Саналар
13.09.2024
Баннер
Баннер
Усмонийлар даври
PDF Босма E-mail

Мусулмон оламида ҳижрий 923 - 1342, милодий 1517 - 1923 йилларда усмоний турклар сулоласи ҳукмронлик қилдилар.
Шайх Абулҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳи улар ҳақида батафсил ёзадилар:
«Ана шу пайтда тарих саҳнасида усмонли турклар пайдо бўлишди. Муроднинг ўғли Муҳаммад II ҳижрий 753 йилда (мил. 1453 й.), йигирма тўрт ёшида Византия давлатининг мустаҳкам пойтахти бўлмиш буюк Константинополни фатҳ қилди. Натижада Исломнинг умиди янгиланди. Мусулмонларнинг дилида умид уйғонди. Турклар Усмон бошчилигида Ислом умматига раҳбарлик қилишни ишониб топширса бўладиган, мусулмонларнинг мавқеи ва куч-қудратини қайтариб беришга қодир кучга, қудратли омилга айланган эди. Константинополь саккиз асрдан буён мусулмонларга бўйсунмай келаётган эди (Буср ибн Артоа бошчилигидаги арабларнинг ҳарбий флоти ҳижрий 44, милодий 664 санада Константинополга юриш қилган. Язид ибн Муовия ҳижрий 52, милодий 672 санада Константинополни қамал қилган. Шундан сўнг араблар уни энг камида тўрт марта қамал ҳилишган, бироқ бу мустаҳкам шаҳарни фатҳ қила олишмаган). Константинополь фатҳи усмонлиларнинг куч-қудрати ва етуклигини, ҳарбий соҳада ижтиҳод даражасига етганлигини, беқиёс саркардалик маҳоратини, қурол-аслаҳадан фойдаланиш ишига илмий ва амалий ёндашув ила мақсадларга эришиш борасида ўзларига замондош бўлган халқлардан илгарилаб кетганини намоён қилди. Бу ишларнинг барчаси уммат учун ғоятда муҳим эди.

Муҳаммад Фотиҳнинг ҳарбий санъатдаги устунлиги

Муҳаммад Фотиҳ риёзиёт илмларидан яхшигина хабардор бўлиб, уни ҳарбий санъатда усталик билан татбиқ қилган. Қустантиния фатҳига ҳам жиддий тайёргарлик кўрган, ўз давридаги ҳарбий асбоб-ускуналар ва қурол-яроғларнинг барчасидан фойдаланган.
Бернард Карра де Во (Вегпагб Сагга бе Уаих) «Исломдаги мутафаккирлар» номли китобининг биринчи жузида Муҳаммад Фотиҳнинг ҳаёт йўли ҳақида шундай сўз юритади:
«Дарҳақиқат, Муҳаммад Фотиҳнинг ушбу ғалабаси ўз-ўзидан бўлиб қолган эмас. Византия давлатининг заифлашиб қолгани бу ғалабанинг асосий сабаби эмас. Султон ушбу ҳал қилувчи жанг учун лозим бўлган барча тайёргарликларни олдиндан кўриб қўйганди. Бунинг учун у ўзи яшаб турган даврда эришилган илмий тараққиётнинг самараларидан тўлиқ фойдаланар эди. Ўша пайтларда тўплар эндигина ихтиро қилинган эди. Султон ўша вақтда ясаш мумкин бўлган энг катта тўпларни яратиш устида иш олиб борди, бу ишга ўқининг вазни 300 кг бўлган, бир милдан узоқроққа ўқ отадиган замбарак ясаган муҳандисни жалб қилди. Айтишларича, бу тўпни ўрнидан силжитиш учун етти юз киши керак бўлар, уни ўқлаш учун эса икки соат кетар эди. Муҳаммад Фотиҳ Константинополни фатҳ этиш учун юриш бошлаганида унинг уч юз минг аскари, жуда катта артиллерияси, шаҳарни соҳил томондан қамал қилиб турган денгиз флотида эса 120 та ҳарбий кемаси бўлган. У бор ҳарбий маҳоратини ишга солиб, флотнинг бир томонини қуруқликдан кўрфазга олиб чиқишни режалаштирган ва ёғмой суртилган ёғочлар ёрдамида денгизнинг Қосим пошшо тарафидан етмишта кемани сувга туширган» (Амир Шукайб Арслоннинг «Ислом оламининг бугуни» китобига ёзган иловаларидан).

