Ислом Абдуғаниевич Каримов |
|
1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Олий маълумотли. Ўрта Осиё Политехника ва Тошкент Халқ хўжалиги институтларини тугатган. Муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга. Иқтисод фанлари номзоди.
Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган. 1961 йилдан 1966 йилгача В.П.Чкалов номидаги Тошкент Авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади. 1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди. 1983 йилда И.Каримов Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди. 1986 1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилоят партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади. 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида И.Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 31 август куни И.Каримов тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра, И.Каримовнинг президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди. 2000 йил 9 январда муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, И.Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2007 йил 23 декабрида муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, И. Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2015 йил 29 март куни муқобиллик асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ Ислом Каримов 5 йиллик муддатга мамлакатнинг олий лавозимига сайланди. У оилали, икки нафар фарзанди, беш набираси бор. Рафиқаси Т.А.Каримова — мутахассислиги иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, айни пайтда — пенсияда. И.Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, «Мустақиллик» ва «Амир Темур» орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг орден-медальлари билан ҳам мукофотланган. Ислом Абдуғаниевич Каримов 2016 йил 2 сентябрда 78 ёшида ўлган. |