Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Тарихи Рашидий (6)
PDF Босма E-mail

Ўнинчи фасл. Бобур Подшоҳнинг Хуросонга кетиши ва Кобулда бўлиб ўтган тўс-тўполонлар баёни

Бобур Подшоҳ Хуросонга кетгач, қишнинг ўрталаригача Кобулда осойишталик ҳукм сурди. Подшоҳ Хуросонда узоқ қолиб кетди. У ҳақда Кобулга турли-туман хабарлар келиб турди. Ҳазора қавми қароқчилари дастидан йўллар бекилиб қолди.
Илгари Юнусхон фарзандлари саноғи ҳақида ёзганимизда унинг беш қизи ва икки ўғли бўлганини эслатган эдик. Учта қизига келсак, тўнғичи, яқинда тилга олганимиз Меҳр Нигор хоним Самарқанддан Шоҳбегим билан бирга келиб, ўша пайтда Кобулда эди. Иккинчиси – Бобур Подшоҳнинг онаси Қутлуғ Нигор хоним, Шоҳбегим ва отамнинг Кобулга келишларидан олдинроқ вафот этган эди. Учинчиси – Хўб Нигор хоним, каминанинг онаси, тинчлик-омонлик кунларида Тошкандда вафот этган эди, бу ҳақда ёзиб ўтган эдик. Юнусхоннинг бу уч қизи Эсан Давлат бегимдан бўлган эди. Султон Маҳмудхон, Султон Аҳмадхон, Султон Нигор хоним (Султон Маҳмуд мирзонинг хотини), Давлат Султон хоним (Шоҳибекхоннинг ўғли Темур султоннинг хотини) – бу тўрттовлари юқорида тилга олинган Шоҳбегимдан туғилган эдилар.
Бинобарин, Шоҳбегим каминанинг ва Бобур Подшоҳнинг ўгай бувиси. Мирзохоннинг туғишган бувиси эди. Бобур Подшоҳ хонлар мағлубиятидан кейин Ҳисор тоғларига чиқиб кетгандан бери Мирзохон ўша тоғлик вилоятда Подшоҳга қўшилиб, шундан буён у билан бирга эди. Бобур Подшоҳ унга фарзандидек меҳрибончилик кўрсатарди. Негаки, уларнинг оталари ҳам, оналари ҳам бир-бирлари билан туғишган эди, бу ҳақда илгари ҳам ёзган эдик. Моддий танқислик туфайли у Бобур Подшоҳ билан бирга кетолмай, бувиси Шоҳбегим мулозаматида қолган эди. Қишнинг ўрталарида Бобур Подшоҳ ҳамда Хуросондаги мирзолар ҳақида турли-туман хабарлар кела бошлагач, Шоҳбегимнинг юрагида оналик меҳри туғён урди. Унинг кўнглида шундай режа туғилди: Модомики Бобур Подшоҳ Хуросонда мирзоларнинг қўлида экан, Султон Ҳусайн мирзо билан Султон Абусаид мирзо ўртасида илгаридан ҳукм суриб келган душманлик, тўкилган қонлар сабаб Бобур Подшоҳ мирзоларнинг қўлидан соғ-омон қутулмайди, шу билан бирга шунга ўхшаш ёлғон миш-мишлар ҳам тарқалдики, охир оқибат Бобур Подшоҳ ўрнига Мирзохонни подшоҳ қилиш пайига тушиб қолишди. Отамга бу ҳақда маслаҳат солишганда отам бу фикрни кескин рад қилди. Ғазаб отига миниб, бир-бирларини сиқувга ола бошлашди. Шоҳбегимнинг ранжигани хонларнинг ранжиши деб ҳисобланди, бундан отам қийналиб кетди. Улар роса ҳаддан ошишгач, отам: «Мен рад қилганим билан улар ўз режаларидан қайтишмайди. Яхшиси, бу ишга аралашмаганим маъқул», деди. Бир ой давом этган баҳс-тортишувлардан кейин бир қарорга келишди. Бобур Подшоҳнинг амирлари ўрнатилган тартиб бўйича ҳар куни Кобул қалъасидан отамнинг хизматига келишганда отам уларга ортиқ бу ёққа келманглар, деб яширинча айтиб қўйди. Амирлар Кобул қалъасига қайтишгач, отам Кобулдан бир кунлик йўл наридаги Оби Боронга кетди ва ўзини бу ишдан четга олди. Шоҳбегим ва бир қанча бошқа мўғуллар Мирзохон номига хутба ўқитишиб, Кобул қалъасини эгаллашга ҳозирлик кўра бошлашди. Тўқнашувлар бўлиб ўтди. Шоҳбегим отамга киши юбориб, келишини қаттиқ талаб қилди. Бундай қатъий талаблар ҳаддан ошгач, отам ночор қолиб келишга мажбур бўлди. Йигирма тўрт кун Кобул қалъасини қамал қилиб туришди. Бу орада Бобур Подшоҳ келиб қолди, бу ҳақда қуйида сўз юритамиз.

