Эларслон | ||||
(?-1172-йил 17-март) Ануштегинийлар сулоласидан бўлган Хоразмшоҳлар давлати ҳукмдори. Отсиз хоразмшоҳнинг ўғли. Эларслон аввал, салжуқийлар султони Санжарга итоат этишини билдириб, нома ва совға-саломлар юборган. Султон Санжар Эларслонни хоразмшоҳ деб эътироф қилган. Султон Санжар вафотидан сўнг салжуқийлар тахти учун кураш авж олган. 1163-йил Эларслон салжуқийлар амирлари ичида энг кучлиси Муаййид Ой-Абога қарши Нишопурга юриш қилган, шаҳарни узоқ вақт қамал қилиб ололмаган, сулҳ тузиб Хоразмга қайтган. Эларслон қўшинлари Деҳистонни эгаллаган. 1166-йил Эларслон яна Нишопурга қарши отланган. Бистом яқинидаги жангда бирлашган салжуқлар ва Отабек Элдегиз қўшини билан Эларслон қўшини ўртасида жанг бўлиб ўтган. Ҳар икки тараф бирон натижага эришмаган. Аммо хоразмшоҳ қўшинларнинг бир қисмини Байҳақ ва Сабзавор шаҳарларига жўнатиб, уларни эгаллаган (1167-йил май). Эларслон Нишопурни забт этган. 1167-йил Хоразм қўшинлари Райдан ўтиб, Сова шаҳрига яқинлашган, султон Арслоншоҳ ва Отабек Элдегиз ўғли Жаҳон Паҳлавон етакчилигидаги салжуқ қўшинлари билан жангга кириб, ғалаба қилган. Сўнгра Эрон Озарбайжонига бостириб кириб, Абхор, Занжон ва Қазвинни эгаллаган. Эларслон, шунингдек, Мовароуннаҳр воқеаларига ҳам аралаша бошлаган. |