Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Хондамир (1473-76-1534)
PDF Босма E-mail

Ҳиротлик тарихчи Хондамир (тўла исми Ғиёсиддин Муҳаммад ибн Хожа Хумомуддин ибн Хожа Жалолуддин Муҳаммад ибн Бурҳонуддин) ўз асарлари билан XVI аср бошларида фан тараққиётига кириб келган алломалардандир. Унинг ҳаёти, ижоди ҳақида ўз асарлари, замондошлари ёзиб қолдирган оз-моз маълумотлардан ташқари, деярли бошқа маълумот йўқ.

Она томонидан у «Равзат ус-сафо» («Мусаффолик боғи») муаллифи, машҳур тарихчи Мирхонднинг набираси бўлган. Отаси Хожа Хумомуддин Муҳаммад ибн Хожа Жалолуддин Муҳаммад ибн Хожа Бурҳонуддин Муҳаммад Шерозий ўз замонининг зиёлиларидан эди ва Султон Маҳмуд Мирзо Темурийнинг (Ҳисори Шодмон ва Бадахшонда ҳукмронлик қилган) вазири бўлган.

Хондамир 1473—1476 йиллар орасида Ҳирот шаҳрида туғилган ва ўша ерда таълим олган бўлса керак, деб тахмин қилинади. У тарих, адабиёт ва иншони пухта эгаллаб, ўз замонасининг йирик олими сифатида ном қозонган тарихчидир.
Хондамирнинг олим сифатида шаклланишида маърифатпарвар шоир Мир Алишер Навоийнинг ҳиссаси катта бўлиб, у бўлажак олимга, ўзининг жуда бой кутубхонасидан фойдаланишга рухсат берган ва шу билан бирга илмий ишларига раҳбарлик қилган.
Тарихчининг ўзи ҳақида келтирган маълумотлардан шу нарса маълумки, у ёшлик чоғидаёқ Навоий қўлига келган, дастлаб унинг кутубхонасида кутубхоначи, кейинроқ эса мудир бўлиб ишлаган.
Алишер Навоий вафотидан сўнг, Хондамир Хуросондаги сиёсий воқеалар гирдобига тушиб, дастлаб Балхга Султон Ҳусайн Бойқаронинг тўнғич ўғли Бадиуззамон Мирзо саройида хизмат қилади. Айни шу пайтда Бадиуззамон Қундуз ҳокими Хисравшоҳни Шайбонийхон (1500-1510) лашкари томонидан кутилаётган ҳужумдан Хуросонни ҳимоя қилишда иштирок этишга оғдириш орзусида юборилган элчилар қаторига Хондамир ҳам қўшилиб, шахсан ўзи Бадиуззамоннинг махсус топшириғини бажарди. Шу даврда унга «садр» унвони берилган. Хондамир бироз фурсатдан сўнг яна Бадиуззамон топшириғига биноан Шайбонийхонга қарши тузилган иттифоққа Кандаҳор ҳокимини бирлаштириш мақсадида у ерга жўнатилди. Аммо Бадиуззамон қизининг вафоти туфайли Хондамир сафарни тўхтатиб, Ҳиротга қайтишга мажбур бўлган ва 1506 йили Шайбонийхон Ҳиротнинг забт этишини шоҳиди бўлган ҳамда Хуросон маркази Ҳиротни топширишдаги шартларни ишлаб чиқишда иштирок этган.
Сулолалар ҳукмронлиги ўзгаргандан сўнг, Хондамир Темурийлар сулоласининг тарафдори бўлганлиги боис, Ҳиротдан кетишга қарор қилади ва 1507 йилдан то 1510 йилгача Шимолий Афғонистондаги Башт қишлоғида ижод билан шуғулланади. Ҳирот тахтига Сафавийлар сулоласи, унинг асосчиси Шоҳ Исмоил (1407—1424) келиши биланоқ, 1510 йили Хондамир Ҳиротга қайтиб келади. Шоҳ Исмоил вафотидан сўнг (1527) Ҳиротдан буткул юз ўгириб, Кандаҳорга, 1528 йили у ердан Бобурийлар пойтахти Аграга (Ҳиндистон) Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳузурига ўтади.
Хондамир Аграга келгач, Бобурнинг яқин одамлари қаторидан жой олади ва 1529 йили Бобурни Бенгалия ва Ганг дарёси соҳили томон қилган юриши пайтида кузатиб боради. Бобур вафотидан сўнг, унинг вориси Ҳумоюннинг (1530-1556) хизматида бўлиб, 1534 йили у билан бирга Гвалиорда бўлади ва Гужоратга қилган юришида қатнашади. Айни вақтда, у «Ҳумоюннома» асарини ёзади ва бу хизмати учун «Амир ал-муаррихин» («Тарихчилар амири») унвонига сазовор бўлади. Хондамир 1534 йили Ҳумоюн билан Мандуга қайтиб келаётганда вафот этади. Унинг васиятига кўра жасади Деҳлидаги қабристонга — Низомиддин Авлиё, шоир Хусрав Деҳдавийлар ёнига дафн этилади.
Хондамирнинг икки фарзанди — бирининг исми Амир Маҳмуд, иккинчиси Саййид Абдулхон бўлган. Амир Маҳмуд Шоҳ Исмоил ва Шоҳ Тахмасп (1524—1576) ҳукмронлик қилган давр тарихини ёритган асар муаллифи бўлиб, асар Муҳаммадхон Шарафиддин Такалийга бағишланган. Ушбу асар «Равзат ус-Сафавия» («Сафавийлар боғи») да келтирилган маълумотга кўра, ўша давр олимлари орасида катта эътибор қозонган.
Хондамир бутун умри давомида, тахминан ўн учта асар ёзган бўлса, бизгача шу асарларнинг саккизтаси етиб келган.
Муаррихнинг «Маъосир ул-мулук» («Ҳамаср подшоҳларнинг тарихи») асари Алишер Навоий илтимосига кўра ва унга миннатдорчилик изҳори тариқасида 1498-1499 йилларда ёзилган. Бу асар подшоҳ ҳамда қадимги донишмандларнинг хайрли ишлари ҳақида айтилган ҳикматнамо гапларни ўз ичига олади. Жумладан, Қаюмарсдан Ануширвонгача, Одам Атодан Бузургмеҳргача бўлган ҳамда Муҳаммад пайғамбар ва имомлар ҳақида битилган нақллардан иборат. Сўнгра муаллиф Уммавийлар, Аббосийлар, Сомонийлар, Ғазнавийлар ва бошқа сулолаларга тегишли ҳукмдорлар тарихи билан бирга Курд подшоҳлари ва турк хоқонлари тарихини ёритган. Асарнинг охирги қисмида Хусайн Бойқаро ва Алишер Навоийга замондош бўлган ҳукмдорлар, олимлар ва донишмандлар ҳақида маълумотлар ҳам берилган.

