Сурияда христиан ва мусулмонлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар узоқ давом этди. 1277-1281 йилларда мусулмонлар ички низоларни бартараф этиш ва мўғулларга қарши курашиш билан банд бўлишди. Бу пайтда янги салиб юриштириши уюштирилса христианлар ютуққа эришиши мумкин эди, лекин Европа суриялик христианларга ёрдам бермади. Қуддус қироллиги бу вақтда тахт учун кураш майдонига айланганди. 1286 йили Гугонинг ўғли қирол Генрих II Акрадан сицилияликларни қувди ва икки қиролликни ўз қўл остида бирлаштирди. Сўнгги йилларда султон Қуловун мўғулларга қарши курашиш билан машғул бўлиб 1281 йилдан 1283 йилгача рицар орденлари билан бир қанча битимлар тузди ва ўн йилу ўн ойу ўн кунга тинчлик сулҳи имзолади.
Сулҳни ким биринчи бўлиб бузгани номаълум, лекин султон 1285 йили Маъраба қалъасига келди. Қалъани христианлар ташлаб кетишган бўлиб, христиан ва мусулмонлар қўли билан вайрон этилганди. Яна сулҳ тузилди, лекин султон Лаодекия ва Триполис қалъаларини забт этди. Папа Николай IV Муқаддас заминга келаётган хатардан қаттиқ ташвишга тушиб Сурияда христиан ҳукмронлиги тугаётганини сезди. У Акрага кичик флот жўнатди, лекин кемалар етарли жиҳозланмагани учун қисқа муддатдан сўнг уларнинг кўплари Италияга қайтиб келди. Янги салиб юришига чақириқ ҳам натижасиз бўлди. Триполис остонасида курашаётган генуяликлар савдо-сотиқ имтиёзлари олиб Миср билан дўстлик битими тузишди. Бир вақтнинг ўзида Рим курияси ва неаполлик Анжуй сулоласи душманлари бўлган Арагон қироллари оиласи вакили Альфонс III ва унинг акаси Яков Сицилийский султон Қуловун билан мудофаа иттифоқи тузишди. Бу вазиятда мусулмонлар Қуддус қироллигининг қолдиқларини йўқотиш учун ҳаракатларини тезлатдилар. 1289 йил султон Кипр ва Қуддус қироли Генрих II га икки йиллик тинчлик муддати берди. Лекин христианлар бу муддат тугашидан олдин ўзлари Сурия соҳилларидан кетиш йўлларини излай бошлашди. Кипр гарнизони жангчилари ёки папанинг ёлланма қўшини қўшни мусулмон манзилгоҳларга ҳужум қилиб тинчликка раҳна солишди. Бундан ғазабланган Қуловун христианларга қарши уруш эълон қилди. Акра ўша пайтда энг чироойли шаҳарлардан бири эди. Бу ердаги қизғин савдо дунё бойликларининг ярмини тўпларди. Қуловуннинг режаси Акра аҳолисини саросимага солиб қўйди. Бироқ патриарх Николай Иерусалимский нутқидан сўнг фуқаролар ва ёлланма қўшин охирги томчи қони қолгунча “Дарвозалари Муқаддас заминга элтувчи Аккон шаҳрини” ҳимоя қилишга ваъда берди. Улар Европадан ёрдам сўрашди. Рицар орденлари Ғарбдан мадад олишди: Кипр ва қўшни соҳилбўйи шаҳарларидан ҳарбий гуруҳлар келди. Ҳаммаси бўлиб 20 мингдан ортиқ жангчи тўпланди. Бу қўшин билан қалъани ҳимоя қилиш мумкин эди. Лекин қалъа ҳимоячилари тартиб-интизомга риоя қилишмасди. Қалъа ҳимоячиларининг ягона қўмондони йўқлиги ҳам улар орасида якдиллик бўлмаганининг асосий сабабларидан бири эди. Ёш қирол Генрих II қамалнинг бошидан охиригача Кипрда бўлди. Ҳимоянинг умумий режаси ишлаб чиқилди, лекин тамплиерлар, госпитальерлар, пизаликлар ва венецияликлар, Сурия ва Кипр, Англия ва Франциянинг рицарлари фақат ўзларига қулай бўлган ҳоллардагина ҳаракат қилишди. Ҳатто оддий аскарлар ҳам ўзбошимчалик қила бошлашди. Султон Қуловун уларга қарши зимдан тайёргарлик олиб борди. У фақиҳларни тўплаб христианлар сулҳни бузганликларини тушунтирди ва жанг қилиш мусулмонлар учун муқаддас бурч эканини маълум қилди. 