Маданий давлатнинг барча фуқаролари маърифатнинг порлоқ зиёсига интилмоғи керак. Маданият зиёсига йўл очмоқнинг энг яхши омили матбуотдир”. М.Беҳбудий
“Тараққий” газетаси Туркистондаги илк миллий газета 1906 йил 14 июнь (янги ҳисобда 27 июнь) куни татар тараққийпарвари Исмоил Обидий муҳаррирлиги остида чоп этилган “Тараққий” газетаси ҳисобланади. Газета чиқиши муносабати билан Исмоилбек Ғаспирали, Абдулла Тўқайлардек йирик тараққийпарварлар табрик номаларини йўлладилар, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлонийларнинг мақолалари бу газетанинг халқ орасида янада машҳур бўлишига ёрдам берди. “Тараққий”нинг кириш мақоласи Исмоил Обидийнинг “Тошкент 14 июнь" мақолачи бўлган. Унда муҳаррир Туркистон мусулмонларига мурожаат қилиб, барчани ўзаро низоларга чек қўйиб, бирликка чақиради. Газетанинг шиори ҳам мақсадидан келиб чиққан ҳолда “Нажот: маслакда сабот; тўғриликни ижобат” деб белгиланди. Муаллиф миллатнинг ёруғ жаҳонда яшаб қолиш-қолмаслиги, унинг тараққиёти ёхуд таназзули ёлғизгина мана шу тотувликка, миллатнинг илму маърифатига боғлиқ, дейди. У Россия империясида кечаётган курашлар ва инқилоб натижасида жорий этилаётган демократик ислоҳотлардан фақатгина маърифатли миллатлар фойдалана олишини уқтиради. Бу мақола туркистонлик тараққийпарварлар томонидан жуда қизғин қарши олинди. Газетанинг илк сонида Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Бизнинг жаҳл, жаҳли мураккаб” мақоласи ҳам босилган. Бу мақолада бутун Туркистон халқларининг анъанавий турмуш тарзи таҳлил этилган. Унда мавжуд иллат, бидъат ва хурофотларнинг жамият тараққиёти учун ғов бўлаётганлиги айтилади, буларга қарши курашга бутун миллатни чорлайди. Мақола ўз вақтида бутун Туркистон элининг илғор қисмини ларзага солди ва Мунаввар қори ғояларидан, унинг ақлий даҳосидан намуна ўлароқ, ҳали ҳамон севиб ўқилади. “Тараққий”нинг 3-сонида “Тошкент 22 июнь” деб номланган мақолани И.Обидий Туркистон келажаги учун ягона нажот йўли бўлган илму маърифатни таърифлашдан бошлайди. Бироқ, мақола давомида муаллиф рус инқилоби ва унинг мустамлака халқлари фойдаси учун чиқарилаётган айрим имтиёзларини, қонун ва қарорларини Туркистон тупроғига ҳам жорий этиш масалаларини муҳокама қилади. У муаммоларни очиқчасига кўтармайди, чунки газетанинг очилиш жараёнида сиёсий масалаларга аралашмасликка хат берган эди. Шунга қарамай Туркистон халқининг сиёсий маданиятини ошириш, маълум мақсадлар теграсида ташкилотлар атрофида уюшиш ва сиёсий партиялар зарурлигига аҳамият қаратади. Бу борада туркистонликларнинг Европа таълимини олган мутахассисларга, илмга, тажрибали юристларга муҳтожлигига эътибор қаратади. Шу соннинг ўзида “Қаламкаш” имзоси билан ёзилган “Ул-бул нарсалар” мақоласида масала янада ойдинлаштирилади. Яъни, инқилоб натижасида қўрқувга тушиб қолган Чор ҳукуматининг сиёсий чекинишларидан унумли фойдаланиб қолишга, бу йўлда маҳаллий кучларни сиёсий бирликка чақиради. Газетанинг 16-сонида “Туркистон 9 август” номли мақолада муаллиф одатдагидек мутаассиб уламоларга қарши эмас, бу гал маъмурларнинг калондимоғлиги, ўз бурчига нисбатан совуққонлигига мисоллар келтиради. Агар маъмурларни халқнинг ўзи сайласа, албатта улар бу даражада тубанлашиб кетмасди, деб демократик бошқарувнинг устивор жиҳатларига эътибор қаратади. Шунингдек, “Умумий ўқитув” мақоласи муаллифи ҳам Россия империясининг руслаштириш сиёсатига қарши дадиллик билан бошланғич таълим, энг аввало, маҳаллий миллатларнинг она тилида бўлуви лозим, деган қарорни илгари суради. “Туркистон 12 август” мақоласида муҳаррир Туркистоннинг шонли тарихидан гап бошлайди. XIX асрнинг инсоният бошига кўплаб ташвишлар келтиргани, ожиз миллатларнинг империалистик зулм остида қолгани ёзилади. Туркистоннинг мустамлакага айланиши сабаблари таҳлил этилади. Айниқса, маҳаллий миллатларнинг орасига раҳна солиниши, дин ва қадриятларнинг таҳқирланиши ҳамда келажакда бу сиқув янада авж олдирилиши мумкинлигига эътибор қаратади. Шунингдек, Фансуруллохон Худоёрхоновнинг хати босилган. У маҳаллий бойларни хайрия жамияти очиб, мусулмонларнинг етим болаларини ҳомийликка олиш, улар учун мактаблар очишга чақиради. Шуни ҳам айтиб ўтиш мумкинки, мазкур газета фаолияти учун рухсат беришда иштирок этган Остроумовнинг асл мақсади кундан кун халқ орасида обрўси ортиб бораётган тараққийпарварларни мутаассиб уламолар қўли билан йўқ қилиш эди. Шунинг учун муҳаррирликни ҳам Туркистон тараққийпарварларига эмас, айнан ўзининг канторасига унча узоқ бўлмаган Исмоил Обидийга топширганди. Исмоил Обидий ўз мақолаларида эскилик билан қаттиқ курашиб, қора гуруҳ-уламоларнинг халқ ўртасидаги эътиборини тушуришга ҳаракат қилди. Бироқ, Мунаввар қори ва бошқа туркистонлик тараққийпарварларнинг ҳаракати билан газетанинг мазмуни бутунлай ўзгариб кетди. Унда миллат, миллий озодлик, миллий маданият учун кураш, дин ва ватан ҳақидаги оташин мақолалар элнинг асрий уйқудан қалқишига сабаб бўлди. “Тараққий” газетаси Туркистондаги илк жадид газетаси бўлишига қарамай, бутун минтақани жадид ғоялари атрофида жипслаштиришга эришди. Ҳатто, Исмоил Обидийнинг номини ҳам “Тараққий” деб атай бошладилар. Мақсадига ета олмаган ҳукумат газетани сиёсатга аралашган деган айблов билан ёпади. Унинг 20-сони сўнггиси бўлди. Ҳукумат газетанинг мулкларини мусодара этиб, муҳарририни қамоққа олди.
