Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Султон Кенесари қўзғолони ва қаршиликнинг давоми
PDF Босма E-mail

Ўрта Юз қозоқ-туркларининг тузуми ва ўз-ўзини бошқаришига рус ҳукумати 1822 йилда барҳам берди. Қўшинларини пайдар-пай Ўрта Юзга жўнатиб турган рус-лар бу ерларда қалъалар бунёд қилишга киришдилар.

Қалъа қуриш мақсадида 1835 йилда руслар қозоқларнинг 10000 верст2 ерини ўзиники қилиб олдилар. Султонлар ҳокимиятининг тугатилиши ва ерларни руслар томонидан зўрлаб тортиб олиниши халқнинг ғазабига сабаб бўлди. Ҳуқуқлари поймол қилинган одамларда фақат биргина йўл қолган эди: қуролланиб, русларга қарши курашиш. Бу курашнинг бошида Абилайхоннинг невараси Султон Кенесари Қосим турди. Кенесари отаси султон Қосимга (Абилайхоннинг ўғли) ўз уруғи яшаётган Кўкчатов ва унинг атрофини русларга бўшатиб бермасликни тавсия қилди. Султон Қосим бу фикрни қабул қилди, аммо ёши бир жойга бориб қолганлиги сабабли русларга қарши ҳаракатни бошқаришга қурби етмади. Шунинг учун бу вазифани султон Кенесари ўз зиммасига олди. Укалари Сарижон ва Эсенгелдилар билан бирга оммани қуроллантириб, 1837 йил ноябрида Оқтовдаги ўрус қалъаларига хужум уюштиришди. Бу пайтда Кичик Юзда Исатой бошчилигидаги исён ҳануз давом этмоқда эди. Фақат руслар Кичик Юзда воқеалар соҳибига айланган ва алоқа йўлларини кесиб ташлаганликлари учун икки қўзғолон раҳбарлари ўзаро мулоқот қила олмадилар. Кенесари ўз кучларини 1838 йил кеч баҳорида Оқмўладаги рус қалъаларига хужумга йўналтирди. Руслар эса мужоҳидларга қарши Сибирь казакларини хужумга ташладилар. Кенесари ҳаракатда давом этди ва 1840 йили Тошкент билан Ғарбий Сибирни боғловчи савдо йўлида ўз назоратини ўрнатди. Кенесарининг бу муваффақияти русларни жиддий ташвишга солиб қўйди. Руслар энди Оренбург ва Ғарбий Сибирь йўналишларида хужумга ўтдилар ва Кенесарини Сирдарё томонга сиқиб бордилар. Кенесари бир томондан руслар билан урушди, иккинчи томондан халқни бирлашиб, қаршилик кўрсатишга, уюшишга даъват этди. Зулм ва асорат занжиридан қутулиш учун ўзини хон қилиб сайлашга халқни ундарди(Середа. Бунт киргизского Султана Кенесари Касимова. «Вестник Европа», СПб, 1871, 657-6.). Оренбург бош волиси Обручев Петербургга: руслар даштдан қувилмоқда», - деб рапорт берди. Русия бош нозири Неселрода Кенесари билан музокаралар бошлаш ва оқ подшо билан кўришиш юзасидан келишиб олиш ҳақида буйруқ берди. Кенесари эса босиб олинган ўлкалардан руслар чиқиб кетмагунча ҳеч қандай музокараларга киришмаслигини билдирди. Русия ҳаракатдаги жанговар қисмларни кучайтиришга мажбур бўлди. Жанглар 1841 - 1843 йилларгача давом этди. Кенесари бир ёндан Бухоро билан иттифоқ бўлса, бошқа томонда Қўқон хонлиги билан уруш олиб борди. Шу боис ҳам Бухоро амири Кенесарини салоҳият соҳиби, хон сифатида тан олган эди. 1842 йили Русия ташқи ишлар нозири Горчаков Кенесарига қарши қўйилган Перовскийнинг жазо отрядини кучайтириш тарафдори бўлди. Оқ подшо Николай 1 ҳам янги тайинланган Оренбург волиси Обручовга қўзғолонни ҳар қандай йўл билан бўлса хам бостириш кераклигини амр этди. 1843 йил 5 июнда Орскдан қўзғалган Лебедев кўмондонлигидаги ҳарбий қисм билан Тоболскдан чиққан Бисянов қисмлари Кенесарига қарши юриш бошладилар. 1844 йилгача рақиблари Кенесарига жиддий зарар етказа олмадилар. Лебедев муваффақиятсизликка учраб, чекинишга тўғри келди. Русияга содиқ султонлар билан ҳамкорликда 1800 аскар ва тўртта тўпга эга бўлган Дуниковский бошчилигидаги бошқа бир ҳарбий қисм Кенесарига қарши хужумга киришди. Руслар ўзлари билан бирга бўлган қозоқ-турк жангчиларини ўз султонлари бошчилигида Кенесарига қарши қароқчиларча хужумга йўлладилар. Даштнинг афсонавий қаҳрамони Кенесари 1844 йилнинг 20-21 июлида бу қароқчи бирликларга хужум қилиб, уларга қақшатқич зарба берди. Уларнинг атиги 20 тасигина жонини асраб қололди. Мужоҳидлар бутун куч-ғайратини сарфлаб, жангларни кучайтирдилар.
