Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Дуғлот (1499-1551)
PDF Босма E-mail

Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Дуғлот — Марказий Осиёнинг XVI асрдаги атоқли муаррихи, адиби ва давлат арбоби бўлиб, машҳур «Тарихи Рашидий» асарининг муаллифи сифатида тарих саҳифаларидан мустаҳкам ўрин олган. Адабиётда кўпинча Мирзо Ҳайдар исми билан аталади. Унинг ота аждодлари XIV—XVI асрларда Мўғулистонда ҳукм сурган нуфузли дуғлот амирларидан бўлиб, Чиғатой хонлари томонидан инъом этилган имтиёзларга ва тархонлик унвонига эга бўлганлар, Кошғар вилоятининг ҳокимлиги ворисий тарзда уларнинг ихтиёрига топширилган эди.

Мирзо Ҳайдарнинг отаси Муҳаммад Ҳусайн Мўғулистон хони Султон Маҳмудхон (1487—1503) билан яқин муносабатда бўлиб, 1493 йили унинг синглиси Хўб Нигор хоним (Юнусхоннинг кичик қизи)га уйлаган ва кўрагон (хон куёви) унвонини олиб, 1495 йили Ўратепа вилояти ҳокимлигага тайинланган. Шу билан бирга бир неча йил Тошкентда Султон Маҳмудхон ҳузурида яшаган ва Мирзо Ҳайдар бу шаҳарда ҳижрий 905 (1499 йил, август — 1500 йил, июл) йили таваллуд топган. Юнусхоннинг ўртанча қизи Қутлуқ Нигор хоним Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг онаси эканлиги билан Мирзо Ҳайдар Бобурга қариндош бўла (холавачча)дир.
1503 йили Султон Маҳмудхон Ахсида Шайбонийхон лашкари билан жангда мағлубиятга учрагач, Муҳаммад Ҳусайн Ўратепани ташлаб Қоратегинга, у ердан Кобулга Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳузурига боради. 1506 йили Бобур Хуросонга кетган вақгида Муҳаммад Ҳусайн ҳукуматни эгаллашга қасд қилган кишилар билан бирлашади. Аммо бу уриниш натижасиз чиқади. Бобур қайтиб келгач, гарчи гуноҳидан ўтган бўлса-да, Муҳаммад Ҳусайн энди бу ерда туролмайди ва Фарғонага жўнайди. 1509 йили у Шайбонийхон буйруғи билан қатл этилади.
Отасини Шайбонийхон қатл этган вақтда 9 яшар бола — Мирзо Ҳайдар ўз мураббийси Мавлоно Муҳаммад билан Бухорода, Убайдуллахон никоҳида бўлган опаси ҳузурида эди. Шайбонийхон уни ҳам қатл этиш учун Бухорога махфий одамлар юборади. Буни пайқаган мураббий Мавлоно Муҳаммад турли ҳийлалар билан уларни чалғитиб, дарвеш кийимида болани шаҳардан олиб чиқиб кетади. Улар Бадахшонга, Мирзохон (1507—1521) олдига келадилар. Буни эшитган Бобур Мирзохонга хат ёзиб, унинг вилояти Шайбонийхон хавфидан эмин эмаслигини айтиб, болани Кобулга юборишни талаб қилади.
Мирзо Ҳайдар Кобулда 1509—1512 йилларда Бобур саройида истиқомат қилади. Ундан 17 яшар катта бўлган Бобур Мирзо Ҳайдарга оталарча ғамхўрлик кўрсатади, тарбиялайди, билим, ҳунар ўргатади. Бобурнинг кўрсатган ғамхўрлиги ҳақида Мирзо Ҳайдар ўз асарида чуқур миннатдорлик билдириб, бир неча бор эслаб ўтади.
1512 йили Мирзо Ҳайдарнинг амакиси, Мўғулистон хони Султон Саййидхон уни Бобурдан сўраб олади. Мирзо Ҳайдар аввал Андижонга, Саййидхон ҳузурига, сўнгра эса Саййидхон Кошғарда ҳам ўз ҳукмронлигини ўрнатгач, у билан бирга Кошғарга жўнайди ва то Саййидхон вафот этгунига қадар (1533) унинг хизматида бўлади. Саййидхон унга, «Тарихи Рашидий»да айтилганидек, «бутун лашкар ва давлат ишларини бошқаришда ва барча бошқа ишларда чексиз ишонч билдириб, барчасини топшириб қўйган». Ҳатто ўз ўғли Абдурашидни тарбия қилишни ҳам Саййидхон Мирзо Ҳайдарга ишонган эди.
