Сосонийлар империясининг қулаши |
|
Мусулмонлар Эронга келишидан олдин у ерда юқори табақа орасида турли хил тушунмовчиликлар ва зиддиятлар давом этарди. Бир томондан ер эгалари – ҳарбийлар ва коҳинлар ўртасида, бошқа томондан майда ер эгалари ва давлат амалдорлари ўратсида кураш борарди. Амалдорлар ва деҳқонлар (майда ер эгалари) марказлашган шоҳ ҳукуматини сақлаш тарафдори бўлишса, ҳарбий қўмондонлар ва коҳинлар марказий ҳокимиятга бўйсунишни истамай билганларича ҳаракат қилишарди.
Эрон ва Византия ўртасидаги сўнгги уруш (602-628) Эрон халқларининг хонавайрон бўлишига олиб келди, халқ ҳарбий харажатлар учун жуда катта миқдорда солиқ тўлади. Урушдаги мағлубият Эроннинг халқаро мавқеини пасайтирди ва шоҳнинг халқ орасидаги обрўсига жиддий путур етказди. Эроннинг сўнгги шоҳи Яздигирд III (632-651) ҳукмронлигининг бошидан охиригача араблар билан уруш олиб боришга мажбур бўлди ва бу уруш унинг ҳалокати билан тугади. Эрон ҳукмдор доиралари ташқи хавфни асосан Византия ва Турк ҳоқонлигидан кўриб, жануби-ғарбдаги қўшнилари араблардан хотиржам эдилар. Тўғри, улар араб бадавийларининг талончилик юришларига кўникиб қолишган бўлса-да, у ерда давлатларини йўқ қилиб юборадиган даражадаги куч мавжуд эканлигини ҳисобга олишмаганди. Лекин Эрон араблардан шунақанги қақшатқич зарбага учрадики, Александр Македонский давридан бери бунақа ҳолат кузатилмаганди. Эрон шоҳлиги нафақат қулади, балки эронийларнинг ёзуви ва динлари ҳам йўқликка юз тутди. Эрон давлати 611 йил Зул-Қора (Куфа яқини)да Бакр қабиласи бошлиқ бир неча минг араб бадавийлари қўшини билан тўқнашган бўлиб мағлубиятга учраганди. Бу воқеа Эрон учун муваффақиятли бўлган Эрон-Византия урушининг биринчи босқичида бўлиб ўтганди. Бу уруш одатдаги урушлардан фарқ қилмагани учун форслар арабларга қарши чора кўришга қизиқишмаганди. Арабистон ярим оролида Ислом тарқала бошлагач, секин-аста қўшни давлатларда ҳам янги дин ҳақида турли хил гап-сўзлар пайдо бўлди. Бунга сабаб Расулуллоҳнинг қўшни давлатларга элчилар жўнатганлари ва арабларнинг Яқин Шарқ савдосида фаол иштирок этганликлари ҳам Ислом дини ҳақида тасаввурлар шакланишига сабаб бўлди. Эрон қўшини катта жангларда иштирок этиб чиниққан эди, шунингдек улар сафида улкан қўшинни бошқара олишга моҳир саркардалар ҳам талайгина эди. Қўшин ўша замондаги барча қурол-яроғларга эга эди. Араблар қўшини эса Эрон ва Византия қўшинидан анча фарқ қиларди. Арабларда отлиқ жангчилар жуда озчиликни ташкил қиларди, отлар ўрнига туялардан фойдаланиларди. Шунга қарамай араблар Византияга қарашли ерларга юриш бошлашганди. Тез орада мусулмонлар жуда катта тезликда қўшни ўлкалар ерларини эгаллашди. Араблар VIII аср бошларига келиб Византиянинг 2/3 қисми ҳудудини тортиб олишди. Мусулмонлар Византияга қарши уруш олиб бориш билан бирга бир вақтнинг ўзида Эронда ҳам ҳарбий ҳаракатлар олиб боришди. 634 йили Холид ибн Валид халифа Умар ибн Хаттоб кўрсатмаси бўйича Сурияга юборилди. Эронга қарши урушда Саъд ибн Ваққос унинг ўрнини эгаллади. 637 йили Қодисия жангида Рустам бошлиқ эронийлар батамом тор-мор этилдилар. Сосонийлар пойтахти Ктесифон (ар. Мадоин) эгалланди. Пойтахтларини бой берган сосонийлар энди талончилар билан эмас, балки жуда кучли қўшинга дуч келишганини англашди ва тезда янги қўшин тўплашга киришишди. Лекин форслар 642 йили Хамадон яқинидаги Наҳованд жангида қақшатқич мағлубиятга учрашди. Наҳавонддаги мағлубиятдан сўнг марказий ҳукумат фаолиятини тўхтатди, энди ҳар бир минтақа ўзича ҳаракат қила бошлади. Эрон ҳукмдори майда ҳукмдорлар устидан бошлиқ бўлгани учун шаҳаншоҳ (шоҳлар шоҳи) деб аталарди. Оғир мағлубият Сосонийлар империясининг саноқли кунлари қолганини англатарди. Араблар 639 йили Хузистонни эгаллашган бўлса, 642 йили сулҳга кўра Озарбайжон ҳукмдори таслим бўлди. 643 йили Хамадон, 644 йили эса Исфаҳон ва Рай таслим бўлди. 644 йили Форс вилояти ҳукмдори Парс Шеҳрек Таввожи яқинида бўлган Рейшеҳр жангида мағлуб бўлди. 648 йили Парс (Форс) таслим бўлди. Бир қанча шаҳарлар, жумладан Истахр араблар биан битим тузиб таслим бўлди. Лекин истахрликлар 649 йили исён кўтариб араб гарнизонини қириб ташлашди. Тез орада етиб келган араблар шаҳарни қамал қилиб қайтадан қўлга киритишди. Араблар Форс аҳолисидан харож учун 33 млн дирҳам ва 18 млн дирҳам жизя ундиришди.
Алишер Қодировнинг "ШАРҚНИНГ МАШҲУР СУЛОЛАЛАРИ" китобидан |