Қадимги маълумотларга кўра, Қуддус дастлаб Салем номли кичик қишлоқ бўлиб, унда фаластинликларнинг аждодлари бўлган ханаанлар яшаган. Ханааннинг буюк ҳукмдори бу қишлоқни шаҳарга айлантирди ва уни Қуддус деб атади. У ерда ибодатхона ҳам қурдирди. Бу ҳақда 1-аср тарихчиси Иосиф Флавийнинг "Яҳудийлар уруши" китобида айтилган: «Қуддус шаҳрини қурган одам ханаанлар орасида кучли одам эди. Уларнинг тилида уни Мелхиседек, яъни солиҳ подшоҳ деб аташган, чунки у шундай эди. У биринчи руҳоний бўлган ва у ерда биринчи ибодатхона қурган ва бундан олдин Салем деб аталган шаҳарни Қуддус деб атаган».
Библияга кўра, Мелхиседек милоддан аввалги 1800 йилларда яшаган пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломнинг замондоши бўлган, шунинг учун Қуддус, маъбад билан бирга, ханаанлар шаҳри сифатида тахминан 3800 йил олдин ханаан шоҳи томонидан қурилган деб ҳисобланади. Милоддан аввалги 1600 йилдан 1300 йилгача шаҳар Миср ҳукмронлиги остида эди, лекин фиръавнларга солиқ тўлайдиган ханаан ҳукмдорлари қўлида қолди. Бу даврда шаҳарга тез-тез хапиру ёки хабиру деб номланувчи халқ ҳужум қилган. Улар, эҳтимол, Библияда замонавий яҳудийларнинг аждодлари сифатида тасвирланган қадимги яҳудийлар эди. 1897 йилда Амарна архиви (Тел ел-Амарна архиви) деб номланувчи қадимги Миср ёзувлари топилди. Улар орасида милодда аввалги 14-аср фиръавни билан Урасалимнинг (Қуддус) ханаанлик ҳукмдори Абди-Хеба ўртасида ёзишмалар топилган, бунда Абди-Хеба Мисрлик ҳукмдоридан хабиру босқинларидан ҳимоя қилишда ёрдам сўрайди. Мисрликлар ва ханаанлар ахлоқий бузилиш, сеҳр ва бутпарастлик туфайли жуда заифлашганди. Хабиру Шимолий Ханаан ёки Фаластинда қарор топишга муваффақ бўлди. Ўша пайтда Мисрда қул бўлиб яшаган яҳудийлар орасида пайғамбар Мусо алайҳиссалом пайдо бўлди. Мусо алайҳиссалом яҳудийларни Мисрдан олиб чиқди ва ундан кейин Ҳорун ва Иешуа уларни Шимолий Ханаанга олиб борди, у ерда улар бошқа яҳудийларга қўшилиб, бойликлари ва эркинликларини бўлишди. Кўп сонли келишмовчиликлар, бутпарастлик ва ахлоқсиз ишларга қарамай, Мусо алайҳиссаломнинг урф-одатлари барҳаёт бўлиб, улар орасида вақти-вақти билан пайғамбарлар пайдо бўлган. Бундай кишилар орасида подшоҳ Довуд алайҳиссалом ва унинг машҳур ўғли Сулаймон алайҳиссалом ҳам бор эди. Айнан шоҳ Довуд ҳукмронлиги даврида яҳудийлар бутун Ханаан юртида кучли шоҳлик ўрнатишга муваффақ бўлишди. Ва кейин (милоддан аввалги 1000-йилларда) Қуддус биринчи бор яҳудийлар шаҳрига айланди ва Довуд алайҳиссалом уни пойтахт деб эълон қилди. Кейинчалик, Сулаймон алайҳиссалом Мелхиседек томонидан қурилган ханаанликларнинг олдинги маъбадининг ўрнига яҳудийлар ибодатхонасини қурдирди. Сулаймон алайҳиссалом вафотидан кейин Қуддусда тахминан тўрт аср давомида яҳудийлар ҳукмронлиги давом этди ва бу даврда шаҳар вақти-вақти билан оссурияликлар, филистимлар, араблар, сурияликлар ва мисрликлар томонидан қамал қилиниб, босиб олинди. Исроил шоҳлигининг ўзи вассал давлатга айланди ва узоқ вақт давомида Оссурия, Миср ва Бобилга солиқ тўлади. Милоддан аввалги 587 йилда салтанат ҳукмдори Бобил ҳукмронлиги остида бўлган пайтда, яҳудийлар исён кўтардилар ва бобилликларнинг уларга қарши куч ишлатишдан бошқа иложи қолмади. Улар шоҳликни ва унинг пойтахти Қуддусни вайрон қилишди, Сулаймон маъбадини ёқиб юборишди ва яҳудийларнинг ўзларини қул қилишди. Қуръон каримда бу ҳақда шундай дейилган: «Китобда Бану Исроилга: «Ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта даражада баланд кетурсизлар», – деб билдирдик. Бас, ўша икки(бузғунчилик)дан биринчисининг ваъда вақти келганда, устингизга шиддатли