Саналар
12.12.2024
Баннер
Баннер
Сувга кўмилган фиръавн
Муаллиф:    29.09.2023 21:02    PDF Босма E-mail

Қадимги Миср - тарихдаги энг қадимий ҳазоралардан биридир. Милоддан аввалги учинчи асрда ёзувнинг пайдо бўлиши, Нил дарёсидан фойдаланиш, душманнинг қўққисдан ҳужум қилишининг олдини оладиган қулай табиий-географик жойлашув - буларнинг бари қадимги мисрликлар маданиятининг гуллаб-яшнашига сабаб бўлган.

Албатта, Миср ҳазорасининг асоси энг аввало табиатнинг мўъжизаларидан бири бўлган Нил дарёси эди. Бутун Африка қитъасини кесиб ўтувчи мана шу ҳаётбахш дарё туфайли мисрликлар йил бўйи ёмғирлар мавсумига боғлиқ бўлмай, деҳқончилик билан шуғулланишар эди. Тарихчи Эрнст Гомбрих бу ҳақда шундай дейди:
Африка - жуда иссиқ қитъадир. Бу ерда баъзан ойлаб ёмғир ёғмайди. Шунинг учун бу улкан материкнинг катта қисми қурғоқчиликка мойил бўлиб, ери қум барханлари билан қопланган. Миср ҳам шундай. Мисрнинг ўзида ҳам ёмғир жуда кам ёғади. Аммо бу ўлкада ёмғирга катта эҳтиёж йўқ, чунки бутун мамлакат бўйлаб ҳаётбахш Нил дарёси оқиб ўтади.
Ана шундай муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган Нил дарёсини назорат қилиш эса савдо-сотиқ ва деҳқончиликнинг асосий манбаини назорат қилиш деган сўз эди. Қадимги Миср ҳукмдорлари айнан шу йўл билан бутун мамлакатни қўл остига олган эдилар. Миср ҳукмдорлари фиръавнлар деб аталар эди.
Аммо афсуски, юксак даражада тараққий этган бу ҳазора ширк ва куфр ботқоғига ботган эди. Улар ота-боболаридан қолган бидъат-хурофотларга маҳкам ёпишиб олиб, бутларга ва фиръавнларга сиғинар эдилар. Қадимги Миср халқи ўз мамлакатининг табиий-географик шароитларига кучли даражада боғлиқ эди. Мисрнинг жойлашган ўрни мамлакатни босқинчилардан ишончли ҳимоя қиларди, яъни Миср чўллар, тоғлар ва денгизлар билан ўралган эди. Бу мамлакатга ҳужум қилиш учун иккитагина йўл бор бўлиб, бу йўлларни мудофаа қилиш Миср қўшини учун мушкул эмас эди.
Хуллас, Мисрликлар бошқа мамлакатлардан алоҳида яшар эдилар. Бироқ ташқи дунёдан узилган Миср халқлари вақт ўтиши билан мутассибликка берилиб, янгиликлардан, ҳаётдан орқада қола бошладилар. Охиратга бўлган иймон Қадимги Миср ақидаларида муҳим ўрин эгаллар эди. Мисрликлар одам ўлгандан сўнг унинг руҳи тирик бўлади, амаллари учун ҳисоб беради, ҳисоб-китоб пайтида унинг яхши ва ёмон амаллари тарозида тортилади деб ишонар эдилар. Парвардигоримиз ҳар бир бандани адолат ва фазлу-карами билан ҳисоб қилади, яхши амал қилган одам роҳат-фароғатга, ёмон амал қилган одам эса азоб-уқубатга дучор бўлади, деган ақида бор эди.
Кўриниб турибдики, дастлабки даврда Қадимги Миср халқи тавҳиддан ва диний ақидалардан хабардор бўлган. Аллоҳ Таолонинг ҳақ дини бу қавмга ҳам етиб борган экан. Аммо вақт ўтиши билан саҳиҳ иймонга бидъат аралашиб, ширк ва куфр ақидасига айланиб кетган.
