Саналар
03.12.2024
Баннер
Баннер
Жалолиддин Мангуберди
PDF Босма E-mail

Жалолиддин ибн Аловуддин Муҳаммад
(1198-1231)
(1220-1231)

Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги ҳукмдори, моҳир саркарда. Ануштегинийлардан. Хоразмшоҳлардан Муҳаммаднинг катта ўғли. Онаси – Ойчечак туркман канизакларидан бўлган. Жалолиддин бурнида ҳоли (манк) бўлгани учун Манкбурни номи билан аталган. Кейинчалик бу ном талаффузда ўзгариб “Мангуберди” номи билан машҳур бўлиб кетган. Жалолиддин вояга етгач, отаси уни Ғазна, Бомиён, Ғур, Буст, Такинобод, Заминдовар ва Ҳиндистон ҳудудларигача бўлган ерларда ҳоким ва тахт вориси этиб тайинланган (1215). Бироқ Туркон хотун ва қипчоқ амирларининг қатъий норозилиги сабабли Қутбиддин Ўзлоқшоҳ фойдасига ворисликдан маҳрум этилган. Жалолиддин отасининг ҳарбий юришларида иштирок этиб, ўзининг жасур жангчи, иқтидорли саркардалик қобилиятларини намойиш этган (қадимги Ирғис дарёси бўйидаги жанг).
Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшинлари Мовароуннаҳрга бостириб кириб бирин-кетин шаҳарларни эгаллаб, Самарқандга яқинлашганларида хоразмшоҳ Муҳаммад Каспий денгизи бўйида жойлашган Обескун шаҳри яқинидаги Ашур ада оролидан паноҳ топган. Оғир бемор бўлган Муҳаммад ўғилларини ёнига чорлаб, сўнгги дамда Жалолиддинни ўз ўрнига хоразмшоҳ этиб тайинлаган. Жалолиддин Мангуберди укалари Оқшоҳ ва Қутбиддин Ўзлоқшоҳлар билан бирга Урганч мудофаасига ошиқади. Лекин Урганчдаги қипчоқ амирлари Туркон хотуннинг акаси Хумортегинни султон деб эълон қилиб, Жалолиддин Мангубердига қарши суиқасд уюштирмоқчи бўлдилар. Бундан хабар топган Жалолиддин Мангуберди Темур Малик бошчилигидаги 300 кишилик суворийлар билан ўз ватани – Хоразмни ташлаб Хуросонга кетишга мажбур бўлади. Нисо шаҳри яқинида уни 700 нафар мўғул суворийси кутарди. Жалолиддин Мангуберди шиддатли жангдан сўнг уларни тор-мор келтириб, Нишопурга келди. Бу ердан у барча вилоят ҳокимларига қарши бирлашишга даъват этди, бир ойдан сўнг Ғазни томон юрди. Ёълда унга Ҳирот волийси, қайнотаси Аминалмулк 10 минг кишилик қўшин билан келиб қўшилди. Қандаҳорни қамал қилиб турган мўғул қўшинлари билан 3 кунлик жангда Жалолиддин Мангуберду уларни тор-мор келтирган. У Ғазнага 1221-йил келди. Бу ерда унга халаж қабиласи бошлиғи Сайфуддин Иғроқ, Балх волийси Аъзам малик, афғонлар сардори Музаффар малик, қарлуқлар бошлиғи Ҳасан Қарлуқ келиб қўшилдилар. Уларнинг ҳар бири ихтиёрида 30 минглик қўшин бор эди. Жалолиддин Мангубердининг ўзидаги кучлар эса 60 минг суворий эди. Жалолиддин Мангуберди Валиён қалъасини қамал қилаётган Такажук ва Малғур бошчилигидаги мўғул қўшинига ҳужум қилиб, 3 кунлик жангдан сўнг улар тор-мор келтирган, 1000 дан ортиқ мўғул аскари ўлдирилган, омон қолган қисми Панжшир дарёсидан ўтиб, кўприки бузиб ташлашган. Бу Жалолиддин Мангубердининг мўғуллар устидан қозонган дастлабки йирик ғалабаси эди.