1844 йил 12 июнда руслар билан Кенесарининг кучлари Бойқадам ботир бошчилигида бўлган жангда мағлубиятга учради. 13 июнда шахсан Кенесари русларга қарши ҳужум уюштириб, Тобол дарёсидаги Уст-Уй қалъасини қўлга киритди. 14 августда эса Адирли (Екатерина)даги қалъага 5000 аскар билан хужум қилиб, зафарга эришди(Середа. Бунт киргизского Султана Кенесари Касимова. «Вестник Европа» СПб, 1871, 657-6.). Бу ғалабалар натижасида Кенесарининг шуҳрати янада ошиб кетди. Энди Хива хони ҳам уни қонуний хон деб таний бошлади. Тошкент атрофидаги қозоқлар унинг ҳокимиятини тан олганликларини билдириб, элчи юбордилар. Русия бу ерда мушкул бир аҳволга тушиб қолган эди. Рус хукумати Кенесари билан битим тузиш ҳақида яна қарор қабул қилди. 1854 йил январида Обручев Кенесари(Смирнов. Султан Кенесари и Садика, - Ташкент: 1889, 9-6.) билан музокара олиб бориш учун бир ҳайъат (бошлиқ Долгов, бош штаб зобити Герн ва Майдел) ташкил қилди. Ҳайъат Кенесарини 1842 йил май ойида асир олинган хотини Қулумжонни ва бошқа қариндошларини қайтаришни баҳона қилиб кўришишга ундади. 1845 йил майида Герн Кенесарининг хотинини топширди, аммо Кенесари ҳайъатни қабул қилмади. Ҳайъатнинг бошқа бир яширин вазифаси ҳам бор эди: доктор Майдел Дашт касалликларини ўрганиши ва даволаш воситаларини, Долгов ва Гернлар эса Иргиз ва Тўрғай дарёлари ҳавзасида истеҳком қуриш учун қулай жойларни белгилаши керак эди(Середа. Бунт киргизского Султана Кенесари Касимова. 676-6.). Кенесарига Обручевнинг мактуби топширилди. Мактубда «Қуръон асосларига таянган ҳолда Русиянинг ҳокимиятини таниш» талаб қилинарди. Кенесари шундай жавоб берди: «Бизнинг хукмдорингизга ва хукуматингизга тобе бўлишимизни истайсиз. Бир Аллоҳга ишонишимизни, фақат динимиз фарқ қилишини ёзибсиз. Шуни билингки, бу фикрларингиз бизнинг тушунчамизга мос эмас. Сизга тобе бўлсам, Аллоҳнинг иродасига қарши турган бўламан. Унинг ғазабидан  қўрқаман, мусулмон ҳукмдорлари қаршисида мулзам бўламан». Кенесари ушбу мактубда русларнинг тутуми (ўзини тутиши) ҳақида сўз очиб, шундай баён қилади: «Усталик билан оқ подшо менинг бувамга ўз ерининг ҳокими бўлиб қолишига сўз берди... Ҳозирги ҳукмдорлар (рус ҳукмдорлари - муаллиф) ота-боболаримизнинг ери бўлмиш - Есилнура, Актау, Ургат, Қорқарали, ҚоринлиқЯрқайин, Убоғон, Тобол, Қушмурун, Ҳайан ва Турсакни қалъалар қуриш учун забт этдилар. Қандай қилиб эски хукмдорлар (рус ҳукмдорлари - муаллиф) ерни ўлчаш учун бирон-бир ўлчов топишмабди? Наҳотки, қалъа иншооти қуриш учун ўрмон, жабр қилиш учун қувват топиша олмапти. Йўқ, аксинча, улар буларнинг ҳаммасига эга... Кучли хукмдорлар ҳимоясида ҳозирги ҳарбийлар ерларимизни босиб олмоқда. Қалъалар қуриб, халқнинг ҳаловатини бузмоқда. Бу иншоотлар келажак учун эмас, кўз ўнгимиздаги ҳаёт учун қурилмоқда. Ҳеч бир инсон бу дунёда абадий эмас. Фақат бу ҳақсизликлар шаън ва шарафни ҳимоя қилиш ҳиссини уйғотади»(Середа. Бунт киргизского Султана Кенесари Касимова. 684 -685 6.: Асфендияров, История... 140-6.).
