Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Баҳри мамлуклар (1250-1382 йиллар)
PDF Босма E-mail

СУЛТОН БАЙБАРС (1260-1277 йиллар). Мамлуклар биринчи шохобчасининг аҳамияти каттароқ бўлди, чунки у таниқли подшоҳларни, жумладан, Исломнинг иккита буюк курашчисини ато қилди.

Улардан бири бўлган Султон Зоир Байбарс Исломнинг асл шамшири эди. Мўғуллар ва салибчиларни мағлуб қилган ҳам мамлукларнинг ана шу тўртинчи султони бўлди. Ҳалокухон Ўрта Шарқдаги мусулмон қиролликларини ағдариб, Бағдодни яксон этгач, Шом орқали Мисрни шип-шийдам қилишга йўл олганида Султон Байбарс Шарқдан унга қарши бориб, 1260 йил 3 сентябрда Айну Жалут деган жойда бўлиб ўтган жангда шу даврга қадар енгилмас саналиб келган мўғулларга қақшатқич зарба берди. Султон Байбарс бу билан кифояланиб қолмади. У нигоҳини қудратли салибчиларга, ҳали ҳам уларнинг франк вакиллари қўл остида қолиб келаётган ўлкаларга қаратди. Зеро, франклар Ҳалокухон билан иттифоқ тузиб, уни мусулмонларга қарам ерларни қайтадан истило қилишга гиж-гижламоқда эди.  Байбарс мусулмонларни ҳар йили насронийларнинг князликларига  ғазавот урушлари олиб боришга сафарбар этиб турди. Бу князликлар эса насронийларнинг кўпгина "князлик уюшмалари" томонидан насроний эътиқодидаги аҳоли истиқоматгоҳларида ўзларига истеҳкомлар қуриб олиб, кўпгина шаҳарлар ва кентлар устидан назорат қилиб турадиган жасур ва дадил жангчилар билан мустаҳкамланган эдилар. Темпель князларининг “темплярлар”   деб аталадиган уюшмаси ва госпитал ерлар ана шундай ташкилотлардан эди. Байбарс 1263 йилда Арсуф яқинида госпитал ерлар истеҳкомига ҳужум қилиб, уни босиб олди. Келгуси йили темплярларнинг мудофаа қўрғони бўлган Сафадни эгаллади. У Салоҳиддинга ўхшаб ғанимларга раҳмдиллик қилиб ўтирмасди.  Бундан ташқари, унга кўпроқ мусулмонларга ҳеч бир соҳада шафқат кўрсатмайдиган  насронийлар билан иш кўришга тўғри келди. Шундай қилиб, у  Сафадни  қўлга киритгач, асир тушган икки минг кишини темплярларга сотишдан бош тортиб, уларнинг ҳаммасини қатл эттирди. Насронийлар қалъасини олиши билан унга ўт қўйиш ёки ер билан яксон этиш, асирларни  эса қул қилиш Байбарс учун одатга айланган эди. Султон Байбарс душман қалбига  даҳшат соларди. Ўн тўрт кунлик қамалдан кейин салибчилар қалъаси Аркадни забт этиб, уни вайронага айлантирди. Шундан кейин Шом шимолида ўрнашиб олган кучли ассасинларга қарши чора-тадбирлар кўриб, уларни ҳам енгиб чиқди.Унинг подшоҳлик даврида додхоҳлари Миср жанубида жойлашган Нубияни ҳам қўлга киритдилар. Сўнгра у Бағдоддаги сўнгги аббосий халифанинг амакисини шу шаҳарда Ислом халифаси мартабасига кўтариб қўйди. Аббосий халифаларнинг иккинчи шохобчаси ана шу пайтдан эътиборан ўн олтинчи аср бошига қадар давом этди. Бу халифалар "авқаф" деб аталадиган диний ҳайр-садақалардан ва мусулмон дунёси ҳукмдорларининг ҳадяларидан арзигулик бирор моддий имкониятга эга эмасдилар. Ҳатто усмонлилар ҳукмдори Боязид Биринчи ҳам халифага ўлпон тўлаб, фотиҳа олиб туришга мажбур эди.
БАЙБАРС ТАЪРИФИ. Султон Байбарс буюк лашкарбоши бўлишидан ташқари ажойиб ҳукмдор эди, у мамлуклар империяси учун кўп ишлар қилди. Янги йўллар қурдириб, ариқлар қаздирди; ҳарбий-денгиз кучларини ривожлантириб, замонавийлаштирди, Қоҳира ва Дамашқ орасида тез хат-хабар алоқасини ўрнатди, шунингдек, кўплаб масжидлар қурдирди. Унинг ўзи ҳам холис қарашли киши эди. Бетарафлиги шу қадар эдики, Қоҳирада мусулмонларнинг ҳар қайсиси бошқа-бошқа мазҳабларига: ханифийлар, шофиъийлар, моликийлар ва ханбалийларга мансуб бўлган тўртта қози тайинлади. Мисрда шу кунгача сақланиб келаётган Каъба учун ҳар йили пўш (ёпқич) тайёрлаб, Маккага етказиб бериш одати ҳам Байбарсдан бошланди. У Оврупо ва Узоқ Шарқдаги кўплаб подшоҳлар билан элчилик алоқалари ўрнатди, Олтин Ўрда хони (Чингизхон империясидан Шарқий Оврупони ва Русияни мерос қилиб олган мусулмонлар) билан  иттифоқ тузди.

 
Баннер