Қадимги хуннларнинг қудратли ҳукмдори Аттила анъанавий тарзда буюк туркий саркардалар рўйхатида биринчи ўринда тилга олинади. Туркий халқлар бугунги ҳудудларини эгаллашидан анча илгари бутун Европани ларзага солган бу шахс ўз давридаёқ афсонага айланиб улгурганди. VI аср гот тарихчиси Иордан уни: “Барча хуннлар ҳукмдори ҳамда варварлар ичидаги афсонавий шуҳрати бўйича Скифиянинг бутун қавмлари орасидан чиққан дунёда ягона ҳайратга сазовор шахс” деб таърифлаганди. Европа санъатида Аттила ғарблик бўлмаган тарихий шахслар ичида энг кўп тилга олинадиганларидан биридир. Унинг номини қадимги герман-скандинав манбаларидан тортиб Ўрта аср Европасида яратилган китобларда, XVI-XIX аср рассомларининг ижодида, бугунги дунё адабиётида учратиш мумкин. Аммо Аттила шахсиятига энг катта қизиқиш билан қарайдиган қатлам, ўз-ўзидан тушунарли-ки, бугунги туркий халқларнинг зиёлиларидир. Унга атаб битилган мақолалар, шеърлар, илмий-оммабоп ва бадиий китобларни санаб адоғига етиб бўлмайди.
Тарихни ардоқлаш, машҳур шахслар номини эъзозлаш ҳурматга лойиқ ишдир. Фақат туркий халқлар маданият аҳлининг Аттила шахсиятига ёндашуви Ғарб халқлари ёндашувидан сезиларли фарқ қилишини нуқтаи назарлар тўқнашуви билан тушунтириш мумкин. Европаликлар учун Аттила – Худонинг ғазаби, римликларни жазолаш учун юборилган ваҳшат, минглаб одамларнинг умрига зомин бўлган босқинчи; туркий халқлар учун эса у – қаҳрамон, туркларни олис ўлкаларга олиб бориб, уларнинг бошқа қавмлар устидан ҳукмронлигини ўрнатган шахс. Тарихда буйруқ-истак майли бўлмайди, деган гап бор, зеро ўтмишни қайтариб, уни истакларимизга монанд ўзгартириб бўлмайди. Шунинг учун тарихий шахсларни бугунги нуқтаи назардан баҳолаш, уларни яхши-ёмонга ажратиш ҳам тўғри эмас. Аммо ҳар ишда меъёр бўлгани маъқул. Биз назарда тутаётган нарса – айрим ёзувчи ва публицистларнинг ўз ишларида Аттила номини илоҳийлаштириш даражасига бориши, уни “буюк бобокалон”лар сирасига киритиб, кўкларга кўтариб мақташи. Бундай иддаоларни исботлайдиган фактларни ҳар доим ҳам ўтмиш саҳифаларидан топиб бўлмагани учун ўрни келганда ўз ғояларини уйдирма фактлар билан “қўллаб-қувватлайдилар”. Тарихни сохталаштириш эса ҳеч қачон илмий ҳақиқатни англашга хизмат қилмаган, бундай ишларга қўл урадиганларнинг асосий мақсади фанни сиёсийлаштириш, шу билан ўз миллатининг тарихий ва мадний меросини сунъий равишда бойитиш бўлади. Публицист Мурод Ҳожининг Аттила ҳақидаги фикрларига эътибор беринг: “Римликлар қипчоқлар учун жўрттага турли лақаблар ўйлаб топишар эди, улар устидан ғалаба қозонган ғолибларнинг номини тилга олишни исташмас эди! Шу даврдан бошлаб қипчоқларга “халқлар тўдаси”, “қабилалар иттифоқи”, Аттила томонидан тўпланган “хуннлар” сифатида қарашади”. “433 йилда Аттила Дашти қипчоқ номли улкан давлат тахтига минди”. Кўриниб турибдики, М. Ҳожи Аттила мероси доирасини янада “торайтириб”, уни барча туркларга эмас, айнан қипчоқларга тегишли деб эълон қилмоқда. Тарих илмига бош суқиб кўрадиган барча публицистлар сингари, у ҳам ўз фикрларини ҳеч нарса билан далилламайди. На илмий тадқиқотларга, на қадимий манбаларга таянмайди. Албатта, бу тушунарли, негаки унинг бадиий тўқимасини тамоман йўқ қилиш учун битта-ягона манба ёки илмий тадқиқотни ўқиб чиқишнинг ўзи етарли бўлади. Ахир Аттила даврида қипчоқлар бошқа туркий қавмлардан алоҳида мавжуд бўлгани катта сўроқ остида, улар мавжуд бўлган тақдирда ҳам Аттилага мутлақо алоқадор эмас, боз устига, тамомила бошқа ҳудудда яшашган, биринчи бўлиб XI-XII аср мусулмон муаррихлари тилга олган “Дашти қипчоқ”да эмас. Бу – сохтакорликка кичик бир мисол. Миллатпарварлик ниқоби остида тарихни бузиб кўрсатувчиларни-ю, улар ўйлаб топаётган “шахсий ҳақиқат”ларни бирма-бир санаб ўтишнинг иложи йўқ. Бир нарса маълумки, академик фан билан таниш бўлмаган оддий ўқувчи ушбуларни ҳақиқат ўлароқ қабул қилиши, шу асосда нотўғри хулосалар қилиши табиий ҳол. Қуйида биз Аттила номи билан боғлиқ айрим мунозарали масалаларга қисқача тўхталиб ўтамиз. Шояд бу ана шундай ўқувчиларга гуручдан курмакни ажратишга ёрдам берса.
Аттилани турклар қачон таниди?
Меросийликнинг муҳим омилларидан бири тарихий хотиранинг мавжудлигидир. Ҳар бир халқ ўз тарихини маълум даражада ўз хотирасига муҳрлайди. Яқин ўтмиш шу воқеаларни бошдан кечирган кексалар ёдида турса, узоқ тарих секин-аста унутилиб боради, шу боис уни асраб-авайлаш зиёли қатламнинг муҳим вазифаларидан бирига айланади. Бу турли йўллар билан амалга оширилиши мумкин. Тарихий хотирани сақловчи энг асосий каналлар – бу халқ оғзаки ижоди ҳамда ёзма маданиятдир. Халқ оғзаки ижоди (фольклор) секинлик билан ярим афсонавий характер касб этиб боради, турли ҳикоячилар унга янгидан-янги бўёқлар қўшиб боради, охир-оқибат унда тарихий хотиранинг кичик бир бўлаги сақланиб қолади. Лекин, шундай бўлса-да, номлар, жойлар, саналар, воқеалар ўзаги – булар асосан ўз ҳолича қолади. Ёзма обидалар бу борада анча мукаммал ахборот канали ҳисобланади. Зеро улар асрлар мобайнида деярли ўзгармайди (баъзи турдаги матнлардан ташқари), ва тарихий далилларни ўз ҳолича авлодлар учун сақлаб қолади. Ёзма манбаларнинг асосий камчилиги – яқин-яқингача кенг оммага етиб бормаганлигидадир. Тарихий хотирани эъзозлашнинг бошқа кўринишлари – тадбирлар ўтказиш, расмлар чизиш, ҳайкаллар ўрнатиш, ОАВ орқали тарғибот юргизиш – XX асрда шаклланган усуллардир. Ўзбек халқининг тарихий хотираси биринчи навбатда унинг оғзаки ижоди намуналарида намоён бўлади. Ибн Сино, Навоий ҳақида кўплаб эртак ва ривоятлар сақланиб қолган. Айрим достонларда подшолар XI асрга оид унвонлар билан аталади (Қорахон, Буврахон каби). Темурийлар ва хонликлар даври давлат ва маданият арбоблари ҳақидаги ярим афсонавий ҳикоятларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Шу билан бирга, на ўзбек фольклорида, на бошқа туркий халқнинг тарихий хотирасида Аттила ҳақида, на хуннлар ҳақида бирор бир маълумот сақланиб қолмаган. Уларнинг номи бирор бир туркий ёзма манбада тилга ҳам олинмаган. Савол туғилади – туркий халқлар Аттилани қачон танишди, ким орқали бу тарихий шахс ҳақида билишди? XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб XX асрнинг биринчи чорагигача бўлган даврда мусулмон дунёсида ўзига хос миллий уйғониш содир бўлди. Қолоқлик ботқоғига ботган, Европа давлатларига қарамлик ҳолатида бўлган халқлар орасида эркинликка интилиш, ўз тарихий илдизларини англаш ғоялари кенг тарқалди. Мусулмон дунёсининг энг асосий қисмларидан бирини ташкил этувчи туркий халқлар орасида айниқса бундай ҳаракат кенг қулоч ёзди. Асрлар мобайнида Европанинг каттагина қисмини эгаллаб турган Усмонли давлати секин-аста қудратини йўқотаётган, кечаги мағлубларига сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қарамликка тушиб қолаётган давр эди. Яхши ривожланган, улкан бойликларга ва қудратга эга бўлган христиан дунёси улардан узоқ йиллик асорат аламини олаётганди гўё. Турли сиёсий ўйинлардан ташқари, Ғарбнинг маданият аҳли орасида ҳам туркларга нисбатан ўта салбий муносабат шаклланганди. Ғарб ахборот майдонини тўлдириб юборган салбий руҳдаги мақолалар, китоблар, бадиий асарларга жавоб тариқасида туркларда ҳам ўз-ўзини улуғлаш тенденцияси вужудга келади. Биринчи бўлиб “Туркийларнинг умумий тарихи”ни ёзган Нажип Осим китобининг муқаддимасида буни тан олади: “туркийларнинг музаффар тарихини баён этарканмиз, бу билан буюк миллат устидан беҳаёларча кулган кимсаларнинг асоссиз иддаоларини фош этишимизга ишонамиз”. Қирим зиёлилари орасида бошланган бу ҳаракат аввал Усмонли давлатида, сўнг Эронда, Россия империясига тобе этилган Кавказ, Ўрта Осиё, Волгабўйи халқлари орасида шуҳрат топди. Дунёнинг турли чеккаларида яшовчи зиёлилар туркийларнинг тарихини қайта кўриб чиқиб, ундан миллий ғурур шакллантириш учун асос қидирар, христиан дунёсига туркийларнинг кечагина келиб қолган ёввойилар эмас, балки буюк халқ эканлигини исботлашга уринарди. Ҳали туркий халқлар маданият аҳли орасида тўлақонли академик муҳит шаклланмаганлиги туфайли бундай нашрларнинг аксарияти кўпроқ публицистик руҳ касб этар, туркийларнинг тарихини улуғлаш, машҳур тарихий шахсларни топиб, уларни кўкларга кўтариб алқашдан иборат бўларди. Бундай асарлар ичида кўплаб келтирилган “буюк турклар”нинг рўйхати доимо янгидан-янги номлар ҳисобига тўлдириб бориларди. Европанинг ривожланган давлатларида, асосан Германияда таълим олган турк зиёлилар Ғарб ёзма манбалари билан ҳам яхшигина таниш бўлганликлари учун уни ҳам ўз мақсадларида кўриб чиқишарди. Шу тариқа мусулмон тарихчилигида, туркий тилли ёзма манбаларда тилга олинмаган, уларга мутлақо нотаниш, лекин айни пайтда Европада асрлар мобайнида тилларда достон бўлган ҳукмдор ва саркарда – Аттила ҳам “буюк турклар” рўйхатига киритилди. Жумладан, Ҳасан Ато Абушийнинг “Туркий қавмлар тарихи”да қадимги турклардан чиққан давлат арбоблари ҳақида мана бундай дейилади: “Оддий хонлардин устун туркий қавмлар ҳам жуда мудаббир ва сиёсий ва бутун оламға ўзларини танутғон мумтоз хонлар ҳам кўб ўлмидир. Хунларнинг бутун Оврўпоға даҳшат солур ва муҳожирати умумия даврини очар қадар ўзина қувват жийғон Атила ва Баламберлари, аварларнинг, Туркистонда улуғ ҳукумат тузган ва Дунай ёқаларина қадар келиб Рум императорларини ўзина итоат қилдирғон Вар ва Хунийлари ила Баёнлари, булғорларнинг Эдил ёқасиндин Истанбул ҳисорина қадар бориб, Қайсарларни хавфга туширган Збирлари ва Окадин Кавказға, Уралдин Дунайға қадар ерларни тасарруфина олғон Кубратлари, тукюларнинг Хинган тоғлариндин Қиримға қадар ҳукумат сурган ва иттифоқи мусаллас каби сиёсий фикрлар йўрутган Култекин ва Буминлари бу жумладиндирлар”. Яъни туркий халқлар XIX аср охирига қадар Аттила ҳақида ҳеч нарса билишмаган, Европа маданиятининг Шарққа кириб келиши муносабати бу ҳолат ўзгарган. Билишлари мумкин ҳам эмасди, чунки бугунги туркийларни Аттила ва унинг халқига боғлайдиган бирор бир ришта йўқ. Негалигини кейинги бўлимда кўрамиз.
Хуннлар ким эди?
Милоддан бир неча асрлар муқаддам Хитой шимолидаги ва шимоли-шарқидаги даштларда кўплаб кўчманчи қабилалар истиқомат қилар, улар тинимсиз равишда яйловлар, янги ерлар ва турфа бойликлар учун ўзаро кураш олиб борарди. Қабилаларнинг келиб чиқиши, тили турлича эди: ғарбда ерларини йўқотиб, кўчиб келган қабилалар билан бир қаторда маҳаллий халқлар орасида ҳам фаол тарихий жараёнлар рўй бераётган эди. Таассуфки, ўша давр кўчманчи қабилаларининг тилига доир бирор бир ёзма ёдгорлик бизгача етиб келмаган, кейинчалик Ўрта Осиёга силжиган юэчжиларга тегишли деб ҳисобланадиган камсонли ёзувлар эса ҳали-ҳануз ўқиб чиқилгани йўқ. Тилшунослик эса тил фактларига, ёзма ёдгорликларга асосланиб иш кўради. Ёзма ёдгорликлар бўлмаганда тадқиқотчиларга қиёсий-тарихий тилшунослик (компаративистика) ёрдамга келади. Биз кўриб чиқаётган давр учун ёзма ёдгорликлар ўрнини маълум даражада қадимги Хитой манбаларида сақланиб қолган глоссалар – кўчманчи қабилаларга мансуб атоқли отлар, топонимлар, унвонлар, алоҳида сўзлар – тўлдириши мумкин. Тахмин қилинадики, дашт зонасини тўлдириб юборган хилма-хил қабилалар ичида тил жиҳатдан бугунги турк, мўғул, тунгус-маньчжур, япон, енисей ва бошқа кўплаб халқларнинг аждодлари билан биргаликда, бошқа, бизга номаълум тилларда сўзлашувчи қабилалар ҳам бўлган: улар кучли рақобатга дош беролмай қирилиб кетган, ассимиляцияга учраган бўлиши мумкин, ҳарқалай бугунги кунда уларнинг лингвистик авлодлари йўқ. Боя айтганимиздек, дашт қабилалари ичидаги жараёнлар шу пайтгача нисбатан кичик ҳудудда бўлинмай яшаб келган қадимий туркларни ҳам четлаб ўтмайди. М.ав. III-II (С. А. Старостиннинг фикрича м.ав. II-I) асрларда улар орасида бўлиниш юз беради. Умумтуркий асосдан бир бўлак ажралиб чиқиб, секин-аста ғарбга силжийди. Яна бир неча асрлардан кейин бу тармоқ анча кучайиб, ўз навбатида қабилаларга бўлинади. Бу қабилалар ичидан энг кучлилари – булғорлар, хазарлар, аварлар – ўз давлатларига асос соладилар. Кейинчалик, VI-VII асрларда туркий халқларнинг бошқа, ёшроқ тармоғи кучаяди, Турк хоқонлигига асос солади, қадимийроқ туркий тиллар янги сиёсий куч таъсирида тушкунликка учраб, ўз ўрнини йўқотади. Тилшунослик – фактлар билан иш кўрувчи фан. Юқорида айтиб ўтилган фикрлар ҳам бўш ўринда юзага келмаган. Туркий халқларда бунақа бўлиниш содир бўлганини билишимизга сабаб – ҳозирга қадар бошқа бирор туркий тилга ўхшамайдиган, архаик унсурларни сақлаб қолган чуваш тилининг борлиги. Агар чуваш тили йўқ бўлиб кетганида, туркий тилларнинг бўлиниши м.ав. III-II асрдамас, нари борса мил. VIII асрда содир бўлган, деган фикрдан нарига ўта олмас эдик. Булғор, хазар, аварларнинг, айрим тахминларга кўра (С. П. Толстов китобларини қаранг) эфталларнинг ҳам айнан чуваш тилига яқин бўлган туркий тилларнинг энг қадимий тармоғида сўзлашганини билишимизга сабаб – бу тиллардан бизга қадар етиб келган глоссаларнинг фонетик хусусиятлари чуваш тилига айнан мос келиши (ротацизм – умумтуркий z товушининг чуваш тилида r га мос келиши (toquz=taxar), ламбдаизм – умумтуркий ş нинг чуваш тилида l га мос келиши (kumuş=kumul) кабилар). Демак, туркий бобо тилнинг қачон бўлингани тўғри аниқланган, дейишга асосимиз бор. Тадқиқотчилар олдида турган галдаги вазифа умумтуркий ареалдан ажралиб чиқиб, мустақил сиёсий ўйинчи сифатида фаолият юритган, кейинроқ ғарбга силжиб, илк ўрта асрларда маълум бўлган булғор, хазар ва аварларга бошланма берган қабилани аниқлашдан иборат. Бу барча талабларга қадимги хунну қабиласи жавоб беради. Авваламбор, кўрсатилган даврда ушбу қабила кучга тўлиб, бошқа рақобатчилари устидан ҳукмронлигини ўрната бошлайди, кейинги бир аср мобайнида Хитой билан урушлар олиб боради. Иккинчидан, хунну (ёки сюнну) номли қабила илк бор м.ав. III аср Хитой манбаларида тилга олинади. Бу – юқорида таҳлил қилганимиз туркий бобо тилнинг бўлинишига айнан мос келувчи сана. Шундай экан, хуннуларни туркийлар ҳамда булғорларни боғлаб турувчи халқа дейишга асослар бор. Бу тахминни мустаҳкамлаш учун керакли нарса – Хитой манбаларида хунну тилидан сақланиб қолган глоссалар этимологиясини туркий тиллар материаллари ёрдамида амалга ошириш. Аммо бу – энг қийин вазифа, зеро хитой тилининг ўзига хос товуш таркиби хорижий сўзларни тўлақонли ўзлаштиришга имконият бермаган. Хитойларнинг иероглиф ёзуви ҳам масалани анчайин мураккаблаштиради – ҳар бир иероглиф турли даврларда турлича ўқилган. Шунинг учун хуннуларнинг туркий қабила эканлиги ҳақидаги тахмин, гарчи кўпчилик тилшунос ва тарихчилар томонидан қўллаб-қувватланса-да, бугунги кунга қадар тахминлигича қолмоқда. Лекин бу ягона назария эмас. Хуннулар ҳақида биринчи бўлиб тадқиқот олиб борган Г. П. Паллас (XVII аср) уларни мўғул тилли халқ деб ҳисоблаган. XIX асрда бу қарашни Ф. Бергман, И. Шмидт, К. Ф. Нейман, Х. Хоуорс, А. Терри, Н. Я. Бичурин кабилар ҳимоя қилишган. XX аср олимлари сирасидан хуннуларни мўғулзабон деб ҳисоблайдиганлар – А. П. Окладников, Н. Н. Диков, Г. Н. Румянцев, М. В. Воробьёв, Б. Б. Дашибалов ва бошқалар. Хуннуларнинг тили ҳақида қуйидагича қарашлар мавжуд: хуннулар туркийзабон бўлган; мўғулзабон бўлган; финн-угор қавмларидан бири бўлган; турк, мўғул, тунгус ва финн тилли қабилалардан иборат бўлган; енисей тилларида сўзлашган; эроний қабилалардан бири бўлган (Э. Г. Пуллибленк); бугунги кунда авлодлари сақланиб қолмаган номаълум тилда сўзлашишган, бу тил унсурлари бугунги енисей тилларида адстрат (“келгинди” тил унсурлари, субстрат – маҳаллий тил унсурларига қарама-қарши тушунча) ҳолида сақланиб қолган. Хунну тилидан сақланиб қолган бир нечта сўзларгина туркий этимологияга эга. Булар: täŋri – осмон; ordo – ўрда, қароргоҳ; tägin – тегин, шаҳзода; χaγan – хоқон ва χiəp-γəu – ябғу сўзларининг соф туркий эканлиги шубҳа остида. Аммо булар ўзлашма сўзлар ҳам бўлиши мумкин. Бошқа сўзлар эроний, мўғул, енисей тиллари орқали тушунтирилади. Хуннуларни туркийзабон деб ҳисоблайдиган олимлар ичида ҳам ягона фикр мавжуд эмас. Айрим тадқиқотчилар хуннуларни умумтуркий тилда сўзлашган деб ҳисоблайди, Б. А. Серебряников каби олимларнинг фикрича эса, тил жиҳатдан улар фақат бугунги чувашларга аждод бўла олади. Хуннуларнинг келиб чиқиши, тили ҳақидаги илмий қарашларнинг қисқача баёни мана шулардан иборат. Кўриб турибмизки, олимлар ичида ягона фикр йўқ, ягона фикр шакллантириш учун етарли бўлган бирор-бир манбанинг ўзи ҳам йўқ. Шундай экан, хуннуларни баралла овоз билан бугунги туркларнинг аждоди деб эълон қилишга, хуннуларнинг номи сақланиб қолган ҳукмдорларини “буюк турклар” қаторига қўшишга қанчалик асосимиз бор? Агар хуннуларнинг туркийзабонлиги исботланган деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам, бугунги туркий халқларнинг (чувашлардан ташқари) аждодлари улар эмас, балки Турк хоқонлиги давридан Евроосиёда тарқала бошлаган “янги” турклардир. Хуннулар билан алоқалар эса бундан 2200-2300 йиллар муқаддам узилиб кетган. Ҳаттоки янги туркий тиллар қадимий туркий тилларни ассимиляцияга учратиб, уларнинг деярли йўқолиб кетишига сабаб бўлган. Мил. V асрдан бошлаб хитойча манбаларда хуннуларнинг тилга олинмаслиги, фақат туркларнинг тилга олиниши ҳам бежизга бўлмаса керак. Юқоридаги фикрларнинг бари Хитой атрофида яшаган хунну ёки сюнну номли қабилага оид. IV-VI асрлар Европа манбаларида тилга олинадиган хунн қабиласи эса янада мураккаброқ тарихга эга. Хитойдан мағлубиятга учраган хуннуларнинг кичик бир қисми ғарбга силжийди, у ерда истиқомат қилаётган финн-угор ҳамда эроний тилда сўзлашувчи сармат қабилалари билан қўшилиб кетади. Шарқдан унча катта аҳоли кўчиши кузатилмаган, тинимсиз жангу-жадаллар шароитида эса аҳоли сонини ички ресурслар ҳисобига тўлдириб бориш имконсиздир. Шунинг учун, гарчи хуннлар ҳукмрон мавқега эга бўлса-да, лекин угор ва эроний тилли қабилаларнинг таъсирида уларнинг тили, маданияти ва антропологияси катта ўзгаришларга учраган. Хуннлар ўз тилини сақлаб қолган тақдирида ҳам бошқа тиллар таъсирида қолишган. Хуллас, мана шу хуннлар II-III асрларда қабилавий иттифоқ тузиб, Шимолий Европага кириб боришади. Кейинги уч асрлик тарихи мобайнида улар Марказий Европага қадар етиб, ҳатто Рим шаҳрини эгаллаш даражасидаги қудрат соҳиби бўладилар. Лекин хуннларнинг сиёсий тарихини баён қилиш мақоламиз вазифалари сирасига кирмайди. Биз уларнинг этник ва лингвистик тарихи борасида баҳс юритамиз. Европада макон қурган хуннлар эндиликда янги қабилалар таъсирида қолишади. Буюк кўчиш таъсирида Европанинг ўзида кўплаб қабилалар ҳаракатга келган бўлиб, улар хуннлар билан турлича муносабатларга киришади: айримлари душманлик кайфиятида бўлсалар, бошқалар уларга бўйсунади, яна баъзилари билан иттифоқ тузилади. Қадимги герман қабилалари ичида энг нуфузлиси ва кўпсонлиси готлар эди. Тахминларга кўра, V-VI асрларда хуннларнинг катта қисми гот тилида сўзлаша бошлаган ёки, энг камида, гот тилининг хуннлар тилига таъсири ниҳоятда кучли бўлган.
Аттила исмининг маъноси нима?