“Садои Фарғона” газетаси
Жадид матбуотининг йирик нашрларидан бири 1914 йил 3 апрелидан Қўқон шаҳрида чиқа бошлаган “Садои Фарғона” газетасидир. Унинг эгаси ва муҳаррири тоғ-кон муҳандиси Обиджон Маҳмудов бўлиб, газета унинг хусусий матбаасида босилган. Газета халқни жаҳолатга қарши курашга, фойдасиз расм-русум ва бадъатларни тугатишга, уларга сарфланадиган маблағларни эса миллат болаларини ўқиши учун ишлатишга чақирди. “Садои Фарғона” илк сонлариданоқ халқнинг севимли газетаси ва муҳокама минбарига айланиб улгурди. Газета Туркистон жадидларининг афкор оммаси сифатида таълимни ислоҳ этишни бош масала сифатида ўз олдига қўйди ва “усули жадида” мактабларини тарғиб этди. Унинг 9-сонида “Муаллим афандиларга очуқ мактуб” номли хабарда жадид мактаблари муаллимларининг меҳнатларига ва имтиҳонга тайёргарликларига ташаккур изҳор этади. “Садои Фарғона”нинг 13-сонида 5 май куни Қўқоннинг Хонақоҳ маҳалласидаги “Мактаби Муҳаммадия”нинг, 17-сонида Яҳё қорининг Шаҳрихон жадид мактабларида ўтказилган имтиҳонларда ўқувчиларнинг илмидан мағрур бўлади ва муаллимларни алқайди. “Садои Фарғона”нинг 44- ва 47-сонларида Обиджоннинг “Усули жадидни ихтиро қилиб туруб, яна бошқалардан шикоят қилувчиларға таажжуб” мақоласида мактаб ва мадрасаларда таълим бериш усулини мужтаҳидлар илгари ҳам ислоҳ қилгани ҳақида ёзади. Усули жадида энди ўйлаб топилган нарса эмас, эски мактабни ислоҳ қилишга қарши турувчилар бир оз мулоҳаза қилсинлар, ҳозирги воқелик, ижтимоий турмушнинг моҳиятига етмай, уларнинг жоҳиллиги туфайли азият чекаётганлар бор. Бунга қайси бири – усули қадимми ёки усули жадид мактаблари айбдорми, деб ўз фикрини хулосалайди. Газетанинг 76-сонида қўқонлик Ҳ.Ҳ.Н. имзоси остида (Ҳамза) “Муаллим афандиларимиза улуғ ражомиз” сарлавҳали мурожаатида туркистонлик мусулмонларнинг ҳаётда тубан ва хор бўлиб яшаётганларига замонавий билимлардан четда қолаётгани сабаб бўлмоқда, дейди. Ҳамзанинг “Мактаби “дор ул-айтом”, янги етимлар мактаби” мақоласида эса ота-онаси йўқ, кўча-кўйда қолган болаларни ўқитиш масаласи кўтарилган. “Садои Фарғона”нинг 61-сонида Маҳмудхўжа Аҳмадхўжа ўғлининг “Кеча мактаби очилур” мақоласида кечки мактабларни очиш масаласининг долзарблиги ва унда ўқитиладиган билимлар батафсил баён қилинади. “Садои Фарғона”нинг 93-сонида “Ҳунар мактаби” номли хабарда Андижонда Сартарошлик мактаби очилгани ва ҳунар эгаларининг иш билан таъминланиши ҳақида ёзилади. Шунингдек, “Садои Фарғона”нинг 7-сонида босилган “Русияда яҳудий мактаблари” номли мақолада “Русия яҳудийлари мусулмонларнинг чорагидан ҳам кам бўлиб, ҳаммаси 6 миллион миқдорича бордир. ...1914 йилги ҳисоботга қараганда. Яҳудийларнинг ўз дин ва тилларини ўргатадирган миллий мактаблари Русияда расмий 10 000 дан ортиқ экан. Улардан беш баробар ортуқ мусулмонларнинг эски ва янги мактаб мадрасалари билан бари қўшилиб ҳам 9000 га етмайдур, дейилган. “Садои Фарғона” газетасининг 44-сонида эълон қилинган “Бухорода мактаблар ёпилмоқ” номли мақолада 1914 йил 5 июль, шанба куни Бухоро қозикалони ва Қўшбегисининг Бухорода 3 та (Говкушон 70 нафар, Бозори Кафш 20 нафар, Лаби Ҳовуз 35 нафар) янги усул мактабларининг ёпилиб, ўқитувчилардан хат олинганлигини маълум қилади. Кўчада қолган болаларнинг йиғлаб юргани ҳақида ёзади. Туркистон ўлкасидаги тараққийпарварлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаб, Туркманистоннинг Челикин овулида очилган жадид мактаби муваффақиятлари, Қошғарда очилган жадид мактаби ҳақида хабар беради. “Садои Фарғона” саҳифаларида олий таълим муаммолари, айниқса мадраса таълимини ислоҳ этиш билан боғлиқ мунозараларга кенг ўрин ажратилган. “Садои Фарғона”нинг илк сонида Шокир Мухторовнинг “Ислоҳни нимадан бошларға?” мақоласида тарбияни, энг аввало, ибтидоий мактабларни ислоҳ қилишдан бошлаш керак, дейди. Газетанинг 3-сонида мулла Абдуллабек Мусобек ҳожи ўғлининг “Ислоҳ ул-ислоҳ” мақоласи ҳам шу мавзуга бағишланган. У Ш.Мухторовни танқид этиб, мавжуд мадрасаларни танқид қилиш деб, уларни ёппасига ерга уравериш керак эмас, негаки, ҳозирча ушбу мадрасаларимиздан бошқа олий таҳсил оладиган муассасаларимиз йўқ, дейди. Бунинг устига, аллома даражасига кўтарилган буюк аждодларимизнинг барчаси мадрасалардан чиққан. Фақат қадимда мударрислар тўй, зиёфат, таъзия ва ҳакозо деб дарсни ташлаб кетмаганлар. Агар виждон билан ёндашилса, ҳозирги мадраса таълими дастуридаги барча фанларни ўзлаштириш мумкин, дейди. Газетанинг 7-сонида Ш.