«ҲИНД ИХТИЛОЛЧИЛАРИ» Театр китоби. А.Фитрат асари
Бизда ҳам муҳаррирлик бир санъат ҳолиға кира бошлади. Ҳозир кўзга кўринарлик асарлар майдонга келди. Турли журналлар, адабий парчалар, шеър мажмуалари, театр китоблари шу қаторидадир. Буларни секин-секин кўруб чиқмоқ, илмий асарларни илмий жиҳатдан, фанний асарларни фан назаридан, таълим-тарбияга оидларини ўз тўғрисидан, адабийларини ҳам санъат ўлчаги билан ўлчаб, текшириш вақти, қисқаси, «интиқод-тақриз» замони келди. Интиқод-тақриз камчиликларни тўлдирмоқ, тузукларини билмак, танимоқ учун биринчи қуролдир. Мана бу йўлда озғина хизмат бўларми экан деб биз қўлимиздағи «Ҳинд ихтилолчилари»ни, яқиндағина Берлинда босилғон шу беш пардалик театр китобчасини, кучимиз етганича, кўруб чиқмоқчи бўлдиқ. Шу йўлда биринчи қадам бўлғони учун камчиликлари кўб бўлур. Орқадошларнинг ҳиммати бўлиб кўрсатилса, секин-секин ҳақиқатга эришмак мумкин бўлур. Бошлаб асарнинг мундарижасини кўрсатайлик. Воқеа — отидан ҳам маълум бўлғони каби — Ҳиндистон ихтилолчилари турмушидан олинғондир. Воқеанинг қаҳрамони Раҳимбахш отлиқ бир йигит билан Дилнавоз деган бир қиздир. Буларнинг муошақаси, Ҳиндистон тўғрисида мубоҳасалари, англиз юзбошисининг ҳирси орқасида буларнинг қамоққа олинишлари, қутилишлари, яширин қўмитада бирга ишлашлари, қўлга тушишлари, оқибатда англиз юзбошисини ўлдириб, буткул қутилишлари ва бошқа орқадошлари билан бирга ҳинд қутилиши учун аҳд-паймонларидир. Асарда тасвирлар, ҳаяжонлар анча тузук ва мукаммал. Айниқса, Раҳимбахш ва Дилнавознинг сўзлари жуда таъсирлидир. Баъзи жойлардағина аҳамиятсиз мусобаҳалар истисно қилинса, бу икки қаҳрамон рўли яхши деярликдир. Уларнинг биринчи пардадаги ошиқона мусобаҳаларида учрайдиган тубандаги жумлалар чин ва янги сўзлардир. «Юрак — юрак экан, севмак-севилмак истар», «Севгисиз қолғон юрак — сувсиз қолғон балиқ кабидир, унинг ҳар тебраниши бир жон чекишидир». Шу пардада Раҳимбахшнинг Дилнавозга сўзлаган «юртни севганлар унинг тош, тупроқларини эмас, гўзаллик, яхшиликларини севарлар» ва «қулай ишдан буюк унум чиқмас, буюк унумли ишлар қулай бўлмас» каби зарбмасал ўрниға ишлатмак жуда мувофиқ бўлғон маъноли сўзлар бордир. Айниқса, «бир ёвни юртдан ҳайдамоқ бир юртни ёв қўлида кўрмакдан қийин эмасдир» каби ватанпарварликнинг самимий ва энг ҳаяжонли таъбирлари кўбдир. «Шу Қуръон бетига ҳайвон оёғи тегмаги на эса, ҳинд қизининг юзига англиз кўзи тушмак ҳам шудир» ташбеҳи ҳар қанча қўпол бўлса ҳам яхшидир. «Ишонғонлар ишонмағонларни енга олмаслар» каби энг чуқур маъноли насиҳатлар, ҳақиқатан, англайтурғон кишиларга катта бир дарс, ибрат бўларликдир. «Тирик экансиз - тебранурсиз, тебранмас экансиз - ўликсиз» каби бизнинг ҳозирғи турмушимиз ва тирикчилигимизга мувофиқ калтаклар асарнинг энг фойдалиқ жумлаларидандир. Юқоридағи ватанпарварона ва теран маъноли