Элхонлар (Хулагулар) давлати. Ҳудуди – 3.75 млн кв км (1310 й). Пойтахти – Мароға, Табриз, Султония, кейинчалик яна Табриз. Давлат тузуми – монархия. Давлат тили – мўғул ва форс тиллари.
Давлат Мўғуллар империяси парчаланиши жараёнида вужудга келган ҳамда Эрон, Озарбайжонни, ҳозирги Афғонистон ва Туркманистон ҳудудининг катта қисмини, Кавказорти, Ироқи Ажам ва Кичик Осиё (Қизил ирмоқ дарёсигача)нинг салмоқли қисмини эгаллаган. Хулагуийларнинг вассаллари ва уларга ўлпон тўловчи давлат тузилмалари: Грузия, Трапезунд империяси, Кўня султонлиги, Киликия шоҳлиги, Кипр қироллиги, Ҳиротдаги куртлар давлати.
Эронда ҳукмронлик қилган элхонлар (1256-1335):
Хулагу (1217 – 8 феврал 1265 йил, Мароға, Эрон) – Чингизнинг невараси, Тулуйнинг ўғли, Мункэ ва Хубилайларнинг оға-иниси. Хулагулар давлати асосчиси. Мўғулларнинг Яқин Шарққа уюштирган юришини бошқарган. 1256 йили исмоилий-ҳашшошийлар давлатини, 1258 йили Аббосийлар давлатини тугатган. Хубилай 1261 йили Хулагуни босиб олинган юртлар ҳукмдори деб тан олган ва унга элхон унвонини берган. Берке билан уруш. 1262 йил Хулагуга қарши амакаваччаси Берке ҳаракат бошлади. Урушнинг сабаби Хулагу буйруғи билан Мустаъсимнинг қатл этилиши эди. Лекин ихтилоф тарихи узоқроққа борарди, Жўжи авлодлари Кавказорти ҳудудларига даъво қилишарди. Кавказорти 1250-йилларнинг ўрталаригача Чингиз ноиби Чормаганга тегишли эди, 1243 йилдан эса Кичик Осиё ва Жанубий Озарбайжонда ўз ҳокимиятини ўрнатмоқчи бўлган Ботуга қаршилик қилган Байжуга тегишли бўлди. Боту улуғ хон Мункэ буйруғига кўра Балакан, Тутар ва Кули бошлиқ уч туманни Хулагуга юборди. Кейинроқ бу қўшин Бағдодни олишда иштирок этди, Берке эса бу юришга қарши эди. Хулагу юришда ёрдам берган жўжийларга Жанубий Озарбайжон ва Кавказортини ўлжа сифатида беришдан бош тортгач, амакиваччалар орасида душманлик кучайди. Бунинг устига 1260 йил бошида Балакан қатл этилди, Тутар ва Кули кутилмаганда вафот этди. Беркеда уларни заҳарланганликлари ҳақида шубҳа бўлди. У ўз қўшинига Дашти Қипчоққа қайтишни, агар бунинг иложи бўлмаса мамлуклар бошқарувидаги Мисрга қайтишни буюрди. 1262 йил августда Дарбанд ва Ширвон орқали келаётган Нўғай бошлиқ 30 минглик отлиқ қўшинга қарши Аладагдан хулагулар қўшини йўлга тушди. Ширемун нўён бошлиқ илғор қўшин икки ойдан сўнг Шемахада Нўғай билан тўқнашиб мағлуб бўлди. Бироқ 14 ноябр куни жанг майдонига Атабай нўён бошлиқ куч келгач Шаберанда жўжийлар мағлуб бўлишди, Нўғай эса қочиб кетди. 8 декабр куни эрталаб хулагуийлар Дарбандга келишди, кун бўйи давом этган жангда ўрдаликлар мағлуб бўлишди ва қалъани ташлаб чекинишди. Ширемун ва Абатай Хулагунинг ўғли Абаға билан бирлашиб Терекдан ўтишди ва Нўғайнинг қароргоҳини ва таъминот заҳираларини эгаллашди. Берке қарши ҳужумга ўтди, 1263 йил 13 январда Терек дарёси бўйларида жанг бўлди. Хулагуийлар тор-мор бўлишди, аскарларнинг кўпчилиги музлаган дарёдан ўтаётиб чўкиб кетишди. Ҳар икки томон жуда катта йўқотишларга учради. Ибн Восилга кўра, Берке шундай деган: “Аллоҳ мўғуллар қўли билан мўғулларни ўлдирган Хулагуни жазоласин. Агар биз бирлашганимизда бутун дунёни олган бўлардик!” Берке қўшини Дарбандга келиб кўп ўтмай шимолга қайтиб кетди. Бу вақтда Хулагу пойтахти Табризга келиб урушни давом эттиришга тайёрлана бошлади. Бунга қўшимча Табризда савдо фаолияти билан шуғулланувчи ўрдалик савдогарлар – “ўртоқ”ларнинг барчасини қатл этишга ва мол-мулкларини мусодара қилишга буюрди. Бунга Берке давлатига қарашли ҳудудларда савдо қилувчи форс савдогарларини қатл қилиш билан жавоб қайтарди. Хулагу кўчманчи ҳаёт тарзини сақлаб қолса-да, қурилишлар билан шуғулланди. Оладоғда сарой, Хойяда буддистлар ибодатхонаси, Хабушонда жархона қурдирди. Бинолар орасидаги энг муҳим иншоот бу 1259 йили форс математиги ва астрономи Насириддин Тусий бошчилигида Мароғада қурилган расадхона (обсерватория) эди. Расадхона қошида катта кутубхона бўлиб, у ерда нафақат форс ва араб астрономлари, балки ҳинд ва хитойлик математиклар ҳам фаолият кўрсатишган. Хулагу ўз манфаатини кўзлаб саройида математик, химик, тиббиёт билимдонлари ва бошқа олимларга ғамхўрлик қилган. Шу билан бирга у барча элхонлар каби иримчи ва фолларга ишонувчи эди. Бунинг учун у аррофлар, фолбинлар, астрологлар, барча динларнинг арбобларига ва булардан ташқари жоду ишларидан хабардор кишиларга тез-тез мурожаат қилиб турган. Хулагу астрологлардан ташқари алкимёгарларни ҳам эъзозлаган, алкимёгарлар элхонни металл парчаларини олтинга айлантириб берувчи “фалсафа тоши”ни топиб беришларига ишонтириб тажрибалар учун хазинадан жуда катта маблағ олишга эришишди. Табиийки, улар олтин ясашнинг уддасидан чиқа олишмади.
Алишер Қодировнинг "Шарқнинг машҳур сулолалари" китобидан |