Туркий халқларнинг ўзига хос жиҳатлари

Подшоҳ бошчилигидаги мусулмон турк халқлари ўша вақтдаги исломий умматлар ичида ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб турган ва шу жиҳатдан мусулмонларга бошчилик қилишга ҳақли бўлишган:
1. Ҳарбий руҳга ва метин иродага эга бўлган бу халқ фаол, ғайратли, интилувчан бўлган. Келиб чиқиши, фитратга яқинлиги ва ҳаётдаги оддийлиги сабабли ҳам турклар шарқдаги исломий умматларнинг ижтимоий ва маънавий иллатлардан соғлом бўлишган.
2. Туркларда Исломнинг моддий ва маънавий ҳукмронлигини кенг тарқатишга, ўзаро адоват ва рақобатда бўлган халқларнинг зулмини қайтаришга, бутун оламга йўлбошчилик қилишга имкон берадиган даражада ҳарбий куч-қудрат мавжуд бўлган. Усмонийлар ўз ҳукмронлигининг аввалидаёқ ҳарбий қурол-яроғлардан, айниқса, ўқотар қуроллардан фойдаланишга интилишган. Улар артиллерияга катта эътибор қаратиб, энг замонавий ҳарбий анжомларни амалиётга қабул қилишган, ҳарбий санъатга, қўшинни тартибга солиш ва уларни сафарбар этишга эътибор қаратганлар. Улар ҳарбий маҳорат борасида ҳатто Европа учун ҳам шубҳасиз етакчига, баркамол намуна ва йўлбошчига айланган эдилар.
Улар учта қитъада: Европа, Осиё ва Африкада ҳукмронлик қилар, Форсдан то Марокашгача чўзилган Ислом шарқига эгалик қилар эдилар. Турклар Кичик Осиёни бўйсундириб, Европага, ҳатто Вена остоналарига қадар кириб боришди. Улар Урта ер денгизига ҳам хўжайинлик қилишар, уни усмонлиларга тегишли деб билар эдилар. Пётр I нинг ишонган одамлари унга мактуб ёзиб, «Султон Қора денгизни ўзининг шахсий саройи деб билади, бошқаларнинг унга киришига ижозат бермайди», деб хабар қилишган. Улар Европа қаршилик қила олмайдиган даражада улкан флотни тузган эдилар. Ҳатто ҳижрий 945, милодий 1547 йилда Султонни бу ердан қувиб чиқариш учун Рим, Венеция, Испания, Пор-тугалия ва Мальта давлатларининг флотлари бирлашган. Бироқ сондаги устунлик уларга ҳеч бир фойда бермади.
Усмонийлар салтанати Сулаймоннинг бошқаруви даврида ҳам қуруқликда, ҳам денгизда устунлик қилар, сиёсат ва диндаги ҳукмронликни ўзида жамлаган эди.
Усмонийлар давлатининг ҳудудлари Сулаймон шоҳнинг даврида шимолда Туна ва Сава дарёларигача, жанубда Нилнинг боши ва Ҳинд океанигача, шарқда Кавказ тоғ тизмаларигача, ғарбда эса Атлас тоғларигача етиб бориб, 400 минг квадрат милдан зиёда эди.
Усмонлилар флоти 300 дан 400 тагача ҳарбий кемалардан иборат эди. Сефид (Оқ) денгизи, Адриатика денгизи, Мармара, Азақ, Қора ва Қизил денгизлар ҳамда Форснинг шарқий қисми унинг тасарруфи ва ҳукмронлиги остида эди.
Биргина Римдан ташқари кўҳна дунёнинг барча машҳур шаҳарлари усмонийлар империясининг ҳудудига кирди («Фалсафатут-тарихил-усмоний», 280-281-бетлар).
Бутун Европа улардан ҳайиқиб турар, уларнинг катта-катта қироллари усмонли подшоҳларнинг ҳимоясига кирар, юртларига турклар ташриф буюрадиган бўлса, уларнинг ҳурмати учун черковларининг қўнғироқларини жаранглатмай туришар эди.
Рим папаси Муҳаммад Фотиҳнинг вафот этганини эшитгач, уч кун давомида шукрона ибодатларни адо этиб, байрам қилишни буюрган.
3. Улар халқаро бошқарув учун энг муносиб ўринда жойлашган эдилар. Осиё ва Европага қараб турган томонлари Болқон яриморолига ўхшаб кетар, уларнинг пойтахти икки денгиз - Қора ва Қизил денгизлар ўртасида жойлашган бўлиб, икки қитъа - Осиё ва Европани бир-бирига боғлаб турар ва Осиё, Европа ва Африкага ҳукмронлик қиладиган энг буюк давлатнинг энг яхши пойтахти эди. Ҳатто Наполеон: «Агар дунёда ягона давлат бўладиган бўлса, унинг пойтахти бўлиш-га энг муносиб шаҳар Константинополь бўлар эди», деган.
Европани яқин келажакда улкан хатар ва буюк бир шаън кутар эди. Европада ҳаёт кучлари жўш урар, қалбида тараққиёт омиллари уйғонаётган эди. Шунинг учун ҳам агар Аллоҳ муваффақият берганида эди, турклар илм ва фикр майдонида илгарилаб кетишлари, бу борада Европанинг насроний халқларидан ўзиб кетишлари, оламнинг пешво-ларига айланишлари, европаликлар дунёнинг тизгинини ўз қўлларига олиб, завол ва таназзул сари етакламай туриб, уни ҳақиқат ва ҳидоят сари етаклашлари мумкин эди.