Ҳаётининг кўп қисми худди Бобурникидек тинимсиз сафарлар ва ҳарбий юришларда ўтганлигига қарамай, Мирзо Ҳайдар ўз даври учун юқори даражада билим олишга муваффақ бўлган эди. Чунончи Мирзо Ҳайдарнинг чуқур билимли, барча ҳунарлардан хабардор, юксак қобилиятли эканлигини Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома»да қайд қилиб ўтган: «Отасини Шайбонийхон ўлтургандан сўнг Кобулга келиб менинг мулозиматимда уч-тўрт йил туриб, сўнг ижозат тилаб Кошғарга (Султон Саййидхон) қошиға борди… Бу тариҳда (яъни, «Бобурнома» ёзилаётган 1525—1530 йиллар орасида) дейдурларким, тойиб бўлуб, яхши тариқа пайдо қилибтур. Хат ва тасвир ва ўқ ва пайкон ва зиҳгир — ҳар нимага илики часпондур. Табъи назми ҳам бордур. Манга арзадошт қилиб эрди, иншоси ҳам ёмон эрмас» («Бобурнома», Тошкент, 1960, 68-бет).
Ҳақиқатан ҳам «Тарихи Рашидий»ни ўқир эканмиз, муаллиф Мирзо Ҳайдар ўзининг ҳаётий-фалсафий мулоҳазалари, ўз даври маънавий-маданий тушунчалари ҳақида сўзлаганида айтиб ўтгани — ўзи ўқиган олтмишдан ортиқ асарларни назарга олсак, айтиш мумкинки, тарихнависнинг билим доираси ўз даврининг юксак маърифатли, билимли кишилари қаторида бўлган. Чунончи мазкур асарлар мазмунига кўра, Мирзо Ҳайдар таниш бўлган қуйидаги соҳаларни санаб ўтиш мумкин: тарих, адабиёт ва шеърият назарияси (аруз, муаммо, иншо санъати), жуғрофия, астрономия, тасаввуф, фиқҳ, Ислом дини тарихи, фалсафа, араб грамматикаси ва ҳоказо. Асарда келтирилган Темурийлар, айниқса, Алишер Навоий доирасидаги адабий-маънавий ҳаёт ҳақидаги маълумотлар эса мукаммаллиги билан Мирзо Ҳайдарнинг ўзи ҳам шу давр илмий-маданий ва адабий анъаналари бўйича тарбия олганлигини билдиради.
Султон Саййидхон хизматида эканлигида Мирзо Ҳайдар Бадахшон, Кофиристон, Тибет, Кашмирларга бир неча ҳарбий юришларни бошқарган.
Султон Саййидхон 1533 йили вафот этди. Унинг ўғли Абдурашидхон тахтга ўтиргач, у дуғлот амирларини давлат ишларидан четлата бошлади. Дастлаб у кўп йиллар давомида Султон Саййидхон қошида давлатнинг иккинчи шахси ҳисобланиб, улусбеги мансабини эгаллаб турган Мирзо Ҳайдарнинг амакиси Саййид Муҳаммад Мирзони қатл этди. Бу вақтда Тибетда ҳарбий юришда бўлган Мирзо Ҳайдар бундан воқиф бўлиб, Мўғулистонга қайтишга журъат қилолмай бир қанча вақт Бадахшонда юрди, сўнг у ердан Лоҳурга, Бобурнинг ўғли Комрон Мирзо ҳузурига, 1539 йили эса Аграга, Ҳумоюн хизматига борди, унинг Шерхон билан ҳарбий тўқнашувларида қатнашди. 1551 йили номаълум кишилар томонидан уюштирилган суиқасд натижасида ҳалок бўлди.
Баъзи адабиётларда қайд этилишича (Ч. А. Сторийнинг форс адабиёти тарихига оид асарида) Мирзо Ҳайдарнинг «Жаҳоннома» номли туркий тилда назм билан битилган асари ҳам бор. Муаллиф туркий ва форсий тилларда шеърлар ёзганлиги «Тарихи Рашидий» нинг ўзида келтирилган шеърий парчалардан ҳам кўринади ҳамда Мирзо Ҳайдарнинг Бобур айтганидек «таъби назми ҳам бўлганлиги»ни исботлайди.
«Тарихи Рашидий»га келсак, уни Мирзо Ҳайдар Кашмирда эканлигида 1541—1546 йиллар орасида ёзган. Асарнинг муқаддимасида айтилишича, уни ёзишдан мақсади Мўғулистон мамлакатининг 1347 йили тахтга ўтирган Туғлуқ Темур давридан то муаллиф замонигача тўлиқ тарихини яратишдир. У айтади: «Мўғуллар ислом динини қабул қилгандан сўнгги давр ҳақида кичкинагина бўлса ҳам бир тарихий асар йўқ».
