Ўлкада рўй берган ижобий натижалар уйғур халқининг асрий орзу-армонларини рўёбга чиқариш учун катта йўл очиб берган эди. Аммо бундай ҳолнинг ички ва ташқи душманларга ёқмаслиги тарихдан маълум. Шунга асосан зулм-хиёнат билан туҳмат режалари тузилди. Бу сиёсатни амалга оширишда ички томондан Бурҳон [Шаҳидий] афанди уялмай, виждонини ва обрўйини сотган ҳолда турли ёдғонларни нутқларида сўзлади, матбуотда ёзди, шахсий мавқеини сақлаб қолиш ҳунарини қилди.
У 1935 йилларда дубан томонидан Олтойга бориб, Шарифхонтўрани дубанга боқиндириб келди. Мана шу хизматларининг эвазига, Шарқий Туркистон халқининг манфаатини қурбон қилганлиги учун Бурхон афанди ўз мансаб-мавқеини сақлаб қола олди. Дубан ва Хўжаниёзларга совет томонидан маслаҳатчи бўлиб келган Мансур афанди ва шунга ўхшашлар ҳар соҳанинг муҳим ўринларига ўрнашиб олиб, ҳақиқий ватанпарварларни марказдан йироқлаштириб, бошқа ёққа мансаб бериб юборган бўлиб, унинг ўрнига ўз одамларини қўйди. Хусусан, Тошкентдан ўқиб таълим олиб келганлар ҳамма соҳаларнинг муҳим ўринларини эгалладилар, жумладан, соқчи(Ички ишлар, милиция (полиция).) идораларини қўлга олдилар. Ўз мудҳиш режаларини амалга ошириш учун ҳар бир идора, ҳар бир маҳалла ва хонадонларгача жосус қўйдилар. Мактаблар биринчи навбатда жосуслар билан тўлдирилди. Халқни алдаш учун қилган ўзгаришлар йўли билан ишдан олинганларнинг ўрнига виждонсиз, жосус, шахсиятпарастлар келди. Шундай қилиб, кун ботишдан чиққан мудҳиш қора сиёсат бу ерга ҳам етиб келди. Дубан бу сиёсатни амалга оширишда Сталиннинг кўрсатмаси бўйича ҳарбий аҳамиятга эга бўлган Шарқий Туркистонни Хитойдан ажратиб турган кун чиқиш чегараси Шиншишогача тош йўл қурдирди. Мазкур чегарада талабга лойиқ ҳарбий иншооотлар барпо этилди. Можуйинг Қашқарни олган Маҳмудга ёрдам қилиш баҳонаси билан совет-хитой чегарасида жойлашган улуғчот қирғизларидан Исҳоқбек [Мунунов], [Абдураззоқ] Мавлон, Додхолар бошлиқ бир миқдор қуролли қирғизлар Маҳмудга келиб қўшилган. Дунганлар қочгандан кейин булар Маҳмудга итоат қилгандай бўлиб, аскарлар орасига тарқалиб жосуслик қиладилар. Исҳоқбек Тошқўрғонда ҳоким, Қашқарнинг ички ишларига жосус Қодирҳожи бош бўлиб, ватанпарварларни қирғин қилиб, турмадаги маҳбусларни ўт қўйиб ўлдирадур. Маҳмуднинг офицерларидан Тошкентта бориб ўқиб таълим олганлари бузилиб келадур. Шу орада дубандан Олтишаҳарга Мансур афанди тафтишчи бўлиб келиб, халқ тарафидан қилинган мактаб-маориф ишларини ҳукумат қарамоғига ўтказиб, назоратга олишни йўлга қўядур. Жумладан, матбуот органларини бошқариб турган кишиларнн олиб, ўз кадрларини қўйиб, ком-мунизмчиларнинг зўравонлик ва ёлғонга асосланган матбуотини жорий қиладур. Шунинг натижасида нохақлик ва туҳматлар билан одамларни қамай бошлайдур. Маъмурий ишлар бўйича Лу силинг сиртқи куч бўлган совет сиёсатини амалга оширадур. Мана бу ишларга норози бўлган Маҳмуд бу зулмларга тўсқинлик қилиб, ҳар хил чоралар билан қарши турадур. Аммо ички-ташқи душманлар билан ўралган Маҳмуд кўп фикр-мулоҳазадан