Жазоир Франция ҳукмронлиги остида. 1830 йилда 100 та ҳарбий ва 357 та юк кемаларига жойлашган 35 минг аскар ва 4 минг отдан иборат қўшин Жазоир юришига тайёр ҳолга келтирилди. Қуруқликдаги қўшинга генерал Бурман, флотга эса вице-адмирал Дюперре бошчилик қилишди. Французлар 1830 йил 14 июнда қаршиликсиз Сиди Феррухга келиб тушишди. Улар ҳали мустаҳкам ўрнашмай туриб 19 июн куни Иброҳим Али бошлиқ 30 минг кишилик турк қўшинининг ҳужумига учрашди. Французлар тўқнашувда ғолиб бўлишди ва жазоирликларнинг барча қурол-яроқларини ўлжа қилиб олишди. Шундан сўнг, Жазоир шаҳри ҳам қуруқликдан, ҳам денгиздан тўпга тутилди. 5 июл куни дей қўшинининг эркин чекиниши шарти билан таслим бўлди. Жазоирнинг бутун флоти, қуроллари ва 50 млн франк миқдоридаги давлат хазинаси французларга ўтди. Жазоир истило қилингандан сўнг, 2 француз эскадраси Тунис ва Триполига юборилиб, уларни денгизда қароқчилик қилишдан воз кечишга мажбур қилишди. Французлар Бону, Оран ва Бужио каби порт шаҳарларни эгаллаб, Константинадан бўлган ҳужумни бартараф этишди. Кабил қабиласи эса Блидага юриш қилаётган француз бўлинмаларига зарба берди. Францияда содир бўлган июл инқилобидан сўнг, Фурман чақиртириб олинди, унинг ўрнига Клозель тайинланди. Ноябрда Титтерий бейи қўшини мағлубиятга учради ва Блида шаҳрини французлар босиб олишди. Атлас тоғларигача бўлган ҳудудни истило қилиш ўз олдига мақсад қилиб олган Клозей Тунис бейин билан тузган битими Луи Филипп ҳукуматига ёқмади ва у 1831 йил февралда зудлик билан чақиртириб олинди. Унинг ўрнига 1831 йил 2 июлда Тениас юришида мағлубиятга учраган генерал Бертезен тайинланди. Бертезен ўрнига Савари (герцог Ровиго) тайинланди. У маҳаллий аҳолига нисбатан ўта шафқатсиз бўлиб, уларни французларга қарши қилиб қўйди. Шунда унинг ўрнига 1832 йилда генерал Авизар қўйилди. Шу вақтда 30 та қабилани бирлаштирган ва Маскара амири деб эълон қилинган Абдулқодир французларга қарши кураш бошлади. Жазоирдаги Абдулқодир қўзғолони (1832-1847). Абдулқодир Жазоирий (1808 йил 6 сентябр – 1883 йил 26 май, Дамашқ) – саркарда, олим, шоир, нотиқ. У ёшлигидан Жазоирнинг қароқчи дейлари томонидан таъқиб қилинган. Шунинг учун у Мисрга қочган ва кейинчалик Маккага бориб ҳажни ўтаган. 1832 йил май – 1847 йил декабрда жазоирликларнинг французларга қарши миллий озодлик ҳаракати раҳбари бўлган. Абдулқодир 1847 йил 22 декабрда генерал Ламорисьерга таслим бўлган ва Францияга жўнатиб юборилган. Францияда Наполеон III уни озод қилгунча унга ва унинг яқинларига яхши муносабатда бўлишди. Абдулқодир 1852 йил 21 декабрда Бурсага кўчиб ўтди, сўнг умрининг охиригача Дамашқда яшади. Қўзғолон 1832 йил май ойида Оран виоятида бошланди. Шиддатли курашлар ва мағлубиятлардан сўнг французлар 1834 йил 26 февралда сулҳ тузишди. Лекин июлда ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошланди ва французлар учун муваффақиятсиз бўлди. Клозель қайтадан Жазоирдаги француз қўшинига бошлиқ этиб тайинланди, бироқ қўзғолон бутун мамлакат бўйлаб тарқалишда давом этди, амирнинг обрўси эса тобора ошиб борди. Клозель қайтадан чақириб олинди ва генерал Дамремон унинг ўрнига генерал-губернатор этиб тайинланди. Французлар яна бир қатор мағлубиятларга учраб 1837 йил май ойида сулҳ тузишга мажбур бўлишди. Сулҳга кўра, французлар Абдулқодирни Ўарбий Жазоирнинг катта қисмида ҳукмронлигини тан олишди. Абдулқодир тезда ўз давлатини тузди ва пул зарб эттира бошлади, бир қатор ислоҳотлар ўтказиб мунтазам қўшин тузди. 1838 йил 18 октябрда французлар тинчлик сулҳини бузиб Константина шаҳрини истило қилдилар, 1843 йилга келиб Абдулқодир давлатининг катта қисмини босиб олишди. Абдулқодир французларга қарши курашаётган Марокаш ҳудудига яширинди. Бироқ Марокаш урушда мағлуб бўлгач, Абдулқодир у ердан чиқариб юборилди. 1845 йилда Абдулқодир Жазоирда яна қўзғолон кўтарди. 1847 йил мобайнида французлар Абдулқодир қўшинини бир неча марта мағлуб этишди ва 22 декабрда Абдулқодир ўз ихтиёри билан асирга тушди.Жазоир 1848 йилда Франция ҳудуди деб эълон қилинди, унинг ҳудуд департаментларни бирлаштирган префектларга бўлинди. 