Ўн биринчи фасл. Бобур Подшоҳнинг Хуросонга кетиши ва унинг Хуросондан Кобулга қайтиши

Бобур Подшоҳ Жаҳонгир мирзо изидан кетган пайтда улар Ҳазора тоғларида учрашишиб,   маслаҳатлашиб кенгаш ўтказишди. Улар Хуросонга бориш керак, эҳтимол, Шоҳибекхонга қарши чиқа  олармиз, деган қарорга келишди. Шу ният билан Хуросонга йўл олишди. Хуросонга келишганда, уларни Хуросон аҳолиси яхши кутиб олди ва мирзолар ҳам икки ака-уканинг келишганидан жуда хурсанд бўлишди. Аммо Хуросондаги мирзолар орасида ҳамжиҳатлик тикланмади. Бобур Подшоҳ тушундики, иттифоқлик бўлмайди, бусиз бирор ишни амалга ошириш мумкин эмас, бунинг устига Жаҳонгир мирзо майни беҳад кўп ичганидан ичбуруғ бўлиб, иситмаси кўтарилди. Хадичабегим эски одатича майга заҳар солиб берганмиш, дея одамлар миш-миш тарқатишди. Шу сабабларга кўра, Бобур Подшоҳ айрим одамлардан ижозат сўраб Кобулга жўнади.
Ҳазора тоғларида, Мирзохон билан Муҳаммад Ҳусайн мирзо Кобулни қамал қилиб туришипти, деган хабар етиб келди. Бобур Подшоҳ барча оғир-енгил юкларни касал ётган, маҳофада кетаётган Жаҳонгир мирзога топширди-да, ўзи бир қанча кишиларни олиб тез олдинга силжиди. Ҳиндикуш довонини қор босган эди, минг машаққатлар билан довондан ошиб, жадал суръат билан Кобул сари йўналишди. Бир куни саҳар пайти қалъага ташланишди. Қалъа ташқарисидаги барча халқ пароканда бўлиб, турли тарафларга қочиб, бекиниб олди, қалъа ичидагилар ташқарига чиқиб, ичкари ва ташқаридаги барча нарсаларни талашди. Аммо яхшилик ва мурувват Бобур Подшоҳга хос сифатлар эди, у ҳеч бир кек сақламай, шод-хуррам ҳолда ўгай бувисининг олдига кирди. Шоҳбегим ундан юз ўгириб, ўз туғишган неварасини подшоҳ қилиб кўтарган эди. Шоҳбегим Подшоҳни кўргач, хижолат бўлиб, тилига бирор сўз келмай қолди. Бобур Подшоҳ тиз чўкиб, адаб расмига риоя қилган ҳолда, мулойимлик билан: «Агар муҳтарам она ўғилларидан бирортасига меҳрибонлик кўрсатса, бошқа ўғил қандай қилиб бундан хафа бўлсин? Онанинг ҳар қандай истаги фарзандлар учун қонундир» деди-да, тағин қўшиб қўйди: «Мен тун бўйи ухламай узоқ йўл босиб келдим» дея ухлаш учун бошини Шоҳбегимнинг қучоғига қўйди. Буни у Шоҳбегимга таскин бериш учун қилди. У ҳали ухламаган эдики, туғишган холаси Меҳр Нигор хоним кириб келди. Подшоҳ сакраб туриб, меҳрибон холаси билан қуюқ кўришди. «Фарзандларинг ва оила аъзоларинг сени муштоқ бўлиб кутишяпти. Аллоҳга шукурки, дийдорингга мушарраф бўлдик. Тур ўрнингдан, қалъага, бола-чақанг олдига бор, биз ҳам борамиз» деди хоним. Бобур қалъага кетди. Амирлар ва бутун лашкар Аллоҳнинг марҳамати учун шукроналар айтишиб, Подшоҳ изининг тупроғини кўзларига суришди. Унинг изидан Меҳр Нигор хоним Мирзохон билан отамни бошлаб келди. Улар қалъага яқинлашишганда, Подшоҳ Меҳр Нигор хоним истиқболига чиқди. Хоним: «Эй жоним болам! Сенинг ҳузурингга синглимнинг гуноҳкор эрини ва нолойиқ ишлар қилган биродарингни олиб келдим, бунга нима дейсан?» деди ва отамга ишора қилди. Бобур Подшоҳ отамни кўргач, шоша-пиша, илгариги расм-одатга кўра, таъзим қилиб келиб хурсанд бўлиб, кулиб у билан қучоқлашди, меҳрибонлик билан соғлигини, аҳволини сўради. Кейин Мирзохон томонга ўгирилиб унга меҳр-муҳаббат, илтифотлар изҳор қилди. У ҳиммат ва мурувват кўрсатиб, улар билан самимий суҳбатлашди ва қайси йўлни танлашни: кетишадими ёки у билан қолишадими, ўзларининг ихтиёрига қўйиб берди. Улар хижолатдан бошларини кўтаролмай қолишди. Бағрикенг Бобур Подшоҳ буларнинг хижолат ғуборларини одамгарчилик ва яхшилик суви билан ювишга ҳаракат қилди. Аммо у бўлмағур қилғилиқнинг хижолатпазлиги уларнинг кўнгил кўзгусидан кетмади. Отам билан Мирзохон Қандаҳорга кетишга рухсат олишди. Шоҳбегим билан Меҳр Нигор хонимни эса ҳаддан зиёд такаллуф ва илтимослар билан Подшоҳ қошида олиб қолишди.
Қандаҳорга етишгач, Мирзохон Қандаҳорда қолди, биз отам билан Фароҳ ва Сейистонга кетдик. Илгари Хуросонда ният қилгандек, отам муқаддас ҳаж сафарига кетмоқчи эди. Фароҳга етганимизда Шоҳибекхоннинг Хуросонни босиб олгани ва чиғатойларни қириб ташлагани ҳақида хабар келди. Йўллар хавфли бўлиб қолди, тоғлардаги  дара йўллар тўсиб қўйилди, отамнинг нияти амалга ошмай қолди. Бу воқеа 912 (1506-1507) йилда содир бўлди.