куч-қудратга эга бандаларимизни юборамиз. Бас, ҳовли-жойлар оралаб изғийдилар. Бу ваъданинг ижроси эди» (Исро, 4-5). Тахминан эллик йил ўтгач, милоддан аввалги 538 йилда Форс императори Кир бобилликларни мағлуб этиб, Фаластин устидан назоратни қўлга киритди. У яҳудийларга яхши муносабатда бўлди ва уларга Фаластинга қайтиб, маъбадни қайта қуришга рухсат берди - улар милоддан аввалги 515 йилда маъбадни қайта қуришди. Ездра ва Неемия ҳукмронлиги даврида яҳудийлар ўзларининг диний ва сиёсий ҳаётини қайта қурдилар ва қайта ташкил қилдилар ва бир муддат гуллаб-яшнадилар, бобилликлар еса форсларнинг қуллигида еди. Қуръонда бу воқеалар ҳақида шундай дейилган: «Сўнгра сизга улар устидан ғалабани қайтардик ва сизга молу дунё ва фарзандлар ила мадад бердик. Ва ададингизни кўп қилиб қўйдик» (Исро, 6). Фаластин ва Қуддус форслардан Буюк Александрга ўтган ва милоддан аввалги 332 йилдан бошлаб юнон ҳукмронлиги остида бўлган. Юнон ҳукмронлиги даврининг охири милоддан аввалги 167 йилга тўғри келди. Улар маъбадга бутлар қўйишни бошлаганди. Умуман олганда маърифатли бўлган юнонларнинг бу ақлсиз ҳаракати яҳудийларнинг Маккавей қўзғолонини қўзғатди ва милоддан аввалги 164 йилда улар (яҳудийлар) ҳукумат жиловини ўз қўлларига олдилар. Шаҳарнинг яҳудийлар ҳукмронлиги даври тахминан юз йил давом этди, шундан сўнг римликлар келиб, ўз назоратини ўрнатдилар - аввалига бутпарастлар, кейинроқ насронийлар (Византия), иккинчи мусулмон халифаси Умар ибн ал-Хатаб шаҳарни фатҳ қилиб олгунига қадар. Маккавейлар даврида яҳудийлар жуда мағрур бўлишди. Бундан олдин уларда ўтмиш билан яшашга бўлган ҳалокатли мойиллик ҳам пайдо бўлган. Уларнинг Рим ҳукмронлигига муносабати кўр-кўрона ва мағрур бўйсуниш эди. Улар вазиятни олдиндан баҳоламасдан, ўзларидан сезиларли даражада устун бўлган римликлардан ҳокимиятни тортиб олмоқчи бўлган зедот ҳаракати каби ҳаракатларни келтириб чиқарди. Яҳудийлар ҳам инсонийликка, тинчликка, сабр-тоқатга, иймонга, муҳаббатга, ички покликка ўргатиш учун 30-йилларда Исо алайҳиссалом сиймосида ўз орасига зоҳир бўлган Аллоҳнинг элчисига нисбатан ўжарлик кўрсатдилар. Худо яна яҳудийларни жазолади - бу сафар римликлар қўли билан. Милодий 70 йилда Веспасианнинг ўғли император Тит ҳукмронлиги даврида римликлар Қуддусни эгаллаб олишди. Улар шаҳарни ва унинг маъбадини ер юзидан йўқ қилишди. Шафқатсиз қирғиндан кейин очарчилик юз берди, бу 200 дан 600 минггача аҳолининг ҳаётига зомин бўлди. Кейинчалик римликлар Қуддус ўрнида янги шаҳар - Элия Капитолина қурдилар. Ўлим хавфи остида яҳудийларнинг унга кириши тақиқланди. Қуръони карим яҳудийларнинг бу мағлубияти ва уларнинг пойтахти вайрон бўлиши ҳақида гапиради: «Агар яхшилик қилсангиз, ўзингиз учун яхшилик қиласиз. Агар ёмонлик қилсангиз ҳам, ўзингиз учундир. Бас, кейинги(бузғунчилик)нинг ваъда вақти келганда, юзингизни қора қилишлари учун, масжидга аввал кирганларидек киришлари учун ва эгаллаган нарсаларини тамоман парчалашлари учун (бандаларимизни юборурмиз)» (Исро, 7). Қадимги шаҳар ва унинг ибодатхонасидаги барча диний ўзгаришлар билан бир қаторда сиёсий раҳбариятда ҳам ўзгаришлар юз берди. Бир қатор - ҳақиқий ва хаёлий - диний туйғулар ва ғоялар шаҳар ва маъбадни қамраб олган. Юзага чиққан энг муҳим ғоялардан бири шу пайтгача фақат минтақавий аҳамиятга эга бўлган Қуддус ва унинг ибодатхонаси бир кун келиб бутун дунё учун муқаддас жойга айланиши ҳақидаги башорат эди. Бу башорат Библиянинг бир нечта китобларида: Ишаё, Михо, Еремиё ва бошқалар пайғамбарларнинг китобларида қайд этилган (масалан, Ишаё 56:7 ва 2:3).
Манба: justislam.co.uk Абу Муслим тайёрлади |