Ўзбек, исломий унвон - Султан Ғиёсиддин Муҳаммад (1283-1341) – 1313 йилдан бошлаб Жўчи улусининг (Олтин Ўрда) хони; Менгу-Тимурнинг тўққизинчи ўғли Тўғрулнинг (Тўғгрулджай, Тўғрулчи) ўғли; Тўхта хоннинг жияни. Унинг даврида Ислом Олтин Ўрданинг давлат дини деб тан олинди. Ўзбек айниқса, рус князликларида ўз ҳукмронлигини фаол ўрнатишга ҳаракат қиларди, ўз синглисини Москва князи Юрий III га узатган. Тверь князликлари билан урушда Москвага ёрдам берган. Ўзбек-хон ҳукмронлик қилган йилларда Иван Калита (унинг укаси Ўзбек-хоннинг туғишган синглиси Кўнчакга уйланган эди) бошчилиги остида рус князликларининг йиғилиши бошланган, бу эса охир-оқибат Буюк Москва князлиги, кейинчалик эса бутун Руснинг Олтин Ўрда хонларига табааликдан чиқишига олиб келди. Ўзбек-хон бошқаруви Олтин Ўрда қудрати энг юқори чўққига чиққан давр бўлди. Рус солномаларида у Алабуға, Азбяк, Ўзбяк сифатида маълум.
Шахсияти
Давлат арбоби ва инсон сифатида Ўзбек-хон (араб/форс. اوزبك خان) ҳақида XIV-XV асрларда яшаб ўтган кўплаб араб-форс муаллифлари ёзган. 1333 йил у билан шахсан учрашишга муяссар бўлган Ибн Баттута хонга энг юқори баҳо берган: «У дунёдаги энг буюк ва қудратли етти шоҳдан биридир». Тарихчи-солномачи ал-Муфаддал ёзадики: «…Бу кўркам, феъл-атвори хуш бўлган ёш йигит, ажойиб мусулмон, жасур ва ғайратли кимса эди». Географ ва тарихчи ал-Айнига кўра: «У жасур ва довюрак, художўй ва тақводор кимса эди, фақиҳларни иззатларди, уламоларни севарди, уларнинг маслаҳатларига қулоқ соларди, уларга ишонарди, уларга нисбатан марҳаматли эди, шайхларнинг олдига ташриф буюрарди ва уларга яхшилик қиларди». Масалан, ал-Бирзалий ёзади: «Бу шоҳ [Тўхта] ўлгач, унинг ўрнига ўттиз ёшлардаги Ўзбек-хон тахтга ўтирди. У ислом динига эътиқод қилиб, ақл-хуши, чиройли кўриниши ва қадди-қомати билан ажралиб турарди». Бошқа бир жойда ёзилишича: «кўриниши кўркам, феъл-атвори ажойиб йигит, намунали мусулмон ва довюрак кимса». Аз-Заҳабий ҳам у ҳақида шунга ўхшаш руҳда фикр билдиради: «…жасур қаҳрамон, ташқи кўриниши кўркам, мусулмон, кўплаб амирлар ва сеҳргарларни йўқ қилган». Ҳаттоки Ўзбек-хонга нисбатан хайрихоҳликда гумон қилиниши мумкин бўлмаган хулагучи тарихчи Вассаф ҳам уни мақтаб ёзади: «Художўй шаҳзода Ўзбек, - деб ёзади у, - Мангу-Темурнинг ўғли Тўктайнинг ўғли Тўғлуқнинг ўғли, илоҳий имонга ва шоҳона жилвага эга». Таъкидлаш жоизки, Ўзбек исми келиб чиқиши бўйича туркий бўлиб, Ўрта Шарқда Чингизхон юришидан олдин ҳам қайд этилган. Бу исм Усама ибн Мункизнинг (1188 йил вафот этган) «Ибратлар китоби»да учрайди; салжуқийлар даврида Эронда рўй берган воқеаларни тавсифлар экан, муаллиф 1115-1116 йилларда ҳукмдор Хамадан Бурсук қўшини саркардаларидан бири «лашкарлар амири» Ўзбек – Мўсул ҳукмдори бўлганлигини ёзган. Рашидиддиннинг маълумотларига кўра, Табризда ҳукмронлик қилган туркий илдегизийлар сулоласининг сўнгги вакилини Ўзбек Музаффар (1210-1225) деб аташган.
