Қирқ бешинчи фасл. Юнусхоннинг Султон Абусаид мирзо қошидан иккинчи марта қайтиб келиши баёни.
Юнусхон Султон Абусаид мирзо қошидан Мўғулистонга иккинчи дафъа қайтиб келгач, мўғул амирлари тағин унинг атрофига жам бўлишди. Бир мунча муддат у Мўғулистонда яшади, Еттиканд унинг доимий турар жойи бўлиб қолди. Бироқ у Эсан Буғахон эгалик қилган манзилларга қадам босолмади. Эсан Буғахон ва амир Саид Али вафот этишгач, хонлик Дўст Муҳаммадхонга тегди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо билан Сонсиз мирзо ўртасида, зикр этиб ўтилганидек, душманлик пайдо бўлди ва Муҳаммад Ҳайдар мирзо Оқсувга, Дўст Муҳаммадхон ҳузурига, Сонсиз мирзо эса Юнусхонга мадад сўраб боришди. Шу тариқа Юнусхоннинг кучи кўпайди. Ўша кунлари Юнусхон бир неча маротаба Кошғарга борди, бироқ мўғул амирлари Кошғарда тўхташмагач, ҳар гал у кетишга мажбур бўлаверди. Бир неча бор шундай бўлди. Бу қарама-қарши воқеалар баёни устида муфассал тўхталсак, тасвир беҳад чўзилиб кетади. Гапнинг лўндаси шуки, Юнусхон ҳамиша шаҳарда, уйларда яшашни хоҳларди, лекин мўғул амирлари ва лашкар шаҳардан қочишарди, шу боисдан хон Мўғулистонда яшашга мажбур бўлган. Сонсиз мирзо ўлгач, Муҳаммад Ҳайдар мирзо Юнусхон билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилди. Шу орада Дўст Муҳаммадхон ҳам ўлди. Юнусхон Оқсувда пайдо бўлди-да, Дўст Муҳаммадхоннинг барча кишиларини ўзига бўйсундирди. Дўст Муҳаммадхоннинг ўғли Кебек султон Ўғлонни айрим меҳрибон одамлари ўғирлаб, Турфонга олиб кетишди. Юнусхон Оқсувда қолмоқчи бўлди, негаки Мўғулистонга нисбатан Оқсув кўпроқ шаҳарга ўхшаган, лекин агар бу ерда қолсам, одамлар Кебек султон Ўғлонга ўтиб кетишади, бу мўғулларнинг юриш-туришидан билиниб турипти, деган фикрга бориб, хон барча одамларини олди-да, Мўғулистонга кетди. Ўша пайтда Мўғулистонга Эсан Тойшининг ўғли Амасанжи Тойши келган эди, улар ҳақида Увайсхон ҳаёти баёнида эслатган эдик. Унинг келишининг сабаби бундай бўлган. Айтиб ўтганимиздек, Эсан Тойши хоннинг жони бадалига Увайсхоннинг синглиси Махтум хонимга уйланди. Махтум хоним Эсан Тойшидан икки ўғил, бир қиз кўрди. Увайсхон синглисини эрга бераётиб, куёвини исломга киргизган, Махтум хонимни мусулмончилик удумлари бўйича узатган бўлиб, Махтум хоним ўз фарзандларини мусулмон қилиб, ўғилларига Иброҳим ва Илёс деб исм қўйган. Қизини юқорида айтилган амир Каримбердининг ўғли Қодирберди мирзога узатган. Гапнинг пўсткалласи шуки, мусулмончилик туфайли Иброҳим Ўнг ва Илёс Ўнг билан Амасанжи Тойши ўртасида кураш бошланди. Амасанжи улардан қочиб, уч юз минг киши билан Мўғулистонга келди, яна юз мингтадан киши Иброҳим Ўнг ва Илёс Ўнг билан қолишди. Охири улар билан қалмоқ хони ўртасида душманлик пайдо бўлиб, улар қалмоқ хонидан қочиб, қирқ мингтадан лашкар билан Хитойга келишди. Ака-укалар орасидаги келишмовчилик Дўст Муҳаммадхоннинг ўлимидан олдин бошланди. Дўст Муҳаммадхон 873 (1468-69) йилда вафот этган бўлса, Иброҳим Ўнг билан Илёс Ўнг Хитойга 910 (1504-1505) йилда кетишди. Иккови ҳам Хитойда вафот этишди. Иброҳимдан Бобулай исмли бир ўғил қолган бўлиб, унинг авлодлари ўша жойларда ҳозир ҳам яшашади, ўша қавмнинг номи ҳам унинг номи билан «бобулай» деб аталади. Мансурхон Хитойга бостириб борганда шу қавм билан урушган. Бу Мансурхон ҳақида сўз юритилганда баён қилинади. Амасанжи Тойши Иброҳим Ўнг ва Илёс Ўнгдан ажралиб, Мўғулистонга келди. Юнусхон ҳам мўғулларни Оқсувдан кўчириб, Мўғулистонга келди. Ила дарёси яқинида бўлган жангда Юнусхон енгилди. Мўғул амирларининг кўпчилиги ўша жангда шаҳид бўлишди ва қалмоқларнинг босқинчилиги туфайли бутун мўғул улуси Туркистонга кетди. Туркистон ҳудудида, Сайҳун дарёси бўйидаги Қаротўқай деган жойда қишлашди. Буруж Ўғлон Туркистонга, кейин мўғулларга ҳужум қилди, бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.
Қирқ олтинчи фасл. «Зафарнома»дан: Бу фоний оламда содир бўлган қизиқарли воқеалар. Юнусхоннинг тахтга чиқиши ва Буруж Ўғлон ибн Абулхайрхон ўзбекнинг ўлдирилиши баёни.
855 (1451-1452) йилда Чингизхон ўғли Жўжихоннинг юрти Дашти Қипчоқда Жўжи наслидан Абулхайрхон подшоҳ бўлган. Ўша даврда ул юртларда унингдек буюк подшоҳ бўлмаган. У вафот этгач, одамлари ўртасида бошбошдоқлик бошланди ва кўплари Қирайхон билан Жонибекхон қозоқлар тарафга ўтиб кетишди, бу ҳақда юқорида тўхталган эдик. Қирайхон ва Жонибекхон ҳамда Абулхайрхоннинг ўғиллари ўртасида аввалдан қаттиқ адоват ҳукм суриб келган. Шу сабабли Абулхайрхоннинг ўғиллари мўғул хонларига душманлик кўзи билан қарашган, негаки мўғул хонлари Қирайхон билан Жонибекхонларга ҳомийлик қилишган. Абулхайрхоннинг вафотидан сўнг унинг ўғиллари ва тобе кишилари Абулхайрхоннинг катта ўғли Буруж Ўғлон атрофига тўпланишган. Негаки Қирайхон билан Жонибекхонлар кучайишган бўлиб, Буруж Ўғлон улардан ўзини тортиб, Туркистон атрофларида турган. Мўғулларнинг Туркистонга келганини эшитиб ҳамда Юнусхоннинг Қаротўқайда эканлигини аниқлаб, Буруж Ўғлон хон қароргоҳига ҳужум қилган. Иттифоқо ўша куни Юнусхоннинг барча одамлари Сайҳун дарёсининг нариги қирғоғида овда бўлишган. Туш пайти Буруж Ўғлон муздан ўтиб келса, хон қароргоҳи бўм-бўш бўлган. Унинг лашкари бор-йўғи йигирма мингта бўлган. Буруж Ўғлон аскарлари қароргоҳга ўрнашиб олишиб, эгасиз уйнинг хўжайинига айланишган. Буруж Ўғлон хон ўрдасини эгаллаган ва унинг бутун нарсаларини талаб қўлга киритишга киришган. Ҳар бир жангчи уйларга кириб шундай иш билан машғул бўлган. Юнусхонга бу хабар етганда у овда бўлган. Хон овни ташлаб, ҳатто лашкар жамлаб ҳам ўтирмай, қароргоҳга жўнаган. У дарё соҳилига етган, дарё муз билан қопланган, ўрда эса нариги соҳилда бўлган. Хон ўзи сурнай чалишни биларди. Ҳеч ким хончалик сурнай чала олмас эди. Ҳамма хон сурнайининг овозини таниган. Хон олти киши билан келган. Улардан бири байроқдор бўлган. Хон сурнай чала-чала дарёдан ўтган. Уйларни эгаллаб олган ўзбекларнинг ҳар бирини аёллар дарҳол тутиб олишган. Буруж Ўғлон сурнай овозини эшитиб, байроқ кўтарган олти кишининг келаётганини кўргач, жойидан ирғиб туриб отга минмоқчи бўлган, бироқ унинг отбоқари ва отини чўри аёллар тутиб олишган, аёллар ҳам уйдан югуриб чиқишиб, Буруж Ўғлоннинг ўзини ҳам тутишган. Шу лаҳзада хон етиб келиб, дарҳол бошини кесиб, найзага санчинглар, деб буюрган. Йигирма минг ўзбекдан қутулиб кетгани кам бўлган. Хон уларни енгиб, ўз қароргоҳига ўрнашган. Эртасига лашкар жамлангач, уларнинг изидан тушган. Абулхайрхон султонларининг тирик қолганлари тарқалиб кетишган, улар ҳақида турли фаслларда алоҳида сўз юритамиз.
Қирқ еттинчи фасл. Шайх Жамол билан боғлиқ воқеалар ва Юнусхоннинг унинг қўлига асир тушганининг баёни.
Юнусхон қишни Қаротўқайда ўтказиб, баҳорда Тошкандга келди. Тошкандда Султон Абусаид мирзонинг амирларидан бири Шайх Жамол Хар исмли амир бор эди. Ўша пайтда Султон Абусаид мирзо Ироқда вафот этган, Ҳиротдаги ҳокимият Султон Ҳусайн мирзо қўлида, Самарқанд эса Султон Аҳмад мирзо ибн Султон Абусаид мирзо қўлида, Ҳисор, Қундуз ва Бадахшон Султон Маҳмуд мирзода, Андижон ва Фарғона Султон Абусаид мирзонинг навбатдаги ўғли Умаршайх мирзо қўлида қарор топган эди. Бу уч мирзоларнинг барчасини Юнусхон ўзига куёв қилди, уларнинг ҳаётлари фурсати билан баён қилинади. Қисқаси, ана ўша, Султон Абусаид мирзонинг амирларидан бири Шайх Жамол Хар Тошканд ҳокими бўлган, ўзини Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад мирзога тобе ҳисоблаган, бироқ унга керакли даражада итоат қилмаган. Юнусхон Тошканд тарафга келди. У яйлов қидириб, Мўғулистонга боролмади, ўзи енгилган қалмоқлардан қўрқди. Хон ва эслатиб ўтилган мирзолар ўртасидаги ишонч ҳамда оталик ва ўғиллик муносабатлари туфайли улар ҳеч бир хавотирликсиз борди-келди қилиб туришарди. Бу сафар ҳам хон Тошканд тарафига ҳеч бир эҳтиёткорликларсиз келаверди. Хоннинг хизматида бўлган мўғуллар хуфиёна одам жўнатиб, Шайх Жамол Харни хонга қарши гиж-гижлашди. Кўп режаларни кўнглига тугиб, Шайх Жамол гўё хонга иззат-икром кўрсатмоқчи бўлгандек унинг истиқболига юрди. Шайх Жамол хонга яқинлашганда, хон ёнидаги одамлар Шайх Жамол томонга кетишди. Хон ёлғиз қолди. Бу одамлар қаёққа кетишди, деб у кимдан сўрамасин, ҳамма: «Шайх Жамолни кутиб олишга кетишди» деб жавоб беради. Шайх Жамол хоннинг байроғи ва ноғорасига яқин келди, аммо отдан тушмади. Ўша пайтда хоннинг ёнида ҳеч ким йўқ эди. Шайх Жамол хонни тутишга одам юборган ва уни тутиб олишган. Эҳтимол, ўз мулозимлари тутишгандир. Шундай қилиб Шайх Жамол Хар Юнусхонни осонгина қўлга олиб, қамаб қўйди. У бир йил қамоқда ётди. Бутун мўғул улуси Шайх Жамол қўлида қолди. Хоннинг хотини, фарзандларининг онаси Эсан Давлат бегим, у ҳақда юқорида ҳам тўхталган эдик, ўша пайтда Султон Аҳмад мирзога узатилган Меҳр Нигор хонимнинг ва Умаршайх мирзога узатилган Қутлуқ Нигор хонимнинг онаси эди. Ана шу Эсан Давлат бегимни, иккита маликаларнинг онасини, Шайх Жамол Хар (эшак) ўзининг энг яқин кишиларидан бирига тортиқ қилди. Буни бегимга маълум қилганларида, у ҳеч бир эътироз билдирмаган, аксинча, индамай рози бўлган. У одамнинг оти Хожа Камол Калон бўлган. Унга бегимнинг рози бўлганини айтишган, у хурсанд бўлиб, кечаси бегим ёнига келган. Хожа Камол Калоннинг мулозимлари ташқарида туришган, ўзи ичкарига кирган. Бунгача у чўриларига, «Агар у ёлғиз ўзи кирса эшикларни маҳкам бекитиб тутиб олинглар, деб тайинлаган. Чўрилари эшикларни маҳкамлашганини билгач, бегим чўрилари билан бирга Хожа Камол Калонга ташланиб, ушлаб олишган-да, пичоқча ва дук санчиб-санчиб ўлдиришган. Эрталаб мурдани ташқарига чиқариб ташлашган. Одамлар мурдани кўргач, бориб воқеани Шайх Жамол Харга билдиришган. Шайх Жамол бегим ҳузурига одам юбориб, тушунтириб беришини сўраган; Бегим: «Мен Юнусхоннинг хотиниман, Шайх Жамол Хар мени бошқа одамга тортиқ қилди. Бу иш Муҳаммад шариатида ва мусулмончиликда равоми? Хожа Камол Калоннинг ифлос қўли менинг пок этагимга тегмасин», деб уни ўлдирдим. Шайх Жамол Хар ҳам энди мени ўлдирсин» дейди. Шайх Жамол бегимга ҳадсиз-ҳисобсиз офаринлар айтиб, уни иззат-икром билан хон ёнига жўнатган. Хон қамалганидан сўнг бир йил ўтгач, амир Каримберди дўғлатнинг жияни амир Абдулқуддус, бир гуруҳ одамлари билан тил бириктириб, Шайх Жамолга ҳужум қилди, уни ўлдириб, бошини Юнусхонга олиб келди. Хонни қамоқдан озод қилди. Аввал Шайх Жамолга кетиб қолган мўғул амирлари Юнусхонга бош эгиб келишди ва: «Итоат этмаганимизнинг сабаби шуки, хон бизни шаҳар ва вилоятларда яшашга ундайди, биз шаҳар ва вилоятларда яшашга одатланмаганмиз» дейишди. Хон ҳам ўз қилмишидан пушаймон бўлди ва бундан буён шаҳар ва вилоятларни орзу қилмаслигини айтди. Бу воқеа содир бўлган вақт шундай битилган «Абдулқуддус келди эшак (хар)нинг бошини олиб». Ушбу тарих жумбоқ тарзида тузилган, яъни «Хар» сўзининг биринчи ҳарфи «Абдулқуддус» сўзига қўшилса, ҳарфларни сонлар билан белгиланса, тарих ҳисоби ҳижрий саккиз юз етмиш етти, милодий 1472-1473 бўлади.
Қирқ саккизинчи фасл. Шайх Жамол Хар ўлдирилгач, Юнусхон билан Мовароуннаҳр шоҳлари ўртасида бўлиб ўтган воқеалар баёни.
Юнусхон хонлик тахтига қайтадан ўтиргач, барча мўғуллар ва амирлар бундан кейин уларни шаҳар ва вилоятларда яшашга ундамасликка сўз беришини сўрашди, чунки барча низою келишмовчиликларнинг сабаби шунга бориб тақалган эди. Хон сўз беришга мажбур бўлди ва Мўғулистонга келди. Амасанжи Тойши ва қалмоқлар ўз юртларига кетишди ва Мўғулистон қалмоқлардан халос бўлди. Юнусхон Мўғулистонда бир неча йил бўлди, ҳеч қачон шаҳар ва унинг уйларини орзу қилмади, шу тариқа мўғул халқи хонга яхши муносабатда бўлиб, доим итоат қилди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо Кошғарда эди ва доимо хонга итоат қилишни ўз бурчи деб билди. Хон ҳам унга нисбатан хонлик меҳрини кўрсатиб, оталарча ғамхўрлик қилди. Мўғулистон ва Кошғарда тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурди. Юнусхон Мўғулистонга келгач, Дўст Муҳаммадхоннинг ўғли Кебек султон Ўғлонни Турфонга олиб кетган мулозимлари уни ўлдириб, бошини Юнусхонга олиб келишди. Гарчанд Кебек Султон хоннинг душмани бўлса-да, биродарлик юзасидан унга аза тутиб, унинг қотилларини жазолашни буюрди. Хоннинг энди бошқа ҳеч қаерда рақиблари қолмади. Юнусхон Буруж Ўғлонни ўлдиргач, катта қизи Меҳр Нигор хонимни Султон Абусаид мирзонинг ўғли Султон Аҳмад мирзога узатди. У илгари шундай деган: «Султон Абусаид мирзо мўғуллар билан темурийлар орасидаги душманликни дўстликка айлантирди, мен эса шу дўстликни қариндошликка айлантираман. Агар қиз фарзандим бўлса, Султон Абусаид мирзонинг ўғлига бераман». Султон Аҳмад мирзо умрининг охиригача Меҳр Нигор хоним унинг ҳарамида қолди. Меҳр Нигорхоним ҳаётининг баёни ушбу «Тарих»нинг иккинчи китобида келтирилади. Шайх Жамол ўлдирилгандан кейин 880 (1475-1476) йилда Мўғулистонга келгач, Юнусхон иккинчи қизи Қутлуғ Нигор хонимни Султон Абусаид мирзонинг ўғли Умаршайх мирзога берди. Хон билан Умаршайх мирзо ўрталарида шундай самимият бўлганки, бунақаси ҳатто ота-ўғил ўртасида ҳам кам учрайди. Умаршайх мирзо бир неча марта Мўғулистонга бориб, у ерда бир-икки ойлаб қолган. Баъзан у хонни Андижонга чорлар, хон ҳам бир-икки ойлаб Умаршайх мирзо хонадонида турган. Ўша кунлари Умаршайх мирзо хонни Самарқандга юриш қилиб, Самарқанд тахтини Султон Аҳмад мирзодан, хоннинг катта куёвидан тортиб олишга ва уни Умаршайх мирзога беришга тинмай гиж-гижлаган. Лекин хон рози бўлмаган. Бу орзунинг хабари Султон Аҳмад мирзога етгач, у ҳар гал Умаршайх мирзога қарши қўшин тортишга уринган. Умаршайх мирзо хонга кўмак сўраб мурожаат қилган. Хон келганда, Умаршайх мирзо унга ўз вилоятларидан баъзиларини берган. Шу боисдан Султон Аҳмад мирзо акасига қарши юриш қилолмаган. Бу ҳолат бир неча марта такрорланган. Охири шундай бўлдики, хон ҳар қишда Андижонга келар, мўғул улуси Мўғулистонда қоларди. Хон эса ўзига яқин хизматкорлари билан Андижонга келарди. Умаршайх мирзо ўз вилоятларидан хонга маъқул бўлганини унга берарди. Баҳор келгач, хон Мўғулистонга кетарди, Мирзо эса яна ўз вилоятининг эгаси бўлиб қолаверарди. Бир гал Умаршайх мирзо акаси Султон Аҳмад мирзодан хавфсираб, Юнусхонни чорлаб, унга Ахсини берган. Хон Ахсида қишлашга жазм қилган. Бу ҳақдаги хабар Султон Аҳмад мирзога етгач, у юришни бекор қилган. Умаршайх мирзо Султон Аҳмад мирзонинг ҳужум қилмаслигидан хотиржам бўлгач, хоннинг Ахсида ўтириши унга алам қилди. Чунки Ахси Фарғона вилоятидаги энг катта шаҳар бўлиб, шаҳарларнинг онаси ҳисобланарди. Шу сабабдан у Юнусхонга қарши қўзғалди ва Така Секретку деган жой кўприги яқинида жанг бўлди. Хон мирзога қанча насиҳатлар қилмасин, фойдаси бўлмади. Охири жанг қилишди ва Мирзо енгилди. Мирзони тутиб боғлаб, хон қошига олиб келишди. Хон ўрнидан туриб, унинг ёнига борди-да, қўлларини ечди. Дарҳол Мирзога совға-саломлар бериб: «Тезроқ орқангга қайт, ўз одамларинг орасида ҳам тартибсизлик бошланмасин тағин, мен ҳам изингдан уйингга бораман» деди-да, Андижонга жўнатиб юборди. Умаршайх мирзо Андижонга кетгач, хон мўғул улусига Мўғулистонга кетишга рухсат берди, ўзи эса оиласи ва бир нечта яқинлари билан Андижонга борди. Икки ой Умаршайх мирзо хонадонида меҳмон бўлди ва улар ўртасидаги келишмовчиликлар барҳам топди. Бошқа сафар Мирзо хонни чорлаб Марғилонни берди. Хон Марғилонда пайтида у ерга нақшбандия тасаввуф тариқатининг асосчиларидан бири, Ҳақ йўлини танлаган, бандаларга ҳидоят йўлини кўрсатадиган қиблагоҳи Ҳазрат Хожа Носириддин Убайдуллоҳ (Аллоҳ гўрини нурафшон қилсин), Умаршайх мирзо билан Султон Аҳмад мирзолар ҳамда хон орасида яхши муносабатларни йўлга қўйиш мақсадида ташриф буюрди. Ишончли одамлардан кўп бора эшитганим борки, Эшон ҳазратлари (Илоҳо гўрлари нурга тўлсин) Марғилонга келганларида барча мўғуллар ва бошқа одамлар ул зотнинг истиқболига чиқишди. Эшонга беҳад эътиқодлари ва ҳурматлари туфайли мўғуллардан бирор киши ҳам унинг дуосини олиш имконидан четда қолмади. Эркаклар ва аёллар гурас-гурас келишди. Улар узоқданоқ отдан тушиб, отларини бир чеккага боғлаб, ерга бош қўйганча йўл чеккасида тўхташарди. Эшон ҳазратлари олдиларидан ўтиб кетганлари заҳоти одамлар ўша йўл тупроғини олиб кўзларига суришарди. Юнусхон Эшонни кутиб олишга ёлғиз ўзи борди. Эшон яқинлашганда хон отдан тушди-да, отини бир жойга боғлаб, лаъл товоқдай юзини қора тупроққа қўйиб турди. Эшон ҳазратлари яқинлашиб келганларида Эшоннинг хонни танийдиган муридларидан бири: «Мана шу Юнусхон бўлади» деди. Эшон ҳазратлари изтироб билан отдан тушиб, хоннинг бошини ердан кўтариб, уни дуо қилдилар. Мен фақир банда махдуми иршод Муҳаммад Қози ҳазратлари (Аллоҳ уни раҳмат қилсин)дан эшитиб эдимки, Эшон ҳазратлари Марғилонга келганда айтган эканлар: «Мен Юнусхонни мўғул деб эшитгандим ва мўғулларни соқолсиз, қилиқларини саҳройилардек тасаввур қилар эдим. Аммо хонни кўрганимда фикрим ўзгарди. У соқолли, хуштавозе, хушмуомала, очиқ чеҳра киши экан. Бундай назокатли ва зукко муомалали киши кам топилади. Бундай киши донишманд Мирзо Улуғбеккача ва ундан кейин ҳам бўлмаган». Қисқаси, Эшон ҳазратлари хонни кўргач, атроф-теваракдаги подшоҳларга киши ва хат жўнатиб: «Мен Юнусхон-мўғулни кўрдим, бундай хонга тобе кишиларни қул қилиб бўлмайди, улар мусулмонлардир» дея тайинлаганлар. Шундан сўнг Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳеч ким мўғулларни бошқа кофирлардек қул сифатида сотмаган ва сотиб олмаган.
