Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Буюк француз инқилоби ҳақида
PDF Босма E-mail

14 июль Францияда миллий байрам куни сифатида нишонланади. Бу сана тарихга Бастилия қамоқхонасининг ишғол этилиши сифатида кирган ва Францияда миллий байрам куни деб эълон қилинган.

Айрим тарихчилар ушбу санани Буюк француз инқилобининг бошланиши деб эътироф этган. Ушбу сана муносабати билан француз инқилоби қандай натижаларга олиб келгани, жаҳон тарихига қандай таъсир қилгани ҳақида «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов сўз юритади.

Инқилобдан олдин

Инқилоб арафасида Франция аҳолиси 26 миллионга яқин эди. Аҳоли уч қисмга бўлинганди: руҳонийлар, зодагонлар ва паст табақа (tiers état). Аҳолининг энг кўп қисмини ташкил қиладиган паст табақа асосий солиқларни тўлаб юрган бир пайтда қолган икки табақа вакиллари жуда кўп имтиёзларга эга ҳамда солиқ тўламасдан яшаб келарди.

Паст табақа вакиллари мамлакат ҳаётида ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқларга эга эмас эди. Бу даврга келиб Франция иқтисодиёти чуқур инқироз ёқасига келиб қолган, мамлакат хазинаси Франция Америкадаги озодлик урушида иштирок этиши туфайли бўшаб қолган эди. Ана шундай шароитда қирол Луи XVI солиқларни кўтаришга қарор қилди.

Инқилобнинг бошланиши

Бунинг учун 1789 йил 5 май куни Генерал штатларни чақирди. Генерал штатлар аҳолининг уч табақаси вакилларини ўзида жамлаган парламентга ўхшаган катта мажлис эди.

Мақсад солиқни кўтариш эди. Асосий солиқ тўловчи бўлмиш учинчи қатлам бунга норозилик билдирди ва Миллий ассамблея ташкил этди. «Озодлик, тенглик, биродарлик» шиори остида кўчага чиққан халқ 14 июль куни қўзғолон кўтарди ва Франциядаги мутлақ монархия рамзи бўлмиш Бастилия қалъасини ишғол этди.

Бу қиролнинг чекланмаган ҳокимияти поёнига етаётгани нишонаси эди. Шу пайтгача ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган учинчи қатлам инқилобнинг асосий кучига айланди.

1789 йилнинг 4 август куни феодал тузум ва устунликлар бекор қилинди. Қирол чекланмаган ҳокимиятдан маҳрум бўлди, зодагонларнинг устунликлари бекор қилинди. 26 август куни эса Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси эълон қилинди. Ушбу ҳужжатда барча инсонлар тенг ҳуқуқли ва эркин деб эълон қилинди.

Шунга қарамай, қирол дарҳол сиёсий саҳнадан четлатилмади. Унда фақатгина ижро этувчи ҳокимият сақланиб қолди. Мамлакат энди конституцион монархияга айланди. Бироқ бу монархия ҳам узоқ яшамади.

Орадан кўп вақт ўтмай, қирол қўшни қиролликлардан бошпана излаб, мамлакатни тарк этмоқчи бўлди. Аммо у сотқин деб эълон қилинди ва Варен шаҳрида ушланиб, 1793 йилда гильотинада қатл этилди.

Биринчи республика

Қирол қатл этилишидан олдин, 1792 йилнинг сентябрь ойида Франция тарихда илк бор республика деб эълон қилинди. Республиканинг энг кўзга кўринган арбоби, шубҳасиз, Максимиллиан Робеспьер эди.

Робеспьер ҳукмронлиги йиллари Франция тарихига «катта террор» номи билан кирган. Бунинг сабаби, у рақибларига нисбатан аёвсиз муносабатда бўлганидир. Аммо унинг ўзи ҳам 1794 йил 28 июль куни Парижнинг Инқилоб майдонида гильотинада қатл этилди.

Республика ёш эди. Ҳали монархистлар ҳукумат учун даъволаридан воз кечмаган эди. Республика уларга қарши курашишига тўғри келди. Бундай курашларда ўзини кўрсатган ёш генерал Наполеон Бонапарт 1799 йил 9 ноябрь куни давлат тўнтаришини амалга ошириб, ҳокимиятни қўлга олди.