Ҳокимият тепасига келиши ва исломнинг тасдиқланиши
Ўзбек-хон Тўхта хоннинг жияни ва Мангу-Тимур хоннинг набираси бўлган. Тўхта хоннинг ўғли Иксар (Ильбасар, Илбасмиш) қудратли амир Қадақ ҳимоясида хон деб эълон қилинган, бунда Қадақнинг ўзи бош вазир бўлган. Бироқ 1313 йилнинг январида Ўзбек беклар беги Қутлуғ-Тимур билан марҳум Тўхта хоннинг яқинларига ҳамдардлик сўзлари билдириш учун Ургенчдан келганида Иксар ва Қадақни ўлдирди. Шундан кейин, Қутлуғ-Тимур ва қайнотаси Баялун кўмагида Ўзбек Олтин Ўрда ҳокимиятини қўлга киритди. «Тарих-и шайх Увайс»га кўра: …Ўрда амири Қадақ Тўхта хоннинг ўғли Илбасмишни тахтга ўтказмоқчи эди, лекин Ўзбек ва Қутлуғ-Тимур Хоразмдан келиб, уларнинг иккаласини ўлдирди. Ўзбекнинг тахтга ўтириши ислом тарафдорларининг кумагида амалга оширилган. Кўчманчи зодагонларнинг вакиллари Ўрда тахтида анъанавий тартиблар ва тенгричилик тарафдори бўлган Тўхта ворисини кўришни истаганлари сабабли, номзодлар қўйишдан олдин қаттиқ кураш борди. Натижада исломий кучлар кўмагида тахтга ўтирган Ўзбек Дашти-Қипчоқнинг шимолий қисмида саккиз йил ўтказишига тўғри келди. 1313 йилнинг январида Ўзбек-хон тахтга ўтирди. Фақат 1320 (1321) йилга келибгина у Арслон Боб Занги-ота авлоди ва унинг вориси Саид-ота олдида расман Исломни қабул қилди. Арслон Боб йирик сўфий, туркий қабилалар мафкуравий раҳнамоси Аҳмад Яссавийнинг устози эди. Муаллифи номаълум бўлган, XV асрга оид «Шажарат ал-атрак» (Туркийлар шажараси) асарида айтиладики: Хон тахтига чиққач, у 8 йил давомида ўз эли ва улуси билан Дашти-Қипчоқнинг шимолий (орқа) мамлакатларида кун кечирди, чунки (унга) бу мамлакатлар суви ва ҳавоси, овланадиган ёввойи қушлар кўплиги ёқарди. Унинг султонлиги бошланганидан 8 йил ўтгач, мусулмонлар ва шайхларнинг муқаддас шайхи, дунё қутби, Занги-ота ва юқори унвонларга эга бўлган, адашганларга дунёлар ҳукмдорига содиқлик йўлини кўрсатувчи, кезиб юрувчилар раҳбари ва изланувчилар йўлбошчиси бўлган бош сайид, Занги-отанинг вориси Сайид-ота раҳбарлиги остида у (Ўзбек) туркий товуқ йилига мос келадиган ҳижрий 720 йилнинг ойларида (12 II 1320-30 I 1321) Исломни қабул қилиш шарафига муяссар бўлди. Хон бўлгач, Қутлуғ-Тимурнинг талаби билан Ўзбек Исломни қабул қилди ва Муҳаммад исмини олди. Исломни давлат дини сифатида жорий қилишга уриниш Ўрда зодагонлари томонидан қаршиликка учради. Мухолифат етакчилари Тунғуз, Таз ва Сарой амири Қутлуғ-Тимур Ўзбек-хонга дедилар: «Сен биздан итоаткорлик ва бўйсунишни талаб қил, лекин динимиз ва эътиқодимиз билан ишинг бўлмасин, қандай қилиб биз Чингизхоннинг низом ва қонунларини тарк этишимиз ва араблар динига ўтишимиз мумкин?» Бироқ қадимги мўғул динининг тарафдорлари бўлган амирлар ва шаҳзодалар – қатл этилди. 120 нафар чингизийнинг қатл этилгани ҳақида маълум қилинади.