Қирқ тўққизинчи фасл. Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг Кошғардаги ҳукмронлиги баёни.
Амир Саид Алининг ўғли Сонсиз мирзо вафот этгач, Кошғарда амир Саид Алининг кичик ўғли Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳукмронлик қила бошлади, бу ҳақда айтиб ўтилди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо Кошғарга келиб, Дўст Муҳаммадхон ўлгач, Юнусхон мўғул улусини Мўғулистонга олиб кетди ва у ерда Буруж Ўғлон ҳамда Шайх Жамол Хар билан боғлиқ воқеалар бўлиб ўтди, бу ҳақда ҳам тўхталдик. Шундан сўнг, Юнусхон мўғулларнинг истак-хоҳишларини деб шаҳар ва вилоятларда яшашдан воз кечди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳам Кошғарда туриб хонга итоат қилди, хон ҳам унга ўз ўғлидек қаради. 869 (1464-1465) йилдан то 885 (1480-1481) йилгача Муҳаммад Ҳайдар мирзо Кошғарда тинчлик ва роҳат-фароғатда кун кечирди. Унинг Кошғардаги ҳукмронлик даври ҳаммаси бўлиб йигирма тўрт йилни ташкил этади, шундан ўн олти йилида у мустақил бўлган, қолган йилларда тобе бўлган.
Эллигинчи фасл. Абобакр мирзо ҳукмронлиги ва ҳаётининг ибтидоси баёни.
Сонсиз мирзо оламдан ўтгач, Дўст Муҳаммадхон Ёркандга келди ва Сонсиз мирзонинг хотинини ўз никоҳига олди. Сонсиз мирзонинг катта ўғли Абобакрни ўзи билан Оқсувга олиб кетди. Бироз фурсат ўтгач, хон унга синглиси Ҳусн Нигор хонимни берди. Бироқ Абобакр мирзо Дўст Муҳаммадхоннинг бетайинлиги туфайли қочиб, Кошғарга, амакиси Муҳаммад Ҳайдар мирзо қошига кетди. Дўст Муҳаммадхон унинг изидан Кошғарга Ҳусн Нигор хонимни ҳам жўнатди, бу ҳақда юқорида зикр қилинди. Абобакр мирзо Муҳаммад Ҳайдар мирзо хизматида бўлган вақтда у шижоатли ва саховатли, табиатан беҳад жасур ва баҳодир йигит эди. Унинг бўйи шу қадар узун бўлганки, агар у юзлаб пиёда одамлар орасида келаётган бўлса, уни кўрган одам, отлиқ гумон қилган. Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг ота-боболари подшоҳ ўтган бўлса-да, яхши жангчининг қадрини билмади. Амир Саид Али саксон йиллик умри давомида атрофига тўплаган эътиборли амирлар ва лашкарбошиларнинг кўпи Муҳаммад Ҳайдар мирзо даврида ўлиб кетишди, тирик қолганлари ҳам бирон бир ишни бажаришга қодир бўлишмади. Ўша лашкарбошилар ва амирларнинг ўғиллари ҳамда набиралари Муҳаммад Ҳайдар мирзога ўзларини яқин тутишмади. Амирларнинг барча ўғиллари ва набиралари Абобакр мирзога хизмат қилишни хоҳлашди. Бу воқеаларнинг тарихи узун. Қолаверса, у пайтда яшаган одамларни ҳозир йигирма йиллик муддат ажратиб туради, улардан деярли ҳеч ким қолмаган, ўша даврда маълум бўлган воқеалар ҳам қарама-қарши фикрлар ичида аралашиб, унутилиб кетган. Шундай қилиб, Абобакр мирзо Муҳаммад Ҳайдар мирзодан қочиб, Ёркандга борди ва Ёрканд ҳокимига аллақандай ёрлиқ кўрсатиб, ҳийла билан Ёркандни эгаллади. У Муҳаммад Ҳайдар мирзо қошига одам юбориб, унга итоат этишини маълум қилди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳам унинг узрини қабул қилди. Абобакр мирзо хизматига амирларнинг ўғиллари ва йигитларидан уч минг киши жам бўлди. Бу орада унинг Кошғардаги укаси Умар мирзо ҳам акаси ёнига келди. Икки ака-ука биргаликда ўша жойларни эгаллаш учун ҳаракат қилишди. Улар Хўтанни эгаллашни режалаштиришди ва шунга тайёргарлик кўришди. Модомики гап шу мавзуга келган экан, шу ўринда Хўтан ҳамда унинг ҳукмдорлари ҳақида тўхталишга тўғри келади.
Эллик биринчи фасл. Хўтан мирзоларининг баёни.
Хўтан – машриқ заминнинг энг машҳур шаҳарларидан бири. Хўтаннинг тарихий битикларда ва бошқа китобларда мавжуд тўлиқ тасвири иккинчи китобда келтирилади. Дўғлат қавмининг ҳукмронлиги амир Худойдод (Аллоҳ уни раҳматига олган бўлсин)га ўтгач, баён қилиб ўтилганидек, дўғлатларга тегишли барча ер-мулкларни у ўғиллари ва ака-укаларига мерос қилиб берди. Чунончи, Кошғар ва Ёркандни кичик ўғли Саид Аҳмад мирзога берди. Амир Худойдоднинг Илёсшоҳ ва Хизршоҳ исмли иккита туғишган укалари бўлган. Илёсшоҳга Оқсувни, Хизршоҳга Хўтанни берди-да, иккаласини ҳам Саид Аҳмад мирзога, уларни ўша ўринларга тайинлаш ва бўшатиш ҳуқуқларини ҳам Саид Аҳмад мирзо ихтиёрига топширди. Иккала ака-укалар, бошқа мулозимлар сингари, ҳар йили мирзо хизматига келиб, ундан рухсат теккач, ўз вилоятларига кетишган. Амир Саид Али Оқсувни Эсан Буғахонга берган вақтда, Эсан Буғахон хизматида Илёсшоҳнинг набираларидан бири, тағин Илёсшоҳ исмли йигит бўлган, Дўст Муҳаммадхон давригача Оқсув қалъаси унинг ихтиёрида сақланган. Амир Саид Алидан кейин Хўтанда Хизршоҳ мирзо авлодларидан иккита ака-ука ўтиришган, бирининг исми Хонназар мирзо, иккинчисиники Қулназар мирзо бўлган. Хонназар мирзо куч-қудрати жиҳатидан ўзини Абобакр мирзога, ҳатто амир Саид Алига тенг тутарди. У мустақилликка талабгор бўлган ва қадимдан сақланиб келган Кошғарга тобеликдан бош тортган, аксинча, уларни ўзига итоат қилдиришни истаган. Абобакр мирзо Муҳаммад Ҳайдар мирзодан Хўтанни бўйсундиришга рухсат сўраган, чунки Хонназар ва Қулназар Кошғарга итоат қилишдек ота мерос мажбуриятдан бош тортишган. Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳам улардан ранжиган, шунинг учун нафақат рухсат берган, балки ўзи ҳам бу ишга ундаган. Абобакр мирзо хотиржам Хўтан ишлари билан шуғулланишга киришган. Хонназар мирзо темирдан бир асо қилдирганки, бошқа киши уни икки қўли билан кўтарган. От ҳам, сигир ҳам, ниманики шу асо билан урса, албатта йиқилган. Унинг укаси Қулназар мирзо эса ғоятда юмшоқ, камсуқум йигит бўлган. Ана шу икки ака-ука тахтга даъвогар бўлишган.
Эллик иккинчи фасл. Абобакр мирзонинг Хўтанни олиши ва Хўтан мирзоларининг йўқ қилиниши баёни.
Абобакр мирзо Хўтанни олмоқчи бўлиб юрган кунларда Умар мирзо у билан бирга эди, унга акасининг қилаётган иши ёқмай, унга қарши чиқмоқчи бўлди. Буни Абобакр мирзо билиб қолгач, бир йўлини қилиб уни тутиб олиб, кўзини кўр қилиб, Муҳаммад Ҳайдар мирзо қошига жўнатди. Кошғар вайрон бўлгач, Умар мирзо Самарқандга кетди, у ерда бир неча йил туриб, 921 (1515-1516) йилда Кошғарга қайтиб келиб, шу ерда вафот этди. Амир Саид Алининг мақбарасида дафн қилинди. Хуллас, Абобакр мирзо укасидан қутулгач, Хўтанга юриш қилди. Дастлаб у сулҳ тузиб қайтиб келди. Иккинчи марта ҳам ишни тинчлик билан ҳал қилишди, отда икковлари бир-бирлари билан учрашишди. Сулҳ шартлари муҳокама қилингач, бунга Қуръони Каримни ўртага қўйиб қасам ичишди. Мулозимлар билан келишилганидек, Абобакр мирзо Қуръонни ишончли одамларидан бирига бериб, уни Хонназар мирзога беришни буюрди, Хонназар мирзо уни олиш учун қўлини узатганида ҳалиги одам Хонназар мирзонинг иккала қўлига ёпишди, шу пайт Абобакр мирзонинг аввалдан келишиб олиб тайёр бўлиб турган мулозимлари ҳар тарафдан унга қилич билан ташланишди. Хонназар мирзо учун бу кутилмаган ҳодиса бўлди, Хонназар мирзонинг мулозимларида эса уларга ташланиш имконияти бўлмаган ва улар қочиб кетишган. Қулназар мирзони тутишга тайинланган бир неча одамлар уни ушлаб қўлларини боғлашган ва шу тариқа иккала биродарни шамшир зарби билан бу дунё ташвишларидан халос этишган. Ана шундай ҳийла билан Абобакр мирзо Хўтандан уларнинг уруғини қуритиб, Хўтанни эгаллади. У тўлиқ куч-қувватга эга бўлиб, амакиси Муҳаммад Ҳайдар мирзога қарши қўзғалди.
Эллик учинчи фасл. Абобакр мирзонинг Муҳаммад Ҳайдар мирзога нисбатан ишлатган ҳийласи ва Абобакр мирзо сўзига кириб Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг ўз амирларини четлатгани баёни.
Юқорида зикр қилинганидек, Сонсиз мирзо ўлгач, Дўст Муҳаммадхон унинг хотини Жамол Оғони никоҳига олди ва Кошғарни Муҳаммад Ҳайдарга берди. Бу воқеалар 869 (1464-1465) йилда бўлиб ўтган эди. Дўст Муҳаммадхон ўлгач, Муҳаммад Ҳайдар мирзо Жамол Оғога уйланди, Жамол Оғо Абобакр мирзо билан Умар мирзонинг онаси эди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо Жамол Оғодан иккита ўғил кўрди – Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон ва менинг амаким Саид Муҳаммад мирзо. Абобакр мирзо Хўтанни олиб, куч-қувватга эришганида амирлар унинг ишини кўп мулоҳаза қилишиб, Муҳаммад Ҳайдар мирзога айтишди, Абобакр мирзонинг ишлари бошдан охир зўравонлик устига қурилган, у ҳеч кимга вафо қилмаган. Чунончи, у Ёркандни ўғирлик йўли билан олган-да, номақбул узрларни айтди; Умар мирзонинг кўзини кўр қилди; Хонназархон билан Қулназархонни ўлдирди – шундай одамдан қандай қилиб садоқат кутиб бўлади? У мудом Кошғарни орзу қилади. Унинг бутун фикри-зикри ўша ерларни бирлаштириб олишга қаратилган. Амирлар бу ҳақда қанча кўп гапиришмасин, Муҳаммад Ҳайдар мирзо жиянига меҳрибонлик туфайли бу гапларга эътибор қилмаган. Унинг хотини Жамол Оғо, фарзандларининг, шу жумладан, Абобакр мирзонинг онаси ҳам: «У сизнинг ўғлингиз. Ёркандни сизнинг амирларингиздан бири бошқаради. Ёрканд унинг отасининг пойтахти бўлган, бунга унинг ҳаққи бор, сиз эса Ёркандни унга бермасдингиз, сизнинг ҳимоянгизга суяниб, ўзи бунга журъат қилди. Амирлар уни сизга ёмонлашмаса нима бўларди? Хўтанга барибир бошқа одам эгалик қилаётганди, бошқа одам ўрнида у турса, бунинг нимаси ёмон?» деб гап уқтирган. Абобакр мирзонинг ҳар бир қилмишини онаси худди шундай оқлайверган, шу билан Муҳаммад Ҳайдар мирзо то Абобакр мирзо унга бўйсунмаслигини очиқчасига намойиш қилмагунича хотиржам юраверган. Шунда Жамол Оғо, у амирлар туфайли душманлик қилмоқда, чунки амирлар уни сизга ёмон қилиб кўрсатишмоқда, деган гапни айтган. У яширинча Абобакр мирзога: «Сенинг душманлик қилаётганинг сабаблари ҳақида, сени оқлаб шундай-шундай дедим» деб хабар юборган. Бу сўзлар Абобакр мирзонинг истакларига ҳамоҳанг бўлиб, у ҳам Муҳаммад Ҳайдар мирзога киши юбориб: «Мана шу амирлар бор экан, мен сизга хизмат қилолмайман, чунки улар сизнинг назарингизда мени гуноҳкор қилишди. Агар сиз амирларни ҳайдаб юборсангиз, мен нафақат сизнинг ўғлингиз, балки қулингиз бўламан, деган сўзларни айтган». Муҳаммад Ҳайдар мирзо соддадиллиги туфайли бу ёлғон сўзларга ишониб, амирларини тарқатиб юборди, мўътабар амирларини четлаштиргач, унинг қувват ва шавкати синиб, Абобакр мирзо Кошғар вилоятига ҳамда Янги Ҳисорга ҳужумлар уюштирди. Улуғ амирлар четлаштирилгач, ҳеч ким давлат чегараларини қўриқлай олмади.
Эллик тўртинчи фасл. Юнусхоннинг Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳузурига Абобакр мирзога қарши ёрдамга отлангани ва уларнинг мағлубияти баёни.
Аввал айтиб ўтилганидек, амир Абдулқуддус Шайх Жамол Харни ўлдириб, Юнусхонни банддан озод қилган эди. Шу сабабдан хон унга чексиз марҳаматлар кўрсатиб, «Кўрагон» унвонини берди ва дўғлатларнинг барча мансабу туманларини тортиқ қилди. Бундан у ғурурланиб, гердайиб кетиб, хон билан шундай муносабатда бўлдики, муносабатидан ўзи ҳам қўрқиб кетди. Бунинг тафсилоти жуда узун, гапнинг қисқаси шуки, у Юнусхондан қочиб, Кошғарга Муҳаммад Ҳайдар мирзо қошига кетди. Бу пайтда Муҳаммад Ҳайдар мирзо амирларини тарқатиб юбориб, ишлари жуда ёмон аҳволда эди. Амир Абдулқуддус келгач, у амирни илтифот билан кутиб олиб, унга қизи Оғо Султон бегимни никоҳлаб берди ва унга катта ғамхўрликлар кўрсатиб, Абобакр мирзога қарши қўйди. Амир Абдулқуддуснинг ўзи ҳам Абобакр мирзога қарши кайфиятда эди. Қисқаси, бир куни Абобакр мирзо Янги Ҳисор кентларига ҳужум уюштирди. Амир Абдулқуддус унга қарши чиқиб, беҳисоб жанглар ва қаттиқ уринишлардан кейин Абдулқуддус енгилди, ҳолбуки унинг лашкари Абобакр мирзоникига нисбатан беҳад кўп эди. Амир Абдулқуддус шарманда бўлиб, Муҳаммад Ҳайдар мирзо ёнига ортиқ қайтолмай, ўзини қисмат қўлига топширади-да, Бадахшон томонларга йўл олди. Уч юзта одами билан Султон Маҳмуд мирзо хизматига борди. Султон Маҳмуд мирзо уни иззат-икром билан кутиб олиб, унга Бадахшон ва Қундузнинг энг катта вилоятларидан Хост вилоятини берди. У ўша ерда катур кофирлари қўлида шаҳид бўлди. Амир Абдулқуддус кетгандан кейин Абобакр мирзонинг куч-қуввати ортди. Макр ва ҳийла билан у Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг кучли амирлари ва лашкарбошиларини тарқатиб юборди ва амир Абдулқуддусга шундай зарба бердики, натижада Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг ишлари аянчли аҳволга тушиб қолди. Жамол Оғо қилган ишидан пушаймон бўлди, аммо унинг пушаймонидан фойда йўқ эди. Охири Муҳаммад Ҳайдар мирзо пиёда ва отлиқлардан иборат ўттиз мингта одам тўплаб, Абобакр мирзога қарши юриш қилади. У уч мингта жангчи билан унга рўпара бўлди. Қаттиқ жанг бўлди. Охир-оқибат мағлубият Муҳаммад Ҳайдар мирзо чекига тушди. Енгилган, тор-мор этилган Муҳаммад Ҳайдар мирзо Кошғарга қайтди. Бу воқеалар ҳақида у катта тоғаси Юнусхонга хабар қилиб, ундан мадад сўради. Хон ўз лашкаридан ўн беш минг кишини ажратиб олиб, жиянига раҳми келиб, Абобакр мирзога қарши қўшин тортди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо қайтадан лашкар жамлаб, хон қўшини билан бирлашди-да, Ёркандга йўл олди. Абобакр мирзо Ёрканд қалъаси ичига қамалиб олди, хон эса унинг шарқ тарафига жойлашди. Эртасига Абобакр мирзо қалъа ташқарисида отлиқ ва пиёда жангчиларни сафга тизиб, улар билан олдинга чиқди. Булар худди ўша уч минг киши, яъни амир Саид Алининг амирлари ва баҳодирларининг ўғиллари бўлиб, юз минг кишига қарши жанг қилиб, орзуларига эришган, заррача ғам чекмаган кишилар эди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо ўз вақтида уларнинг қадрига етмаган, Абобакр мирзо уларни атрофига тўплаб олган эди. Юнусхон кўп сонли лашкари билан бир томондан, Муҳаммад Ҳайдар мирзо иккинчи томондан ҳужум қилишди. Абобакр мирзо Муҳаммад Ҳайдар мирзога эътибор ҳам қилмай бутун кучини хонга қаратди. Анчагина тўқнашувлардан кейин у хонни қочишга мажбур қилди. Хон қочгач, Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳам қаерда турган бўлса, ўша ердан қочишга тушди. Шундай катта лашкар тор-мор қилинди. Хон билан Муҳаммад Ҳайдар мирзо Кошғарга келишгач, хон унга: «Уни осонгина енгса бўлар, деган ўй билан мен кам лашкар олиб келгандим. Бу йил сен ўз вилоятингни қўлингда сақлаб туришга ҳаракат қил, янаги йил мен бутун лашкаримни тўплаб келиб, уни яксон қиламан» деди. Хон Мўғулистонга кетди, Муҳаммад Ҳайдар мирзо Кошғарда қолди.
Эллик бешинчи фасл. Юнусхоннинг Муҳаммад Ҳайдар мирзога ёрдам бериш учун иккинчи сафар Ёркандга юриши ва Абобакр мирзодан енгилиши.
Янаги 885 (1480-1481) йил киргач, Юнусхон олтмиш минг кишидан иборат бутун мўғул лашкари билан Кошғарга келди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳам аввалги йилларга нисбатан лашкарини анча тартибга келтирган эди. У хон лашкари билан бирлашиб, Ёркандга йўл олди. Султон Юнусхон билан Ҳайдар мирзо ҳаммаси бўлиб тўқсон минг отлиқ ва пиёда лашкар билан Ёркандга жўнашди. Абобакр мирзо ҳам ўтган йилгидек Искандар девори каби мустаҳкам Ёрканд қалъасига ўрнашиб олди. У ҳам беш минг кишилик отлиқ ва пиёда аскар жамлаган, шулардан уч мингтаси отлиқ аскарлар бўлиб, уларнинг ҳаммаси, айтиб ўтилганидек, амир Саид Али амирларининг ўғиллари, Муҳаммад Ҳайдар мирзо қадрига етмай тарқатиб юборган сара йигитлар, икки мингтаси эса қатор-қатор ваъдалар билан вилоятдан тўпланган ўқчи-пиёда аскарлар эди. Хоннинг лашкари Ёрканд қалъасини ўраб олди. Хоннинг ўзи Ёрканднинг шарқ тарафидаги Қалдуғоч Ёри деган машҳур мавзеда тўхтади. Намози аср пайти хон лашкарининг ҳар бир қўшинидан обрўли кишилар ўз раъйи билан қалъа олдига бориб, жанг бошлашди. Қалъа ичидан Абобакр мирзонинг одамлари чиқишди. Ҳар бир отлиқ ва пиёданинг ўртасида ўқчи, ҳар бир пиёданинг олдида яна бир пиёда қалқон ушлаб олган. Қаттиқ жанг бошланди. Хон ўз манзилида тураверди. Бир неча киши келиб, жанг ҳақида гапириб, роса қизиқтиришади ва бориб кўришга даъват этишди. Хон бир гуруҳ кишилари билан, ҳатто қурол-аслаҳа ҳам тақмай базм кийимида жўнади. Хандақ четига келишганда иккала тарафнинг пиёдалари олишаётганини кўришди – оғир жанг борарди. Лекин хандақ тепасидан кўриш қийин бўлганидан хон яхшироқ кўриш учун пастга тушди. Хон пастга тушгач, пиёдалар дадиллашиб, баҳодирона жанг қила бошлашди. Шу пайтда хоннинг кўзга кўринган баҳодирларидан бири Алим Шайх баҳодир чодирда бўлган, хоннинг жангни кузатишга кетганини эшитиб, унда дарҳол ўша ёққа бориб, хон олдида ўз жасоратини намойиш қилиш ва ўз тенгилар орасида кўзга ташланиш фикри туғилди. У қурол-аслаҳаларини тартибга келтириб, хонга етиб олиб, ундан ҳам нарига ўтиб, урушаётган пиёдалар олдигача борди. Хон лашкари ва Абобакр мирзо лашкари пиёдалари ўртасида икки тарафи моллардан иҳоталанган йўлак бор эди. Алим Шайх баҳодир келиб, ана шу йўлак орқали Абобакр мирзо пиёдаларига ташланди ва улардан қалқон ушлаганига етиб олди. Ўша пиёда ўзига қараб ўқдек учиб келаётган отлиқни кўриб, унда дадиллик етишмади-да, қалқонини Алим Шайх баҳодирнинг оти олдига ташлаб қочди. Алим Шайх баҳодирнинг оти қалқонга қоқилиб кетиб, бир томонга кескин бурилиб кетди ва Алим Шайх баҳодир ўзини тутолмай йиқилиб тушди. Тўсиқлар орқасида турган пиёдалар сакраб чиқишди-да, ёлғиз қолган Алим Шайх баҳодирни тутиб олишди, Абобакр мирзонинг отлиқ аскарлари хон лашкарининг пиёдалари устига ташланишди. Қаршилик кўрсатиш бефойдалигини кўрган пиёдалар дарҳол чекинишга тушишди. Жангни кузатишга келган одамлар ўзларини орқага олишди. Хон ҳам хандақда эди. Хонга ҳамроҳ кишилар унга хандақ тепасига чиқишни маслаҳат беришди ва хон дарҳол хандақдан олиб чиқадиган йўлга равона бўлди. Хоннинг жадал кетаётганини кўргач, хандақ тепасида турган одамларнинг ҳар бири хон қочиб кетяпти, деган хаёлда қочиб кетишди. Хон хандақ тепасига чиққач қараса, ҳамма қочиб, лашкар тарқаб кетган. У аскарларга таскин бериш учун қароргоҳга йўл олди. Хон қароргоҳга келиб, одамларни калтаклаш ва койишга тушди, аммо бирор одам жойидан қўзғолмади. Бу пайтда Абобакр мирзонинг одамлари хандаққа тушган пиёдалар билан урушишарди, томошага келган отлиқлар билан бирга уларнинг изидан бориб, хандақ тепасига чиқишди, зарба бера-бера тап тортмай олдинга силжишди. Тарқаб кетган лашкар бу ҳолатни кўргач, қоча бошлади, хон уларни тўхтатишга қанча уринмасин, қўлидан келмади. Абобакр мирзонинг отлиқлари яқин келиб қолишган, хон олдида ҳеч ким қолмаган эди, у ҳам йўлга тушди. Шундай улкан лашкар бир соатда тор-мор қилинди. Хон қочиб Кошғарга келди. Лашкарнинг катта қисми хонга қўшилмай Мўғулистонга кетиб қолди. Хон Муҳаммад Ҳайдар мирзога бундай вазиятда Кошғарда қололмаслигини айтди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо хон ва беш минг уйлик одамлар билан Оқсувга кетди. Кошғарнинг кўпгина аҳолиси Андижонга жўнади, Кошғар Абобакр мирзо ихтиёрида қолди. Бу воқеа 885 (1480-1481) йилда содир бўлди. Менинг отам Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон ўшанда ўн икки ёшда бўлган. Юнусхон Муҳаммад Ҳайдар мирзо билан Оқсувга кетишгач, менинг отамни Юнусхоннинг ўғли Султон Маҳмудхон ўзлари билан бирга Мўғулистонга олиб кетишди. Ўша ёқда улар дўстлашиб қолишди ва Султон Маҳмудхон то умрининг охиригача менинг отамни «адаш» деган, бу мўғул тилида «дўстим» дегани бўлади.