«Хулосат ул-ахбор фи баён ул-аҳвол ул-аҳёр» («Хайрли кишилар аҳволини баён этиш борасида хабарлар хулосаси») 1498-1499 йиллар орасида ёзилган бўлиб, бу асар ҳам Алишер Навоийга бағишланган. Унда Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий замонида Ҳирот ва унинг атрофида олиб борилган улкан қурилишлар, қазилган сув иншоотлари, шунингдек, ўша замонда ўтган шоирлар, олимлар, математиклар, астрономлар, мусиқашунослар, шифокорлар, санъаткорлар ҳақида қимматли маълумотлар бор.

«Макорим ул-ахлоқ» («Олижаноб хулқпар») асари ҳам Алишер Навоийга миннатдорчилик рамзи сифатида ёзилган (лекин Навоий вафот этиб, Хондамир унга китобни тақдим этишга улгурмаган).

«Макорим ул-ахлоқ»да Хондамир Навоийнинг юксак инсоний фазилати, олижаноб ахлоқи, асарлари, унинг ташаббуси билан қурилган бинолар, унга замондош шоир, олим ва фозил кишилар, шунингдек, Хуросоннинг ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий аҳволи, Навоий билан Ҳусайн Бойқаро орасидаги муносабатлар хусусида ҳикоя қилади.

Хондамирнинг «Дастур ул-вузаро» («Вазирлар учун қўлланма») асари Алишер Навоий илтимосига мувофиқ 1500 йили ёзилиб, Ҳусайн Бойқаро ва унинг вазири Амир Камолиддин Маҳмудга бағишланган. Орадан тўққиз йил ўтгач, 1509 йили асар қайта ишланган ва кенгайтирилган. Ундан Шарқ мамлакатларининг УН-ХУ1 асрлардаги тарихи, жумладан, Мовароуннаҳр ва Хуросонда Темурийлар сулоласи инқирозига қадар ўтган вазирлар, Чингизхоннинг вазири, кейинроқ мўғулларнинг Хитойдаги ноиби, хоразмлик Маҳмуд Ялавоч ҳамда унинг ўғли Чиғатойхоннинг Мовароуннаҳрдаги вазири Масъудбек тўғрисида маълумотлар жой олган.