Мухторовнинг “Мо фи ислоҳ ул-ислоҳ” мақоласи юқоридаги фикрларга жавоб шаклида ёзилган бўлиб, муаллиф “улуми қадима”ни инкор этмаслигини, фақат талабаларга дунёвий илмлар бўйича асл манбаларни эмас, ҳошияларни ўқитишга, энг мўътабар ва керакли китоблар ўрнига “Ривояти мутаноқаза”, “Жомеъ ар-румуз” кабиларни ўқитишга қаршиман, дейди. Дарҳақиқат, кенг муҳокама этилган бу мунозаралар жамоатчиликда ижтимоий фикрнинг уйғонишига, зиёлиларимиз, хусусан, уламоларимизнинг ўз фаолиятларига бир оз бўлса-да танқидий ёндашишларига сабаб бўлган эди. “Самаварда муллабаччалар” мақоласида талабаларнинг ахлоқ-одоблари ва кўчада бекор юрмасликлари, ўзларининг одоб ва ахлоқлари билан халққа ўрнак бўлишларига чақиради. “Садои Фарғона” ўз саҳифаларида сиёсий хабарларга ҳам кенг ўрин берган. Муҳими, бу материаллар тўғридан-тўғри мустамлакачи манфаатини эмас, аксинча, Туркистон халқларининг қизиқишларини ифода этган. “Садои Фарғона”нинг 44-сонининг илк саҳифасида босилган “Австрия-Сербия ихтилофи” мақоласи уруш мавзусига бағишланади. Унда уруш ҳаракатлари ҳақида ўқувчиларга батафсил маълумот берилади. Газетанинг 52-сонида Нурийнинг “Оврўпа уруши” мақоласида уруш энди жаҳоннинг барча мамлакатларини қамраб олганлиги ва барча катта мамлакатларни қуршаб олаётганига эътибор қаратади. Эътиборли томони шундаки, муаллиф қардош Туркия мамлакатининг урушга кириши кутилаётганидан ташвиш билдиради. У аслида Туркиянинг дўсти йўқ ва унинг батараф тургани яхши эди, деб хулоса билдиради. “Садои Фарғона” газетасининг 77-сонида “Ранний утро” газетасидан олинган мақола берилиб, унда Туркиянинг урушга кириши ва унинг ҳарбий аҳволи ҳақида ўқувчиларга хабар берилади. Бу, аввало, ўқувчиларнинг талаблари натижаси бўлиб, жаҳон урушида Туркистон халқининг Туркия мамлакатига нисбатан ҳамдард муносабатидан далолат беради. Газетанинг 82-сонининг “Тарғиб иона” мақоласида урушнинг инсоният бошига солаётган кулфатлари ҳақида тўхталиб, аҳолини жабрдийда мусулмонларга ёрдам тариқасида ионалар йиғишга чақиради. Шунингдек, 84-сонида “Ҳинд мусулмонларига мурожаат” номли хабарда мусулмонларнинг урушга нисбатан позицияси қандай бўлиши кераклиги айтилади. Жумладан, ислом мамлакатларининг етакчиси бўлган Туркиянинг урушга кириши охирида ҳар қандай ҳолатда унинг зиёнига ўйнаши ва давлатнинг империалистлар томонидан бўлиб олнишига олиб келиши айтилади. Дарҳақиқат, уруш якунланиши билан Туркия ўз ҳудудларининг деярли 80 фоизидан айрилган эди. “Садои Фарғона”нинг 94-сонида Н.Донченконинг “Русская слова” газетасида эълон қилинган “Уруш майдонидаги туркманлар” мақоласида туркий йигитларнинг азалдан жасоратли бўлгани, бу дашт арслонлари Чингизхон, Амир Темур қўшинларида дунёнинг энг қудратли армияларини барпо этганини эсга олади ва туркман йигитларининг туғма баҳодирликларини, отларининг чидамлилиги, сардорлари аскарлар билан тенг яшашлари ҳамда жангда ягона кучга айланиши ва уларни ҳеч қанақасига ютиб бўлмаслигини ёзади. Бу мақола мустамлака зулми остида аҳволи забун, миллий армиядан маҳрум халқнинг ғурурини тиклашга қаратилган бўлиб, миллий истиқлол учун биринчи зарурий шарт бўлган миллий армия орзусининг ифодаси эди. “Садои Фарғона”нинг 96-сонида эълон қилинган “Инсоният қаҳрамони бетараф қиз” ҳақидаги мақолада уруш майдонларидаги ҳаёт қаламга олинади ва инсоният учун уруш ҳеч қачон фойда келтирмаслиги айтиб ўтилади. Бу Туркистон жадидларининг урушга нисбатан якдил позициясини ифодалар эди. “Садои Фарғона” газетасининг саҳифалари дунёда кечаётган жараёнларни айнан миллий манфаатлар ва интилишлар юзасидан акс эттирган. Жумладан, Японияда татар театри қўйилиши, Японияда мусулмон депутати ва аёллар ҳуқуқи масалаларига ҳам ўрин ажратди. Хуллас, “Садои Фарғона”нинг охирги – 123-сони 1915 йилнинг 6 июнида чиқди. “Садои Фарғона” газетаси ўз даврининг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий, маиший муаммоларини дадил кўтара олган нашр сифатида ўзбек