Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Сабаийлар ва Ҳимярийлар давлати
PDF Босма E-mail

Қуръони карим оятларида келтирилган бир неча тарихий қиссалар, жумладан, Сабо маликаси, «Ираму зотил имод», «Асҳоб ул-Ухдуд», «Туббаъ қавми» ёки «Сайл ул-Арим», «Асҳоб ул-жанна» ва ҳатто «Асҳоб ул-Фил» воқеалари ҳам Шимолий ва Жанубий Яман ҳудудида ташкил топган ва узоқ муддат ўз мавқеъини сақлаб қолган Сабаийлар давлати ва Ҳимярийлар давлати тарихи билан чамбарчас боғлиқдир.

Шу сабабли, мазкур қиссалар хусусида гапиришдан аввал у давлатлар ҳақида бироз тушунча бериб ўтиш лозимдир. Доктор Саййид Абдулазиз Солим «Тарих ул-араб қаблал-ислом» китобида ёзишича, Арабистон ярим оролининг шимолий қисмида яшайдиган кўчманчи бадавий араблар Оссурийларнинг тазйиқидан қочиб, жанубдаги бадавийларга қўшилиб Яман шаҳарларига, жумладан Маъинга йиғилдилар ва аста-секин ўз ҳудудларини қўшни мам-лакатлар томонга кенгайтириб,қудратларини оширдилар. Яман Ҳиндистон, Ҳабашистон, Миср ва Шом давлатлари орасидаги ягона тижорат йўли устида жойлашгани учун, маинликлар тижорат карвонларини манзилларга бехатар етказиб берувчи воситачи сифатида ном қозондилар.
Профессор Аҳаджон Ҳасанов шундай ёзади: «Маинликлар қуруқликдаги савдо йўллари, табиий жиҳатдан яхши ҳимоя қилинган жойларни колонизация қилдилар. Арабистон ярим оролидаги Дедан, Ясриб, Ғазза ва ярим оролдан ташқарида эса, Миср ва Месопотамиядаги маъин уюшмалари бунга мисолдир. Бундай фаолиятни бошқариш учун Маъин давлатида кучли савдо ташкилоти тузилганди».
Муаллиф сўзида давом этиб шундай ёзади: «Милоддан аввалги IX аср ўрталарида Маъинга қўшни бўлиб, Сабо Қатабон ва Авсон давлатлари пайдо бўлди... Пировард натижада Сабо ва Қатабон ўзаро иттифоқ тузиб, Маъин давлатини қулатди». Орадан бироз вақт ўтгандан кейин Сабо давлати Қатабонни ҳам ўзига бўйсунишга мажбур этди. Сабо давлати олтин, кумуш ва қимматли тошларга бой мамлакат бўлгани учун у кундан-кун тараққий эта бошлади. «Сабо подшоҳлари милоддан аввалги 800-йилдан 650-йилгача «муқориб», милоддан аввалги 115-йилгача эса «малики Сабо» деб аталди». Сабо давлати шу ном билан қачон атала бошлангани бироз ихтилофли, баҳсталабдир. Чунки, «Таврот ва Қуръони карим да Сулаймон пайғамбар ва Сабо маликаси Билқис ҳақидахабар берилган. Сулаймон пайғамбар милоддан олдин 950-йилда тахтга ўтирган. У билан ҳамаср яшаб, ҳатто мулоқотда бўлган Билқис бинти Шураҳбил ўша даврда жуда кучли ва мустақил Сабо давлатининг маликаси эди». Демак, айтиш мумкинки, Сабо давлати милоддан аввалги ХI-Х асрларда ташкил топган.
Сабо шаҳри асосчисининг исми Абду Шамс ибн Яшжаб ибн Яъраб ибн Қаҳтон эди. Бобил, Армения, Миср ва Мағриб давлатларига юриш қилиб, кўп асирлар келтиргани учун унга «Сабо»(кўп асир эгаси) деб лақаб тарихчи олимларнинг берилган маълумотларига кўра, Абду Шамс Сабо шаҳрини ва Маъриб тўғонини қурган.
Сабо давлати аста-секин кучсизлашиб, унинг ўрнини ҳимярийлар давлати эгаллади. Ҳимярийлар давлати икки даврни бошидан кечирди. Милоддан аввалги 115-йилдан милодий 300-йилгача биринчи давр бўлди. Бу даврда ҳимярий подшоҳлари Сабо малики ва Зу Райдон деб аталган. Улардан бири Лияшраҳ ибн Яҳзоб Санъода гранит ва мармардан йигирма қаватли катта қаср қурдирган.
Иккинчи ҳимярийлар давлати даври милодий 300-йилдан 525-йилгача давом этган. Бу даврда давлат бениҳоя ривожланиб ва ҳудуди кенгайиб, подшоҳ император мақомига етиб қолган. Улар «табобиъа» деб номланишган. Иккинчи ҳимярийлар даври насроний ва яҳудий динларининг Яман шаҳарларига кириб келиши ва у ердаги қуёшпарастлар ва юлдузпарастлар эътиқодини йўқотишга қаттиқ киришганлиги билан ажралиб туради. Шимолий Арабистонда аввалдан ўрнашиб олган яҳудийларни ҳимярий подшоҳлар ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий душманлари бўлган насронийларга қарши курашишга мажбур этишарди. Ҳимярий подшоҳларнинг энг охиргиси саналган Зу Навос яҳудий динини давлат дини деб қабул қилди ва Нажронда насронийларга қаттиқ тазйиқ ўтказди.
Аллоҳ таоло Куръони карим оятларида турли сабаблар билан Яман халқи бошига тушган ҳалокат ва фалокатларни «Ираму зотил имод», «Асҳоб ул-Ухдуд», «Туббаъ қавми» ёки «Сайл ул-Арим», «Асҳоб ул-жанна» ва ҳатто «Асҳоб ул-Фил» қиссалари орқали хабар беради.

Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг
"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан

 
Баннер