Алломанинг «Номаи номи» («Атоқли номалар»)сида 1522 йидда кечган воқеалар баён қилинган (Асарнинг «Иншои Ғиёсиддин» ёки «Иншои Ғиёсий» деган номи ҳам бор). Китоб иншо илмига оид (стилистика, турли мактуб ва фармонларни ёзиш қоидалари) бўлиб, Шарқ мамлакатларида ўтган турли табақадаги тарихий шахсларга (шоҳдар, амирлар, садрлар, қозилар, шайхлар, шоирлар) дойр маълумотлар, подшоҳ ва хонларнинг ёрлиқ ҳамда фармонларидан намуналар, уларни битиш тартиблари ҳам баён этилган. Асарнинг қиммати шундаки, асар баъзи бир муҳим мансабларнинг (парвоначи, мунший, муставфий, иҳтисоб (муҳтасиб), қалантар, мубашшир, ҳофиз) келиб чиқиши, бундай мансаб эгаларининг ҳақ-ҳуқуқлари, вазифалари хусусида сўз юритади.

Мирхонднинг «Равзат ус-сафо фи сират ул-анбиё ва-л-мулук ва-л-хулафо» («Халифалар, подшоҳлар, авлиёлар ҳаётига оид мусаффолик боғи») асарига Хондамир томонидан 1522 йидда ёзиб тугатилган илова (7-жилд) ва «Жуғрофий қўшимча» қисмлар мавжуд. Еттинчи жилд мазмунан Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» асарининг учинчи жилд учинчи қисм иккинчи ярми мазмуни билан мосдир. Асарнинг «Жуғрофий қўшимча»си, тахминан 1495 йили Мирхонд томонидан ёзила бошлаган ва 1523 йилда Хондамир унинг давомини ёзиб тугатган. Асар мазмуни ҳам «Ҳабиб ус-сияр»га кирган матндан ташкил топган ва бу ўринда воқеаларни «Ҳабиб ус-сияр» орқали ўрганган маъқулроқ деб ўйлаймиз.

Хондамирнинг энг йирик асари «Ҳабиб ус-сияр» 1520—1524 йиллар мобайнида ёзилган ва вазир Каримуддин Хожа Ҳабибуллоҳ Соважийга бағишланиб, асар номи ҳам қисман шу вазир исми билан боғланган. Асарда қадим замонлардан, то 1524 йилга қадар Шарқ мамлакатларида, хусусан, Эрон, Афғонистон, Ироқ ва Марказий Осиёда содир бўлган воқеалар қаламга олинган. Унинг XV асрнинг сўнгги ва XVI асрнинг биринчи чорагида Мовароуннаҳр ҳамда Хуросоннинг умумий аҳволини акс эттирган учинчи жилд учинчи ва тўртинчи қисмларидаги маълумотлар янгилиги билан катта илмий қимматга эгадир.

Хондамирнинг «Ҳумоюннома» асари «Қонуни Ҳумоюн» номи билан ҳам машҳур бўлиб, Ҳиндистон подшоҳи Бобурий Ҳумоюн Мирзога бағишланган ва 1535 йили ёзиб тамомланган. Асардаги Ҳумоюн Бобурийлар давлатида ҳукмронлик қилган даврида жорий этилган янгиликлар, аҳволини уч табақага, ҳокимиятни эса тўрт идора усулига бўлиниши ва Ҳумоюннинг меъморчилик фаолияти ҳақидаги маълумотлар диққатга сазовордир.
Хондамирнинг қолган бешта асарининг фақатгина номлари маълум, холос. Булар: «Осор ул-мулук ва-л-анбия» («Подшоҳ ва пайғамбарлар ҳақида ҳикоялар»), «Ахбор ул-аҳёр» («Яхши инсонлар ҳақида хабарлар»), «Мунтахаб-и тарих-и Вассоф» («Вассоф тарихидан сай-ланма»), «Жавоҳир ул-ахбор» («Хабарлар гавҳарлари») ва «Ғаройиб ул-асрор («Қизиқарли сирлар») деб номланган асарларидир.

Навоий асарларидан шу нарса маълумки, Хондамир «Нақий» тахаллуси билан шеърлар ҳам битган, бироқ унинг шеърлар тўплами бизгача етиб келмаган, лекин айрим парчалар «Ҳумоюннома», «Макорим ул-ахлоқ» ва бошқа асарларида қисман учраб туради.

Юқорида келтирилган маълумотларга кўра, Хондамир Марказий Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон тарихига оид асарлар яратган ва шу билан бирга жаҳон маданияти хазинасига муносиб ҳисса қўша олган.

Юсупова Д.

 
Баннер