Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Хидиралиев Иномжон
PDF Босма E-mail

(1891-йил 23-феврал, Наманган уезди Поп волостидаги Исковат қишлоғи - 1928-йил 31-декабр, Москва)

Давлат ва жамоат арбоби, дипломат. 1903-1905-йилларда Попдаги, 1906-07-йилларда Қўқондаги рус-тузем мактабида ўқиди. 1909-1917-йилларда Ўш ва Жалолобод шаҳарларида Бозорқўрғон ва Қўрғонтепадаги приставларда котибларда котиблик ва тилмочлик қилди. 1917-йил ноябрида уни Ўш шаҳар думасига аъзо қилиб сайлашади.
И. Хидиралиев 1919-йилдан турли совет идораларида масъул лавозимларда ишлади: Фарғона вилояти партия қўмитасининг котиби (1920-21), Туркистон АССР Ер ишлари халқ комиссари (1922), Туркистон АССР Марказий Ижроия Комитети (МИК) раиси (1922-24). РСФСР Ер ишлари, федерал комитети Президиуми аъзоси (1923-24). Туркистон АССРнинг РСФСРдаги мухтор вакили (1924-йил январ - ноябр). И. Хидиралиев Туркистон республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб, болшевикларнинг шовинистик сиёсатига қарши курашди. Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракатига хайрихоҳлик билан қаради. У “ўн саккизлар гуруҳи”нинг ташкилотчиларидан бири эди (1925). Ер ишлари халқ комиссари (1925) сифатида И. Хидиралиев Ўзбекистонда ер-сув ислоҳотини амалга оширишда фаол қатнашди. Пахтакор деҳқонларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш тарафдори бўлган. 1926-йилда у Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги банки правления раиси лавозимида ишлади.
И. Хидиралиев Ўзбекистонда ер-сув ислоҳатини амалга оширишда халқ комиссари сифатида фаол қатнашди. У болшевиклар томонидан ўтказилаётган “қулоқларни синф сифатида тугатиш” сиёсатига қарши чиққан эди. Пахтакор деҳқонларни иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатди.
Бироқ мустабид тузумнинг унга ўтказган руҳий тазйиқлари ва доимий таъқиб остига олишлари таъсир қилмасдан қолмади. И. Хидиралиев 1928-йил Москвадаги “Национал” меҳмонхонасида ўз жонига суиқасд қилди. Москванинг Ваганково қабристонида дафн этилган. И. Хидиралиев вафотидан кейин, 1937-йилдаги оммавий репрессия даврида “халқ душмани” сифатида қораланган эди. Андижондаги кўча, Қўрғонтепа туманидаги мактабга И. Хидиралиев номи берилган.

 
Баннер