Эллик олтинчи фасл. Султон Маҳмудхон ибн Юнусхон ҳаётининг дастлабки даври баёни.
Бундан буён гап Султон Маҳмудхон ҳақида боргани боис унинг ҳаёт йўлини бошидан бошлаб баён қилиб бериш лозим. Султон Юнусхон иккинчи марта Хуросондан келган вақтда амир Саид Али вафот этган ва Сонсиз мирзо Юнусхондан мадад сўраган эди, бу ҳақда юқорида ёздик. Ўша кунлари Юнусхон тез-тез Кошғарга келарди. Ўшанда у Кошғарнинг энг обрўли саййидларидан бири амир Зиёвуддинни Бадахшонга Шоҳ Султон Муҳаммад олдига жўнатиб, унинг камтарин, назокатлилардан ҳам назокатли қизини ўзига унаштириб келишини сўраган. Шоҳ Султон Муҳаммад Бадахший Файлақус Румийнинг ўғли Искандар Зулқарнайннинг авлодларидан бўлган. Искандар бутун дунё мамлакатларини ўз тасарруфига олгандан кейин ҳукмдорлар билан мажлис қуриб, шундай жой топингларки, олам подшоҳларининг қўллари у ерга етмасин, токи мен у ерда ўз наслимни давом эттирай, деган. Ҳукмдорлар Бадахшонни танлашади ва «Дастур-ал-амал» («Бошқариш қоидалари»)ни тузишган – токи улар бу дастурга амал қилишар экан, ҳеч ким ўша жойни улардан тортиб ололмаган. Искандар давридан то шоҳ Султон Муҳаммад давригача ҳеч ким Бадахшонга ҳужум қилмаган ва шу тариқа Искандарнинг авлодидан авлодига тахт ворислиги ўтиб келган. Шоҳ Султон Муҳаммад даврига келгач эса, у Искандарнинг «Дастур-ал-амал»ига риоя қилмади. У улкан ақл ва қобилиятга эга шоҳ эди. Унинг яхшигина шеърларидан таркиб топган «Девон»и ҳам бор, у «Лаъли» сўзини ўзига тахаллус қилиб олган, шеърларидан нафосат, ўткир ақл уфуриб туради, «Дастур-ал-амал»ни ўз истеъдодига мувофиқ ўзгартирди. Унинг олтита қизи бўлган. Бирини Амир Темур авлодидан Султон Маъсуд Кобулийга берган. Иккинчисини Султон Абусаид мирзога берган – ундан Абобакр мирзо исмли ўғил туғилган, ниҳоят Султон Абусаид мирзодан кейин у Султон Ҳусайн мирзо билан урушиб, Султон Ҳусайн мирзо давлатига зарар етказган, булар Мирхонд ва Хондамир тарихларида қайд этилган. Учинчи қизини Иброҳим барлосга берган – ундан Жаҳонгир барлос туғилиб, Чиғатой улусининг охирги давлатида етакчи мансабдор бўлган. Тўртинчи қизи – Шоҳбегимни Саид Зиёвуддин Кошғарий воситачилигида Юнусхонга узатган. Бешинчи қизини Саидшоҳ амир Бузург Арҳангийга берган, у ҳақда кейинроқ сўз юритилади. Олтинчи қизини Шайх Абдуллоҳ барлосга берган: ундан Султон Увайс барлос, Музроб барлос ва Султон Санжарлар дунёга келган, буларнинг баёни ҳам фурсати билан келтирилади, аммо улар ҳаёти ҳақидаги маълумотлар ҳиротлик Мирхонд ва Хондамир тарихларида ҳам учрайди. Қисқаси, Саид Зиёвуддин Шоҳбегимни Кошғарга олиб келиб, хонга топширди. Юнусхоннинг Шоҳбегимдан икки ўғил, икки қизи бўлган. Энг каттаси – Султон Маҳмудхон, у 868 (1463-1464) йилда туғилган. Кейингиси Султон Аҳмадхон, у ҳақида ҳали алоҳида тўхталамиз. Икки қизи – Султон Нигор хоним ва Давлат Султон хоним, уларнинг ҳаётлари ҳам ўз фурсатида баён қилинади. Султон Маҳмудхон вояга етгунига қадар мўғул амирлари, баён этиб ўтилганидек, Юнусхонга нисбатан ёмон, нолойиқ муомалада бўлишди. Султон Маҳмудхон вояга етганда, у пайтдаги амирлардан кўпчилиги ўлиб кетган, қолганларини эса Юнусхон ўғли Султон Маҳмудхон кўмагида, қолган мўғуллар ва мўғул амирларини ҳам ўзига тобе қилиб олди. Юнусхон Ёркандда мағлуб бўлиб, Кошғарга келганида бу лашкар орасида Султон Маҳмудхон бўлмаган, у халқни бошқариш учун Мўғулистонда қолган эди. Юнусхон Муҳаммад Ҳайдар мирзога тасалли бериш учун ҳамда синглисининг кўнглига қараб ўша йили қишда, Оқсувга кетди. Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг ўғли, ўшанда ўн икки ёшда бўлган Муҳаммад Ҳусайнни Султон Маҳмудхон ёнига жўнатди. Султон Маҳмудхон Муҳаммад Ҳусайн мирзога яхши муносабатда бўлди, улар дўстлашиб қолишди ва бир-бирларини «адаш», яъни «дўстим» деб чақириша бошлашди. Муҳаммад Ҳусайн мирзо Мўғулистонда, Султон Маҳмудхон ҳузурида беҳад ҳурмат-эҳтиромда кун кечирди.
Эллик еттинчи фасл. Юнусхон ва Муҳаммад Ҳайдар мирзо ўрталарида Оқсувда бўлиб ўтган уруш ва даҳшатли воқеалар баёни.
Хон қишда Оқсувга кетди. Оқсув жарлик ёқасида жойлашган бўлиб, иккита қалъаси бор эди. Хон улардан бирини Муҳаммад Ҳайдар мирзога берди, иккинчисига ўзи жойлашди. Ўша қиш тинч ўтди. Баҳор келгач, Юнусхон Мўғулистонга кетмоқчи бўлди. Муҳаммад Ҳайдарга шундай топшириқ берди: «Ҳозир эрта баҳор, мен Мўғулистонга кетаман, сен шу ерда қол. Одамларинг деҳқончилик билан шуғулланишсин, Оқсув вилоятини сенга бердим. Буғдой пишиғи пайтида Мўғулистонда ҳам яйлов даври бошланади, отлар куч йиғади, ўшанда биз Кошғарга бориб, Абобакр мирзо иши билан шуғулланамиз. Мен Кошғарга у ёқдан бораман, сен бу ёқдан – Кошғарда учрашамиз. Нима қилиш лозим бўлса, ўша ерда қиламиз». Гапни шу тахлит бир жойга қўйишди. Хон тайёргарликларни тугатиб, Мўғулистонга жўнаш учун дарҳол одам юбориб, моллар ва одамларни тўплашни буюрди. Аммо бир тўда бузғунчилар, Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг кўнглига ғулғула солишди, хон Мўғулистонга боргач, унинг одамларини талайди, дея шунга ўхшаш сафсаталарни мирзонинг миясига сингдиришди ва шайтон васвасасидай ёлғон гапларга Муҳаммад Ҳайдар мирзони ишонишга мажбур қилишди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо кўнгилчанлиги боис сафсаталарга қулоқ солиб, бунинг олдини олиш фикрига тушди. Шайтонлар унга: «Хоннинг яйловга кўчиш вақти аниқ бўлгач, хонга ҳамроҳ бўлиб юрган кичик ўғли Аҳмадхонни олиб қўямиз, қалъага кириб олиб, Юнусхонга қарши қўзғоламиз. Хоннинг жўнаш вақти яқин бўлгани учун, у бошқа ҳеч нарса билан машғул бўлмайди ва Мўғулистонга кетади, биз эса Оқсувда яшайверамиз» деган гапларни уқтиришди. Бу номаъқул ишни Муҳаммад Ҳайдар мирзо маъқуллади. Хоннинг жўнаш вақти бўлганда улар дарҳол Оқсув дарвозасини бекитиб олишди. Султон Аҳмадхон Муҳаммад Ҳайдар мирзо қошига қочиб кетди ва шу билан душманлик бошланди. Юнусхон Муҳаммад Ҳайдар мирзога киши юбориб, шунча насиҳатлар қилди, бироқ ҳеч фойда бўлмади. Оқибатда Юнусхон кетмади, бошқа қалъага кириб, бекитиб олди-да, Султон Маҳмудхонга одам жўнатди. Ўн етти кундан кейин у ўттиз минг кишилик лашкар билан етиб келди. Ҳар куни жанг бўлди, шу тахлит қирқ кун ўтди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо қалъасида очарчилик бошланди. Шундай бузғунчиликни бошлаган ифлослар кечалари қалъадан қочиб кета бошлашди. Султон Аҳмадхон ўз фарзандлик бурчини эслатиб, отаси олдига узр сўраб келди ва узрини қабул қилишини илтимос қилди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо қалъа ичида қолди. Шунда қалъага ёпирилиб ҳужум қилинди ва олинди. Хон шоша-пиша у ерга амирларни жўнатиб, талон-тарож қилишмасин, деб тайинлади. Амирлар бориб, қанча ҳаракат қилишмасин, бу нарса қўлларидан келмади. Одамнинг кўплигидан ва тўс-тўполондан талон-тарожга монелик қилишнинг иложи бўлмади. Катта қийинчиликлар билан улар Муҳаммад Ҳайдар мирзони ушлаб, хон олдига олиб келишди. Хонга яқинлашишганда улар Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг қўлларини боғламоқчи бўлишди, Юнусхон буни кўриб, боғламанглар, деб бақирди. Уни хон олдига шундай келтиришди. Хон уни ёнига чақириб, сўкишга ва танбеҳ беришга тушди: «Нега бундай қилдинг? Тақдирингда мен билан душманлик қилиш истаги бор экан, мени жўнаб кетишга қўйгин эди, ўзинг эса бу ерда қолиб, исён кўтаравергин эди. Бу нимаси энди?» деди. Муҳаммад Ҳайдар ўзининг бемулоҳаза ҳаракатларидан хижолат бўлиб, бошини эгиб тураверди. Шунда хон: «Яхши, ана энди, мен сенга Оқсувни берган эдим, шу ерда яшайвер» деди. «Ҳамма нарса талаб кетилган, энди қандай қилиб Оқсувда қолиш мумкин?» деб жавоб берди Муҳаммад Ҳайдар мирзо. Хон Муҳаммад Ҳайдар мирзога ўттизта от берди-да, «Мен билан бирга Мўғулистонга кет, ўша қарор ўз кучида қолади: буғдой пишиғи пайтида мен Кошғарга бораман, Кошғарни олишга ва уни сенга беришга ҳаракат қиламан» деди. «Шоҳлик» ва «улуғворлик» тушунчаларига лойиқ аввалги ҳақиқий хонлар айбдорларга худди мана шундай муомала қилганлар. Туғишганларга ҳурмат-эътиборни ва жиянлик обрўйини улар шундай қадрлашганки, борди-ю улар бирорта хатога ёки гуноҳга йўл қўйишса ҳам, улар бу гуноҳларни меҳрибонлик ва кечиримлилик суви билан ювиб юборишиб, уларнинг юзларида хижолат изларини қолдиришмаган. Хонлар ҳатто уларга юзлаб бошқа илтифотлар кўрсатишган: «Ахир у бизнинг жиянимиз-ку. Қариндошчилигимизга ишониб, у шунақа расво ишни қилди. Агар биз уни шу қилиғи учун жазоласак, қариндошчилигимиз қаёққа боради, қариндош билан бегона ўртасида фарқ қолмайди-ку?» дейишган. Ҳозир эса шундай шоҳлар борки, биз қанчалик бегуноҳ бўлмайлик, бирор гуноҳимизни топиб, исбот қилишади. Бошқа шоҳ олдида гуноҳ қилсак, эҳтимол, у биздан ранжимасди. Бизнинг давримиздаги худди ўша шоҳлар қанчалик яқин қариндош бўлса-да, қанчалик кўп хизмати сингган тақдирда ҳам, масалан, Муҳаммад Ҳайдар мирзо билан Юнусхон ўрталарида бўлганидек, ҳамма нарсани унутиб, айбдорни ўлгудай жазолашга уринадиларки, ҳатто душман ҳам бундай қилмаган бўларди. Борди-ю шунга қарамасдан ўша айбдор одам бу даҳшатли гирдобдан чиқиб олса, меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ иноят зоҳир қилиб, унга шундай куч ато қилсаки, у ҳамма гиналарни унутиб, қариндошлик эшигини дўстлик қўли билан чертса ҳам, «бўлган иш бўлиб ўтди» деган мазмунда нома жўнатса ҳам улар унга рад жавоби беришадики, бундай шоҳларни қуйидаги байтда тасвирланган султонларнинг авлодлари деб ҳисобламоқ лозим: Назм: Ота хислатларин олмаган ўғил, Фарзанд деб аталмас, бегона дегил. Карами кенг Аллоҳ мурувват эгаларидан ўз марҳаматини дариғ тутмайди. Биз шуни эслатиб қўймоқчимизки, улар гуноҳкор кишиларга илтифот кўрсатишгани боис, Аллоҳ ҳам меҳрибон бандаларига меҳрибонлик кўрсатади, Парвардигорнинг ўзи уларнинг гуноҳларини ҳам мағфират қилади, илоҳим, Яратганнинг ўзи икки дунё саодатига ноил қилсин. Мамлакатларида мурувват анқонинг уруғи бўлган ҳукмдорлар дилига ҳам Аллоҳ, Ҳазрат Муҳаммад ва унинг умматлари ҳаққи олийжаноблик уруғини сочсин. Қисқаси, Муҳаммад Ҳайдар мирзо Юнусхон билан бирга Мўғулистонга кетди. Кўклам охирлаганда Юнусхон Кошғарга юриш қилишга қарор қилди. Бу орада Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад мирзо Фарғонадан укаси Умаршайх мирзони чиқариб юбориш учун ўша вилоятга қўшин тортишни режалаштирди. Бу хабар Умаршайх мирзога етган заҳоти у дарҳол Юнусхонга мурожаат қилиб, ундан мадад сўради, ҳамишагидек, акаси Султон Аҳмад мирзо жабр-зулмларидан халос бўлиш учун хонни ёнига чорлади. Бу хабар етгач, хон Андижонга жўнади. У иккала куёвлари ўртасида адоват бўлишини истамас, шу сабабли мудом уларни келиштириш йўлини қиларди. Хон Андижонга келгач, уни Умаршайх мирзо кутиб олди ва унга иззат-икромлар кўрсатди. У хонга Ўш вилоятини берди ва хон ўша қишни Ўшда ўтказди. Қолган мўғулларни хон Султон Маҳмудхон ёнига, Мўғулистонга жўнатиб юборди, ўзи бўлса, Ўшда қишлаш учун қолди. Ўш вилоятини у Муҳаммад Ҳайдар мирзога берди. Султон Аҳмад мирзо хоннинг келганидан хабар топиб, лашкар тортиш фикридан воз кечди. Умаршайх мирзо акасининг ҳужуми хавфидан халос бўлди. Қиш чиққач, хон яна Мўғулистонга йўл олди. У Муҳаммад Ҳайдар мирзога: «Ўтган йили сен Мўғулистонда хотиржам яшамадинг, энди мен сенга Ўш вилоятини бераман, сен шу ерда қол. Мен янаги йил қишда тағин қайтиб келаман, бу вилоятни сен менинг номимдан бошқар», деди. Хон Мўғулистонга кетди, Муҳаммад Ҳайдар мирзо Ўшда қолди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо хондан ўғли Муҳаммад Ҳусайн мирзони сўраб олиб, ўз ёнида сақлади.
Эллик саккизинчи фасл. Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг Кошғарга, Абобакр мирзо устига юриши ва Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг Абобакр мирзо томонидан асирга олиниши баёни.
Султон Юнусхон Мўғулистонга жўнаб кетганиданоқ, Умаршайх мирзо Ўшга доруға жўнатди ва Муҳаммад Ҳайдар мирзодан узр сўради. Муҳаммад Ҳайдар мирзо ва унинг одамларида Мўғулистонга кетиш учун кучлари йўқ эди, бу ерда қолиш имкони ҳам бўлмади. У ўғиллари Муҳаммад Ҳусайн мирзо билан Саид Муҳаммад мирзони Умаршайх мирзога қолдириб, ўзи Кошғарга йўл олди. У шундай мулоҳаза қилди: «Абобакр мирзо бир вақтнинг ўзида менинг укам, жияним ва ўгай ўғлим; унинг ёнига борсам, эҳтимол, тинчлик йўли билан менга бирор жойни берар». Шундай орзу-умидлар билан у Абобакр мирзо ёнига жўнади. Абобакр мирзо уни шу заҳоти қамаб қўйди ва бир йил бандда сақлайди. Бир йилдан сўнг Абобакр мирзо уни Бадахшонга жўнатди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо ўша пайтларда Абусаиднинг ўғли Султон Маҳмуд мирзо қўлида бўлган Бадахшонга кетди. Шайх Жамол Харни ўлдирган Абдулқуддус – Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг куёви, аввал айтиб ўтилганидек, Султон Маҳмуд мирзо ҳузурида эди. Бир мунча вақт Муҳаммад Ҳайдар мирзо ўша ерда меҳмон бўлиб турди. Кейин Самарқандга кетди, у ерда пирларнинг қутби Хожа Носириддин Убайдуллоҳ (Аллоҳ гўрини нурафшон қилсин) ҳазрати олийлари билан учрашиш шарафига муяссар бўлди. У Султон Аҳмад мирзо билан учрашиб турди. Султон Аҳмад мирзо унга илтифот кўрсатди ва улар Муҳаммад Ҳайдар мирзо йилига икки марта, икки ҳайит пайтида Султон Аҳмад мирзоникига келиб туради, деган қарорга келишди. Султон Аҳмад мирзонинг учта укаси бўлган: Усмон мирзо, Султон Валад мирзо, Малик Муҳаммад мирзо. Мирзо машварат пайтида Муҳаммад Ҳайдар мирзо Усмон мирзодан қуйида, Султон Валад мирзо билан Малик Муҳаммад мирзодан юқорида ўтирсин, деб кўрсатма берди, у бу ерга меҳмон бўлиб келиб турсин, деди. Шу пайтда Султон Юнусхондан Муҳаммад Ҳайдар мирзони олиб кетгани одам келди. Султон Аҳмад мирзонинг меҳрибонликлари Муҳаммад Ҳайдар мирзони тутиб қололмади ва у Юнусхон ёнига кетди. У воқеалар хоннинг Тошкандга келганидан кейинги ҳаёти тасвирида баён қилинади.
Эллик тўққизинчи фасл. Юнусхон ва мўғул улусининг Тошкандга келиши баёни: Султон Аҳмад мирзо, Умаршайх мирзо ва Султон Маҳмуд мирзо билан сулҳ тузилиши.