1848 йилда бўлган инқилоб Франциянинг Жазоирдаги ҳукмронлигини мустаҳкамлашда бир қатор қийинчиликлар келтириб чиқарди. 1848-1852 йилларда бир нечта генерал-губернаторлар алмаштирилди. 1851 йил декабрдаги давлат тўнтаришидан сўнг тахтга чиққан Людовик Наполеон Жазоирга генерал Рандон (1851-1858)ни жўнатди. 1852 йил декабрда Пелисса ва Юссуф бошлиқ француз қўшини Лагуат воҳасини истило қилди, бир вақтнинг ўзида мамлакат жанубидаги Мзаб қабиласи французлар ҳимясига ўтди. 1853-1854 йилларда эса французлар Кабил қабиласига қарши уруш олиб борди. 1854 йилда Лагуат воҳасидаги қўзғолон, Туггурта ва Суфа воҳаларининг тўлиқ босиб олиниши билан тугади. Французлар кейинги йилларда Варглу воҳасини истило қилишди ва Саҳрои Кабир шимолидаги Туарег қабиласини асоратга олишди. Африканинг ичкарисигача кириб боришни кўзлаган Франция Саҳрои Кабирда тадқиқот ўтказилди ва бир неча бор Сенегал ва Тумбукту билан карвон қатнашни йўлга қўйишга уринишлар бўлди. 1856-1857 йилларда Кабил қабиласига қарши олиб борилган юриш натижасида французлар бутун Жазоир устидан назорат ўрнатишди. 1864 йил бошларида французлар ўз хизматларидаги бир араб бошлиғининг котибини арзимас айби учун дарра билан савалашди. Бу арабларда энг оғир жиноятларга бериладиган жазо бўлгани учун Оран минтақасида қўзғолон кўтарилишига сабаб бўлди. Уларга Богари вилоятидаги қабилалар ҳам қўшилишди. 13-14 май кунлари Делинья ва Юссуф бошлиқ французлар қўшини икки тўқнашувда арабларни енгди. Йил охиригача эса қўзғолончилар бирин-кетин бўйсундирилдилар. 1865 йилда Наполеон III Жазоирга келди ва 5 март куни арабларга миллий эркинликлари ва мол-мулклари дахсизлиги ҳақида прокламацияни чоп эттирди. Жазоирликлар буни французларнинг заифлиги деб тушунишди ва императорнинг кетиши билан Кабилия ва Оран вилоятларида қўзғолон кўтаришди. 1865-1867 йилларда французлар қўзғолончиларга қарши бир қатор юришлар ўтказишди. 1867 йил бошида французлар Голеяда жазоирликларни мағлуб этишди. Шундан сўнг Жазоирда қисқа муддат тинчлик ҳукм сурди. 1870 йилда жазоирликлар француз мутамлакачиларига қарши йирик қўзғолон кўтаришди. Айни шу вақтда Франция-Пруссия уруши бўлаётгани сабаб француз аскарлари жанг Европага олиб кетилганди. Францияда рнеспублика тузуми ўрнатилгач, Жазоирга бир қатор фуқаро эркинликлари берилди. Масалан, жазоирлик яҳудийларига Франция фуқаролиги берилди. 1871 йил январда Жазоирда янги қўзғолонлар тўлқини бошланди ва 1879 йилгача давом этди. 1871 йил баҳорида деярли бутун Жазоир қўзғолон ичида қолди. Лекин Франция-Пруссия урушининг тугаши ва Париж коммунасининг қулашидан сўнг французлар Жазоирда яна хунрезликларни давом эттиришди. Қўзғолон 1879 йилда французларнинг Батнада жазоирликларни мағлуб этганидан сўнг тўхтади. Кейинги йил тинч ўтди, бироқ 1881 йилда Крумир қабиласи Константина шаҳридаги француз гарнизонига ҳужум қилди. Франция ҳукумати бундан фойдаланиб Тунисни бўйсундириш учн юриш бошлади. 24 апрелда француз қўшини Ум Табул ва Суқ ар-расдан ўтиб мамлакат ичкарисига кириб борди. Француз эскадраси эса Табарка оролини босиб олди. 26 апррелда Кефни олиб, 28 апрелда Тунисга элтувчи Суқ ул-Арбага етиб келди. 1 май куни Тулондан жўнатилган эскадра Бизертуни олди. 11 май куни генерал Бреар бошлиқ француз қўшини Тунис шаҳрини босиб олиш учун ҳаракат бошлади. Крумир қабиласи ва Тунис бейи французларга умуман қаршилик кўрсатмади ва улар 12 май куни Тунисни истило қилишди. бей Тунисни Францияга қарамлигини эътироф этди, бунинг эвазига французлар бей сулоласининг тахтда қолишига кафолат берди. Шунингдек, Тунис чет давлатлар билан мустақил музокара олиб бориш ҳуқуқини йўқотди. Жуда қисқа муддатда Табарка, Бизерта, Голетта, Кеф, Суқ ул-Арба ва бошқа шаҳарларни олган француз қўшини, 16 ва 27 июл кунлари Сфакс ва Гебесдаги йирик гуруҳларни мағлуб этиб мазкур шаҳарларни истило қилди. Сентябрда эса Тунис жанубидаги Қайрувонда қўзғолон кўтарилди. Генерал Соссье бошлиқ француз қўшини 26 октябрда Қайрувонни босиб олди.
“Шарқнинг машҳур сулолалари” китобидан
|