«Тарихи Рашидий» икки қисмдан иборат. Муаллиф уларни «дафтар» деб атайди. Биринчи дафтарда Мўғулистон ва Кошғарда ҳукм сурган Чиғатой хонлари тарихи улардан биринчи бўлиб ислом динини кабул қилган Туғлуқ Темурхондан бошлаб то 1533 йили тахтга ўтирган Абдурашидхон тарихи изчил равишда ёритилган.
Иккинчи дафтар 1541—1542 йилларда ёзилган. Унда тарихий воқеалар ва муаллифнинг ўз саргузашт-кечинмалари эсдаликлар жанрида баён этилган. Эсдаликлар XV аср охирларига оид воқеалардан бошланиб, 1542 йилгача, яъни Мирзо Ҳайдар Кашмирни забт этиб, шу ерда муқим туриб қолган вақтигача давом этади.
Асарнинг биринчи қисми иккинчисидан тўрт йил кейин ёзилган. Муаллиф ўз эсдаликларини ёзар экан, кўп ҳолларда воқеабандлик тақозасича, ўтган даврлар тарихини эслатиб ўтишига тўғри келган. Бундай тафсилотлар давом этаверса, мақсадни ифодалаш чалкашиб кетиши муқаррар эди. Шунинг учун муаллиф кўпинча эсдаликлар орасида «бу ҳақда биринчи дафтарда сўзлаймиз» дейиш билан чекланиб, эсдаликларни давом эттираверади ва орадан бир қанча вақт ўтгач, ҳақиқатан ҳам биринчи дафтарни ёзиб, қарийб 200 йиллик Мўғулистон тарихини ёритади.
Асарнинг биринчи қисмини ёзишда Мирзо Ҳайдар Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг «Тарихи жаҳонгўшо» ва Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарларига таянган. Чунончи соҳибқирон Амир Темурнинг Мовароуннаҳрда мустақил давлат барпо этиши, уни ташқи тазйиқлардан ҳимоя этишда Мўғулистон хони Туғлуқ Темур (1360 йиллар), кейинроқ эса асли дуғлот амирларидан бўлиб, ҳокимиятни қўлга олган Камариддинга қарши юришлари бутунлай «Зафарнома»дан олинади. Бундай ҳолларда муаллиф «Зафарномадан нақл», деб ўқувчини огоҳлантиради. Жувайнийнинг «Тарихи жаҳонгўшо»сидан олинган баъзи парчалар олдидан ҳам шундай огоҳлантириш берилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ҳам Мирзо Ҳайдар учун манба хизматини ўтаган.
Булардан ташқари, Мирзо Ҳайдар ёши юзларга бориб қолган одамлар, отасидан эшитганлари, амакилари ва бошқа ишончли замондошларининг ҳикояларидан ҳам манба сифатида фойдаланади. Ўз даври тасаввуф намояндаларининг рисолалари, адабий асарлардан ҳам парчалар келтиради.
Аммо «Тарихи Рашидий»нинг иккинчи дафтарини ёзишда муаллиф асосан ўз эсдаликларига таянади, уларни гарчи айрим-айрим сарлавҳалар остида маълум воқеаларга бағишлаб ёзса ҳам, эсдаликлар услубини сақпайди. Бунда у бўласи ва тарбиячиси Бобурнинг «Бобурнома»сига тақлид қилади. Балки, айтиш мумкинки, «Бобурнома» Муҳаммад Ҳайдарнинг ҳам эсдалик услубида асар ёзишига тимсол-ўрнак бўлган. Бироқ Бобур ўз асарини ўзбек тилида ёзган бўлса, Мирзо Ҳайдар форсий тилда ёзади. Аммо асар матнида баъзи ўринларда келтирилган туркий парчалар муаллифнинг она тили туркий тил эканлигидан далолат беради.
«Тарихи Рашидий»ни чуқур ўрганиб, уни «Бобурнома» билан солиштирган В. В. Бартольд ёзган эди: «Мирзо Ҳайдарнинг асари кўп ҳолларда унинг холаваччаси Бобурнинг ёдномаларини эслатади. Унинг тарихий маълумотлари худди Бобурникидек ҳаққонийлиги ва бетарафоналиги билан кўзга ташланади, жуғрофий тавсифлар эса жойларни аниқ ва равшан тасвирлайди». Бартольд яна хулоса қилиб айтадики, гарчи «Тарихи Рашидий» майда тафсилотларнинг изчиллиги, воқеалар кечган саналарнинг аниқлиги борасида «Бобурнома»дан кейинда турса ҳам, бироқ унда Мўғулистон тарихига оид шундай маълумотлар келтириладики, уларни бошқа тарихий манбалардан топиб бўлмайди».