Чингизхон Жалолиддин Мангубердига қарши Шики Хутуху нўённи 45 минглик қўшин билан жўнатади. Ғазна яқинидаги Парвон жангида Жалолиддин Мангуберди мўғуллар устидан ажойиб ғалабани қўлга киритади. Жангда ҳарбий тактика тарихида биринчи бўлиб, Жалолиддин душман суворийларига қарши от ёнида туриб пиёда жанг қилиш услубини қўллайди. Мўғулларнинг Ушбу жангдаги мағлубияти то шу вақтгача жиддий зарбага учрамаган Чингизхоннинг асосий кучини урушга солиши ва ҳарбий ҳаракат раҳбарлигини ўз қўлига олишга мажбур этади. Бироқ жангдан сўнг Жалолиддин Мангубердининг лашкарбошилари ўлжа устида ўзаро жанжаллашиб қолиб, оқибатда Сайфуддин Иғроқ, Аъзам малик ва Музаффар маликлар Жалолиддин Мангубердини тарк этганлар. Жалолиддин Мангубердининг ёнида фақат Аминалмулк ўз лашкари билан қолган, холос.
Чингизхон катта қўшин тўплаб Жалолиддин Мангубердига қарши шахсан ўзи отланган. Ғардиз қалъаси яқинида Жалолиддин Мангуберди Чингизхон қўшинининг илғорини тор-мор келтиради ва кучи озлиги сабабли Синд (Ҳинд) дарёси томон чекинади. Чингизхон қўшини Жалолиддин Мангубердини дарёдан ўтишига имкон бермай қуршаб олади. 1221-йил 25-ноябрда бўлган тенгсиз жангда (Синд дарёси бўйидаги жанг) мағлубиятга учраган Жалолиддин Мангуберди 4000 жангчиси билан Синднинг ўнг соҳилига сузиб ўтиб, чўл ичкарисига кириб кетди (Бу чўл ҳозирда ҳам чўли Жалолий деб аталади). Чингизхон Жалолиддин Мангубердининг бу жасоратидан ҳайратда қолиб, ўз ўғилларига қараб: “Ота ўғил мана шундай бўлиши лозим!”, деган. Эндиликда Чингизхон Ўзига тенг рақибга дуч келганини яхшигина тушуниб, Жалолиддиннинг катта куч тўплашига халақит бериш учун барча чораларни кўради.
Орадан бир неча кун ўтгач, Жалолиддин Мангуберди қўшини сони 7 мингга етди. Унга Кўлбарс баҳодир, Кабкуҳ ва Саъдиддин Али аш-Шарабдор каби лашкарбошилар ўз кишилари билан келиб қўшилди. Жалолиддин Мангуберди Шимолий Ҳиндистоннинг нотаниш чўлида оч, жулдур кийимли жангчилари билан саргардонликда қолди. Унинг бу ҳолидан фойдаланмоқчи бўлган Шатра вилояти рана (шоҳ) си Жалолиддин Мангубердига ҳужум қилган. Жалолиддин Мангубердининг мерганлик билан отган камон ўқидан рана ҳалок бўлади, қўшини эса пароканда бўлиб қочади. Жалолиддин Мангуберди катта ўлжани қўлга киритади. Бу ғалабадан сўнг Синд, Учча, Мўлтон, Лоҳур ва Пешавор ҳокими Носириддин Қубача (1205-1227)нинг Нандана ва Сакундаги ноиби Қамариддин Кармоний Жалолиддин Мангубердига ўзини хайрихоҳлигини изҳор этиб, совға-саломлар жўнатган. Ғиёсиддин Пиршоҳдан ажралиб кетган амирлардан Санжоқонҳон, Элчи паҳлавон, Ўрхон, Сойирча, Текжоруқ Хонкишилар ўз лашкарлари билан келиб Жалолиддин Мангубердига қўшилдилар. Жалолиддин Мангуберди Калор шаҳри, Паросравар, Тарнуж қалъаларини қўлга киритди. Мулкларининг катта қисмидан ажралган Қубача 10 минг отлиқ қўшини ҳамда мамлуклар сулоласидан бўлган Деҳли султони Шамсуддин Элтутмишдан олган қўшимча куч билан Жалолиддин Мангубердига қарши жанг қилган, бироқ мағлубиятга учраган, унинг хазинаси, қурол-яроғлари ўлжа тушган.
1222-йил Чингизхон Жалолиддин Мангуберди изидан Тўрбай Тўқшин ва Бола нўённи 20 минглик қўшин билан жўнатади. Лекин улар Мўлтонга қадар бориб, шаҳарни ололмай, жазирама иссиққа дош беролмай қайтишади. Жалолиддин Мангуберди ўзига қарши мўғул қўшинлари жўнатилгани хабарини Паросравар қалъасини олгандан сўнг эшитган. Жалолиддин Мангуберди Мўлтон томон йўл олиб Қубача мулкларидан Учча, Садусан, Хатисор, Девал ва Дамрилларни қамал қилади, қўшини учун туялар зарурлиги туфайли Гужарот вилояти маркази Наҳрвалга Хосхон бошчилигида қўшин жўнатади. Шамсуддин Элтутмиш Жалолиддин Мангуберди устига катта қўшин (30 минг отлиқ, 100 минг пиёда, 300 та фил) тортади. Жалолиддин Мангуберди мардонаворлик билан рақибига қарши чиқади. Жалолиддин Мангубердининг Ўзбек Той Жаҳон Паҳлавон қўмондонлиги остидаги илғори Элтутмиш илғори билан тўқнашиб рақибидан устин келади. Элтутмиш Жалолиддин Мангуберди ҳузурига элчисини юбориб сулҳ сўрайди. Жалолиддин Мангуберди Ҳиндистонда ўз номидан кумуш ва мис тангалар зарб қилади, унга тобе ҳинд мулкларида унинг номи хутбага қўшиб ўқилган. Бироқ вазият борган сари мураккаблашиб бормоқда эди. Элтутмиш, Қубача, шунингдек, Ҳиндистоннинг бошқа вилоят ҳокимлари ўзаро тил бириктириб Жалолиддин Мангубердига қарши иттифоқ тузмоқчи эканликлари аён бўлиб қолди. Жалолиддин Мангубердининг лашкарбошиси Язидак паҳлавон ва Сунқуржиқ Тойсилар хиёнат қилиб Элтутмиш томонига ўтганлар. Қийин вазиятдан қутулиш учун Жалолиддин Мангуберди ҳарбий кенгаш чақирган. Амирларнинг кўпчилиги Ироқ томон юриш қилиб, уни Ғиёсиддин Пиршоҳдан тортиб олишни таклиф қилади. Ироқда сиёсий парокандалик ҳукм сурарди. Ироқ томон кетишга қарор қилинади. Жалолиддин Мангуберди ўзининг Ҳиндистонда забт этган мулкларига Ўзбек Той Жаҳон Паҳлавони, Ғур ва Ғазни вилоятларига Ҳасан Қарлуқни ноиб сифатида қолдириб, Ироққа йўл олган. Чўлу биёбонларни кесиб ўтишда Жалолиддин Мангубердининг кўп жангчилари нобуд бўлган, ниҳоят у 4 минг жангчиси билан Кирмонга етиб келган. Ғиёсиддин Пиршоҳнинг Кирмондаги ноиби Бароқ ҳожиб Жалолиддин Мангубердига тобелик изҳор қилади. Шундан сўнг Жалолиддин Мангуберди Форс вилояти маркази Шерозга келган. Форс ҳокими отабек Саъд ибн Зангий ва Язд ҳокими отабек Алоуддавла ибн Тўғоншоҳ унга тобелик билдиришади. Жалолиддин Мангуберди Исфаҳонга келганда аҳоли уни катта тантана билан кутиб олади, қўшини қурол-аслаҳа билан таъминланади. Бу ҳол Ғиёсиддин Пиршоҳга ёқмайди, у акасига қарши 30 минг отлиқ қўшин билан йўлга чиқади. Бироқ Жалолиддин Мангуберди унга совға-саломлар билан мирохур Одекни элчи сифатида жўнатган ва ўзаро низони тинчлик билан ҳал этган. Қўшин бошлиқлари Жалолиддин Мангуберди томонига ўтган. 1225-йил Жалолиддин Мангуберди Озарбайжонга юриш қилади. Сўнг Бағдодга қарши юришга ҳозирлик кўради. Халифа Носиргача элчи жўнатиб, мўғулларга қарши бирлашишга чақиради. Бунга жавобан Халифа Жалолиддин Мангубердига қарши ўзининг мамлуки амир Жамолиддин Қуштемир бошлиқ 20 минглик қўшин жўнатди. Басра яқинидаги жангда Халифа қўшинлари тор-мор келтирилди. Халифа Бағдод мудофааси билан машғул бўлади. Жалолиддин Мангуберди Бағдод атрофида 12 кун тургач, Озарбайжон томон кетади. Озарбайжон ва Аррон отабеги Ўзбек ичкилик, маишатга берилиб давлат ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйган эди, давлатни амалда унинг хотини Малика хотун бошқарарди. 1225-йил майда Жалолиддин Мангуберди Мароға шаҳрини жангсиз қўлга киритади. Дамашқ, Эрбил ҳокимлари у билан иттифоқ тузишга рози бўладилар. Отабек Ўзбек Табризни ташлаб Ганжага, сўнг Алинжо қалъасига қочиб ўша ерда вафот этади. Жалолиддин Мангуберди Малика хотунга уйланади. Табризда бир неча кун тургандан сўнг ўз қўшинини Грузия томон бошлайди. 1225-йил августда Гарни қалъаси яқинида гуржиларнинг Иване Мхаргдзели бошлиқ 60 минглик қўшинини тор-мор келтиради ва Тифлисга қараб юради. Грузия маликаси Русудана Кутаисига кўчиб ўтган. Жалолиддин Мангуберди Двин, Лори шаҳарларини эгаллайди, Сурмари шаҳри ҳокимлари ўз тобеликларини билдиришган. 1227-йил сентабрда Исфаҳондан 30 чақирим шарқдаги Син қишлоғи яқинида Жалолиддин Мангуберди мўғулларнинг Тайнол нўён бошлиқ қўшинини енгган.
Тайнол нўён Жалолиддин Мангуберди ҳақида: “Замонасининг ҳақиқий баҳодири экан, ўз тенгқурларининг сарвари экан”, деган. Жалолиддин Мангубердининг Кўния султони Алоуддин Кайқубод, Жазира ҳокими ал-Малик ал-Ашроф Музафариддин Мусо, Дамашқ ҳокими ал-Малик ал-Муаззам Шарафиддин Ис ва Миср ҳокими ал-Малик ал-Комил Муҳаммадга номалар ёзиб, уларни мўғулларга қарши курашиш йўлида бирлаштириш йўлидаги хатти-ҳаракатлари беҳуда кетди. Устига устак Алоуддин Қайқубод мухолиф кучларни Жалолиддин Мангубердига қарши бирлаштиришга муваффақ бўлди.
1230-йил 10-августда Арзинжон яқинидаги жангда Жалолиддин Мангуберди кучлари мағлубиятга учради. Жалолиддин Мангубердининг кучсизланганидан фойдаланган мўғуллар катта қўшин билан Озарбайжонга бостириб кириб Мароға, Табризни эгаллаб (1231) Жалолиддин Мангуберди таъқиб этишган. Маёфариқин вилоятидаги қишлоқлардан бирида мўғуллар тунги ҳужум натижасида Жалолиддин Мангубердининг оз сонли қўшинини тор-мор келтирдилар, Жалолиддин Мангубердини ўзи эса таъқибдан қутулиб Қурдистон тоғларига чиқиб кетган. Бу ерда қароқчи курдлар қўлига асир тушиб, фожиали равишда ҳалок бўлган.
Жалолиддин Мангуберди ҳақида унинг шахсий котиби, тарихчи Насавий шундай ёзади: “Жалолиддин қорачадан келган, ўрта бўйли, турк лафзли одам эди. Форс тилини ҳам яхши биларди. Унинг ботирлигига келганда шуни айтиш керакки, султон арслонлар орасидаги энг кучли шер эди. Бир сўзли, кек сақламайдиган, очиқ кўнгил, тўғри одам эди. У жиддий шахс эди. Ҳеч қачон кулмасди. Жуда нари борса жилмайиб қўярди. У адолатсизликларни ёмон кўрарди. Жалолиддин ўта қатъиятли, ниҳоятда иродали, мураккаб вазиятларда, тақдирнинг қалтис синовларида ўзини йўқотиб қўймайдиган фавқулодда мард ва ботир саркарда эди. Ўзбекистон ҳукумати Жалолиддин Мангубердининг мўғул босқинчиларига қарши курашда кўрсатган мислсиз жасорати, ватанга ва ўз халқига садоқат ва чексиз муҳаббатини қадрлаш ва унинг порлоқ руҳини абадийлаштириш мақсадида “Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини нишонлаш ҳақида” қарор қабул қилди (1998). Қарорга кўра, унинг юрти Хоразмда Жалолиддин Мангубердига ҳайкал ўрнатилди, йирик кўча, майдон, жамоа корхоналари ва бошқаларга унинг номи қўйилди. Жалолиддин Мангубердининг ҳарбий юришларида ҳамроҳ бўлган тарихчи Насавий Жалолиддин Мангубердига бағишлаб “Сийрат ас-султон Жалолиддин Мангуберди” (“Султон Жалолиддин Мангубердининг ҳолати”) номли асар, Мақсуд Шайҳзода эса “Жалолиддин” (1943-йил) драмасини ёзган. Жалолиддин Мангуберди ҳақида видео филм, достон, пъеса ва бошқалар яратилган. 2000-йилнинг 30-августида “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис этилган.

 
Баннер