Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Хитойнинг Шарқий Туркистонни босиб олишида сўфий тариқатларининг хизмати
PDF Босма E-mail

XVII аср бошларига келиб, Шарқий Туркистонни Мўғуллар давлати бирлаштириб турган бўлиб, структураси бўйича у Ўрта Осиё давлатларига ўхшаб кетарди, фақат бунда интеграция даражаси пастлиги билан ажралиб турарди. Мўғул ҳарбий кўчманчи зодагонлари ва уларнинг уруғлари пойтахт Ёркендда ҳам, туманларда ҳам барча нуфузли лавозимларни эгалларди.

 

XVII асрнинг биринчи ярмида ўша даврда Марказий Осиёда қудрати ошиб бораётган Жўнғарлар хонлигидан ғарбий мўғуллар-ойратлар ва Шарқий Туркистонга ойратлар ва қозоқлар томонидан сиқиб чиқарилган қирғизлар мўғуллар хизматида пайдо бўлади, улар илгари мўғулларга хизмат қилган, Қозоқ хонлигининг дашт ерларини бўлиш учун кетган қозоқлар ўрнига ўтганлар. Ойратлар ва қирғизлар билан бир қаторда XVII асрда ўз фаолиятини Шарқий Туркистонга ҳам ёйган нуфузли мусулмон дин пешволари – хўжалар, Нақшбандия — хожаган сўфийлик тариқати бошлиқлари ҳам мўғул ҳукмдорларининг асосий таянчига айланади. Сўфийлик тариқатининг номи XIV аср Ўрта Осиё тасаввуфининг йирик вакили, миллати тожик бўлган, Бухорои-Шарифда туғилган, унинг издошлари даврида якуний шаклланган бўлғуси Нақшбандия тариқатининг ташкилий асосларини ишлаб чиққан Баҳоваддин Муҳаммад Бурҳониддин Муҳаммад Бухорийнинг ҳунари номидан (нақшбанд – нақш солувчи уста) келиб чиққан. Нақшбандия вакиллари орасида Ўрта Осиё ва Эрон тарихи ва маданиятининг таниқли сиймолари – форс тилида ёзган атоқли шоир Абдураҳмон Жомий, асарлари икки тилда - Чиғатой (Ўрта Осиё туркий) ва форс тилида битилган Алишер Навоий, Мирзо Улуғбекнинг тахтдан туширилишига хизмат қилган ва амалда Ўрта Осиёда 40 йил ҳукмдорлик қилган Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор кабилар бўлган. XV асрдан  бошлаб нақшбандия аста-секин Қоҳира ва Босниядан тортиб Хитойнинг шимолий-ғарбий қисмидаги Гансу, Жануби-Шарқий Осиёда Суматра оролига, Волгабўйи ва Шимолий Кавказдан Жанубий Ҳиндистон ва Арабистон яриморолигача бўлган кенг ҳудудда тарқалган ал-қодирийядан кейин ислом дунёсида энг тарқалган иккинчи ўриндаги тасаввуф тариқатига айланди. Тариқат Моваруннаҳрнинг, қирғизлар уруғлари ва қозоқларнинг, шунингдек, Шарқий Туркистоннинг тўлиқ исломлаштирилишида муҳим роль ўйнади[Ислам. Энциклопедический словарь. М., 1991. С. 186—188.].
Бу диний оқим, ҳар ҳолда Шарқий Туркистонда XVII асрда экстремизмга мойил бўлиб, ҳокимиятни қўлга киритиш учун кураш олиб борган. Мўғул ҳукмдорлари энг яхши ерлар ва яшма конларидан хўжаларга фаол ажратиб бериб, натижада улар молиявий ресурслар билан таъминлаган ва мамлакатнинг энг кучли ҳукмдорларига айланган. Натижада ўзаро низоларда хўжаларга таянишга интилган мўғул ҳукмдорларининг ўзлари уларнинг таъсир доирасига тушиб қолди ва бу уларга жудаям қимматга тушган. Хўжаларнинг фитналари туфайли Султон Маҳмуд Хон ва Йўлбарс ўлдирилди, Султон Аҳмад Шоҳ ва Абдуллоҳ ҳокимиятдан маҳрум этилиб, мамлакатдан чиқариб юборилди. Мўғуллар давлатининг сўнгги ҳукмдори Исмоил хоннинг хўжалар таъсирини камайтириш йўлидаги уринишлари муваффақиятсиз тугади, 1683 йилда у кенг кўламли фитна натижасида ағдарилиб, фитнада хўжалардан ташқари мусулмон бўлмаган кишилар - Жўнғар хонлигининг хунтаижи, ҳукмдор Галдан Бошокту хон, Тибет раҳбари ва Тибет лама буддийлар черкови раҳбарияти иштирок этди.
