Саналар
02.02.2025
Баннер
Баннер
Қуддуслик қиролича Сибилла
PDF Босма E-mail

Қуддуслик Сибилла (Анжулик Сибилла, тахминан 1160-1190) — 1186 й.дан Қуддус қироличаси. Амори I нинг Агнес де Куртенайга биринчи турмушидан қизи, Балдуин IV ва Изабелланинг опаси. Гильом де Монферрат Узун Қиличга турмушга чиққан, ундан ўғил - бўлажак қирол Балдуин V кўрган. Гильомнинг вафотидан сўнг, Сибилла иккинчи марта - Ги де Лузиньянга турмушга чиқди - чунки у тахт вориси эди ва унинг позицияси муҳим никоҳ билан қўллаб-қувватланиши керак эди.

Сибилла Фулк Анжунинг ўғли Амори билан Агнес де Куртененинг қизи эди. Амори Қуддус қироллиги тахтига ўтиргач, унинг Агнес билан никоҳи қариндошлик сабабли ҳақиқий эмас деб топилган, бироқ бу никоҳдан бўлган иккала фарзанд ҳам, Сибилла ҳам, унинг укаси Балдуин ҳам қонуний фарзандлар деб тан олинган.
Сибилла Вифаниядаги монастирда қиролича Мелисенденинг синглиси Иовета буви қарамоғида ўсган. 1169 йилда Амори I Тир архиепископи Фредерик де ла Рошни Европага элчихонага юбориб, унга бошқа ишлар қатори Сибиллага муносиб никоҳ уюштиришни топширди. Унинг акаси Болдуин мохов билан оғир касал бўлиб, қиролликка меросхўр бера олмаганлиги сабабли, оиланинг давом этиши Сибиллага боғлиқ эди ва унинг бўлажак эри қиролликнинг ҳимоячиси бўлиши керак эди. Фредерик де ла Рош уни граф Стефан Сансерга таклиф қилди. Стефан Сибилла билан турмуш қуришга рози бўлди, лекин Қуддусга келгач, номаълум сабабга кўра фикрини ўзгартирди ва Францияга қайтди; бунинг мумкин бўлган сабабларидан бири Стефаннинг Византия императори Мануил Комнинга вассаллик қасамёд қилганлиги бўлиб, агар у Қуддус қироли бўлса, уни бекор қилиши керак эди.

Гильом де Монтферрат билан турмуш
1174 йилда Амори I вафотидан сўнг тахтга аввал сенешал Мил де Планси регентлиги остидаги Болдуин IV, кейин эса Триполи графи Раймунд III меросхўр бўлди. 1176 йилнинг кузида ўн олти ёшли Сибилла Иккинчи салиб юриши қатнашчиси Монтферратлик Гильом V нинг ўғли, Франция қироли Луи VII ва Муқаддас Рим императори Фридрих Барбароссанинг қариндоши, Узун Қилич лақабли Гильом де Монтферратга турмушга чиқди. Гильом рицарлик шон-шуҳратини қозонишга муваффақ бўлди, бундан унинг тахаллусидан далолат беради. Сеп сифатида Гильом Қуддус қироллигининг вассал давлати бўлган Яффа ва Аскалон графлигини олди. Жасур жангчи ва оқкўнгил инсон Гильом жанг майдонидан ташқарида ҳам қизиққон ва зўравонликка мойил бўлиб чиқди, аммо унинг бу фазилатлари Қуддус Қироллиги тақдирига таъсир қилишга улгурмади. Сибилла ва Гильомнинг никоҳи атиги етти ой давом этди. 1177 йилнинг ёзида Гильом безгакдан вафот этди, лекин унинг ўлимидан бир неча ой ўтгач ундан ўғил туғилди. Анъанага кўра, Сибилла ўғлига Балдуин деб исм қўйди.

