Мен Ғулжага келган кунларимда Қумул воқеаси янгидан бошланиб, халқ ўртасида ҳар турлик шов-шув сўзлар кўпаймиш экан. Қумул эса тахминан Урумчидан беш кунлик шарқ томонда бўлиб, эски бир тарихий шаҳардир. Бунинг яшаётган ярим кўчманчи ерлик халқлари эса Қумул ҳокими Бонг хўжамнинг молчиларидур. Эшитишимизча, хўжамнинг юз мингдан ортиқ ҳар уруг чорва моллари буларнинг қўлларида боқилмокда экан. Бутун тоғликлар ота-боболаридан тортиб, бу кишининг чорва моллари устидан боқмачилик билан кун кечирмакда эканлар.
“Вонг” демак хитой тилида “кенгашчи”, “маслаҳатчи” мазмунида бўлиб, баъзи бир кишиларга хонлар томонидан гўллаб берилган оти улуғ, супраси қуруқ мансабдур. Бу томонда Ғулжа, Кучо(р) вонглари машҳур бўлса-да, булардан бошқа шаҳарларда ҳам бу қуруқ унвонга эга бўлган кишилар бордирлар. Карл Маркс чиқарган коммунизммаслаги маданият тараққиётининг ажралмас натижаси деганлигидан, бу адашган ҳасадхўрнинг сўзига кўрларча эргашган коммунистлар, айниқса, буларнинг “Каъба”си - Совет Русияси Шарқий Туркистон халқига, балки бутун Хитой мамлакатига қайси йўсинлик бўлса ҳам бу маслакни киргизмоқчи эдилар. Ўз шиорларида бутун дунёда эзилган халқларга ёрдам берамиз, деб жар чақирган бўлсалар ҳам, аслида бу мазлум Шарқий Туркистон халқларининг озодликларига ҳеч розилиги йўқ эди. Чунки, Шарқий Туркистон ўз миллий ҳуқуқига эга бўлиб мустақилликни қўлга келтирса, Ғарбий Туркистонга таъсир қилишидан қўрқар эди. Қумул вонгининг бойлиги ва унинг ҳеч нарсага тушунмаган, тиллик ҳайвонлар каби қора молчилари ва уларнинг кўплиги бу ишга элберишлик эди. Шунга кўра, ўлка маркази ҳисобланган Урумчи шаҳридаги Совет Русияси элчихонасида бу фитна жамалғаси кўрилиб, тегишли планлар тузилгандан кейин инсон иблислари орқалик уларга Остиритдан одамлар юборилиб, Қумул вонгининг молчилари тайёрланган сўнггида буларга бошчи қилиб Хўжаниёз қўл остида 1931 йили Хитойга қарши қўзғолон кўтартирилмиш эди. Мен 1931 йили Ғулжага ўтганимда бу воқеа халқ оғзига тушиб, ҳар турли хурофий сўзлар турлик томондан тарқатилмоқда экан. Бу ишлар эса кимлар томонидан кўрилаётганлиги, бунинг ортидан қандай ишлар келиб чиқиши бизга кўриниб турган бўлса ҳам, бошқа ҳеч бир кишининг хаёлига келиб қўймаганлиги мени қаттиқ ҳайратда қолдирмиш эди. Узоқ эмас, кечагина кўзлари кўрган, ўлим оғзидан зўрға, минг меҳнат-машаққатлар билан Советдан қутулиб қочган неча мингларча нодон бой савдогарлар ва бошқалар ўз жаллодлари томонидан тортилган иқтисодий тўр-тузоқлар атрофида оч қолган жониворлар каби тимирскилаб юрмоқда эдилар. Бу қора босганлар миллат, ватан учун ҳеч қандай қайғурмас эдилар. Дунё дўзахини кўзлари билан кўрган бўлсалар ҳам ҳиёл ўтмай уни ёдларидан чиқариб, ҳирс билан дунё тўплаш чорасига киришмиш эдилар. Совет маккорлари буларни кўргач ботроқ(Тезроқ, кўпроқ.) семиртириб сўйишга тайёрлаш учун иқтисодий тузоқларини кун сайин кенгайтирмоқда эди. - Охирзамонда олчоқ, ёмон одамлар ким? - деб сўралганда: - Биринчидан - дин сотган жоҳил одамлар, иккинчидан - очкўз пиксик домхўр(Тамахўр маъносида.) бой ва савдогарлар, - деган Пайғамбаримизнинг сўзларини(Муслим, Имон 186 (арабча нусха)даги ҳадисга ишорат.) китобларда