Роман IV Диоген (юнонча Ρωμανός Δ΄ Διογένης) - 1067-1071 йилларда Византия императори, Диогенлар авлодидан; Роман III Аргир даврида ҳалок бўлган Константин Диогеннинг ўғли.
Илк йиллари
Келиб чиқиши Каппадокиядан; миллати армани. Армия ва шарқ фемаларида Роман IV энг аввало, арман саркардаларга таянган. Император Константин Дук даврида Юрак ҳукмдори этиб тайинланган. Ҳарбий-ватанпарварлик партияси аъзоси бўлиб, Роман марҳум шоҳнинг укаси, кесарь Иоанн Дука ва Пселл бошчилигидаги сарой-бюрократия партиясига нафрат билан муносабатда бўлган. Тахтга эришиш учун фитнада фош қилинган Роман қўлга олиниб пойтахтга келтирилган, бу ерда бева малика Евдокия, сўроқ пайти унинг бақувват жуссаси ва салобатли қоматидан мафтун бўлди. Роман авф қилинди ва тез орада магистр ва стратилат унвонини олган.
Тахтга ўтириши
Дуканинг учта ўғли, Михаил, Андроник ва Константин билан бирга тахтни мерос қилиб олган Евдокия тез орада ички ва ташқи низолардан заифлашган давлатга фақат кучли жангчининг қўли ёрдам бериши мумкинлигига ишонч ҳосил қилган ва у такроран турмушга чиқишга қарор қилган, гарчи Скилицийнинг ривоятига кўра, бошқа турмуш қурмасликка ваъда берган бўлсада. Ўз нуфузи ва таъсиридан хавотирда бўлган сарой аъёнлари беванинг берган ваъдасига риоя қилишини рашк билан кузатиб борган, лекин ватанпарварлар Романни тахтга номзод сифатида кўз остига олиб қўйганлар. 1067 йил 31 декабрда Роман яширин равишда саройга олиб кирилади ва унинг рақиблари бу ҳолатни тан олишга мажбур бўлади. Роман билан расман тузилган шартнома шартларига кўра, у билан бирга Дуканинг ўғиллари ҳам шоҳ мақомига эга бўлган. Сарой партияси янги шоҳни, жасур ва мард, лекин у қадар зийрак бўлмаган ва осонгина қизиқиб кетадиган бу шахсни кўргани кўзи йўқ эди. Унинг фитналари ҳатто армияга, олий мансабли офицерлар орасига ҳам кириб борди. Роман давлатга танҳо ҳокимлик қилиш мақсадида Евдокия ва Дуканинг ўғилларини ағдариш ниятида деган миш-мишлар тарқалди.
Роман IV Диогеннинг салжуқийларга қарши юришлари
Македония сулоласининг буюк шоҳлари каби, у ҳам Осиё фемаларини шафқатсизларча харобазорга айлантирган салжуқийларга қарши юришга шахсан боришга қарор қилади. Бироқ, аввалги ҳукмдорларнинг ноўрин хасисликлари ва қобилиятсизлиги армия сафини қисқартирди ва унда жанговар руҳнинг йўқолишига олиб келди; барча саъй-ҳаракатлари билан Роман фақат интизомсиз ва биргаликда ҳаракат қилишга кўникмаган маҳаллий ва ёлланма аскарларни тўплаши мумкин эди. Шунга қарамай, 1068 ва 1069 йиллардаги юришлар жуда муваффақиятли бўлди. Роберт Гвисcар Отрантони забт этган ва юнон ҳукмронлигининг сўнгги таянчи бўлган Барини қамал қилган Италиядан келган нохуш хабарлар Романни бир мунча вақтга Европага қайтишга мажбур қилди. Унинг йўқлигида турклар армияни бошқариб турган Мануил Комнинни мағлубиятга учратиб, Хонани талон-тарож қилдилар, Алп-Арслон эса ўзи Шарқий Арманистоннинг энг муҳим чегара қалъаси - Манцикертни эгаллаб олди. 100 минг кишилик қўшинни бошқарган Роман яна Манцикертни эгаллади. Алп-Арслон таклиф қилган сулҳни шоҳ рад қилди; шунда ўша шаҳар яқинида бўлиб ўтган асосий жангда Андроник Дука ва айрим офицерларнинг хиёнати византияликлар армиясини ҳалок қилди; шоҳнинг ўзи асир олинди, лекин бир ҳафтадан кейин асирдаги салжуқийларни озод қилиш ва миллион олтин тўлаш шартида Алп-Арслон томонидан қўйиб юборилди(1071). Романнинг мағлубияти ҳақида хабар олгач, уни ҳалок бўлди деб ўйлаган сарой аъёнлари Евдокия ва катта шаҳзода, Пселлнинг шогирди Михаил Дуканинг регентлигини эълон қилдилар; лекин аслида давлатни Романнинг ашаддий душмани, кесарь Иоанн бошқарди. Романнинг тез орада пойтахтга етиб келиши ҳақида ўз қўли билан ёзган хатини олгач, хавотирга тушган мухолифат маликадан эрини тахтдан маҳрум этилган деб эълон қилишни талаб қилди; маликанинг ўжарлиги унинг саройдан ҳайдалиши ва монастирга монахияликни қабул қилишига олиб келди, Михаил (Парапинак) эса император деб эълон қилинди. Константинополдан жўнатилган қўшинлар билан бир неча марта рўй берган омадсиз тўқнашувлардан кейин Роман Киликиядаги Адан шаҳрида яширинди, бу ерда уни 1072 йил Андроник Дука қамал қилди ва тахтдан воз кечиш ва монахликни қабул қилиш шартида таслим бўлишга мажбур қилди. Бунинг учун унга Михаил номидан учта митрополит томонидан тасдиқланган шахсий хавфсизлик ваъда қилинди. Романнинг душманлари ўз сўзида турмади - у Котиэйада кўзлари кўр қилинди ва тез орада етказилган жароҳатлардан ҳалок бўлди. Манцикертдаги мағлубият ва, айниқса, 1071-1072 йилларда Диогеннинг Дукалар билан кураши Византия қуролли кучларини тартиб-интизомнинг тўлиқ бузилишига олиб келди. Аййниқса, бу воқеа-ҳодисалар давомида амалда харобазорга айлантирилган шарқ фемалари контингентлари азият чекди. Қайд этиш мумкинки, 1072 йил ёзига келиб, византияликлар армияси ягона уюшган куч сифатида мавжуд бўлмай қўйди ва унга якуний зарбани ички низолар эмас, ташқаридан душман берди.
Абу Муслим таржимаси
|