Маълумки, Миср ўлкаларига Аллоҳнинг бирлигига, Унгагина ибодат қилишга чақирган пайғамбарлар юбориб турилган. Ана шундай пайғамбарлардан бири ҳазрати Юсуф алайҳиссалом бўлганлар. Қуръони каримда Юсуф алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари ҳақида алоҳида хабар қилинган. Бани Исроил ҳам Юсуф алайҳиссалом билан биргаликда Мисрга келиб ўрнашиб қолган эди. Юсуф алайҳиссалом вафот этганларидан кейин бани Исроил қуллик асоратида қолди. Аллоҳ Таолонинг раҳмати билан Мусо алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилгач, бани Исроил Мисрдан чиқиб, ҳурликка эришди.
Миср фиръавнлари ақидалари бузуқ бўлганлиги туфайли тажовузкор ва золим эди, ўзини худо деб эълон қилиб, халқдан ўзига шунга яраша муносабатда бўлишни талаб қиларди.
Аммо Қадимги Миср тарихида бу аҳволга барҳам бериб, халқни якка Аллоҳга ибодат қилишга чақирган биргина фиръавн бўлган. Аммо сарой аҳли ўзининг мавқеидан қўрқиб, уни таъқиб остига олган ва кейинчалик унинг жонига қасд қилганлиги тарихдан маълум. Бу фиръавннинг исми Аменхотеп IV бўлиб, у милоддан аввалги 14 асрда ҳукмдорлик қилган.
Аменхотеп IV милоддан аввалги 1375 йилда тахтга ўтиргач, ширк ва куфр ақидаларига қарши кураша бошлади, бироқ сарой аъёнлари томонидан қаттиқ қаршиликка учради. У Мисрдаги бутпараст ақидага қарши чиққанлиги, якка Аллоҳга сиғинишга даъват қилганлиги ва ҳаётнинг турли жабҳаларига ижобий ўзгаришлар кирита бошлаганлиги туфайли консерватив табақаларнинг манфаатларига зарар етказиши мумкин эди. Мамлакат пойтахти Теб шаҳрининг зодагонлари фиръавнга қарши очиқ кураш бошладилар. Натижада Аменхотеп ва унинг издошлари Теб шаҳрини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.
Аменхотеп IV ўзини Ах-эн-Атон ёки Эхнатон деб атай бошлади, бу сўзнинг маъноси “якка худо - Атонга сиғинувчи” эди. Аменхотепнинг фикрича, Атон “осмонлар ва ерни яратган” тангри эди. Бу эса Эхнатон Мисрнинг диний ақидаларини айнан тавҳид асосида ислоҳ қилишга уринганлигини кўрсатади.
Эхнатон ўлдирилгач, ҳукумат яна золим фиръавнлар қўлига ўтди. Улар ўзларининг бутпарастлик динларини қайта тиклаб олдилар. Орадан 100 йил ўтгач, Миср тарихида энг узоқ вақт ҳукмронлик қилган фиръавн Рамзес II тахтга ўтирди. Бир пайтлар бани Исроилга зулм қилган, ҳазрати Мусо алайҳиссаломга қарши курашишга уринган фиръавн ана шу Рамзес эди.
Қадимги Мисрликлар ўзларининг бутпарастлик динларига жон-жаҳдлари билан ёпишиб олган эдилар. Уларга Аллоҳнинг набийлари ва расуллари келиб, якка Аллоҳгагина ибодат қилишга чақирдилар, аммо фиръавн қавми мутассиблик билан ўзларининг бузуқ ақидаларида қолавердилар. Ниҳоят, Аллоҳ Таоло Миср халқига ҳазрати Мусо алайҳиссаломни юбордилар. Бу бани Исроил батамом қуллик асоратида қолган, фиръавн эса ўз зулмини авжига чиқарган давр эди. Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг вазифалари Миср халқини ҳақ динга даъват қилиш ҳамда бани Исроилни қулликдан озод қилиб, уларга ҳақ йўлни кўрсатиш эди.