Аттила “буюк турк” деб эълон қилинган экан, унинг фаолиятини бўёқдор қилиш, кўпиртириб тасвирлаш билан бирга, унинг номини бирор туркий сўзга боғлаш ҳам талаб қилинарди. Зеро бу унинг туркий бўлганлигини исботлаш учун қўшимча далил бўлиши мумкин эди. Ана шундай мулоҳазалар натижаси ўлароқ туркий халқлар зиёлилари орасида Аттила исмининг турли-туман туркийча этимологиялари олға сурилди. Бу этимологияларни профессионал тилшунослар эмас, балки ҳаваскор публицистлар ўйлаб топганлари учун улардан бирортасини илмий жиҳатдан асосли, мукаммал деб бўлмайди. Этимологияларнинг аксарияти профессионал тилшунослар орасида ҳазиломуз тарзда “эҳтимология” деб аталадиган “халқ этимологияси”га доир. Эҳтимологиянинг асосий белгилари – ҳеч қандай фонетик ва лексик қонуниятларнинг тан олинмаслиги (бундай ҳаваскорлар тил, сўз ва товушлар мунтазам равишда ўзгариб боришини хаёлларига ҳам келтирмайдилар), сўзлар фақат шаклий ўхшашлик асосида бугунги тиллардан саралаб олиниши (беш минг йил олдинги Миср ёки Шумер манбаларида учрайдиган сўзларни шаклий ўхшашлик асосида бугунги ўзбек, қозоқ ёки озарбайжон тилидаги сўзлар ёрдамида тушунтиришга уриниш), қадимги тилларнинг ўзига хос товуш таркибини ҳисобга олмасдан, бугунги тилларга мослаб ёзилган шаклларга асосланиб мулоҳаза юритиш (“хунн” сўзи бугунги тилларга мослаб қабул қилинган талаффуз шакли, қадимги хитой ва юнон тилларида бу сўзнинг талаффузи жуда катта фарқланади), ниҳоят, тил ривожланиши мантиғини тамомила четга суриб қўйиш (туркий халқлар Америкада ҳеч қачон бўлмаганлигини ҳисобга олмай туриб ҳиндулар тилидан туркий тилларга ўхшашлик қидириш). Ёрқин мисол тариқасида Самарқанд шаҳри ҳақидаги китобларда кўп учрайдиган “халқ этимологиялари”ни келтириш мумкин. Абу Тоҳирҳожанинг “Самария” китобида бундай этимологиялардан еттитаси келтирилади. Улардан энг кенг тарқалганлари иккита: “Самар кант” – “Самар (исмли одам) қазиди” ҳамда “Семиз кент” – “семиз (яъни бой) шаҳар” вариантлари. Аттила номи ҳақида ўйлаб топилган асосий “халқ этимология” лари қуйидагилардир: - ata – ота ва el – эл: Ота эл. Бу сўзлар бирикишидан қандай маъно ҳосил бўлиши одатда тушунтирилмайди; - atlı – отли, яъни суворий, чавандоз. IV-VI асрларда хунн тилида -lı қўшимчасининг бўлган-бўлмаганлиги номаълум; - Etilli – Идилли, яъни Волга дарёси бўйидан келиб чиққан. Аттиланинг Волгабўйига қандай алоқаси борлиги ҳам тушунтирилмайди – у мутлақо бошқа географик ҳудудда туғилиб ўсган ва фаолият юритган. Бу ҳам майли, унинг даврида Волга дарёси Итил деб аталгани ҳам шубҳали. Бу – анча кечки ном, ундан олдин эса дарё Ра (Рав) деб аталган, бу ном, жумладан, Птолемейнинг харитасида қайд этилган. Аммо юнон ва рим манбаларида хуннлар ҳукмдори исмининг Attila тарзида ёзилишиёқ юқоридаги “этимология”ларни пучга чиқаради. Аввало сўз ўртасида tt геминатининг (иккиланган ундошининг) қўлланиши туркий тилларнинг темир қоидаси – урғунинг доимо охирги бўғинга тушишига мос келмайди. Масалан, агар келтирилган вариантлардан учинчиси тўғри бўлса эди, геминация ҳодисаси t да эмас, l да кузатилар эди. Юнонлар ва римликлар “варварча” сўзларни қай тарзда олиб берганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, Attila сўзида туркий тилларнинг навбатдаги темир қоидаси – сингармонизм (бир сўзда фақат олд қатор ёки фақат орқа қатор унлиларининг қўлланиши) бузилгани ҳам кўринади. Шунинг учун бундай хомаки этимологиялар нуфузли туркологлар ва олтойшунослар Г. Дёрфер ва Ж. Бьюри томонидан кескин танқид қилинган эди. Аттила исмининг келиб чиқиши бугунги кунга қадар аниқланган эмас. Лекин юқоридаги фикр-мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда кўпгина тадқиқотчилар бу исмнинг туркийча бўлмаганини тан оладилар ҳамда уни бошқа тиллардан тушунтиришга уринадилар. Гот тилининг илк ўрта асрларда нуфузи баланд бўлганлигини айтиб ўтдик. Гот (ёки унга яқин қариндош бўлган гепид) тилида atta – ота сўзи ҳамда -ila кичрайтириш қўшимчаси қайд қилинган. Яъни, гот тили материалларидан келиб чиқадиган бўлсак, attila – atta “ота” сўзининг диминутив (кичрайтириш-эркалаш) шаклидир. Аммо бу ҳам бир тахмин. Публицистлардан фарқли равишда, илм-фан одамлари муайян масала бўйича узил-кесил хулоса қилишга шошилмайдилар.
