Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Император Констанций Иккинчи
PDF Босма E-mail

«Никейчиликни қўллаб-қувватлаган Шарқ епископлари Констанций даврида қаттиқ азоб чекишди. Укаси Констант 350 йили вафот этгач, Констанций подшоликни ўз ҳукми остига бирлаштирди ва энди жамики христиан олами арийчиларнинг қўлига ўтгандай бўлди».
Теология профессори Кристофер А.Холл

Ҳақиқат ва ёлғон, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш азалий бўлиб, бадкорлар томонидан ҳақиқатни одамлардан яшириш мақсадида содир этилган жиноятлар сони ҳам саноқсиздир. Зеро, инсон ўз табиати-ю, моҳиятига кўра ҳақиқатни танлаши, ҳамиша ҳақиқат томон интилишини улар яхши билишади. Ҳақиқат тарафдорлари, ўз навбатида, тўғри йўлда бораётган одамларга тўсқинлик қиладиган ўша бадкорларга қарши кураш олиб боришга мажбур бўлишади. Шундай экан, уларнинг ҳақиқатга чақирадиган даъватини қўриқлайдиган муайян кучнинг бўлиши жуда муҳим масаладир. Фақат хаёлпараст кишигина ҳақиқат одамларга ўзидан ўзи етиб боради деб ўйлаши мумкин. Ҳақиқат эса аксарият ҳолларда, уни бадкорларнинг ҳамласидан ҳимоя қила биладиган кучга эҳтиёж сезади. Айнан шу боис ҳам Зиннурайн(Заннурайн (икки нур соҳиби) - Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга берилган ном. Константинополь император Констанций Иккинчига қолди. Кенг тарқалган тахминга кўра, бундай номга ушбу зоти шариф Муҳаммад соллаллоху алайхи васалламнинг икки нафар қизи, хусусан Руқайя ва Умму Гулсумга уйлангани учун берилган. Бошқа бир тахминга кўра эса ушбу саҳоба тунги ибодатлар давомида Қуръонни кўп тиловат қилгани учун сазовор бўлган экан (Қуръон - нур, тунги ибодат - нур). Али Мухаммад Саллабийнинг «Усмон ибн Аффон. Учинчи адолатли халифа» асарига қаранг. Араб тилидан изоҳлар келтириб ўгирган таржимон Е. Сорокоумова. — М.: Умма, 2012. - 568- сах. - (Халифалик тарихи).) Усмон ибн Аффондан қуйидаги сўзлар ривоят қилинади: «Дарҳақиқат, Аллоҳ Қуръон воситасида тийилмаган нарсаларни ҳукмдорнинг қўли ила тўхтатиб боради».(Тариху багдад, 4 - 107; ат-Тамхид Ибн Абдулбарра, 1 - 117.) Ҳақиқат кенг оммалашишига сабаб бўладиган муҳим омилларидан бири - ҳукмдор ёки куч соҳибининг мавжудлигидир. Чунончи, ҳаммага маълумки, йўл ҳаракати қоидалари одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур, аммо ўзингиз айтингчи, агар ушбу қоидалар ижросини кузатиб, одамлар ҳаётини хавф остига қўйган қоидабузарларни жавобгарликка тортадиган полициячилар бўлмаса, ўша қоидаларга амал қиладиган одамлар сони қанча бўлар эди?
Атоқли шоир Аҳмад Шавқий розияллоҳу анҳу айтганидек: Таёқ ила қамчи бўлмас экан гар, Минбарда бўлмагай ҳеч бир эзгулик.
Мазкур ҳикоямиз қаҳрамони император Констанций Иккинчининг ҳаётий йўли юқорида айтилган фикримизга далил бўла олади. Ушбу подшоҳни курраи заминдаги эзгуликка йўлланган даъватни бадкорларнинг дасисасидан муҳофаза қилган ҳақиқий ҳимоячи дея ҳисоблаш мумкин. Император Буюк Константин розияллоҳу анҳу 337 йили вафот топгач, Византия подшолиги унинг уч нафар ўғли ва жияни ўртасида тўрт қисмга бўлинди. Хусусан, империянинг:
- Англиядан Мағрибгача чўзилган Ғарбий қисми император Константин Иккинчининг тасарруфига ўтди.
- Марказий Европа ва Италиядан Шимолий Африкагача чўзилган Марказий қисми император Констант Биринчининг тасарруфига ўтди.
- бугунги Туркия ва Шом ҳудудидан Миср ва шарқий Ливиягача чўзилган Шарқий қисми ҳамда империя пойтахти - Юнонистон билан Болқон яриморолларидан иборат қисми Буюк Константиннинг жияни Далмацияга берилди.
Император Констанций Иккинчи ўғиллар орасида ўз отаси Буюк Константин каби арийчиликка эргашган ягона ўғил бўлгани маълум. Буюк Константиннинг қолган икки нафар ўғли никейчиликка мойил бўлишган. Констанцийнинг тақиқи бўлмаганда иккаласи қотилликда айбланиб сургунга ҳукм қилинган Афанасийни сургун жойидан қайтаришлари мумкин эди.