журналистикаси тарихидан муносиб ўрин эгаллади. Туркистондаги бошқа жадид матбуоти газеталаридан “Садои Фарғона”нинг яна бир фарқли жиҳати шу эдики, у ўзининг саҳифаларида уламолар учун ҳам кенг ўрин ажратди ва ҳеч қачон кескин зиддиятга сабаб бўлувчи мақолаларни чоп этмади. Мана шу мўътадил сиёсати туфайли газета Туркистон уламоларининг ҳам, жадид тараққийпарварларининг ҳам бирдай севимли минбарига айлана олди. Иккинчи томондан, газета ижод аҳли учун ҳам бағрикенглик қилди. Газета саҳифаларида Сўфизода, Тавалло шеърлари, ёш Чўлпон, Иброҳим Давронларнинг илк ижодий намуналари эълон қилинди. Айтиш мумкинки, “Садои Фарғона” кейинчалик Туркистондан кўплаб ижодкорларнинг, журналистларнинг етишиб чиқишида ҳам катта роль ўйнади. “Садои Фарғона” ўз саҳифаларида сиёсий ахборотлар учун ҳам кенг ўрин ажратган. Бу материаллар асосан Биринчи жаҳон уруши билан боғлиқ бўлса-да, Туркистон жадидларининг маълум мақсадларини ифодалаши билан аҳамиятга моликдир. “Садои Фарғона” ўз даврида халқимизнинг сиёсий онгини, сиёсий маданиятини оширишда бемисл хизмат қилди. Ва кейинчалик илк сиёсий ташкилотлар, сиёсий партияларнинг пайдо бўлишида ҳам хизмати катта бўлди.
“Нажот” газетаси (1917 йил 23 март – 1917 йил июн) “Нажот”нинг шиори “Мусовват, ҳуррият, адолат” бўлиб, Туркистон мусулмонлари марказий шўросининг нашри сифатида дунёга келган. Мунаввар қори Абдурашидхонов муҳаррир бўлган бу газета, Авлонийнинг ёзишича, Чор ҳукумати зулмидан қутилиш учун “Нажот” деб номланган. Газетанинг маслак ва мақсадини ифодаловчи “Хитобнома”сида “Бизнинг шиоримиз – мусулмонлар бирикингиз. Биз мусулмонлар аксари “демократ”, яъни авом аталган халқдан иборатдир... Синфларнинг фарқлари мусулмонлар орасида жуда заиф, бизнинг камолотимиз шундадир. Камчилигимиз ҳам шунда, синфларнинг фарқлари сиёсий ҳаётни жуда кучайтирадир, унинг фазилати шундадир. Лекин ул миллатни бўладир – онинг камчилиги шундадир, биз фазилатимизни орттирайлик, камчилигимизни тугаллатайлик. Яшасин зўр ислом дунёси” дейилганди. Газетада Мунаввар қори, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Авлоний, Салоҳиддин Муфтизода, Абдулла Қодирий, Шокиржон Раҳимий, Лазиз Азиззодаларнинг мақолалари, Камий ва Таваллоларнинг шеърлари босилган. Шу ўринда “Нажот”нинг мавжуд сонларини варақлаймиз. Унинг 10-сонида Салоҳиддин Муфтизоданинг “Сукут қилинг! Соҳиби сарватларнинг нидоси” мақоласига раддияси босилган. Мақола муаллифи мавжуд иқтисодий қийинчиликлардан фойдаланиб, большевикларнинг ташаббусини ўз қўлларига олишга чақиради, камбағал қатламларни бойларга қарши гиж-гижлайди. С.Муфтизода бунинг оқибатини олдиндан кўргани ҳолда, давлатманд инсонларга мурожаат этиб, халқ орасида нотинчлик ва ҳукуматга ишончсизликнинг тарафдори бўлган кучларнинг ғаразли мақсадидан огоҳлантиради. Бозорларни арзонлаштириш, халқнинг энг зарурий муаммоларини зудлик билан ҳал этишга чақиради. “Нажот”нинг 12-сонида С.Муфтизода “Таҳқиқсиз саджоқат” мақоласини “Мен “Турон” жамияти аъзосиман, тараққийпарварман. Тараққийпарварлик дин ва шариат ила қойимдир” деб бошлайди. Шундан сўнг мақсадга ўтиб, газетанинг аввалги сонида ўзини тараққийпарвар деб таништирган Ҳусайиновнинг “Туркистанский куръер” газетасини тараққийпарварларга хизмат қилган газета сифатида таништиришига қарши чиқади. Аксинча, бу газетанинг Туркистондаги миссионерлик фаолиятига оид мақолаларини мисол келтириб, Ҳусайиновнинг ўзини таназзулпарварликда айблайди. “Нажот”нинг 15-сони хабарлар рукнида “...10 май куни мундан кетган мардикорларнинг бир гуруҳи Наманганга келдилар. Улар қизил байроқлар кўтариб, бир неча ерларда йиғинлар ташкил этадилар ва улар халққа ҳуррият ҳақида маърузалар қилиб, бойларга тегизиб сўйландилар” деб ёзади. Газетанинг ташвиши мардикорликдан қайтганларнинг бир қисми аллақачон большевиклар таъсирига тушиб қолганида эди. “Қардошлик ҳисси” номли хабарда Андижондаги “Айнул Ислом” жамияти 5 май куни Еттисувдаги очликни муҳокама этиб, 4 кишилик комиссия қирғиз қардошлар учун иона йиғгани ва 12 май куни “Айнул Ислом” раиси мулло Заҳриддин Аълам 427 сўмни почта орқали мухтожларга йўллаганини хабар беради. Шунингдек, Мулло Абдураҳмон Абдулқайюм ўғли Хўжандда Ҳожи Ҳомид мулло Қосим ўғлининг бозорга уруғлик чиқариб текинга тарқатгани, Тошкентдаги “Гулистон” жамиятининг мактаб ва мадрасаларда ўқиётган моддий ҳам маънавий ёрдамга муҳтож ёшларга кўмакка тайёрлиги ҳақида хабар беради. Қўқонда Имомназар қори Али Назар ўғлининг Миср, Истамбул, Байрут, ва татар нашрларидан чиққан янги китобларни олиб келиб “Замон” номли кутубхона очгани ва 3 май куни Қўқонда “Ҳуррият” номида нашриёт ширкати таъсис этилгани ҳақида ёзади. Шокиржон Раҳимийнинг “Ш.