1290 йил кузида султон йўлга тушди, лекин йўлда касалланиб 1290 йил 19 ноябр куни вафот этди. Бироқ султоннинг ўлими христианларга ҳеч қандай фойда келтирмади. Қуловуннинг ўғли ва вориси Малик Ашраф отаси бошлаган ишни охирига етказишни хоҳларди. 1291 йил мартда мусулмон қўшинининг илғор бўлинмалари Акра остонасига етиб келди. Апрел бошида улкан қўшин билан султоннинг ўзи ҳам етиб келди. Қўшинда 92 та қамал машинаси бор эди. Жанг шаҳар дарвозалари рўпарасидаги очиқ майдонда кичик тўқнашувлар билан бошланди. Тамплиерлар вазиятни тўғри баҳолаб ўзларидан кучли бўлган султон қўшини билан сулҳ тузишга уринишди. Лекин музокаралар олиб боришнинг иложи бўлмади. 4 май куни қамал қилинган шаҳарга қирол Генрих II ва унча кўп бўлмаган кипрлик ёрдамчи кучлар келди. 5 майдан бошлаб мусулмонлар шаҳарни ўққа тутиб ёппасига ҳужум бошлашди. Жанг бир неча кун давом этди. Акранинг бой аҳолиси яқинлари билан қимматбаҳо мол-мулкларини олиб шаҳарни ташлаб Кипрга кета бошлади. 15 майдан 16 майга ўтар кечаси эса қирол Генрих II ўзининг қўшини ва унга қўшилган 3 минг кишилик қочоқлар билан Кипрга келди. Бу қочоқлик учун қирол муҳокама қилинди, лекин унинг касалмандлиги ҳисобга олиниб кечирилди. Гарнизонда қолганлар 12 мингдан 13 минггача кишини ташкил қиларди. 16 май куни мусулмонлар яна ҳужумга ўтишди. Қалъа деворининг бир қисми бузилди ва мусулмонларнинг ҳайқириғи эгалланган шаҳарнинг ярмида эшитила бошланди. Лекин христианлар бор кучларини тўплаб мусулмонларни шаҳардан чиқариб юборишди ва бузилган деворни тош ва бошқа тўсиқлар ёрдамида беркитишди. Шунга қарамай қалъани ҳимоя қилиш ўта мушкул эди. Салибчилар буни англаб 17 май куни Кипрга оммавий чекинишни маслаҳат қилишди. Лекин кемалар етишмагани учун охиригача кутишга қарор қилишди. Сўнгги жангдан олдин христианлар ибодат қилиб олишди. 18 май куни мусулмонлар ёппасига ҳужум бошлашди. Қалъа ҳимоячилари бир неча бор уларнинг ҳужумини қайтаришди, лекин босимни кўтара олишмади. Мусулмонлар шаҳарга киришди. Қурол кўтариб қаршилик қилганларни ўлдириб, аёл ва болаларни эса асирга олишди. Айрим кишиларгина кемаларга чиқиб қочишга улгуришди. Лекин денгизда тўфон кўтарилиб одамлар билан лиқ тўлган кемалар чўка бошлади. Бир неча минг христиан шаҳарнинг ғарбида денгиз бўйидаги жойлашган тамплиерларнинг кучли қалъасига яширинди. У ерда бир неча кун музокаралар ва жанглар давом этди. Қамалдагиларнинг айримларигина денгиз орқали қочишга эришишди, қолганлар эса жангни давом эттиришди. Мусулмонлар шаҳарни тўлиқ эгаллашди ва уни ёқиб ер билан текислаб ташлашди. Бу қалъанинг ҳалокатга учраши Сурияда христианлар ҳукмронлигининг якунланганини билдирарди. Акрадан жанубда яна бир нечта тамплиерларнинг қалъалари қолган бўлса-да, урушни давом эттириш фойдасиз эди. Мусулмонлар ғалабасидан хабардор бўлган христианлар у ерларни тарк эта бошлашди. Акра қулаган 18 майдан сўнг орадан бир неча ҳафта ўтгач, европаликлар Сурия соҳилларини бутунлай тарк этишди. Христианлар Акра қулашидан қаттиқ изтироб чекишди. Папа Николай IV янги салиб юришига тарғиб қилди, лекин у қўшин йиғишга муваффақ бўла олмади. Фақатгина 1301 йили бир неча бадавлат генуяликлар кичик флотни қуроллантиришди. Улар Муқаддас заминни эгаллашга сафарбар этилгандилар, бироқ юриш христиан манзилгоҳларини талаш ва яҳудийларни таъқиб қилишдан иборат бўлди.
Алишер Қодиров "Шарқнинг машҳур сулолалари" китоби
|