Темур тузуклари (12) | ||||
СИПОҲИЙЛАРНИ ЭНГ ҚУЙИ ДАРАЖАДАН ОЛИЙ МАРТАБАГАЧА КЎТАРИШ ТУЗУГИ
СИПОҲИЙЛАРНИ ЭНГ ҚУЙИ ДАРАЖАДАН ОЛИЙ МАРТАБАГАЧА КЎТАРИШ ТУЗУГИ Қилич чопишда ўзини кўрсатган баҳодирларни, биринчи мартаба бўлса — ўнбоши, иккинчи мартаба ботирлик қилса — юзбоши, учинчи мартабасида эса мингбоши қилиб тайинласинлар. Ўнбоши қўли остидагилардан бири ботирлик қўрсатса, биринчи галда уни ўнбоши қилсинлар. Қилич чопишда ўзини ҳимоя қила туриб кўзга ташланган аскарлар бундан иcтиснодир, чунки ҳўкиз ҳам сузишганда шохини ниқтайди. Шундай экан, сипоҳийнинг аслу насабига ҳам қараш лозим. Агар мингбоши қилич зарби билан ғанимнинг бир фавж лашкарини синдирса, уни биринчи амир этиб тайинла-синлар. Биринчи амир ёв лашкари сафини бузиб, уларни тарқатиб, баҳодирлик кўрсатса, уни иккинчи амирлик даражасига кўтарсин-лар. Шунга ўхшаш, қайси амир ёв лашкари тўпини тўздириб, иш кўрсатар экан, уни ўз мартабасидан юқори кўтарсинлар. Сипоҳийлардан кимки астойдил шамшир чопгудек бўлса, маошини оширсинлар. Қайси бир сипоҳий урушдан юз ўгириб қочадиган бўлса, уни даргоҳимга киритмасинлар . Агар ночорликдан мажбур бўлиб чекинган бўлса, узрини қабул қилсинлар. Агарда ваҳима босиб, қўрқувдан шундай қилган бўлса, уйига қайтарсинлар. Қайси сигюҳий, душман қаршисида қилич чопиб, ярадор бўлган бўлса, уни такдирлаб инъом берсинлар, бордию яралангандан кейин қочган бўлса, унга таҳсин ўқиб, яраланганлигини эътиборга олсинлар. Чунки у ғанимга ҳужум қилолмай, ёв ҳамласи вақтида жароҳатлангандир, яраси унинг қочмаганлигига гувоҳдир. Шунинг учун ҳам сипоҳийлик ҳақини сақласинлар. Қайси бир сипоҳий хизматда юриб қарилик ёшига етаркан, уни улуфадан маҳрум этмаслик ва мартабасидан тўширмаслик керак. Ҳеч бир сипоҳийнинг хизмати назардан четда қолмасин, чунки улар давлат хизматида бўлиб, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганликларининг ўзигагина ҳам инъомга ва моддий таъминотда бўлишга ҳақли ва лойиқдирлар. Уни инъомидан маҳрум қилиб, хизматларини кўрсатмасалар, ноинсофлик қилган бўлурлар. АМИРЛАР, ВАЗИРЛАР, СИПОҲ ҲАМДА РАИЯТНИ ТАКДИРЛАБ, ИНЪОМ ВА СОВҒАЛАР БЕРИШ ТУЗУГИ Амр қилдимки, қайси бир амир бирон мамлакатни фатҳ этса, ё ғаним лашкарини енгса, уни уч нарса билан мумтоз қилсинлар: [биринчиси] фахрли хитоб, туғ ва ноғора бёриб, уни баҳодир деб атасинлар. [Иккинчиси] уни давлат ва салтанат шериги билиб, кенгаш мажлисига киргизсинлар. [Учинчиси] унга чегара вилояти топширилсин ва ўша ерлик амирлар унга бўйсунсинлар. Агар амирлардан қайси бирови тўра (хон ўғли)ни енгса ёки бирон амирзодага шикаст етказса, ё бирор ўлкахонини мағлуб этса, уни юқоридаги йўсинда мукофотласинлар. Чунончи, Дашти Қипчоққа, Ўрусхонга қарши уруш учун юборган амирим ИкиТемур уни енгиб қайтгач, амирни мукофотлаб, тумон, туғ, алам (байроқ) ва ноғора бердим. Уни давлатимга шерик қилиб, ўзимга маслаҳатчи ва вазир қилдим. Кенгашларимга киритдим ва чегарадаги вилоятлардан бирини унга тақдим этиб, у ер амирларини унга бўйсундирдим. Шунда ҳасадчилар унинг ҳақида [турли уйдирма] гаплар тарқатиб, «Ўрусхон улусини талон-торож қилиб, мол-мулкини ўзиники қилиб олди»,— дедилар. Бу гаплари билан ундан кўнглимизни бир оз совутдилар. Бироқ мен Баҳром Чубин қиссасини эшитиб тажрибам ошганди. Воқеа бундай бўлган экан. Хоқон уч юз минг қонхўр турк аскари билан Хўрмуз ибн Нуширвон устига лашкар тортди. Хўрмуз эса Нуширвоннинг вазири, маслаҳатчиси ва сипоҳсолори бўлмиш Баҳром Чубинни 320 минг эроний аскар билан хоқонга қарши урушга йўллади. У хоқон лашкари билан тўқнашиб, уч кечаю уч кундуз жангу жадал қилди. Охири хоқонни: енгиб, бор ҳақиқатни Ҳўрмузга арз қилди, ўлжа қилиб қўлга киритган бутун мол-мулкни Ҳўрмузнинг ҳузурига жўнатди. Шу аснода ҳасадчилар ва ғийбатчилар Ҳўрмуз мажлисида унга қарши туҳмат қилиб, «Баҳром мол-мулкнинг катта улушини ўзига олиб қолди, хоқоннинг асл қимматбаҳо тошлар билан безатилган қиличи ва тожи, жавоҳирлар қадалган этигини ўзлаштириб олди», дедилар. Хўрмуз ҳам хомтамъа бўлиб, Баҳромнинг хизматларини унутди. Ғаразгўй ва ғийбатчи кишиларнинг гапларига ишониб, уни (Баҳром Чубинни) гуноҳкор ва хоин деб билибди. Унга аёллар ёпинчиғи, кишан ва занжир юборибди. Баҳромнинг бўйнига кишан солиб, оёқларига занжир боғлаб, аёллар кийимини кийдиришни буюрибди. Сўнг ҳузурига амирлар, сипоҳ бошлиқларини чақиртириб, уни саройда йиғилган барчага кўрсатибди. Саркардалар ва бошқа сипоҳийлар бу ҳолни кўриб, Ҳўрмузга таънаю дашномлар ёғдиришибди. Ундан ихлослари қайтибди. Кейинчалик сипоҳ Баҳром Чубин бошчилигида иттифоқ бўлиб, Ҳўрмуз даргоҳига бостириб келибдилар. Уни салтанатдан тушириб, Ажам мамлакати салтанатининг тахтига Хусрав Парвизни ўтказибдилар.
|