(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), иймон келтирадиган қавм (ўқиб, ибрат олишлари) учун Сизга Мусо ва Фиръавн хабаридан ҳаққи-рост тиловат қилиб (сўйлаб) берурмиз. Дарҳақиқат, Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яъни, бани Исроил қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди. Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдан чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиршни ва уларни (Фиръавн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз. Яна Биз уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига (бани Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани (яъни, мулку-давлатлари қўлларидан кетиб, ҳукму салтанат бани Исроил қавмининг қўлига ўтишини) кўрсатиб қўйишни (истаймиз). «Қасас» сураси, 3-6-оятлар
Парвардигоримизнинг амри-фармони билан ҳазрати Мусо ва Ҳорун алайҳимуссалам фиръавннинг ҳузурига келиб, унга Аллоҳнинг иродасини етказдилар. Шунингдек бу икки пайғамбар алайҳимуссалом фиръавндан бани Исроилни озод қилиб, ўзлари билан бирга кетишга рухсат беришини талаб қилдилар.
Ҳазрати Мусо алайҳиссалом уларни Аллоҳнинг динига даъват қилдилар, бу дин фиръавнни сохта худоликдан маҳрум қилиб, унинг ҳам ожиз бир банда эканлигини фош қилиб ташлади. Шунингдек, бани Исроил бу юртдан чиқиб кетса, фиръавн ишчи кучининг асосий қисмидан ҳам маҳрум бўлиб қоларди. Шу сабабдан Фиръавн ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг даъватини кескин инкор этди. Сен менинг тахтимни эгалламоқчисан, деб туҳмат қилди.
Фиръавн ҳам, унинг атрофидагилар ҳам Аллоҳ Таолонинг элчиларига бўйсунмадилар. Уларга ҳақ йўлга кириш насиб этмади. Нафси аммора кибр йўли билан уларни икки дунё саодатидан маҳрум этди. Аллоҳ Таоло бу осий қавм устига сон-саноқсиз офат-балолар ёғдирди.
Ўзининг бутпарастлик ақидасига кўр-кўрона ёпишиб олган Фиръавн ва унинг атрофидагилар ота-боболарининг бузуқ эътиқодидан воз кеча олмадилар. Ҳазрати Мусо алайҳиссаломга буюк неъмат қилиб берилган ақл бовар қилмас мўъжизалар ҳам бу бахтиқаро қавмни иймон билан шарафлантира олмади. Ояти карималарда бу ҳақда шундай хабар қилинади:
Улар (Мусога): «Сен бизларни сеҳрлаш учун қандай оят-мўжиза келтирсанг ҳам, биз сенга ҳаргиз иймон келтиргувчи эмасмиз», дедилар. Аъроф сураси, 132-оят
Ҳақ йўлдан бош тортган золим қавм устига кетма-кет офат-балолар ёғила бошлади. Аввал Мисрда даҳшатли қурғоқчилик бўлиб, қаҳатчилик бошланди.
Дарҳақиқат биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик. Аъроф сураси, 130-оят
Мисрликлар Нил сувлари ёрдамида деҳқончилик қилардилар, шу сабабли қурғоқчиликнинг оқибати улар учун гўё оғир бўлмади. Фиръавн ва унинг аъёнлари Парвардигоримизнинг элчисини инкор этиб, ўзларини мисли кўрилмаган балоларга гирифтор қилдилар. Афтидан, шундан сўнг Нил сувлари кескин камайиб кетиб, ерларни суғориш учун қазилган каналларга сув бормай қолган. Жазирама иссиқ эса бутун ҳосилни нобуд қилган. Фиръавн ва Миср зодагонларининг бутун умиди Аллоҳдан эмас, Нил сувларидан эди. У такаббурлик билан халққа шундай деди:
«Эй халқ! Мен Мисрнинг подшоҳи эмасманми, мана бу дарёлар менинг қўл остимда оқмаяптими?»
