Араб Муҳаммадхон | ||||
(ХVI асрнинг 2-ярми – 1623-йил) Хива хони. Шайбонийлар сулоласидан Хоразм хони Ҳожи Муҳаммадхон (Ҳожимхон) (1598-1602-йиллар)нинг кенжа ўғли. Отаси ҳаётлигида Хива ҳокими бўлган. Отаси вафотидан сўнг 1602-йили хонлик тахтига чиққан. Абулғози Баҳодирхоннинг ёзишича, унинг даврида Россия чегарасини қўриқлаб турган Ёйиқ казаклари атамани Нечай ва атаман Шамай бошчилигида Урганчга ҳужум қилдилар. Уларни Хива қўшинлари тор-мор қилдилар. 1620 ва 1621-йилларда қалмоқлар Хоразмга юриш қилиб, кишиларни асирга олганлар. Унинг даврида Хива хонлигига қалмоқ ва қозоқлар бир неча марта ҳужум қилиб ғалабага эриша олмадилар. Араб Муҳаммадхон даврида Хива хонлигида давлат парокандалик юқори нуқтасига етган. Амударё ўзанинг ўзгариши ва натижада унинг қуриб бориши бу даврда ҳам давом этди. Натижада, Араб Муҳаммадхон хонлик пойтахтини Урганчдан Хивага кўчиришга мажбур бўлган. Тарқоқлик ва урушлар авж олганлиги Хиванинг маъмурий тузилишига таъсир этди. Араб Муҳаммадхон даврида ички низолар авж олиб, хонликнинг маъмурий тузилишига салбий таъсир этган. Чунончи, ҳар бир шаҳзоданинг ўз ерида шахсий идора аппарати – ўз аёнлари, хазинаси, ясовуллари, божхона хизматчилари ва бошқалар бўлган. 1623-йилда ўғиллари Ҳабаш ва Элбарс султонлар тахт талашиб унга қарши уруш бошладилар. Бу урушда Араб Муҳаммадхон енгилиб, Қум қалъага қамалган ва ўша ерда 1623-йилда вафот этган. |