Бу мактубдан сўнг руслар Кенесарига қарши ҳарбий тадбирларни кескинлаштиришга қарор қилди. Рус ҳарбий қисмлари Сибирь ва Оренбург истеҳкомларидан бир пайтда хужумга ўтдилар. Кенесарини таъқиб қилиб, даштда қалъалар бунёд қилишди(Макшеев. Исторический обзор, 125-6.). Улар Қоратоғ атрофини қўлга киритдилар. Кенесари Кўккўл томон чекинди ва 1845 йил охиригача аввал қўлга киритган ерларидан улоқтириб ташланди. 1846 йили руслар Кенесарини Олатов истеҳкомига қисиб қўйди ва Урал, Иргиз, Қорабутоқ дарёлари теварагида қалъалар иншо қилишди. Олатовда Кенесари билан қирғизлар ўртасида ихтилофлар чиқди. Қирғиз манаплари Кенесарини ўз ҳимоясига олишдан чўчидилар. Қирғиз манапларининг Жонтой ва Ўрмон бошчилигидаги кучлари билан Кенесари кучлари ўртасида жанглар бўлиб ўтди. Кенесари ва биродари Наврўзбой 1846 йили Чу дарёсининг юқори оқимида 3000 аскари билан асир олиниб, ваҳшийларча ўлдирилдилар(История Киргизии, I, ЗОЗ-б. Середага кўра (Бунт... 688-6) Қирғизларнинг дулат аймоғи хиёнат қилиб, бошини Ғарбий Сибирь бош волиларига ҳадя сифатида юборилган. Бенцингга биноан (98-6) Манап Хўжабек Тоштанбек ўғли томонидан ўлдирилган. У 98-бетда яна ёзади: «Бу ерда яна аниқ бир натижа гувоҳи бўламизки, Кенесари ўз биродари ва отаси каби русларга қарши курашда шаҳид бўлмади».). Русиянинг ашаддий душмани, турк даштида мустақиллик кураши рамзи Кенесари душманлари қўлида эмас, балки ўз қардошлари ва ирқдошлари қўлида вафот этди.
Унинг кураши русларга зўр сабоқ бўлди. Рус тарихчилари: «Бу мислсиз шахснинг ҳаёти шундай тугади. Ҳаёти ва фаолияти билан Ўрта Осиёда олиб борилиши лозим бўлган сиёсат йўлланмаси чизгиларидан Оренбург раҳбариятига дарс берди. Бу дарс хонлар мустақиллигини йўқ қилиш муҳимлигини белгилаб берди», - деб ёздилар. Унинг замондоши шоир Нишонбой ўз асарларида Кенесарининг ўлими Осиё дарвозалари калитларини Русия қўлига ўтишига имкон берганлигини қайғули бир тарзда марсия тарзида баён этди(Середа. Бунт... 690-6.). Замонамиз тарихчилари Кенесари қўзғолонини ўрганиб, бу ҳаракат мустамлакачиликка қарши «миллий озодлик ҳаракати» эканлигини таъкидлаб ўтдилар(Вяткин. Очерки истории Казакской ССР., Москва, 1941, 286-6.).