Ака-ука Умаршайх мирзо билан Султон Аҳмад мирзо орасида бўлган жанжаллар ва келишмовчиликлар Мирхонд тарихи «Равзат ус-сафо» («Поклик боғи»)да битилган. Бу «Тарих» («Тарихи Рашидий»)га уларнинг алоқаси йўқ. Аммо бизнинг «Тарих»имизда эслатиб ўтиладиган нарса шуки, Шайх Жамол Хардан кейин Тошканд ҳукмронлиги Умаршайх мирзо қўлига ўтди, кучли Шоҳрухия қалъаси ҳам Умаршайх мирзо қўлига ўтди. Мана шу иккита мулк учун Султон Аҳмад мирзо Умаршайх мирзога қарши кўтарилди ва иш жуда катта жанжалгача етиб борди. Султон Аҳмад мирзо Тошкандга ҳужум қилган вақтда Умаршайх мирзо Юнусхоннинг Тошкандга келишини илтимос қилди. Хон Ўшдан кетган йили Умаршайх мирзо Ўшни Муҳаммад Ҳайдар мирзога бериб кетган эди, лекин хон кетгач, Умаршайх мирзо Муҳаммад Ҳайдар мирзодан узр сўраб, қайтариб олди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо Кошғарга кетди, у ерда қамоққа тушди, у пайтда хон Мўғулистонда эди. Кузда Султон Аҳмад мирзо Тошкандга юриш қилди, Умаршайх мирзо хонни Тошкандга чорлади ва илгари Андижонга қарашли Ўшни хонга бергани сингари унга Тошкандга қарашли бўлган Сайрамни берди. Хон Сайрамга йўл олган пайтда, шаҳар ва вилоятда яшашни истамаган мўғуллар, хоннинг кичик ўғли Султон Аҳмадни йўлдан уриб, у билан бирга Мўғулистонга қочиб кетишди. Хон уларнинг изидан тушмади, негаки ўша пайтда Мўғулистонда мўғул хоқонларининг хавотир олса бўладиган биронта авлоди қолмаган эди. Шундай қилиб, хон уни Мўғулистонга қўйиб юборди-да, ўзи Сайрамга йўл олди. Қишни у ўша жойда ўтказди. Катта ўғли Султон Маҳмудхонни ҳам ўттиз минг яхши аслаҳали лашкар билан Султон Аҳмад мирзога қарши йўллади. Фарғона тарафдан Умаршайх мирзо ўн беш минглик лашкар билан келди. Бу учта лашкар бир-бирларига яқин келишиб, катта жангни кутиб туришди. Бунинг хабари Самарқандга, пирларнинг қутби Хожа Носириддин Убайдуллоҳ ҳазрати олийлари (Аллоҳ гўрини нурга тўлдирсин)га етгач, у ҳам жўнади ва ўзидан олдин «Мен ҳам боряпман» деган хабарни қўшиб одам жўнатди. Ул зот етиб келгани заҳоти ҳар учала султон ўз жойларида туриб қолишди. Эшон ҳазратлари келиб Султон Аҳмад мирзо қароргоҳида тўхтаб, хон билан Умаршайх мирзога одам жўнатди. Худонинг назари тушган Эшон ҳазратларининг сулҳ ҳақидаги таклифини ҳеч ким рад қилолмади, негаки авлиёлар фано босқичига етганда ўзлигини унутишади ва улардан чиққан ҳар бир фикр Аллоҳ таолонинг иродасини ифодалайди. Бир сўз билан айтганда, у фақат ўз мақсадинигина кўзлаб лашкар тортган ҳар учала ҳукмдорни яраштириб қўйди. Эшон ҳазратлари учала ҳукмдорни битта палос устига ўтқазиб, ўзи ҳам уларнинг ўрталарига ўтириб олиб, ҳар бирининг олдига шарт ва мажбуриятлар қўйди, улар буни қабул қилишди. Тошкандни Юнусхонга беришга қарор қилинди. Тошканд туфайли келишолмаётган икки ака-ука баҳсни бас қилишиб, Тошкандни хонга беришди. Мавлоно Саид Муҳаммад Қози ҳазратлари (Аллоҳ охиратини обод қилсин), «Силсилат-ул-орифин» асарида ушбу воқеани Эшоннинг кароматлари ҳақида гап кетганда ёритган. Ўша ерда бундай деб ёзилган: «Машварат шундай дабдабали бўлдики, мен (Муҳаммад Қози) хижолатпазликдан дастурхонни тескари солиб қўйдим. Машварат охирлагач, Эшон ҳазратлари: «Яхши бўлди, энди кетиш керак, чунки роса тўйдик, бундай юкни фақат мана шунча одам билан кўтариб кетиш мумкин, дедилар. Уччала ҳукмдорнинг ҳар бири ўз лашкари олдига кетди. Эшон ҳазратлари Хўжанд дарёси томонга бориб, дарё соҳилида ғусл қилдилар. Менга қараб сўрадилар: «Мавлоно Муҳаммад, сиз бизнинг бу ишимизни ёзиб қўяоласизми?». Мавлоно Муҳаммад Қози ёзадики, Эшоннинг бу топшириғи «Силсилат-ул-орифин» асарининг дунёга келишига туртки бўлган. Қисқаси, Султон Аҳмад мирзо Самарқандга, Умаршайх мирзо Фарғонага, Султон Маҳмудхон Тошкандга кетишди. Юнусхон ҳам Тошкандга келди, Эшон ҳазратлари унинг изидан Тошкандга бориб, Юнусхон билан тағин учрашди. Мен амакимдан эшитган эдим, у шундай деган эди: «Бир куни мўътабар бир йиғинда Эшон ҳазратларининг ҳузурида Султон Маҳмудхон ҳақида гапириб қолишди. Ўтирганлардан бири: «Бу Султон Маҳмудхон деганлари ғалати шаҳзода – мағрур, кеккайган» деган. Эшон ҳазратлари: «Бундай ҳукмдорнинг этагини биз тупроққа тўлдирамиз; мағрурлик ва катта кетиш фақат Аллоҳга хос, Султон Маҳмудхон ким бўлибдики, кеккайсин?» деб жавоб берган. Айни шу лаҳзада Султон Маҳмудхон Эшон ҳазратларини зиёрат қилиш учун келиб қолган. Намоз вақти бўлиб, ҳазрат намоз ўқишга турган. Қибла тарафда ўчоқ бўлиб, унда кўмир ёнаётганди. Эшон ҳазратлари, намоз ўқилаётган маҳалда олд томонда олов ёниб туриши манъ қилинади, олов юзига тупроқ сепиш керак, деган. Кўп одамлар ўтирган бўлишига қарамай, Султон Маҳмудхон ўзи туриб бориб, этагини тупроққа тўлдириб келиб, олов устига сепган. У олов ўчиб қолгунича бир неча марта шундай қилган. Йиғинда ҳозир бўлган одамлардан у бу хизматни ўзига қўйиб беришларини илтимос қилган. Хон кетгач, барча одамлар ҳайрат изҳор қилишган». Хонларнинг ушбу йиғини ва сулҳ тузилиши Тошкандда 890 (1485) йилда бўлиб ўтди. Эшон ҳазратлари бир муддат Тошкандда бўлиб, кейин Самарқандга қайтди. Ўша давр султонларида шундай одат бор эдики, бирор ишлари ёки илтимослари ҳақида Эшон ҳазратларига билдирмоқчи бўлишса, унинг муридларидан бирортасига мурожаат қилиб, уни воситачи қилишар эди. Султон Маҳмудхоннинг Эшон ҳазратлари билан алоқа қилишида Мавлоно Муҳаммад Қози воситачилик қилган, хон ўз илтимослари билан унга мурожаат қилган. Буни менга Мавлоно Муҳаммад Қози айтиб берган, бу ҳикоялар мавриди билан ҳали келтирилади, иншооллоҳ.
Олтмишинчи фасл. Юнусхон ишларининг интиҳоси баёни.
Хон Тошкандга жойлашгач, ўғли Султон Маҳмудхонга Султон Аҳмад мирзонинг қизи Қарокўз бегимни унаштирди. Қарокўз бегимнинг келиши кейинроқ ёритилади. Бу орада Юнусхон қаттиқ қорин оғриғи хасталигига чалиниб, икки йилгача тўшакка михланиб қолди; шу дард орқасидан у бу дунёни тарк этди. Унинг муборак ёши етмиш тўртга етган эди. Мўғул султонларидан ҳеч бири бу ёшга етмаган, уларнинг кўпчилиги ҳатто қирқ ёшга етмай ўлиб кетишган. Хон 818 (1415-1416) йилда таваллуд топиб, 892 (1486-1487) йилда вафот этди. У Тошканддаги Шайх Хованд Таҳурнинг табаррук мозори ёнига дафн этилган. У ерга ҳозир ҳам машҳур улуғвор бино қурилган. Касал ётганида хон Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг Бадахшондан Самарқандга келганини эшитди ва киши юбориб, уни ўз ёнига чақириб келтирди. Муҳаммад Ҳайдар мирзо Самарқанддан унинг ҳузурига келиб, касал пайтида хонга қаради. Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг жарроҳликдан яхши хабари бўлиб, дори-дармонларни ҳам яхши фарқларди. Касал пайтида хон Муҳаммад Ҳайдар мирзони бир лаҳза ҳам ёнидан кеткизмади ва унга худди ўз ўғлидек меҳрибонлик кўрсатди. Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг Андижонда, Умаршайх мирзо ёнида бўлган ўғли отасининг Тошкандга келишидан олдин Андижондан Тошкандга Султон Маҳмудхон ёнига кетди ва хондан ҳеч қачон ажралмади, бунинг баёни бироз кейин келади.
Олтмиш биринчи фасл. Чир дарёси бўйида Султон Аҳмад мирзо билан Султон Маҳмудхон ўртасида бўлиб ўтган жанг баёни.
892 (1486-1487) йилда Султон Юнусхон вафот этгач, ўша йилиёқ мўғуллар одатига кўра Султон Маҳмудхон хонлик тахтига ўтқазилди. Юнусхоннинг вафоти ҳақидаги хабар тарқалгани заҳоти Умаршайх мирзо билан Султон Аҳмад мирзо ҳар бири ўзича Султон Маҳмудхонга қарши юриш қилишга ҳозирланди. Умаршайх мирзо ўз ҳокимиятининг умиди ва таянчи бўлган энг сара мулозимларидан бир қанчасини жўнатди ва улар Тошканднинг яхши ҳимояланган Уштур қалъасига кириб олишди. Султон Маҳмудхон шахсан ўзи қалъа ҳимоясига жўнади. Шундай қаттиқ жанг бўлдики, қандай қийинчилик билан у қалъани олишганини ва Умаршайх мирзонинг ишончли одамлари тўдаси қандай қириб ташланганини мўғуллар орасида ҳалигача гапиришади. Улардан бирортаси ҳам жанг майдонини ташлаб кетмаган, охиргиси ўлдирилгунга қадар курашишган. Бу ғалабадан Султон Маҳмудхоннинг кучи ортган, Умаршайх мирзонинг эса юриш қилишга ортиқ кучи қолмаган. Янаги йили амирлар Султон Аҳмад мирзонинг қулоғига қуя бошлашган: «Сиз ҳеч бир сабабсиз Тошкандни Султон Маҳмудхонга бериб қўйдингиз, улар у ерда қанча узоқ туришса, бизга шунча қийин бўлади» дейишган. Эшон ҳазратлари (Илоҳим гўри нурга тўлсин), Султон Аҳмад мирзога: «Бундай қилиш ярамайди. Султон Маҳмудхон билан сулҳ тузмоқ керак. Улар сизни безовта қилишмаяпти, нега сиз уларни безовта қиласиз?» деган мазмунда хат жўнатган. Охири Султон Аҳмад мирзо эллик минг кишилик лашкар тўплаб, Тошканд устига юриш қилди. Султон Маҳмудхон Тошканд чеккасига чиқиб, душман лашкари рўпарасида тўхтади. Уларнинг ўртасида Чир дарёси бор эди, ундан ўтолмай уч кун шу тахлит туришди. Султон Аҳмад мирзо лашкари ичида Шоҳибекхон бор эди. Мана шу Шоҳибекхон Шоҳ Будоғ Ўғлоннинг ўғли, бу эса Абулхайрхоннинг ўғли бўлади. Юқорида айтиб ўтилганидек, Буруж Ўғлон ўлдирилганда Шоҳибекхон ҳали ёш эди, бошқа султонлар беэътибор бўлишди ва Шоҳибекхон, тарихий асарларда ёзилишича, кўп қийинчиликларни бошдан кечирди. Ниҳоят, у саҳрода ортиқ қололмай, Мовароуннаҳрга келди-да, Султон Аҳмад мирзога навкар бўлди, тўғрироғи, Султон Аҳмад мирзонинг навкарларидан бири амир Абдул Али Тархонга навкар бўлди. Шоҳибекхон бу лашкарда ўзининг уч минг навкари билан иштирок этди. Султон Аҳмад мирзо уч кун тургач, Шоҳибек кечаси Султон Маҳмудхонга одам юбориб, «Келинг, учрашайлик» деган гапни айтди. Ўша кечасиёқ у нариги томондан, хон бу томондан борди-да, учрашишди. Шарт ва мажбуриятларни муҳокама қилишгач, шунга келишишдики, эртага Султон Маҳмудхон амир Абдул Алига ҳужум қиладиган, ана ўша амир Абдул Алининг навкари Шоҳибек бўлса лашкарни тарқатиб қочадиган бўлди. Эртасига мўғул лашкари жангга ҳозирланди. Ҳар икки тарафнинг лашкари ҳам ҳарбий ҳолатда турарди. Мўғул лашкарининг пиёдалари Чирни кечиб ўтишди, отлиқлар ҳам Чирга киришди. Бошқа тарафдан пиёдалар жангга киришишди. Мўғул лашкари амир Абдулали тарафни кўпроқ сиқув остига олди. Шу пайт Шоҳибекхон уч юз кишиси билан қоча бошлади. У Султон Аҳмад мирзо лашкарининг юклари ортилган араваларга ҳужум қилиб, уни талон-тарож қилишга тушди. Атрофдаги бебошлар ҳам бу ҳолатдан фойдаланиб, юкларни талай бошлашди. Султон Аҳмад мирзонинг лашкари дарҳол қочишга тушди. Мирзонинг лашкари олдида Чир дарёси бўлиб, жангчиларнинг кўпи дарёга чўкиб кетди, Чирни Тошканд аҳолиси «Оби Парак» дейишади. Султон Аҳмад мирзо лашкари қаттиқ мағлубиятга учради. Тор-мор бўлган Мирзо Самарқандга қочиб кетди. У шайх Убайдуллоҳ Аҳрор Эшон ҳазратлари олдида тавба-тазаррулар қилди ва Эшон ҳазратларининг кўрсатмаси билан хон ва Султон Аҳмад мирзо ўртасида қайтадан сулҳ тузилади. Иттифоқликни мустаҳкамлаш мақсадида Қарокўз бегимни унаштириш маросими уюштирилди ва турли расм-русумлардан кейин Қарокўз бегимни Султон Маҳмудхон томонга олиб кетишди.
Олтмиш иккинчи фасл. Султон Маҳмудхон билан отам ўртасида қариндошликнинг йўлга қўйилиши баёни.
Отам Муҳаммад Ҳусайн кўрагон (Аллоҳ унинг сирларини муқаддас қилсин) айтиб ўтилганидек, Кошғардан кетган кунидан бошлаб то ҳозиргача узлуксиз Султон Маҳмудхон хизматида бўлди, Умаршайх мирзо ёнида ўтказган йиллари бунга кирмайди, бу ҳақда ҳам тўхталган эдик. Хон билан отам, Муҳаммад Ҳусайн мирзо шундай дўст бўлишганки, улар мудом бир уйда, ҳатто битта хонада яшашган – хон уйининг ўнг қаноти отамнинг ихтиёрида бўлган. Уй ишларида отам ҳақиқий ҳамкор бўлган. Хонга нима келтиришса, отамга ҳам ўша нарсаларни келтиришган. Агар хон бирор ёққа отда чиқмоқчи бўлса, иккита от келтиришган, бирига хон минган, иккинчисига отам. Агар хон янги кийим кийса, худди шунақасини отамга ҳам олиб келишган. Хон Қарокўз бегимга уйланганига қадар худди шундай, улар ўртасидаги ишларда ҳеч бир фарқ бўлмаган. Куннинг кўп қисмини улар одатдаги хонада ўтказишган, кечаси хон хотини ёнига кетган, отам ўша хонада ёлғиз ўзи қолган. Хон тахтда ўтирган маҳалда тахт олдига тўшакни шундай тўшашганки, отам хон тахтига суяниб ўтира оладиган бўлган ва улар хонлик ишлари билан биргаликда шуғулланишган. Хон бир неча бор уйлангани туфайли отамни ҳужрада ёлғиз қолдириб, ҳарамга кетаётгани учун отамдан узр сўраган, бу дўстлик бурчига зид, деган. Бир йилдан сўнг у отамни Хўб Нигор хонимга уйлантириб, «кўрагон», яъни «хон куёви» деган унвонга сазовор қилган. Хўб Нигор хоним Султон Маҳмудхондан бир ёш катта, Юнусхоннинг Эсан Давлат бегимдан кўрган учинчи қизи бўлган. Эсан Давлат бегимнинг катта қизи Меҳр Нигор хоним бўлиб, уни Султон Аҳмад мирзога беришган, бу ҳақда ёзган эдик, қолган воқеалар иккинчи китобда ёритилади. Ундан кичиги – Қутлуқ Нигор хонимни Умаршайх мирзога беришган, ундан Заҳириддин Муҳаммад Бобур Подшоҳ ва Хонзода бегим туғилган бўлиб, уларнинг ҳаёти кейин зикр қилинади. Юнусхоннинг қизларидан учинчиси Хўб Нигор хонимни отамга беришган, у менинг онам бўлган. Уларнинг ҳаётлари ҳам иккинчи китобда ўрни билан ёритилади. Юнусхоннинг яна Шоҳбегим Бадахшийдан иккита қизи бўлган, улардан каттаси – Султон Нигор хонимни Ҳисорга, Султон Маҳмуд мирзога узатишган. Ундан Мирзохон туғилган, унинг ҳаёти ҳам иккинчи китобда тасвирланади. Ҳаммадан кичиги Давлат Султон хоним, у ҳақда ҳам иккинчи китобда тўхталамиз. Қисқаси, хон мудом отамдан узр сўраб «Мен кечалари доимо ҳарамда бўлсаму, сен ёлғиз хонада қолсанг, бу дўстликдан эмас. Ўйла, шу яхшими?» дер экан. Шундан сўнг у дабдабали тўйга тайёргарлик кўришга кўрсатма берган. Икки йил тўйга тайёргарлик кўрилган ва турли расм-русумлар билан Хўб Нигорхонимни менинг отамга олиб беришган. Бу орада Султон Аҳмад мирзо ҳам, Умаршайх мирзо ҳам Султон Маҳмуд мирзо ҳам вафот этишган, бу бироз кейин ёритилади. Ўратепа хоннинг тасарруфида бўлиб, уни хон менинг отамга берди. Отам Ўратепага кўчиб ўтиб, теварак-атрофдаги кўплаб жойларни Ўратепага қўшиб олди. Буларнинг бари мазкур «Тарих»нинг иккинчи китобида берилади.
Олтмиш учинчи фасл. Султон Маҳмудхон ҳукмронлиги даврида Тошкандда бўлиб ўтган воқеалар баёни, унинг ишларининг издан чиқиши ва ҳаётининг интиҳоси.
Султон Аҳмад мирзо билан сулҳ тузилгунига ва Қарокўз бегимга уйлангунига қадар Султон Маҳмудхон Туркистонни босиб олди. Туркистон ҳокими, Султон Аҳмад мирзо номидан у ерни сўраб турган Муҳаммад Мазид тархонни ушлаб қамашди ва сулҳ тузилишининг асосий сабабчиси мана шу Муҳаммад Мазид тархон бўлди, чунки у Султон Аҳмад мирзонинг тоғаси эди. Султон Маҳмудхон Туркистонни босиб олган пайтда Шоҳибекхон хон хизматида эди, унинг Чир бўйидаги жангда кўрсатган хизматларини ҳисобга олиб, хон Шоҳибекка Туркистонни берди. Шу сабабдан Қирайхон ва Жонибекхон – қозоқларнинг ўғиллари билан Султон Маҳмудхон ўртасидаги эски дўстлик душманликка айланди. Улар: «Шоҳибекхон бизнинг душманимиз, сен қандай қилиб уни бизга қарши қилиб Туркистонга қўясан?» дейишди. Мана шу жанжаллар туфайли Султон Маҳмудхон билан ўзбек-қозоқлар ўртасида икки марта жанг бўлди, ҳар иккала сафар ҳам Султон Маҳмудхон енгилди. Мағлубиятларнинг сабаби мана бундай: «Юнусхондан ҳурмат-эътиборга лойиқ амирлар қолди. Ҳамма одамларда бўлганидек, тахт вориси бўлган хонларда ҳам одатда шундай бўлади, улар олдинги яхши одамларнинг қадрига етишмаган, ҳатто бирор кишига ҳомийлик қилсанг, у яхши одам бўлиб қолади, деб ҳисоблашган, лекин бу бўлмаган гап. Мана шу фикрга таяниб, хон сотқинлар тўдасидан бир қанча одамларга ҳомийлик кўрсатди ва ана шу тубан кимсалар мудом аввалги обрўли амирларнинг тагига сув қуйишга уринишди. Иш шунга бориб етдики, хон мўътабар амирлардан бештасини ўлдирди ва оилаларини батамом йўқ қилди. Уларнинг ўрнига ўзи ҳомийлик қилган ўша сотқинлардан бештасини қўйди. Султон Маҳмудхон билан ўзбек-қозоқлар ўртасида Шоҳибекхон туфайли жанг бўлган маҳалда ана шу беш киши лашкарбошилар бўлишган ва сўзсиз мағлубиятга учрашган. Ўша ўлдириб юборилган бешта амир қилган хайрли ишлар туфайли атрофдаги султонлар қалбида муҳрланиб қолган ҳокимиятнинг қудратига тан бериш туйғусидан ҳеч вақо қолмади. Бу орада Умаршайх мирзо каптархонадан йиқилди ва 899 (1493-1494) йилда ҳалок бўлди. Бунинг хабари Султон Аҳмад мирзога етгач, у дарҳол, Худо кўрсатмасин, Андижон мўғуллар қўлига тушмасин деб, Андижонга томон қўшин тортди. Умаршайх мирзонинг амирлари ҳушёрлик ва матонат кўрсатишиб, Умаршайх мирзонинг ўн икки яшар ўғли Заҳириддин Муҳаммад Бобур Подшоҳни тахтга ўтқазишди ва Султон Маҳмудхонга ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Султон Аҳмад мирзо Марғилон чегарасига етганда бетоб бўлиб қолди. У сулҳ тузиб ортига қайтаётганда йўлда вафот этди. Бу Умаршайх мирзо вафотидан қирқ кун ўтгач содир бўлди. Султон Маҳмуд мирзо Ҳисордан келиб, акасининг ўрнига Самарқанд тахтига ўтирди. У олти ой ҳукмронлик қилиб, ўз ажали билан ўлди. Султон Маҳмудхон Самарқанд тахтига эришиш орзусида Самарқандга йўл олди. Бойсунғур мирзо Миёнкол деган жойда жангга киришди. Султон Маҳмудхоннинг амирлари ўша ярамаслар тўдасидан бўлгани боис Самарқандни олиш насиб қилмади, Мўғуллар ва Самарқанд аҳолиси мана шу воқеага бағишлаб шеърий тарих ёзишди. Хон ортига қайтиб, Тошкандга келди. Ҳалиги сотқин амирлар хонга: «Ҳозир Шоҳибекхон Самарқанд ва Бухорони эгаллаши учун унга ёрдам берсак тўғри бўлади, ҳукмдор елкасидаги барча ташвишлар унга юклатилади, биз эса Тошкандда бамайлихотир ўтирамиз» дея гап уқтира бошлашди. Хон рози бўлди. Отам бу тадбирнинг нотўғрилигини хонга тушунтиришга қанча уринмасин, уни қанча ишонтирмасин, у мутлақо қулоқ солмади, улар ёрдам беришиб, Шоҳибекхон Самарқанд ва Бухорони олди. Бу воқеанинг баёни иккинчи китобда давом эттирилади; Бобур Подшоҳ ҳаётининг баёни ҳам шунга киритилган. Шундай қилиб, хон кўмагида Шоҳибекхон Самарқандни эгаллаб, унга ўрнашиб олди. Унинг лашкари эллик минг кишига етди, қаерда ўзбек бўлса, ҳаммаси унга қўшилишди. Шоҳибекхон биринчи навбатда хонни четлаштиришга киришди. Хон ноилож аҳволда қолди, хон ҳам, ана у пасткаш одамлар ҳам пушаймондан қанчалик бармоқларини тишлашмасин, фойдаси бўлмади. Бу орада айтиб ўтганимиздек, Мўғулистонда қолган Султон Аҳмадхон, хоннинг иложсиз вазиятда қолганини эшитиб, акасига ёрдамга келди. Ушбу икки хон Шоҳибекхон билан жанг қилишиб, иккови ҳам мағлубиятга учради. Иккала хонни тутиб келтиришгач, Шоҳибекхон уларга иззат-икром кўрсатди. Хонларни Мўғулистонга жўнатди-да, мўғулларни ўзи билан олиб қолди – бунинг баёни иккинчи китобда келтирилади. Султон Маҳмудхон билан Султон Аҳмадхон иккала ака-ука ҳам Мўғулистонга кетишди. Султон Аҳмадхон ўлди, бу Султон Аҳмадхон ҳаёти тасвирида баён қилинади. Султон Маҳмудхон Мўғулистонга бориб, бир қанча муддат у ерда бўлиб, кўп қийинчиликларни бошдан кечирди, охир оқибат, Шоҳибекхон унга илгари кўрсатган ҳомийлик умидида унинг қошига боради. Бироқ Шоҳибекхон Султон Маҳмудхонга: «Бир марта бағрикенглик қилдим, иккинчи марта яна шундай қилсам, бу менинг ҳокимиятим инқирозига сабаб бўлади» дейди. У Султон Маҳмудхонни оиласи, катта-кичик фарзандлари билан Хўжанд дарёси бўйида ўлдиради. «Лаби дарёи Хўжанд» (Хўжанд дарёси бўйи) сўзларида уларнинг ўлими санаси жамланган. Бу воқеалар иккинчи китобда баён қилинади ва шу шеърий тарих ҳам ўша ерда тушунтирилади. Такрорга йўл қўймаслик учун биз бу ерда тасвирни қисқартирдик.
Олтмиш тўртинчи фасл. Султон Аҳмадхон баёни.