Ги де Лузиньян билан турмуш
1177 йил 2 августда қиролнинг амакиваччаси Фландрия графи Филипп Қуддусга келиб, маликадан ўз вассалларидан бирига турмушга чиқишни талаб қилади. Олий курия - Қуддуснинг қонун чиқарувчи ва суд органи унинг талабларини рад этди, солномачиларнинг фикрига кўра, бева маликанинг қўлини сўраган Балдуин де Ибелин эса Филиппни оммавий ҳақорат қилди, шундан сўнг у октябрь ойида Қуддусни тарк этди ва Антиохия тарафида мусулмонлар билан жанг қилиш учун шимолга йўл олди.
Сибилланинг бевалиги уч йил давом этди. Аввалига маликанинг Бургундия герцоги Гуго III билан турмуш қуриши ҳақида музокаралар олиб борилди, аммо улар муваффақият қозонмади. 1180 йилнинг ёзида, Сибилланинг кейинги эрини унинг қариндошлари Антиохиялик Боэмунд ва Триполилик Раймунд III танлаши таҳдиди пайдо бўлганда, қирол уни Қуддус коннетабли Амори де Лузиньяннинг укаси ва Балдуиннинг амакиваччаси саналган Англия қироли Генрих II нинг вассали, яқинда Шарққа келган Ги де Лузиньянга хотинликка беришга қарор қилди. Триполи графи ва Ибелинлар оиласининг фаол норозилигига қарамай, синглисининг турмушга чиқиши ҳақидаги қарорни Балдуин шахсан ўзи қабул қилди. Ўша йили Балдуин ўгай синглиси саккиз ёшли малика Изабеллани ўзининг содиқ зодагони, Торон сеньорлиги ҳукмдори Онфруа IV билан унаштирди. Изабелла онаси ва Ибелинлардан олинган ва куёвнинг оиласи - Рено де Шатильон ва Стефанья де Милли томонидан тарбияланган.
Ги билан никоҳда Сибилла иккита қиз туғди – Алиса ва Мария (туғилган аниқ саналари номаълум). Дастлаб Балдуин унинг турмуш ўртоғига тўлиқ ишонарди. 1183 йил ўзининг лаёқатсизлиги туфайли – бу пайтга келиб кўр бўлиб қолганди ва зўрға юра оларди – Балдуин уни қироллик регенти этиб тайинлади. Лекин шу йилнинг ноябрида насронийлар қўшини бошида Салоҳиддиннинг босқинчи армиясини қарши олган, аммо унга жангсиз чекинишга рухсат берган Ги душманлари томонидан жасорат етишмаслигида айбланган. Бу гап-сўзларга қулоқ тутган қирол куёвини ёмон кўриб қолди ва жазолади – Гини ҳокимиятдан четлаштирди ва унинг таът сари йўлини тўсиш учун Сибилланинг биринчи турмушидан бўлган 5 ёши ўғли Балдуин де Монферратни ўз вориси деб эълон қилди. Унинг шахсий васийси этиб тоғаси Жослена де Куртенени, қиролликнинг янги коннетабли этиб эса Триполи графини тайинлади ва унга Байрут харажатларини тўлашни топширди. Бундан ташқари, 1184 йил бошида Сибилла ва Ги никоҳини бекор қилишга уриниб кўрди. Лекин шунга қарамай, Ги четлатилган бўлсада, қиролнинг ғазаби унинг синглисига дахл қилмади. Қирол кўрсатмаларига кўра, Балдуин V вояга етмасдан вафот этадиган бўлса, сингилларидан бири – Сибилла ёки Изабелла ворис бўлиши лозим эди. Танловни Англия ва Франция қироллари, Муқаддас Рим императори ва Папа биргаликда қилишлари керак эди.

Тахт учун кураш
185 йил 16 мартда Балдуин IV вафот этди. Тахт, илгари келишилганидек, Триполи графи регентлигида Сибилланинг ўғли Балдуин V томонидан мерос қилиб олинган. Эдесса графи, Жослен III етти ёшли қиролнинг шахсий қўриқчиси бўлиб қолаверди. Бундан ташқари, Балдуиннинг бобоси Гильом V, Монферрат маркизи, набирасини қўллаб-қувватлаш учун Қуддусга келди. Бироқ, Балдуин касал бола бўлиб ўсди ва 1186 йил ёзида Акрада вафот этди.
Жослен III ва маркиз Монферрат Балдуиннинг жасадини Қуддусга олиб кетишди ва уни Муқаддас қабр черковига дафн қилишди. Триполи графи сони дафн маросимида иштирок этмади. Таъсирни йўқотишдан қўрқиб, у Наблусга борди ва содиқ баронлар иштирок этган кенгашни чақирди. Қиролликда можаро авж олди. Дворянларнинг фикрлари фарқ қиларди: Рено де Шатильон ва бошқа баронлар Сибиллани қонуний ворис деб ҳисоблашди,  Реймонд III, қиролича Мария Комнина ва Ибелинлар партияси эса Мариянинг қизи Изабеллани тахтда кўришни хоҳлашди.
Сибилланинг рақиблари унинг тахтга даъвогарлик қилишга ҳаққи йўқлигини, чунки ота-онасининг никоҳи бекор қилинганлиги сабабли у никоҳсиз туғилган эканлигини айтишди. Аммо бу айблов асосли эмасди: 1163 йилда Қуддус черкови Сибиллани Амори I нинг қонуний вориси деб тан олди. Натижада, бир томоннинг норозиликларига қарамай, иккинчи томоннинг кўмаги билан Олий Курия Қуддус тожини Сибиллага топширишга қарор қилди. Изабелланинг эри ва Рено де Шатильоннинг ўгай ўғли Онфруа IV шахсан Қуддусга келганида унга ва Ги де Лузиньянга содиқлик қасамёд қилгани ва шу тариқа тахтга даъво қилишдан бош тортганида унинг мавқеи мустаҳкамланди.
Олий Курия тож кийиш фақат Сибилла Ги де Лузиньян билан ажрашган тақдирдагина ўтказилиши шартини қўйди. Янги эрни танлаш унинг ихтиёрида қолди ва Сибилла Қуддуснинг ягона ҳукмдори бўлди. Натижада, баронларнинг шарти бажарилмади: тахтга чиққач, Сибилла Ги де Лузиньянни эри сифатида танлаётганини эълон қилди ва унга тож кийдирди.