Р.” имзоси остида ёзган “Ҳурриятдан нечук фойдаланамиз” мақоласи “Остроумов бобой миссионер Туркистонни қалин кўрпага ўраб ухлатишда ўзига “қадимчи уламолар”ни дўст этди” деган хулосаси билан аҳамиятли бўлса, Ғулжалик Тошмуҳаммад ал Ноамийнинг мақоласи “... ҳеч бир хаёлимизга келмаган ушбу шодлик ва ҳуррият ила жумла диндош ва ватандошларимизни чин кўнглимдан табрик қиламан. Бизим Туркистон зиёлиларидан ўтинаманки, ҳар хусусда хизматларини аямай ватанимиз бўлган Туркистон учун ҳар бир фойдалик ишларни ишлашга, шундоғ вақтда ҳар бир минутни зое қилмасдан мумкин қадар тезлик ила ватанимизга энг зарурий бўлган ҳар бир камчиликларимизни тўлдирмоқ ва шул мақсадда ҳурриятдан фойдаланмоқ йўлларини қидирсалар. Аҳолини ҳурриятдан огоҳлантириб, ҳурриятнинг нима эканлигини ва қанча йилдан бери тортиша-тортиша ниҳоятта кўп қон тўкилганидан кейин келиб чиққан бул ҳурриятнинг қадрини билиб, замонага мувофиқ ишлар қилишга йўлбошчи бўлсалар. Ҳам мумкин қадар хизматларин аямай халқ орасинда бирлик фикрини тарқатиб бирлаштирмак ҳамда шул бирлашув орқасинда ҳар бир диний ва миллий ишларни йўлга солмоқ, мактаб ва мадрасаларимизни эски кўйича қолдирмай, замонага мувофиқ кенг программали қилиб ислоҳ қилмоқ, миллий матбуот хусусида ҳар бир бўлган оғриқларни йўқ қилиб, газета журналлар нашрига киришмакдир. Ватанимизнинг миллий матбуотининг нималигини тушуниб ҳамда ташна бўлиб турганда чиққан газета, журналлар ИншааАллоҳ, бурунги муштарийсизлик балосидан қутулиб, аҳоли қўлидан келган ёрдамни ҳеч қизғонмас деб биламан. ИншааАллоҳ, бундан кейин чиқадирган газеталаримиз, ватанимиз бўлган Туркистонга ҳар бир фойдалик ишлар хусусинда ёзиб, халқимизни оқартирмоқ йўлини тутсалар керак” деган фикрлари билан аҳамиятлидир. Хуллас, бу газета бор йўғи 20 сон чиққан. Ундан ҳам ёмони 5 та сони анча абгор ҳолда бўлса ҳам, кутубхоналаримизда мавжуд. Умид қиламанки, яқин келажакда унинг қолган сонларини жамлаб тадқиқ этишга муяссар бўламиз.
“Ҳуррият” газетаси (1917 йил 16 апрель – 1918 йил 30 апрель) Туркистондаги жадид матбуотининг энг нуфузли, дадил ва сермазмун газеталаридан бири “Ҳуррият”дир. “Ҳуррият” гарчи Туркистоннинг бир вилояти Самарқандда чиқса ҳам, ўша пайтда ўлканинг марказий газетаси мавқеига эришган эди. Газетанинг биринчи муҳаррири Акобир Шоҳмансуров бўлиб, 9-сонидан 26-сонигача Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода, 27-сонидан 87-сонигача Абдурауф Фитрат муҳаррирлик қилган. “Ҳуррият”нинг асосий ёзувчилари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саид Аҳмад Васлий, Саид Аҳмадхўжа Сиддиқий, Саид Ризо Ализода ва Ҳожи Муинлар эди. Шунингдек, Чўлпон, Садриддин Айний, Ғози Юнус, Уфадан Нўширавон Явушев, Хайруннос Айсин, Нажиб каби ижодкорлар ҳам ўз мақолалари билан қатнашиб турарди. Газетанинг илк сонида Мардонқули Шоҳмуҳаммадзоданинг “Таъмини истиқбол” мақоласи босилган. Унда муаллиф мазкур газетанинг асосий вазифаси халқимизнинг маънавий камолоти, маърифати ва илми ривожига хизмат қилишдир, деб ваъда беради. Садриддин Айний “Ташаккур” мақоласида газетани инқилобнинг меваси сифатида баҳолайди. Халқимизни зулм даврининг якуни билан қутлайди ва “Ҳуррият”га омад тилайди. Мақолани “Яшасин ҳуррият” деб тугатади. Шунингдек, Бухоро амирининг ислоҳот тўғрисидаги фармони берилган. “Бухорода ислоҳот” мақоласи 1917 йил 9 апрель, Бухоро воқеаларига бағишланган. “Ҳуррият”нинг 5-сонида А.Абдужабборзода ўз мақоласида “...барча инқилобларнинг боши мактабдир” деб муаллимларни мактаб ислоҳотига бел боғлашга чақирса, “Бухоро воқеалари” мақоласида Маҳмудхўжа Беҳбудий газетхонларга амирликда кечаётган инқилобий ўзгаришлар ҳақида хабар беради. 1917 йил 4 май куни “Ҳуррият”нинг 6-сонида босилган М.