Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Кошғар сафаридан келганим сўнгида марҳум отамиз Шокирхонтўра ҳожи васиятларича ёзда деҳқончилик қилиб, қишда дун-ганлар аро илмий хизматда умр ўткиздим.
Ҳар оқил одам ўз замонасига яхши тушуниши керак, шунга қараб иш қилиши керак,(Бухорий, 13/6095-6096 даги ҳадисдан мулҳам ифодадир.) деган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳикматлик сўзларидан илҳомлангач, замонамизда янгидан чиқа бошлаган коммунизм асосларини чуқур текшириб, ҳаммадан илгарироқ унга яхши тушундим. Бу маслак бутун дунё бўйича борлик динларга, айниқса, Ислом динига ўт билан сув тун билан кун каби қарама-қарши эканлигини аниқ билдим. Шундай бўлса ҳам чин сўзлаб, тўғри тушунишга ўрганганим учун бошланғич даврнинг алдов сиёсатларини чин чоғлаб, унга ишонмиш эдим. Шундоқки, тахминан 1922 йили В.Ульянов (Ленин) тилидан тубандагича ёзилмиш эдиким, “Агар Ўрта Осиё мусулмонлари “ўз турмушимиз учун Қуръон ҳукми етарликдур, Қуръон раҳбарлиги остида яшовни истаймиз” десалар, биз буни албатта қабул қилишимиз керак”.(Ленин ва Сталин билан эълон қилинган “Россия ва Шарқ мусулмонларига чақириқ ва ш. ў.лар назарда тутилмоқда.) Мусулмонларга ёқимли мундайин яхши сўз Ленин тилидан айтилиб, газета устига ёзилганлигидан таъсирланиб, булар ҳақида ўйлаган фикрларим бир оз ўзгара бошлади. Шунинг учун бошқага қарамай халқ талаби билан Тўқмоқ катта масжидига имом-хатиб бўлиб сайлангач, жума сайин жомеъ масжидда энг ози минглаган халқ ичида ваъз мажлиси очиб, динсизликка қарши кураш бошладим. Юқориги Ленин сўзидан фойдаланмоқчи бўлиб бошлаган бу ҳаракатим уч-тўрт йил узлуксиз давом этмиш эди. Бу ишдан кўзлаган мақсадим эса, Иброҳим Халилуллоҳни куйдириш учун ёндирилган Нимруднинг улуғ оловини ўчирмоқчи бўлиб тумшуғида сув ташиган қалдирғоч каби илоҳий қонун деб ўзим ишонган Ислом динига кўнглимдаги садоқатимни билдириш эди. Шунга кўра, “Кўнгилдан чиққан сўз юракка етар” дегандай, менинг бу диний ваъзларим халқ кўнглига тўлиқ таъсир қилаётганлиги кўрилгач, темир қўллик сиёсий идоралар мени ўзларининг ўнгалмас душмани ҳисобладилар. Мана шу кундан бошлабоқ, айтган сўзларим борган сари текшириш остига олинди. Охири йигирма иккинчи йили уч ҳарфлик ГПУ Пишпак (Фрунзе) шаҳрининг ер ости қамоқхонасида ётдим. Бу каби даҳшатлик ишни биринчи кўриб, шундайин ваҳшатлик ўринга дастлаб кирганлигимдан, кўп ётмаган бўлсам ҳам, бу зулм зарбасидан кўнглимнинг ички-ташқи ҳиссиёти яхшигина яраланмиш эди. Юқориги Ленин томонидан айтилиб, газетустида ёзилган сўзлар бари ёлғон бўлиб, алдов тузоғи эканлиги кейин билинди. Илгари ўтган пайғамбарлардан Юсуф алайҳиссалом фиръавн вазирининг аёли Зулайҳо бошлиқ Миср хотин-ларининг фитналари билан бир ривоятда - етти йил, иккинчи ривоятда - ўн икки йил зиндонда қолмиш эдилар. Сўнгра Миср подшоси - фиръавн кўрган тушининг таьбирини ҳеч ким чиқара олмай турганида, ани Юсуф алайҳиссалом йўриб, етти йил тўқчилик, етти йил очарчилик бўлишидан хабар бериб, агар вазирлик хизмати ўзига топширилар экан, яхши чоралар кўриб, халқни бу балодан сақлай олишини билдирибдир. Шу баҳона билан зиндондан қутулиб чиқар чоғида эшиги устига шу уч оғиз ҳикматли сўзни қолдирмиш эди: “Бу жой тирикларнинг қабрларидир, душманларни суюнтирур, дўстлар синалғусидир”. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу имконият борича мусулмонларни қамоқ қилмасга буюрмиш эди. Шунинг учун Ислом шариатида бу жазонинг уч йилдан ортиқ бўлишига кўп йўл қўйилмайди. Чунки бу муддатдан узайиб кетар экан, мундан инсонлар ҳар томонлама зарарланишлари, айниқса, оилавий турмушлари вайронликка учраб хароб бўлиши шубҳасиздир. Агар бир киши “Мен бу дунёда турмайман” деб қасам ичган бўлса ва зиндонга кириб турар экан, шариат бўйича анинг қасами бузилмайди. Бу эса зиндон ичи шариат олдида дунё еридан эмаслигини кўрсатади. Ислом қонуни ҳукмида бутун дунё давлати ноҳақ тўкилган бир кишининг қонига арзимайди. Ҳозирги динсизлар маданияти олдида эса киши ўлими эшак ўлимича ҳам қадри қолмаганлигини кўриб турамиз. Уларча сиёсий жиноят ҳисобланган бир оғиз сўзни амалга ошириш буён турсин, оғзидан чиқар-чиқмас жавобга тортилиб, жаллодлар қўлида йўқотилган кишилар ҳисобсиздирлар. Шундай қилиб, мени қамашдан буларнинг мақсадлари эса қўрқитиб, бошқалар каби мажбурий хизмат, яъни айғоқчиликни топшириш эди. Чунки у даврларда халқ кўзига кўринарлик, обрўйлик кишиларга нисбатан шундай сиёсат қўлланиб, икки ёқлама фойдаланмоқчи бўлдилар: Бирови - ўз деганларини қилдириш; қилмаган тақдирда улар учун белгиланган оғир жазоларни дарҳол амалга ошириш эди. Шундай бўлса ҳам, меҳрибон Тангри ёрдами билан бир ой тўлмай туриб турмадан бўшаниб чиқишим билан улар ўйлаганларидек, ўз ишимни юмшатиб, орқага чекиниш ўрнида яна ҳам қаттиқроқ киришдим. Мунга кўра дунёни босаётган бало селига тўқнашиб, ўттизинчи йилларгача динсизликка қарши ҳар вақт ташвиқот юргизиб келдим. Тажрибасизлик натижаси бўлса керак, ўз кўнглимда ҳеч бир мусулмон дунёлик шахсий фойдаси учун охиратини бузиб, ўз динига хиёнат қилмайди, деб ўйлар эканман. Кейин, маълум бўлдики, бундай одамлар миллат ичида қўл билан саналгудек топилишига ҳам ишонмай қолдим. Ҳозирги маданият оламида эса ҳар миллатнинг ўз ҳуқуқини сақлаш шарафи унинг қурол кучигагина боғланмишдир. Шу каби тўлиқ мудофаа кучига эга бўлмаган миллатлар инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажраб, ҳайвонлар қаторида хорлик билан яшамоққа мажбурдирлар. Айниқса, динсизлик оламининг маркази ҳисобланган бир мамлакатга чегарадош ҳар миллат ўз ҳуқуқига эга бўлиш учун моддий ва маънавий куч-қувватини, яъни замонавий илмни қўлга келтиришдан бошқа чораси йўқдир. Энди бу ўринда шу кунги Ёврупо маданияти устида тўхталиб, ватан болаларига бу ҳақда энг муҳим тушунчалар бериб ўтамиз. Шуни билишлари керакки, маданият демак нимадан иборат бўлиб, қандай бўлиши керак. Мана бу сўзнинг ҳақиқати билан жавобига ким тушунар экан, асл, тузук маданиятни зиёндош, бузуқ маданиятдан ажрата олади. Агар маданият деб кўринишда ободон, ҳақиқатда хароб шу динсизлар, одоб-ахлоқсизлар маданиятини айтадиган бўлсак, улуғ хато қилган бўламиз. Чунки дунёдаги борлиқ нарсалар инсон турмушига ёрдам еткизиш учун яратилмишдир. Бузуқ маданиятда эса, аксинча, инсонлар ул нарсалар учун қурбон қилинади. Маданият тараққиётининг илгари-кейин чиқараётган бутун янгиликлари инсон ҳаётини яхшилаш учун хизмат қилиши лозимдир. Дунёда яратилмиш нарсалар ичида энг шарафлик улуғи инсон эканлигини телбалардан бошқа ҳамма кишилар, албатта, тушунадилар. Шунинг учун инсон ҳуқуқларини энг юқори даражада сақлаш ҳақиқий маданиятнинг айрилмас бир тармоғидир. Маълумдирки, дунёда