтдан ағдарилган «доҳий»нинг ишрат саргузаштлари бутун тафсилотлари билан ҳикоя қилинарди. Фақат, МҚ коммунистлар оммасига бу билан нима демоқчи бўлгани номаълум, чунки сиёсатга у гапларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Партия ичидаги ўзаро курашларга ҳам алоқасиз. Ҳужжат одамларга ҳеч нарсани англатмайди, ҳеч нарсага ишонтирмайди ҳам — фақат, МҚдаги риёкорлар ўзларининг ифлос табиатларини кўрсатганлар, холос. 1953 йилдан кейин Бериянинг хотини билан ўғлини Масковдан Ўролга сургун этдилар» («Фақат бир йил», 357-358-бетлар). Суд вақтида Берия тирик бўлмаганига анчагина ишончли бўлган манба — «Полша Катта аралаш қомуси» ҳам далилдир. Унда ёзилишича, Берия 1953 йилнинг июнида отиб ташланган. Русчадан таржима («Новый мир» мажалласининг 1991 йил 5-сонидан олинди) |