Шоҳмуҳаммадзоданинг “Туркистонда қаҳати рижол” мақоласида “...ҳуррият қўлга киритилди, инқилоб амалга ошди энди яна илм, яна маориф керак. Бугун манаман деган бойларимиз ҳам қонун олдида ўзларини мудофаа этарлик билимга эга эмас” дейди. Маҳмудия муаллимининг “М.Н.К.” имзоси билан ёзилган “Ҳаёт йўлинда” мақоласи “Ҳаёт йўлида биринчи масала мактаб масаласидир” деб бошланади. Муаллиф Самарқандда мавжуд 2-3 та жадид мактабида ҳам ҳеч қандай назоратнинг йўқлиги ва уларнинг иқтисодий жиҳатдан нақадар ночорлигига аҳамият қаратади. Самарқандда ташкил этилган “Анжумани маориф” жамияти шаҳарда муаллимлар тайёрловчи мактаб (дор ул-муаллимин) таъсис этиш зарур, дейди. Жамиятни мактаб ислоҳи учун ёрдам қўлини узатишга чақиради. Шунингдек, М.Шоҳмуҳаммадзода “Деҳқон газетаси” мақоласида атроф ва дашт халқи учун махсус “Деҳқон” номли газета таъсис этишга чақиради. Миллатни жамиятдаги сиёсий ўзгаришлар ва халқаро аҳвол билан таништириб боришнинг заруратига тўхталади. Аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда халқни сиёсий ҳаракатга тортиш масалаларини муҳокама қилади. “Ҳуррият”нинг 1917 йил 19 май 10-сонида чоп қилинган М.Шоҳмуҳаммадзоданинг “Туркистон партиялари ва нодонлик” мақоласи жуда муҳим масалага бағишланган. Муаллиф “Бизнинг Туркистонда ҳам партиядан кўп экан, лекин мақсадларини билмадик. Андижонда миркомилчевин ва мираҳмадчевин, Тошкентда уламочевин, Самарқандда нафоқчевин ва нафсониятчевин партиялари бор. Уларнинг манбаси илмсизлик, мансаби нодонлик. Бунинг оқибати ёмон бўлар” деб, халқнинг айни пайтда ишониши лозим бўлган ягона куч сифатида ёшлар (жадид тараққийпарварлари)ни тавсия қилади. Мақолани “...ёшларимиз иззат нафс, мансабларни қўйиб, холис, манфаатларсиз, халққа хизмат этарлар. Бу йўлда қаршиликларга чидарлар. Бу кун хизматлари маълум бўлмай қолса, ўлганларидан сўнг маълум бўлар” деб тугатади. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Муҳтарам Самарқандликларга холисона арз” мақоласи аччиқ бир киноя билан битилган. Унда муаллиф “...Самарқандда “клуб Исломия” тузилди, улар маданий курашга киришдилар, аммо турли мақсадлар илинжида ҳамма ўз манфаатига урушиб кетдилар. Натижада иттифоқ қўлдан чиқди, аксинча низолар натижасида бирлик кетди” деб якунлайди... Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ҳуррият”нинг 1917 йил 26 сентябрь 41-сонидаги мақоласида Самарқандда очлик масаласида бўлган мажлисдан ҳикоя қилади. Жумладан: “... Бу йил сувсизлик боис, ғалла кам ҳосил бўлди. Самарқандда буғдой йўқ, ўзи нон аввал ҳам етишмасди. Ҳали эрта, эртага кеч бўлмасдан буғдой келтириш зарур. Акс ҳолда касалликлар ортиб, ҳаммаси баттар бўлади. Халққа шароит яратишимиз керак. Йиғилганлар бойлардан пул йиғишни ва ўша пулга буғдой келтиришни айтдилар. Аслида ҳозир Россияда ишонса бўладиган ҳокимият ҳам, ғалла ҳам йўқ” дейди. Мажлисда бир солдат Жиззахда мусулмон болаларининг ҳарбий казармаларга бориб, бир бурда нон учун чўқинаётганлари воқеасини айтди. Ҳамма кўзига ёш олди, мен чидай олмадим”, дейди Беҳбудий. С.Сидқийнинг “Дизахда очлик” мақоласи ҳам шу мавзуга бағишланган. Жиззахда шу кунларда камида ўн кишининг очидан ўлгани, мусулмон болаларининг рус оилаларига бориб, чўқиниб нон тиланганларини ёзади. Мажлис сўнгида очларга ёрдам учун пул йиғилганида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 100 сўм берганини, кўпчилик савдогару бойларнинг даҳшатли воқеъликларни тинглаб таъсирлангани, бироқ, икки уч томчи кўз ёшдан бошқасига ярамаганларини ҳикоя қилади. Газетанинг “Бухоро хабарлари” рукнида: Қоракўл қозиси Ўроқ Икромиддин махдумнинг судур рутбасини олиб, Чоржўй вилоятига қозиси бўлгани хабари берилган. “...