Илгари баён қилинганидек, Юнусхон Тошкандга келган пайтда Султон Аҳмадхон ибн Юнусхон шаҳар ва вилоятларда яшашни ёмон кўрадиган мўғулларга қўшилиб, отасидан қочиб бориб, Мўғулистонда қолиб кетди. Унинг Мўғулистонда қилган ишлари ва ҳукмронлиги – жуда узун тарих, булар ҳақида қисқача қуйидагиларни айтиш мумкин: Мўғулистонда қолган барча мўғулларни ўз ҳокимиятига тегишли тарзда бўйсундириши учун унга ўн йилча керак бўлди. У бир қанча қавм амирларининг, шу жумладан, арлотларнинг қадрига етмади, ваҳоланки, улар улуғ амирлар бўлишган. Амирлар унга қаршилик кўрсатишди, ниҳоят жанг бўлди, ўша жангда уларнинг авлоди қириб юборилди. У Эсан Буғахонга қарши юришда иштирок этганидан бери ортиқ бирорта хонга мадад қўлини чўзмаган амир Султон Али чурасни ҳам ўлдирди. Бу орада қалучи қавмидан бир гуруҳ лашкарбошилар, – ўша пайтда Мўғулистонда сон жиҳатидан бундан кўп қавм бўлмаган – тил бириктиришиб, бир куни кечаси хонга ҳужум қилишди. Хон қароргоҳи ёнида бўлган барча жангчиларни чопиб, хон чодирини ўққа тутишди. Хон бир неча жойидан ярадор бўлди. Охири улардан биттаси хонни бир ёқлик қилиш учун чодир ичига бостириб кирди. Хон қилич яланғочлаб, унга қарши турди. Улар бир-бириларини ярадор қилишди ва ўша одам ҳаммаёғидан яраланиб чодирдан қочиб чиқиб кетди. Бир неча киши отдан тушиб, биргаликда тағин бир чодирга киришга ҳаракат қилишди, шу пайт хон саройининг энг ҳурматли кишиларидан Сут Эмган баҳодир келиб қолди. Ҳалиги одамлар кимдир келганини кўргач, яна отга минишди-да, унга қарши жўнашди. У бир ўзи эди, лекин улар билан жанг қилди, Сут Эмган баҳодирни ўлдириш учун анча-мунча вақт керак бўлди. Улар хонга тағин ҳужум қилишди. Қаттиқ шовқин-сурон кўтарилиб, ҳар тарафдан отларни шошилинч эгарлаб, хон қароргоҳи томон одамлар ёпирилиб кела бошлашди. Қалучи қавми одамларининг ортиқ қаршилик кўрсатишга кучлари етмай қочиб кетишди. Ушбу қалучи гуруҳи батамом хон мулозимларидан иборат бўлган, бунга ҳеч кимда шубҳа бўлмаган. Охири улар қалмоқлар томонга қочиб кетишди. Хон жароҳатлари тузалгандан сўнг уларни ҳамма жойдан қидирди, уларни бутунлай қириб ташлаш учун икки йил керак бўлди. Шундан сўнг хоннинг ишлари тўлиқ изга тушди. Мўғулистонда ҳеч ким унга қарши туролмади. Бир неча марта у қалмоқларга қарши муваффақиятли ҳужумлар қилди, улардан кўпини ўлдирди. Икки марта Эсан Тойши билан жанг қилиб, ҳар иккаласида ҳам ғолиб бўлди. Қалмоқлар ундан ниҳоятда қўрқишган ва уни Олачахон деб аташган, бу мўғул тилида «Қотил хон» деган маънони беради. Бу лақаб хонда умрбод қолган, одамлар уни Олачахон дейишган. Ҳозир мўғуллар уни Султон Аҳмадхон деб, бошқа қавмлар эса «Олачахон» дейишади. Мирхонд, Хондамир Ҳиравий ва бошқа тарихларда ҳам «Олачахон» деб ёзишган. Шу воқеалардан кейин у ўзбек-қозоқлар устига юриш қилди. Бунинг сабаби бундай эди: Султон Маҳмудхон ҳаётининг баёнида айтиб ўтган эдик, Султон Маҳмудхон икки марта ўзбек-қозоқлар билан жанг қилиб, ҳар иккаласида ҳам мағлуб бўлди. Шу сабабдан Султон Аҳмадхон ўзбек-қозоқлар билан урушиб, уч марта ғалаба қилди. Улар унинг акаси Султон Маҳмудхонга нима қилишган бўлсалар, ҳаммаси учун қасос олди. У Мўғулистонни шундай мустаҳкамлаб олдики, қалмоқлар ва ўзбеклар етти-саккиз ойлик йўл масофасида Мўғулистон ҳудудига яқин келолмайдиган бўлдилар. Мўғулистон чегараларидан кўнгли хотиржам Султон Аҳмадхон 905 (1499-1500) йилда, яъни фақир банданинг туғилган йилимда, Кошғар ва Абобакр мирзо ишини бир ёқлик қилишга киришди. У Кошғарга келганда, Абобакр мирзо Кошғарни ва Янги Ҳисорни лашкар ва озиқ-овқат билан таъминлаб, ўзи Ёркандга кетди. Абобакр мирзонинг амирлари бир неча бор хонга қарши Кошғар ва Янги Ҳисор қалъаларида жанг қилишди, бунинг тафсилоти жуда узун. Ниҳоят Султон Аҳмадхон куч билан Янги Ҳисор қалъасини олди, Кошғар аҳолиси қалъани ташлаб, қочиб кетишди. Шу тахлит у Кошғар билан Янги Ҳисорни қўлга киритди. У қишни ўша ерда ўтказди ва оиласини Мўғулистондан Кошғарга кўчириб келди. Қиш охирлаганда улар Ёркандга, Абобакр мирзо устига юришди. Абобакр мирзо қалъадан чиқмади. Султон Аҳмадхоннинг жангчилари қалъага юришдан маъно йўқлигини кўришгач, Ёрканд тоғига ўлжа учун жўнашди. Ўлжани қўлга киритгач, улар Ёрканд ва Кошғарга йўл олишди. Абобакр мирзо кўп сонли лашкар билан Ёрканддан чиқиб, тоғда хоннинг йўлини кесиб чиқди. Қаттиқ жанг бўлди, дарё-дарё қонлар тўкилиб, ниҳоят хон лашкари мағлубиятга учради. Тор-мор қилинган хон Кошғарга келди, лекин бу ерда қололмади. Кошғардан ҳам қочиб, Мўғулистонга кетди. Шу тахлит бир йил ўтгач, Шоҳибекхоннинг Султон Маҳмудхонга қарши душманлик ҳаракатлари ҳақидаги хабар етиб келди. Укалик меҳри товланиб, Султон Аҳмадхон ўз акаси ёнига жўнади. Ўз ўрнида катта ўғли Мансурхонни қолдириб, унга хонлик ҳуқуқини берди. Қолган икки ўғиллари Султон Саидхон билан Бобожоқ султонни хон ўзи билан бирга Тошкандга олиб кетди. Икки хон, Султон Маҳмудхон билан Султон Аҳмадхон Тошкандда учрашдилар. Учрашув пайтидаги ҳар хил расм-русумлар иккинчи китобда тасвирланади. Қисқаси, улар Шоҳибекхонга қарши қандай қилиб курашиш ҳақида ўйлашди. Ниҳоят хонлар билан Шоҳибекхон ўрталарида Ахсида жанг бўлиб ўтди, хонлар енгилди ва асирга тушишди. Шоҳибекхон уларнинг илгариги хизматларини ҳисобга олиб, икковини ҳам Мўғулистонга жўнатиб юборди. Аммо мўғул улусидан кўпчилигини олиб қолди. Иккала хон ҳам Мўғулистонга кетишди ва ўша қишни Оқсувда ўтказишди. Султон Аҳмадхон бир неча марта фалаж бўлди. Табиблар уни тузатишдан ожиз бўлишди ва 909 (1503-1504) йил қишнинг охирида Султон Аҳмадхон вафот этди (Илоҳим, жойи жаннатда бўлсин). Султон Аҳмадхон беҳад тақводор ҳукмдор, ҳақиқий мусулмон, шариат қонунларидан хабардор хон эди. Шунинг учун кўп масалаларда шариатга таяниб иш кўрди. Шариат масалаларида у ҳеч ҳам қийналмасди. У ғайратчан ва жасур киши бўлиб, беҳад довюраклиги, ақлу фаросати билан ажралиб турар, шу билан бирга камтар эди. У дарвиш, олим ва тақводор кишиларни айниқса ҳурмат қиларди. У вақтининг кўп қисмини тоат-ибодатга бағишлаб, беш вақт намозни албатта жамоат билан ўқирди. У қариндошчилик ришталарини жуда қадрларди; олийҳимматлилик ва хайрли ишларда ўша даврда унга тенг келадигани бўлмаган. Унинг муборак ёши ўттиз тўққизда эди. Ҳаётининг тўлиқ тасвири иккинчи китобда берилади.
Олтмиш бешинчи фасл. Мансурхон зикрида (Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилсин).
Мансурхон – Султон Аҳмадхоннинг катта ўғли. Султон Аҳмадхон акаси Султон Маҳмудхонга кўмак бериш учун Тошкандга кетганида Мансурхонни ўз ўрнида қолдирди. Бу 909 (1503-1504) йилда бўлган эди, ўшанда у ўн олти ёшда бўлиб, отаси Султон Аҳмадхоннинг вафотигача хон бўлиб турди. Султон Маҳмудхон Оқсувни ташлаб, Мўғулистонга кетгач, Мансурхон Оқсувга жойлашди. У билан дўғлат қавмидан бўлган амир Жабборберди орасида, меросхўрлар ўртасида бўлганидек, келишмовчилик юз берди ва у Жабборбердини ўлдириш фикрида бўлди. У жонини қутқаришга чора излаб Абобакр мирзога одам юборди ва ундан мадад сўради. Абобакр мирзо бунақа имкониятни анчадан бери Аллоҳдан сўрарди, у ўттиз минг кишилик лашкар билан Оқсувга жўнади. Амир Жабборберди Абобакр мирзо истиқболига шошилинч чиқди. Абобакр мирзо лашкарининг қурол-аслаҳа ва жангчилари тайёр ҳолга келтирилди. Бу хабар Мансурхонга етгач, у Оқсув қалъасини мустаҳкамлаб, у ерда лашкарни қолдириб, ўзи Бой ва Кусан тарафга кетди. Амир Жабборберди Абобакр мирзога ишончи туфайли ўзи туғилиб ўсган юрти Уч қалъасини Абобакр мирзога топшириб, у билан бирга Оқсувга кетди. Улар жанг билан Оқсувни олиб, пулларни ва Султон Аҳмадхон ҳамда унинг одамлари йигирма беш йил давомида тўплаб яшириб қўйган барча бойликларни эгаллаб олишди. Мўғуллар ва Оқсув халқини – ҳамма-ҳаммасини кўчириб, Кошғарга жўнатишди. Абобакр мирзонинг ишончини қозониш учун амир Жабборберди ўз оиласини ҳаммадан аввал жўнатди ва жон сақлашнинг воситасини шунда кўрди. «Оиланг шу ерда қолаверсин» деди Абобакр мирзо. «Оилани кейин кўчириш қийин бўлади. Оилам ҳозир кетаверсин, мен бир неча кунга қолиб, чекка туманларда ҳужум қилиш ва талаш билан шуғулланаман. Лашкарингизни ўлжа билан тўлиқ таъминлайман ва лашкар билан бирга Кошғарга, сизнинг хизматингизга бораман», деб жавоб берди амир Жабборберди. Абобакр мирзо амир Жабборбердининг бу ҳийласига ишониб, унинг оиласини олиб кетди ва ўз лашкаридан ўн минг одамни амир Жабборберди билан қолдирди. Алданган, йўлдан тойдирилган Абобакр мирзо лашкари Кошғарга кетди, амир Жабборберди эса Оқсув чегарасида қолди. Бу воқеалардан Мансурхон тамоман довдираб, ўзини ночор ҳис этди ва амир Жабборбердига қасд қилганидан пушаймон бўлди. Амир Жабборберди Мансурхоннинг тоғаси бўлиб, Мансурхон унинг синглиси Соҳиб Давлат бегимдан туғилган эди. Шу пайтда амир Жабборберди келгани ҳақида хабар олиб келинди. Мансурхон унга киши юбориб, узр сўради, амир Жабборберди билан шартнома тузиб, уни олиб келди ва отаси Султон Аҳмадхон кўрсатган илтифотлардан ҳам ошириб иззат-икром кўрсатди. Амир Жабборберди Мансурхоннинг хизматига келди, шундан сўнг хоннинг ишлари равнақ топа бошлади. Ўша кунларда ҳар хил қавмлар ўртасида душманлик юзага келар, у буларни қўлидан келганча яраштирарди. Маълумотлар хотирада тўлиқ сақланмагани боис бу воқеаларнинг баёни муфассал келтирилмади. Қисқаси, шу орада Мўғулистонда Султон Маҳмудхон, Султон Саидхон ва Султон Халил султон ўртасида юз берган келишмовчиликлар ҳақида хабар етиб келди. Мансурхон Мўғулистонга бориб, амакиси Султон Маҳмудхон билан яна бир марта учрашди. Катта амакиси мажлисида Мансурхон ўз укалари Султон Саидхон ва Султон Халил султон билан учрашди. Ажрашганларидан кейин Султон Маҳмудхон Мўғулистонда қололмади. Мўғулистондаги ишларни тартибга келтириш унинг қўлидан келмади ва у аввал айтиб ўтганимиздек, Мовароуннаҳрга бориб, ўша ерда ҳалок бўлди. Султон Маҳмудхоннинг вилоятга кетганини эшитгач, Мансурхон укалари қошига йўл олди. У келган пайтда бу икки султон қирғизлар ва қолган мўғуллар билан бирга Мўғулистонда эди. Чорун Чолак деган жойда қаттиқ жанг бўлди, Мансурхон ғалаба қилди, икки ака-ука вилоятга қочиб кетишди. Улар Андижонга етишганда, Андижон ҳокими Жонибек султон Султон Халил султонни ўлдирди. Султон Саидхон Кобулга қочиб кетди. Бунинг баёни иккинчи китобда келтирилади, Султон Саидхон ҳаётининг шарҳида ҳам ёритилади. Мансурхон Мўғулистонда бўлган қирғизлар ва бошқа элатларни Чалиш ва Турфонга кўчиб кетишга мажбур қилди. Қирғизлар Мўғулистондаги барча бузғунчиликларнинг сабабчилари бўлганлигидан Мансурхон ҳийла билан уларнинг кўпини ўлдирди, озроқ қисми Мўғулистонга қочиб кетди. Кейин у бир неча бор қалмоқлар устига юриш қилди, аксарият ҳолларда ғалаба қозонди ва Мансурхоннинг ишлари ривож топди. Аммо ака-укалар гоҳида унга қарши қўзғалиб туришди. Улардан Эмин Хожа султон айниқса, кўпроқ душманлик қилди. Мансурхон икки марта унинг исёнини яхшиликча бостирди, унга ҳеч нима демади, у учинчи марта қўзғолганида уни тутиб олиб Ёрака отабегига топширди ва ўлдиришни буюрди. Ёрака отабеги Эмин Хожа султонни бир жойга бекитиб қўйди-да, хонга, буйруқни бажардим, деди. Бир йил ўтгач, Мансурхоннинг яна бир укаси Бобожоқ султон хондан қочиб, Бой ва Кусанга кетди. Абобакр мирзо билан амир Жабборберди вайрон қилганларидан бери Бой ва Кусан ўша ҳолича ётган эди. Бобожоқ султон бу ерга келиб, деҳқончилик билан шуғулланди ва вайрон бўлган қалъани тиклади. Мансурхон Бобожоқ султонга қарши юриш қилди. Аввал у укасига мурожаат қилишни панд-насиҳатдан бошлади, гапини тинчлик, ҳамжиҳатлик ҳақидаги сўзлар билан тугатди. Бобожоқ султон: «Қандай қилиб мен сизга ишонай, сиз худди мендек укангиз бўлган Эмин Хожа султонни душман сингари ўлдирган бўлсангиз. Сизга ҳеч бир ишончим қолмади» деди. Мансурхон Эмин Хожа султонни ўлдиришга буюрганидан пушаймон бўлди ва нима деб жавоб қилишини билмади. Шу аснода Ёрака отабеги; «Мен ўзбошимчалик қилдим, сизнинг буйруғингизга қарамай мен унинг ҳаётини сақлаб қолдим» деди. Мансурхон қувониб кетиб, бу иши учун Ёрака отабегининг мансабини кўтарди, Эмин Хожа султонни эса Бобожоқ султон ёнига жўнатди. Бобожоқ Мансурхонга бўйин эгди ва яхши иттифоқлик йўлга қўйилди. Шу вақтда Султон Саидхоннинг Абобакр мирзо устидан қозонган ғалабаси ва Кошғарнинг озод қилингани ҳақида хабар келди. Бобожоқ султон Эмин Хожа султонни Саидхон қошига жўнатди – Бобожоқ султон билан Мансурхон бир онадан эдилар. Султон Саидхон Эмин Хожа султоннинг келганидан беҳад хурсанд бўлди. Бу воқеалар тафсилоти иккинчи китобда келади. Мансурхон Султон Саидхондан Султон Халилнинг ўлими туфайли жуда қўрқарди, негаки у Султон Саидхон билан бир онадан туғилган эди, Султон Саидхон билан Мансурхон ўртасида душманлик ҳукм сурарди. Мансурхон унинг эски душманлик йўлидан боришига қаттиқ ишонарди, аммо Мансурхон мулоҳазасига қарама-қарши ўлароқ, Султон Саидхон акаси Мансурхон қошига элчи юбориб, у билан учрашишни сўради. Учрашув 912 (1506-1507) йилда Оқсув билан Кусан ўртасида бўлиб ўтди; Султон Саидхон акасига бош эгди ва хутбани унинг номига ўқитди. Ака-укалар ўртасида яқин муносабат ўрнатилди. Икки ака-уканинг ҳамжиҳатлиги туфайли йигирма йил давомида мамлакатда тинчлик ҳукм сурди. Айтайлик, бирор одам Хитой шаҳри Камуладанми ёки Андижонданми келаётган бўлса, ҳеч қачон озиқ-овқат ёки от-уловга муҳтожлик сезмаган, аксинча, ҳар кеча бирорта хонадонда меҳмон бўлган. Муҳаммад (с.а.в) ва унинг умматлари номидан сўраймизки, ҳар бир ишга қодир Аллоҳ нариги дунёда бу икки олийжаноб ака-укага муносиб бандалар орасидан жой ато этсин ва уларга жаннат эшикларини очсин. Ана шу йигирма йил ичида Мансурхон бир неча марта қалмоқларга қарши Хитойга ғазавот эълон қилди ва ҳар гал ғалаба билан қайтди. Шу урушлардан бирида амир Жабборберди, шунингдек, Хожа Тожиддин Муҳаммад шаҳид бўлишди. Хожа Тожиддин Мавлоно Аршадиддин наслидан тарқалган Кусан хожаларидан бўлган. Мўғулларда Мавлоно Аршадиддин туфайли ислом дини йўлга қўйилди, бунинг баёни аввал берилган эди. Хожа Тожиддин Мавлоно Али Аррон Тусий (Аллоҳ раҳматига олсин) қўлида таълим олди ва бир неча марта пирларнинг қутби Хожа Носириддин Убайдуллоҳ ҳазратлари билан учрашишга муяссар бўлди ва Эшоннинг муборак чехраларини кўришдек саодатга эришди. Фақир банда Хожа Тожиддиннинг ўз оғзидан эшитганим бор эди, у бир куни: «Мен эшон ҳазратлари олдида ўтирганимда, у киши, шубҳали луқмани ейишдан тийилмоқ керак», дедилар. Мен йиғинда иштирок этаётган одамларга разм солдим, ҳаммалари тақводор инсонлар эди, мендан бўлак бундай парҳезга риоя қилмайдиган ҳеч ким йўқ эди. Шундан бошлаб мен поклигига ишончим комил бўлмаган овқатларни емасликка ўзимга сўз бердим, мен дастурхонингиздан овқат еёлмасам, мени маъзур тутинг» деган эди. Шундан кўриниб турибдики, Хожа Тожиддин тақводор ва нафсини тия оладиган киши бўлган. Эллик йил мобайнида у доимо Султон Аҳмадхон билан Мансурхоннинг ёнларида бўлди, хонлар унга сиғиниш даражасида бўлишган. У ҳеч кимдан, хонлардан ҳам, султонлардан ҳам, амирлару жангчилардан ҳам, халқдан ҳам, боққоллару деҳқонлардан ҳам ҳеч қандай хайр-эҳсон ёки совға-салом қабул қилмаган. Хожа Тожиддин тижорат ва деҳқончилик билан шуғулланган, бунинг эвазига қодир Аллоҳ унга кўрсатган инояти туфайли катта бойлик тўплаган. У йил бўйи хон ва амирларга қанчалар саховатпешалик қилган! Ғарибу ғураболар, оддий халқ, деҳқонлар ва баққоллар, ҳунармандлар – ҳамма ундан наф кўрган. Шу сабабдан унга ишончсизлик билан қарайдиган одам бўлмаган, барча давлат ишлари у туфайли муваффақиятли ҳал этилган. Дарҳақиқат, у беҳад улуғ, ҳалол, сахий, бағрикенг одам бўлган. Хитойга қарши олиб борилган урушлардан бирида у Мансурхоннинг кўзи олдида исломнинг жафокаши сифатида жон берган (Аллоҳ охиратини обод килсин). Қисқаси, Мансурхон Хитойга қарши адолатли урушни тугатгач, Мўғулистондаги Арисда ўзбек-қозоқлар билан жанг бўлди ва хон енгилди. Мансурхон ҳокимиятининг бош устунларидан бири Сўфи мирзо бекчик ўлдирилди. Шундан сўнг Мансурхон Чалиш ва Турфондан нарига кам чиқадиган бўлди. Султон Саидхон вафот этгач, у икки марта Оқсувга юриш қилди, ҳеч нарсага эришолмай орқасига қайтди. У 950 (1543-1544) йилда вафот этди (Илоҳим Ўзи унга жаннатдан жой ато этсин). Ўшанда унинг муборак ёши олтмиш атрофида эди. Чиғатой хонларидан, Юнусхондан ташқари ҳеч ким, шу ёшгача яшамаган. У 907 (1501-1502) йилда ўн олти ёшида тахтга ўтириб, қирқ уч йил подшолик қилди. Чиғатой хонларидан ҳеч ким шунча йил ҳукмронлик қилмаган. Шундай узоқ умр ва шундай мустаҳкам ҳокимият мўғул хонларининг бирортасига насиб қилмаган. Унинг ҳаёти бошидан охиригача хайрли ишлар ва тақводорлик билан безанган. Унга яқин одамлардан эшитган эдимки, у ўз вақтининг фақатгина бешдан бир қисмини давлат ишларига сарфлаган, қолган вақти Қуръон мутолаасига, намоз ўқишга ва Аллоҳга сиғинишга кетган. Вақтни тақсимлаш маҳорати бўйича ҳукмдорлар, ҳатто тариқат аҳли орасида ҳам унга ўхшагани кам топилса керак. Шубҳасиз, шу ишлари орқасидан унга мана шундай узоқ умр ва шундай дунёвий бойлик насиб қилганки, бунақасига унинг тоифасидаги бирор кимса эришолмаган. Ишончимиз комилки, карами кенг Аллоҳ унинг ёруғ оламдаги ҳаёти сингари у дунёсини ҳам обод қилади (Илоҳим шундай бўлсин). У ҳаётни жуда зўр билган, ўткир ақл эгаси бўлган, тинчликни сақлаш, лашкарни жамлаш ва уни бошқариш санъатини эгаллаган. Унинг табиатида подшолик дабдабаларига, хонларча ўзини катта олиш, такаббурликка мойиллик бўлмаган, ҳатто аксинча, у оддий бўлишга, ўзини бошқалардан ажратмасликка ҳаракат қилган. Ўша пайтда яхши қироат қиладиган бир ҳофиз бўлган экан. У Қуръонни зўр ўзлаштирган, ўша манзилларда қироатни ундан яхши биладиган одам бўлмаган; одамлар уни «Ҳофизи магасак», яъни «Итчивин қори» деб аташган. У табиатан шу даражада бетайин ва бузуқ одам бўлганки, буни тасвирлашдан тийилган маъқул. Мансурхон ундан Қуръонни ўрганган. Унинг айрим мулозимлари ёлғиз қолишган пайтда хонга ўша ҳофизнинг устозликка нолойиқ эканлигини айтишган, чунки у беҳад ахлоқсиз нусха, яқинда уни сигир билан ярамас иш қилаётганда кўришган. Хоннинг шундай одамга шогирд бўлиши тўғрими?» – дея эътироз билдиришган. Хон: «Мен ундан Қуръонни ўрганяпман, унинг ярамасликларини ўрганиш ниятим йўқ» деб жавоб берган. Буни айтишдан мақсад, Мансурхоннинг қай даражада ҳақиқий мусулмон бўлганлигини кўрсатишдир; у бутун онгли ҳаётини мусулмончиликка бағишлаган. Ундан икки ўғил – Шоҳхон ва Муҳаммад султон, бир қиз қолган бўлиб, қизини Султон Саидхон ўғли Рашид султонга олиб берган, бу ҳақда иккинчи китобда сўз юритилади.