Кенесарини кейинчалик СССР тарихи билимдонлари турли туҳматлар қилиб, шаънини ерга уришга ҳаракат қилдилар. 1950 йил декабригача Кенесари «қаҳрамон, мустақиллик мужоҳиди» сифатида улуғланган бўлса, 1950 йил 26 декабридан бошлаб, «Правда»да босилган бир мақоладан кейин «тескаричи», халқларни ажратувчи ва миллатнинг зараркунандаси» сифатида баҳоланди(Hayit, Turkestan im XX Jahrh. 361-62-6.). Профессор Бекмахон 1949 йили нашр этилган «XIX асрнинг 20 - 40 йилларида Қозоғистон» китоби Кенесарининг озодлик учун курашдаги қаҳрамонликларига баҳо берган. Советларнинг расмий тарих нашрлари «Қозоғистоннинг Русияга ихтиёрий қўшилганлиги» ҳақидаги янги фикрни халққа намойиш қилиш учун бу китобни тақиқлаб қўйдилар. Шу сабабли Султон Кенесари Қосим бошчилигидаги мустақиллик ҳаракатларига кейинчилик нотўғри баҳо берилди(Бекмаханов китобининг танқиди борасидаги ва Кенесари маҳкум қилинганлиги ҳақидаги тушунчалар учун қаранг: Бекмаханов Ергали. Справедливая критика при знание своих ошибок касаюгциеся книги Казахстан в 20-40 годм XIX века, серия историческая, No4, 1948; Обсуждение монографии Е. Бекмаханова, «Вестник АН Каз. ССР» (1948, No 3, 35-38-6.). Бекмаханов асарининг танқиди: К. Шарипова, По марксистки освешать история Казахстана, «Вестник АН Каз. ССР» 1949, No8, 13-22-6.; Шоинбаев Т. Против национали-стических изврагцений в совегцение реакционного феодально-монархического движения Кенесари Касимова, Алма-Ата, 19516 215-6. Бундан ташқари Бекмаханов шахсан ўзи шундай ёзган эди: «Кенесари қозоқ халқини бўғганлардан биридир», Казахстанская правда» 24.4.1951, 2-6., История Казахской ССР. 1, 320-6.: «Кенесари Қозоғистонни Русиядан ажратиб, Ўрта Осиёда феодал давлат қозоқхонлиги тузиш учун курашди. Фақат тарих ғилдирагини орқага юритиш учун қилинган бу реакцион харакат ҳеч қандай натижа бермади, чунки Кенесари хонлик ярата олмади.).
Кенесарининг ҳаракати, унинг ўғли Султон Содиқ томонидан Қўқон хонлиги мунтазам қўшини доирасида давом этди. Кенесари қатл қилингач, Чу дарёси атрофида яшаган унинг уруғига мансуб 20000га яқин юрт (ўтов) Туркистон ва Қоратов шаҳарлари томон кўчиб кетди, яъни Қўқон хонлигидагиларга ватандош бўлди. Султон Содиқ Қўқон қўшинига «понсод» унвонида олинди ва русларга қарши курашди. Туркистон, Чимкент, Жиззах ва Узунғоч шаҳарлари ҳимоячиларининг олдинги сафида бўлди. Бу шаҳарлар таслим бўлгач, Бухоро амирлигида русларга қарши курашни давом эттирди. Эржар жангида ҳам иштирок этди. Амир Русиядан омонлик сўраганидан сўнг Абдулмалик (Бухоро шаҳзодаси), Бобобек ва Жўрабек каби русларга қарши курашни давом эттирувчилар сафига қўшилди. У Нуротани ишғол қилиб, бу ердан туриб русларга ва амирга қарши курашди. Натижаси яхши тугамаган бир жангдан сўнг Урганчга кетди ва 1869 йил 10 январда шаҳарга етиб келди. 1870 йили руслар Хива хонлигига қарши юриши вақтида у 1200 аскари билан Қизилқум (чўл), Одам қирилган, Олтиқудуқ, сўнг эса Учўчоқда руслар билан жанг қилди. 1893 йил 10 майида русларга қарши жангда мағлубиятга учради. Султон Содиқ Хивага қайтиб борганида у ерда руслар билан хоннинг сулҳ тузиши уни ғазаблантириб юборди. Кейин Марвга бориб, у ерда етти ой яшаб, сўнг Ҳиротга кетди. Ҳиротдан Қошғарга ўтиб, у ердаги ўртоғи Яқуббекнинг саркардалари сафига қўшилди. Яқуббекнинг ўлимидан сўнг ҳам хитойларга қарши курашни давом эттирди. Оғир ярадор ҳолида Ўшга келган Содиқ Тошкентга чақирилди. Биродарининг илтимоси билан фон Кауфман уни афв этди. Биродари 1865 йилда Султон Содиқ қўшинини тарк этиб, Русия хизматига кирган эди. Султон Содиқ умрининг охиригача Чимкентда яшади(Султон Содиқ исёни тафсилоти учун қаранг: Смирнов, Султони Кенесари и Садика, 28-128-6., Barthold, II, 2, 406-6. Султон Содиқни Сиддиқ Тўра ҳам дейишади. История Казахской ССР, 1, 352-6., Султон Содиқни «Қозоқ халқининг юзи» сифатида ҳам баҳолашди.).