Икромиддин махдум Бухоронинг яхши тараққийпарварларидан. Эскидан газеталарни ўқиб, ўз уйида татар ва ўзбек муаллимларини сақлаб, болаларни усули жадида билан ўқитар эди. Эшитишимизга кўра, Икромиддин махдум Когондаги ёшларга буюк бир маблағ иона бермиш” деб ёзади. Кейинги хабарда “...23 сентябрда Бухорода аскарлар исён қилган. Тўпчибоши (ўрис вазир)нинг ясовулини уриб ташлаган. Қушбегини ҳам сўкиб ташлаган ва “Сешанбалик” қўшин ҳам аскарларга қўшилади. Исённи ойликни 15 дан 25 сўмга ошириш билан тўхтатди” дейилади. Шунингдек, Қозоли шаҳридаги бухоролик ёшларнинг “театр тўгараги” тузилгани ва қадимчи Абдураҳмон Карвонбоши деган кимсанинг ўша тўгаракни ёпиш мақсадида ва унинг аъзоларини 75 даррадан урдириш ниятида ариза йиғиб юргани ва ёшлар қўрқиб “Ёш бухоролик”лардан ёрдам сўрагани воқеаси ёзилган. Кейинги 42-сондаги Фитратнинг “Бухоронинг аскарлари” мақоласи ҳам ўзида жуда қизиқ маълумотларни акс эттирган. Жумладан, Бухоро 12 минг аскар йиғиш мумкинлиги ҳолда, амалда 4-5 минг аскар бор. Уларда ҳам на қурол, на кийим, на ётоқ жой мавжуд. Бу ерда ҳарбийлик шон-шараф эмас, энг паст лавозим ҳисобланади. Улар пора бера олмаган қашшоқлардан мажбурий тўпланган. Армияда дўхтирлик хизмати йўқ. Аскарларда на ҳуқуқ, на пул бор. Бечора ҳеч бир ҳуқуқсиз мардикорлардек, амир ва бекларнинг қадрсиз қулларидир, дейди. Хуллас, “Ҳуррият”нинг 1918 йил 30 апрелда чоп этилган 87-сони сўнггиси бўлди. Газета большевиклар томонидан ёпилди. Бироқ, “Ҳуррият” ўзбек матбуотининг ёрқин намунаси сифатида тарихимиз зарварақларидан мустаҳкам ўрин олди.
“Улуғ Туркистон” газетаси (1917 йил 25 апрель – 1918 йил 30 ноябрь) “Улуғ Туркистон” газетаси 1917 йилнинг 25 апрелидан татарларнинг “Иттифоқ” жамияти томонидан Тошкентда чиқарила бошланган. Шиори “Яшасин миллатларнинг мухторияти!” бўлиб, бу газетага Кабир Бакир ва Содиқ Абдусатторовлар муҳаррирлик қилган. “Улуғ Туркистон”нинг таҳририятида асосан ички Россиядан келган журналистлар ишлагани учун материаллари қамрови ва савияси жиҳатидан бошқа маҳаллий газеталарга қараганда юксакроқ эди. Унда Россиянинг марказий шаҳарларидан, уруш жабҳаларидан, турли ўлкалар (Украина, Финландия, Кавказ каби)дан, Туркистоннинг турли вилоятларидаги мухбирлари орқали тезкор хабарлар бериб борилган. 1917 йил 25 апрель санаси билан дунё юзини кўрган “Улуғ Туркистон”нинг илк сонида муҳаррир Кабир Бакир газетанинг “Маслак ва мақсад”ини баён қилади. Унда “Улуғ Туркистон”нинг асосий мақсади Туркистон равнақига, унинг маорифи ва илму фани ривожига ҳисса қўшмоқдир. “Улуғ Туркистон” Туркистоннинг барча миллат вакилларининг газетаси, ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман миллатларининг манфаатини бирдай акс эттиради. Бирор синфнинг газетаси эмас, барча синфларнинг манфаатларини ҳимоя қилади, дейди. Шунингдек, Нуриддин Сайфулмулкнинг 1917 йил 4 апрелда таъсис этилган “Иттифоқ” жамияти ҳақида ахбороти ҳам муҳим ҳисобланади. “Улуғ Туркистон”нинг 3-сонида чоп этилган “Туркистонга автономия олув ҳаққинда” мақоласида муаллиф Нўширавон Ёвушев Россияда 30 млн туркий қавмлар яшайди. Уларнинг ҳаммаси учун ҳам Туркистонга автономия берилиши керак. Бу йўлда барча Туркистонга автономия олувга ёрдам бермаги керак. Тўғри, бугун бу учун қурол йўқ, оқча йўқ. Аммо, уларни ҳам интилсак топа биламиз ва буни керак деб биламиз, дейди. Иброҳим Тоҳирнинг “Мактаб ва мадрасалар ислоҳи” мақоласида ҳурриятдан тўрт-беш кун ўтиб, Мунаввар қори уйида Туркистонда мавжуд барча мактабларнинг ўқитувчиларини тўплаб мажлис қилгани ва унда 8 кишидан иборат комиссия тузилганлиги хабарини беради. Шундан сўнг мазкур комиссия ўзининг 5 йиллик миллий таълим тизимини ишлаб чиққани ҳамда эндиликда мадрасалар ислоҳотига киришиш масаласида мунозаралар ўтказаётганини баён қилади. “Улуғ Туркистон” 1917 йил 13 май 5-сонида Н.Ёвушов “Очликдан қутилув чоралари” мақоласини “Ҳурриятдан халқ тўқлиқ сўрайди, очлик талонларга имкон беради” деб бошлайди. Ўзи Шарқий Туркистонга сафари давомида гувоҳи бўлган ҳолатларга тўхталиб, Хитой Туркистонида озуқа кўп, лекин алоқа йўллари ёмон, дейди. Иккинчидан, у ерда Рус пулининг қадри йўқ (1 рус сўми уларда 24 тийин қийматига тенг), дейди. Шу соннинг ўзида босилган “Консулхоналаримиз ҳаққинда” номли иккинчи мақоласида: “... Қошғарда эдим, у ердаги консуллар ҳамон зулм билан ишларлар, эски давр императорни қўмсайди. Халқ орасида ҳеч ким ҳурриятга ишонмайди. Улар яна тезда зўравонлар ҳокимиятга келади ўйларлар” деб ёзади. Газетанинг 6-сонида Н.Сайфулмулк ва И.