Олтмиш олтинчи фасл. Шоҳхон ибн Мансурхоннинг баёни.
Мансурхон (Аллоҳ гўрини нурафшон қилсин) ҳаётининг сўнгги кунларида катта ўғли Шоҳхонни хон кўтарди, ўзи эса узлатга кетди. Мансурхоннинг вафотидан сўнг Шоҳхон тўла мустақилликка эришди ва мана ҳозир ҳам, яъни 952 (1545-1546) йилда отасининг ўрнида Турфон ва Чалишда хонлик қилмоқда. Отасининг мулозимлари билан муносабатда, хонлик ишларида ва давлатни бошқаришда у нотўғри йўл тутди. Ўзим ҳам эшитганман, ҳаммага ҳам бу маълум, у нолойиқ феъл-атвори билан ном чиқарган – буни изоҳлаш мазкур китоб мақсадига кирмайди. Падари бузрукворининг ҳаётлик чоғидаёқ у оқпадарлик лойи билан муборак номни ва поклик либосини ифлос қилди ҳамда тақводор отасига рисоладагидек ҳурмат-иззат кўрсатмади, бу дунёнинг бахт-саодати бўлган солиҳ фарзандлик бурчини адо этмади. Шундоқ бўлса-да, тарих битувчиларнинг одатлари шундайки, воқеалар қанчалик эслашга нолойиқ бўлмасин, улар уни тасвирлашдан тийилмайдилар, негаки уларнинг мақсади ҳукмдорларнинг мақтовга лойиқ феъл-атворларини кўрсатиб, ножоиз ишларини четлаб ўтиш эмасдир. Дунё халқлари тарихи тўғри сақланмоғи учун улар ҳамма нарсани қандай бўлса, шундоқлигича ёритиб беришлари лозим. Келажакда ҳар бир одам, у юқори табақаданми ёки бошқаданми, бу сатрларни ўқиб, бунинг панд-насиҳат эканлигини тушуниб, яхши хулқлардан ё бўлмаса ярамас хатти-ҳаракатлардан охир-оқибат нима кутиш мумкинлигини ўзи учун белгилаб олар, нега ҳар бир шахс ундоқ ёки бундоқ тарзда тасвирланганига ақли етар. Ва эҳтимол, бу панд-насиҳатларни ўзига қабул қилиб, кишилар уни келажакда эзгу дуолар билан эслашлари учун яхши амалларга қўл уриб, ёмонликлардан тийилар, иншооллоҳ.
Олтмиш еттинчи фасл. Султон Саидхон ибн Султон Аҳмадхон баёни.
Султон Аҳмадхоннинг ўн саккизта ўғли бўлган, энг каттаси Мансурхон бўлиб, у ҳақда юқорида тўхталдик. Ундан кейингиси Искандар султон, отасидан сўнг ўз ажали билан ўлган. Ундан сўнг Султон Саидхон келади. Қолган ўн бештасининг ҳаёти иккинчи китобда ёритилади. Султон Аҳмадхон акаси Султон Маҳмудхонга мадад бериш учун кетганида Султон Саидхон ўн тўрт ёшда эди. У фарзандлари ичидан фақат икки ўғлини – Султон Саидхонни ва Бобожоқ султонни ўзи билан олиб кетди. Хонлар бирга бўлган ўша кунларда Султон Саидхоннинг ҳаёти падари бузруквори ҳамда саодатманд амакисининг ғамхўрликлари остида ғоятда бахтиёр кечди. Бу икки хон билан Шоҳибекхон ўртасида Ахсида жанг бўлгунига қадар шундай давом этди, жанг тафсилотлари юқорида келтирилган эди. Қочаётганда Султон Саидхоннинг бўкса суягига ўқ тегиб, суякни жароҳатлайди. У бир пана жойга бекиниб олди. Ҳужумлар тўхтаб, одамлар ўз жойларида қарор топгандан кейин уни топиб олишди. Оёғи жароҳатлангани учун уни ҳеч қаёққа олиб боришмади. Бир неча кундан кейин саломатлиги бироз яхшилангач, уни Ахси ҳокими Шайх Боязид олдига олиб боришди. Шайх Боязид ва унинг укаси Султон Аҳмад Танбал ҳаётларининг баёни иккинчи китобда келтирилади. Шайх Боязид Султон Саидхонни қамоқда сақлади. Келгуси йили буғдой пишиғи маҳали Шоҳибекхон яна Фарғонага ва Султон Аҳмад Танбал устига юриш қилган пайтда Султон Аҳмад Танбал билан Шайх Боязид барча ака-укалари билан бирга Шоҳибек қўлида шаҳид бўлишди. Шоҳибекхон Фарғонани эгаллаб олди. Султон Саидхон Ахсида Шайх Боязид қамоғида ётган эди. Шоҳибекхоннинг одамлари Султон Саидхонни қамоқдан чиқариб, Шоҳибекхон қошига олиб келишди. Шоҳибекхон Султон Саидхонга худди ўз ўғлидек муомала қилиб, унга чин кўнгилдан ачинди ва уни ўзи билан Самарқандга олиб бориб, у ердан лашкар билан бирга Ҳисорга олиб кетди. Хисравшоҳ Ҳисор, Қундуз ва Бадахшонни олганда Султон Саидхон Шоҳибекхон билан бирга эди. Шоҳибекхон у ердаги ишлардан озод бўлгач, тағин Самарқандга қайтди, у ердан Хоразмга йўл олди. Султон Саидхон бу пайтда ундан қочиб Мўғулистонга кетиб қолди. У Ўзганд йўли билан Еттикандга етди. Еттикандда ўша пайтда Султон Маҳмудхон ўтирарди. Бир муддат катта амакиси ёнида ушланди, аммо Султон Маҳмудхон феълидаги ҳокимият ишларига нисбатан пала-партиш муносабатни кўриб Султон Саидхоннинг батамом ҳафсаласи пир бўлди. У Султон Маҳмудхондан қочиб, Мўғулистонга укаси Султон Халил султон ёнига кетди, ўша пайтда у қирғизлар ҳукмдори эди, тўрт йил Мўғулистонда укаси билан қирғизлар орасида яшади. Бу тўрт йил мобайнида Султон Маҳмудхон, Мансурхон ва бу икки ака-укалар ўртасида кўп воқеалар бўлиб ўтди. Охири шундай бўлдики, Султон Маҳмудхон мана шу жиянлари туфайли Мўғулистонда қололмай, Шоҳибекхон ёнига унинг ҳомийлигидан умид қилиб кетди. Шоҳибекхон уни Хўжандда қатл этди, бу ҳақда тўхталган эдик. Султон Маҳмудхон Шоҳибек қошига кетганида, бу икки ака-ука Мўғулистонда қирғизлар орасида қолишди. Шунда, Мансурхоннинг Чалиш ва Турфондан қўшин тортиб, Мўғулистон қирғизларини бўйсундириш учун ака-укалар устига юриш қилгани ҳақидаги хабар етиб келди. Султон Саидхон билан Султон Халил султон икковлари бутун қирғиз ва мўғулларни тўплаб, Чорун Чолак деган ерда бир мустаҳкам жойни танлаб, жангга шай бўлиб туришди. Мансурхон ҳам лашкарини тўплаб етиб келди. Қаттиқ жанг бўлди, охирида Султон Саидхон билан Султон Халил султон мағлуб бўлишди. Мансурхон баёнида айтиб ўтганимиздек, Мансурхон қирғизларни Чалишга кўчирди. Султон Халил султон жанг майдонидан қочиб, бир қанча одамлари билан зора Шоҳибекхон мурувват кўрсатса, деган умидда Фарғонага, амакиси Султон Маҳмудхон изидан йўлга тушди. У Ахсига келганида Шоҳибекхоннинг амакиваччаларидан бири Фарғона ҳокими Жонибек султон уни ўлдирди. Султон Саидхон жанггоҳдан кетгач, Мўғулистонда ҳарбий қароқчилик (қозоқлик) қилиб юришга қарор қилди, бироқ шундай воқеалар юз бердики, Мўғулистонда қолишнинг иложи бўлмай қолди. У воқеалар иккинчи китобда шарҳланади, бу ерда қисқача тўхталамиз. Султон Саидхон ҳам Андижонга кетишга мажбур бўлди. Қандайдир сабабга кўра у ердан ҳам қочиб, Кобулга, Умаршайх мирзонинг ўғли, аммаваччаси Бобур Подшоҳ ёнига кетди. Бобур Подшоҳ унга катта иззат-икром кўрсатди. Султон Саидхон Кобулда уч йил турди. Шоҳ Исмоил Марвда Шоҳибекхонни ўлдирганида Бобур Подшоҳ Кобулдан Қундузга йўл олди, Султон Саидхон ҳам у билан бирга Қундузга борди. Бу орада Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг ўғли, мазкур «Тарих» муаллифи каминанинг амакиси Саид Муҳаммад мирзо Андижонга бостириб кириб, Андижондан Жонибек султонни қувиб чиқарди ва Фарғона вилоятини эгаллади. У қилган ишлари ҳақида Бобур Подшоҳга одам юбориб хабар қилди. Бобур Подшоҳ ўз хизматида бўлган мўғул амирлари билан қўшиб Султон Саидхонни Андижонга юборди. Амаким Саид Муҳаммад мирзо уни кутиб олишга шошилди ва ўзи эгаллаган вилоятни унга бутунлай топширди. У қадимги мўғул удумига кўра менинг амакимни рағбатлантирди, яъни ўзига отамерос улусбеги мансабини унга берди. Ўша кунлари Абобакр мирзо Андижонга юриш қилди. Фарғонани эгаллаш иштиёқида у Кошғардаги лашкарини қуроллантириб келди. Хон бир ярим минг одами билан Андижондан икки фарсах наридаги Тутлиқ деган жойда Абобакр мирзони кутиб олди, икки лашкар тўқнашди. Аллоҳ кўмаги билан хон бир ярим минг лашкари билан йигирма минг кишилик лашкар устидан ғалаба қилди. Қаттиқ жанг бўлиб, кўп қон тўкилди. Шу ғалабадан сўнг атроф-теваракдаги султонлар Султон Саидхондан қўрқиб қолишди. Ўзбак султонлари Фарғона чегарасида, Самарқанд ва Тошкандда тўпланишди. Шу воқеадан кейин Бобур Подшоҳ Ҳисори Шодмонда ўша ўлкаларнинг султонлари билан жанг қилди ва ғалабага эришди. Ўзи етказган мана шу зарба билан у Мовароуннаҳрдан барча ўзбекларни қувиб чиқарди ва Самарқанд тахтига ўтирди. 917 (1511-1512) йилнинг ражаб ойида Султон Саидхон Андижонда қарор топди. Ўша йилнинг эрта баҳорида ўзбеклар иккинчи марта Тошкандга бостириб келишди, Убайдуллоҳхон Бухорога жўнади. Бобур Подшоҳ Убайдуллоҳхонга қарши кўтарилди. Бухоро чегарасида жанг бўлиб, Убайдуллоҳхон зафар қозонди. Бобур Подшоҳ енгилиб, Самарқандга қайтди, оиласи ва керакли юкларини олиб Ҳисорга қочди. Ўзбаклар тағин ғалаба қилди. Султон Саидхон Андижонда қолди. Бобур Подшоҳ мадад сўраб Шоҳ Исмоилга мурожаат қилди. У Бобурга ёрдам бериш учун амирларидан Мир Нажм Сонийни олтмиш минг кишилик лашкар билан жўнатди. Бобур Подшоҳ уларга қўшилиб Самарқандга йўл олди. Султон Саидхон Андижон тарафдан ўзбекларга қарши қўшин тортиб, Самарқандга йўл олди. Тошканд чегарасида хонга қарши Суюнжикхон турарди. Қолган барча ўзбек хонлари ва султонлари Бобур Подшоҳга қарши бўлиб Самарқанд ва Бухорода тўпланишди. Султон Саидхон билан Суюнжикхон ўрталарида Тошканд чегарасида жанг бўлди. Хонда беш минг кишилик, Суюнжикхонда етти минг кишилик лашкар бор эди. Қаттиқ жанг бўлиб, охири Суюнжикхон зафар топди; Султон Саидхон қочиб Андижонга келди. Шундан кейинроқ Бобур Подшоҳ ҳам Бухоро яқинидаги Ғиждувонда ўзбек султонларидан енгилиб, Ҳисорга кетди. Камина қулингиз, мазкур «Тарих»нинг муаллифи, Бобур Подшоҳдан рухсат олиб, у Мир Нажм Сонийга қўшилган пайтда, Андижонга Султон Саидхоннинг хизматига келдим, бу Султон Саидхон Суюнжикхондан енгилган пайт эди. Баҳор келгач, хон Дашти Қипчоқ ҳокими Қосимхон олдига борди, – ўша пайтда унинг лашкарининг сони уч юз минг киши бўлган. Қосимхон Султон Саидхонга шундай иззат-икромлар кўрсатдики, хон буни кўп йиллар эслаб юрди. Хон у ердан қайтгач, мени ўз тенгларим орасида ҳаммадан ортиқ кўриб, кўрагон – хон куёви қилди. Бунинг тафсилотлари иккинчи китобда батафсил ёритилади. 920 (1514-1515) йилнинг эрта баҳорида барча машҳур ўзбек султонлари тамоми одамлари ҳамда катта лашкарлари билан Андижон сари юзландилар. Хон бу пайтда жанг қилишни маъқул кўрмай, душман лашкари ҳали Фарғона чегарасига етмай туриб Мўғулистонга кетди. Еттикандга етганда у машварат уюштирди ва амаким (Абобакр мирзонинг акаси) Саид Муҳаммад мирзонинг саъй-ҳаракатлари ҳамда тўғри маслаҳати туфайли Кошғарга йўл олди. Кошғарда қаттиқ жанг бўлди, Кошғар лашкари мағлубиятга учраб, Кошғар қалъасига бекиниб олди. Султон Саидхон Янги Ҳисорга юриш қилди. Уч ой Янги Ҳисорни қамал қилиб турди, охири Янги Ҳисор халқи амаким билан боғланиб, қалъани топширишди. Қочоқлар Абобакр мирзо ёнига Ёркандга келганларида Мирзо ҳам қочишга қарор қилди ва Хўтанга ўтди. Унинг изидан Султон Саидхон ҳам Ёркандга етиб келди ва Абобакр мирзо ортидан қўшин жўнатди. Қўшин уни Тибат тоғларигача қувиб бориб, беҳисоб кийим-кечак, бошқа буюмлар, ҳўкиз ҳамда отлар мўғул лашкари қўлига тушди – бу ҳақда иккинчи китобда ҳам тўхталамиз. Султон Саидхон Кошғар тахтига 920 йилнинг ражаб ойида (1514 йилнинг май-июни) ўтирди. Ўша қишнинг охирида Турфондан Султон Саидхоннинг бир ота-онадан бўлган укаси Эмин Хожа султон келди, у ҳақда ёзган эдик. У барча амирларни Мансурхонни йўқ қилишга ундай бошлади, унинг заифлашиб қолганини айтди, уларга Мансурхоннинг илгари Мўғулистонда қилган душманлик хатти-ҳаракатларини бирма-бир санаб берди. Султон Саидхон унга: «У бизнинг энг катта акамиз. Бизнинг вазифамиз унга бўйсуниш ва хизмат қилишдир, ўша пайтда биз қилишимиз керак бўлган ишларни қилмаганмизки, у бизга адаб ўргатган. Ўша даврларда мен унга нисбатан итоатгўйликни жойига қўймаганман, яхши хизмат қилмаганман, шу боисдан у мени жазолаган. Бунинг учун унга кек сақламаслик керак, аксинча, нотўғри ишларимиз учун узр сўрашимиз лозим», дея насиҳат қилди. Ўтган хатоларининг ўрнини тўлдирмоқ мақсадида Мансурхонга элчи юбориб узр ва итоатини изҳор қилди. Укаси билан ораларида бўлиб ўтган душманликлардан хавфсираб, қўрқиб юрган Мансурхон бу хабарни эшитиб енгил нафас олди, қалби қувончга тўлиб, юрагини ҳовучлаб учрашувга шошилди. Улар Оқсув ва Кусан оралиғида учрашдилар. Султон Саидхон унинг номига хутба ўқишни ва танга зарб уришни буюрди ва бу билан Мансурхонга тўлиқ итоатини изҳор қилди. Илгари Мансурхоннинг душманлиги туфайли нима бўлган бўлса, буни ўз олийжаноблиги ва итоатгўйлиги билан ювди. Икки бахтиёр ҳукмдорнинг ана шундай иноқ-иттифоқликлари боис мамлакатда шундай осойишталик ва фаровонлик ҳукм сурдики, одамлар ҳеч бир қўрқув ва ташвишни билмай, йўлдошсиз Хитойнинг Қомул шаҳри ва Фарғона вилояти оралиғида, озиқ-овқатсиз ҳам бемалол юраверишди. Ана шу келишув йилининг ифодаси учун олимлар ва уларнинг шогирдлари «Икки хурсанд лашкар» сўзларидан тарих туздиларки, ундаги ҳарфлар йиғиндисидан ўша йил, яъни 923 (1517) йил келиб чиқади. Келгуси йили Муҳаммад қирғиз Туркистон ва Сайрамга ҳужумлар уюштириб, мусулмонларни талагани сабабли Султон Саидхон исломга жони ачиганидан унинг бу ҳаракатларини ҳақорат деб билиб, Муҳаммад қирғизга ҳужум қилди ва унинг мусулмонларга қилган ёмонликларини унга ҳамда қирғизларга ортиғи билан қайтарди. Хон Муҳаммад қирғизни тутиб қамади ва у ўн беш йил қамоқда ётди. 928 (1521-1522) йилда Султон Саидхон ўғли Рашид Султонни Мўғулистонга жўнатди ва бутун Мўғулистон ҳамда қирғизларни ўз ҳокимиятига бўйсундирди. Охири шундай бўлдики, манғитларнинг ҳужумлари туфайли ўзбек-қозоқларнинг Дашти Қипчоқда қолишлари мумкин бўлмай қолди ва улар Мўғулистонга кетишди. Улар икки юз минг киши эди, уларга бас келмоқнинг иложи бўлмай, Рашид Султон яна Кошғарга қайтди. Султон Саидхон Бадахшонга юриш қилиб, Бадахшоннинг ярмини ўз тасарруфига олдики, у ҳозиргача Кошғар ҳукуматига қарашлидир. Бунинг тафсилоти жуда узун. Бадахшон улуғлари ўртасидаги, аввал айтиб ўтилганидек, Шоҳбегим билан боғлиқ мерос талашишлар туфайли жанжаллар келиб чиқдики, булар «Тарих»нинг иккинчи китобида ёритилади. Хон Бадахшонга икки марта қўшин тортди, бир марта 925 (1519) йилда, иккинчи марта 936 (1529) йилда. 934 (1527-1528) йилда хон мени Рашид Султон билан бирга Балурга, кофирлар юрти, Бадахшон ва Кашмир ўртасидаги Кофиристонга жўнатди, биз у ерда ғазавот қилиб, ғалабага эришиб, эсон-омон, соғ-саломат қайтиб келдик. Бундан сўнг бир мунча вақт ўтгач, одамларнинг ичиқоралиғи, ярамаслиги ва муғомбирлиги орқасида шундай бўлдики, хон мени Рашид султон билан бирга Оқсувга жўнатиб, у ердан Эмин Хожа султонни олиб келишни буюрди, юқорида айтиб ўтилганидек, илгари Оқсув унга берилган эди. Оқсув Абобакр мирзо томонидан 909 (1503-1504) йилда босиб олингандан бошлаб то 923 (1517) йилгача вайрон ҳолида ётган эди, Эмин Хожа султон уни обод қилди. Биз Эмин Хожа султонни одамлари билан у ердан Кошғарга кўчирдик. Мен Рашид султонни Оқсувда қолдириб, унинг ҳарбий ишларини, қўл остидагилар билан муомаласини изга тушириб, хоннинг хизматига қайтиб келдим. Эмин Хожа султонни Ҳиндистонга юборган эдилар, Ҳиндистонда ўз ажали билан ўлди. 938 (1531-1532) йилда Султон Саидхон кофирлар юрти Тибатга ғазавотга жўнади. У мени у ёққа олдинроқ жўнатди, Тибатнинг айрим қалъаларини олдим, хон изимдан етиб келгунига қадар Тибатнинг кўплаб вилоятларини эгаллаган эдим. Иккала лашкар бирлашгач, беш минг киши бўлди. Бутун Тибатда қиш ичида беш минг кишини тўйдириш имкони йўқ эди. Шунда хон мени Искандар султонга қўшиб, тўрт минг киши билан Кашмирга жўнатишни маъқул кўрди. Хоннинг ўзи Тибат билан Балур оралиғидаги Балти вилоятига йўл олди. Хон қишда Балтида ғазавот билан машғул бўлиб, кўклам яна Тибатга қайтди. Ўша қишда мен Кашмирда бўлдим, қиш охирлаганда жанг бўлди, меҳрибон Аллоҳ менга ғалаба ато қилди. Бутун Кашмир лашкари ва Кашмир улуғлари йўқ қилинди, Кашмирни эгаллаш масаласи ҳал бўлган эди, аммо, одатлари бирор ишни бузишдан иборат бўлган ичиқора одамлар туфайли тўлиқ эгаллаш имкони бўлмади, Кашмир ҳокимияти билан сулҳ тузилди. Кашмир ҳукмдори Муҳаммад шоҳнинг қизини Искандар султонга унаштиришди, Султон Саидхоннинг номига хутба ўқилиб, танга зарб қилинди. Кашмир молини қанча бўлса йиғиб, ўша йили баҳорда Тибатга хоннинг хизматига келдим. Хон менга кўплаб илтифот, шоҳона иззат-икромлар кўрсатди, мени Хитой ва Тибат оралиғидаги Урсанг деган жойга жўнатиб, ўзи Кошғарга йўл олди. Хон Тибатга келгандан кейин унда бошланган нафас қисиш касали натижасида нимжон бўлиб қолди. Тибатда бўлган даврида тузалмади, аммо нима қилиб бўлса ҳам у бу йўлни ўтиши керак эди. Нафас бўғиладиган жойга етганда ана шу нафас қисиш дарди дастидан руҳи абадиятга парвоз қилди, 939 (июн-июл 1533) йил эди. Бу ҳодиса «Тарих»нинг иккинчи китобида муфассал баён қилинади.
Олтмиш саккизинчи фасл. Султон Саидхоннинг барча фазилату яхши хислатлари баёни.
