Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Оллоҳқулихон
PDF Босма E-mail

(тахминан 1797-1842)
(1825-1842)

Хива хони, Қўнғиротлар сулоласидан. Муҳаммад Раҳимхоннинг ўғли. Оллоҳқулихон даврида зулм, талончилик, ўзаро урушлар кучайган. Оллоҳқулихон Бухоро билан сулҳ тузилганига қарамай 7 марта Бухоро хонлиги ҳудудига юришлар қилиб, қишлоқларни талаб қайтган. Хуросонга 5 марта юриш қилган. Қорақалпоқ ва туркманларнинг қўзғолонларини бешафқат бостирган (1828-йил). Россия билан савдо ва элчилик муносабатларини (1840-1841-йиллар) ривожлантирган.
Оллоҳқулихон даврида Хивада карвонсарой, тим, 111 та хона ва бўлмали Тошҳўвли саройи (1834-1835-йиллар), Ичан қалъанинг шарқий дарвозасига туташтириб қурилган Оллоҳқулихон мадрасаси, Оқ масжид, Саитбой масжиди, Тошҳовуз қалъаси (1835-1836-йиллар) ва бошқа иншоотлар қурилган. Янги каналлар қаздириб суғориладиган ерларни кенгайтирган. Хива шаҳрининг ободончилиги учун кўп меҳнат сарф қилган. Оллоҳқулихон даврида кошинпазлик (кошинкорлик) санъати юксак чўққига чиққан. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ва Кўҳна Арк кошинлар билан безатилган. Сайид Аловуддин мақбараси ва бошқа кўпгина тарихий обидалар таъмирланган. Арабхон ва Муҳаммад Амин иноқ мадрасалари қайтадан қурилган.
Хива шаҳрининг атрофи мудофа девори билан ўраб олинган (1842-йил). Ичан қалъа ташқарисида яшаётган аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида Дишан қалъа (Ташқари қалъа) қурилган. Қалъанинг узунлиги 6250 метр бўлиб, шундай улкан қурилиш кучи билан пахсадан 30 кун давомида қуриб битказилган. Ичан қалъанинг жанубий дарвозасидан Дишан қалъа деворларигача бўлган масофа 300-400 метрни ташкил қилади.
Оллоҳқулихон 1842-йил Чоржўйга юриш қилиб қалъани қамал қилган пайтда оғир касалга дучор бўлиб, орқага қайтишга мажбур бўлган ва 1842-йил 23-ноябрда вафот этган. Уни ўзи ҳаёт вақтида тайёрлаб қўйган Паҳлавон Маҳмуд мақбарасига дафн этишган.

 
Баннер