Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Мамлуклар ҳукмронлиги даври
PDF Босма E-mail

Ушбу сарлавҳа остида шайх Абулҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзадилар:
«Мўғул-татарлар мусулмон оламини харобага айлантиргач, кейинги давр ўта тушкунлик даври бўлди. Бу даврда ҳукмронлик ҳам ўзгарди.
Ҳижрий 658 - 923, милодий 1259 - 1517 йиллар Ислом тарихида «мамлуклар ҳукмронлиги йиллари» дейилади. Мамлуклар давлати 275 йил давр сурган.
«Мамлук» сўзи араб тилида «мулк қилинган», яъни бировнинг мулки деган маънони англатади. Бошқача қилиб айтганда, бу қул деганидир. Айюбийлар давлатининг султони Туркистон, Кавказ, Кичик Осиё, Мовароуннаҳр каби жойлардан ёш болаларни мулк сифатида сотиб олган ва жангчиликка тайёрлаган эди. Улар аслида қул бўлмаган, уларни сотиш, сотиб олиш шариатга хилоф иш бўлган.
Аслида мамлуклар Миср, Шом ва Ҳижозгагина ҳукмронлик қилганлар. Улар қанча ҳаракат қилишмасин, бошқа жойларни ўзларига қўша олмаганлар. Бошқа жойлар турли-туман давлатларга ажраб кетган, лекин мамлуклар давлатида халифаликнинг баъзи сифатлари ва хусусиятлари сақланиб қолгани учун у мусулмон оламининг бош давлати сифатида эътироф қилинган. Улар аббосийлардан бир кишини номига бўлса ҳам халифа қилиб қўйишар эди.
Бу даврда Исломдан узоқлашиш, ички ихтилофлар ва тарқоқлик, салиб юришлари, мўғуллар босқини каби кўпгина ички ва ташқи салбий омиллар туфайли мусулмон олами ниҳоятда заифлашиб кетди. Иқтисодий ҳолат оғир-лашди. Мусулмон оламида камбағаллик, саводсизлик каби салбий ҳолатлар кенг тарқалди.
Мамлукларнинг султонлари ҳам ниҳоятда заиф эдилар. Бунинг устига уларнинг орасида ҳиқду ҳасад, ўзаро адоват, орқадан ҳийла-найранглар уюштириш каби ҳолатлар авж олган, булар эса мусулмонларнинг умумий заифлигини яна ҳам оширар эди.
Мамлуклар турли элатлар ва диёрларнинг вакиллари бўлганлари учун ораларида доимий равишда уруш-жанжаллар, қирғинбаротлар чиқиб турарди. Улар халқдан ажраб, алоҳида аскаргохдарда яшар эдилар. Бу ҳолат уларни одамови қилиб қўйган эди. Шу билан бирга, улар султонга яқин бўлганлари учун ўзларини бошқалардан юқори тутар эдилар.
Мамлуклар ўзларининг молга сотиб олинган қул эканликларини яхши билишарди. Бу қайсидир маънода уларнинг нафсониятига тегиб, бошқаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишларига сабаб бўлар эди.
Уларда «Фазл кучдадир» деган тушунча бор эди. Шу боис салтанатга эришиш йўлида бир-бирини қирғинбарот қилиш улар учун оддий иш эди.
Мамлуклар ўзларининг дастлабки даврларида ҳарбий соҳада катта ишларни амалга оширдилар. Мусулмонлар ватанидан салибчиларнинг қолган-қутганларини қувиб чиқардилар. Мўғул-татарларни биринчи бўлиб улар мағлубиятга учратдилар, аввал Шомдан, кейин Кичик Осиёдан қувиб чиқардилар».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Олам ва одам, дин ва илм" китобидан

 
Баннер