яшаган ҳар бир кишининг энг аямлик, қизғаниб сақлайдиган беш нарсаси бордир: Биринчи - жони; кейингилари - дини, моли, оиласи, Она ватанидир. Мана бу беш нарсани сақлаш учун онглик инсонлар қандай жонбозлик қиладилар! Дунёнинг ҳар бир еридатўкилган ватўкил аётган инсон қонлари кўз олдимизда кўриниб туради. Бу фожианинг бирдан-бир сабаби шу юқорида айтилган нарсадан бошқа эмасдир. Шундай бўлгач қараймиз: маданият қай ерда, қайси миллатда бўлсин, шу юқорида айтилган инсоният ҳақларини сақлаш учун ҳукумат қўлида адолат қуроли бўлиб турар экан, ана шу чоғдагина бутун маданиятга эришиб, тинчлик билан роҳат турмуш кечира оладилар. Бунинг натижасида инсоният хусусияти бўлган ҳар кимнинг эрк-ихтиёри ўз қўлида сақланади. Ер юзининг қайси ўлкасида бўлишни ким тилар экан, ҳеч қандай тўсқинлик кўрмайди. Агар маданият шу юқорида айтилганича фойдалик бўлса, шарқ файласуфи Форобийнинг айтишича бундай маданиятни “Маданияти исломия” ёки “Фозила” дейдилар. Мана шундагина бутун маданий тараққиётни ёлғиз инсон фойдаси учун ишлатиш мумкиндир. Йўқ эса, ҳозирги устимиздаги маданият каби, буни қўлланувчилар хато кетганликларидан, ёлғиз жиноятчиларни эмас, балки бутун инсон оламини ҳалокатчуқурига тушириши шубҳасиздир. Чунки шу кунлардаги динсизлар маданиятлари таъсири остида инсонларнинг ахлоқи бутунлай бузилганликдан, моддий-маънавий бўлсин, ҳар ёқлама зиён кўраётганлари кўз олдимизда туради. Булар эса ўз маслакларини бошқаларга қабул қилдириш учун халқнинг тузалиш-бузилишлари, уларнинг ҳар қандай зиён-заҳматга учрашлари билан ҳи-соблашмайдилар. Балки буткул қурол кучи ишлатиб, ҳар қандай мажбурият бўлса ҳам халқни ўз йўлларига киргиза олсалару тилакларига етган бўладилар. Халқнинг қирилиш ва жўйилишлари(Йўқ бўлиб кетиш (чиғ.туркча).) билан буларнинг ишлари йўқдир. Маданиятнинг илм-фазл, ҳунар-саноатларини инсонлар ҳожатини чиқариш, улар фойдаси учун ишлатиш эмас, балки ўзларининг кўрларча ушлаб ёпишган бузуқ йўлларига киргизиш қуроли қиладилар. Мана бундай маданиятга бузуқлар бошлиғи - бир фирқа палидлар эга бўлиб олгач, улар қўлида бугун халқ эрк-ихтиёридан ажраб, энг тубанги ҳайвонлар қаторида яшамоққа мажбур бўладилар. Шундайин маданият оқиллар, файласуфлар олдида “Золлата, фосиқа маданият”, яъни “кўрлар, адашганлар маданияти” деб аталади. Бунинг очиқ кўринган нусхаси шу кунлар устимизда ҳукмрон бўлиб турган большевиклар келтирган шармандалар маданиятидир. Чунки эллик йилдан бери мустабидлар оёғи остида эзилаётган ўн беш ёлғон жумҳурият халқлари, айниқса Ўзбекистон мусулмонлари миллий, диний, ватаний ҳуқуқларидан бутунлай ажрадилар. Ер яратилгандан бери ота-боболаридан қолган ҳалол мерослари - гулгулистон, боғ-бўстонлик Она ватан-ларидан ҳайдаб чиқариб, кўз олдиларида келгинди босқинчиларга бўлиб берилмакдадир. Мана буларнинг келтирган ифлос, босқинчилар маданиятидан биз Ўзбекистон мусулмонлари олган ҳосилотимиз ҳозирча шу даражага етди. Яна келажак кунлари устимиздан қандай планлар қуриб, нима чоралар кўраётганларини за-монга тушунган ватан аҳллари яхши билсалар керак. Энди юқоридан бошлаб шу жойга келгунча ёзган сўзларимиз ҳозирги маданият - тараққиётдан инсонлар учун қандай фойдаланиш кераклигини ажратиш учун ҳар қандай одамга тушунарлик бўлгандир деб ўйлаймиз.
Алихонтўра Соғунийнинг "Туркистон қайғуси" китобидан
|