Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Буюк Уруш ҳақида советларнинг бешта уйдирмаси
PDF Босма E-mail

Биринчи уйдирма
Тарихда Яхшилик билан Ёмонлик ўртасидаги энг буюк уруш “Улуғ ватан уруши - совет халқининг немис-фашист босқинчиларига қарши уруши” деб аталади ва у 4 йил давом этган (1941 йил 22 июнида бошланиб, 1945 йил 9 майигача давом этган).

Аслида
Иккинчи жаҳон уруши – асосий қисми 1939 йилнинг 1 сентябридан, хусусан, Учинчи рейх Совет иттифоқи билан биргаликда Полшага қилган ҳужумидан бошланиб, 1945 йилнинг 2 сентябрига, яъни Япония империяси таслим бўлгунга қадар давом этган буюк уруш жамики жаҳон давлатлари томонидан айнан шундай номланади. Кўплаб мамлакатлар ҳудудида Иккинчи жаҳон уруши даврида кечган маҳаллий урушлар ўз номига эга. Бироқ Совет Иттифоқидан ташқари, бирон ерда урушнинг МУАЙЯН ҚИСМИГА берилган ном, БУТУН урушга берилган ном ўрнига қўлланмаган. Совет раҳбариятини ушбу масалага оид ўз тарих фанини яратишга мажбур қилган сабаб – Совет Иттифоқининг Иккинчи жаҳон урушида Учинчи рейх билан биргаликда 1939 йилнинг 17 сентябридан эътиборан амалда иштирок этгани бўлди (тафсилотлар Иккинчи уйдирмада баён қилинади) (мухтасар қилиб айтганда, 1939 йил 17 сентябрь куни Германия билан олдиндан тил бириктирган Совет иттифоқи Полшага ҳужум қилган. Биргаликда эришилган ғалаба қизиллар билан фашистлар томонидан Брестда  ҳарбий парад ўтказиш билан нишонланган)
Шунинг учун ҳам урушнинг айнан 1941 йили 22 июн куни – совет иттифоқи Учинчи рейхга қарши урушга мажбур бўлган кундан бошланганига урғу бериш совет иттифоқи тарихчилари учун жуда принципиал масала эди. (Яъни, иккинчи жаҳон урушини фашистик Германия билан бир тарафда бошлаганини яшириш керак эди)
Совет иттифоқи ва Учинчи рейх ўртасидаги Шарқий Европа қуруқликларида давом этган уруш йирик бўлса ҳам, бир тарафидан иттифоқчиларнинг (кейинроқ – антигитлерчилар коалицияси) фашистлар коалицияси ўртасидаги урушнинг бир эпизоди эди, яъни буюк уруш эпизодларнинг бири эди. 
Иккинчи жаҳон урушида 61 та давлат қатнашган (47 мамлакаь Гитлерга қарши коалицияда ва уларга қарши мамлакатлар коалицияси тарафида иштирок этган). Уларнинг айримлари фаол ҳарбий ҳаракатларни олиб боришган бўлса, баъзилари ўз иттифоқдошларига фақат озиқ-овқат етказиб берарди, кўпчилиги эса урушда фақат номинагина иштирок этдилар.
Гитлерга қарши коалицияга қуйидаги мамлакатлар кирдилар: СССР (1941-йилдан), АҚШ (1941-йил, 7-декабрдан), Буюк Британия, Франция, Хитой, Полша, Австралия, Канада, Югославия, Нидерландия, Норвегия, Янги Зеландия, Жанубий Африка Иттифоқи, Чехословакия, Белгия, Юнонистон, Эфиопия, Дания, Бразилия, Мексика, Мўғилистон, Луксембург, Непал, Панама, Аргентина, Чили, Куба, Перу, Гватемала, Колумбия, Коста Рика, Доминика Республикаси, Албания, Гондурас, Салвадор, Гаити, Парагвай, Эквадор, Сан Марино, Туркия, Уругвай, Венесуела, Ливан, Саудия Арабистони, Никарагуа, Либерия, Боливия. Уруш даврида фашистлар блокидан чиққан бир неча давлат қўшилди: Эрон (1941-йилдан), Ироқ (1943-йилдан), Италия (1943-йилдан), Руминия (1944-йилдан), Болгария (1944-йилдан), Венгрия (1945-йили), Финландия (1945-йили).