В. В. Бартольднинг фикрини давом эттириб айтадиган бўлсак, «Тарихи Рашидий»нинг маълумотлари, тадқиқотчилар аниқлаганидек, «Бобурнома»нинг бизгача етиб келмаган ёки ўз вақтида ёзилмай қолган айрим камбуд жойларини тўлатишга ҳам ёрдам беради. Ундан ташқари «Бобурнома»да баён қилинган воқеаларнинг жуғрофий кенглиги Бобурнинг ўзи босиб ўтган жойлар — Мовароуннаҳр, Хуросон, Кобул, Бадахшон, Ҳиндистон доирасида ифодаланса, Мирзо Ҳайдар эсдаликларида бу ерлардан ташқари яна унинг ўзи юрган жойлар: Мўғулистон, Кошғар, Тибет, Кашмирлар тасвирланади. Бинобарин, ҳар икки асарни бир-бирига қиёслаб ўрганиш, улардаги тарихий маълумотлар доирасини кенгайтиради ва ҳар иккала асарнинг ҳам тарихий манба сифатидаги аҳамиятини оширади.
Асарнинг «Тарихи Рашидий» деб аталганлигига Мирзо Ҳайдар уч сабабни кўрсатади:
1.    Мўғулистон хони Туғлуқ Темурни Исломга келтирган Шайх Аршадуддин номини абадийлаштирмоқ учун.
2.    «Ҳақ йўл», «Тўғри йўл» маъносини англатувчи «Рушд» сўзини таъкидламоқ учунки, Исломни қабул қилган Туғлуқ Темур ўз тобеъларини ҳам шу йўлга бошлаган.
3.    Асар ёзилаётган вақтда Мўғулистонда ҳукм суриб турган Абдурашидхон номини эслатмоқучунки, гарчи у ўз тарбиячисига ёмонлик истагида бўлиб, дўстлик ваъдаларини унутган бўлса-да, унинг отаси Султон Саййидхоннинг муаллифга қилган яхшиликларини қадрлаш учун.
Мирзо Ҳайдар ўз асарида Марказий Осиёнинг ҳозирги Ўзбекистон, Қирғизистон, жануби-шарқий Қозоғистон ҳамда Шарқий Туркистон ҳудудларига тўғри келадиган ўлкалар ҳақида ёзар экан, бу жойларда яшовчи ўзбек, қозоқ, уйғур, қалмоқ каби халқларнинг сиёсий, хўжалик соҳаларига, маданий ҳаёт ва бир-бирлари билан алоқаларига оид кўплаб маълумотлар келтиради. Тибет, Кашмир, Бадахшон ҳудуддарига бўлган ҳарбий юришларни ёритганида, бу мамлакатлар ҳақида ҳам тарихий, этнографик, жуғрофий маълумотлар беради.
«Тарихи Рашидий»да булардан ташқари Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомийлар доирасидаги Ҳирот маданий-адабий муҳитига, Мовароуннаҳрда Улуғбек, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор давридаги илмий-маънавий ҳаётга оид, тасаввуф намояндалари ва уларнинг рисолаларига оид ишончли ва қизиқарли маълумотларни учратиш мумкин.
«Тарихи Рашидий»нинг қўлёзма нусхалари бир мунча кенг тарқалган. Ундан Мирзо Ҳайдардан кейинроқ ёзилган Марказий Осиё, Шарқий Туркистон, Ҳиндистон тарихига оид асарларни барчасида фойдаланилган.
XVIII—XIX асрларда «Тарихи Рашидий» Муҳаммад Содиқ Кошғарий ва Муҳаммад Ниёз ибн Абдулғафурлар томонидан туркий тилига таржима қилинган.
Оврўполиклардан бу асарга биринчи бор 1840 йилда В. Эрскин эътибор бериб, ундаги маълумотларни ўз асарига жалб этган. Ундан сўнг асардан Г. Эллиот фойдаланган. Шарқшунос С. Д. Росс 1895 йили «Тарихи Рашидий»ни инглиз тилига таржима қилиб, нашр этди. Бу нашрга В. В. Бартольд каттагина тақриз ҳам ёзган. Хуллас, «Тарихи Рашидий» маълумотлари ўзбек, қозоқ, қирғиз, қалмоқ ва бошқа Марказий Осиё халқларига, уларнинг ўтмишдаги алоқаларига, иқтисодий, сиёсий-маданий ҳаётига, шу минтақанинг жуғрофий шароитига оид тарихий тадқиқотларнинг деярли барчасидан фойдаланилиб келинмоқда (Бу ҳақда тўлароқ маълумот учун: Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. Тарихи Рашидий, «Фан» нашриёти, Тошкент. 1996, 710-719-бетларга қаралсин).
Ўзбекистон ФА Беруний номидаги Шарқшунослик институтида асарнинг рус тилига таржимаси бир неча форсий оригинал нусхалари асосида бажарилиб, илмий изоҳлари билан 1996 йилда нашрдан чиқарилди.

 

т.ф.д. А. Ўринбоев

 
Баннер