Хулосалар
- хунну (сюнну) ва хунн қабилаларининг келиб чиқиши, тили, тарихи ҳақидаги маълумотлар хитой, юнон ва рим тилларидаги узуқ-юлуқ дараклардан иборат. Бу асосда уларнинг тарихини тўла ёритиб бўлмайди, уларнинг келиб чиқиши хусусида аниқ фикр ҳам айтиб бўлмайди. Бу бўшлиқни маълум даражада археология, антропология ва лингвистика материаллари тўлдиради; - хуннларнинг тили ҳақида фақатгина бошқа тиллардаги ёзма манбаларда сақланиб қолган бир нечта сўз асосида фикр билдириш мумкин. Хунн тилининг ўз манбалари сақланиб қолмаган. Сақланиб қолган камсонли сўзларнинг катта қисми хитой ёки юнон тилининг таъсирида жиддий ўзгаришга учраган. Бу сўзларнигн кичик бир қисминигина туркий тиллар орқали тушунтириш мумкин; - хуннларнинг этник ва лингвистик келиб чиқиши ҳақида турлича қарашлар мавжуд. Улар ичида энг машҳури хуннларнинг туркийзабон халқ бўлгани ҳақидаги қарашдир. Лекин, бу назарияни исботланган ҳақиқат деб тан олсак ҳам, хуннлар бошқа туркий халқлардан 2000 йилдан олдинроқ ажралиб кетган, кейинчалик заиф алоқаларда бўлиб турган туркий тилларнинг архаик бир шаҳобчасига мансуб. Бугунги туркий халқларнинг аксарияти эса тил жиҳатдан тамомила бошқа, Турк хоқонлиги давридан тарқала бошлаган шаҳобчага мансуб; - хуннлар дастлаб туркий тилда сўзлашган бўлишлари мумкин, лекин Аттила замонида, афтидан, Европа тилларидан бирини қабул қилишган. Хусусан, Аттила исмининг ўзи ҳам туркий тилдан этимология қилинмайди; - IV-VI асрлар ёзма манбаларида тилга олинадиган Европа хуннлари туркийларнинг асосий қисмидан узилиб қолишган эди, улар асосан Европанинг кўчманчи ва ўтроқ аҳолиси билан фаол алоқада бўлишган. Кейинчалик иттифоқнинг тарқалиши билан хуннларнинг қолдиқлари Шарқий Европанинг турли ўлкаларида муқимлашиб, бошқа халқлар таркибига қўшилиб кетган. Бир сўз билан айтганда, Аттила хуннларининг генетик авлодлари ҳозирги туркий халқлар орасида йўқ; - юқоридаги сабабларга кўра ўрта асрлар ҳамда бугунги кун туркий халқлари орасида Европа хуннлари ҳақида ҳам, Аттила ҳақида ҳам ҳеч қандай тарихий хотира сақланиб қолмаган; - агар хуннларнинг туркийзабонлигини исботлайдиган далиллар базаси кенгайса, Аттилани буюк туркий саркардалардан бири сифатида тан олиш мумкин. Лекин унинг шахсини илоҳийлаштириш, тарихий қаҳрамон даражасига кўтариш, ярим афсонавий воқеаларни унга нисбат бериш (Мурод Ҳожи асаридан келтирилган парчаларга қаранг), уни бугунги туркларнинг бобокалони деб эълон қилишга ҳеч қандай асос йўқ. Ҳозирги туркий халқлар тарихида у ҳеч қандай рол ўйнамагани кўрсатиб берилди деб ўйлаймиз.
Эльдар АСАНОВ
|