Фашистик мамлакатлар коалицияси: Германия, Италия (1943-йилгача), Япония, Финландия (1944-йилгача), Болгария (1944-йилгача), Руминия (1944-йилгача), Венгрия (1945-йилгача), Словакия, Таиланд (Сиам), Ироқ (1941-йилгача), Манчжоу-Го, Хорватия, Сербия. Босиб олинган мамлакатлар ҳудудида фашист иттифоқига қўшилган қўғирчоқ ҳукуматлар ташкил қилинар эди: Виши Францияси, Сало республикаси, Албания, Черногория, Ички Мўғулистон, Бирма, Филлипинлар, Ветнам, Камбоджа, Лаос. Шунингдек, Германия ва Япония тарафида қаршилик кўрсатаётган тарафнинг фуқароларидан яратилган кўпгина коллаборацион қўшинлар жанг қиларди: РОА, РОНА, ССнинг хорижий дивизиялари (рус, украин, эстон, латиш, дат, белгиялик, француз, албан), "Озод Ҳиндистон". Шунингдек, Ўқ давлатлари қуролли кучлари таркибида расман нейтрал қолаётган давлатларнинг ихтиёрий кучлари бор эди: Испания (Ҳаворанг дивизия), Швеция ва Португалия.

Иккинчи уйдирма
Совет мафкураси фашизмнинг принципиал душмани бўлган. Совет иттифоқи эса, фашистик Германиянинг принципиал душмани эди. Фашистларнинг барча ҳамтавоқлари – душманларимиз, коллаборационистлар эса  - сотқин ва хоинлардир.
Аслида
Совет мафкураси 1938 йилларидан бошлаб фашизмнинг чала душманига айлана бошлади, 1941 йилидан бошлаб эса тўлқонли душманига айланди. Ўша даврнинг тарғибот-ташвиқотлари (1933-1939 йиллар) Германия тузуми ва ҳаётини тахминан АҚШ, Франция ёки Буюк Британия ижтимоий тузумлари каби тавсиф қилади. Яъни, бу мамлакатда  ишчи ва деҳқонларнинг халқ ҳокимиятидан тубдан фарқ қилувчи буржуазлар ҳукумронлик қилади. Ҳозир бу факт ҳайратланарли бўлиши мумкин. Лекин фашизм бошида ҳеч кимга ёмонлик бўлиб кўринмаган. Фашизмга қарши глобал курашнинг бор тарихи - бу секин аста кўзнинг очилиши, ва мамлакатлар, халқлар ва алоҳида гуруҳларнинг аста секин антифашизм сари ўтиши холосдир. Ҳатто, фашизмга қарши курашувчи мавқеида турган Британия империяси ҳам узоқ вақт улар билан келишиб кетиш тактикаси бўйича ҳаракат қилишган.
1938 йили 30 сентябр куни Мюнхенда Британия империясининг бош вазири Невилл Чемберлен ва Франция бош вазири Эдуар Даладе Учинчи рейх рейхканцлери Адолф Гитлер ва Италия бош вазири Бенито Муссолини билан битим имзолайди. Битимга кўра,  Германиянинг Чехословакиянинг бир қисмини босиб олиниши де-факто тан олинган. “Мюнхен келишуви” деб ном олган ушбу факт Британия ва Франция номига доғ туширган, яъни улар тўқнашув (конфликт) бўлмаслиги учун Гитлер билан келишиб кетишга ҳаракат қилишган.