Кенесарининг дўстларидан бири Шекти (баъзи манбаларда Чиқти) уруғидан Иззат Катибар эди. Шекти уруғи Эмба дарёси юқори оқимида яшаб, 13 минг оиладан иборат эди. Уларни руслар ўз ерларидан суриб чиқаргач, Хива хонлиги чегараларига, Сирдарёнинг қуйи оқими ва Устюртга кўчиб бордилар. Иззат ва унинг уруғи 1846 йилга қадар Кенесари билан бирга русларга қарши кураш олиб бордилар. Бундан сўнг Иззат то 1852 йилгача руслар билан иноқликда яшади. 1852 йилда бу уруғ билан руслар орасида янгидан уруш бошланди. Руслар Иззат уруғига қарши Кичик Юзнинг ўрта қисми вакил султони Арстон Жонтўрани юборди. 1855 йил 8 июлда Арстон Жонтўра бирликлари мағлубиятга учрагач, Иззатга қарши полковник Кузминский қўмондонлигидаги қисм юборилди. Кузминский 1856 йилгача бирон-бир муваффақиятли жанг қила олмади. Унинг қисми, асосан, кўчманчиларнинг ўтовларини ёндириш ва 42 минг бош молни мусодара қилишга эришди. 1856 - 1858 йилларда Плотников, Михайлов ва Деришев қўл остидаги рус қисмлари урушга қўшилдилар. Иззат ва унингуруғи 1858 йилга келиб сулҳсўрашга мажбур бўлди. Шу билан Иззат Катибар бошчилигидаги исён ҳам ниҳоясига етди. Қизиғи шуки, 1845 йилда Русияга итоат қилгани учун Иззат Катибарга олтин медаль берилган эди. Аммо русларнинг истилочилик, босқинчилик хатти-ҳаракатлари (1847 йилда ўруслар бу уруғнинг 3500, 1853 йилда эса 8285 туясини тортиб олишди) Иззатнинг русларга қарши қуролли қўзғолонини янада юқори босқичга кўтарди(Вяткин. Очерки истории, 307 - 310; (1865, 370 - 384 хулосада батафсил маълумот бор), История Казахской ССР, 345 - 347 б.).
Шекти катта уруғининг кичик бир тармоғи бошчиси Жонхўжанинг қуролли исёни ҳам Иззат қўзғолони каби бир ҳаракат эди. Улар Сирдарёнинг қуйи оқимида яшарди. Аввал Жонхўжа Хива хонлигига, кейинроқ Қўқон хонлигига қарши курашди. Руслар Оқмачитни ишғол қилган вақтда ҳам улар итоаткорона жим турдилар. Оренбург бош волиси Перовский Жонхўжадан Русия садоқати хусусида қасамёд қилишни талаб қилганида, у бу ишдан бош тортди. Чунки у ўз уруғи билан бирга мутлақо эркинликни истарди. Шунинг учун ҳам улар 1853 йилда Қорақумга кўчиб кетишди. Руслар уларни таъқиб қилиб боришди, натижада тўқнашувдан қочишнинг иложи қолмади. 1856 йили Жонхўжа Сирдарё бўйларидаги рус қалъаларига ҳужум уюштирди. Ариқ-балиқдаги уруш майдонида Жонхўжа кучлари мағлубиятга учради. Руслар Жонхўжага қарши султон Илекени жўнатдилар. Жонхўжа тарафдорлари бутунлай қириб ташланди. Жонхўжа русларнинг қўлига тириклай тушишни хох«ламади. У жанг сўнгида чодири олдидаги бир тошга ўтириб, ўзини отди. Шу тарзда бу қўзғолон ҳам бостирилди(Вяткин. Очерки истории, 302 - 307 б.: Н. Веселовский. Киргизский рассказ (мулла Ҳалилбек Мамбетнинг «Рус лашкарларининг Туркистонда 1269 - 1272 [ҳижрий] йилларда қилган футуҳотлари» мавзусидаги қўлёзмасини тадқиқ қилган). Бу асарда Жонхўжа бошчилигидаги исён ҳам баён қилинган. Мусабой Жиров 1893 йили «Жонхўжа ботир» деган шеър ёзган, бу шеърнинг русча таржимаси Веселовский асарининг 72 - 82 саҳифаларида, қозоқча-туркий матни эса 113 - 115 бетларда.).
