Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: “Мусулмон тарихчилар, тарихни ўрганган одамнинг умри узаяди, дейишади. Ҳақиқатда тарихни қунт билан ўрганган одам худди ўша ўзи ўрганган даврда яшагандек бўлади. Тарихни қунт билан ўрганган одам дунё тарихида бўлиб ўтган кўплаб ҳодисаларнинг иштирокчисига, ҳеч бўлмаса, тамошачисига айланади, десак муболаға қилмаган бўламиз. Бинобарин Ислом тарихини қунт билан ўрганган мусулмоннинг исломий умри узаяди. Аллоҳ таолонинг динидаги ҳаёти бой бўлади. Иймон ва Ислом орқали инсоният тарихига назар солади, дейишимиз мумкин бўлади”, деганларида қанчалар ҳақ эди роҳимаҳуллоҳ. Оламда турли хил жараёнлар тўхтамасдан давом этаверади. Эркак ва аёллар оила қуради. Оилалар эса қабилага айланади, Қабиладан эса жамиятлар шаклланади. Жамиятлардан эса давлатлар ташкил топади. Унда эса турли хил синфлар бор: бошқарув элитаси, тижоратчилар, олимлар, армия ва бошқалар. Уларнинг баъзилари баъзиларининг устидан устун бўлади. Орадан маълум вақт ўтиб, баъзи давлатлар гуллаб-яшнайди, қудратга тўлади, бошқалари эса таназзулга юз тутади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Сен: «Эй барча мулкнинг эгаси Роббим! Хоҳлаган кишингга мулк берурсан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага қодирсан”, деб марҳамат қилган. (Оли Имрон сураси, 26) Инсон фақат Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун яратилган. Аллоҳ таолога итоат қилган ва У буюргани бўйича ҳаёт кечиётган жамоалар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эришадилар. Аллоҳ таоло ва Унинг динидан юз ўгирирган қавмлар таназзулга юз тутадилар. Улар билан бирга жамиятлари ва давлатлари ҳам барбод бўлади. Аллоҳ таоло: “Улардан аввал Нуҳ қавми, қудуқ соҳиблари ва Самуд ёлғонга чиқарганлар. Од, Фиръавн, Лут биродарлари. Ва дарахтзор эгалари ва Туббаъ қавми — барчалари Пайғамбарларни ёлғонга чиқарганлар. Бас, (азоб) ваъдам ҳақ бўлди”, деган (Қоф сураси, 12-14) оятда ҳам бу таназзулга очиқ ишора қилган. Барча жараёнлар, яъни Аллоҳ таоло ўз раҳмати билан жорий қилган барча қонунларни ҳеч ким ўзгартира олмайди ёки уларни бошқасига алмаштира олмайди. Инсонларнинг ҳаёти шу қонунлар асосида кечади. Борлиқлари ҳамда ривожланишлари ҳам Аллоҳ таолонинг мазкур қонунлари асосида бўлади. Агар ҳар бир вақт учун ёки ҳар бир жой учун мавжуд бўлишнинг бошқалардан фарқ қилувчи ўз қонунлари бўлганида эди, ўзидан олдингиларининг тажрибаларини йўқотиш орқали инсонларнинг ҳаётлари парокандаликка юз тутарди. Бироқ Аллоҳ таолонинг марҳамати билан ўтганларнинг тажрибалари унутилмайди: кеча бўлган нарса, бугун ҳам такрорланиши мумкин, бугун бўлган нарса эса эртага ҳам такрорланиши мумкин. Қиёматгача шу тарзда давом этилади. Шундай экан тарих каби фанларни яхши ўзлаштиришимиз керак бўлади. Ўтмишда бўлган воқеалар доим такрорланиб туради. Такрорланган нарса ўтмишдаги нарсалардан унчалик ҳам фарқ қилмайди. Тарихни ўрганар эканмиз, ўтмишдаги воқеалар, бугунги шароит ва воқеаликларда ҳам такрор бўлаётганларини кузатиб, биз улардан ўзимизга керакли хулосаларни чиқариб олишимиз мумкин. Агар бу воқеалар шонли ғалаба олиб