ўқиган бўлсак, энди унинг аниқлигини кўзимиз билан кўрдик. Дунёда ким яхшилик кўрса, ўзининг яхши меҳнати сабаблик Оллоҳцан бўлиб, агар ёмонлик кўрар экан, албатта уни ўзидан билсин, ўзини тапаласин(Койимоқ, огохдантирмоқ, айбламоқ (уйғурча).). Чунки, Оллоҳ Қуръонда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида мусулмонлар учун дунё ва охират давлатини топгудек йўлларни очиқ-ойдин кўрсатмиш эди. Шу йўлда турарлар экан, Оллоҳ Қуръонда ваъда бермиш эдики, ҳақиқий Исломият илм-фан, маданият-тараққиёт тарафдоридир. Жаҳолатлик Исломиятда энг қабиҳ ишдир. Ёврупо маданиятининг ривожланиши Ислом маданияти ҳаробланишининг натижаси бўлишида ҳеч шубҳа йўқдир. Ушбу йигирманчи аср бўйлаб бўлаётган бутун ер устини қоплаган ҳақиқий маданиятсиз динсизлик балоси инсоният ҳаққига қандай хароблик келтираётганлиги, динсизлик туфайли бутун инсоний ахлоқларнинг бузилганлиги кўз олдимизда кўриниб туради. Айниқса, бу каби даҳшатлик динсиз давлатлар қўл остида яшамоқда бўлган икки Туркистон мусулмонлари эса диний, миллий, балки бутун инсоний ҳуқуқларидан ажратилиб, ютилиш олдида турадилар. Яна ўз сўзимизга қайтдик. Шундай бўлиб, Уйғуристон тупроғида биринчи бошланган бузғунлик ўти атрофга учқун ташлаб, кундан-кунга кўтарилиб авж олгани турди. Ислом илм билан, илм Ислом билан яшаса, шундагина олам ўнгланади, деган сўзнинг(Муаллифнинг илмий хулосаларидан биридир.) ҳақиқати у кунлари бизга гавдаланиб кўринмиш эди. Чунки, биз, икки Туркистон мусулмонлари илмсизлик шумлигидан ўлчовдан ташқари неча юз йиллардан бери босқинчилар жабр-зулмлари остида эзилиб ётмоқдамиз. Айниқса, Шарқий Туркистон халқи онгсизлик, илмсизликда биринчиликни оладилар. Шунинг учун замона маккорларининг кўз бойлов, алдов ишлари бу ерларда бошқаларга кўра тезроқ ривожланмоқда эди. Аслида, Урумчи совет элчихонасидан илҳом олган Қумул қўзғолонига, ерли мусулмонлар ичида тезроқ тарқалиши учун, бу маккорлар томонидан диний тус берилмиш эди. Ислом йўлида жонқурбон бўлган бечора мусулмонлар бошқага тушунмасалар ҳам бу қўзғолончиларни Ислом учун чиққан ғозийлар ўхшайди деб, ҳар ерда бош кўтариб, уларга қўшилгани турдилар. Бунинг устига Шарқий Туркистонни босиб турган мустабид жонгжунг(Жонгжунг - эски Хитой ҳукуматида волий, ганерал-губернатор.) бутун идора, сиёсий, иқтисодий, айниқса, аскарий ишларида хон замонидан қолган эски усул қўлланганликдан ўз қаршисига қўйилган совет консулхонаси рақибларидан ҳар тўғрилик енгилмиш эди, Шундоқки, қўзғолончиларга қарши қўллангудек қуроли йўқлигидан қўшнилик қадрини орага солиб, ўз душманидан қурол сўрагач, иш пайти келди деб дарҳол бир қанча қурол-яроғ топширмишдир. Жонгжунг бу қуролларни олти от аравага юклатиб, қўзғолончиларга қарши қўйилган Қумулдаги хитой аскарларига юбормишдур. Бунинг хабари аллақачон у ёққа берилиб, керакли чораси кўрилмиш экандир. Қўзғолончилар мерганларидан пистирма қўйилған тоғ қисиғига аравалар келганда икки томондан ўққа тутиб, хитой аскарларини қолдирмай қириб, бутун қуролни қўлга туширган эдилар. Ҳеч кутилмаган уларнинг бундай ғалаба козонишлари эса қўзғолончиларнинг кучайишига сабаб бўлиб, Хитой ҳукуматини қаттиқ ташвишга