XIX асрнинг 60 - 70 йилларидаги озодликҳаракатини руслар томонидан бостирилиши осон кўчди. Бу даврдаги энг машхур қўзғолонлардан бири 1869 йилги Урал-Тўрғай ўлкасидаги қўзғолон эди. 6 майда Чамансойда 20 000 га яқин маҳаллий киши рус қилди қалъасига бостириб кирди. Қўзғолонга Хонгали Арслон раҳнамолик қилди Қўзғолоннинг масъулияти қозоқ-туркларнинг олчин уруғи зиммасига тушди. Хонгали қўзғолончилар тарафидан «амир» қилиб сайланди. «Амир» уруғнинг эркинлиги тимсоли эди. Ёрдам сўраб 1869 йил бошларида Хонгали бошчилигидаги бир ҳайъат Хивага юборилди. Хива хонлиги ёрдам беришга тайёр эди. Март ойида Хива хони Эмба дарёсидаги рус қалъасига қарши ҳарбий қисм жўнатди. Бироқ Туркистон бош волиси фон Кауфман Хива қисмларининг рус қалъасига хужуми Русия билан Хива орасида уруш ҳолатини билдиради, деган таҳдиди бу қисмни орқага қайтаришга мажбур қилди. 1869 йил июнь, июль ойларида руслар кўзғолончиларга қарши 10000 аскар юборди ва исён бостирилди. Тирик қолганлар Хивага қочди. Хива хони Хонгали Арслонга қочоқларни бошқариш ҳуқуқини берди.
1870 йил 15 мартда Манғишлоқда исён бошланди. Сабаби рус хукумати вакили подполковник (ярбой) Рукин солиқларни оширишни режалаштирди. Гап шундаки, Эмба дарёсидаги ёзги ўтлоқларга солиқ тўлаганлигини кўрсатувчи белгиси борлар кўчиб кетиши мумкин, деган кўрсатма берилди. Халқ бундай «янгилик»ни қабул қилмади. Рукин қўл остидаги қалъа босиб олинди. Рукин ўзини ўлдирди. Қўзғолон Петербургдагиларни ташвишга солиб қўйди. Чунки Хивани босиб олиш учун қизғин тайёргарлик кетаётганди. Шунинг учун қўзғолонни фақат Кавказ қисмлари қандай йўл билан бўлса ҳам бостиришлари керак эди. Мужоҳидларнинг миқдори апрель ойида тахминан 10000 кишига етди. Кавказ қисмлари (бир батальон, 8 отряд, тўплар, 2 та казак юзлиги) Манғишлоқ ярим оролига - қуруқликка чиққач, ўт очдилар. Қўзғолон раҳбарларидан Иса Тиленбай Хивага қочди. Дўсан Тожи эса асир тушди(История Казахской ССР, I, 396 - 400; Barthold, II, 2; 412 б. Хива хони қўзғолонларга кўмак бериш учун 1870 йил ёзида Маҳмуд Ниёз ва Эрназар саркардалигида ҳарбий қисм жўнатди.).
Фарғона ўлкаси 1873 йилдан бошлаб русларга қарши ҳаракатнинг муҳим марказига айланди. Абдураҳмон Офтобачи бошчилигидаги 1876 йилги қўзғолон бостирилиб, Қўқон хонлиги Фарғона ўлкаси доирасидагина қолган бўлса ҳам халқ рус ҳокимиятини қаршилик кўрсатмасдан қабул қилишни истамади. Қўқон хонлигининг тикланиши учун 1885 йилга қадар 50га яқин хонликка даъвогар номзодлар майдонга чиқди. Бу даъвогарларнинг русларга аён бўлган қисми кетма-кет қатл қилинди. Кейинги вақтда, яъни 1885 йил феврали да Ўш теварагида, Андижон ва Марғилонда Дарвешхон Тўра бошчилигида халқ қўзғалди. Брянцев қўмондонлигидаги рус жазо отрядлари бу қўзғолонни қонга ботирди(Ўзбекистон ССР тарихи, I, 2,105-6.). Кўзғолон қатнашчилари ваҳшийларча жазоланди. Мақсад Фарғона аҳолисига даҳшатли сабоқ бериш эди. Аммо руслар қай даражада ваҳшийлик қилсалар, оддий халқнинг шу даражада ғазаби қайнади. Руслар халқнинг ҳамма қисмини бир хилда тинчлантира олмади. Баъзи ерларда 1889 йилгача ғалаёнлар давом этди.

Др. Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер