Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Шахсга сиғиниш: ИОСИФ СТАЛИН
24.01.2018 20:13    PDF Босма E-mail

И.В.Сталин шахсига сиғиниш – Унинг шахсини оммавий ахборот воситаларида, маданият ва санъат асарларида, давлат ҳужжатларида улуғлашдир. Сталин шахсига сиғиниш 1920-йилларнинг ўрталарида бошланиб, 1961 йилгача давом этган.

Характери жиҳатдан шунга ўхшаш, аммо кўлами анча кичикроқ бўлган ҳолатлар шу даврдаги бошқа давлат арбобларига нисбатан ҳам кузатилган (М. И. Калинин, В. М. Молотов, А. А. Жданов, Л. П. Берия ва бошқалар), аммо И.В.Сталин шахсига сиғинишга фақат В.И.Ленин шахсига сиғинишнигина тенглаштириш мумкин.

«И.В.Сталин шахсига сиғиниш» ибораси 1956 йилда Н.С.Хрушевнинг «Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари ҳақида» номли маърузасидан ҳамда КПСС МҚнинг «Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатларини бартараф этиш тўғрисида»ги қароридан кейин кенг оммалашиб кетди.

Пайдо бўлиш сабаблари

Совет ҳокимиятининг мафкуравий асоси бўлган марксизм-ленинизм тенглик тўғрисидаги марксистик қоидадан келиб чиқиб, «шахснинг тарихдаги роли»ни чеклаган ҳолда назарий жиҳатдан доҳийпарастликни инкор қилади. Айни пайтда баъзи олимлар доҳийпарастликни амалий социализмнинг табиий оқибати деб ҳисоблайди. Масалан, рус файласуфи Н.А.Бердяев «Ленинизм янги турдаги доҳийпарастлик бўлиб, у омманинг диктаторлик ҳокимиятига эга бўлган доҳийсини илгари суради» деб ҳисоблар эди.

1917 йилги Октябрь инқилобидан кейин Совет Россиясида ва СССРда В.И.Ленин ҳамда Л.Д.Троцкийга нисбатан «инқилоб доҳийлари» ва оддий «доҳий» унвонлари кўпликда ва бирликда ишлатила бошлади.

И.В.Сталин шахсига сиғинишнинг пайдо бўлиши ВКП(б) олий раҳбарияти ҳамда Сталиннинг ўзининг мақсадли фаолияти билан ҳам, давлат ривожланишининг ўша даврдаги тарихий ва маданий хусусиятлари билан ҳам боғлиқ ҳисобланади.

Масалан, сиёсатшунос А.А.Кара-Мурзанинг фикрича, шахсга сиғинишни И.В.Сталиннинг ўзи пайдо қилган. У ўз раҳбарлигининг сўнггигача – 1953 йилнинг мартигача бу билан энг устувор масала сифатида шуғулланиб келган.[1] Шахсга сиғиниш ғоясининг моҳияти барча совет халқи барча нарсалар учун партиядан, давлатдан ва ўз доҳийсидан миннатдор бўлиб, уларга қарам бўлишидан иборат эди.[2] Бу тизимнинг жиҳатларидан бири барча неъматлар учун, масалан, ижтимоий хизматлар учун ва умуман, фуқароларда нимаики бор бўлса, ҳаммаси учун И.В.Сталинга шукрона изҳор қилиш зарурлиги эди.[3] Жон Хопкинс университетининг рус тарихи профессори Жеффри Брукснинг айтишича, «Бахтли болалигимиз учун ўртоқ Сталинга раҳмат!» деган машҳур ибора болалар уларни И.В.Сталин бахтли қилгани учунгина бахтли эканини таъкидлар эди.[4]

Профессор С.С.Алекссев таҳрири остида муаллифлар жамоаси томонидан юридик олий ўқув юртлари ва факультетлар учун чоп қилинган «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» дарслигида Сталин шахсига сиғинишнинг сабабларидан бири ҳақида шундай дейилган[5]: «Россиядаги кўп асрлик патернализм анъанаси кўп миллионли аграр мамлакатларга хос бўлган майда буржуача доҳийпарастликда рўёбга чиқди. Доҳийпарастлик руҳияти ва раҳбарни бюрократик илоҳийлаштириш Сталин шахсига сиғиниш учун ниҳоятда қулай муҳит бўлиб хизмат қилди. 30-йилларнинг бошига келиб, тоталитар режим шафқатсиз сиёсий воқеликка айланди».

И.В.Сталин ҳокимиятини ижобий баҳоловчилар (коммунистларнинг бир қисми, этатистлар ва бошқалар) орасида шахсга сиғиниш Сталиннинг шахсий фазилатлари ҳамда унинг даврида эришилган муваффақиятлар туфайли келиб чиққан, деган фикр юради. Масалан, «шахсга сиғиниш фош қилингач», одатда М.А.Шолоховга (бошқаларга ҳам) нисбат бериладиган қуйидаги жумла машҳур бўлиб кетди: «Ҳа, шахсга сиғиниш бор эди... Бироқ, шахси ҳам бор эди-да!».[6]

Доҳийпарастлик

Совет пропагандаси И.В.Сталин шахсида маъсум доҳий сиймосини яратган эди. И.В.Сталин ҳокимиятни тўлиқ ўз қўлига олгач, унга нисбатан «буюк доҳий», «буюк доҳий ва устоз», «халқлар отаси», «буюк саркарда», «даҳо олим», «(олимларнинг, адибларнинг, физкультурачиларнинг ва ҳоказоларнинг) энг яхши дўсти» ва шу каби унвонлар жуда кўп қўлланила бошлади. Бу унвонларни ишлатиш расмий публицистикада ва тумтароқ мақтовларда деярли мажбурий бўлиб қолди.

Сталин Совет Иттифоқининг ягона Генералиссимуси эди.

И.В.Сталин марксизм-ленинизм назариётчиси деб эълон қилингани боис унинг исми ва сурати К.Маркс, Ф.Энгельс ва В.И.Ленин билан бир қаторда турадиган бўлди, шунингдек, «марксизм-ленинизм» каби баъзан «сталинизм» атамаси ҳам қўлланиладиган бўлди. Аммо бу атама бир неча ўн йиллар ўтгач, у яратган сиёсий режимнинг салбий мазмундаги таърифига айланди.

Объектларнинг номлари

Бу даврда сон-саноқсиз географик, халқ хўжалиги, техник, ҳарбий, транспорт, маданий ва бошқа объектлар, мукофотлар И.В.Сталиннинг (ҳамда унинг яқин сафдошлари) номи билан номланди.

Шаҳарлар

Қуйидаги йирик совет аҳоли пунктлари Сталин шарафига номланган эди:

Сталинград (1925-1961 йилларда. 1925 йилгача – Царицын, 1961 йилдан – Волгоград; бу Сталин номининг илк бор қўйилишларидан бири эди – у Фуқаролар урушида Царицын ҳимоясида қатнашган).

Сталино (1924-1961, 1924 йилгача – Юзовка, 1961 йилдан – Донецк).[7]

Сталинобод (1929-1961, 1929 йилгача – Душанбе, 1961 йилдан яна Душанбе).

Сталинск (1932-1961, 1932 йилгача ва 1961 йилдан кейин – Новокузнецк).

Сталиногорск (Новомосковск, 1934-1961).

Сталинири (1934-1961, 1934 йилгача ва 1961 йилдан – Цхинвал (Цхинвали).

1937-1938 йилларда Москвани Сталинодар деб аташ таклиф қилинган.

1950-йилда Варшава шартномаси ва СЭВга аъзо бўлган барча мамлакатларда И. В. Сталин шарафига номланган шаҳарлар бўлган (Чехословакиядан ташқари):

Германия Демократик Республикаси – Айзенхюттенштадт (Сталинштадт, 1953–1961);

Руминия Социалистик Республикаси – Брашов (Орашул-Сталин, 1950–1960);

Болгария Халқ Республикаси – Варна (Сталин, 1949–1956);

Венгрия Халқ Республикаси – Дунауйварош (Сталинварош, 1951–1961);

Польша Халқ Республикаси – Катовице (Сталиногруд, 1953–1956);

Албания Халқ Республикаси – Кучова (Сталин, 1950–1990);

ГДР ва ВНРдаги шаҳарлар мутлақо янгидан қурилган бўлиб, улар «янги социалистик шаҳарлар» бўлиши керак эди.

Бошқа объектлар

И.В.Сталин номи билан боғлиқ номлар СССР (Коммунизм чўққиси), Болгария (Мусала), Словакия ва Карпат тоғлари (Герлаховски-Штит) ҳамда Канада ҳудудидаги Маунт-Пек тоғидаги энг юксак чўққиларга қўйилган.

Москва метросининг «Семёновская» ва «Измайловский парк» станциялари, Беломор-Болтиқ канали, Лихачёв номли завод, бир қатор олий ўқув юртлари, жумладан, Тбилиси давлат университети, Москва пўлат ва қотишмалар институти (Миллий тадқиқот технология университети, МИСиС), Москва давлат тоғ-кон университети, Москва давлат технология университети, Станкин, Белоруссия миллий техник университети ва бошқаларга И.В.Сталин номи берилган.

Танклар, паровозлар ва бронепоезд И.В.Сталин шарафига номланган.

Ёдгорликлар

И.В.Сталин образи 1930-50-йиллар совет адабиётида марказий образлардан бири бўлди. Етакчи ҳақида чет эллик коммунист ёзувчилар, жумладан, Анри Барбюс (ўлимидан сўнг чоп этилган «Сталин» китобининг муаллифи), Пабло Неруда каби адиблар асарлар ёзишган, бу асарлар СССРда таржима қилиниб, катта нусхада чоп этилган. И.В.Сталин кўкларга кўтариб мақталган бу асарлар деярли барча СССР халқлари фольклорида ҳам кўплаб нашр қилинган.

Сталиниана (Сталинга бағишлов) ўша давр совет матбуотида, кинематографияда, мусиқада, рангтасвирда ва ҳайкалтарошликда, жумладан, монументал, тасвирий ва оммавий санъат асарларида биринчи ўринда турарди. Сталин тириклигидаёқ қўйилган ҳайкаллар, Ленинга қўйилган ҳайкаллар каби СССРнинг, 1945 йилдан кейин эса Шарқий Европанинг ҳам кўпчилик шаҳарларида ўрнатилган. Давлат байрамлари кунларида Москва узра аэростатларда И.В.Сталиннинг улкан портретини кўтариш ва уни прожекторлар билан ёритиб туриш мажбурий анъанага айланиб, айниқса, кинематографда кенг акс эттирилган. И.В.Сталиннинг тарғиботдаги образини яратишда Сталиннинг сурати туширилган ранг-баранг мавзулардаги оммавий совет плакатлари алоҳида роль ўйнаган. Унинг суратини барча давлат ва жамоат биноларига, хоналарга ва транспортларга ўрнатиш мажбурий эди.

Тарих манзарасини афсоналаштириш

Совет тарихининг бузиб кўрсатилишида ва афсонавий манзара яратишда бош ролни И.В.Сталин таҳрири остида тайёрланган «ВКП(б) тарихининг мухтасар курси» асари ўйнаган.

Сталин даврининг охирига келиб, инқилоб тарихи ва Фуқаролар уруши воқеаларда муҳим ўрин тутган кўпгина арбоблар олиб ташланган эди. Уларнинг хизматлари ҳам И.В.Сталинга ва аслида бу воқеаларда иккинчи ва учинчи даражали иштирок этган бир неча сафдошларига, катта терроргача вафот этган бир неча машҳур большевикларга (Я.М.Свердлов, Ф.Э.Дзержинский, М.В.Фрунзе, С.М.Кировга ва бошқалар) нисбат берилди.[8]

Большевиклар партияси ягона инқилобчи куч қилиб кўрсатилди, қолган партияларнинг инқилобдаги роли инкор қилинди. Инқилобнинг қолган раҳбарлари эса сотқин ва аксилинқилобчи сифатида кўрсатилди.[9]

Иккинчи Жаҳон урушининг расмий тарихида Қизил Армиянинг Учинчи Рейхни тор-мор қилган энг йирик ҳужумлари «Сталиннинг ўнта зарбаси» дея талқин қилинади.

Шунингдек, И.В.Сталин раҳбарлик қилган сўнгги ўн йилликда Россиянинг инқилобгача бўлган тарихига, хусусан, Иван Грозный ва Петр Биринчининг даврига муносабат ўзгарди, давлатнинг ва кучли раҳбарнинг ролига алоҳида урғу берилди.

СССРдан ташқарида Сталин шахсига сиғиниш

Сталин шахсига сиғиниш дунёнинг аксар социалистик мамлакатларида ҳам кенг ёйилган эди. КПСС ХХ съездидан кейин Сталин шахсига сиғиниш ҳолати Албанияда (1990 йилгача), ХХР ва КХДРда сақланиб қолди.

Ҳозирги кунда унинг шахсига расмий равишда сиғинишнинг айрим кўринишлари ХХРда ва КХДРда сақланган. У ерда И.В.Сталиннинг бир неча ёдгорлик суратлари қолган бўлиб, унинг тасвири туширилган ёдгорликлар ишлаб чиқарилади. Бутун дунёдаги коммунистик кайфиятдаги айрим партиялар ҳанузгача И.В.Сталин меросига мурожаат қилиб туради.

И.В.Сталиннинг шахсга сиғинишига муносабати

Н.С.Хрушев КПСС ХХ съездида ўзининг машҳур доклади орқали шахсга сиғинишни фош этар экан, И.В.Сталиннинг ўзи бундай ҳолатни ҳар тарафлама рағбатлантириб турганини таъкидлаган. Масалан, унинг айтишича, И.В.Сталин нашрга тайёрланган ўз таржимаи ҳолини таҳрир қилар экан, у ерга бутун-бутун саҳифаларни ўз қўли билан ёзиб киритар, ўзини халқларнинг доҳийси, буюк саркарда, марксизмнинг энг юксак назариётчиси, даҳо олим ва ҳоказолар деб атар эди.[10] Жумладан, Н.С.Хрушёв қуйидаги иқтибосни И.В.Сталин ўз қўли билан ёзиб қўйганини таъкидлар эди: «Сталин партия ва халқнинг доҳийси вазифасини маҳорат билан бажарса-да, бутун совет халқи томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланса-да, ўз фаолиятида гердайиш, мақтаниш, ғурурга кетишнинг соясига ҳам йўл қўймас эди».[11]

Лион Фейхтвангернинг «унинг шахси олдида дидсизларча, ҳаддан ташқари сиғиниб юбориш» ҳақидаги эътирозига И.В.Сталин «елкасини қисиб қўя қолган» ва «бошқа ишлар билан банд бўлиб, ўзларида яхши дидни шакллантира олмагани учун ўзининг деҳқон ва ишчиларини кечирган».[12]

Ҳолбуки, И.В.Сталин баъзан ўзини мақташларига йўл қўймаганлиги маълум. Масалан, ёзувчи О.С.Смысловскийнинг айтишича, Ғалаба ва Шуҳрат орденларининг дастлабки чизмаларида И.В.Сталиннинг қиёфаси бўлган, аммо у бунинг ўрнига Спасск минорасини чизишни илтимос қилган.[13] 1949 йилда МДУга унинг номини қўймоқчи бўлишганда И.В.Сталин кескин эътироз билдириб, мамлакатнинг бош университети фақат биргина кишининг Ломоносовнинг номида бўлиши мумкин», деган.[14]

Сталин даврини ўрганувчи ҳозирги тадқиқотчилар бундай ҳаракатлар «сталинча камтарлик» ифодаси эканини таъминлайди.[15] Россия тарихчиси Ян Плампернинг айтишича, «ўз шахсига сиғинишга ошкора қарши бўлган ёки ҳеч бўлмаганда унга ноилож тоқат қилган Сталин образи шакллантирилган».[16]

Сталиннинг омма олдидаги ҳатти-ҳаракатлари ҳам муҳим роль ўйнаган. Хотираларга мурожаат қилайлик: «Масалан, унинг (Сталиннинг) Кремль йўлакларидан ўтишларини олайлик. Бу унинг шахсига сиғинишнинг ўзишга хос расм-русумларидан бири эди. Атрофида соқчилар бўларди. Сталиндан 25-30 метр олдинда битта соқчи борарди. Ундан икки метрча орқада яна икки киши юрарди. Қоидага кўра деворга суяниб, қўлларни кўрсатиб туриш ва у ўтиб кетгунича кутиш керак эди. У билан қандай саломлашиш ҳақида эса ҳеч қандай кўрсатма йўқ эди. Масалан, мен у ёнимдан ўтиб кетаётган пайтда «Салом, ўртоқ Сталин», дер эдим. У эса бунга жавобан ўнг қўлини кўтариб қўйиб, индамай ўтиб кетаверар эди. У дадил қадамлар билан, вазмин ва хотиржам юриб борар, у билан сўрашган одамга эмас, қаёққадир узоққа қарарди. Унинг юз ифодаси шу қадар маъноли эдики, ўша пайтда мен унинг калласи биз оддий одамларнинг калласига ҳеч қачон келмайдиган қандайдир ўзига хос фикрлар билан банд бўлса керак, деб ўйлардим».[17]

Сталинлаштиришга барҳам бериш

Шахсга сиғинишнинг энг машҳур фош қилувчиси Н.С.Хрушёв эди.

Хрушёв ўз докладида кинематографни шахсга сиғинишни сингдириш воситаларидан бири деб кўрсатди. Кейинги беш йил давомида И.В.Сталин образи иштирок этган бадиий фильмлар намойиш қилинмади.[18]

1961 йилда И.В.Сталиннинг жасади Ленин-Сталин Мавзолейидан олиб ташланди. Ҳамма жойда ёппасига қайта номлашлар ўтказилди. Жумладан, Сталинград шаҳри Волгоград деб номланди, Тожикистон ССР пойтахти Сталинободнинг асл номи Душанбе қайта тикланди. Деярли барча жойларда И.В.Сталин ҳайкаллари олиб ташланди. Ҳукуматнинг қарорига биноан кўпгина бадиий фильмлар цензурага олиниб, (И.В.Сталиннинг) «сунъий сингдирилган образи»дан халос қилинди.[19]

1962 йилда ИС (Иосиф Сталин) паровозлари ҳамда бошқа объектлар ФДп (Феликс Дзержинский, пассажир поезди) деб қайта номланди.

Қайта қуриш

Собиқ СССРга Л.И.Брежнев раҳбарлик қилган йилларда шахсга сиғиниш фош ҳам қилинмади, қайта тикланмади ҳам. Жамиятда бу қадар зиддиятли ва шов-шувли мавзу бўйича эҳтиросларни қўзғамаслик мақсадида жиддий зарурат бўлмаса, И.В.Сталинни умуман эсламасликка ҳаракат қилинди. У ҳақда Катта совет энциклопедиясида нейтрал бир мақола қолди, холос. 1979 йилда совет ОАВда И.В.Сталиннинг 100 йиллиги ҳақида хабар қилинди, бироқ алоҳида тантаналар уюштирилмади.

Ўтган асрнинг 80-йиллари иккинчи ярмига келиб вазият ўзгарди: Қайта қуриш ва Ошкоралик кайфиятида И.В.Сталин ва унинг ҳукмронлиги мавзуси яна энг кўп муҳокама қилинадиган мавзуга айланди.



[1] Профессор политологии и историк Алексей Кара-Мурза в программе «Именем Сталина: историческое наследие сталинской эпохи»

[2] Профессор русской истории университета Джонса Хопкинса, Джеффри Брукс.

[3] Профессор русской истории университета Джонса Хопкинса, Джеффри Брукс.

[4] Профессор русской истории университета Джонса Хопкинса, Джеффри Брукс.

[5] «Теория государства и права. Гриф МО РФ», издательство «Норма», ISBN 978-5-89123-785-8

[6] К. М. Лебединский Чувство Времени, 2005.

С. Сверчков Почетный гражданин — начальник Всея Руси // Правда. — 2006. — № 54 (26-29 мая).

М. Делягин. Сотвори кумира // Завтра. — 2006. — № 40 (672), 04.10.2006.

[7] Александр Федонин, историк. Между Юзовкой и Донецком. Сайт «Донецк: история, события, факты.» (22 сентября 2010).

[8] Краткий курс истории ВКП(б). — Госполитиздат, 1945.

[9] Краткий курс истории ВКП(б). — Госполитиздат, 1945.

[10] В. П. Наумов. К истории секретного доклада Н. С. Хрущёва. //«Новая и новейшая история», № 4, 1996.

[11] Никита Сергеевич Хрущев. О культе личности и его последствиях. Доклад XX съезду КПСС

[12] Лион Фейхтвангер. Москва 1937

[13] Олег Смыслов. Загадки советских наград. 1918—1991 годы. — М.: Вече, 2005. — ISBN 5-9533-0446-3

[14] Ю. А. Жданов. Без теории нам смерть!

[15] Плампер Я. Алхимия власти. Культ Сталина в изобразительном искусстве = The Stalin Cult: A Study in the Alchemy of Power. — Москва: НЛО, 2010. — С. 185–208.

[16] Ольга Эдельман. Сталин, Коба и Сосо. Молодой Сталин в исторических источниках. — Москва: Издательский дом ВШЭ, 2016. — С. 27-28. — ISBN 978-5-7598-1352-1.

[17] Михаил Смиртюков. СССР Совнаркоми котибияти мудири муовинининг хотираларидан.

[18] Диссертация на тему «Полководческий образ Сталина периода гражданской войны в трактовке советского художественного кинематографа второй половины 1930-х — начала 1950-х годов»

[19] Диссертация на тему «Полководческий образ Сталина периода гражданской войны в трактовке советского художественного кинематографа второй половины 1930-х — начала 1950-х годов»

 

Абу Муслим, "Шахсга сиғиниш" китобидан

 

 
Баннер