Бошқаруви
Ўзбек-хон ҳокимиятни ўз қўлида мустаҳкам ушлади ва чекка жойлардаги ҳар қандай айирмачлик чиқишларини шафқатсиз бостирди. У ўлпон тўплаш ва уни Ўрдага юбориш ҳуқуқини рус князларига топшириб, Россияда босқоқчиликни бекор қилди. Ўзбек-хон Ўрда ҳудудидаги ички жанжалларни бартараф этишга ва Ўрданинг юксалишига эришишга муваффақ бўлди. XIV асрнинг бошларида хон йирик маъмурий-ҳудудий ислоҳотни амалга оширди, унга кўра Жўчи улусининг ўнг қаноти 4 та йирик улусга бўлинди: хон томонидан тайинланадиган улус амирлари (улусбеклар) бошчилигида Сарой, Хоразм, Қрим ва Дашти-Қипчоқ, шу туфайли қаттиқ ҳокимият тизими таъминланиб, Волгабўйи, Хоразм, Қрим ва Қипчоқ даштлари унга сўзсиз бўйсуна бошлади. Ўзбек-хоннинг ҳукмронлиги Олтин Ўрда қудратининг энг юксалган даври бўлди. Бу давр маданий юксалиш ва шаҳарсозликнинг кенг ривожланиши билан ажралиб турарди. У янги пойтахт – Сарой ал-Жадид қурдирди. Хон савдо ривожига катта эътибор қаратди. Карвон йўллари нафақат хавфсиз, балки ободонлаштирилган эди. Ўрда Ғарбий Европа, Кичик Осиё, Миср, Ҳиндистон, Хитой билан жадал савдо олиб борди.
Рус князлари билан муносабатлар
1317 йил Ўзбек-хон Москва князи Юрий Даниловичга синглиси Кўнчакни турмушга берди, бу эса князга Михаил Ярославич Тверской билан буюк ҳукмронлик қилиш учун курашда хоннинг қўллаб-қувватлашига имкон берди. Ўзбек-хон Юрийга Кавгадий бошчилигидаги Ўрда гуруҳини берди, аммо Бортенев жангида Михаил Ярославич бирлашган Москва-татар қўшинини мағлуб этди. Кўнчакнинг Твер асирлигида кутилмаган ўлими Юрийга Ўзбек-хон олдида Михаил уни заҳарлаб ўлдирганлигида айблашга асос бўлди. Михаил Тверской Ўрдага чақирилди ва бу ерда Кавгадийнинг унга нисбатан нафрат туфайли, Ўзбек-хоннинг буйруғи билан ўлдирилди. «Бунда шоҳ Азбяк даврида Ўрдада унинг буйруғи билан беш нафар буюк рус князи ўлдирилди: буюк князь Михайло Ярославич Тверской, унинг икки ўғли, буюк князь Дмитрий Михайлович ва унинг укаси буюк князь Александр Михайлович, буюк князь Василий Рязанский, буюк князь Иван Ярославич Рязанский; яна учта удел князи: князь Александр Новосельский, авлиё девона буюк князь Михаил Ярославич Тверскойнинг набираси князь Федор Александрович ва князь Федор Иванович Стародубский. Бунда шоҳ Азбяк даврида Ўрдада художўй ва буюк князь Юрий Данилович Московский буюк князь Дмитрий Михайлович Тверской томонидан, шоҳ Азбякнинг буйруғисиз ўлдирилган. Шоҳ Азбяк томонидан жами тўққиз нафар буюк князь ва удел князлари ўлдирилган» (Лицевой летописный свод). Михаил Тверскойнинг ўғли, Тверда князлик қилган Александр 1327 йил тверликлар Ўрда элчиси Щелкан ва унинг аъёнлари ўлдирилган исёнда қатнашиб, Москва князи Иван Калитага қарши курашни яна бошлади. Элчининг ўлдирилганидан хабар топган Ўзбек-хон ғазабланди ва Москва князига одам юборди. Бошқа маълумотларга кўра, Калита Ўрдага ўзи, Тверда ҳодисадан фойдаланиб қолиш учун йўл олган. Ўзбек-хон унга князлик қилиш учун ёрлиқ ва 50 минг кишидан иборат қўшин берган. 