Хўжаларнинг мўғул давлати сиёсий ҳаётига ўсиши уларнинг гуруҳлари – «оқтоғликлар» ва «қоратоғликлар» ўртасидаги кескин қарама-қаршиликлар билан характерланди. Уларнинг рақобати диний мотивлар билан эмас, балки сиёсий фарқлар, аниқроғи, мамлакатда ҳокимият учун кураш билан белгиланар эди. Уларнинг душманлиги икки ака-ука - оқтоғликлар етакчиси Муҳаммад Амин (Эшон и-Калон) ва қоратоғликлар етакчиси Муҳаммад Иcҳоқ-Валийнинг рақобатига бориб тақалади. Шарқий Туркистонда Нақшбандия тариқатининг бу диний йўналишлари кураши юзага келди. Исмоилхонни ағдариш ташаббускори бўлган оқтоғликлар етакчиси Хўжа Оппоқ Шарқий Туркистоннинг маънавий ва дунёвий раҳбари - теократик монархга айланди. Унинг тимсолида ўша пайт ўз қудратининг чўққисида бўган Жўнғар хонлиги содиқ вассалликка эга бўлди. Шарқий Туркистонда жўнғар-ойратларнинг вассалига айланган муғуллар ўз кучини сақлаб қолган ягона жой Турфан эди. 1713 йил жўнғарлар тахтини хунтайджи Цэван-Рабтана эгаллаб, хўжалар гаровга олиниб, Жўнғарияга олиб кетилганда Шарқий Туркистоннинг Жўнғар хонлигига қарамлиги янада ўсди. 1720 йилда қоратоғлилар хўжаси Дониёр Хўжа Қашғарга қайтарилди ва Жўнғар вассаллиги ҳуқуқи тикланди, унинг хунтаижи саройидаги тўнғич ўғлидан ташқари барча ўғиллари бутун мамлакат бўйлаб ерларга эга бўлдилар. Дониёрнинг вафотидан сўнг бу тўнғич ўғли Хўжа Жаҳон янги ҳунтаижи Галдан-Церендан Ёркенд музофотини олган, аммо Шарқий Туркистон устидан олий ҳокимиятни эмас.
Шундай қилиб, XVII аср ва XVIII бошларида Шарқий Туркистон ички сиёсий ҳаёти ва ташқи сиёсатида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Нақшбандия тасаввуф тариқатининг хўжалари томонидан кўп жиҳатдан осонлаштирилган муғул давлатининг ички беқарорлиги мустақилликнинг йўқолиши ва унинг ҳукмрон сулоласининг барҳам топиши билан якунланди. Шу билан бирга, хўжаларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг Шарқий Туркистондаги роли ортиб бориши сиёсий кучларнинг уйғунлашуви ва қарама-қаршилигига янги нарса олиб келмади. Ҳудудлар орасида ва ҳудудлар ичидаги кураш хўжаларнинг ўзаро ички низолари билан тўлдирилди.
Ўша даврда Шарқий Туркистонда тўртта ҳокимият марказларининг мавжудлиги кўзга ташланади: шарқий удел - иккита удел - Комул ва Турфан, уларнинг ҳукмдорлари Ёрканд ва Қашғар хўжаларига ишонмаган марказий туманларга бўлинган, ҳамда қоратоғликларнинг Ёркенд ва оқтоғликларнинг Қашғар маркази. Лекин шуни эътиборга олиш керакки, бу марказлар Жўнғар хонлигига вассал қарамликда бўлган. Шу тариқа Шарқий Туркистон давлатчилиги қарийб ярим аср - минтақага манчжур богдихонлари – 1644 йилда Хитойни босиб олган Цинь империяси ҳукмдорлари бостириб киргунга қадар мавжуд бўлган. Хитойнинг манчжур ҳукмдорларининг Шарқий Туркистонга нисбатан олиб борган сиёсатини ҳар икки томон хўжаларнинг минтақа учун курашдаги аҳамиятини аниқ англаб етган цинь-жўнғар муносабатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқиш лозим. Ҳунтаижи Галдан билан тўқнашувда цинлар XVIII асрнинг иккинчи ярмида ерлари Цинь иттифоқчиси Хал-Ху - Шарқий Мўғулистонга қарши жўнғар кампанияларининг таянчига айланган Қашғар дарвозаларида Комул ва Турфаннинг стратегик аҳамиятини тушунди. 1720 йилга келиб цин қўшинлари – хитойликлар, манчжурлар, халха-мўғуллар Комул, Пинчан ва Турфанда эди. Хўжалар яна бўлиндилар. Эмин-хўжа тарафдорлари цинларни қўллаб-қувватлаган, Азиз-хўжа тарафдорлари эса уларга қарши курашган ва Турфан қулаганидан кейин Оқсув ва Ўш томон чекинган. Цинлар, Турфанни ушлаб қолишга интилиб, бу ердаги гарнизонни кучайтирган, фақат жўнғарлар билан уришини маълум қилиб, асир олинган турфанликларни қўйиб юборган. Бунда жўнғарларга қарши Россия империяси билан иттифоқ тузишга уринилган. Бироқ Россия, гарчи 1715-1716 йилларда жўнғарлардан Ёркендни тортиб олишга муваффақиятсиз уриниб кўрган бўлсада, 1760 ва 1731 йилларда Жўнғар хонлигига қарши биргаликда юриш ҳақида цинлар таклифини рад қилган.
1755-1758 йилларда Цин қўшини Жўнғар хонлигини мағлуб этиб, ойратларнинг кўпини қириб ташлади. Бу урушда ойратлар етакчиси Амурсана Турфанда цинлар гарнизонини қириб ташлаган турфанликлар томонидан қўллаб-қувватланди. Оқтоғлик хўжалар Цинни қўллаб-қувватлашди ва Қашғар билан Яркендни қўлга киритиб, қоратоғлик хўжаларни қирғин килди ва Шарқий Туркистон сиёсий майдонидан қувиб чиқарди.
1758 йилда Жўнғар хонлиги устидан қозонилган ғалабадан сўнг Турфондан Цин қўшинлари Шарқий Туркистоннинг ғарбига қараб йўл олди. Улар таркибида иттифоқдош Эмин-Хўжа гуруҳлари ҳам бор эди. Қашқарни олгач, бир неча ой давом этган Кучар қамалидан сўнг, улар ўзларининг собиқ иттифоқчилари - оқтоғлик хўжалар қўшинларини мағлубиятга учратдилар. Гарчи хўжалар қамал қилинган Кучардан қочган бўлсалар-да, Оқсув ёки Ўшда ўрнаша олмадилар. Циннинг кечаги иттифоқчилари, энди эса уларнинг энг ёмон душманлари - оқтоғлик хўжа Бурҳониддин ва Хон Хўжа Қашғар ҳимоясини ташкил этишга ҳаракат қилдилар. Аммо цинлар кўндириш, таҳдид қилиш ва сотиб олиш йўли билан хўжаларнинг потенциал иттифоқчилари - қирғизларни зарарсизлантиришга муваффақ бўлди. Шунга қарамай, Ёркенд деворлари остида Цин армияси мағлубиятга учради. Аммо бу тактик муваффақият фақат хўжалар талвасасини чўзди, холос. Цин кучлари 20 минг қўшимча аскарга эга бўлиб, Фарғона ва Бухородаги қўллаб-қувватлаш базаларидан хўжаларни кесиб қўйиш учун Ўш орқали Қашғарга катта ҳужум уюштирди. Ёркендга қарши Хотан орқали цинлар томонидан қўшимча зарба берилди. 1759 йил 6 августда Қашғар ва Ёркенд цинлар томонидан ишғол қилинди, Хўжа Бурхониддин ва Хон Хўжа эса Помир орқали Бадахшонга, Афғонистон ҳудудига қочдилар. Шарқий Туркистоннинг босиб олингани ҳақида хабар топгач, Цин императори Цянлун хўжаларни қўлга олишни буюрди ва 1759 йилда хўжалар шубҳали шароитларда Бадахшонда ҳалок бўлди. Цин қўшинлари жанглар билан Яшикўл кўлигача етиб бордилар ва Қашғарга қайтдилар[Зотов О. В. Китай и Восточный Туркестан в XV—XVIII вв. межгосударственные отношения. М., 1991. С. 106—113.].
Шарқий Туркистоннинг цинлар томонидан босиб олиниши Шарқий Туркистон жамияти ҳукмрон элитасида бирлик йўқлиги билан олдиндан белгиланган эди, чунки хўжалар аввал Жўнғар хонлигига, кейин эса Цин империясига ҳеч қандай эътибор қаратмасдан, ички низоларга муккасидан берилганди. Шу сабабларга кўра Ислом бу вақтга келиб минтақада аллақачон ҳукмрон дин бўлган бўлса-да, Шарқий Туркистон бирлигининг мустаҳкамловчи мафкурасига айлана олмади. Цинлар хўжаларнинг ички низоларига ҳакам бўлдилар, Цинларнинг тинчликсеварлигидан хомтама бўлган, сиёсий «думбуллик», мамлакат манфаатларини ва исломнинг маънавий қадриятларини устун қўя олмайдиган хўжалар шахсий худбинлик юқори бўлиши лозим бўлсада, ҳатто ўз-ўзини сақлаш инстинктини ҳам йўқотганди, оқибатда бу уларнинг мамлакати ҳам, ўзлари ҳам ҳалок бўлишига олиб келди.
Бироқ хўжалар тарихи шу билан тугамади. 1815 йил Шарқий Туркистонда цинлар ҳукумати томонидан қоратоғлик охун Зиёвуддин томонидан бошқарилган мусулмонлар қўзғолони бостирилди. Ўтроқ мусулмонлар билан бирга қўзғолонда қирғизлар ҳам қатнашди. Буларнинг барчаси Шарқий Туркистонда Цин ҳокимиятини қийинлаштирган Ўрта Осиёда Қўқон хонлиги билан Цин империясининг мураккаб алоқалари фонида рўй берди. Қўқон хонлари Цин истилочиларига қарши курашган жангчиларга бошпана бериб, мусулмон қўзғолончиларига қурол-яроғ, қўшинлар билан ва моддий ёрдам бердилар. XIX аср бошларида Қўқонда яшаган Хўжа Жаҳонгир ва Хўжа Юсуф – Қашғар ҳукмдорлари бўлган собиқ оқтоғлик хўжаларнинг авлодлари – ўлка мустақиллигини тиклаш ҳаракатига бошчилик қилдилар. Шарқий Туркистоннинг мусулмон аҳолиси орасида хўжаларнинг нуфузи жуда юқори эди, халқ уларни мусулмонлар эътиқоди учун курашчи ва чет эл ҳукмронлигидан халос қилувчилар деб биларди. Оқтоғлик хўжалар Қашғарда ҳокимиятни қайтариб олишга интиларди. 1820 йилдан 1827 йилгача Шарқий Туркистонда Цин ҳокимиятига қарши қўзғолонлар авж олган бўлиб, Мамед Алихон томонидан қўллаб-қувватланган Хўжа Жаҳонгир томонидан бошқарилган. Қўзғолон бошланганида қўқонликлардан, тожиклар ва қирғизлардан ташкил топган Жаҳонгирнинг гуруҳлари оқтоғликлар қишлоқларини ғазотга – Цинларга қарши муқаддас урушга кўтаришга муваффақ бўлди, Қашғар, Ёркенд, Хўтанни олиб, Оқсув ва Уч-Турфонни қамал қилдилар. Қўқон хони Мамед-Али Жаҳонгирга ёрдам бериш учун қўшин билан келди. Аммо бу муваффақиятлар вақтинчалик эди. Оқтоғлик хўжалар ва қоратоғлик хўжалар, маҳаллий мусулмонлар ва Жаҳонгир қўшинида хизмат қилган Ўрта Осиёдан келганлар -қирғизлар, қўқонликлар, андижонликлар ва тожиклар ўртасидаги зиддиятлар, Жаҳонгирнинг қатъиятсизлиги ва ҳарбий ташаббусни йўқотиши қўзғолонни мағлубиятига олиб келди. Жаҳонгир қўлга олиниб, 1828 йил Пекинда қатл етилди. Бу исён Шарқий Туркистонда Цин ҳукмронлиги асосларига зарба берди, унинг қонли бостирилиши эса янги мусулмонлар чиқишлари учун замин яратди. Энди барча умидлар 1830 йилда Қўқон халқининг кўмаги билан Қашғар ва Ёркендга кириб, Янги Ҳисорни қўлга олган Жаҳонгирнинг укаси Юсуф Хўжага қаратилган эди. Аммо уни цинларнинг исёнчиларга қарши ўзларини ҳимоя қилишида ёрдам берган қоратоғлик хўжалар қўллаб-қувватлашмади. Цин ҳукумати оқтоғлик хўжалар ва қоратоғлик хўжалар ўртасида азалдан қолган адоватдан моҳирона фойдаланди, қаттиқ жанглар ва қонли тазйиқлардан сўнг қўзғолонни бостирдилар, 1830 йил охирида Юсуф Хўжани Қўқонга қувиб юбордилар. 1832 йил Хотанда, 1858 йил эса Қашғарда Жаҳонгирнинг жияни  Валихонтўра бошчилигида, 1864 йил июнида эса яна Хотанда мулла Ҳабибуллоҳ бошчилигида кўтарилган қўзғолонлар цинлар томонидан шафқатсиз бостирилди. Шу даврда исён кўтарган Қашғарга Жаҳонгирнинг ўғли Бузрукхўжа билан келган қўшинни аҳоли шодлик билан қарши олди. Лекин бу хўжалар бошчилигидаги сўнгги қўзғолонлар эди. Гарчи бундан кейин ҳам халқ ғалаёнлари ислом дини шиорлари остида бўлиб ўтган бўлсада, бу ҳаракатларда хўжаларнинг етакчилиги аста-секинлик билан йўқотилди[Непомнин О. Е. История Китая. Эпоха Цин. XVII — начало XX века. М., 2005. С. 377—382; Валиханов Ч. Ч. О состоянии Алтышара или шести восточных городов Китайской провинции Нан-лу (Малой Бухарин) в 1858—1859 годах. Собрание сочинений в пяти томах. Т. 3. Алма-Ата, 1985. С. 97-237.].
Таъкидлаш жоизки, оқтоғлик хўжалар ва қоратоғлик хўжаларнинг авлодлари, худди ўз аждодлари каби, ҳеч нарсани эсдан чиқармади ва ҳеч нарсани ўрганмади, шу сабабли мустақил Шарқий Туркистон давлатчилигини тиклашга уринишлар, бундан кўра муносиб тарзда қўлланиши мумкин бўлган қатъият билан, аввалги хатоларни такрорлаб, ўтмишдан сабоқ олмасдан, муваффақиятликка учради. Бугунги кунда ҳам Шарқий Туркистон жамияти кучларининг бир қисмининг яна асосан диний Исломий шиорлар остида Хитойдан ажралиб чиқиш ва мустақил давлат тузиш учун кураши тўхтамайди. Ана шу ҳолатлар туфайли хўжаларнинг кўплаб шиорлари ҳали тарих мулкига айланмаган, улар бундан 200-300 йил илгари бўлгани каби ҳали маҳаллий мусулмонлар орасида акс-садо бериб турган Шарқий Туркистонда ҳамон долзарбдир.

А. Ш. Кадырбаев
Институт востоковедения Российской академии наук доктор исторических наук, профессор
Абу Муслим таржимаси

 
Баннер