Бироқ бу офатлар азоб-уқубатларнинг бошланиши эди, холос. Қурғоқчилик ва қаҳатчиликдан кейин янада даҳшатлироқ офатлар келди. Ояти карималарда айтилишича, қурғоқчиликдан сўнг тўсатдан кучли сел келди, ҳаммаёқни сон-саноқсиз чигиртка ва буғдой битлари босиб кетди, улар барча экинларни бир зумда еб битирди, еру-осмонни қурбақалар босиб кетди. Нил сувларида эса ғоятда заҳарли фитопланктон пайдо бўлиб, сувнинг ранги қондек қип-қизил бўлиб қолди, натижада халқ сув манбаидан ҳам маҳрум бўлди.
Бироқ, Аллоҳ адаштирган бандага ҳидоятга йўл йўқлиги туфайли, Фиръавн ҳам, унинг қавми ҳам бу сабоқлардан хулоса чиқармади. Осий қавм ҳамон кибрдан қутула олмас эди. Аммо бу ҳолат узоққа чўзилмади. Такаббур фиръавн Аллоҳ Таолонинг қудрати олдида ожизлигини тан олмади. Парвардигори олам ҳазрати Мусо алайҳиссаломга бани Исроилни Мисрдан олиб чиқиб кетишни буюрди.
Ҳазрати Мусо алайҳиссалом ҳақ динга эргашган бани Исроил қавми билан йўлга тушдилар. Бироқ Фиръавн бунга чидай олмай, уларнинг устига қўшин тортиб келди.
Фиръавннинг қўшини бани Исроилга денгиз қирғоғида етиб олди. Бани Исроилнинг баъзилари Фиръавннинг қўшинини кўриб, ваҳимага тушди. Ҳатто бизни қочишга сен мажбур қилдинг, энди ҳалок бўлишимиз аниқ, деб ҳазрати Мусога таъна қила бошлашди. Яҳудийларнинг айтишича, Тавротда бу ҳақда шундай деб ёзилган экан: “Улар: Мисрдан олиб чиқиб кетиб, бизни нима қилдинг? Ахир сенга Мисрда бизни қўявер, майли биз мисрликларнинг қўлида ишлайверамиз, деб айтмадикми? Саҳрода ўлиб кетгандан кўра Мисрда қул бўлиб юрганимиз яхши эди” дедилар.”
Бани Исроилнинг ожизлик қилганлиги Қуръони каримда қуйидагича баён қилинади:
Энди қачонки икки жамоат бир-бирларини кўришгач, Мусонинг ҳамроҳлари: "Бизлар аниқ тутилдик, (чунки олдимизда ҳеч қандай йўл йўқ фақат денгиз бор)", дедилар. Шуъаро сураси, 61-оят
Бани Исроил даҳшат ичида қолган бўлса, ҳазрати Мусо алайҳиссалом Парвардигоримизнинг нусратига иймон келтирган ҳолатда хотиржам туриб, шундай дедилар:
(Мусо) айтди: "Йўқ, аниқки, мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта У мени (нажот) йўлига бошлар". Шуъаро сураси, 62-оят
Ана шунда Аллоҳ Таоло ҳазрати Мусо алайҳиссаломга буюк бир мўъжиза кўрсатди. Бу мўъжиза ҳақида мана бу ояти карималар нозил бўлган:
Бас, Биз Мусога: "Асойинг билан денгизни ургин", деб Ваҳий юбордик. Бас, (у асосини текизган эди, денгиз ўртасидан) бўлиниб ҳар бир бўлак (сув) баланд тоғ каби бўлди. (Сўнг Мусо ва унинг қавми денгиз ўртасидан очилган йўлга тушдилар). Ва кейингиларни (яъни, Фиръавн ва унинг қўшинини ҳам) ўша (йўлга) яқин қилдик. Ва Мусо ҳамда у билан бирга бўлган кишиларнинг барчаларига нажот бердик. Сўнгра кейингиларни (денгизга) ғарқ қилиб юбордик. Албатта бунда оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) Fолиб, (мўъминларга) Меҳрибондир. Шуъаро сураси, 63-68-оятлар
Фиръавн ўз қўшини билан денгизнинг ўртасида очилиб қолган йўлда бани Исроилнинг орқасидан югурди. Аммо баланд сув деворлари тўсатдан бирлаша бошлади. Куни битганини тушунган фиръавн даҳшат ичида Аллоҳ Таолога илтижо қилишга тушиб, энди аниқ иймон келтирганлигини айта бошлади.