Туркларнинг ахлоқан тубан кетишлари, илм ва ҳарбий саноат борасида қотиб қолишлари

Афсуски, туркларнинг ва мусулмонларнинг бахтига қарши турклар таназзулга юз тутиб, ортга кета бошладилар. Уларга ҳам ўзларидан олдинги умматларнинг иллати тегди: ҳасад, адоват, подшоҳларнинг зулму истибдоди, жабру жафолари, бузуқ тарбия, ахлоқсизлик, амирларнинг хоинлиги, халқни алдаш, халқнинг айшу ишрат, роҳат-фароғатга берилиши кучайди. Бундан ташқари, тарих китобларида баён қилинганидек, таназзулга юз тутган бошқа халқларнинг ахлоқидаги баъзи салбий қусурлар туркларга ҳам аста-секин кириб борди. Ҳозир у гаплар ҳақида батафсил сўз юритишнинг мавриди эмас. Уларга етган энг ёмон нарса уларнинг илмда, ҳарбий соҳада ва қўшинларни сафарбар этишда қотиб қолишлари, ортда қолиб кетишларидир.
Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳикмат мўминнинг излаб юрган нарсасидир. Уни қаерда топса, ўша нарсага энг ҳақли бўлади», деган сўзларини ёддан чиқариб қўйган эдилар.
Атрофдаги Европа давлатлари уларни билакдаги билакузукдек ўраб турган бир пайтда, ўзларининг сиёсий ва жўғрофий жойлашувларидан келиб чиқиб ҳам, буюк Ислом саркардаси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг мисрлик мусулмонларга қилган ушбу васиятини доимо ёдда тутмоқлари лозим эди: «Хабарингиз бўлсинким, атрофингиздаги душманларнинг кўплиги, уларнинг қалби сизга ва сизнинг юртингизга талпиниб тургани туфайли қиёмат кунига қадар хавфу хатарда бўласизлар». Аммо турклар бир жойда туриб қолишди, замон эса илгарилаб кетди. Улар ортда қолиб, Европа халқлари ўзиб кетдилар.

Туркиядаги илмий турғунлик

Ёзувчи Холида Адиб хоним (1884 -1964) Туркиядаги илмий турғунликни шундай тавсифлаб берганки, шу жойда уни нақл қилсак, мақсадга мувофиқ бўлур эди. У шундай деб ёзади:
«Дунёни мутакаллимларнинг фалсафаси назорат қилиб турар экан, Туркиядаги Ислом уламолари ўз вазифаларини гўзал тарзда бажариб юрдилар. «Сулаймония» ва «Фотиҳ» мадрасалари ўша замондаги илм-фаннинг етакчи марказлари бўлган. Лекин Ғарб илоҳий фалсафа ҳамда каломга доир баҳс-мунозараларнинг чангалидан халос бўлгач, янгича, замонавий илм-фан ва янгича ҳикматга асос солиб, дунёда инқилоб яратди. Уламолар жамоаси эса таълимнинг қийинчиликларини зиммага олиш, муаллимларнинг мажбуриятларини адо этишнинг уддасидан чиқа олмадилар. Уларнинг эътиқод қилишларича, илм-фан милодий XIII асрдагидек ҳозирги мавқеидан ўзиб, илгарилаб кета олмас эди. Ана шу нотўғри фикр милодий XIX асрга қадар уларнинг таълим тизимига ҳукмрон бўлиб келди...
Зотан, Туркия ва бошқа мусулмон юртлардаги уламолар айтган бу фикрларнинг динга умуман алоқаси йўқ. Илоҳий фалсафа ёки мусулмонларда, ёхуд насронийларда мавжуд бўлган калом илми юнон фалсафасига асосланган эди. Унинг асосий қисмини мажусий файласуф Арастунинг фикрлари ташкил қилар эди. Шу ўринда масиҳий ва мусулмон уламоларнинг ақлий даражаларини қисқача қиёсласак яхши бўларди...
Қуръони Карим оламнинг табиий яралиши масаласига батафсил тўхталмаган. Ундаги таълимотнинг кўпроқ қисми ҳаётнинг маънавий-ижтимоий жиҳатлари хусусида бўлиб, асосий эътибор шунга қаратилган. Унинг бош мақсади ҳақ билан ботилнинг, гўзаллик билан қабоҳатнинг, яхши билан ёмоннинг ўртасини ажратиб беришдир. Қуръон оламга шариатни олиб келган. У метафизика ёки маънавий билимларга оид бирор масалани зикр қилар экан, унда чигаллик ёки мушкулликни кўрмаймиз. Ундаги асосий таълимот тавҳиддир. Бинобарин, Ислом оддийлик ва бағрикенглик динидир. Табиий олам ҳақидаги янги назариялар учун бошқа динлардан кўра Исломнинг бағри очиқрокдир. Лекин янги илмий таҳқиқларда кўмак берадиган ана шу бағрикенгликнинг, ана шу оддийликнинг умри мусулмонларнинг ҳаётида кўп ҳам узоққа чўзилмади. Ҳижрий тўққизинчи асрга келиб, уламолар ва мутакаллимлар нафақат фиқҳни, балки илоҳиётни ҳам занжиру кишанлар билан тушовлаб, ижтиҳод ва тадқиқотлар эшигини маҳкам ёпиб ташладилар. Ана шу даврда Арастунинг фикрлари исломий фалсафага қўшилиб, аралашиб кетди...
Роҳиб Павелнинг дини деб номлаш тўғрироқ бўлган масиҳий динида эса аҳвол тамоман бошқача. Зеро, «Яратишнинг бошланиши» китобида табиий олам ҳақида батафсил сўз юритилади. Насронийлар уни Аллоҳнинг каломи деб иймон келтиришса, унинг тўғри эканини ҳам эътироф этишлари керак эди. Бироқ кузатувлар уларнинг бу таъвилларини тасдиқламагач, улар далил излашга мажбур бўлдилар ва Арастуга ёпишиб олдилар. Унинг нутқи уларга сеҳрдек таъсир қилар эди.
Ғарбликлар табиатни мушоҳада, тажриба, таҳлил ва бошқа қисмларга ажратиш ёрдамида ўрганишни бошлаган пайтда иш черков вакилларининг қўлига ўтиб қолди. Уламолар амалий йўллар билан муҳим кашфиётларга эриша бошлагач, насроний олимлар черков ҳукмронлиги инқирозга юз тутишидан хавфсираб қолдилар. Натижада дин билан илм орасида аёвсиз кураш бошланди. Табиий фанлар соҳасидаги тадқиқот ва таҳқиқотларига берилиб кетган етакчи олимлар ўз илмининг қурбонларига айландилар...
Насроний черкови дин билан илм ўртасидаги қонли урушлардан сўнг воқеликни тан олишга мажбур бўлиб, табиий фанларни диний таълим муассасалари ва куллиётларининг ўқув дастурларига киритди. Кечагина мусулмонларнинг илм даргохдаридан фарқ қилмай турган дорилфунунлар табиий фанлар ва бошқа янги илмларнинг марказига айланди. Бироқ Ғарб олимлари ўз фалсафасидан воз кечишмади. Оқибатда черков бошқаруви бир гуруҳ зиёлилар табақасининг қўлига ўтди. Католик ва протестантларнинг руҳонийлари янги илмлар борасида муштарак бўлиб, ҳар бир мавзуда янгилик излашга қодир эдилар...
Усмонли Туркиядаги уламолар эса бунинг акси эди. Улар янги илмларни эгаллашга аҳамият бермадилар, ҳатто ўз минтақаларига янги фикрларнинг кириб келишига ҳам қаршилик қилдилар. Улар Ислом умматининг таълим бошқарувини ўз тасарруфида сақлар, янги фикрларнинг ўзларига яқин келишига ижозат бермас эдилар, уларнинг таълим тизимида турғунлик ҳукмрон эди. Таназзул даврига келиб, уларнинг сиёсат билан боғлиқ ишлари ҳаддидан ошиб кетди. Уларга кузатув ва тажриба машаққатларини ўз зиммасига олишга ижозат берилган эди. Улар эса Арастунинг фалсафасига осилишдан нарига ўтмадилар, билимларини эса дедукция асосига барпо этдилар. Шунинг учун милодий XIX асрдаги мусулмон билим даргоҳлари ХШ асрдаги ҳолатида қолиб кетаверди («Шарқ ва Ғарбнинг Туркия учун кураши», 40 - 43-бетлар).

