| Муқанна ҳақида Абу Райҳон Беруний маълумотлари | ||||
|
|
Буюк ўзбек олими Абу Райҳон Беруний (973—1048) ўз даври тақозосига кўра асарларини араб тилида битган. Берунийнинг биринчи йирик асари «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» китобидир. Асарнинг арабча номи «Ал-осор ал-боқия ан-қурун ал-холия» бўлиб, Европада «Хронология», ўзбек шарқшунослигида «Осор ал-боқия» номи билан машҳурдир. Беруний «Осор ал-боқия»ни муҳожирлик даврида ёза бошлаган ва милодий 1000 йили ёзиб тамомлаган. Бу асар катта шуҳрат қозониб, Беруний 27 ёшидаёқ йирик олим сифатида эътироф этилди. «Осор ал-боқия»нинг «Пайғамбарлик даъво қилган кишилар ва уларнинг алданган умматлари — уларга оламлар эгасининг лаънати бўлсин — тарихлари устида сўз» бобида исломдан олдинги замонлар ва ислом даврида пайғамбарлик ёки худолик даъво қилган кишилар ҳақида маълумот берилган. Асарнинг Муқаннага бағишланган қисми қисқача. Чунки Беруний Муқанна ва унинг тарафдорлари ҳақидаги батафсил маълумотларни бундан олдин ёзилган «Оқ кийимлилар ва карматийлар ҳақида хабарлар» китобида баён этганини таъкидлайди. Афсуски, бу асар бизгача етиб келмаган. "Муқанна" китобидан |




