туширди. Шунинг учун бурун совет билан уришиб қочиб ўтган чор Русия генералларидан Дутов, Анненковлардан қолган оқ ўрислардан аскар тузиб, шулар орқалик қўзғолончиларни бостирмоқчи бўлди. Хитойларнинг ҳам бу қилган ишлари ўзлари учун фойда бермади. Чунки, совет консулхонаси томонидан илгаридан бу ишларнинг олди олиниб, керакли чоралари кўрилмиш эди. Балки бу ўрис аскарлари атрофдаги тинч ётган мусулмонларга йўқ баҳоналар билан кўп зиёнлар еткиздилар. Буларнинг шу каби тескари ҳаракатда бўлишлари эса консулхона томонидан илгарироқ уюштирилиб, бунинг натижаси кутилмоқда. Бу ҳақда қўлланилган сиёсатлари тўғри чиққанликдан тушунган-тушунмаган ерлик мусулмонлар, бу ишнинг орти нима бўлиши билан ишлари йўқ, Хитойга қарши ҳар ердан бош кўтаргали турдилар. Айниқса, Урумчидан уч-тўрт кунлик от юришида шарқи-жанубдаги Кў(ҳ) ва Турфон, Қорағужа, Асҳоб каҳф мусулмонлари орасида Хитойга қаршилик ишлари ортиқча қизғинлашмоқда эди. Жонгжунг ҳукуматининг идора ишлари эса хон даври қолдиқлари бўлиб, эски чиркин асосга қурилганликдан хитой ҳукумат арбоблари ҳар ёқлама замонавий талабларга ожизликларини ўз душманларига сездирмиш эдилар. Сиёсий кўрлик натижасидурким, совет консулининг маслаҳати билан японлардан Манжурия орқалик қочиб ўтган йигирма-ўттиз минг хитой аскарлари билан Шин(г) дубан(Ҳоким, волий (хитойча).) деган генерални келтириб, жонгжунг ҳукумати ўз аскарларига бош қўмондон қилди. Бундан.совет ҳукумати икки мақсадни ўз олдига қўйди: Биринчи - бу аскарлар билан ерлик қўзғолончиларни бостириш, уларнинг ўз ҳукуматларига эришишликларига йўл қўймаслик. Иккинчи - ерлик қўзғолончиларни бостиргандан сўнгра жонгжунг ҳукуматини ҳам йўқ қилиш. Шарқий Туркистон эса ҳақиқатда Хитойнинг мустамлакаси бўлиб, бу мазлум халқларнинг тақдири учун чор Русияси қандай сиёсат тутган бўлса, совет Русияси ҳам шундай сиёсат тутди. Уларнинг ўз ҳаққоний ҳуқуқлари учун қилган курашларига ёрдам бериш у ёқда турсин, аксинча, уларни бостиришда Хитой ҳукуматига ёрдам бериб келди. Жонгжунг ҳукуматига Шинг дубаннинг бош қўмондон бўлиб келиши Масковнинг плани билан бўлгани учун шу кундан бошлабоқ жонгжунг хукумати ўлим тахтасига-тортилиб кўмилишга тайёрланмиш эди. Шинг дубан Урумчига келиб, ўзига тегишли ишларни қўлга олгач, 1932 йили совет ҳукумати йигирма мингдан ортиқ хитой хунгхуз(“Қизил соқол” демакдир (хитойча), асл маъноси қароқчи, қуролли бандит.)ни ўтказиб, Шинг дубан қарамоғига топширди. Бу маккор хитой Урумчи совет консулхонасидан илҳомланиб, бир ёкдан қўзғолончиларга қарши ҳаракат кўрсатган бўлса ҳам, асосий топшириқ жонгжунг хукуматини туб-томири билан ағдариб ташлаш, ўрнига Хитой раҳбарлигида яширин Қизил Уйғуристон қурмоқчи эди. Шунга кўра икки томонлама иш кўрсатиб, ҳукумат маркази атрофида яширин инқилобий сиёсат юргизган бўлса, казачий рислўар аралаш хитой қочоқларидан кучлик қўшин тузиб, сурбетларча кўзғолончиларга қарши юборди. Лекин булар бўлаётган шу ишнинг туб негизини халққа тушунтириш ўрнига, хитой аскарлари, айниқса, оқлардан тузилган ўрис аскарлари гуноҳсиз халқни қириб, уларга қаттиқ жабр-зулм кўрсатгали турди.
Алихонтўра Соғунийнинг "Туркистон қайғуси" китобидан |