сўзлардан Раҳимбахшнинг тўла маълумотли бир киши бўлғони ва асарда унинг маҳбубаси Дилнавознинг сўзлари, унинг-да, анчагина ўқуғон бир қиз эканин англатадир. Фақат асарда бу икковининг узоқ суҳбатлари устига Лолаҳардаёл деган бир ҳинди олим кишининг узундан-узоқ нутқи орасида бирдан-бир «юртимиз ёниб турадур, улусимиз эзилиб битди, эшитасизми» каби муносабатсиз бир мурожаат совуқ чиққан. Сўнгра бундай бир хитобнинг кимга айтганини ёзувчи ўйламоғон кабидир. Чунки асарда кўрилган каби, Раҳимбахшнинг сўзлари Лолаҳфдаёл сўзларидан, муҳокамаларидан юксакдир. Савияси тубан бир кишига Раҳимбахшнинг бунча муҳаббат ва ҳурмат курсатиши жуда табиий кўрилмаса ҳам учрамоғи мумкин ҳоллардандир. Бу саволни қўйишдан балки муҳаррир таъсирнинг юқорироқ даражасини кўрсатмоқчи бўлғондир. Лекин, эсизки, бунга муваффақ бўла олмағон. Шунинг учун унча чиройлиқ чиқмағон. «Эр билан хотуннинг кўбрак гапиргани, мачитда йиғилиш, бир-икки кишининг бирга суҳбат қилиши» каби турли иборатлар билан келтирилган бир мазмун, яъни англизнинг йиғинни ман қилғони асарнинг 4-5 жойида зикр этилган. Бу эса буюк камчиликдир. Чунки баъзи бир жойларда маълум бўладирки, ёзғувчи кишиларга сўз, мавзу топа олмайдир. Шунинг учун бу ортиқча нуқсон лозим кўрилгандир. Бу эса асарга жиддийроқ аҳамият берилмаганлиқни, бир оз чарчаганлиқни кўрсатадир. Бўлмаса, албатта бошқа мавзулар топиш мумкин бўлса керак. Лоҳурнинг теварагидаги қишлоқлардан бирисида яшағувчи Раҳимбахш билан Дилнавознинг суҳбатлари устига Лолаҳардаёлнинг қаердан ва қандай бўлиб келиши унча тасодиф кўрилмаса ҳам, ҳинднинг камбағал, қишлоқи бир деҳқони оғзидан «шу кетмон билан англизнинг бошини эзмасак, ҳеч ким ташқаридан келиб бизни қутқармас» каби буюк тушунчали сўзларни чиқиши ҳақиқатан ғайритабиийдир. Мана шу ҳол асарнинг энг катта нуқсонларидан биридир. Чунки бунда тирикчилик борича тасвир этилмаган, ҳеч бир вақт бир ҳинди қишлоқи деҳқони шунча тушунчага молик эмасдир. Буни бизнинг энг буюк (?) мутафаккирларимиз англамағон экан. Бир ҳинд қишлоқиси албатта тушунмас, ё шу эътирозни қабул қилиш ёки бир ҳинд деҳқони бизнинг буюкларимиздан ортиқ деб санаш керак, бунга эса муҳаррир ихтиёрликдир. Фитратнинг асарларининг бир ортикдиғи унинг юксак ва энг мукаммал ташбеҳ, муболаға ва истиораларга эга бўлишидир. Ҳақиқатан, Раҳимбахшнинг Дилнавозга ундаган сўз «янгигина очилғон қайғи чечаги» истиораси ва «уларга (англизларга) қарши тирноғимизда яроқдир» каби мазлумларнинг ҳақсизлиги яхши тасвир этилган муболағалари кўрилмаган ва эшитилмаган даражада чиройлиқ ва туталдир. Энди иккинчи пардага ўтайлик. Иккинчи пардада Мулла типи яхшигина тасвир этилган. Бу асарда энг мукаммал чиққан тип шудир. Сўзлари чинданда ўзига муносибдир. Ёзувчи ҳақиқатан шу Мулла типига жон бера олғон, зотан Фитратнинг истар форс-ча, истар туркча асарларида турмушға ва ҳақиқатка мувофиқ тасвир этилган бир тип доимо Мулла, Мударрис типидир. Шу пардада кўрсатилганича, маълум бўладирки, ихтилолчилар билан Мулла бир маслакдадир. Ихтилолчиларнинг ҳар сирларига Мулла воқиф, чунки Мулла ихтилолчиларнинг энг яқин орқадошларидандир. Шу ҳоллардан билинадирки, Мулла яширин қўмитанинг фаол; аъзоларидандир. Шу билан бирга ишлаб юрган Муллани англизларнинг бири келиб, бир Қуръон ва бир оз пул ваъдаси билан ўз фикридан қайтарадир. Мулла шу ондан бошлаб ихтилолчиларнинг фикрига қарши тура бошлайди. Ва оқибат иш шундайгача келадики, Мулла ихтилолчиларни ўз уйидан қувади. Ҳатто ўзи шу қалъанинг каттаси бўлғони учун ихтилолчиларни қўрғондан чиқишга таклиф қилади. Ихтилолчилардан бири Муллаға қарши жуда қаттиғ иборатлар қулатадир. Масалан, айтадир: «Сиз Муллалар туташ шундай қиласиз. Ҳиндистонни йилларча эл-аймоқ жанжаллари билан тўлдирдингиз, улусни етмиш тўрт бўлак қилдингиз, бўлашмак истадингиз. Яна мазҳаб, дин жанжаллари билан йўлимизни тўсмоқчи бўласиз, кетингиз, йўқолингиз, биздан узоқлашингиз, бизни бу йўлдан сиз-да, мазҳаб-да, дин-да қайтармас» каби. Бу сўзлар Мулла бир оддий киши бўлсун, бир қўрғоннинг бошлиғи бўлсун, унга албатта таъсирсиз қолмас. Ҳолбуки, булар бир мўътабар, нуфузли бир Муллаға, ҳатто бир қўрғонниът эгаси бўлғон амру наҳий соҳиби бир Муллаға айтилалир. Бундан кўз юмиб кўрайлик: Мулла англиз алдови билан булар билан ёмонлашди; Мулланинг гарази оқча: шу оқча учун нималар қилмас ва қилолмас! Бунииг устига Муллаға яширин қўмитанинг сирдоши сифати билан боқайлиқ. Сирдош бўлғондан кейин у Мулла ихтилолчиларга қандай мудҳиш душман ва англизларга қанча буюк ёрдамчи бўлиши бир оз ўйланса англакур. Иш шу ҳолда экан, бизнинг бошимизга шу фикр келур. Мулланинг шунча оддий пул, фаросат ва жон толаб бир киши бўлғони ҳалигача ихтилолчиларға маълум бўлмаса, яъни уни тузук ва яхши танимай ўз оралариға олғои бўлсалар, бу - ихтилолчиларнинг энг буюк тадбирсизликларидир. Йўқ, била туриб уни оралариға олиб, қўмитаиинг яширин сирларини унинг олдида айтсалар — бу ҳам ихтилолчилиқни билмаслик, ул ишларини англамаслиқдир. Ихтилолчиларнинг бу қилиқлари ўзларига қарши ҳеч бир куч ва монеъ кўрмаган чокларида балки мумкин бўлар. Ҳолбуки, асарда кўрсатилганидек, англиз ҳукуматининг энг мудҳиш ва қаттиғ таъқиби остида бу мувофиқ эмас. Бу-да асарнинг камчиликларидан бири, ҳатто бузадурғон нуқсонларидан. Муҳаррир шунда ҳам табиийликдан чиққан. Сўнгра биз кўрамизким, у Мулла тирик қолғон. Бу ҳаммасидан ажиб: ҳеч мумкин бўлурмиким, аввалда энг яқин сирдошларидан бўлиб, сўнгра ёвлашқон бир кишини бир яширин қўмита тирик қолдирсун. Бу — бир жамият ҳам яширин ва ўлум панжасида бўлғон бир жамиятдан ҳеч мумкин эмасдир. Бунинг устига Мулланинг шу муомаласига қарши қўмитанинт фаол аъзоларидан бири бўлғон Абдусуббуҳнинг юқорида кўрсатган қаттиғ сўзларини қўшсак, бу ихтилолчиларнинг кичик болалар экани англашилур. Мустақбал бир душманни ўзини сақлай олмай бутун юраги билан сўка бошлаши болалиқ бўлмаса, аҳмоқликдир. Муҳаррирнинг мақсади ихтилолчиларни танқид бўлса эди, бундан кўз юмиб ўтар эдик. Ҳолбуки, бутун асарнинг руҳи ихтилолчилар томонида экани ҳар қадамда қўриладир. 