Совет иттифоқига келадиган бўлсак, унинг Германия билан 1922 йилдан 1939 йилгача ҳамкорлиги жуда кенг миқёсда эди. Германия иқтидорига натсистлар келгунига қадар СССР Германияда социалистик инқилоб уюштирмоқчи бўлган биринчи намзод мамлакатлардан бири эди. Инқилобдан сўнг, бу мамлакат ғарб капитализмига қарши курашда муҳим стратегик ҳамкор сифатида кўрилаётган эди. Совет иттифоқи ва Германия ўртасидаги савдо-сотиқлар авжига чиққан, технологиялар билан алмашиб туришган, ҳарбий соҳаларда эса фаол равишда ҳамкорлик қилаётган эди. (1920-30 йилларда Совет иттифоқида германиялик ҳарбийларни тайёрлаш ва ҳарбий технологиялар устида ишлаш учун камида учта йирик марказ фаолият олиб борган. Бу эса, Версал тинчлик сулҳини қўпол равишда бузиш эди). Умуман олганда, Европанинг катта қисмини босиб олган, сўнгра 1941 йили 22 июнда Совет иттифоқининг ўзига ҳам бостириб кирган Вермахт темир машинасининг асослари Совет иттифоқининг ўзида ташкил топган эди.
Учинчи рейх ва Совет иттифоқи ўртасида ҳужум қилмаслик бўйича имзлоланган битимнинг (Молотов-Рибентроп пакти) махфий протоколига мувофиқ иккинчи жаҳон уруши бошланганида Совет иттифоқи (де-факто) Учинчи рейх тарафида бўлиб, 1939 йили 17 сентябр куни  Полшага Германия билан бирга бостириб киради. 1939 йили 22 сентябр куни Брестда Вермахт (Германия армияси) ва Қизил армиянинг демаркацион чизиқ бўйича имзоланган битимига бағишланган тантанали паради бўлиб ўтади. 
Совет иттифоқидагилар билишардики, Брест бу қаҳрамон-қала, бироқ  кўпчилик, урушнинг илк кунларида қаҳрамонлик кўрсатган шаҳарлар нега “Қаҳрамон-шаҳарлар” унвонини олган, фақат Брестгина “Қаҳрамон-қала” унвонини олганини билавермаса керак. Жавоб оддий: Учинчи рейх Совет иттифоқига бостириб кирганларида шаҳар аҳолиси ўзларини ҳеч қандай намаён қилмаган. Улар ўзларини бошқа мамлакат фуқаролари деб ҳис қилишган, чунки улар икки йил аввал Полша фуқаролари бўлишган эди. Совет иттифоқи эса Германия билан Полшани бўлиб олишганида Брест шаҳри Совет иттифоқига ўтган. Сўнг босқинчилар бу ҳодисани тантанали парад билан нишонлашган. Фашистлар босқинига Брест шаҳри қошидаги эски қалада жойлашган ҳарбий гарнизонгина қаршилик кўрсатган. Табиийки, бу қаланинг барчаси яқинда кўчиб келган совет қўшинларидан иборат эди. Шунинг учун ҳам шаҳар эмас, балки қалагина қаҳрамон деган унвонини олган (айтмоқчи, бунгача, 1939 йили Брест қаласини Гитлер қўшинларидан поляклар мудофаа қилган эди ва тан олиш керакки, улар қалани муносиб равишда ҳимоя қилишган). Кўпчилик, 1939 йил сентябр ойидаги фашистларнинг босқинига бошқа шаҳарларнинг кўрсатган қаҳрамона мудофааларини билаверишмаса керак (масалан,  Лвов шаҳри мудофааси). 
Лвов мудофааси қонли бўлмаган бўлса ҳам, аммо фожиага тўла бўлган. Фашистлар 12 сентябр куни шаҳар чеккасига киришган (худди 1941 йили Москва чеккасигача етгани каби), сўнг уларни 10 кун давомида поляк ҳарбийлари қувиб солишга ҳаракат қилишган, шу вақт бошқа тарафдан Қизил Армия бостириб келиб шаҳар гарнизонига таслим бўлиш талабини қўйган (Таслим бўлган ва асирга тушган поляк зобитларининг кўпи кейинчалик отиб ташланган).