Муҳтарам дўстлар! Ана шу даҳшатли пайтда воқеа айнан қандай юз берганлигига ягона гувоҳ - Аллоҳ Табарока ва Таолодир. Агар бу воқеа ҳақидаги ояти карималар бўлмаганда, инсоният бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга бўлмас эди. Парвардигоримиз бизга бу воқеани шундай баён қилади:
Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар бани Исроил иймон келтирган Зот – Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман – Аллоҳга бўйсинувчилардандирман» Юнус сураси, 90-оят
Аллоҳ Таоло фиръавннинг кечиккан тавбасини қабул қилмади. Унинг ўзи ҳам, қўшини ҳам сувга ғарқ бўлиб, ҳалок бўлди. Аллоҳ Таоло кейинги ояти каримада шундай марҳамат қилади:
Энди-я! Ахир сен илгари (яъни шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку! Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун Биз сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни улардан ибрат олмайдилар). Юнус сураси, 91-92-оятлар
Осий қавм Аллоҳ Таолонинг мўъжизаларини инкор қилгани учун Унинг қаҳру-ғазабига учради. Фиръавн ҳалок бўлгач, бани Исроил Аллоҳ Таоло уларга раво кўрган ерларга етиб борди.
(Миср ва Шомдаги) ўзимиз баракотли қилган ернинг машриқ ва мағрибларига бу бечора қавмни (яъни бани Исроилни) ворис қилиб қўйдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сабр-тоқат қилганлари сабабли бани Исроилга Парвардигорингизнинг гўзал сўзлари тўла-тўкис бўлди. Фиръавн ва қавми ясаб-қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик. Аъроф сураси, 137-оят
Ушбу фильмда биз кўриб чиққан археологик фактлардан маълум бўлишича, муқаддас Қуръони каримдаги ояти карималарда хабари берилган барча тарихий далиллар бугунги кунга келиб илм-фан томонидан ўз тасдиғини топмоқда. Саҳиҳ эътиқодли мўмин-мусулмонлар Каломуллоҳ Парвардигоримизнинг ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий қилган мўъжизаси, муборак каломи эканлигига иймон келтирадилар. Мазкур фильмда келтирилган илмий далиллар эса мана шу эътиқодни янада мустаҳкамлашга, қалби иймонга мушарраф бўлиш арафасида турган кишиларга ҳидоят нурига яқинлашишга кўмаклашади, деган умиддамиз. Ҳар бир инсон ҳалок бўлган қавмларнинг аянчли тақдиридан тегишли хулоса чиқариши, Аллоҳ Таолонинг қаҳру-ғазабига эмас, балки икки дунё саодатига эришиш йўлини танлаб олиши лозим.
Ҳалок бўлган қавмларнинг қиссалари меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ Таолонинг биз - охир замон умматига раҳмат қилиб юборган огоҳлантиришидир.
Бизни адашган ва ғазабга учраганларнинг йўлига эмас, расуллар ва набийларнинг йўлига бошлаган зот - оламларнинг Роббиси - Парвардигоримизга чексиз ҳамду-санолар бўлсин! Омин.

Абу Муслим тайёрлади

 
Баннер