3-пардада уч англиз мингбошисининг ҳинд ихтилоли ҳақида мусобаҳалари кўрсатиладир. Лекин буларнинг мусобаҳаларида жуда оддийлик кўруниб турадир. Бириси ҳинд ихтилолчиларининг жиддий ишга киришганликларини ва бунга сабаб бу кунги ҳол эканини бошқаларга «хабар» берадир. «Хабар» берадир дедик. Чунки бошкаларининг жавоб ва ҳаракатлари ҳақиқатан шу ишдан тамом узоқда бўлғонлиқларини кўрсатадир. Ҳолбуки, сўзларидан Ҳиндистонға яқиндагина келганликлари кўринмайдир. Фараз қилайликким, булар яқинда келган бўлсунлар. Лекин шунда ҳам англиз мингбошиларининг Ҳиндистон аҳволидан хабарсизликларига кишининг ишонғуси келмайдир. Боёғи «хабар»га жавоб ўлароқ иккинчиси «у қандай ҳол» сўроғини берур, биринчи мингбоши томонидан сабаб қилиб «умумий уруш, урушға Туркиянинг қўшилмоғи, Олмониянинг енгилмай туриши» кўрсатилгач, бошқалари «ҳа, ҳа» деб оддийгина кулиш аломати кўрсатадирлар. Яна бири баённома тарқатишдан сўз очса, бошқаси «буларнинг яширин бир ўчоқлари бордир», деган бир эҳтимол жумласи ишлатадир ва ўзининг сиёсий ишларидан хабарсизлигини билдирадир. Яна бундай мисоллар кўбдур. Қачондан бери Ҳиндистонда ишлаб юрган ва асарнинг кўрсатганича инқилобий ҳолнинг бунча қайнағон бир чоғида бир англиз мингбошисининг бу хабарсизлигига нима маъно бериш керак? Шуни ҳам айтиш керакки, ҳарбий кишилар, айниқса, англиз мингбошилари оғир ва кибор ҳаракат кўрсатишлари керак экан, асарда «хўш», деб ўрундиғини илгари суриб, оддий ҳаракат кўрсатишлари, юқоридағидек маълумотсиз, билимсиз, хабарсиз бўлсалар, бу қилиқлари муносиб тушса ҳам, бир англиз мингбошисиға келишмай турадир. 5-нчи пардада англиз юзбошиси тарафидан тутулғон қочоқ ихтилолчи Бадринант юзбошисининг «бу тоғлиқда бошқа тоғин жойларингиз борми», деган сўроғиға «бу сизнинг ишингиз эмасдур» каби қаттиғ жавоб қайтарадир. Юзбоши эса сўнгра жим бўладир. Ана бу ҳам ёзғувчининг тилагига хилоф бир ҳодиса. Чунки муҳаррирнинг мумкин қадар англизларнинг қаттиғ муомалаларини кўрсатмакчи бўлмаса эди, биринчи пардада муболаға ўлароқ Раҳимбахш билан Дилнавозни тутдирмас эди. Ҳолбуки, бунда шунча ёмон муомалага қарши мужассам бир душманки, ҳатто бир баҳона билан ўлдирмак мумкиндир. Жим қўядир. Мана шу жойда муҳаррир фақат тилагига қарши бир ишкина қилмайдир, балки бир хато ҳам қиладир. Бунда англиз ўз ҳаққи бўлмоғонини ихтиёр қилғонда, гўёки англизнинг ҳақ берганини кўрсатадир, чунки уни жим қолдирадир. Бу бир. Сўнгра ҳеч бир оддий амалдор қўлидағи муттаҳам