Энасой қирғизлари хоқонлиги IX ва X асрларда юз йилча ҳукм сурган туркийлар империясидир. Хоқонлик ҳудуди у тараққиёт чўққисига чиққан пайт қисқа вақт ҳозирги Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Хитой ва Мўғулистон ҳудудлари бўлакларини қамраб олган. Х асрдан сўнг то уни Мўғуллар империяси XIII асрда босиб олгунга қадар Энасой қирғизлари ҳақида маълумотлар жуда кам бўлган. Лекин улар узун тарихий мерос қолдирди. Бугунги қирғизлар, ҳакаслар, Фуюй қирғизлари ва олтойликлар Энасой қирғизларининг авлодлари ҳисобланади.
Қирғиз хоқонлиги тарихи ҳақида бизга тарих фанлари доктори, Манас номидаги Қирғиз-Турк университети профессори Анварбек Мокеев сўзлаб беради.
Илк марта “Қирғиз хоқонлиги” атамасини Россия ва совет шарқшуноси – туркологи В. В. Бартолд таклиф этган у зикр этилган даврни Буюк даштдаги “қирғиз буюк давлатчилиги” деб атаган эди. Аммо бевосита хоқонлик тарихига ўтишдан аввал Энасой қирғизлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
Синологлар – хитойшунослар илк марта аниқлашича, қирғизлар биринчи марта Хитой манбаларида милоддан олдинги III аср охиридаги воқеаларни, аниқроғи, 203 ёки 201 йилда хунлар императори Модэ Шанюй шимолга ҳарбий юриш қилиб, бир қанча ерларни, жумладан, гянгун ерларини ҳам хунларга бўйсундириб берганини ёритишда тилга олиб ўтилган экан. Мана шу “гянгун” атамасини хитойшунослар Юлиус Клапрат, Пол Пеллио, Эдвард Шаван, россиялик хитойшунослар Н. Я. Бичурин ва бошқалар қадимий “қирғиз” атамасининг хитойча транслитерацияси деб атайди. Кейинчалик бу қарашни совет даврида машҳур хитойшунос Сергей Евгенйевич Яхонтов кенгроқ ва теранроқ ишлаб чиққан. Сўнгра бошқа тадқиқотчилар ҳам бу муаммони ўрганган ва натижада қуйидаги ҳолат аниқланган: “гянгун” биринчи марта “Ши цзи“ манбасида тилга олинган. У Хитой тарихи отаси деб тан олинган Сим Цяннинг “Щи Цзи” асарида милоддан олдинги 201 – 203 йилларда Модэ Шанюйнинг шимолга ҳарбий юриши тавсифида келтирилади. Кейинги даврлар: Ҳанлар даври, Танлар даври ва ундан сўнгги даврларда “қирғиз” атамаси – этноними кигу, цигу, сяцзяси, ҳягаси сингари турли шаклларда учрайди. Мўғуллар даврига келиб, қирғиз этнонимининг замонавий номига яқинроқ цзилицзиси ва ҳк. номлар пайдо бўлади. “Қирғиз” атамаси хитой тилига транслитерациясининг барча кўринишларига эътибор қилинг: гуянгун, кигу, цигу, сяцзяси, хягаси, цзилицзиси. Адашмасам, 1990 йилда америкалик хитойшунос Эдвин Пулибленк (Edwin G. Pulleyblank) “қирғиз” этноними ҳақида яна бир мақола ёзган эди. Гарчи у ўтмишдошларининг кўҳна атамаларни аниқлаштиришга оид фикрига қўшилса-да, эрта Танлар сулоласи даври лексикасининг ўзига хосликларини муфассал ўрганиб, бир хулосага келади. У Сим Цяннинг “Ши Цзи” асарида қайд этилган “гянгун” ёки “ҳягаси” атамаларини, айниқса, “гянгун” атамасини “қирғиз” деб эмас, “қирқир” деб ўқиш керак, деган хулосага келади. “Қир” қадимги даврдаги кўплик шаклидир, “из” эса – унинг қўшимичаси. “Из” суффикси фақат Турк хоқонлиги давридаги “ир” “из”га айланган ротация назарияси контекстида лексик жиҳатдан ўзгариши муносабати билан пайдо бўлади. Шу тариқа “қирғиз” этноними ҳақида турли қарашлар, турли фикрлар мавжуд, аммо умуман “қирғиз” билан “қирқир” зикр этилган грамматик ўзгаришларни истисно қилганда, бир нарсадир.
Қадимги қирғизлар ким бўлган ва нима иш қилган? Бир-биридан мустақил Хитой, эрта араб ва Тибет манбаларидаги маълумотларга қараганда, қадимги Энасой қирғизлари сариқ сочли, яшил кўзли ёки кўк кўзли, антропология нуқтаи назаридан оқтанли бўлган ва ўша пайтда Жанубий Сибирда яшаган қўшниларидан кескин ажралиб турган. Булар барчаси Энасой дарёсининг ўрта оқимидаги Минусинск ҳавзасида яшаган Энасой қирғизлари кўпроқ монголоид бўлган қўшниларидан бутунлай фарқ қилган. Энасой қирғизлари эса европеоидлар ирқига мансуб бўлиб, Афанасйев маданияти даврида Жанубий Сибирда тарқалиб яшаган қадимги ҳинд-европа қабилалари қолдиқлари бўлган. Хитой манбаларида Энасой қирғизлари ташқи кўриниши тавсифланаётганда “от юзли” деган ибора ишлатилади, яъни уларнинг антропологик тури кескин ажралиб турган, юзи монголоидларникидан фарқли ўлароқ, чўзинчоқ бўлган. Шунинг учун биз Энасой қирғизлари қадимги ҳинд-европа қабилалари қолдиқлари бўлганини ёдда тутишимиз зарур. Қадимги Энасой қирғизлари тили хусусида ҳам турли фикрлар мавжуд. Академик Бартолд тахмин қилишича, уларнинг туркийларгача бўлган тили туркий бўлмаган. Ушбу нақтаи назарни кейинчалик таниқли немис туркологи Менгелс ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг ҳам фикрича, Энасой қирғизлари тили дастлаб туркий бўлмаган, фақат қадимги туркий даврда улар тили туркийлашган. Албатта, биз бугун бунинг тафсилотларини билмаймиз, чунки асосланиб фикр юритиш мумкин бўлган манбалар йўқ. Ўрхун-Энасой рун битикларининг бир қисми бўлмиш Энасой рун битикларида қайд этилган Энасой қирғизлари тили туркий бўлган. Энасой қирғизлари тилига оид “Тан шу” манбасида қайд этилган илк маълумотларда у туркий тил деб тавсифланади. Шунга қарамай, тадқиқотчилар таъкидлашича, Энасой қирғизлари тилида келиб чиқиши туркий бўлмаган сўзлар бор экан. Албатта, булар – тафсилотлар. Бу алоҳида таҳлилни, алоҳида муҳокамани талаб этади. Умуман, қадимги туркий даврда, ҳар ҳолда қадимги туркий даврнинг бошланғич босқичида, тўғри таъкидлаб ўтганингиздек, Энасой қирғизлари қадимги туркий давлатнинг бир бўлаги бўлган.
Маълумки, Туркий хоқонлик, бутун куч-қудратига қарамасдан, ўзаро урушлар ва Хитойнинг Тан империясига қарши урушлардан сўнг 603 йили инқирозга юз тутади. Бунда Энасой қирғизлари қандай рол ўйнаган? Туркий хоқонликнинг заифлашуви Қирғиз хоқонлилиги яратилишига сабаб бўлган эдими?
Туркий хоқонлик VII аср бошида таназзулга учради. Ўйлашимча, қирғизлар бу жараёнда айтарлик рол ўйнамаган. Улар ўша пайтда қадимги Туркий хоқонликнинг бир бўлаги ҳисобланган. Аммо қадимги Туркий хоқонлик таназзулидан сўнг Тёлёс хоқонлиги деб аталувчи хоқонлик пайдо бўлган. 640-йилларга келиб, Тёлёс хоқонлигини Хитойнинг Тан империяси ер билан яксон қилади. Шундан сўнг Енисей қирғизлари, афтидан, ўша даврда мустақиликка эришган ва Тан империясига биринчи элчихонасини жўнатади. Академик Бартолд қайд этишича, у вақтларда туркийлар 2 та тоифага бўлинган. Биринчи тоифа – бу халқ туркий тилда “будун” – “қағанлиқ будун”, яъни хоқонлиги, мустақил давлат бўлган халқ деб аталган. Иккинчи тоифа – “элтабарлик будун”, яъни элтабар бошқарган халқ деб аталган. Элтабарларни хон тайинлаган. Яъниким, Энасой қирғизлари бўйсундирилган халқ ёки қадимги туркий юрт мақомида, сўнгра Тёлёс хоқонлиги таркибида бўлган. Шунинг учун Энасой қирғизларининг Тан сулоласи саройига 647 йилда юборилган биринчи элчихонасига элтабар Шибуки Ажан бошчилик қилган. У пайтда Энасой қирғизларининг ўз хоқонлиги бўлмаган.
Хон бошчилигидаги ўз хоқонлигига эга бўлиш учун ушбу юртни мустақил давлат сифатида, бир тарафдан, Марказий Осиё ва Узоқ Шарқнинг қадимги Туркий Хоқонлик сингари етакчи ўйинчилари, бошқа тарафдан эса, Тан империяси тан олиши зарур бўлган. Манбалар шаҳодат беришича, бунинг натижасида Хитой тарафи Энасой қирғизларининг дипломатик миссиясини илиқ қабул қилган. Шу тариқа Энасой қирғизлари юрти билан Тан империяси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Албатта, Тан империяси Энасой қирғизларини Жанубий Сибир сиёсий саҳнасидаги янги ўйинчи ўлароқ қабул қилар экан, улардан жуғрофий-сиёсий муаммоларини ҳал этишда фойдаланмоқчи бўлган. Шундан сўнг Энасой қирғизлари аста-секин кучай иб боради ва VIII аср бошига келиб, улар етакчиси Барсбек Иккинчи Шарқий Туркий Хоқонлик асосчиларидан бири Элтеришхоннинг қизига уйланади. Шу тариқа Иккинчи Шарқий Туркий Хоқонлик билан никоҳ орқали қариндошлик муносабатларини ўрнатиб, Энасой қирғизлари ҳукмдори ўзини хон деб эълон қилади ва бу мақомни Иккинчи Шарқий Туркий Хоқонлик ҳукмдорлари тасдиқлайди. Иккинчи Шарқий Туркий Хоқонлик ҳам Энасой қирғизларидан Саян тоғлари шимолидаги жуғрофий-сиёсий муаммоларини ҳал этишда фойдаланмоқчи бўлади. Аммо Энасой қирғизлари ҳукмдори Барсбек хоқон Иккинчи Шарқий Туркий Хоқонликка қарши курашиш учун иттифоқ тузишга қарор қилади. Бу иттифоққа Хитойнинг Тан империяси, Туркаш ҳоконлиги ва Энасой қирғизлари кирган. Узоқ Тибетга у ердагиларни туркийларга қарши иттифоққа жалб этиш мақсадида Энасой қирғизлари элчиси жўнатилган. Энасой қирғизлари туркийларга қарши коалиция тузишдан нега манфаатдор бўлган? Чунки улар Хитойнинг Тан империяси билан дипломатик муносабатлар ўрнатиб, Буюк Ипак Йўли кенгликларига чиққан эди ўша пайтда, яъни савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқаларга Энасой қирғизлари устувор аҳамият берган, Иккинчи Шарқий Туркий Хоқонлик эса Тан сулоласи билан тўғридан-тўғри савдо ва иқтисодий муносабатлар ўрнатишга тўсқинлик қилаётган ва мушкулотлар туғдираётган эди. Шунинг учун Барсбек Шарқий Туркий Хоқонликни енгиш ва Буюк Ипак Йўли, яъни Хитой бозорларига бевосита кириб боришдан манфаатдор бўлган
Иккинчи Шарқий Туркий Хоқонликнинг донишманд маслаҳатчиси Билга Тўнюқуқ Хитойда, Хитой шимолида таълим олган жуда билимдон киши бўлиб, кўп меҳнат қилган ҳамда Хитой ички ва ташқи сиёсатининг барча тарафларини пухта ўрганган моҳир стратег бўлган. У бир ўзи Иккинчи Шарқий Туркий Хоқонлик душманларини ҳали улар Шарқий Туркий Хоқонликка ўзаро келишиб олган ҳолда бир марта ҳужум қилмай туриб, тор-мор этишга ҳаракат қилади. Шу тариқа 701 йил қишида ҳали Саян тоғларидаги қор эримай туриб, Тўнюқуқ шарафига битилган битикларнинг Шарқий Туркий Ҳоконлик йилномаларида акс этган тавсифига кўра, Тўнюқуқ бошчилигидаги ўрду (армия) гўё найза бўйи қор билан қопланган Саян тоғлари орқали Минусинск ҳавзасига дадил пиёда ва отлиқлар юриши қилади. Қийин пайт, тоғни ошиб ўтиш ниҳоятда қийин бўлган қаҳратон қишда қирғизлар бундай ҳужумни кутмаган. Тўнюқуқ бошчилигидаги Шарқий Туркий Ҳоконлик ўрдуси ҳозирги Ҳакас Атоном Республикасининг Аскирз туманида жойлашган Барсбек хоқон жамлоғига (лагер) ҳужум уюштиради. Айни тўқнашув чоғида Барсбек хоқон ўлдирилади, лекин унинг жасади топилмайди. Тарафдорлари жасадни шошилинч тайгага олиб кетган ва туркий қўшинлар у ёққа ўта олмаган бўлиши мумкин. Ушбу мағлубиятдан сўнг битилган қадимги туркий битиклар гувоҳлик беришича, қирғизлар эли йўқ қилиниб, давлати тўлиқ тор-мор этилади, гўё улар Ер юзидан бутунлай суриб ташлангандай эди. Аслида бундай бўлмаган, бунда маҳобат, бўрттириш кўпроқ, бу бир марталик ҳарбий юриш эди. Умуман, давлат ҳам, Энасой қирғизлари халқи ҳам сақланиб қолади. Давлатни Барсбек хоқоннинг авлодлари бошқарган, улар “тегин” ёки “инал” деган рутбага эга бўлган, яъни бу рутбалар хоқон рутбасидан бироз паст бўлгани маълум. Шундан сўнг улар узоқ вақт Жанубий Сибир ва Марказий Осиё сиёсати ҳаётида эсда қоларли рол ўйнамаган. Аммо VIII асрнинг ўртаси – биринчи ярми охирига келиб, Билга ҳокон ўлимидан сўнг Иккинчи Шарқий Туркий Хоқонлик инқирозга юз тутгач, хоқонлик туркийларнинг 3 та йирик қабиласи: қарлуқлар, басмиллар ва уйғурлар хоқонликка барҳам беради ва ҳокимият бир йилга басмил қабиласи етакчиси қўлига ўтади. Орадан бир йил ўтиб, уйғурлар қарлуқларни ҳам, басмилларни ҳам Мўғулистондан ҳайдаб юбориб, Ўрхун дарёси бўйидаги ҳокимиятни якка ўзи қўлга олади. Шундай қилиб, Уйғур ҳоконлиги ташкил топади ва қайд этиб ўтганимиздек, 758 йили Уйғур хоқонлиги яна Энасой қирғизларини ҳокимиятига бўйсундиради ва Энасой қирғизлари узоқ вақт – 90 йил хоқон бошчилигидаги мустақил давлатидан айрилади. Аммо қирғизлар давлатини, ўрдусини мустаҳкамлайди ва уни Саян-Олтой тоғлиги – ясси тоғлар ва водийлардан иборат қирлик шимолида яшаган қўшни қабилалар ҳисобига кўпайтиради. Улар металл рудасини ишлаб чиқариш ва унга ишлов беришнинг ва металлдан қурол ясашнинг ҳадисини олгани учун ўз ўрдусини ҳам мустаҳкамлай бошлайди. Тан сулоласи давридаги манбаларда ёзиб қолдирилиганига кўра, Энасой қирғизлари Жанубий Сибирга тушган комета рудаларидан қилич ва ханжар ясай олган. Таъкидланишича, осмон рудасидан тайёрланган ханжар каркидон терисини ҳам кесган, бошқа кесувчи, санчилувчи қуроллар бунинг иложини қила олмаган. Бинобарин, Энасой қирғизлари чиндан ҳам юқори сифатли пўлатни, Жанубий Сибирга осмондан келиб тушган кометалар рудасидан олинган мана шу пўлат қуролларни тайёрлаш сирини билган
Энасой қирғизларининг ўзини турклар деб таниган ва эл деб аталган жамияти – ҳарбий-сиёсий тузилмаси бўлган. Бошқа тарафдан, Энасой қирғизлари хоқонлигининг қирғиз хонлари келиб чиқишини ҳунну тарафига ўтган Хитой генерали Лу Лин билан боғлаган, у таниқли “учувчи генерал” Ли Гуаннинг невараси бўлган. Император Тан Чжунцзун уларга, “сиз билан бизнинг халқимиз битта уруққа тегишли. Сизлар бошқа муҳожирларга ўхшамайсизлар”, деб ёзган. Қайд этиш жоизки, фақат айнан Тан империяси битикларида Қирғиз хоқонлиги ҳақида маълумот учрайди. Уларнинг ўзаро муносабатлари қандай бўлган?
Бу Тан сулоласи билан Энасой қирғизлари алоқаларига оид жуда қизиқ савол бўлди. Аммо айни пайтда тарихчилар қўлида мавжуд материаллар аниқ-тиниқ кўрсатишича, бу ривоятни қирғизларни ўз томонига оғдириб орлиш учун Тан империяси мафкурачилари ўйлаб топган. Айтилишича, тарихий йилномаларда Ҳан генерали Ли Лин хунлар қўлига тушиб қолганда, хунлар уни шимолга, гянгу юртига, яъни Энасой қирғизлари олдига жўнатгани қайд этилган эмиш. Аммо ўзимизиннг даврга келиб ҳам, ХХ асрнинг 50-йилларида айрим сибирлик, ҳакас тарихчилари Минусинск ҳавзасида гўё Ли Лин қурган қадимги Хитой саройи қолдиқлар борлигини иддао қилиб чиқди. Кейинчалик россиялик шарқшунос – турколог Крюков Ли Лин сарой деб аталган бино Ли Лин ҳаётлиги вақтида эмас, анча сўнг қурилганини ва бу иддао ҳеч қандай асосга эга эмаслигини исботлаб берди. Тахминимча, Хитой мафкурачилари Энасой қирғизлари ҳукмдорларини Тан сулоласи саройига яқинроқ боғлаш ва улар ишончли сиёсий иттифоқчилар бўлиши учун мана шундай шажарани атай ўйлаб топган. Ҳатто Энасой қирғизлари билан Тан империяси саройи ўртасида дипломатик муносабатлар бўлган ва Тан дипломатлари ҳам Саян тоғлари шимолига бориб турган даврдаги қора сочли ва қўнғир кўзли одам турлари бўлгани ҳам қайд этилган. Улар Енисей қирғизлари нафақат малла соч ва мовий кўз, қолаверса, қора соч ва қўнғир кўз бўлганини ҳам кўрган. Қайд этишларича, ушбу турдаги кишилар Ли Лин авлодларидир. Аслида Энасой қирғизлари ёпиқ маконда эмас, турли монголоид халқлар ва қабилалар қуршовида яшаган. Улар айни қабилалар ва Енисей қирғизлари ўртасидаги ўзаро маданият таъсирида вужудга келган. Шунинг учун Энасой қирғизлари ҳукмдорларини Тан ва Ҳан уйи билан боғлаб турган қариндошлик алоқалари деб аталувчи иддао реал тарихий асосга эга эмас ва Энасой қирғизларини Тан сулоласи саройига боғлаб туриш учун ўйлаб топилгани аниқ.
758 йилда уйғурлар қирғиз хонини ўлдиради ва улар Уйғур хоқонлиги тасарруфига ўтди. Аммо Энасой қирғизлари асосий вақтни исён қилиш билан ўтказади. 840 йили улар Мўғулистоннинг уйғурларнинг Ўрхун водийсидаги пойтахти Ўрду-Балиқни талон-тарож қилиб, уйғурларни Мўғулистондан қувиб чиқишга муваффақ бўлади. Аммо Енисей қирғизлари Мўғулистон ҳукмдорлари сифатида уйғурлар ўрнини эгаллаш ўрнига асрлар давомида ҳаёт тарзини бузмай, анъанавий ватанида яшашни давом эттиради. В. В. Бартолд тарихнинг бу даврини “қирғиз буюк давлатчилиги” деб атаган. Нега? Бу тарих қирғизлар кимлигининг (идентитет) таянч нуқтаси бўладими?
Раҳмат. Бу ҳам – жуда қизиқ савол. Албатта, Уйғур хоқонлиги ўтмишдоши Иккинчи Шарқий Туркий Хоқонлик сингари Энасой қирғизларининг Хитой бозорларига тўғридан-тўғри чиқишига йўл бермагани учун улар ўзини бундан бенасиб ҳис қилиб, доимо Уйғур хоқонлиги ҳукмронлигига қарши исён ва қўзғолонлар кўтариб турган. Айниқса, Энасой қирғизлари билан Уйғур хоқонлиги ўртасидаги қарама-қаршилик 820 йилдан бошланади. Хитой манбалари гувоҳлик беришича, ўша пайтда Энасой қирғизлари йўлбошчиси ўзини хоқон деб эълон қилади ва Уйғур хоқонлигига қарши ҳолдан тойдирувчи уруш йўлига ўтади. Табиийки, 820 йилдан 840 йилгача давом этган 20 йиллик уруш тинка-мадорни қуритувчи бўлиб, шимолда Уйғур хоқонлигидан улкан одам ва ўрду ресурсларини талаб этган. Бу вақтда уйғурларга жанубда Хитойнинг Тан империяси, жануби-шарқда эса ўша пайтда кучайиб кетаётган Тибет давлатига қарши тезкор ўрдуга эга бўлиш зарур эди. Аммо аста-секин 840 йилга келиб, Уйғур хоқонлигидаги олдинги яғлақар (жалойир) уруғи билан янгитдан кучайиб бораётган идизлар ўртасида ички сиёсий кураш етилиб келаётган эди. Мана шу ички сиёсий кураш Уйғур хоқонлиги хавфсизлигига қаттиқ хавф туғдиради. Бу пайтга келиб, хитойшунослар таърифига кўра, Мўғулистонда – ҳозирги Мўғулистон ҳудудида мавжуд бўлган Уйғур ҳоконлигида очарчилик юз бериб, чорва қирилиб кетади, буни турк тарихчиси Аҳмад Тошагул яхши кўрсатиб берган. Булар барчаси Уйғур давлати асосларини заифлаштириб қўяди. Тан империяси синчиларига кўра, Энасой қирғизлари ўрдуси деярли 100 минг киши бўлган ва 840 йилда Ўрхун дарёси бўйида Уйғур давлатига қақшатқич зарба берган ва уйғурлар ватанини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Улар бир неча йўналиш бўйлаб чиқиб кетган: бир қисми Манчжурияга – киданлар олдига қочган. Киданлар олдин уйғурларнинг вассали – тобеси эди ва улар ўша ердан бошпана топишга мажбур бўлган. Уйғурларнинг 2 та гуруҳи жанубга, Тан империяси чегаралари томон, яна 2 та гуруҳи эса Шарқий Туркистон ва Ғарбий Хитой томон қочган. Ўша замонларда Бешбалиқ деб аталган Турфон томон қочган гуруҳлардан бири аста-секин кейинчалик Уйғур-Турфон давлати ёки Хитой манбаларида Гаучан давлати деб аталган ўз давлатини тиклашга муваффақ бўлади. Қирғизлар уйғурларни тор-мор этиб, тирқиратиб юборади, ҳозирги Мўғулистон ҳудудидан қувиб чиқади.
Лекин улар уйғурлар ўрнини эгаллай олдими? Йўқ, эгаллай олмади. Олий ҳукмдор, Энасой қирғизлари хоқонининг қароргоҳи Энасой дарёси бўйидан Саян тоғларининг жанубий тармоқларига кўчирилади, яъни улар қароргоҳни Ўрхун дарёси бўйида жойлашган уйғур хони қароргоҳига кўчирмайди. Қирғизлар шу билан замонавий Мўғулистон ҳудудидаги уйғурлар ўрнини эгаллашни истамайди. Қирғиз қўшинлари Тан империяси ва унинг борлов хизмати (разведкаси) сўзига кириб, турли йўналишларда уйғурларни таъқиб қилади. Улар 843 йилда Ғарбга қочган ва Шарқий Туркистонда муқим ўрнашиб қолишга ҳаракат қилган уйғур гуруҳларини таъқиб қилиб, Шарқий Туркистонга келиб қолади. Тахминан 860 йилда Хитой ҳарбий борлов хизмати гапига кириб, киданлар юртида бошпана топган уйғурларга қарши Манчжурияга юриш қилади ҳамда уйғурларнинг бир қисмини олдинги ватани Мўғулистонга қайтишга мажбур этади. Қолган уйғурлар кейинчалик мўғул қабилалари билан қўшилиб кетади, қайсидир гуруҳлар эса қирғиз қабилаларига қўшилади.
Энг қизиғи шундаки, Бартолд тилга олган қирғиз буюк давлатчилигини Энасой қирғизлари қачон босиб олгани маълум эмас эди. Буни кейинчалик ХХ асрнинг 70 – 80-йилларига келиб, таниқли совет археологи Дмитрий Глебович Савинов аниқлади. У илмий асарларида кўрсатиб беришича, қирғиз буюк давлатчилиги даврида қирғизлар Байкал кўлининг жанубий қирғоғида яшаган. Бу – биринчидан. Иккинчидан, кўлнинг шарқидаги Тува ва Жанубий Саян тоғларида, кейинчалик эса Олтойда, Жануби-шарқий Қозоғистонда, Энасой ва Ангара дарёлари қўшилган жойда истиқомат қилган. Савинов таърифига кўра, бу Энасой қирғизлари моддий маданиятининг 5 та маҳаллий вариантидир.
Археологлар буни жуда оддий усул билан аниқлаган, чунки Энасой қирғизлари Сибирда яшаган бошқа туркий-мўғул халқлардан фарқли ўлароқ, ўлганларнинг жасадини ёққан, яъни уларнинг кремация удуми бўлган. Мана шу кремация аломатлари Энасой маданияти тарқалган 5 та ҳудуднинг барчасида учрайди. Уларнинг бари Мўғулистон шимолида, шимоли-шарқида, ғарбида ва жануби-ғарбида жойлашган бўлган, яъни Энасой қирғизлари Мўғулистоннинг марказий ҳудудларини банд қилмаган, чунки у ерлар чўл зонаси бўлган. Чўл зонасида Саян тоғлари, Саян-Олтой тоғликлари ва Минусинск ҳавзасига хос ўрмон, тоғлар ва бошқа унсурлар бўлмаган, яъни асрлар давомида тоғ ва ўрмонли ҳудудларда яшаб келган Энасой қирғизлари Мўғулистоннинг чўл зонасида яшашга мослаша олмаган. Шунинг учун “буюк қирғиз давлатчилиги” деб аталган нарса бўлмаган. Агар буюк давлатчилик бўлганда эди, қирғизларнинг буюк давлатчилиги замонавий Мўғулистоннинг бутун ҳудудини қамраб олган, ҳар ҳолда Тан империяси билан чегарадош бўлган бўлар эди. Пойтахт, қирғиз хони қароргоҳи олдинги империялар, Ўрхун дарёси бўйидаги чўл империялари янглиғ, анъанага кўра жойлашган бўлур эди ҳамда нафақат Хитой уни де-факто (амалда) эмас, қолаверса, расман, де-юре (ҳуқуқан) тан олиши зарур эди. Бундай тан олиш мавжуд империя дашт империяси билан қардошлик алоқалари ҳақида шартнома тузишини, ўша империя, давлат ҳукмдори ёки хоқоннинг қизини, Хитой маликаларидан бирининг сийлиқ сифатида эрга берилишини назарда тутар эди. Сийлиқ амалда Хитойнинг Тан сулоласи дашт империясига жуда кўп, камида 400 – 500 мингта шойи ўрами берилишини англатган. Мана шу жиҳатлар янги дашт империясининг мажбурий давлатчилик белгилари ёки юридик жиҳатдан тан олиниши бўлиши керак эди, аммо ундай бўлиб чиқмади. Хитойликлар Қирғиз хоқонлиги ҳарбий кучларидан фақат уйғур хоқонлигини йўқ қилиш ҳамда турли томонларга қочиб кетган уйғур гуруҳлари қолдиқларини шарқда, ғарбда ва шимолда таъқиб қилиш учун фойдаланди. Тахминан 847 – 848 йилларда ушбу жараёнлар тугагандан сўнг Тан империяси давлат кенгаши хягас, яъни қирғизлар хонлиги Тан сулоласи империяси билан солиштирганда, кичик бир уй ва шу сабаб бу давлатни тан олиш мақсадга мувофиқ эмас, деган қарорга келади. Қирғиз хоқонлигининг Уйғур хоқонлигини йўқ қилишга қаратилган ҳарбий юришлари шу зайл барҳам топади.
Аммо қирғизлар замонавий Мўғулистон ҳудудида яшаб қолмагани сабаби оддий – қирғизлар асрлар давомида Саян тоғлари ортида жойлашган бутунлай бошқа экологик муҳит – тоғ ва ўрмон зонасида яшаб келган. Улар кўчманчи хўжалини баробарида деҳқончиликни билан ҳам шуғулланган, бу ҳақда Минусинск ҳавзасидаги археологик артефактлар (инсон қўли билан ясалган буюмлар) далолат беради ва битиклардаги маълумотлар ҳам буни тасдиқлайди. Бироқ Мўғулистон ҳудуди бундай фаолият учун мутлақо яроқсиз бўлган. Энг асосийси, бу ҳудуд совуқ, шамол ёзги жазирама қуёш нурларига бутунлай очиқдир. Шу сабаб улар фақат Мўғулистоннинг Байкал кўли жануби, Шимолий Мўғулистон, ҳозирги Тува ва Тува Республикасида жойлашган узоқ жануби-шарқий ҳудудларини, ҳозирги Мўғулистоннинг Қирғизнор ёки монголча Хяргяснор деб аталувчи ва қирғизча Қарқара деб аталувчи Хархира деган шимоли-ғарбий ҳудудларини босиб олиш билан чекланади. Шундан кейин қирғизлар жануби-ғарбий йўналишда ҳам Қозоғистон жанубий-шарқидаги Қарқарали водийсига кириб боради. Мана шулар Қирғиз давлати эгалик қилган асосий ҳудудлардир. Ушбу даврни шартли равишда буюк давлатчилик эмас, Қирғиз хоқонлиги даври деб аташ мумкин бўлади. Қирғиз тарихчиларимизнинг аксарияти, қирғизлар Мўғулистон ҳудудини ўз ихтиёри билан ташлаб кетмаган, Кидан империяси ташкил топгандан сўнг киданлар уларни Мўғулистондан чиқиб кетишга мажбур қилган, деган қарашга мойилдир. У 924 йилда Киданлар давлати, яъни Ляо сулоласи асосчиси Абаоцзи қўшинлари билан Мўғулистонга бостириб кирганда Манчжурия ҳудудларидан Ўрхун дарёси ҳудудига чиқиб кетган монгол тилли қабилалар асос солган империя бўлган. Ўрхун дарёси бўйи хунлар империясидан бошлаб барча дашт империялари пойтахти бўлган. Ўша ҳудуднинг эгаси йўқ эди. Бу ҳақда “Ляо Ши”да аниқ-тиниқ ёзилган. Нега? Чунки Ўрхун дарёси бўйига Абаоцзи келиб, эгасиз ҳудудни кўргач, уйғур идикути, яъни Уйғур давлатининг ёки Уйғур-Турфон хонлиги ва ёки тарихга оид адабиётларда қайд этилгандек, Гаочан давлатига қуйидаги мазмунда хат ёзади. У идикутга мана бу сўзлар билан мурожаат қилади: “Ерларингиз ва давлатингиз пойтахти бутунлай бўм-бўш. Биз келдик, аммо ҳеч кимни учратмадик. Агар қадрдон ҳудудларингизга қайтмоқчи бўлсангиз, сизларни ҳақиқий ҳудуд – Ватан кутиб турибди”. Нега у бу хатни ёзган? Чунки қудратли Уйғур хоқонлиги ҳукм сурган замонда киданлар уларнинг вассали бўлган, бу ҳақда Хитой манбаларидаги маълумотлар далолат беради. Шунинг учун аниқ қилиб айтиш мумкинки, бундай муносабат у ёки бу тарзда сақланиб қолган. Ва Абаоцзи шундай хат билан мурожаат қилган. “Ляо Ши” битигида зикр этилган хатга Уйғур идикути, яъни Уйғур-Турфон хонининг жавоби бор: “Бизга анча олдин ташлаб кетган олдинги юртимизга қайтиш таклифини берганингиз учун мингдан-минг раҳмат. Бу у ердан кўчиб кетганимиздан бери орадан уч авлод ўтди. Менинг халқим ҳозир ўзимиз эгаллаб турган янги иқлим шароити ва ҳудудларга кўникиб қолди. Шунинг учун олдинги ватанимизга қайтишни мақсадга мувофиқ эмас, деб биламиз. Сизлар ўша ҳудудни ўз истагингиздан келиб чиққан ҳолда тасарруф этаверинглар”. Бу жавоб хати киданлар Ляо Ши давлатининг сулола солномасида мавжуд – айни битикнинг инглиз тилига таржимасини Виттфогел (Карл Август Виттфогел – немис-америка хитойшуноси) АҚШда 1947 йили эълон қилган эди. Бизнинг тарихчилар эса ҳалигача қирғизларни Мўғулистондан киданлар сиқиб чиқарган, деб ҳисоблаб юрибди. Ишончли манбадан олинган маълумотлар шаҳодат беришича, замонавий Мўғулистон ҳудудида киданлар билан Энасой қирғизлари ўртасида ҳеч қандай тўқнашув бўлмаган. Аммо анча кейин Кидан давлати, яъни Ляо империясининг таназзул босқичида можаролар бўлган, ўшанда киданлариннг бир қисми Ляо сулоласи тахти валиаҳдлари – шаҳзодалардан бўлган Келедаши бошчилигида ғарбга қараб қочган эди. Бу Х асрда, яъни 924 йилда бўлмаган. Таассуфки, тарихчи, ажойиб тилшунос, академик В. В. Радловнинг қараши шу тарзда хато бўлган. Лекин унинг қараши тахмин бўлган, холос. У пайтлар Ляо Ши қолдирган маълумотлар эълон қилинмаган. Энасой қирғизлари Мўғулистон ҳудудидан ўз ихтиёри билан чиқиб кетгани тўлиқ аниқланган фактдир. Шунинг учун Уйғур хоқонлиги барҳам топиб, қирғизлар олдинги ерлари ва Мўғулистон ва Қозоғистоннинг янгитдан забт этилган тоғли ва ўрмон ҳудудларига қайтиб кетгандан сўнг Мўғулистон ҳудудига олдин Манчжурия ва Хинган тоғларида яшаган монгол тилли қабилалар келиб жойлаша бошлаган. Улар аста-секин ушбу ҳудудни ўзлаштириб, Кидан давлати ёки Ляо сулоласи пайдо бўлиши учун асос яратади. Ляо сулоласини монгол тилли қабилалар барпо қилган. Агар Мўғулистон ҳудудида Қирғиз буюк давлати бўлганда, замонавий Мўғулистон Қирғизистон деб аталган бўлур эди. Лекин бунақа бўлмади, чунки қирғизлар Мўғулистоннинг жанубий ва марказий ҳудудларини ўз ихтиёри билан тарк этган.
Энасой қирғизлари гуруҳларидан бири Марказий Осиё кенгликларига чиққандан сўнг замонавий Иртишбўйи ва Олтой, айниқса, Жанубий Олтой ҳудудига ўрнашиб қолади. Улар ўша ерда тўққиз ўғизлар, қарлуқлар, қимақлар ва қипчоқлар сингари қадимги маҳаллий туркий қабилалар қолдиқлари билан интеграциялашади. Мана шу жараённи тасдиқловчи батафсил маълумотлар – ёзма манбалар ва археология материаллари бор. Булар сирасига мен санаб ўтган барча ҳудудларда фақат Энасой қирғизларига хос бўлган ўлганларни оловда ёқиш аломатлари киради. Зикр этилган ҳудудларда жасадни оловда ёқиш маросими IX аср бошида пайдо бўлган ва Х аср охирига бориб, йўқолиб кета бошлаган. Бу Энасой қирғизлари қимақлар, қипчоқлар ва қарлуқлар сингари маҳаллий қабилалар билан қўшилиб кетгани ҳамда жасадни оловда ёқишдай эски анъанасини унутиб, аста-секин дафн этиш анъанасини қабул қилганидан далолат беради. Шу тариқа Иртиш дарёси бўйи, Олтой ва Жануби-шарқий Қозоғистон ҳудудида истиқомат қилаётган келгинди Энасой қирғизлари маданияти ўзгариб кетди.
Келгинди Энасой қирғизлари ҳукмдор сифатида келгани учун туркий тилли қабилалар қолдиқлари, аввало, қимақлар, қипчоқлар, қарлуқлар ва қайсидир маънода ўғизлар “қирғиз” этнонимини қабул қилади. Қирғизлар Олтой гуруҳининг Тян-Шан тоғига кўчиши мўғуллар даврида, айнан XIII асрда, Чингизхон неваралари Хайду ва Ариқбуға ўртасидаги ўзаро жанглар бошланган XIII аср охирида юз беради.
Мана шу уруш, узоқ давом этган уруш вақтида қирғизларнинг Олтой гуруҳи Еттисув ва Тян-Шанда жойлашган Хайду давлатига эргашади, Ариқбуға билан Ҳубилай Олтой, Энасой қирғизларини Хитой, Мўғулистон ва ҳатто Манчжуриянинг турли ҳудудларига ихрож (депортация) қила бошлайди. Юан сулоласи тарихи бўлмиш “Юан Ши”да аниқ-тиниқ айтилганидек, Энасой қирғизлари, “Цзиншан (Олтой) қирғизларининг 5 минг оиласи биринчи марта ўша ёққа кўчирилган эди”. Яна бир гуруҳи Мўғулистонга, бошқа гуруҳи эса ҳатто Манчжурияга кўчирилган.