Султон Саидхон олийжаноб, саодатманд, улуғ, хотиржамлик улашувчи, яхши хулқ-атвору хилма-хил фазилатлар ила безанган ҳукмдор эди. У Аллоҳ висолига дохил бўлган пайтда унинг муборак ёши қирқ саккиз атрофида эди. Унинг хайрли ишларида кўз илғаши мумкин бўлган камчилик йўқ эди. Ғоятда илтифотли, хушсуҳбат эди, ўзбекча гапирадими, форсчами, беҳад чиройли сўзларди. Бирор одамга мурожаат қилмоқчи бўлса, олдин жилмаярди. У ҳамиша қувноқ, меҳрибон, бағрикенг эди. Масалан, аллақандай Мақсуд Али деган одам жанг пайтида уни чап елкасидан ўқ отиб ярадор қилган, хон икки йил азоб чекиб, халокатга яқин қолганди. Шунда хон тўшакда ётганида ўша Мақсуд Алини тутиб, хон ундан ўчини олсин, дея унинг олдига олиб келишади. Хон бўлса уни сийлаб, тўнини унга совға қилади, ҳолбуки, ўзининг бундан бошқа тўни йўқ эди, ўз суҳбатига уни муяссар қилади. «Зерикиб ўтирган эдим, келганинг яхши бўлди» дейди хон. У умрининг охиригача унга шундай ҳушмуомалада бўлди. Шундай ва шунга ўхшаш ишлар унинг ҳаётида кўп бўлган, улар ҳақида иккинчи китобда тўхталамиз. Унинг сахийлиги таърифга сиғмайди. Мен унинг хизматида йигирма тўрт йил бўлдим. Султон Саидхон бор нарсани сахийларча улашганидан омборларда ҳеч нарса қолмас, хон ошхонаси бўм-бўш бўларди, ўзи эса ҳарамда овқатланарди. Шундан кўриниб турибдики, ўз тасарруфидаги жойлардан тушган даромад ҳатто совға-саломга етмасди. Баҳодирликда тенги йўқ эди. Масалан, бир куни унинг ёнида эдим, унинг ўзи биринчи бўлиб душманга ҳамла қилди, бунинг баёни иккинчи китобда келади. Мерганликда мўғул, ўзбек, чиғатойдан олдин ҳам, кейин ҳам унга тенг келадигани йўқ эди. Камина неча бор гувоҳ бўлганман, кийик овида ҳам, қуён ёки бошқа жонзот овида ҳам етти-саккиз ўқни бирданига бехато жўнатарди. Мўғулистонда қирғизлар ёки бошқалар билан бўлган жангларда отган ўқлари ўша қавмлар орасида машҳур эди. Олийжанобликда хонга ўхшаган одамларни мен кам учратганман. Бир куни Андижонга бир нусха хонга суиқасд қилмоқ учун келиб, қулай вазият тополмай охири отхонадан хоннинг отини ўғирлаб кетди. Йўлда уни от билан ушлаб олишиб, хон қошига олиб келишади. Унинг ўзи хонга шундай дейди: «Мен бу ерга аниқ мақсад билан келган эдим, аммо имкон тополмадим. Шунда мен «кел, хоннинг отхонасидан унинг хос отини олиб кетай, шу билан нимадир қилган бўламанку ахир, дедим». Ҳамма уни ўлдириш керак, деган фикрни айтади, бироқ хон каминага деди: «Уни мулозимларингга топшир, улар уни қўриқлашсин, нима қарорга келишса, ўшани ижро қилишсин». Одамлар тарқалишгач, хон менга деди: «Раҳмдил Аллоҳ мени шу нусханинг ёмон ниятидан асрагани эвазига шу отни унга бергин-да, мулозимларинг қўлига топшир, улар уни қароргоҳдан олиб чиқиб, узоқроққа олиб боришсин-да, озод қилиб юборишсин. Ҳарқалай одамлар, шўрлик ўз мақсадини амалга оширипти, деб ўйлашади ва у ўз авлодлари олдида уятга қолмайди». Билимдонликда мен унга ўхшаган кишини умримда кўрмаганман, борди-ю унинг қўлига саводсизларча, ажи-бужи қилиб ёзилган хат тушиб қолса ҳам, шеърми ёки насрда ёзилганми, фарқи йўқ, тутилмай ўқирди, кишининг назарида ўша хатни у гўё ёддан биларди. Насталиқ хатида чиройли ёзарди, имлоси форсийда ҳам, туркийда ҳам, арабийда ҳам тўғри ва бекаму кўст эди. У туркийда чиройли қилиб иншо тузишда беназир эди, бунақаси кўплаб билимдонларнинг қўлидан келмасди. Унингдек шеър битиш маҳоратига эга одамларни кам кўрганман. У ўйлаб ўтирмасдан бадиҳа шеър айтарди, йиғинлар ва суҳбатлар пайтида олдидаги қандай девонни очишмасин, ўша шеърларнинг исталган вазни ва қофиясига мослаб, бирданига шеър тўқиб ташларди. Хон айтган шеърини бир-икки марта ўқирди, шу жараёнда ҳар бир одам уни эслаб қоларди ва бировнинг уни ёзиб олишига йўл қўймасди. Хон йиғинлар пайтида тўқиган бадиҳани мен эслаб қолганман, қуйида улардан айрим байтларни келтираман: Қайси гулшаннинг юзингдек бир гули раъноси бор, Қайси гулнинг бир манингдек булбули шайдоси бор. Ҳур бирла жаннатул маъвони кўнглум найласун, Ёрнинг кўйида юз минг жаннат ул маъвоси бор. Юзи узра кокилу, зулфин паришон кўргали Эй Саид, ошуфта кўнглумнинг ажаб савдоси бор. *** Мана бу ҳам хон битган байтлар: Шукрилиллоҳ, ҳолатим зоҳир бўлубдур ёрға Эмди ёр оллида ўзни кўрсатай ағёрға. Сайр учун кирса гулистон ичра ул сарви равон Банда бўлсун сарви озод ул қаду рафторға. Ҳар сабоҳ қон йиғласам айб айламанг ман зорни, Бас кела олмам нетай бу дийдаи хунборға. Назм: Аҳд қилдингки вафо қилгайсан, Йўқки, жонимға жафо қилгайсан. Отма сен ғамза ўқи бирла мени, Қўрқадурманки хато қилгайсен. Манга дерсанки вафо қилғумдир Элга қилғонча манго қилгайсен. Тасвир чўзилиб кетмаслиги учун шулар билан чекланамиз. Бир куни мен хондан форсийда бадиҳа айтишини илтимос қилдим. Қаттиқ сўрайверганимиздан кейин хон Хожа Ҳасаннинг шу ерда турган девонини очишни буюрди. Очган эдим, бир ғазал чиқди, матлаи мана будир: Эй зи сар то бақадам жони каси. (Эй сан, бошдин оёқ элга жонсан) Йиғинда ҳозир бўлган одамлар ҳам бадиҳагўйлик қила бошлашди. Хон шундай байт тўқиди: Чанд гўйики, бигў жони каси? Рост гўямки, туи хони касе (Неча дерсен: «Айт, кимнинг жонисан?» Рост сўзлай: «Ўзинг биров хонисан»). Тўғриси, хон шу байтдан бошқа форсийда ҳеч нарса тўқимаган бўлса керак, мана шу синов байтидан ҳам унинг нечоғлик иқтидор эгаси бўлганлиги кўриниб турипти. Мусиқа асбобларидан уд, хушоҳанг дутор, сетор, чортор, ғижжакни яхши чаларди. Ҳаммасидан ҳам чорторни зўр чаларди. У суяк ўймакорлиги устаси эди, ажойиб ўқлар ясарди. Чармдан енг ва лочинларнинг бошига қалпоқ тикишни ҳам қойиллатарди, ов қушларини парвариш қилишни, турли овларни ташкил қилишни ҳам яхши тушунарди. У бу ишда беҳад жонбозлик кўрсатар ва бу соҳадаги билимини ўз фазилатлари ичида энг афзали деб биларди. У ҳаётининг дастлабки даврида беғам, қўрқмас, ишратпараст, қувноқ, майхўр, эҳтиросли киши бўлган, рамазондан ташқари пайтларда бир соат ҳам майсиз туролмаган; ўша пайтларда у ҳушёрлик нималигини билмаган. Унинг муборак ёши ўттиз еттига етганда, бу 928 (1521-1522) йил эди, ўтмишидан тавба қилиб, тақводорлик йўлини тутди. Иккинчи китобни ёзаётганимда, хоннинг тавба қилгани ва ўша йил ҳақида гап кетганда миямга ўша йилни билдирувчи сўзлар келди ва мен уни ёзиб қўйдим. Бул шундан иборатки, 928 (1521-1522) йилда хон майхўрликни ташлайди-ю, аммо бошқа мумкин бўлмаган одатларини ташламайди, шунинг учун унинг тавбаси мукаммал бўлмайди. «Аллоҳ олдида соф кўнгил билан тавба қилинг» (16.8) деган Қуръон оятидаги сўзлар «тавба» сўзи билан бирга охирги «бо» ва «ҳо» ҳарфлари олиб ташланса, абжад ҳисобида 928 йил чиқади. Хожа Хованд Маҳмуд номи билан машҳур муршидлар пешвоси Хожа Баҳоуддин Маҳмуд Кошғарга келганда хон ўз ихтиёрини унга топширди ва бузрукворнинг мулозамати давлатига ҳамда маслагига кириш шарафига мушарраф бўлди. Илк тавбасидан кейин етти йил ўтгач, номумкин ишлардан тавба қилди ва энди унинг тавбаси мукаммал бўлди. Қуръоннинг эслатиб ўтилган оятидаги ҳарфлар йиғиндиси энди тўлиқ ўша йилни билдиради. У Хожагон тасаввуф тариқатининг руҳий покланиш йўлига киргач, ҳамиша адолат ва суннат тариқати йўлидан борди. Унинг гўзал ахлоқий сифатлари ва олийжаноб ишлари шу даражада эдики, эҳтимол, унгача ўтган хонларда, Увайсхондан ташқари, ҳеч кимда бундай фазилатлар бўлмагандир (тағин ҳам Аллоҳ билади). Унинг табаррук ҳаётини мукаммал билишни истаган киши иккинчи китобга мурожаат қилсин.
Олтмиш тўққизинчи фасл. Султон Саидхон ўғли Абдурашидхон Ғозининг баёни.
Ҳозир, 953 (1546-1547) йилда хонлик тахтида Султон Саидхон ҳазрати олийларининг вориси, унинг шавкатли ўғли Абдурашидхон ўтирган даврда фақир банда Муҳаммад Ҳайдар мазкур «Тарих»ни унга бағишлаб, бунинг зарварағини унинг муборак номи билан безадим. «Тарих»ни мўғул хонларидан биринчи бўлиб исломни қабул қилиш шарафига муяссар бўлган Туғлуқ Темурхон баёнидан бошлаб Юнусхонгача ишончли одамлардан эшитганларимни ёздим, битикларимга ёлғон аралашмаслиги учун шубҳали маълумотларни келтирмадим. Олийжаноб инсон Юнусхондан бошлаб Султон Саидхон фаолиятининг якун топишигача бўлган воқеалар иккинчи китобдан ўрин олган. Бу ерда эса, анча-мунча изоҳлар билан нима зикр этилган бўлса, тасвир чўзилиб кетмаслиги учун қисқаликка ҳаракат қилдик, муфассал баён иккинчи китобга ўтказилган. Бироқ Абдурашидхон ҳаётининг баёни иккинчи китобда йўқ, шу боисдан у ҳақда бу ерда муфассал тўхталишни маъқул топдик. Султон Саидхон укаси Султон Халил султон билан Мўғулистонда эканлигида у ерга Мансурхон ҳам келди. Чорун Чолакда жанг бўлиб, унда икки ака-ука енгилди ва қочиб кетишди. Мағлубиятдан кейин уларнинг Мўғулистонда қолишлари мумкин бўлмай қолди ва Андижонга кетишга мажбур бўлишди. У ерда хон қамалди, кейин қочиб Кобулга, тоғаваччаси Бобур Подшоҳ ёнига борди, бу ҳақда иккинчи китобда тўлиқ маълумот берилади. Абдурашидхоннинг онаси оддий одамлар авлодидан бўлиб, хоннинг хизматини қилсин деб уни хонга олиб беришади, ўша пайтда у хон ёнида эди. Хонни Андижонда қамаб, ўзбеклар уни хондан ажратишди, ўшанда у мана шу Абдурашидхонга етти ойлик ҳомиладор эди. Хон Кобулга кетиб, Бобур Подшоҳга қўшилган пайтда, ўша хизматкор аёл ўғил туққанини хабар қилишди. Хон хабарни Подшоҳга билдирди, у «Унга Абдурашид деб исм қўй, чунки бу Султон Саид исми билан оҳангдош» деб маслаҳат берди. Шундай қилиб, шавкатли «Абдурашидхон» исмини Бобур Подшоҳ қўйди, бу ҳақиқатдан ҳам Худо ярлақаган исм бўлди ва у отасининг вориси бўлди. Амаким Саид Муҳаммад мирзо Фарғона вилоятида ўзбек Жонибек султонга қарши урушиб, вилоятни ўзбеклардан тозалаб, Қундузга, Бобур Подшоҳнинг олдига киши юборди, Подшоҳ Султон Саидхонни жўнатди. Абдурашидхон ўзбеклар қўлида эди, у амакимнинг ўша уруши пайтида озод қилинди ва падари бузрукворига қўшилди. Менинг опам Ҳабиба Султон Хониш Самарқанддан келгач, хон унга уйланди ва Абдурашидхонни унга топширди. У боланинг тарбиясини ўз қўлига олиб, унга оналик меҳрини берди. Мир Ғўри барлосни Абдурашиднинг отабеги қилишди. Ўшанда у уч ёшда эди. Икки йилдан кейин Ғўри барлос ўлди ва мўғуллар удумига кўра хон отабегиликни унинг амакиси Али Мирак барлосга топширди. Абдурашид султоннинг отабегилиги мансаби Али Мирак барлосга, унга таълим бериш эса Мавлоно Муҳаммад Шерозийга юкланди. Бу ўта фозил, олийҳиммат киши бўлиб, ўзининг бутун онгли ҳаётини мўғул хоқонлари хизматига бағишлаган эди. Мавлоно Муҳаммад Шерозий садр лар бошлиғи эди; Султон Саидхон саройида унинг таъсири кучли эди. Аслида Рашид султоннинг отабеги мана шу Мавлоно эди, Али Мирак барлоснинг эса, отабегилик номидан бўлак унга ҳеч бир алоқаси йўқ эди. Рашид султон 915 (1509-1510) йилда туғилган бўлиб, 928 (1521-1522) йилда, ўн уч ёшга тўлганда, хон уни Мўғулистонга жўнатди. Бунинг тарихи мана бундай: Султон Халил султоннинг ўғли Бобо султон, Жонибек султон Ахсида Султон Халил султонни ўлдирган вақтда, бу ҳақда айтиб ўтган эдик, худди Рашид султон сингари Жонибек султон саройида асирда, ҳали эмизикли бола эди. Фарғона озод қилинганда у хонга қўшилди. Шу жиянини хон ўз ўғилларидан ҳам яхшироқ кўрар эди ва уни илгари Султон Саидхон жаноби олийларига катта хизматлар қилган Хожа Али баҳодирга топширди ва Хожа Али баҳодурга Бобо султоннинг отабегилиги мансабини берди. Хожа Али баҳодир мўғул эди. У узоқ вақт Мўғулистонда яшаган, уни беҳад севар ва ҳамиша Мўғулистонда бўлишни истарди. Шу сабабдан у хондан Бобо султонга Мўғулистонни ва қирғизларни беришни сўрайди, Бобо султонни Мўғулистонга олиб кетиб, қирғизлар ва Мўғулистон ишини бошқараман, дейди. Хон рози бўлиб, бунга рухсат бермоқчи бўлди. Лекин амаким, гарчи Бобо султон унга куёв бўлса-да, ҳушмуомалалик чегарасидан ўтмасдан бу ишга рози бўлмади. У хонга: «Мўғуллар ҳамиша Мўғулистонга интилиб туришади. Агар Бобо султон Мўғулистонда ўрнашиб олса, ҳамма мўғуллар у ёққа кетишни истаб қолишади. Агар буни манъ қилсангиз, Бобо султон хафа бўлади, қаршилик қилмасангиз, одамларнинг Мўғулистонга кетиши сизга ёқмайди. Бунинг оқибатида ўрталарингда хафачилик келиб чиқади, натижада, катта қийинчиликлар юз беради. Аксинча, агар сиз Рашид султонни юборсангиз, у сизнинг ўғлингиз, у билан қанча одам кетсаям, сизга ёмон бўлмайди. Агар ёмон бўладиган бўлса, кетишларини манъ қилиб қўяверасиз, бундан ўғлингиз хафа бўлмайди. Гарчи Рашид султон ҳали ёш бўлса-да, ишнинг фойдаси учун уни Мўғулистонга юборса бўлаверади» деди. Бошқа бирор киши бу фикрни маъқулламади, айниқса, Мирзо Али Тоғай бутунлай Бобо Султон тарафида бўлди. Шу орада Хожа Али баҳодир ўз ажали билан вафот этди ва Бобо султоннинг кетиши узил-кесил йўққа чиқди. Хон ҳам масалани Рашид султон фойдасига ҳал қилди. Бироқ бу ишни қандай ташкил қилиш ҳақида тинмай маслаҳат қилишарди. Амаким Рашид султоннинг ишини илгарига силжитишга уринар, бунга кўп саъй-ҳаракат қиларди. У хонга шундай деди: «Мана бундай қилайлик: анчадан бери қамоқда ётган Муҳаммад қирғизни озод қилайлик, мўғул улуси ичидан Мўғулистонга кетишни хоҳловчиларни ҳамда қўю-моли кўп бўлганларини ажратиб олайлик-да, ҳурмат-эътиборли амирлар бошчилигида жўнатайлик». Охири хонга ҳам амакимнинг фикри маъқул бўлиб, худди айтилгандек қилди. У Мирзо Али Тоғайни бош амир қилди, Муҳаммад қирғизни қирғизларга бош қилиб қўйди-да, жўнатди. Ўша кунлари Али Мирак барлос ўлди. Муҳаммади ибн Али Мирак барлос меросхўр сифатида Рашид султон хизматига кирди ва бирга Мўғулистонга кетди. Қисқаси, амакимнинг саъй-ҳаракатлари билан хон Рашид султонга ўз хонлик мол-мулкининг учдан бирини – одам, аскар, пул, чодирларни бериб, Мўғулистонга жўнатди. Жўнаш пайтида хон барча қурол-аслаҳаларни саройга келтиришни буюрди ва менга: «Унинг қиличи ва ўқдонини сиз белига боғланг-да, отга ўтқазинг; бу унга оқ фотиҳа бўлсин ва ҳарбий ишларда у сизнинг шогирдингиз бўлсин» деди. Фақир банда бу топшириқни бажардим. Хон ўрнидан туриб, фотиҳа ўқиди ва бир неча бор такрорлади: «Эсингда бўлсин, белингга биринчи қилични Мирзо Ҳайдар боғлаганини унутма, сен унинг шогирди бўлдинг. Агар сендан биров, сен ҳарбий ишда кимнинг шогирдисан, деб сўраса, сен нима деб жавоб берасан?». Рашид султон жавоб берди: «Мен фалончининг шогирдиман» дейман. Хон: «У эса менинг шогирдим» деди. Шу сўзлар бир неча бор такрорлангач, хон фотиҳа бериб уни жўнатди. Рашид султон Мўғулистонга келгач, Муҳаммад қирғиз бутун қирғизларни тўплаб, Мўғулистонни ўзига бўйсундирди. Ўша пайтда Мўғулистонда лашкар кўпайди, буни тўлиқ ёритсак, тасвир чўзилиб кетади. Қисқаси, ўзбек-қозоқларнинг ҳужумлари ва қирғизларнинг душманликлари туфайли Рашид султон бутун мулозимлари билан Кошғарга қайтди. Айни ўша пайтда Бобо султон ва Шоҳ Муҳаммад султон билан боғлиқ воқеалар бўлиб ўтдики, булар иккинчи китобда ёритилади. Бу воқеаларга Муҳаммади барлос ҳам алоқадор эди. Шоҳ Муҳаммад султоннинг меросхўрлари қонга қон билан қасос олиш учун уни хондан талаб қилишди, бироқ амаким билан мен бунга қаршилик қилдик. Шундай қилиб, 934 (1527-1528) йилнинг қишида хон мен фақир бандани Рашид султон билан бирга Балурга юборди. Фақир банда у билан Балурга бориб, у ердаги лашкарнинг ишларини илгарига силжитдим. Ўшанда Рашид султон ўн саккиз ёшда эди ва унинг ёнида бирорта яхши тарбия кўрган одам йўқ эди, у қандай суҳбатлашиш, одамлар билан қандай муомала қилишни билмасди. Аксинча, унинг ёнида Муҳаммади бошлиқ бир тўда одамлар бор эдики, уларнинг сурати одам, сийрати молдан баттар эди. Мана шундай ҳайвонсифат одамлардан нимани ҳам ўрганиб бўларди? Мен у қадар қобилиятли бўлмасам-да, ҳарқалай ўша тўдадаги одамлардан анча қобилиятлироқ эдим. Биз Рашид султон билан анча яқин алоқада эдик, мен Шоҳ Муҳаммад султон ва Бобо султонларга бўлган меҳр-муҳаббатимни тўлиқ Рашид султонга кўчирган эдим. Анча муддатдан кейин хон ҳузурига қайтиб келганимизда хон ўғлининг тамоман ўзгарганини кўрди. Бир неча марта Рашид султоннинг ҳузурида ҳам, у бўлмаган пайтда ҳам у менга: «Биз сиздан ғоятда миннатдормиз, сиз Рашид султонни бизга ўғил қилиб етиштирдингиз – бу юришда у кўп ғалабаларни қўлга киритди. Аллоҳга шукур, у менинг кўнглимдаги даражага етиб қолди». Бу орада Эмин Хожанинг Оқсувдаги душманлик ҳаракатлари ҳақида хабар келиб қолди. Амаким билан мен уларни қанча бартараф қилишга уринмайлик, ҳеч иш чиқмади. Бу воқеалар ҳамда Мирзо Али Тоғайнинг ҳийла-найранглари баёни иккинчи китобда келади. Охири мени Рашид султон билан бирга Оқсувга юборишди. Оқсувга етганимизда одамлар бизнинг истиқболимизга чиқишди, Эмин Хожа султон хон олдига кетди. Мен Оқсувда олти ой бўлдим, лашкар ҳамда Оқсув халқи ишларини тартибга келтирдим. Бундан илгари хон бир куни Мўғулистонда бодом еб ўтирган эди, муборак тишларида бир бодомни чаққан эди, ундан эгиз мағиз чиқди. Хон Рашид султонни ва мени чақириб, ҳар биримизга биттадан мағиз бериб айтди: «Муайян одат ва яхши қоида борки, агар икки одам дўстлашишни хоҳлашса, улар битта бодомнинг эгиз мағизини биттадан ейишлари керак ва улар бир-бирлари билан дўст бўлишади. Бунинг маъноси шуки, бир пўстлоқ ичидаги эгиз мағизга ўхшаб улар бир-бирларидан ажралишмайди, айрича иш қилишмайди. Эгиз эканлиги ташқаридан билинмайди, худди битта нарсадек қабул қилинади. Сизлар ҳам шундай дўст бўлинглар, деган ниятда мен сизларга эгиз мағизни ейишни буюрдим». Иккаламиз ҳам одат бўйича тиз чўкиб ерни ўпдик ва бир-биримизга от совға қилдик. Бу ҳикояни айтишдан мақсад шуки, биз Оқсувда бўлганимизда орамиздаги гўзал муносабатлар – дўстлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-муҳаббат, ишонч шу даражага етдики, бундан ортиғи тасаввурга сиғмасди. Дўстлик тантанали ваъдалар билан мустаҳкамланган эди. Бу дўстлик ва ҳамжиҳатликни тавсиф этсак, бунақасини кўрмаган ўқувчи, ростдан ҳам буни муболағага йўйиши мумкин. Қисқаси, олти ойдан сўнг юз орзу-умидлар билан ажралишдик, мен хон хизматига йўл олдим. Хайрлашув пайтида ғазал ўқидим – мана унинг тўрт байти: Зи кўи ту ба дарду ғам меравем, Жудо аз ту ба сад алам меравем. Ту ҳамтои Лайли ба ҳусниву мо Ба Мажнун қадам бар қадам меравем. Нагўйки, танҳо ту чун мерави? Ғамат ҳамраҳамасту баҳам меравем. Муҳити карам шоҳ Абдурашид Ки з-ў ғарқи баҳри карам меравем. Таржимаси: Сенинг даргоҳингдан дард-ғамда кетдим, Сендан жудоликдан аламда кетдим. Лайлидай гўзалсан ҳусн бобида, Саргардон Мажнундай қадамда кетдим. Демагил: «Ёп-ёлғиз қандай кетасан?» Йўлдош: менга меҳринг – шу ғамда кетдим. Марҳамат денгизи шоҳ Абдурашид, Саховатга чўмиб, карамда кетдим. Мен хон хизматига мушарраф бўлганимдан сўнг, бир йил ўтгач, хон Тибат ғазотига жўнади, мени у ёққа олдинроқ жўнатди. Хон изимдан етиб келганида мен Тибатнинг баъзи вилоятларидаги ишларни тартибга солиб улгурган эдим. Тибатда беш минг лашкар тўпланди. Бу беш минг лашкар Тибатга сиғмай, мен хоннинг ўғли, Рашид султоннинг укаси Искандар султон билан Кашмирга кетдик. Ўша қишни Кашмирда ўтказдим, баҳорда эса хон хизматига келдим – бу ҳақда тўхталдик, такрорлашга ҳожат йўқ. Хуллас, мен хон билан Тибатда учрашишга муяссар бўлганимда хон Ёркандга йўл олди ва мени Урсангга, мажусийларнинг бутхонасини вайрон қилишга юборди. Тўрт ойни йўлда ўтказдим, хон эса қайтишда йўлда оламдан ўтипди. Хон хизматидаги амирлар Рашид султонга чопар юбориб, воқеани хабар қилишган. Амакимга ҳам бунинг хабарини юборишган ва у қабр тепасига келиб, мотам расм-русумларини бажарган. 