1327 йил Калита татар ва суздал қўшинлари билан тверликлар қўшинини тор-мор келтирди, қўзғолонни шафқатсиз бостирди ва Твер князлигини харобазорга айлантирди. Шундан кейин Ўзбек-хон Шимолий-Шарқий Русь ҳудудини (Буюк Владимир князлиги) икки қисмга ажратиб, бир қисмини Иван Калитага, пойтахт Владимир билан бирга иккинчи қисмини эса у қадар таниқли бўлмаган Суздал князи Александр Васильевичга берди, 1331 йил унинг ўлимидан сўнг Калита яна Ўрдага борди ва бутун князликка ёрлиқ олди. Александр Михайлович Тверской, Ўзбек-хоннинг ғазабидан қўрқиб, Литва Буюк князлигига қочди. 1337 йил у ўзи хоннинг олдига келиб, авф этишни сўради. Ўзбек-хонга князнинг мардларча нутқи ёқди ва уни авф этди. Бироқ 1339 йил 29 октябрда Калитаниг гиж-гижлаши оқибатида Александр ва унинг ўғли Фёдор Ўзбек-хоннинг буйруғи билан қийнаб ўлдирилди. 1340 йил Ўзбек-хон ўлпон тўлашни истамаган Смоленск князи Иван Александровичга карши қўшин жўнатди ва Смоленск князлиги вайрон қилинди.
Ташқи сиёсати
Ўзбек-хон етарли даражада фаол ташқи сиёсат юритганига қарамасдан, унинг даврида давлат ҳудуди ўзгармади. Хон Польша қироллигининг Галиция-Волин князлигини босиб олишига халақит беришга уринди. 1337 йил бирлашган рус-ўрда қўшини Люблинга юриш қилди. Сўнгра Галиция бояри Дмитр Дедконинг илтимоси билан Ўзбек-хон қирол Казимир III Буюкка қарши 40 минг кишилик қўшин юборди, лекин у Вислада мағлуб бўлди. Жўчийлар анъанавий сиёсати ўзанида ҳаракатланишни давом эттириб, Ўзбек-хон Кавказ орти ҳудудлари – Хулагулар ерларига даъво қилди. 1318/1319, 1325 ва 1335 йилларда Ўрда қўшинлари Ширван ва Арранга бостириб кирди, лекин сезиларли муваффақиятга эриша олмади. Беклар беги Қутлуғ-Тимур Ўрданинг ички барқарорлиги ва савдога путур етказилишидан қўрқиб, Хулагуларга қарши урушга чиқди. Ўзбек-хон Византия, Ҳиндистон, Ғарбий Европа мамлакатлари билан дипломатик алоқа қилган. Мамлуклар Мисри билан ўзаро муносабатлар тикланди. Хон Византия императори Андроник II нинг қизига уйланиб, сулолалар ўртасида никоҳ қурди, шунингдек, Миср султони ан-Носир Муҳаммадга жияни, малика Тулунбайни турмушга узатиб, у билан қариндошлик иттифоқига кирди. Тўғри, тез орада султон у билан ажрашиб кетди, Ўзбек-хоннинг султон қизларидан бирини унга узатиш ҳақидаги илтимосига эса (737/1336-1337) («у билан, Ўзбек-хон ном чиқариши, дўстлик ва биродарлик ўрнатиши мумкин эди») ан-Носир қизлари ҳали ёш бола деб жавоб берди. Лекин шунга қарамай, иккала мусулмон давлати ўртасидаги муносабатлар қалин ва дўстона бўлиб қолаверди, буни султон ан-Носирнинг котиби Ибн-Фадлуллоҳ ал-Умарий ҳам таъкидлайди. Маълум муддат давомида Ўзбек-хон Византия билан яхши алоқада бўлди. Бироқ, Андроник II ҳукмронлик қилган давр охирларига келиб, бу муносабатлар кескин бузилди. 1320-1324 йиллар атрофида Ўзбек-хон қўшинлари Фракияга бостириб кирди ва навбатдаги сафар уни талади. 1341 йил Ўзбек-хоннинг ўлими билан Олтин Ўрдада ҳокимият қисқа вақт унинг ўғли Тинибекка ўтди.
Абу Муслим таржимаси |