Хайду давлатига эргашган Олтой қирғизлари гуруҳи XIII асрда – XIV аср бошида Или дарёсининг ўнг қирғоғидаги – ҳозирги Қозоғистон билан ШУМТ туташувида жойлашган Сайранор кўли чеккасига кўчиб ўтади. Олдин у Суткўл деб аталган. Бу ерда Темур қўшини Мўғулистонга юриш қилганида Булғачи улуси билан тўқнашган. Булғачи улуси замонавий қирғиз халқининг Ичкилик гуруҳидир. Булғачи улуси Темур қўшинига қарши 20 минглик қўшинни жангга олиб чиқади. Темур қўшини Булғачи улуси ўрдусини енга олмай, Мўғулистон ҳукмдори билан тинчлик шартномаси тузиб, Самарқандга қайтишга мажбур бўлади. Ана шу Булғачи гуруҳи 1389 йили Темур қўшини Булғачи гуруҳи қўшини билан жанг қилган пайтдаги Олтой қирғизларининг энг илғор гуруҳи бўлган. Яъниким, XIV аср охирига келиб, Олтой қирғизларининг бир қисми жунгарлар Олатовида яшаган. Бу Суткўл деб аталган замонавий Сайранор кўли атрофидир. Мен “Суткўл” номини Ф. И. фон Сталенберг тузган, кейинчалик эса Цин императори буйруғи билан тузилган картография манбаларидан топдим. Уларни иезуит миссионерлари, яъни Хитойда яшаб турган Европа миссионерлари тузган экан. Ўша ерда ном Сайранор эмас, Суткўл деб аниқ ёзилган. Улар сўнгра замонавий қирғиз халқининг асосини ташкил қилган. Қирғиз халқининг этник тарихи якуни XVI аср охири – XVIII аср ўртасига тўғри келади. Ўша пайтда асосий қирғиз қабилалари Мўғулистон давлати парчаланиб кетгандан сўнг Еттисувнинг бир қисмини, замонавий Тян-Шанни, шунингдек, Тян-Шаннинг жанубий тоғликларини эгаллаган эди. Қирғизларнинг бир қисми ҳозирги кунда Хитой Халқ Республикаси ҳудудида истиқомат қилади, чунки XIX асрда Чор Россияси билан Цин империяси ўртасида чегаралар демаркация ва делимитация қилинган вақтда қирғизларнинг бир қисми Хитойда қолиб кетган, чунки чегаралар Тян-Шан тоғлари чўққилари бўйлаб ўтказилган.
Умуман, совет даврида Қирғиз хоқонлиги даври қандай тавсифланган ҳамда ҳозирги пайтда тадқиқ қилинаётган ва янги кашфиётлар учун истиқболга эга “оқ доғлар” борми? Қирғиз хоқонлиги тарихи қандай ёзма, оғзаки ва археологик манбаларга таянади?
Қирғиз хоқонлигини тарихини рус олимлари инқилобга (1917 йил октбяридаги давлат тўнтариши) қадар ҳам батафсил ўрганган. У совет даврида С. В. Киселёв, кейинчалик унинг шогирди Леонид Романович Кизласов асарларида батафсил ёки жуда яхши ўрганилган, сўнгра тадқиқотчиларнинг янги буржи – новосибирсклик олимлар – пайдо бўлди – улардан бири раҳматли Юрий Сергеевич Худяковдир. Менинг дўстим Викторий Яковлевич Бутанаев эса – ҳам археолог, ҳам этнограф, ҳам тилшунос. Улар бирга тайёрлаган илмий иш “Энасой қирғизлари. Қирғизлар тарихи” деб аталади ва ушбу асосий тадқиқотлардан бири 2000 йилда Абаканда чоп қилинган. Қирғизистонда ҳам одамлар, айниқса, ёшлар шунга ҳаракат қиляпти. Аммо таассуфлар бўлсинки, улар Эдвард Пулибленк, Майкл Дромб, Томас Барфилд ва ҳк. хитойшуносларнинг Ғарбда чоп қилинган замонавий илмий ишларидан бехабар, шунинг учун унча аниқ бўлмаган ёки эскириб кетган ахборотга асосланиб иш кўрмоқда. Улар ўша илмий ишлардан данфойдаланиш у ёқда турсин, борлигидан ҳам бехабар. Археология ишлари давом этмоқда. Қирғиз хоқонлиги бўйича энг таниқли археология иши совет ва россиялик археолог, шу кунларда ҳам ҳаёт Дмитрий Глебович Савиновнинг ажойиб монографиясида акс этган. Унинг монографияси “Южная Сибирь в древнетюркскую эпоху” (“Қадимги туркий даврдаги Жанубий Сибир” деб аталади. Унинг бундан бошқа эълон қилинган рисолалари ҳам кўп”. Олимнинг менинг раҳматли устозим Сергей Григорйевич Кляшторний билан бирга тайёрлаган “Туркий халқларнинг дашт империялари” деб аталувчи илмий иши бор. Ўша илмий ишда Қирғиз ҳоконлиги тарихини Д. Г. Савинов тавсифлаб берган ва у – жуда қизиқарли китоб. Археология соҳасида ҳам жуда қизиқарли топиламалар бор. Яқинда мен қозоқ археологи Зайнулла Самашевнинг қизиқ илмий иши билан танишиб чиқдим. У Қарақаба қўрғонларидан топилган материаллар таҳлилига бағишланади. Ўша қўрғонлардан милодий VIII асрга, яъни Қирғиз хоқонлиги барпо этилмаган даврга тааллуқли материаллар топилди. Уларда номи тилга олинган қўрғонлар этник кимлик рамзи, тоғлик қимақлар қўрғонлари сифатида тавсифланади. Қизиғи шундаки, шу қўрғонларидан бирида у уч торли мусиқа асбобига дуч келади. Унинг конус – суйри шаклидаги расмлари ҳам бор. Бунинг маъноси шуки, Энасой қирғизларининг ҳоқонлик ташкил топшунга қадар торли мусиқий асбоблари бўлмаган. Хитой манбаларида барабан, қамишсурнай, най, ясси қўнғироқлар тавсифи бор, аммо торли асбоблар йўқ. Торли асбоблар, айнан 3 торли асбобни улар тоғлик қимақлардан ўзлаштирган, IX аср ўрталаридан сўнг Энасой қирғизлари билан бирга улар ҳаётига кириб келган. Зайнулла Самашев ушбу этносни тоғлиқ қимақлар деб атайди. Демак, истиқболдан умид қилса бўлади.
|