Шу билан тарихга Буюк француз инқилоби номи билан кирган инқилоб ниҳоясига етди. 1804 йилда Париждаги Нотр Дам де Париж ибодатхонасида Наполеон ўзини император деб эълон қилди. Республика ўрнини империяга бўшатиб берди. Франция тарихида янги давр бошланди.

Иккинчи ва Учинчи республика

Ўзини император деб эълон қилган Наполеон тез фурсатда истилочилик юришларини бошлади.

Лекин 1812 йилда Бородинодаги мағлубиятдан сўнг ўзини қайта ўнглай олмаган Наполеон унга қарши бирлашган давлатлар қўшинига қаршилик қила олмади, натижада аввал Эльба оролига, ундан сўнг Муқаддас Елена оролига сургун қилинди ва ўша ерда касалликдан вафот этди.

Тахтга Луи XVIII эга чиқиб, монархия қайта тикланганини эълон қилди. Ундан сўнг тахтга келган Чарле Х эса халқ томонидан ағдариб ташланди.

Унинг ўрнига 1830 йилда Луи-Филипп тахтга ўтказилди. 1848 йилда Наполеоннинг жияни Луи Наполеон Бонапарт Луи-Филипп ҳокимиятини тугатиб, Иккинчи республика тузилганини эълон қилди ва шу республика президенти этиб сайланди.

Аммо кейинчалик у ўзини Наполеон III номи билан император деб эълон қилди. 1870 йилги Франция – Пруссия урушидаги мағлубиятдан сўнг тахтдан маҳрум бўлди.

Шу йили Францияда Учинчи республика эълон қилинди. Ушбу республика 1940 йилгача мавжуд бўлди. Луи Наполеон Бонапарт эса Франция тарихига Иккинчи республиканинг ягона президенти, умумий овоз бериш йўли билан сайланган илк давлат раҳбари, Франция республикасининг илк президенти, 1852 йил монархия қайта тикланганидан сўнг энг охирги монарх сифатида кирди.

* * *

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, француз инқилоби натижасида Францияда янги бошқарув тизими жорий этилди, жамиятда ижтимоий табақаланиш ва имтиёзларга эга бўлиш тугатилди ҳамда иқтисодий ўзгаришлар амалга оширилди. Французлар Италия ва бошқа давлатларга ҳарбий куч билан кириб, у ерларда ҳам янги тузум жорий этди. Бу бутун Европани, Европа орқали бутун дунёни ўзгартирди.

Янги бошқарув тизими ва ижтимоий табақаланиш ҳақида юқорида фикр юритган эдик. Иқтисодий ўзгаришлар Наполеон I томонидан амалга оширилди. У Францияда франк жерминал деб номланган янги пул жорий этди. Ушбу пулни киритиш билан бир пайтда янги оғирлик ва бошқа ўлчов бирликлари ҳам яратилди. Бу эса савдо жараёни осонлашишига олиб келди.

Бу ўзгаришлар Франция иқтисодиётининг бирлашишига туртки берди. Ҳукуматнинг иқтисодий позицияси ҳам олдингига нисбатан анча либераллашди: савдо ташкилотлари кўпроқ эркинларга эга бўлди.

Инқилоб нафақат Франция ҳаётига, балки кейинчалик бошқа давлатлар ҳаётига ҳам таъсирини кўрсатди. Россия, Усмонли салтанати, Эрон ҳамда Европанинг бошқа давлатларида узоқ йиллар француз модаси ҳукм сурди. Бунинг натижасида бугун бутун дунёда метр, килограм сингари бирликларидан фойдаланилади, дунё давлатларининг кўпчилиги республика тузумига эга, шунингдек, жаҳон тилларида кўплаб французча сўз ва атамалар мавжуд.

Дарвоқе, Усмонли салтанатини қулатган Ёш турклар ҳаракати фаоллари ҳам ўз ғояларини  айнан француз инқилоби таъсирида шакллантирган эди. Улардан эса Россиядаги жадидчилик ҳаракати таъсирланган.

Манба

 
Баннер