Сибилла ҳукмронлиги
Сибилла ва Ги ҳукмронлиги даврида салтанат учун асосий хавф унинг қўшинлари насроний ҳудудларини тезда босиб олган Салоҳиддин эди. 1187 йил 4 июлда Ги ва Раймунд III бошчилигидаги насронийлар ва Салоҳиддин ўртасида Хаттин жанги бўлиб ўтди. Бу жангда мусулмонлар ҳал қилувчи ғалабага эришдилар ва кўплаб аскарларни, жумладан Ги де Лузиньянни ҳам асирга олдилар. 1187 йил сентябрда Салоҳиддин Қуддусни қамал қилди ва Хаттинда омон қолган патриарх Ираклий ва Балиан Ибелин кўмагида Сибилла шахсан мудофаага раҳбарлик қилди. Аммо шаҳар мусулмонлар ҳужумига дош бера олмади ва 1187 йил 2 октябрда таслим бўлди. Сибилла ва унинг қизлари Триполига қочиб кетишди.
1188 йилнинг ёзида Сибилла эри Ги эвазига Салоҳиддинга Асқалонни бериб, асирликдан қутқарди. 1189 йилда у Ги билан ҳали мусулмонларга бўйсунмаган ягона шаҳар бўлган Тирга борди. Тирни ҳимоя қилишни Сибилланинг биринчи эрининг укаси Конрад де Монтферрат бошқарарди. У ўз атрофида Гига қарши бўлган бир гуруҳ баронларни тўплади ва эр-хотинни шаҳарга киритишдан ва ҳокимиятни уларга топширишдан бош тортди. Балдуин IV иродасига кўра, Конрад Европадан қиролларнинг келишини кутиш ва уларга қиролликда ким ҳокимиятга эга бўлишини ҳал қилиш ҳуқуқини бериш ниятида эди. Шунда Ги кичик рицарлар отрядини бошқариб, август ойининг охирида Сибилла билан бирга Акра шаҳрига йўл олди ва шаҳарни қамал қилди (кейинчалик унга 3-салиб юриши армияси қўшилди).

Ўлими
Акрани қамал қилиш икки йил давом этди. 1190 йилнинг ёзида лагерда эпидемия авж олди, у аввал Сибилланинг икки қизини олиб кетди, кейин эса ўзининг ҳаётига зомин бўлди. Сибилла 1190 йилнинг июль ёки август ойларида (эҳтимол, 25 июль) ўттиз ёшида вафот этган. Конрад де Монтферрат дарҳол Ги де Лузиньянни хотини ва болаларини заҳарлаганликда айблади. Сибилланинг ўгай синглиси Изабеллани онаси Мария Комнина тез орада Онфруа IV дан ажрашиб, Конрадга турмушга чиқишга мажбур бўлди, шунда ер-хотин Қуддус тахти учун даъвогар сифатида Ги де Лузиньянга муқобил бўларди. Конрад де Монтферрат қирол тириклигида тож кийишни хоҳлади, лекин 1192 йил 28 апрелда у ассасинлар томонидан омма олдида ўлдирилди. Қуддуснинг кейинги ҳукмдори (лекин қирол эмас) шампанлик Генрих II бўлиб, у Ги де Лузиньяндан (1194 йилдан то ўлимигача Қуддус қироли бўлган) кейин тахтнинг ягона вориси саналган бева Изабеллага уйланди ва ундан Қуддус қироллигини бошқариш умрбод ҳуқуқини олди.

Никоҳлари ва болалар
1176 йил - Гильом де Монферрат (Яффа графи, Аскалон графи, Монферрат маркизи)
Балдуин V (1178-1186)
1180 йил - Ги де Лузиньян
Алиса
Мария

Абу Муслим тайёрлади

 
Баннер