Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Анқара жанги
09.04.2017 18:16    PDF Босма E-mail

Анқара жанги  (туркча-Ankara Muharebesi) – 1402 йил 20 июл куни Усмонийлар султони Боязид I ва Турон амири Темур ўртасида Анқара атрофида бўлиб ўтган жанг. Мазкур жангда Амир Темур қўшни Йилдирим Боязид қўшинларини тор-мор этган. Натижада усмонийлар салтанати вақтинча йўқ қилинган.

Қўшинлар

Усмонийлар салтанати қўшини номунтазам оғир отлиқ аскарлар – сипохийлар, номунтазам пиёда аскарлар – яя ва мусалламлар, шунингдек кўнгиллилар бўлинмаси – дели ва войнуклардан (балкан вилоятларининг кўнгиллилари) ташқари султоннинг доимий гвардияси – “Капикулу”дан (Сарой қўриқчилари) ташкил топган бўлиб, таркибининг бир қисми яничарлар (пиёда аскарлар) корпуси ва капикулу сипохийларидан (оғир отлиқ аскарлар) иборат бўлган.
Усмонийларнинг яничарлар ва ишончли серблардан иборат шахсий қўшинидан ташқари, Боязиднинг армияси ўз ичига у томонидан ўн йил илгари тугатилган майда давлат – бейликларининг аскарларини ва мўғиллар давриданоқ Кичик Осиёга қарашли бўлган татар отлиқ гуруҳларини олган [2].
Ўз аждодларининг бой тажрибасига таянган ҳолда Амир Темур жанг майдонларида ўз рақиблари устидан қойилмақом ғалабалар қозиноишини таъминлай оладиган қувватли ва жанговор армия ташкил қилишнинг уддасидан чиққанди. Бу армия кўпмиллатли ва турли дин вакилларидан иборат уюшма эди ва унинг ўзагини турклар, кўчманчи – аскарлар ташкил этарди. Темурнинг қўшинлари отлиқ ва пиёдага бўлинганди ва XIV—XV асрларда унинг ўрни чегара ҳудудларда жуда ошиб кетди. Шунга қарамасдан, қўшиннинг асосий қисмини кўчманчиларнинг отлиқ гуруҳлари ташкил этган. Уларнинг негизи эса оғир қуролланган сара отлиқ аскарлар бўлинмалари, шунингдек Амир Темурнинг хос соқчиларидан иборат гуруҳдан иборат эди. Пиёда қўшинлар аксар ҳолларда ёрдамчи вазифасини ўтаган, лекин улар қалъаларни қамал қилишда зарур бўлган. Пиёда аскарларнинг кўп қисми енгил қуролланган бўлиб, улар, асосан, камондан ўқ отувчилардан иборат бўлган, лекин қўшинда, шунингдек, пиёдаларнинг оғир қуролланган зарба гуруҳлари ҳам бўлган.
Темур армиясида асосий қўшин турларидан (оғир ва енгил отлиқлар, шунингдек пиёдалар) ташқари понтончи (кўчма кўприк қуриш билан шуғулланувчи ҳарбий хизматчи), мухандис ва бошқа мутахассислардан иборат гуруҳлар, шу билан бирга тоғ шароитидаги ҳарбий ҳаракатларга ихтисослашган махсус пиёда аскарларидан (улар тоғ ҳудудида яшовчилардан танлаб олинган) иборат қисмлар ҳам мавжуд бўлган. Темур қўшинларининг ташкил этилиши умуман ва тўлалигича ҳудди Чингизхоннинг ўнлик тузимига мос эди, лекин унга бир қанча ўзгаришлар ҳам киритилганди (50 дан 300 кишигача бўлган миқдорни ўз ичига олган “қўшин” деб аталувчи бўлинма пайдо бўлганди, йирикроқ бўлинмалар – “қуллар”нинг сони ҳам беқарор бўлган).
Енгил отлиқ ва пиёда қўшинларининг асосий қуроли камон эди. Енгил отлиқ аскарлар, шунингдек, қилич ёки найза ва болтадан фойдаланишган. Оғир қуролланган чавандозлар совут кийишган, темир қалпоқ билан ҳимояланишган ва қилич ёки найзаларда жанг қилишган (ўша пайтда ҳамма жойда кенг тарқалган камон ва ўқлардан ташқари). Оддий пиёдалар камон билан қуролланган, оғир қуролланган пиёда аскарлар эса қилич, болта ва гурзилар билан жанг қилишган ҳамда зирҳ, темир қалпоқ ва қалқон билан ҳимояланишган.