келган бўлса, биз ҳам шу ғалабага омил бўлган йўл билан бориб, яна шундай натижаларни қўлга киритишимиз мумкин. Шармандали натижаларга олиб келган воқеаларни тахлил қилиб, ўшанда йўл қўйилган хатоларни такрорламасдан, улар каби яна мағлубият бўлмасликка ҳаракат қилиш керак бўлади. Шу тарзда тарихни ўрганиш жуда яхши ва керакли фойдаларни олишимиз мумкин. Тарихни фақат вақт ўтказиш ёки кўнгилни очиш ёки яна бир бошқа нарсалар учун ўрганмайсиз-ку! Тарихни айнан биз юқорида айтган мақсад бўйича, яъни ундаги маъно, дарс ва ибрат олиш учун ўрганишимиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди...” деб марҳамат қилган (Юсуф сураси, 111). Қуръони каримнинг учдан бир қисми қиссалардан иборат. Унда мўминлар Аллоҳ таолонинг қонунларини ўрганади. Олдин ўтган қавмлардан ибрат олиб, бу қонунлар ўзгармас эканини билган ҳолда, турли хил воқеалар ҳали бўлмасидан олдин бу каби воқеалар нималар билан тугаши мумкинлигини билиб, ибрат олишлари керак. Шу тарзда ўзимизга катта фойда олишимиз мумкин. Буларга эришиш учун ҳар бир Қуръонда келган қиссани атрофлича ўрганиб, ўзимизга керакли хулосаларни чиқаришимиз керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “...Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар...” (Аъроф сураси, 179). “Улардан аввал, улардан кўра кучлироқ асирларнинг қанчасини ҳалок қилдик. «Қочадиган жой борми?» деб юртма-юрт кезиб чиқдилар. Албатта, бунда қалби борларга ва зеҳн билан қулоқ осганларга эслатма бордир” (Қоф сураси, 36-37). Ислом оламининг бугунги ҳолатидан биз ўтмиш тарихини жуда кам ўрганганиб, ундан кам ибрат олганимиздан дарак беради. Мусулмонлар қайта-қайта ўтмишдаги хатоларни такрорламоқда. Мўмин-мусулмонлар пайғамбарлар тарихи, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам сийратларини етарли даражада ўрганаётганлари йўқ. Саҳобалар ҳаётидан ҳам кам ибрат оламиз. Шунинг учун ҳам ўтмишдаги хатоларни қайта-қайта содир этмоқдамиз. Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Ислом тарихи” китобида: Машҳур тарихчилардан Ибн Асир дейди: "Амри маъруф, наҳйи мункар қиладиган одамлар тарих воқеаларидан воқиф бўлсалар, жабр ва душманлик қилувчиларнинг ҳаётларини, уларнинг оқибатида келиб чиққан бузуқчилик, харобчилик ва ҳалокатларни ўргансалар, уларнинг қабиҳ эканлигини тушуниб етадилар ҳамда мазкур ишлардан юз ўгиришни ўзларига лозим тутадилар. Агар одил волийларнинг, гўзал ишларни қилган инсонларнинг тарихини ўргансалар, у ерда гўзал эслатмалар бўлётгани, ўша тарихий шахсларни инсонлар яхшилик билан эслаётганини кўрсалар, уларнинг юртлари обод бўлганини, турмушлари фаровон бўлганини билсалар, мазкур нарсаларни яхши санайдилар ва уларга рағбат қиладилар ҳамда ўзлари ҳам улардан ибрат олишга ҳаракат қиладилар", деб ёзганлар... Хуллас, тарихни яхшилаб ўрганишимиз, керак. Яқинда нашрдан чиққан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ қаламларига мансуб “Ислом тарихи” китобини дин ғамида юрган барча мўмин-мусулмонлар ўқиб чиқишини тавсия қилардим. Бу китобни ҳақиқатдан ҳам фундаментал асар сифатида баҳолай оламиз.
Манбалар асосида Абу Муслим тайёрлади
|