Ўн иккинчи фасл. Бобур Подшоҳнинг Кобулда бўлган пайтидаги воқеалар ва шунга алоқадор айрим ҳикоялар баёни

Бобур Подшоҳ Кобулда подшоҳлик тахти ва мурувват маснадида ўтирди. Подшоҳнинг Кобулдаги ҳаётининг баёни қуйидагича: аввал айтиб ўтганимиздек, 909 (1503-1504) йилда у Кобулни Зуннун Арғуннинг ўғли Муқим қўлидан озод қилди. Унинг қўлида Хисравшоҳнинг йигирма мингга яқин лашкари бор эди, улар Кобулга сиғмайдиган бўлиб, ночор Ҳиндистонга йўл олишди. Лашкар йўллар нотанишлиги боис озиқ-овқат кам жойга тушиб, лашкардаги кўплаб отлар нобуд бўлди. Лашкар жанг қилмаган бўлса-да, аммо кўп йўқотишларга учради. Улар Кобулга қайтиб келишгач, Хисравшоҳнинг кўп лашкари тарқалиб кетди. Шоҳбегим билан отамнинг Кобулга келиши ва Подшоҳнинг Хуросонга кетиши ҳам шу даврга тўғри келди.
Биз отам билан Қандаҳорга кетгандан кейин бу воқеалар туфайли Подшоҳ ва унинг халқи жуда оғир аҳволга тушиб, ҳаётлари танг ҳолатда қолди. Бунинг устига барча ишларда Подшоҳга суянчиқ бўлган Жаҳонгир мирзо вафот этди. Бобур Подшоҳ Кобулда қарор топиш учун суяниш мумкин бўлган бирорта куч излашга тушди ва шу мақсадда Қандаҳорга Шоҳбекка киши юборди. Шоҳбек Зуннун Арғуннинг ўғли эди. Зуннун Арғун Султон Ҳусайн мирзонинг таниқли амирларидан бири эди. Ўттиз йил давомида у Султон Ҳусайн мирзо номидан Қандаҳорни ва Замини Доварни бошқарди. У жасур ва ақлли одам бўлса-да, бироқ жуда хасис эди, шу йўл билан катта хазина тўплаган эди. У мирзоларга хизмат қилиш учун Хуросонга кетди. Шоҳибекхон Ҳиротга ҳужум қилганда, у ёлғиз унга қарши курашиб, ўзбек лашкарининг илғор қисмлари билан жанг қилиб, шу жангда ҳалок бўлди. Қандаҳорда унинг ўрнига ўғли Шоҳбек ўтирди. Бобур Подшоҳ Шоҳбекка одам юбориб, энди Султон Ҳусайн мирзонинг фарзандлари тарқалиб кетишган, сен Бобур Подшоҳга итоат ва хизмат эшигини очишинг керак, чунки ҳозирги пайтда салтанатида сендан бошқа унинг ишларини юритишга лойиқ одам йўқдир, деган гапни уқтирди. Бироқ Подшоҳ шундай илтимослар билан неча марта одам юбормасин, у қабул қилмади, негаки у бирорта одамга хизмат қилишни ўзига эп кўрмасди. Охир-оқибат иш жанг-жадал билан тугади. Подшоҳ Қандаҳорга юриш қилди, Қандаҳор атрофида катта жанг бўлди. Ниҳоят, ғалаба шабадалари Подшоҳнинг зафар байроғини ҳавода ҳилпиратди, Шоҳбек жангчиларига эса мағлубият юзланди. Шоҳбек ва лашкари саросимага тушиб, Қандаҳор қалъасига қайтолмай ҳам қолишди, қўлларидан ҳеч бир иш келмай, бахтни бахтсизликка алмаштириб, Сиви тарафга қочиб кетишди. Подшоҳнинг қўлига катта хазина тушди ва у ҳар бир жангчига ўттиз шоҳрухийдан улашди. Қандаҳорда қолган Мирзохон ҳам Подшоҳга қўшилди. Подшоҳ катта зафар ва катта ўлжа билан Кобулга қайтди, Қандаҳорни эса Жаҳонгир мирзонинг укаси Султон Носир мирзога берди.
