Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Юсупов Полвонниёз ҳожи
PDF Босма E-mail

(1861-йил - Хива - 1936-йил 14-май)

Хоразмда жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, ёш хиваликлар партиясининг асосчиси ва давлат арбоби бўлган П. Ҳожи Юсупов Хива шаҳрида савдогар оиласида туғилган. Эски мактабда таҳсил олгач, савдо ишлари билан шуғулланган. У араб, форс, рус тилларини яхши билган. 1904-йили Туркия, Миср, Сурия мамлакатларида ва Макка шаҳрида бўлган. 1914-йили у жадидларнинг “сўл оқими”дан ажралиб чиққан ёш хиваликлар патиясини бошқарди. П. Юсупов 1917-йил 5-апрелда Хива хони Асфандиёрхонга тақдим этилган давлат бошқарувида ислоҳатлар ўтказиш тўғрисидаги манифест муаллифларидан бири эди. Манифестга биноан 1917-йил 8-апрелда Хива хони ҳузурида мамлакатни янгича бошқариш учун Мажлис тузилади. П. Юсуповга Россия ҳукумати ва рус қўшинлари билан муносабатларни барқарорлаштириш вазифаси юклатилди. Бироқ Асфандиёрхоннинг жадидларга қарши сиёсати натижасида Юсупов 1917-йил охиридан бошлаб 2 йил давомида Тошкентда муҳожирликда яшади. Турккомиссия муҳожирликдаги ёш хиваликлар партиясидан Хива хонлигини ағдариб Хоразмда советлар андозасидаги янги ҳукумат ташкил қилишни режалаштиради. 1918-йил бошида Тошкентда муҳожир ёш хиваликлардан ташкил қилинган Комитет болшевиклар таъсирида эди.
Шу тариқа П. Юсупов қуйидаги лавозимларда фаолият кўрсатган: болшевиклар таъсиридаги Ёш хиваликлар инқилобий қўмитаси раиси (1918-йил бошидан). Туркистон АССР Миллий ишлар халқ комиссарлигида Туркман шўбаси бошлиғи (1919). Хива хонлиги ағдарилгач (1920-йил 1-феврал), янги ташкил қилинган Хоразм Халқ Совет Республикаси Нозирлар Шўросининг биринчи раиси (1920-йил 27 апрел - 1921-йил 6 март).
Юсупов ХХСР ҳукумати раиси сифатида мустақил сиёсат юритиш ва Хоразм Республикасида демократик ислоҳотларни қарор топтириш учун интилган. Бироқ Туркистон комиссияси (Турккомиссия) ва Туркистон фронти қўмондонлиги Полвонниёз Ҳожи Юсуповнинг бу сиёсатига қарши чиқиб, Хивада янги ҳукумат тўнтаришини амалга оширишган. Юсупов фаол сиёсий курашдан воз кечганлиги учун кейинчалик болшевиклар томонидан афв қилинган ва ХХСРда турли лавозимларда хизмат қилган.

 
Баннер