Саналар
03.12.2024
Баннер
Баннер
Убайдулло Муҳаммад Баҳодирхон ибн Субҳонқулихон
PDF Босма E-mail

(1681-йил - Бухоро - 1711-йил 16-март)
(1702-1711)

Бухоро хони, аштархонийлар сулоласидан. Субҳонқулихоннинг ўғли. Бухорода мадраса таҳсилини олган. Субҳонқулихон вафоти арафасида валиаҳд қилиб невараси Балх ҳокими Муҳаммад Муқимхонни тайинлайди. Бироқ Бухоро уламолари ва қўшиннинг мададига таянган Убайдуллахон II Бухоро тахтини эгаллайди (1702-йил сентабр). Балх ҳокими Муҳаммад Муқимхоннинг оталиғи ҳисобланган Маҳмуд қатағон (Маҳмудбий оталиқ) Бухорога бўйсунмасликдан ташқари Қубодиён (1703), Термиз (1704)ни ҳам Балхга қўшиб олиб, Балхни мустақил деб эълон қилган. Бекларнинг сарой фитнаси натижасида Муҳаммад Муқимхон ўлдирилгач (1707-йил март), Убайдуллахон II Балх устига катта қўшин билан юриш қилади ва шаҳарни эгаллайди (1707-йил 27 май).
Убайдуллахон II мураккаб шароитда Бухоро хонлигини бошқарган. Иқтисодий таназзул ва ички низолардан ташқари жунғорлар (қалмоқлар)нинг ҳарбий босқинлари (мас., Самарқандга ҳужум, қалмоқлар хуружидан қочган қозоқлар ва қорақалпоқларнинг Мовароуннаҳр ҳудуди (Тошкент ва бошқа жойлар)га кўчиб келиши вазиятни яна ҳам мураккаблаштирган. Ана шундай шароитда Убайдуллахон II давлатнинг иқтисодий негизини мустаҳкамлашга қаратилган чоралар кўрган. Аввало у маъмурий соҳада ислоҳотлар ўтказиб, давлатни бошқаришга ўрта табақа: ҳунармандлар ва савдогарларни жалб қилган. Убайдуллахон II ҳатто марказий ҳокимиятни кучайтириш учун йирик ер эгаларининг имтиёзларини қисқартирган (мас., Жўйбор хожалари солиқ тўлашга мажбур қилинган). Бироқ Жўйбор шайхлари катта сиёсий куч бўлиб, Убайдуллахон II ўтказаётган сиёсат учун хатарли мухолифга айланишган.
Убайдуллахон II нинг сиёсий фаолиятида пул ислоҳоти ҳам алоҳида ўрин тутади. Убайдуллахон II пул ислоҳоти ўтказиш орқали давлат хазинасини тўлдиришни, бебош амирлар, беклар ва уруғ бошлиқлари билан курашда ўз мавқеини кучайтириш ва айрим маҳаллий ҳокимларнинг айирмачилик интилишларини бартараф қилиб, марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга интилди. Бироқ Убайдуллахон II нинг ислоҳотлари бадавлат табақалар ва айрим ўртаҳол шаҳарликлар томонидан нохуш кутиб олинди. Убайдуллахон II га қарши ғалаёнлар кўтарилди.
Убайдуллахон II мамлакатда ободончилик ишларига эътибор қаратган. У мадраса ва Бухоронинг ғарбида Хонобод чорбоғи (1709)ни барпо қилган. Тарихчи Мир Муҳаммад Амин Бухорий унинг саройида бош мунший бўлиб, Убайдуллахон II нинг сиёсий фаолияти ҳақида «Убайдулланома» (1716) асарини ёзган. Муҳаммад Юсуф Муншийнинг «Тарихи Муқимхоний» ва Абдураҳмон Толенинг «Тарихи Абулфайзхон» асарларида ҳам Убайдуллахон II фаолияти акс этган.
Убайдуллахон II сарой фитнаси натижасида Бухоронинг Пири Мирза чорбоғида ўлдирилган. У Бухоро яқинида - Баҳоуддин мажмуасидаги Дахмаи шоҳонда отаси Субҳонқулихон қабри ёнида дафн этилган.

 
Баннер