Бобур Подшоҳ Кобулга келганида, Бадахшондан Хисравшоҳнинг вилояти ўзбеклар қўлига ўтди, деган хабар келди. Бироқ Бадахшоннинг баъзи аҳолиси ўзбекларга тобе бўлмай, уларнинг лашкарига бир неча марталаб зарбалар берди. Лашкарнинг ҳар мингтасининг сардори у ер-бу ерда ҳокимиятни ўз қўлига олди. Уларнинг бошида Зубайр Роғий турди.
Буни эшитган Шоҳбегим Бадахшонга талабгор бўлди, унинг сўзларига қараганда сабаби мана бу эди: «Бадахшон уч минг йилдирки, менинг меросий мулкимдир. Гарчи мен аёл киши бўлганлигим учун подшоҳлик қилишга ҳаққим бўлмаса-да, аммо менинг набирам Мирзохон бор, халқ мендан ва фарзандларимдан воз кечмайди». Подшоҳ Шоҳбегим билан Мирзохонга Бадахшонга кетишга рухсат берди. Укам Муҳаммад Шоҳ бегимнинг хизматида эди, улар уни ҳам ўзлари билан олиб кетишди. Улар Бадахшонга яқинлашганда, Шоҳбегим ва унинг ниятини билдириш мақсадида Мирзохонни Зубайр Роғий ҳузурига юборишди.
Мирзохон улардан ажралиб кетгач, Кошғардан мирзо Абобакрнинг лашкари келиб, бегим ёнидаги одамларни ва хонимни Кошғарга олиб кетишди. мирзо Абобакр аҳволининг шарҳи кейинроқ келтирилади. Мирзохон қочиб, Зубайр Роғий олдига борди. Дастлаб у буни ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олди. Кейин унга бошқача муомала қилиб, икки-учта хизматкоридан ташқари ҳеч кимни унинг ёнига киргизмай қўйди. Бирмунча вақт ўтгач, Мирзохоннинг эски мулозими Юсуф Али кўкалдош девона ўн саккизта бошқа одамлар билан келишиб, бир куни кечаси Зубайрга ҳужум қилиб, уни ўлдиришди ва Мирзохонни подшоҳлик тахтига ўтқазишди. 913 (1507-1508) йилдан бошлаб ҳаётининг охиригача Бадахшон Мирзохон қўлида бўлди.
Бобур Подшоҳга келсак, у Қандаҳорни фатҳ қилгандан кейин Кобулда бўлди. Хисравшоҳнинг уч мингтача қолган мўғуллари Улуғбек Кобулийнинг ўғли Абдураззоқ мирзони подшоҳ қилиб кўтаришди ва Бобур Подшоҳга қарши қўшин тортишди, шу пайтда Бобур Подшоҳ қўлида беш юзта одам қолган эди. Ана шу беш юз киши билан у душманга қарши чиқиб жанг қилди. Бу энг қонли жанглардан бири бўлди. Кўп тўқнашув ва олишувлардан кейин у душманни тор-мор қилди. Ўша жангда шахсан унинг ўзи душманнинг бешта баҳодири – Али Саид, Али Сино ва яна учтаси билан уришди. У жасурлик билан қилич чопиб, уларни қочирди. Ўша жангда Абдураззоқ мирзо Бобур Подшоҳнинг қўлига тушди. Подшоҳ мурувват қилиб, уни қўйиб юборди. Бу воқеалардан кейин Подшоҳнинг Кобулдаги ишлари ривож топди. Бу ерда у 916 (1510-1511) йилгача турди, ўша йили Шоҳибекхон ўлдирилди. Буни ҳали баён этамиз, иншооллоҳ.

(давоми бор)

1, 2, 3, 4, 5

 
Баннер