Тоҳирларнинг “Халқ жумҳурияти” мақоласида бошқарувнинг демократик республика усули ҳақида ўқувчиларга кенг қамровли маълумот берилади. “... Демократия бу жамиятга тенг ҳуқуқлар, умумий сайловлар, бепул таълим ва тиббий хизматларни жорийлаш демакдир” деб ҳаммани Республика учун овоз берувга чақиради. “Улуғ Туркистон”нинг 8-сонидаги “Шоён таассуф ва воқеалар” мақолада “Тўрон” газетаси билан боғлиқ жанжаллар ва уларнинг эски шаҳардан қувилиши, “Шўрои Ислом”га қарши “Иттифоқи муслимин”нинг пайдо бўлиши каби воқеъликларни қаламга олиб, газетхонларга буларнинг ҳаммаси тараққийпарварнинг бирлашишига қарши мустамлакачиларнинг хийласидир, деган фикрни илгари сурилади. Газетанинг 9-сонидаги “Хивада кўнгилсиз воқеалар” мақоласида эса Хоразмда кечаётган воқеъликлар таҳлил этилган. Муаллиф Бухоро ва Хивадаги кўнгилсизликларнинг заминида ҳам ўлкада ислоҳотларга тўсқинлик қилишни истаётган рус задагонларининг фитнаси ётадир, дейди. “Улуғ Туркистон”нинг 12-сонида Н.Сайфулмулкнинг “Туркистонлилар ҳам аскарий хизмат” мақоласида 1917 йил 31 июнда Ишчи, деҳқон ва Солдат советлари ўзларининг жаҳон уруши майдонларига туркистонликлардан аскар олиш тўғрисида қарорини Киренскийга топширгани, бироқ, Муваққат ҳукуматнинг бу борада ўз муносабатини очиқ қолдираётганини ёзади. “Улуғ Туркистон”нинг 15-сонида Кабир Бакирнинг “Қардошлик номина” мақоласида Абдуваҳҳоб Муродий, Салим Тиллахонов, Қаюм Рамозонларнинг “Очиқ сўз” газетасида босилган “Миллий матбуотимиз диққатина” номли мақоласига ўз муносабатини билдиради. Унда туркистонлик ёшлар барча нашрларга мурожаат этиб, матбуотда халқимизни камситув маъносида ишлатилган “сарт” ва “сартия” сўзларини бутунлай таъқиқлашни талаб этган эди. Кабир Бакир мазкур масалага тўхталиб, ўзининг Туркистон туркларига нисбатан ҳеч қачон “сарт” сўзини қўлламаганини ёзади. Айни пайтда, “сарт” сўзининг Остроумов томонидан кашф этилмаганига, аксинча, Навоий ва ундан олдинги туркий манбаларда ҳам бу сўз учрашига эътибор қаратади. Миллатни улуғлаш ва унинг обрўсини тўкиш ё ошириш унинг номи билан эмас, унинг вакилларининг шижоати ва ғайрати билан белгиланади, дейди. Шунингдек, “Еттисувдаги даҳшатли ҳоллар” номли мақолада маҳаллий қирғизларнинг ерларига жойлашиб олган рус мужикларининг қирғизларга нисбатан камситиш, хўрлаш сиёсати қаламга олинган. Айни пайтда ваҳшийликлар янада авж олиб, қуролланган мужиклар қирғиз халқини турли баҳоналар билан қириб ташлашга ҳаракат қилаётгани ёзилади. “Улуғ Туркистон”нинг 1917 йил12 августь 22-сонида Н.Ёвушевнинг “Ўқув йўлинда бир тавсия” мақоласи босилган. Унда туркистонлик қизларни Оренбург губернаторлиги Трилицк шаҳридаги Латиф Яушевнинг 5 йиллик ўрта махсус қизлар мактабида ўқитишни таклиф этади. Унда ўқиган қизларнинг келажакда Туркистон аёллари орасида таълим-тарбиянинг ривожига катта ҳисса қўшишига ишонч билдиради. Шунингдек, “Ўролбой”нинг “Кичкина фельетон” номли ҳажвияси ҳам босилган. Унда янги Думага “Уламо жамияти” ва “Шўрои Ислом”дан сайланган мусулмон депутатларининг ўзаро низолари Туркистоннинг тараққийси учун эмас, аксинча, таназзули учун, яъни душманларнинг ғалабасига олиб келишига хизмат қилишини таъкидлайди. Энг қизиғи, Думага ҳамон эски замондаги раис раҳбарлик қилаётганига эътибор қаратади. Муаллиф “...нима учун, ахир бу ҳолда ўзгаришларга ишонган халқ бошсиз қолади-ку” деб савол қўяди ва кейинги қаторда “Халқнинг боши бўлса, шул кимсаларни сайлайдирмиди” деб ўзи жавоб беради. “Ўролбой” муваққат ҳукуматнинг эълон қилган “ҳуррият”и фақатгина қоғозда қолаётганига шаъма қилади. “Улуғ Туркистоннинг” 23-сонида “Содиқ” “Миллий хоссамизни изҳор қилайлик” мақоласида ўта муҳим онда бутун Туркистон халқини бирликка чақирса, “Солдат” “Миллий сармоя керак” мақоласида миллат бойларини миллий армия учун сармоя тўплашда ҳимматли бўлишга чақиради. Дарҳақиқат, “Улуғ Туркистон” Россияда юзага келган сиёсий-ижтимоий вазиятни синчиклаб кузатиб борар экан, миллий зулм остида эзилиб келган Россия мусулмонларига ўз мустақилликларини қўлга киритиш имкониятлари юзага келаётганини қайта-қайта таъкидлаб турди. Туркистонда большевиклар ҳокимиятга келганидан сўнг ҳам газета ўз маслагини ўзгартирмасликка интилди. Натижада, 1918 йилнинг ноябрига келиб, 160-сонида Шўролар ҳукумати томонидан тўхтатилди.
Баҳром ИРЗАЕВ, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори |