Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Саккокий (XIV аср охири — XV аср ўртаси)
PDF Босма E-mail

Ўзбек мумтоз адабиётида ёрқин из қоддирган, бетакрор ғазаллар ва қасидалар яратган етук истеъдод эгаси, лирик шоирлардан бири Саккокийдир.

Саккокийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида бизгача жуда кам маълумот етиб келган. Унинг таржимаи ҳоли тўғрисида ўзининг девони ва Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис ва «Хутбаи давовин» асарларидан баъзи бир маълумотларни билиб олишимиз мумкин. Бундан ташқари, шоир Яқинийнинг «Ўқ ва ёй» асарида Саккокий турк (узбек) шоирларининг мужтаҳили (ғайратлиси) деб таърифланиши, унинг ўз замонасининг забардаст шоирларидан бири эканлигини билдиради. Саккокий мовароуннаҳрлик бўлиб, у Темурийлар салтанатининг пойтахти Самарқандда умргузаронлик қилиб ижод этган.
Саккокий — шоирнинг тахаллуси, унинг асл исми маълум эмас. «Саккок» (пичоқчи) сўзидан, шоир ҳунарманд оилада туғилган деган фикрни тахмин қилиш мумкин. Саккокий XIV асрнинг иккинчи ярмида ёки XIV асрнинг охирги чорагида туғилганини эса ҳижрий 810 (1407—1408) йилда Амир Темурнинг набираси Халил Султонга бағишлаган қасидасидаги:
Тарихқа саккиз юз доғи ўн эрдию қадр ахшоми,
Бир ой туғулди дунёда ким мамалакатда хон эрур —
мисрасидан тахминан билиб олиш мумкин. Чунки шоир бу қасидасини анча ижодий тажрибага эга бўлгандан кейин, тахминан, 30 ёшларида ёзган бўлиши керак.
Саккокий ижодининг гуллаган даври Улуғбек ҳукмронлик қилган даврларга (1409—1449) тўғри келади. Тарихдан маълумки, буюк мунажжим ва етук давлат арбоби Мирзо Улуғбек маърифатпарвар подшоҳ бўлиш билан бирга илм-фан, санъат ва адабиёт аҳлининг ғомийси ҳам эди. Ана шу фикрдан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Саккокий Улуғбекдан паноҳ топган алломалар сирасига кириб, унинг ижодий фаолияти одил подшоҳ билан боғлиқдир. Сакко¬кий ўз ҳомийсига атаб қасида битади, Улуғбекни кўкларга кўтариб мақтайди, унинг душманларига қарши ўз сўзлари билан зарба беради. Шоир Улуғбекка баҳо берар экан, шундай маърифатпарвар под¬шоҳ билан замондош бўлганидан фахр ҳиссини туяди ва:
Фалак йиллар керак сайр этсаю келтирса илкига,
Менингдек шоири турку сенингдек шоҳи донони,—
деган мисраларни ёзади.
Саккокий ўз девонида Мирзо Улуғбек, Халил Султондан ташқа¬ри, Хожа Муҳаммад Порсога, Арслонхожа тархонга ҳам қасидалар битган. Бу қасидалардан ташқари девонга бир қатор лирик ғазаллар ҳам киритилганки, бу ғазалларнинг кўпчилиги бизгача етиб келмаган. Саккокийнинг ўзи тузган девонининг бир неча қўлёзма нусхалари маълум бўлса-да, бу нусхаларнинг бирортаси ҳам тўла ва мукаммал нусха эмас. Жумладан, Лондонда, Британия музейида девоннинг тах¬минан XVI аср ўрталарида кўчирилган бир нусхаси ва Тошкентда, Ўчбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик инстутитида 1937 йилда Шоислом исмли котиб томонидан қайсидир манбадан кўчирилган нусхаси сақнанади.
Саккокий XV аср ўрталарида вафот этганлигини Навоийнинг Самарқандда бўлган йилларида (1465—1469) Саккокий мухлислари билан учрашгани ва суҳбатлашгани билан изоҳлаш мумкин. Нимагаки, Саккокий бу даврда ҳаёт бўлмаган, агар ҳаёт бўлганида Навоий билан учрашган бўларди.
Саккокийнинг қасидачилик борасидаги маҳоратини назарда тутадиган бўлсак, шак-шубҳасиз, уни Ўзбек қасидачилигининг асосиси десак янглишмаймиз. У улуғ шоир Лутфий билан беллаша оладиган шоир даражасида бўлган. Бу ҳақда Алишер Навоий  ўзининг асарида шундай жумлаларни келтиради: «Уйғур иборати Фусахосиндин ва туркий алфозининг булағосиндин Мавлоно Сак¬кокий ҳам Лутфийларким, бирининг ширин абётининг иштиҳори Туркистонда бағоят ва бирининг латиф ғазалиётининг интишори Ироқ ва Хуросонда бениҳоятдурур ва девонлари мавжуд бўлгай». Бундан кўринадики, Саккокий Туркистон, яъни Мовароуннаҳрдаги ижоди билан жуда катта обрўга эга бўлганки, унинг гўзал қасидалари, севгини васф этувчи бетакрор ғазаллари Самарканд илм аҳлининг кўнглидан мустаҳкам жой олган.
Саккокий лирикасининг асосий тематикаси кўпгина шоирларникидек асосан севги-муҳаббатни шарафлашдан иборат. У инсонни инсонга бўлган муҳаббатини куйларкан, севгини ҳаётга, унинг завқ-шавқи, табиат манзараси ва инсоний эзгу хислатларга бўлган меҳр-муҳаббат билан узвий ҳолатда тараннум этади. У ўз шеърларининг маъно ва шаклига катта эътибор берган, ғазалларида замондошлари каби ажойиб сўз ўйинларидан усталик билан фойдаланган. Тасвирланаётган маъшуқанинг ғамзасини таърифлар экан:
Қочонким ғамзаси кўзлаб ўқин кирпики кезлоса,
Қора қошларидан пайдо бўлур ушшоқнинг ёси,—
дейди.
Саккокий ғазалларида келтирилган кўпгина бадиий тасвирлар ва  ўхшатмаларни Алишер Навоий, Бобур ва бошқа шоирларнинг ғазалларида ҳам учратиш мумкин.
Саккокий фақат лирик шеърлар ёзиш билан чекланиб қолмай, юқорида айтганимиздек, гўзал қасидалар ёзди ва бу қасидалар у яшаган, ижод этган даврдаги ижтимоий ҳаёт билан чамбарчас боғланиб кетган.
Саккокий Улуғбекка атаб ёзган қасидасидаги яна бир мисрага эътиборни қаратсак, фойдадан холи бўлмас:
«Раият қўй эрур, Султон анга чўпон ё бури,
Бури ўлгаю қўй тинғай, чу Мусотек шубон келди»,
— деб ёзади.
Бу билан Саккокий ўша даврдаги ҳукмдорлар ҳақида фикр юритади ва адолатли ҳукмдорларни чўпонга, адолатсиз ҳукмдорларни бўрига ўхшатади.
Улуғбек давлат тепасига келиши воқеасини шоир қуйидагича ифодалайди:
Жаҳондин кетти ташвишу мабодойи амон келди,
Халойиқ айш этинг бу кун, сурури жовидон келди.
Тан эрди бу улус барча, анингтек жони бор ё йўқ,
Биҳамдиллоҳ, ўғон фазли била ул танга жон келди.
Улуғбекка бағишлаб ёзилган қасидада халқ, улус, раият, омонлик, сурур, адолат сўзлари кўп учрайди. Бундан кўриниб турибдики, замонасининг илғор фикрли кишиси сифатида буюк шоир Сакко¬кий халқ аҳволини ўйлаган ҳолда, Улуғбекдек маърифатли ҳукмдорнинг давлат тепасига келиши халқ учун яхши иш бўлганлигидан мамнун эканлигини изҳор этган.

Шундай қилиб, ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек, Мавлоно Саккокий ажойиб лирик шеърлар ва бетакрор қасидалар ижод этган қамда ўзбек мумтоз адабиётининг равнақ топиб, гуллаб-яшнашига маълум ҳисса қўшган буюк шоирлардан бири сифатида тарихда муҳрланди.

 
Баннер