940 йил муҳаррам ойининг 10 кунида (1533 йил 1 август) Рашид султон етиб келган. Амаким дод солиб, унинг истиқболига чиққан, у амакимни шу жойда ўлдирган. Амакимга қўшиб унинг кўкалдоши Али Саидни ҳам шаҳид қилган. Уларнинг шаҳид бўлиши «қатала фи-л муҳаррам» («муҳаррам ойида икки киши қатли») сўзларида акс этганки, бундаги ҳарфлар йиғиндиси ўша йил ва ойни билдиради. Ҳукмдорлар фахрланадиган фазилатлар, яъни мурувват ва футувват аҳлида шундай қоида борки, агар бирорта одам уларга қачондир, қандайдир яхшилик қилган бўлса, улар ўша яхшиликка албатта инъом-эҳсон билан жавоб қайтарадилар. Амаким – Юнусхоннинг жияни – Увайсхоннинг ўғли, унинг мўғул улуси султонлари саройидаги хизмати ота-боболаридан ўтиб келган, иккинчи китобда улусбеги мансабининг моҳияти баён қилинади. Амаким Рашидхоннинг отасининг энг яқин одамларидан эди, унда бўлган ҳуқуқ ҳеч кимда йўқ эди. У Султон Саидхоннинг хизматида юриб, унга кўп яхшиликлар қилган. Биринчиси – Андижоннинг эгалланиши – бу хон ҳокимиятининг асоси бўлган. Иккинчиси – хонни Кошғарга олиб келиши, унинг саъй-ҳаракатисиз хон Кошғар ҳақида ўйламасди ҳам. Шунга ўхшаш кўп ишлар қилган. Хон ундан миннатдор эди, у кўп марта амакимнинг хизматларини санаб ўтар ва шунга яраша эътибор кўрсатарди. Борди-ю, амаким Рашидхонга ҳеч бир яхшилик қилмасдан, аксинча, ёмонлик қилган тақдирда ҳам қуйидаги ҳолат уни кечиришга сабаб бўлиши мумкин эди: амакимнинг Андижонга юриш қилиши Рашидхоннинг ўзбеклар қўлидан озод бўлишига сабабчи бўлган эди, Рашидхоннинг Мўғулистонга кетиши ва натижада подшоҳлик мартабасига кўтарилишининг бошланиши ҳам амаким туфайли бўлган эди. Агар Мирзо Али Тоғай билан Хожа Али баҳодирнинг маслаҳатлари бўйича иш қилинганда эди, Рашид султон ўрнида Бобо султон бўларди. Рашидхон ишларининг равнақи учун амаким ҳамиша жонбозлик кўрсатарди. Гарчи Эмин Хожа султон унинг куёви бўлса-да, Эмин Хожа султондан бешта набираси бўлса-да, Эмин Хожа султон ўрнида Рашид султон бўлишини, Эмин Хожа султонни ўз ҳолига ташлаб қўйишни лозим топганларида амаким бунга ҳеч бир қаршилик кўрсатмаган, ҳатто бу ишга ўзи бош-қош бўлган. Ҳозир унинг хизматларини санаб ўтириш пайти эмас, албатта. Шуларнинг барчасини унутиб, бегуноҳ одамни ўлдириш – ақлга сиғмайдиган иш! Яхшиси шу билан чекланиб варақларни ёпган маъқул. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло нимани хоҳласа ўша бўлади, ишларни хайрли йўлга буриш ҳам унинг измида. Зеро, Қуръон оятида ҳам: «Албатта биз Аллоҳнинг бандаларимиз ва албатта биз У зотга қайтгучимиздир» (2.151) дейилган. Ҳаммадан ҳайратланарлиси шуки, Рашид султонни алдаган ана ўша иккиюзламачиларнинг мартабаларини оширишди. Қисқаси, Мирзо Али Тоғайни амакимнинг ўрнига тайинлаб, Кошғарга юборишди. У Кошғарга бориб, бир зум ҳам кечиктирмай амакимнинг зурриёдларини қириб ташлашга киришди. Шайх Саид Козуронийнинг «Сийар ан-наби» (Пайғамбар ҳаёти) асарида ёзилган, Бадр ёнидаги жангда қурайш қабиласи сардорларидан етмиш киши асирга тушишган. Қурайшлар Маккадан совға-саломлар келтиришиб, шунинг эвазига асирларни озод қилишган. Аби-л-Осс (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ҳам совғалар келтирган. Ана шу Аби-л-Оссга пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳали пайғамбар бўлмай туриб қизини беришга ваъда берган экан. Аби-л-Осс бўлса, Муҳаммад Мустафо (с.а.в) пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам исломни қабул қилмаган экан. Пайғамбаримиз унга назар ташлаганларида, унинг назари Аби-л-Осснинг қалбини кофирлик зангларидан тозалаган ва у асҳобларга қараб: «Қалбимда ислом қарор топди. Мен Маккага бораман, кейин қайтиб келиб исломга иймон келтираман» деди. Асҳоблар айтишдики: «Исломга ҳозир иймон келтирмоқ керак, чунки бу дунё учун ҳам фойдалидир, сен асирларни сотиб олиш учун олиб келган катта нарсаларинг Яратганнинг ва унинг расулининг изни билан қабул бўлади». Аби-л-Осс: «Ҳарқанча қабул бўлганида ҳам ишни хиёнатдан бошлаган мусулмон мусулмон эмас» деб жавоб берди. Аби-л-Осс Маккага бориб, одамларнинг омонатлари бор эди, уларни эгаларига топшириб, кейин, тўпланганларга қараб: «Бирор кишидан менинг қарзим борми?» деди. Ҳамма бир овоздан: «Барча қарзларингни тўладинг, сенда ҳеч нарсамиз қолмади» деди. Шунда у (Аллоҳ уни ўз раҳматига олсин)ошкора исломга иймон келтирди ва Мадинага, расули Акрам ёнига шошилди. Пайғамбаримиз аввалги аҳдига кўра Зайнабни унинг уйига жўнатди. Қиссадан ҳисса шуки, Рашидхон ҳукмронлигининг аввали ноҳақ қон тўкиш ва бағрикенгликнинг етишмаслиги билан бошланди. Назм: Қалби пок оқилу одил, донишманд Одамнинг кўзгудек тасаввурида: Тўкилган томчи қон эвази бўлмас Бўлса жаҳон зари тасарруфида. Содиқ инсонларни қатл қилгандан сўнг Рашидхон хонлик тахтига, хоқонлик маснадига эга бўлди. Саидхоннинг ўлими ҳақидаги хабар Мансурхонга етгач, у Оқсувга жўнади. Рашидхон улуғ амакисига қарши рўпара бўлди. Мансурхон кўзлаган манзилига етмай ортига қайтди. Рашидхон ҳам ўз салтанати қароргоҳига қайтди. Шу аҳвол Мансурхон томонидан тағин такрорланди, Рашидхон ҳам унга иккинчи бор қарши чиқди ва эсон-омон қайтиб келди. Амаким сабабсиз-несиз ўлдирилгандан кейин одамлар хавотир оладиган бўлиб, хон амирлари унга хизмат қилишдан қўрқиб қолишди. Мирзо Али Тоғай Қойир Тегинга қочиб кетди ва шоир айтганидек: Эркак атаниб ишинг айёр хотин сингари, Яхшиларни тугатиб ўрнин олмоқчи бўлдинг. Сен, эй жирканч ва ифлос ҳамда аянчли ғаддор Яхшилар кетди, сен ҳам ортидан йўлдош бўлгунг. Мирзо Али Тоғай ифлос шайтондек қочиб кетгач, хоннинг қолган амирлари ўзаро келишиб, хоннинг баъзи ўғилларини олиб, Хўтанга кетишди ва хонга мухолифатни ошкора намойиш қилишди. Рашидхон уларнинг изларидан жўнади. Хўтаннинг оддий одамлари Рашидхоннинг истиқболига чиқишди. Бир неча амирлар қалъада қолишди, уларнинг ҳаммасини боғлаб хон олдига келтиришди. Рашидхон уларнинг қонларидан кечди ва ҳаммасини ҳайдаб юборишни буюрди. Бу жиноятчи гуруҳ қатлга муносиб эди, бироқ булар хонга ҳеч бир яхшилик қилишмаган бўлишса-да, у уларни кечирди. Ва аксинча, амаким хонга қариндошлигига, унга қилган сидқидил хизматларига, гуноҳи йўқлигига, ўз садоқатини неча бор исбот қилганига қарамай, бутун халқ кўзи олдида ўлдирди. Байт: Турфа терсдир фалак иши аксари, Балки шундан бу қозондир тескари. Ким вафодор бўлса аҳволи аянч, Ким мунофиқ бўлса, дунё зўр таянч. Хулласи калом, у амирлари билан ишни тугатганидан кейин амаки, укалари, отасининг хотинларини ҳайдаб юборди, шу жумладан, Султон Саидхоннинг энг суюкли хотини Зайнаб Султон хонимни ҳам. У илгари баён қилинганидек, азалий душман бўлган Шайбон ўзбеклари билан алоқаларни йўлга қўйди ва қадимдан шайбонийлар билан дўст бўлиб келган ўзбек-қозоқларни қиришга киришди. Ҳар иккала тараф ўзбекларига Рашидхон ўз сингилларини хотинликка берди. Азалий душман ўзбек Шайбон Рашидхоннинг синглисига уйлангани Рашидхон учун иснод бўлди. Қисқаси, у Шайбон билан алоқани яхшилаб, ўзбек-қозоққа қирон келтирди. Дарҳақиқат, Рашидхон азалий удумларни писанд қилмай ўзбек-қозоқларга қирон келтириши таажжубланарли ҳол эди. Юнусхон 877 (1472-1473) йилда Қаротўқайда Буруж Ўғлонни тор-мор қилганидан то ҳозиргача ўзбеклар ва мўғуллар ўртасида кўп жанглар бўлди, ҳамиша ўзбеклар ғалаба қилиб келди, мўғулларнинг ҳеч қачон ўзбеклар устидан қўли баланд келмади. Рашидхон ўзбекларни енгди, бу Рашидхоннинг энг улуғ ишларидан биридир. Гарчи унинг бобоси Султон Аҳмадхон, зикр этиб ўтилганидек, ўзбеклар устидан зафар қозонган бўлса-да, лекин бу ғалабани у жанг майдонида эмас, балки босқин пайтида қўлга киритган эди, Рашидхон эса уларни жанг майдонида енгди. Шу пайтгача мен Рашидхоннинг иши ҳақида Ҳиндистон ва Кашмирдаги ишончли кишилардан эшитган гапларни ёздим. Ўзбаклар устидан ғалаба қозонгач, у Андижон ва Турфонга жўнади, бироқ бу воқеаларнинг тафсилотларини ишончли оғизлардан эшитмаганим боис ёлғон маълумотларни ёзишни ўзимга эп кўрмадим ва қаламимни четга сурдим. Одамлар Рашидхонга таъна қиладиган барча нолойиқ ишларни у Муҳаммади барлоснинг қутқуси билан ва уни деб қилган. Унинг хонга бундай таъсирининг сабаби номаълум – унинг хонни бу даражага етказадиган тегишли хизматлари ҳам йўқ, уни бошқалардан афзал кўришга сабаб бўладиган на бирор хислати, на баҳодирлиги, на айтарли бирор фазилати бор. Рашидхон унинг учун шундай ишлар қилдики, агар буларни баён қилсак, ўша ишларни ўз кўзлари билан кўрмаган ўқувчилар бу ёзувларни муболаға деб ўйлашлари аниқ… У Рашидхоннинг амакиларини, отасининг хотинларини, амирларни қириш ва сургун қилиш ишига шунчалик ҳаракат қилдики, Рашидхонни хон ҳарамидаги аёлларга уйланишига шунчалик кўп қутқу бердики, буларнинг барчаси кишига муболаға бўлиб туюлиши мумкин, шу боисдан бунинг баёнидан воз кечсак, яхши бўлади. Шу кунларда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Рашидхонни бахтсизликдан халос қилди – у анави эшак (Муҳаммади барлос)ни ажалнинг эшак ҳайдовчиси чангалига топширди. Ишониш мумкинки, у бундан буён улуғворлик жиловини ақл қўлида тутади ва хавф-хатарга элтувчи қадамлардан тийилишни маъқул деб билади ҳамда ўз муборак ақлини табаррук ота-боболари тутган йўлга буради, ҳар қандай эшак учун одамларни қирмайди, ҳар бир ишчан, имон-эътиқодли одамни гуноҳ отига ўтқазишни ўзига раво кўрмайди. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ўз адолати йўлида уни узоқ йиллар хонлик тахтида ва хоқонлик маснадида тутсин, Аллоҳга ва унинг расулига тўғри келмайдиган ишлардан уни ҳамиша асрасин, йўқотганларини топиб, етказиб олишига кўмак берсин, омин бироббилоламин. Гарчи Абдурашидхон одамларни яхши-ёмонга унча ажрата олмаса-да, у ўз табиатига кўра – жисмоний кучи, саломатлиги ва хушсуҳбатлиги билан тенги йўқ эди. Мерганликда отасидан сўнг унга ўхшагани кам. Матонатда йўлбарсга ташланаётган шердек, жасорат денгизида аждаҳони ютаётган наҳангдек эди. У ширин калом ва хушмуомалаликда нафақат денгиздаги дурри ягона, малоҳат дарёсидаги гавҳари фарзона эди. У мусиқа асбобларини шундай чалар эдики, Зуҳра чангининг овози унинг олдида паст, куйлар гулшанидаги булбул хониши ўз оҳангдорлигидан маҳрум бўлади. Ундаги табиат ато этган маҳорат насрни хушоҳанг шеърга айлантирарди. Ундаги истеъдод нафосат булоғидан сув ичган эди. Худо берган истеъдоди туфайли у барча санъат ва ҳунарлар соҳасида ажойиботлар яратарди. Қайсидир ҳукмдор учун у мулозамат юзасидан бир қанча совға-саломлар юборди, шунингдек, қоғоздан шундай дарахт кесди ва унинг танаси, шохлари ва барглари худди ҳақиқий дарахтнинг танаси, шохлари ва баргларидек қилинган ҳамда бўялган эдики, бундаги нафислик ва табиийликни кўриб, ҳатто шу соҳанинг усталари ҳам қойил қолишган эди. Биз Абдурашидхон билан узоқ вақт бирга бўлмаганимиз боис бу ерда у менинг ёнимда эгаллаган, менинг алоқам бўлган ҳунарлари ва фазилатлари хусусида тўхталдим, холос – соз чалиши бундан мустасно, менинг бунга алоқам йўқ. Эҳтимол, у биз ажралишганимиздан кейин ҳам у-бу нарсаларни ўргангандир, чунки у табиатан қобилиятли одам эди, ҳамма нарсага уқуви етарди. Шу билан бирга, ҳаққоният ва адолатга даъвогар мусулмон эди. Аммо, айтишади-ку, Мусога вазирликка Ҳомон эмас, балки Ҳорун кўпроқ тўғри келади. Агар Фиръавннинг вазири Ҳорун бўлганида эди, Аллоҳ инояти билан ҳидоят динини тарғиб қилувчи фиръавн бўлар, бунчалик такаббур бўлмас эди. Назм: Суҳбатдошинг сендан бўлсин баркамол, Токи ақлу дининг тополсин камол. Эшак ишқибози – ёнингда муқим, Хаёлингда доим айилу тўқим. Сомону арпа ҳам кирар тушингга, Бошқа ҳеч бир нарса келмас хушингга. Бундай қабоҳатлар кўпайиб бешак Бора-бора ўзинг бўласан эшак. Қиссадан ҳисса шуки, Абдурашидхон ўз табиатига кўра адолат ва ҳақиқатга интилди, аммо у Муҳаммади барлос кўрсатмаларига ошкора риоя қилди, барча ишларда у ўшанинг йўлидан юрди, шу сабабдан энг ифлос ишларга йўл очиб берди. Энди Муҳаммади барлос ўлган, умид қиламизки, адолат изга тушади, тинчлик ва бахт-саодат қарор топади, иншооллоҳ.
Етмишинчи фасл. «Тарихи Рашидий» биринчи китобининг ниҳояси баёни.
Мендай уқувсиз, кучсиз фақирда бундай «Тарих» ёзиладиган дафтарда қобилиятсизларча қалам тебратишга уриниш учун қаёқдан ҳам журъат бўлсин! Бироқ мен ишончли ровийлардан аҳли ислом бўлган мўғул хоқонлари ҳақида кўплаб маълумотлар эшитганим ҳамда улардан баъзиларининг ҳаётларини ўз кўзим билан кузатганим сабабли, ўзимга ва ўзимга ўхшаганларга қараб туриб бу маълумотларни ва ўша хоқонлар ҳаётини биладиган бирор кимсани тополмаганим сабабли шундай фикрга келдимки, агар мен ўзимда шундай журъат топмасам, мўғуллар ва мўғул хонлари ўз насл-насаб тарихларидан бехабар қолишарди, ўз аждодлари ҳаёти ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Агар мен бу ишни улуғ олимларга таклиф қилсам, улар қийинчиликларга дуч келишарди, негаки уларда хонлар ҳаёти ҳақида етарлича маълумот йўқ. Менинг бу сўзларимдан мўғул ва мўғул хоқонларидан ўзга ҳеч ким манфаатдор эмас, чунки ҳозир мўғуллар қўли остида фақат энг узоқ ва кам сонли қавмлар қолган, холос. Ваҳоланки, қачонлардир дунё мамлакатларининг тўртдан бири Чингизхон насли, авлодлари ва издошлари қўли остида бўлган. Чингизхоннинг тўрт ўғли бўлган, у подшоҳликни шу тўрт ўғлига бўлиб берган. Ўғилларидан ҳар бирининг улусига подшоҳликнинг тўртдан бир қисми тегишли бўлган. Тарихий манбаларда ҳамма жойда улуси арбаа, яъни тўрт улус деб битилган, демак, бунда биз айтиб ўтган тўрт қавм кўзда тутилади. Олим Мирзо Улуғбек ўзи ёзган «Тарих»ни ҳам «Улуси арбаа» («Тўрт улус тарихи») деб атаган. Тўрт улусдан бири мўғулдир. Мўғуллар икки қисмга бўлинишган: бири – мўғуллар, иккинчиси – чиғатойлар. Аммо бу икки гуруҳ ўзаро душманлик сабабли, бир-бирларининг обрўларини оёқости қилиш мақсадида бири иккинчисига лақаб қўйиб олган: масалан, Чиғатойлар мўғулларни «жета» деб атаса, мўғуллар чиғатойларни «қароунас» деб атаган. Ҳозирги пайтда чиғатой (темурий)лардан Бобур Подшоҳнинг ўғилларидан иборат ҳукмдорлардан бошқа ҳеч ким қолмаган, чиғатой (темурий)ларнинг ўрнида уларнинг азалий ерларини бошқа ҳар хил одамлар эгаллаб олишган. Мўғуллар эса ўттиз минг киши атрофида Турфонда ва Кошғарда қолишган, Мўғулистонни эса ўзбеклар ва қирғизлар босиб олишган. Гарчи қирғизлар ҳам мўғул қавмидан бўлишса-да, хоқонлар билан бўлган қарама-қаршиликлар туфайли улар мўғуллардан ажраб кетишган. Мўғуллар ёппасига исломни қабул қилиб, мусулмонларга қўшилиб кетишган, қирғизлар эса кофирликларича қолишган ва шу боис мўғуллардан ажралиб кетишган. Бу узун изоҳдан мақсад шуки, ҳозир мўғуллар жуда кам қолишган ва чекка жойларда яшашади. Уларнинг ишлари ҳақидаги бу ёзувлардан мўғулларнинг ўзларидан бошқа ҳеч кимга фойда йўқ, шунинг учун мен мазкур «Тарих»ни битишни ҳурматли, улуғ олимларга таклиф қилмадим, уларни қийин аҳволга солиб қўймай, дедим. Қобилиятимнинг етишмаслиги ва имкониятимнинг йўқлиги буни ёзишимга монеъ бўлолмади ва мен кучсиз қаламим билан уқувсизлик саҳифаларига имкони борича бўлиб ўтган воқеаларни зикр қилдим. Муаллифлик одобига кўра одатда ўқувчилардан узр сўрашади, борди-ю улар баёнда хато ва камчиликларни пайқашса, уларни кечиришларини ва хатоларни тузатиб, муаллифни қораламасликларини илтимос қилишади. Аммо бу фақир банда узр сўрашга ҳам журъат қилмайди. Одатда муаллифлар: «агар хато ва камчиликлар бўлса» дейишади, мен эса аниқ биламанки, менинг асарим хато ва камчиликларга тўла, ўқувчилар қандай эътироз билдиришмасин, ҳаммаси ўринли. Менинг мақсадим — ўз билимдонлигимни намойиш қилиш эмас, балки мўғул хоқонларининг номлари замон саҳифаларидан батамом ўчиб кетмаслиги учун улар ҳақидаги хотираларни қоғозга туширишдир. Агар мўғул хоқонларига ўз насл-насаблари ва ота-боболарининг ишлари ҳақида билиш керак бўлиб қолса, буни улар шу китобдан топишади. Бу ерда ислом динининг тарқалишига қадар ўтган мўғул хоқонлари ҳақида «Тарих»да уларнинг номларидан бўлак ҳеч нарса баён қилинмаган, негаки кофирлар ҳаттоки Жамшид ёки Заҳҳок қудратига эга бўлишса ҳам эслашга лойиқ эмас. Булар Аллоҳ таолонинг қаҳрига муносиб одамлардир. Назм: Истамасмиз номларини тилга олишни. «Тарихи Рашидий» 952 (3 март 1546) йил зулҳижжа ойининг сўнгги кунида гўзал Кашмирда (Аллоҳ уни бахтсизлик ва емирилишлардан асрасин) поёнига етди, бу пайтда Ҳусайн кўрагон ўғли Муҳаммад Ҳайдар, дўстлар орасида Мирзо Ҳайдар кўрагон номи билан машҳур фақир банданинг тахтга ўтирганимга беш йил бўлган эди.
давоми бор...
|