бир гуноҳкордан «бу сизнинг ишингиз эмас» каби сўз эшитмакка рози бўлмайдир. Ҳол шундай экан, бир англизнинг буни эшитиб жим туриши аҳволга номуносибдир. Худком, худпараст, мутакаббир англизнинг ҳали ҳиндилар каби Оврупонинг энг тубан миллати назарида ҳам ваҳший саналадурғон бир қавмни қўйинг, ўз миллатидан бошқасиға муомала қандайлиғини билмаган бир бола йўқдир. Ҳолбуки, муҳаррир шундай очиқ бир нарсани тўғри бўлмағон бир рангга соладир. Бу эса муҳаррирликнинг энг биринчи шарти бўлғон «руҳга нуфуз» қилмасликдир. Бир озда асарнинг тил-шева жиҳатини кўрайлик. Фитратнинг ўзбекчаси умуман силлиқ соф эмасдир. Ўқуғонда чекилмасдан чиқилмас. Бу тилнинг ишланмаганидан келадиган десак, бошқа бир ёзғувчимизнинг, масалан, Чўлпоннинг тасвири софдир. Кучлик чекмай ўқимоқ мумкин. Маълумки, Фитрат ўзбекчага ишламак учун Бухорода ўйлади. Таҳсили туркийда бўлғон эди. Шаҳар тили тожик тили. Тилни китоблардан, луғатлардан ўрганмакка тўғри келди. Тошкентда турғон вақгларида бу ернинг бузуқ шевасини ёқтирмай доимо луғат ўрганмак билан машғул бўлди ва ўзига махсус бир шева билан сўзлашди. Шунинг учун биз ўйлаймизким, Фитрат тилни халқ билан яқинлашмай туриб ўрганганидан ва ўзбекчанинг махсус таъбирларини эшитмаганидан шеваси бошқачароқ чиқди. Шундай бўлса ҳам Фитрат ўзбекчани иккинчи қатла тиргизди. Туркистонда ўзбекча нарсалар ёза оладурғон бир киши йўқ экан, у асарлар ёзди, тарқатди. Кўб сўзлар ва истилоҳларни умумлаштирди. Бу кунги муҳаррир ва шоирларнинг барчаси Фитратдан истифода қилди. Бухоро тилининг таъсири ўлароқ «бориб билмайман, қилиб билмайман...» каби сўзлар бор. «Ўлалар, кечиралар» каби истеъмол қилинмағон таъбирлар, «ҳормағайлар, бор бўлғайлар»га ўхшағон эшитилмаган истилоҳлар, «бунга кетур, шунга турур» каби бузуқ сўзлар учрайдир. «Нотетик ҳариф экан бу» каби усмонлича таъбирлар ҳам топиладир. Булар «Фитрат ўзбекча»сининг хусусиятларидандир. Хулоса: «Ҳинд ихтилолчилари» бизнинг адабиётимизда биринчи ўрунни тутадурғон асарлардандир. Мукаммал тасвирларга, истиораларга, муболағаларга бой бир асардир. Фитрат адабиётимизда ишқ ҳаяжонларини яхши тасвир этадурғон бир муҳаррирдир. Унинг ҳар асарида шу ишқ ўрунлари, юксак маъноларга бойдир. Турлик хуш маънолар, энг яхши ўрунларға келтирилган лутфлар кўбдир. «Менинг учун эзгулик тушда» ва «биз Овруподан эм истаганлардан эмасмиз» кабилар шу жумладандир. Асарнинг 4-нчи пардаси бошидан 3 бети олинса, бошқа ҳаммаси фақат ҳинд ихтилоли мавзуидир. Бутун кишилари фақат шу воқеани майдонга келтирмак учун бир ерга тўпланғон кишиларга ўхшайдир. Яъни, воқеа атрофлича, бир оз маишатга яқин ёзилғон эмас. Агар шу камчилиги тўлдирилса, ҳам пардаларнинг қисқалиғи етган бўлса, ҳам ҳақиқатан ўйнашға энг мувофиқ ва фойдалиқ бир асар чиқар.
Бу мақола «Туркистон» газетасининг 1923 йил 17 октябр сонида чиққан.
|