Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рудакий тахминан ҳижрий 243 (860) йилда Самарканд яқинидаги Панжрудак қишлоғида, деҳқон оиласида туғилди. Бу даврда Мовароуннаҳр Эрон, Ҳиндистон, Хитой, Миср ва Сурия билан савдо ва маданий алоқаларни яхши йўлга қўйган эди. X асрда Бухоро, Самарканд, Урганч, Марв, Нишопур, Балх, Зарафшон водийсининг юқори қисми ҳунармандчилик, савдо ва маданий марказларга айланган эди. Айниқса, Бухоро шаҳри IХ-Х аср-лардаёқ Шарқнинг энг йирик маданий марказларидан бири бўлган. Рудакий ёшлигиданоқ шеъриятга ихлос қўйди, ўз замонасининг машҳур чолғучиси Абул Аббос Бахтиёр қўлида мусиқадан маълумот олди. Дастлабки маълумотни ўз қишлоғида олган Рудакий ўқиш учун Самарқандга борди. У ерда чуқур бил им олиб, тез орада адабиёт ва санъат соҳасида ҳам донг чиқаришга муваффақ бўлди. Бухоро ҳукмдори Наср II ибн Аҳмад Сомоний (914-943 йилларда ҳукмронлик қилган) даврида Рудакийнинг шоирлик шуҳрати Бухоро ва умуман Шарққа кенг тарқалди. Рудакий асарларига эътибор берилса, унинг астрономия ва қадимги юнон фалсафасини ҳам яхши тушунганлигини кўриш мумкин. Сомонийлар давлатининг кўзга кўринган давлат арбоби, Наср II ибн Аҳмаднинг яқин дўсти Абуфазл Балъамий Рудакий ҳақида «У фақат машҳур шоир бўлибгина қолмай, балки ўз даврининг етук олими ҳам эди», деб баҳо берган. Наср II ибн Аҳмад Сомоний Рудакийни ўз саройига таклиф этгандан сўнг, унинг ҳаётининг кўп қисми Бухорода ўтди. Унинг кўзи ожиз бўлган. Қадимги манбаларда, унинг онадан кўр туғилганлиги ҳақида нақллар бор. Баъзи олимларнинг фикрича, у саройдан қувилиши олдидан кўзига мил тортиб кўр қилинган. Рудакий қариган чоғида қувғинга учраган, ўз қишлоғига қайтиб фақирликда умр кечирган. У 941 йилда оламдан кўз юмди ва ўз ватанида дафн этилди. Бу жой халқнинг зиёратгоҳига айланди. Рудакийнинг адабий меросидан бизгача минг байт етиб келган (2 қасида, 50 рубоий, шеърлар, достон ва бошқалар). Аммо XII аср шоири Рашид Самарқандийнинг таъкидлашича, биронта шоир Рудакий сингари кўп асар ёзган эмас. Баъзи олимларнинг фикрича, Рудакий бир миллион уч юз минг мисра шеър ёзган. Муҳаммад Авфийнинг хабар беришича, Рудакий юзта тўплам (дафтар) ёзган.
Ас-Сомонийнинг «Китоб ул-ансаб» асарида келтирилишича, «Рудакийнинг шеърлар тўплами Ажам (араблар яшамайдиган) мамлакатларда машҳур. Айтишларича, Рудакий биринчи бўлиб форс тилида шеър ёзган шоирлардандир», дейилган. Шунинг учун ҳам Наср II ибн Аҳмад Сомоний унинг вазирлари ва ҳарбий бошлиқлари унга қимматбаҳо совғалар берар эдилар. Шу туфайли Рудакий катта бойликка эга бўлган. Аммо у бутун диққат-эътиборини шеъриятга ва фанга қаратган. Рудакий шеърият вазифасини кишилар қалбига таъсир этиш, «сангу-сандон юракларни мум каби юмшатиш» деб билди. Унинг асарларида халқчил ғоялар кучли. қадимги манбаларда Рудакийнинг «Офтоб даврони», «Ароис ан-нафоис» («Нафис куртаклар») ва «Синбоднома» достонлари бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Рудакийнинг қасидаларидан «Модари ман», «Дар васфи Бухоро» ва «Шикоят аз пири» («қариликдан шикоят») бизгача етиб келган. Рудакийнинг ижодида X асрнинг ижтимоий ҳаёти ўз аксини топган. Унинг ҳамма асарларида халқнинг орзу-умидлари, манфаатлари ифода қилинган. Рудакийнинг ахлоққа оид асарларида ақл-идрок, хулқ-атвор ва билим асосий ўринни эгаллаган. Мутафаккир билимни ҳамма бойликлардан устун қўяди. Унинг айрим насиҳатлари инсоннинг қандай ҳолатда бахтли бўлиш шароитларини аниқлашга ёрдам беради. Рудакийнинг фикрича, инсоннинг тўла бахтга эга бўлиши учун тўрт нарса керак: соғлиқ, яхши одоб, яхши ном ва ақл. У инсонларни воқеаларнинг ички моҳиятидан унинг ташқи томонини ажрата билишга чақиради. У яхшилик, сахийлик ва улуғворликни тарғиб қилади. Рудакийнинг табиат гўзалликларини ифода этган асарлари жуда жозибалидир. Унинг асарларида Ватанга, халққа муҳаббат мавзула-ригина ёритилмай, кенг фалсафий фикрлар ҳам баён этилган. Масалан, «қариликдан шикоят» асарида моддалар бир шаклдан иккинчи шаклга ўтишини ҳамда йўқ бўлиб кетмаслигини таъкидлайди. Буюк мутафаккир кишилар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик кишилик жамияти учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини бир неча бор таъкидлаб ўтган. Унинг фикрича, ҳақиқий дўстлик учун кишиларни, ҳатто турли динда бўлишлари ҳам халақит бера олмайди. Унинг қуйидаги сатрлари диққатга сазовордир:
Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун, Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.
Рудакий ҳаётнинг ўзини биринчи устод ҳисоблайди ва ундан таълим олишга ундайди:
Ҳар киши олмаса ҳаётдан таълим, Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим.
Рудакий асарларида инсон аклу заковатига ишонч кучли. Асарларининг тили, бадиий ифода воситалари содда ва тушунарли қилиб ёзилган. У биринчи бўлиб, X асрдаёқ форс мумтоз адабиётига асос солганлиги учун кўпгина Эрон олимлари, жумладан, профессор Саййид Нафисий форс шеъриятининг ватанини Мовароуннаҳр деб ҳисоблайди. Табиатни, ватанни васф қилиш, ахлоқий панду насиҳатлар би-лан асарни безаш кейинги мутафаккирларга Рудакийдан қолган анъана эди. Жумладан, буюк шоир вафотидан кейин яна 50 йил яшаган машҳур тарихчи Абулфазл Байҳақий (995—1077) унинг ғояларини ўз тарихий асарларида давом эттирди.
М.Б Баратов
|