кейин қўлидаги ҳарбий қувват билан сиртқи кучга қарши туришга қодир эмаслигини ҳисобга олиб, исён кўтармасликка тўхтаса ҳам, ҳақиқий сирдан хабар топган ички ва ташқи душманлар Маҳмудни турли ҳийла-найранглар билан қўлга олишни ўйлаб, дубан ўзи ва Хўжаниёз орқали ҳам Урумчига бир неча бор чақирадур. Борса хатарга йўлиқиб, бормаса ора бузилишига кўзи етиб, бошқа иложи қолмагач, ўз яқинлари билан маслаҳатлашиб, Ҳиндистонга ўтиб ўз мақсади йўлида ҳаракат қилишга тўхтам қилиб, 1937 йилнинг баҳоридаўз сафдошлари билан Қашқардан Ҳиндистонга ўтиб оладур. Маҳмуд Урумчига эмас, Ҳиндистонга кетгани маълум бўлиши билан аскарлар орасида ғулғула чиқиб, ўз ичларидан Абдуниёзни бошлиқ қилиб, ҳукуматга итоат қилишдан бош тортган ҳолда Қашқардан Ёркентга бориб қоладурлар. Хўтанда турган Мохусанг билан бирикиб, Шиншисайга яъни дубанга қарши урушга тўхгам қилиб, дунган ва уйғур ислом асосида бирлашиб, Абдуниёз, Мохусанглар 1937 йил май ойларида ҳужум бошлаб, Қашқар шаҳри атрофлари билан Учтурфон, Оқсув, Ободни атрофлари билан олиб, Оқсувда турган дубан кучларини тор-мор қилиб, Бой, Қизил, Сайрам, Қучорни эгаллаб,Урумчига ҳужум қилишга тайёрланиб турадур. Бутун халқ қўзғолонни қўллаб-қувватлаб, ўз ихтиёрлари билан фидойи бўлиб душманга қарши жанг қиладилар. Қўзғолонни бостириш учун дубан кўп аскар юборган бўлса ҳам қўзғолончилартомонидан тор-мор қилиниб, олға қараб душманни йўқ қилиб кетаётганда адолатсиз мустамлакачиликка қарши бошланган курашни бостирмоқ учун совет томонидан Ортуш, Учтурфон орқали танка-аэропланлар билан қуролланган аскарлар пайдо бўлиб, қўзғолонни бостириб йўқ қилиш мақсадида жон-жахди билан уришиб турганда, ўз вақтида Маҳмуднинг аскарлари орасига кирган қирғиз аскарлари бўлиниб чиқиб, янгидан қуролланган ҳолда Исҳоқбек, Мавлонлар бошчилигида қўзғолончиларга орқа тарафдан ҳужумқилиб, ўзларининг мудҳиш-ёмон ниятларини амалга оширадурлар. Шу орада совет аскарлари ердан танклар билан, ҳаводан аэроплан билан бомба, пулемётдан ўқ ёғдириб, тенгсиз урушдан ваҳшийларча фойдаланиб, қўзғолончиларни тараф-тарафга чекинишга мажбур қиладур. Мохусанг йигирмалаб танк ва самолётларнинг ҳужумига чидамай, Ёркентга чекинадур. Бу ерда ҳам туролмай, сентябрь ойларида Ҳиндистонга ўтиб кетадур. Абдуниёз мардларча туриб, фидокорона жанг қилиб, натижада олтмиш мингга яқин қуролли ва қуролсиз фидойилар шаҳид бўлганлар. Уларни Худо раҳмат қилсин! Бу ватанпарварларни уйғур халқи ҳеч вақт эсдан чиқармайдур. Шунинг билан Олтишаҳар қўзғолонини советлар куч билан бостириб, уйғур халқининг қўл-оёғини бошқаларга боғлаб берди. Мундин кейин Қумулнинг ҳарбий-мулкий бошлиғи Йўлбарс ҳам дубанга қарши урушнинг фойдасиз бўлишини билиб, Ичкари Хитойга қараб қочади. Йўлбарс, Маҳмуд, Мохусанглар Хўжаниёз инқилобидан чиққан куч бўлиб, буларнинг инқилоб жараёнида тутган ўринлари сақланиб қолган эди. Аммо уларни сиртқи душман бўлган советлар ўз режаси бўйича ваҳшийларча бостириб тарқатиб юборди.
Алихонтўра Соғунийнинг "Туркистон қайғуси" китобидан |