Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Навоий қурдирган масжидлар
03.09.2013 16:57    PDF Босма E-mail

Ҳижрий 844 йили Рамазон ойи ўн еттисида туғилган Низомиддин Мир Алишер Навоий Ислом неъматидан беқиёс даражада баҳра олгани туфайли ҳам бутун ижоди имон нури билан шуълаланиб туради.

Одамийликнинг энг улуғ ғояларини гўзал шаклда қалбга муҳрлайди. Ҳазрат Алишер Навоийнинг динимизг ихлос ва муҳаббати ҳаётда ҳам катта миқёсда кўп савобли ишларнинг амалга ошишига сабабчи бўлган. У Хуросонда Ислом равнақи учун ибодат аҳлига имкон қадар яхши шароит яратишга алоҳида эътибор берар эди. Улуғ шоирнинг замондоши, шогирди, машҳур тарихчи олим Хондамирнинг "Макоримул ахлоқ" тарихий асарида бу ҳақда қимматли маълумотлар бор.

...Бу обидлар ва бандалар паноҳининг жума ва бошқа намозларни жамоат билан ўташда ғайрати шу даражага етган эдики, Марғани боғида ғоят зийнатли бир масжид бино қилиб, ўз замонининг атоқли қориларидан Хожа Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳни имом белгилади ва ўзи у ерда беш вақт намозга ҳозир бўларди. Шунингдек, эшикдаги мулозимларни намоз адосига тарғиб қилиш, бирор кишидан ноўрин иш содир бўлса, жазолаш учун бир мухтасиб (тергаб турувчи) белгилаган эди. Шунингдек, Марғани боғи қаршисида бир маҳобатли масжид қурган, ҳақиқатан, бу бинонинг дилкушо фазоси қурувчи қалбнинг поклигидан дарак беради...

Бу хайрли бинолар қурувчи (ҳазрат Алишер Навоий)нинг қайта қурган масжидларидан бири Ҳирот жомеъ масжидидирки, (у) ҳақиқатан, илоҳий файзларнинг тўпланган жойи ва узлуксиз кудуратларни кетказувчидир.
Султон Соҳибқирон салтанати даврида, "Мақсура суффаси"нинг айвони қаттиқ зарарланди, гумбазнинг шипи хароб ҳолга келди. Юксак деворлари намозхонлар белидек букилди, пиллапоя устунлари сажда қилувчилар каби юзини ерга қўйди. Оқ ганчлар баланд шиплардан кўчиб тушди, қора тупроқлар саҳн юзасига тўпланди.
Мана бу ҳол у илҳоми илоҳийнинг равшан кўнглида жой олиб, у бинони қайта қуришга бел боғлади. Подшоҳи Исломдан (Ҳусайн Бойқаро) ижозат олиб, 903 йили шаъбон (1498 йил, март-апрел) ойида гумбазни ва "Мақсура" тоқини очишга амр қилди. Шундан кейин ўткир меъморлар ва синчков муҳандисларнинг маслаҳати билан, илгарисидан мустаҳкамроқ қилиб қуришга буюрди. "Мақсура суффаси"нинг икки томонида иккита юксак айвон вужудга келтирилиб, бунинг туфайли катта тоқ суянчиққа эга бўлди ва мустаҳкамланди ва у Қурувчи бинонинг тез битишига қаттиқ аҳамият берганидан, ҳар куни иш бошига ташриф қилар, кўпинча этакни бар уриб, мардикорлар қатори ишлар эди. Ҳар неча кунда меъморлар, усталар, балки барча ҳунармандларга қимматбаҳо тўнлар кийгизар ва беҳад инъом ва эҳсонлар билан уларни шодлантирар эди.

Шундай қилиб, Худонинг марҳамати ва подшоҳнинг узлукиз кузатиши билан уч-тўрт йилда битадиган иш олти-етти ойда тугади. "Мақсура" айвонининг баландлиги, Амирнинг (Алишер Навоий) ҳимматига мувофиқ, илгаригидан олти-етти заръ (Газга яқин узунлик ўлчови (1 газ – 0,71м.га тенг)) ортди. Ишнинг асли охирига етиб, бинонинг асоси мустаҳкамлангач, устки томондан безаш ва кўркамлаш фикри қўзғалди. Қилинган ишорат юзасидан билимдон муҳандислар, ишчан кошитарошлар, ҳунарманд наққош ва сангтарош усталар безаш ишига жиддий киришдилар. Тахминларга кўра беш йилда бажариладиган ишни бир йилда тамомладилар. Тоқ ва равоқларнинг ҳар томони мусулмон ва хитой услубида зийнатланди ва ҳалланди. Сафобахш суффаларнинг саҳнлари ажойиб санъат ва ғаройиб ихтиролар билан бошқа бинолардан мумтоз ва мустасно бўлди. Баланд гумбазларнинг шиплари яхшиларнинг номаи аъмолидек оқлик ва равшанлик қозонди. Айвонлар деворининг пастки айланаси қизил тошлар билан беркитилиб мустаҳкамланди...

Илгариги минбар ёнғоқ ёғочидан ишланган ва синиб кетган эди. Софдил Амирнинг кўнгли мармар минбар ясашни тақозо қилди. Улуғ даргоҳ мулозимлари қидира-қидира Хон вилоятидан мармартош топдилар. Эгасига батамом нархини тўлаб, бу жойга келтирдилар. Устод Шамсиддин сангтарош бу тошдан минбар ясашга киришди. Олий насабли Амирнинг ҳимматлари соясида шундай бир минбар қурилдики, оламни безовчи қуёш, хатиб каби ҳар тонг кўк осмон минбарига чиққанида, бу минбарнинг тенги ва ўхшашини кўрмайди.
Хулоса: бу жаннатмисол масжидни безаш ва пардозлаш ишлари тамом бўлганидан кейин, 905 йил шаъбон ойининг (905 йил шаъбон милодий 1500 йили март ойига тўғри келади) ўн тўртинчиси, чоршанба куни, тадбир эгаси Амир ош тортиш маросими ўтказиб, хатиб, имом, воизлар, қорилар, мутавалли, ходимлар, усталар ва иморат ишчилари бу маросимга чақирилиб, зиёфат маросимлари амалга оширилди. Қарийб юз кишидан иборат гуруҳнинг қобилиятли қоматлари қимматбаҳо пўстинлар, аъло чакмонлар ва бошқа хил кийим-кечаклар билан безатилди.

Шундан кейин бу табаррук мақомнинг томи юзасини мустаҳкамлаш ва чидамлилигини ошириш тўғрисида ишора қилди. Иморат ишчилари ускуна тайёрлашга ва усталар уларни ишга солишга киришиб, бир оз вақтда тахминан ўн тўрт жариб миқдоридаги бино томларини икки қават қилиб ёпиб, устини сомонли лой билан сувадилар. Кўнгилни бу ишлардан бамамом фориғ қилдилар. Шу пайтда ҳидоятли Амир яна бир тўй керак-яроғини ҳозирлаш тўғрисида қайта фармон берди. Фармон бажарувчилар бу ишга машғул бўлиб, бу чақириққа эллик бош қўй ва тўққиз бош от сарфладилар. Бошқа нарсаларни шунга қиёс қилиш мумкин...

906 йил душанба куни жумодил-аввалнинг бошида машойих, сайидлар, қозилар, олим ва фозиллар, амир ва вазирлар, пойтахт Ҳиротнинг ашроф ва аъёнлари, баъзиси ҳидоятли Амирнинг айтиши ва баъзиси ўз хоҳиши билан ўша файз-баракали ибодатхонага тўпланишиб, ғоят улкан бир йиғин барпо бўлди. Мўл-кўл ош-сув тортилганидан кейин, яна бир бор баланд даражали, дарёдай кенг Амир иморат ишчилари, усталар ва мардикорларга тўнлар кийгизди ва ҳурматлаш ҳамда узр баён қилиш маросимларини амалга оширди.

Бу Амирнинг ҳиммат қўли билан қурилган ҳар бир масжид тўғрисида алоҳида тафсилот берилса, бу қисқа рисола узайиб кетади. Шунинг учун бошқа масжидларни фақатгина санаб ўтамиз:

Сари пули Инжил масжиди;
Тали Қутбон масжиди;
Сари кўчаи Улуғ ота масжиди;
Сари кўчаи Амир Ислом масжиди;
Чаҳорсуқи Мирзо Алоуддавла масжиди ("Кўшки жаҳоннамой" томонида);
Қаландарлар маҳалласи масжиди ("Боғи Зоғон" ичида);
Тархониён маҳалласи масжиди;
Мир Одил маҳалласи масжиди;
Пули корд жомеъ масжиди;
Ийдгоҳ қишлоғидаги жомеъ масжиди;
Баҳра қишлоғи масжиди;
Исфизор жомеъ масжиди;
Ғурдаги масжид;
Қушнаж қишлоғи жомеъ масжиди;
Сарахс масжиди; Кароти Таршиз масжиди;
Астробод жомеъ масжиди.

Булардан ташқари, бино қилинган барча мадраса, хонақоҳ ва работларда ҳам масжидлар қурилган...

"Макоримул-ахлоқ" китобидан олинди

 
Баннер