Жанг олди

Амир Темур бетиним ҳарбий юришлар билан ўтказган ўзининг 35 йиллик ҳукмронлиги даврида (1370 – 1405) йирик империя ташкил этди, унинг чегаралари Шимолий Хиндистондан то Шарқий Анадолигача бориб етган эди. У мусулмон оламининг якка ҳукмдори бўлишни истаган ҳолда, бирин – кетин ўз рақибларини йўлдан олиб ташлади. Ўша даврда Боязид I Кичик Осиёнинг барча бейликларини ўзига бўйсундириб, Анадўлининг тўлақонли ҳокимига айланишга улгурганди.
Ғарбга томон юрар экан Темур Қора Қуюнли давлати билан тўқнаш келди, Темур қўшинининг ғалабаси туркманларнинг йўлбошчиси Қора Юсуфни ғарбга Усмонийларнинг ҳукмдори – Боязид тарафга қочишга мажбур қилди. Шундан сўнг Қора Юсуф ва Боязид Темурга қарши биргаликда курашишга келишиб олишди. Қора Қуюнлиларнинг султони билан бутунлай ҳисобларни тўғирлаб олиш учун Темур Боязиддан Қора Юсуфни топширишини қатъийлик билан талаб қилади, лекин Боязиднинг  рад жавоби Усмонлиларга қарши уруш бошлаш учун расмий сабаб бўлди. 1402 йилнинг майида Темур Кичик Осиёга юриш бошлади. Унинг қўшинлари Кемак ва Сивас турк қальаларини ишғол қилишди. Бу ерга музокаралар учун турк султони Боязиднинг элчилари ташриф буюради. Элчилар иштирокида Темур ўз қўшинларини кўрикдан ўтказади, унинг сони 140 минг нафарга етар эди. Темур қўшинининг асосий қисмини отлиқ аскарлар ташкил этарди. Буюк армиянинг баҳайбат кўриниши элчиларнинг руҳини сўндиради, улар орқали эса турк қўшинларининг ҳам. 
Боязид Темурга қарши икки баробар кам қўшинни қўя олади. Очиқ жанг қилишдан ҳавфсираган султон, ўз қўшинларини шимолий Ангор шаҳрининг тоғ – ўрмонли ҳудудларига жойлаштиради. Темур Ангорни қуршаб олади ва ҳийлакор тактика натижасида Боязидни ялангликка чиқишга мажбур қилади.
Темур ўзининг ҳарбий юришларида уч халқа рамзи туширилган байроқдан фойдаланган. Хиндистон ҳарбий сафари мобайнида кумуш аждаҳоли қора байроқ қўлланилган. Анқара жангидан олдин уруш майдонида Темур ва Боязид учрашганлиги ҳақида афсона бор. Боязид Темурнинг байроғига қараб, шундай дейди: “Бутун дунё сенга тегишли деб ўйлаш, нақадар сурбетлик!” Унга жавобан Темур, туркларнинг байроғини кўрсатган ҳолда, бундай деган: “Ой менга тегишли деб ўйлашинг, ундан ҳам баттар сурбетликдир”.

Жанг

Турклар тоғлардан тушиши билан Темур Ангор қамалини бекор қилади ва азгина ўтишни амалга оширгач, Боязид қўшини ҳаракат қилаётган йўлга тушиб қолади. Темур султон томонидан анчадан бери маош берилмаётганини, унинг қўшинлари, айниқса анадўли бейлари орасида норозилар кўплигини биларди. У бейларга айғоқчилар жўнатади, бу билан уларни ўз томонига оғдириб олишни мақсад қилганди.
Боязид қўшинини тоғларга орқа қилиб, ён қанотларни орқага чекинтириш йўли билан қурганди. Армиясининг марказини кучайтиришга уриниб, султон ён қанотларни кучсизлантириб қўяди. Турк қўшинининг чап қанотини Стефан Лазаревич қўмондонлигидаги серблар ташкил қиларди. Ўнг қанотда эса анадўли бейларининг бўлинмалари жойлашган эди. Темур эса, аксинча, кучли ён қанотларга ва 30 полкдан иборат танланган аскарларнинг бақувват захирасига эга эди.
Жангни енгил отлиқлар бошлаб беради, кейин эса Темур қўшинининг ўнг қанот сара аскарлари унча кўп бўлмаган серб рицарларига муваффаққиятсиз ҳужумни амалга оширади. Темур ўзининг ўнг қанотдаги барча кучларини жангга туширади, лекин серблар зўр бериб қаршилик кўрсатишади, бу эса Темурнинг таҳсинига сазовор бўлади. Чап қанотнинг илғорлари дарров муваффаққиятга эришади, анадўли бейларининг бўлинмалари ва 18 минг нафар ёлланган – татарлар рақиб томонга ўтиб кетишади. Шундан сўнг, Темур сербларни асосий кучидан маҳрум қилиш мақсадида иккинчи чизиқнинг бир қисмини жангга киритади, лекин улар ёриб ўтиб, Боязиднинг бошқа қўшинларига қўшилишни уддалашади.
Ён қанотларни тор мор қилгач, Темур захирасини ҳужумга ташлайди ва туркларни асосий кучини қуршаб олади. Темур қўшинларининг устунлиги кўпчиликни ташкил қиларди. Яничар қириб ташланади, Боязид эса асир олинади.

Аҳамияти

Жангдан кейин Кичик Осиёнинг барча қисми Темур қўшинлари томонидан эгаллаб олинади. Мағлубият Усмонийлар империясининг қулашига олиб келди, бу Боязид ўғилларининг ўзаро жанжаллари ва Мустафа Бўрклужу (Mustafa Börklüce, 1408-1417) бошчилигидаги деҳқонлар қўзғолони билан биргаликда юз берди. Византиядаги деярли барча ҳудудни қўлдан бой берган мағлубияти туркларнинг ярим асрлик таътилига сабаб бўлди. Боязиднинг мағлубиятидан фойдаланган император Иоанн VII Палеолог, унинг ворисларидан Мармар денгизининг европа қирғоқларини ва Фессалоникани тортиб олди. Қолган қўшинлари билан Сербияга қайтган Стефан Лазаревич, Константинополда (Истанбул) император қўлидан деспот (аҳамияти жиҳатидан шоҳдан кейин иккинчи ўринда турувчи шахс) унвонини олди. Қўлга киритган ғалабаси билан Темурни Англия, Франция ва Кастилия қироллари муборакбод этишди. Кастилия элчиси Руй Гонсалес де Клавихо Темур давлатининг пойтахти Самарқандга сафар уюштиради ва кейинчалик Европада уни атрофлича тасвирлаб беради.

Византия империяси

Замонавий тарихий адабиётларда кенг тарқалган нуқтаи назарга кўра, айнан Боязид қўшинларининг мағлубияти сабаб, византия давлатчилиги яна ярим аср амалда бўлган (1453 йилга қадар). Лекин бу айнан шундай эмас. Босқин арафасида Кичик Осиёга шиддат билан бостириб келган туркман қабилалари мўғул ҳужумлари босими остида Эгей денгизи томон ҳаракат қилишади ва юнон – христианларнинг минтақадаги демографик устунлигидан тамомила маҳрум қилишади. Шунингдек, жанг арафасида турклар ўз тўдалари билан саросима ҳолида усмонлилар назорати остида бўлган Галлиполи орқали Европага кўча бошлашади (1352 йилдан бошлаб), Марица ва Фракия минтақаларига янада зич жойлашишади. [3]. Кўпчилик бу ердаги усмонлиларнинг пойтахти – Эдирне шаҳридан бошпана қидиришади (1365 йилдан). Шундай қилиб, Темур юриши кўпроқ болқон Фракиясининг турклашиши ва мусулмонлашишини тезлаштирди, юнон Константинополини қўшни христиан халқлари массивларидан ажратиб қўйди ва юзага келган таътилга қарамасдан, ўз мустақиллигини сақлаб қолишга ҳеч қандай имконият қолдирмади, чунки Византия эндиликда ҳар тарафдан турк ҳукмронлиги қуршовида қолган эди.

Эслатма

↑ David Nicolle & Angus McBride, Armies of the Ottoman Turks, 1300—1774, Osprey Publishing, p. 29 «…The size of the two armies are reliably estimated at 140,000 on Timur’s side and no more than 85,000 under Sultan Bayezit I…»
↑ Мюллер А. История Ислама, Т. 3, М., 2004., с. 410.
↑ Кинросс Лорд. Расцвет и упадок Османской империи. — М.: КРОН-ПРЕСС, 1999. С. 88-90.

Абу Муслим тайёрлади

 
Баннер