Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Кийим ва ташаббуҳ масаласи
PDF Босма E-mail

Бир неча йилдан бери баъзи мажлисларда русча фўрма киймак ва «ташаббуҳ» масаласи хусусида узун мубоҳасалар бўлуб, баъзан бу мубоҳасалар мунозаъа ила тамом бўлурки, бир неча мартаба кўзимиз ила кўрдук. Мажлисдаги зотларнинг барчаси авом синфидан бўлса эди, биз аларнинг сўзиға аҳамият бермас эдук. Лекин бир узр сабабли фўрма кийганлар ҳақида акфор ҳукмларини аксар вақт муҳтарам уламомиз оғизларидан эшитармиз. Фўрма кийган нари турсин, ҳатто уйининг тагини пол ва устини тунука қилганларни ёки уй ичида устал, устол, суврат каби нарса ҳўйганларни акфор қилинур.
Бу масала ҳақида Туркистоннинг ҳар бир шаҳрида доимо мубоҳасалар бўлуб турадур. Баъзан жаридаларға ҳам ёзиладур. Агар филвоҳеъ фўрма киймоқ ила ёинки озгина ташаббуҳ ила одам кофир бўлаверса, бул сувратда мусулмонларнинг ҳоли мушкул бўлур. Чунки замон ва маданиятнинг иқтизоси биз, Туркистон мусулмонларини фўрма киймоқға ва олати мадания истеъмол этмакға мажбур қилиши табиийдур. Чунончи, биз бу кун ўғлимизни шаҳар мактаби ва гимназияға қўймакчи бўлсак ёки бир неча йилдан сўнг Туркистон мусулмонларидан аскар олинса, ул ҳолда, албатта, русча фўрма, шапка киймоқ мажбурий бўлур. Ҳозирда бу икки ҳолнинг аввалгисини кўруб ҳам мажбурий суратда қабул қилуб турубмиз. Замони келганда, иккинчисини ҳам қабул қилсак керак.
Энди келайлук жузъий ташаббуҳлар масаласиғаки, бу: курси (устул)га ўлтурмоқ, қошук ва чинкича истеъмол этмак, медол таҳмоқ, ҳавонинг иссиғлиги учун бош яланғоч ўтурмоқ каби шайлардан иборатдур. Агар бу жузъий ташаббуҳлар илада киши кофир бўлаверса, бас, ер юзида бир нафар ҳам мусулмон қолмаслиги лозим келурки, бу мумтанеъдур. Чунки замоннинг мурури ила баъзи расм ва одатлар доимо ўзгаруб турадурки, бу ўзгариш бобомиз ҳазрати Одам замонидан бери воқеъ бўлуб келмоқдадур. Мундай расм ва одатлар ичида фойдали ва яхшиси бўлганидек, ёмон ва зарарлиги ҳам бордур. Чунончи, бурунғи замонда исрофлик тўй ва аза ва базми жавон каби ёмон одатларимиз йўқ эди, сўнгра пайдо бўлди. Қабул этдук. Эмди мунинг қўлидан осонлик ила қутула олмай турубмиз. Агарда мундан сўнг ёмон одатларни ташлаб, анинг ўрниға дин ва дунёмизға фойдалик одатларнинг қабули садриға тутунсак, бу тўғруда шариатимиз ҳам монеъ бўлмаса керак. Мақсадимиз шариат нуқтаи назаридан кийим ва ташаббуҳ масаласини баён этмак эдики, бу ҳақда ўз тарафимиздан ҳеч нимарса демай, собиқ Миср муфтиси уламои шаҳир марҳум Муҳаммад Абдуҳ ҳазратларининг берган фатвосини тубанда ёзмоқ ила иктифо қилурмиз. Мушорун илайҳи деюр: «ишляпа» ва «шапка» ва бошқа Оврупо кийимларини киймоқ шариати исломияча ҳеч бир зарарлик эмасдур. Яъни шаръан мутлақо дурустдур.
Мунга инкор қилувчилар, суннати расул, тарихи умматдан хабарсиз одамлардур. Буларнинг далиллари ҳам «Ман ташаббаҳа биқавмин фаҳува минҳум» ҳадисидур (Ким бирор қавмга ўхшашга интилса, у ўшалардандир). Ҳолбуки бу ҳадис баъзи улуғ олимларнинг сўзиға қараганда, заиф ҳадислардандур. «Мавзуъат ул-кубро лил-алламати аш-Шавкони раҳматуллоҳи таоло» ҳар ҳолда баъзи заиф бўлмаган таҳдирда ҳам буларнинг мақсудиға далил бўлмайдур. Маа мо фийҳ шунинг ила истидлол этарлар, тўғриси, истидлол этган кишиларға тақлид этарлар. Ҳолбуки, бу ҳадиснинг маъноси бутун бошқадур. Мундаги ташаббуҳдан мурод ўзга динда бўлган халқнинг динларини ва ахлоқи динияларини улуғлаб, ани яхши деб ўхшамоқни тиламакдур. Йўқ эса аҳодисда собитдурки, расулимиз саллаллоҳу алайҳи васаллам румлар жуббасини, кисрои тайласонларини киюбдурлар («Мироҳот ул-мафотиҳ», жилди аввал, саҳифа 341 ва соир) ва асҳобил киромға ҳам шундай кийимлар кийганлари учун ҳеч нарса айтмабдурлар. Ва «Саҳиҳи Муслим»да «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳинд мажусийларининг бошлариға киядурган икки қулоқли нарсаларини кийган» деб нақл этилмишдур.
Ва «Мезони кубро» китобида ҳам Имом Моликнинг мажус подшоҳи хадя этуб берган «кулоҳ»ни кийганлари зикр қилингандур. Асҳоби киром шаҳарларнинг фатҳи учун турли ерларға тарқалганда қайси шаҳарни олсалар, шул шаҳар халқининг кийимларини кийгандурлар. Ҳатто баъзан насоро қизларини никоҳлаб олгандурлар. Магар ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу «Ижоби маслаҳат» учун зиййи аъожим (ажамлар қиёфатини) ташлангиз, деб амр ёзибдурларки, мундан мақсадлари ташаббуҳдан сақланмоқ эмас, балки «кибру таррафа»га сабаб бўлмасундур. Тарихга қарасангиз кўрарсизки, хулафодан ал-Мансур Биллоҳ мусулмонларға куффорлар кулоҳлари каби кулоҳлар киймоққа амр этган ва мунга ҳеч ким инкор этмагандур. Демакки, «ман ташаббаҳа»дан мурод «ташаббуҳ фил-либос вал-ҳайъат» эмасдур. Йўқса, пайғамбаримиз ва бурунғи диидошларимизнинг шундай бўлмоқлари лозим бўладур. Агарда кийим киймоқ умури шаръиядан бўлса эди, бу тўғрида пайғамбаримизга мутобаат этмак вожиб бўлур эди. Ҳолбуки, бизлар киядурган либосларнинг кўбиси пайғамбаримиз кийган либослариға ўхшамайдур. (Ушбу хусусда сўз кўб эди. Бул ерға мухтасар қилинди.)

«Ойина». 1914 йил 14 июн. №34

 
Баннер