Тафаккур ва илмнинг ёппасига таназзулга юз тутиши

Илмдаги турғунлик, тафаккурдаги хорғинлик Туркиянинг илмий-диний соҳалари билангина чекланиб қолмай, балки бутун Ислом дунёсида, унинг шарқидан ғарбигача тарқалган, илмий соҳада қурғоқчиликка ва бироз фикрий фалажликка мубтало бўлган эди. У ҳолсизлик ва мадорсизликка мубтало бўлиб, мудроқ босган эди. Тўққизинчи аср - агар саккизинчи аср демасак, - дин ва илмда, адабиёт ва шеъриятда ҳамда ҳикматда фаоллик, яратувчилик ва ижодкорликнинг сўнгги асрлари бўлган бўлса, ўнинчи аср ҳаракатсизлик ва тақлидчиликнинг сўнгги асри бўлди, дейиш мумкин. Бундай ҳаракатсизлик диний билимлар, адабий фанлар, шеърий маънолар, ижод, тарих ва таълим тизимларининг барчасини қамраб олган эди. Зеро, кейинги асрларда ёзилган биографик асарларда юксак иқтидорли даҳо ёки ҳеч бўлмаганда муҳаққиқ олим деб эътироф этилган зотларни топмайсиз.
Ушбу сўнгги асрлар шеъриятида жуда кўплаб шеърлар битилган бўлса-да, хотирага ўрнашиб қоладиган бирор-бир ёрқин шеърни ёки кўнгилга сурур берадиган ижодий асарни кўрсата олмаймиз. Аксинча, сўзни безашда ўта нозиктаъблик, лафз ва маъноларда бўрттириш, муболаға, ҳаддан ошириб мақташ, шеърларда бошқа жинсга нисбатан ошиқона муносабат, ҳатто биродарлар ўртасидаги ёзишмалар ва табиий мақсадларда ҳам такаллуф ҳамда аҳмоқона қофияли насрлар, мазаматраси йўқ адабиётни кўрасиз. Бундай иллатлар ҳатто тарихий ва биографик асарларда ҳам кўп учрайди.
Худди шунингдек, таълим соҳасида ҳам мутақаддим уламоларнинг асарлари олиб ташланган, уларнинг ўрнига сохтакор мутааххирларнинг китоблари киритилган эди. Бундай китоблар муаллифлар қоғозни қизғаниб, атайлаб чигал ва ноаниқ қилиб ёзган ҳошиялар, қарорлар, хулоса ва матнлар билан тўлиб-тошган эди. Бу асарлар худди стенография йўли билан ёзилганга ўхшаб кетар эди. Буларнинг барчаси Ислом дунёси бошидан кечираётган илмий-ғоявий таназзулдан дарак бериб турар эди.
Мусулмон оламининг етакчиси бўлмиш усмонийларнинг ҳоли шундай бўлганидан кейин, қолганларнинг ҳоли қандай бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Милодий ХVI-ХVII асрлар инсоният тарихининг энг муҳим даври бўлди. Европа ўзининг узоқ муддат давом этган уйқусидан мана шу даврда уйғонди. Уйғондию, ғафлат ва илмсизликда бой берилган фурсатни ўзлаштириб олиш учун отилиб ўрнидан турди. Европаликлар мисли кўрилмаган иштиёқ билан табиат кучларини бўйсундирар, коинот сирларини ўрганар, авваллари номаълум бўлган қитъа ва денгизларни кашф қилиб, илм-фанда ва ҳаётнинг барча жабҳаларида янгидан-янги ғалабаларга эриша бошладилар.
Мусулмонлар эса бу борада яна ҳам ортга қараб кетишар эди. 16-17 асрларда мусулмонларда илм-фан тараққиёти у ёқца турсин, ҳатто саводхонлик ҳам муаммога айланиб қолди. Ўқиш-ёзишни билмайдиганлар нисбати тинмай ўсиб борди.
Европа халқлари эса гуркираб ривожланиб бораётган илм-фанни ишлаб чиқаришга йўналтиришди. Янги-янги саноатлар барпо бўла бошлади. Ҳаёт ривожланди, халқ бойиди. Саноатни ривожлантириш учун хомашёга катта эҳтиёж сезила бошлади. Натижада улар аста-секин бойликни Европадан ташқаридан излашга тушишди. Бу улкан эҳтиёжни савдо йўли билан олиб бориш уларни қониқтирмай қўйгач, халқи қолоқ, табиий бойликлари ўзлаштирилмаган мамлакатларга кўз олайтира бошлашди. Шу тариқа мустамлакачилик сиёсати ишлаб чиқилиб, амалга оширила бошлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Олам ва одам, дин ва илм" китобидан

 
Баннер