1941 йили 22 июнда Учинчи Рейхнинг Совет иттифоқига бостириб кириши билан Совет иттифоқи фашизмнинг душмани экани ёдларига тушади. Буёғини китобларимиздан яхши биламиз.

Учинчи уйдирма
Совет халқи бир тан ва бир жон бўлиб немис-фашист босқинчиларга қарши курашганлар. Кимдир Қизил Армия сафида, кимдир партизанлар қаторида, кимдир эса имкон даражасида уларга зарар қилиб турган. Сотқин ва хоинларгина уларга қарши курашган эмас.
Аслида
Кейинчалик “совет халқи” деб аталадиган одамларнинг аксари ўзларини совет фуқаролари деб билишмагани аввалдан қайд қилиб ўтамиз.
Юқорида Брест қаласи ҳақида зикр қилиб ўтдик, бироқ аксар одамларда бунга ўхшаш нарсаларнинг қанчалик улкан миқёсда бўлганини билишмаса керак. 1939 йили Полшани босиб олиш натижасида Совет иттифоқи 200 квадрат километрдан ортиқ ҳудудга эга бўлди. Булар ичига Ғарбий Украина, Ғарбий Белоруссия, Шарқий Полша ва Жанубий-Ғарбий Литвалар киради. Умумий ҳисоб бўйича бу ҳудудларда 13 миллионга яқин одам истиқомат қилар эди. Саноқли ойлар ичида Совет иттифоқи ташкилотлари мазкур ҳудудларда “халқнинг эркин иродаси”ни шакллантиришди ва бу ҳудудларни совет республикаларига қўшиб юборишди. 1940 йил қизил армия урушсиз 50 минг квадрат километрга тенг Бессарабия ва Ғарбий Буковинани босиб олди: бу ҳудудларда 3 миллион 776 минг одам яшар эди (1949 йили 2 августда Молдавия ССР). 1940 йили Совет иттифоқи Эстония, Латвия ва Литванинг бир қисмини босиб олди. Сўнг 21-22 июл кунлари ўтказилган “сайловлар” натижасига кўра, мазкур мамлакатлар совет республикаларига айлантирилди. Ўша вақтларда Совет иттифоқи босиб олган ерлар аҳолиси ва ҳудуди тахминан Италия каби мамлакатга тенг эди.
Шунинг билан бирга совет ҳукумати ўрнатилган ҳудудларда оммавий репрессиялар (қатоғон) йўлга қўйилди. Ишчи ва деҳқонларга бегона бўлган синфий унсурлардан тозаланиш ишлари кенг кўламда олиб борилди. Мазкур унсурлар ҳибсга олинар, турмаларга ташланар, Сибирга сургун қилинар эди. Кўп холатларда одамлар отиб ташланар эди. Буларда энг кўп овозо бўлганлари Балтика бўйи мамлакатларининг аҳолисининг депортация қилиш операциялари ҳисобланади (1940 йили амалга оширилган шундай операцияларнинг бири натижасида 50 000 одам депортация қилинган, 1949 йилги “Прибой” операциясида эса, 100 000 дан ошиқ одам ўзлари яшаб турган жойларидан қувғин қилинган) ва полшалик ҳарбийлар оммавий равишда қатл қилинган (Катин ўрмонида, Старобелск ва Осташковск лагерларида, умумий ҳисоб бўйича 22 минг ҳарбий отиб ташланган).
Бу ҳудудларда яшайдиган аҳоли Совет иттифоқини бирор душмандан ҳимоя қилишни хоҳламаганини, истамаганини тасаввур қилиш мушкул эмас. Ҳатто минтақанинг 1939 йилгача Совет Иттифоқи таркибида бўлиб келган қисмида ҳам оддий қилиб айтганда "совет ҳокимиятини ҳамма ҳам қўллаб-қувватламаган".
Белоруссия ва Украинада миллатчилик кайфиятлари кучли эди, чунки Совет иттифоқи таркибида (олдинлари Россия империяси таркибида) ҳар икки миллатга ўз маданиятларини унутиш эвазига рус маданиятига алмаштирилди. Бунинг устига, 1933 йили Украинадаги очарчилик ҳали ҳам халқ хотирасида эди (Совет иттифоқининг нотўғри (ёки атайин)  юритган сиёсати туфайли ўша даврларда Қозоғистон ва Украинада қаттиқ очарчилик бўлган. Жуда кўп аҳоли мазкур очарчилик туфайли қирилиб кетган). 1941 йили билан очарчилик йилларини атиги 8 йил ажратиб турар эди, яъни 1941 йили Украинанинг ҳамма балоғат ёшидаги аҳолиси тарихларида бошларига тушган буюк фожиа, кулфатларни ўз кўзлари билан кўришган, ўз танлари-жонларида ҳис қилишган. Шунинг учун ҳам “немислар бўлса бўлсин, советлар бўлмасин – барибир бундан ёмон бўлмайди” деган сўзлар украиналиклар учун нафақат рухий маънода ўта ишонарли, балки (ҳозир ҳам кўриб турганимиздек) объектив ҳақиқат эди.
Улуғ ватан урушининг бошланиши тушми ё ўнгдами ажратиб бўлмас ҳолатда эди. Урушнинг илк ойларида Қизил армия аксар ҳолатда... ҳатто чекинган эмас, улар қум каби сочилиб кетган, деб айтсак тўғри бўлади. Кейинлари фашистлар 1941 йил июн-июл ойларини “олдинда душман йўқ, орқада ҳам ҳеч нарса йўқ” (яъни, фашист қўшинларига жиддий қаршиликлар бўлмагани учун улар Совет иттифоқи ҳудуди ичкарисига шиддат билан кириб боришди, орқада озиқ-овқат ҳамда қурол-яроғларни етказиб турувчи қисмлар эса, уларга етишга улгура олмас эди),  деб эслашади. Ҳарбийлар урушишни исташмас, нима учун урушаётганларини, нима учун ўлишлари кераклигини билмас ҳамда оммавий тарзда хизматдан қочиш ҳолатлари кўп бўлган (дезертирство). Ўша кунларда кўрсатилган кам сонли қаҳрамонликлар билан бирга Қизил армия қисмлари, бўлинмаларининг оммавий тарзда хизматдан қочишларига ишониш қийин эди. Константина Симоновнинг урушнинг энг биринчи юз кунида юз берган тартибсизликлари (хаос)  акс этилган “Урушнинг 100 куни” деб номланган китоби Совет иттифоқида нашр қилинмаган (мазкур китоб 1982 йили қаттиқ ўзгаришлар билан “Урушнинг ҳар хил кунлари” деган номи билан нашр қилинган). Фақат тўсувчи отрядлар ва жазо батальонлари пайдо бўлишлари билан қўшинларда тартиб ўрнатилди ва шундан кейингина қизил армия ижобий натижаларга эриша бошлади ва ҳоказо.

Тўртинчи уйдирма
Уруш вақтида барча олмонлар фашист бўлган, ҳар бир ҳарбий эса ЭсЭсчи бўлган.
Аслида
Бу уруш билан боғлиқ бўлган энг катта муаммо эмас (буни “кичик уйдирма” деса ҳам бўлади), бироқ адолат юзасидан германияликлар ҳақида бир икки нарса деб қўйишимиз ҳам керак. Улар бугунги тарихда қозонган ўринларига лойиқ бўлмаса керак. Уларнинг кенг миқёсли минг йиллик маданиятлари, буюк тарихи бўла туриб, биз фақат “Хенде хох” ва “Гитлер капут”нигина биламиз. (Яъни, шунга ўргатилганмиз.)
"Иккинчи рейх”нинг мағлуб бўлганидан кейин катта ва бой маданиятга эга, ҳарбий анъаналари кучли бўлган мамлакат ўзи билан улкан харобаларни қолдирди. Аввалида вермахт ҳар қандай сиёсий туслардан ҳоли бир ташкилот сифатида шаклланган эди: “ҳужумчи отрядлар” (“ҳужумчилар”, “жигарранг кўйлаклилар”) кабилар бунинг акси эди. “Узун пичоқлар кечасидан” сўнг (бошқа харбийлашган немис ташкилотлари) вермахт таркибига киришади, бироқ уларнинг у ерда таъсири катта бўлмаган. Вермахт раҳбарияти 1939 йилгача сиёсатга аралашмаган. 1944 йил 20 июлда Гитлерга қарши юқори лавозимдаги ҳарбийлар уюштирган суиқасддан сўнг Гитлер барча генаралларни партияга аъзо бўлишга мажбурлаган эди.
Ўшандаги маҳкама ҳукмига кўра, 20 июн куни битта фелдмаршал, 19та генерал, 26та полковник, 2та элчи, 7та дипломат, 1та вазир, 3та давлат котиби ва рейх криминал полициясининг шефи отиб ташланди. (Умумий ҳисоб билан 200 одам маҳкама қарори билан, 5000 га яқини эса маҳкама ҳукмисиз отилган яна 7000га яқини ҳибсга олинган ва концлагерларга юборилган). Булар орасида адмирал Канарис (пўлат симга осиб ўлдирилган) ва Роммеллар (ўзини ўзи отиб ўлдиришга имкон берилган) бор.
Вермахтнинг оддий ҳарбийлари орасида урушнинг сўнгигача натсистлар партиясига аъзо бўлганлар деярли учрамайди: улар кўпроқ зобитлар орасида учраб турар эди ва уларнинг сони Вермахтда 5 фоиздан ошмаган. Ҳарбий хизматга чақирилганлар ва кўнгиллилар СС қисмларига тушишга ҳаракат қилишар эди, чунки бу қисмлар кўп имтиёзларга эга эди. Бошқа тарафдан эса, улар анча сиёсийлашган бўлиб, тинч аҳоли орасида тозалаш ишлари, комиссарларни, яҳудийларни қатл қилиш бўйича деярли барча буйруқларни сўзсиз бажарар эди ва шу каби топшириқларни амалга оширар эдилар. Шундай бўлса ҳам СС баъзи ҳолатларда партиянинг одамхўрликка рухидаги буйруқларга қаршилик кўрсатар эди.
Оддий немислар учун натсистларнинг иқтидорга келиши кутилмаганда юз берди: худди Россия ҳукуматига камсонли ва унчалик таниқли бўлмаган коммунистлар партияси келгани каби. Урушдаги мағлубиятдан сўнг немислар ўзларининг натсизмга оид ўтмишларидан покланишига бўлган ҳаракатлари (денацификация, миллатчиликка асосланган партияларнинг тақиқланиши ва ҳоказолар), шубҳасиз таҳсинга сазовордир. Бу ўз тарихларида шундай босқичлардан ўтган бошқа миллатлар учун ҳам ўрнакдир. (Масалан Россия жуда кўп мамлакатларни босиб олган, босиб олинган ҳудудлардаги аҳолига, айниқса уларнинг зиёлиларига нисбатан қатоған сиёсатига узил-кесил муносабатини билдириш керак. Сўнгги вақтларда Россияда урчиб кетган миллатчилар, Совет иттифоқига қайтишни қўмсаш каби иллатларга қарши чора-тадбирларни кўриши керак бўлади).

Бешинчи уйдирма
Фашистик Германия устидан фақат Совет иттифоқи  ғалаба қозонган (Совет иттифоқи ва унинг меросхўри ҳаммани шунга ишонтирмоқчи бўляпти).
Аслида
Йирик мамлакатлар коалицияси ўртасида юз берган глобал ҳарбий конфликтда бир мамлакатнинг бошқа бир мамлакат устидан қозонган ғалабаси ҳақида гапириш нотўғридир. Бу нафақат истилоҳий маънода нотўғри, балки инсонийлик юзасидан ҳам хунук: “Ғалаба” деб номанган апелсинни кўп хисса қўшган ёки кам хисса қўшганларга бериш керак, деб ажратиш умуман одоб ва адолатдан эмас. Коалициянинг барча ҳарбийлари жангчи биродарлардир ва уларнинг ҳар қайсининг ҳиссасининг қадри бебаҳодир. Ҳарбийлар бир хил тарзда ҳалок бўлишган – ерда, денгизда ва ҳавода, ҳудди ғалаба ҳақида айтилган машҳур қўшиқларининг бирида айтилмоқчи, у “барча учун битта” бўлган.
Биринчи уйдирмада зикр қилганимиздек, урушнинг бошидан охиригача иштирок этган ягона мамлакат Британия империяси ҳисобланади. Бугун “Британия” дейилганида кўпчилик фақат Британия оролларини тасаввур қилса керак. Бироқ 1939 йили Британия инсоният тарихида мавжуд бўлган давлатларнинг энг каттаси бўлган. Ер куррасининг чорагига тенг келадиган ҳудудга эга бўлиб, 480 миллион одамнинг уйи ҳам эди (Ер куррасининг чорак аҳолиси). Британия империясининг таркибига Британиянинг ўзи, Ирландия, Австралия, Янги Зеландия, Янги Гвинея, Канада, Ҳиндистон (ҳозирги Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Бирма ва Шри-Ланкалар), Гайана (Британия Гвианаси), Африка қитъасининг тўртдан бири ва Яқин Шарқ минтақасининг катта қисми (замонавий Исроил, Урдун, Ироқ, Кувайт, Оммон, Ямон ва Бирлашган Араб амирликлари) кирар эди. Британия Империясида ҳақиқатдан ҳам ҳеч қачон қуёш ботмас эди.
Мазкур мамлакатнинг иқтисодий ва ҳарбий қудрати Учинчи рейхникидан анча устун эди.  Бироқ бу кучлар бутун дунё бўйлаб “сочилганлиги” учун ҳамда ҳарбий ҳаракатлар асосан Европада бораётгани учун асосий кучлари Европада жойлашган Германия билан курашда британияликлар имконияти анча чекланган эди.  Немисларнинг Полшадаги блиц-криги, Бенилюкс мамлакатлари ва Франциядаги урушларидан сўнг немислар ва инглизлар ўртасида узоқ давом этган позицион уруш авжига чиқди ва бу уруш “Аалантика учун кураш” деган ном олди. Бу кураш деярли 6 йил давом этди ва тахминан 100 000 одамнинг бошига етиб, Атлантика океанини ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган асосий майдонларининг бирига айлантирди. 
Ҳарбий ҳаракатлар давом этган бошқа муҳим майдонлар – Шимолий Африкада немислар билан инглизлар қуруқликда жанг қилишган, Хитойда (Жанубий-Шарқий Осиё) Япония империяси ўзи босиб олган кўп мамлакатлар билан жанг олиб борган, Тинч океанида  Япония империяси ва АҚШ ўртасида 1941-1945 йили давом этган денгиз жанглари ва албатта “Шарқий фронт” – Шарқий Европа ҳудудларида давом этган ҳарбий ҳаракатларда Учинчи рейх ва Совет иттифоқи ўртасида бўлиб ўтган жанглар.
Ҳарбий ҳаракатларнинг сўнгги майдони миқёси, талафотлари ва қурбонлар сони билан энг йириги эди. Иттифоқчилар орасида бу жанглар ҳеч қандай истисносиз энг муҳими ҳам эди. Шунинг учун ҳам 1941 йили 22 июнидан бошлаб АҚШ Совет иттифоқини “ленд-лиз”  - қурол-аслаҳа, материаллар ва керакли нарсаларни “қарз”га етказиб бериш дастурига киритади. Ленд-лиз - АҚШ нинг иккинчи жаҳон урушидаги иттифоқчиларига техника, қурол яроғ, стратегик хом-ашё ва товарларни қарз эвазига таъминлашга қаратилган давлат дастури. Ҳудди шу шаклдаги дастур бўйича АҚШ Британияга ҳам керакли нарсаларни етказиб берган. Умумий ҳисоб билан Совет иттифоқига ленд-лиз орқали 11 миллард долларга маҳсулотлар етказиб берган (ҳозирги пулнинг қадри билан 140 миллард доллар бўлади), 17 ярим миллион тоннага тенг турли хил товарлар, қурол-яроғлар, самалётлар, паровоз, автомобил, кемалар, машина ва ускуналар, озиқ-овқатлар, рангли ва қора металлар, кийим-кечак, материаллар, кимёвий реактивлар ва ҳоказолар. 330 минг литр спиртни ҳам алоҳида таъкидлаш зурур.
Баъзи йўналишлар бўйича, Совет иттифоқида ленд-лиз тарзида олинган товарлар совет саноатида умумий уруш даврида ишлаб чиқарилган махсулотнинг икки ярим марта кўпини ташкил қилган: масалан ленд-лиз бўйича, 1941-1945 йилларда Совет иттифоқида фойдаланган портлаш моддаларининг учдан бири,  40 фоиз мис ва 50 фоиздан кўп алюминий, кобальт, олова, жун, темир йўл рельслари ва ҳоказолар. Советлар саноати ишлаб чиқарган икки баробар кўп локомотивлар, Студебеккер шассисига жойлаштирилган “катюша”нинг аксар қисмлари, фронтга юборилган қарийб барча гўшт консервалари Америка маҳуслоти эди. (Айтмоқчи, Совет иттифоқи олган ленд-лиз қарзларини бошқа мамлакатлардан фарқли равишда ҳали ҳам узмаган).
“Биз буларсиз ҳам ғолиб бўлар эдик” ёки “Агар биз бўлмаганимизда улар мағлуб бўлишарди” каби гап-сўзлар ортиқчадир. Бироқ кўп-гап сўзлар айнан шу маънодаги гап-сўзларга бориб тақалаверганидан сўнг, бу ерда ўзимнинг шахсий фикримни билдириб ўтсам. Менинг фикри ожизимча, инглизларнинг Атлантика учун олти йиллик қаҳрамонларча олиб борган курашисиз, юзминглаб совет фуқароларининг ҳаётларини сақлаб қолишга сабаб бўлган америкаликларнинг ленд-лиз воситасида тўрт йиллик пуллик ёрдамларисиз ҳамда яна жуда кўп бошқа халқларнинг катта-кичик ҳаракатлари, душманга кўрсатган қаршиликларисиз Совет иттифоқи Учинчи рейх устидан ғалаба қозониш имконияти деярли йўқ эди. Кўп эҳтимолга кўра, буларсиз Совет иттифоқи мағлуб бўлиши муқаррар эди. Такрор айтаман: бу менинг фикри ожизим.
Ва, айтмоқчи, агар урушда Совет иттифоқи мағлуб бўлган тақдирда ҳам урушда Британия империясининг қудрати ва Америка Қўшма Штатларининг бойлиги ўз ишини қилиб, улар ғолиб бўлиши эҳтимоли юқори эди. Фашизм инсоният тариихда бир бало, катта зулм эди ва унга қарши бир мамлакат эмас, балки кўпчилик бўлиб курашилган ва Аллоҳ таоло ғалаба ато этган...

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

 
Баннер