Константин Иккинчи билан Констант Биринчининг ўлимидан сўнг Рум подшолигининг катта қисмини генерал Магнеций босиб олди. Шу тариқа, Буюк Константиннинг омон қолган ягона ўғли арийчи император Констанций Иккинчи империянинг барча ерларини ўз тасарруфида бирлаштиришга эришди ва Ислом (ёки асл Христиан дини - арийчилик) Византия подшолигининг расмий динига айланди. Бирлашган империя эса ўз ичига Англия, Испания ва Мағрибдан Ироқ ва Туркияга чўзилган ҳудудни, шу жумладан, Шимолий Африка, Миср ва Марказий Европани қамраб олди.
Шахсан мен, император Констанций Иккинчининг таржимаи ҳолини узоқ ўрганиб чиққач, уни Ислом тарихидаги энг буюк қаҳрамон бўлган деган хулосага бордим. Ушбу муваҳҳид подшоҳ ҳақида мактабда ўқитилган тарих дарслигига битилган исмидан ташқари, деярли ҳеч нима билмас эдик. Аниқланишича, у ҳеч муболағасиз, жуда катта кучга эга шахс бўлган экан. Ҳақ йўлдаги хизмат, ҳукмдорлик даврида дунёнинг сиёсий харитасига ўзгартириш киритиш борасида халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ўхшаш жиҳатлари кўплигини Констанций Иккинчининг таржимаи ҳоли билан танишиб чиққан киши ўзи учун кашф этади. Империянинг Шарқий қисмини ўз тасарруфига олган император Констанций Иккинчи подшолик пойтахти Константинополнинг епископи лавозимига, ўша даврда Ягона Аллоҳга эргашган христианларнинг раҳнамоси Евсевий Никомедийни тайинлаш тўғрисида фармон чиқарди. Юқорида айтилгандек, у ўз укаларини никейчилар доҳийси Афанасийни қўллаб-қувватлашдан тийиб борди. Империянинг барча қисмлари 350 йили Констанцийнинг ҳукми остида бирлашгач, подшоҳнинг амрига биноан бир нечта бутунжаҳон соборлари ўтказилиб, уларда Никей соборининг жамики қарорлари ва ўша даврда насронийлик таълимотига киритилган барча бузуқ тушунчалар бекор килинди. Айниқча, 355 йили ўтказилган Милан собори бу борада катта аҳамиятга эга бўлди. Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, Милан шаҳри ўша даврда яккахудоликнинг Европадаги таянчларидан бири бўлди.
Соборлар ўтгач, Исо алайҳиссаломнинг Ягона Аллоҳга асосланган асл таълимоти империянинг расмий мафкурасига айланди. Императорнинг рафиқаси Евсевия ҳам катта роль ўйнаб, яккахудоликнинг кенг оммалашишига улкан ҳисса қўшди (Аллоҳ ундан Уз марҳаматини дариғ тутмасин). Айни дамда улуғ дин арбоби Евсевий Никомедий одамларга яккахудоликнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш билан машғул бўлди. У келгусида яккахудоликни тарғиб қилиб, ўз юртининг тарихий жараёнларини ўзгартириб юборган кўплаб одамларни Исломга киритди. Улар ҳақида кейин ҳикоя қиламиз.
361 йили Рум подшолигининг мусулмон императори Констанций Иккинчи розияллоҳу анҳу боқий дунёга рихдат қилди. Умрининг асосий қисмини Аллоҳнинг дини ва асл христианлик таълимотини ҳимоя килишга сарф этган Констанцийнинг фарзандлари бўлмаган ва шу боис, салтанат Юлианга, тарих саҳифаларида Муртад Юлиан номи ила колган амакиваччасига мерос ўтди. Подшоҳга бундай тамға босилишига унинг мажусийликка қайтгани, Ягона Аллоҳга эргашган насронийларга қарши аёвсиз кураш бошлаб, уларни ҳар қадамда қийноққа солганча, ваҳшиёна ўлдириб боргани сабаб бўлган.
Бугун биз асл христианларни сохта христианлардан фарқлай олишимиз учун Муртад Юлиан христианликнинг энг биринчи душмани бўлмиш Афанасийни сургун жойидан Искандарияга қайтариб, шаҳар черковига раҳбар этиб тайинлаганини билишимизнинг ўзи кифоя. Шундан сўнг, Ягона Аллоҳга эргашган чин насронийларни қийноққа солиб, беаёв ўлдириш жараёнлари авжига чиқди. Уша олағовур замонда таъқиб қилинганлар орасида жафокаш Лукианнинг мактабида Арий билан бирга таҳсил кўрган Марис Халкидон ҳам бўлган. Тарихшунос олимлар Генри Вас билан Дэвид Рорбачер томонидан келтирилган маълумотларга кўра муваҳҳид Мариснинг кўзи ўйиб олинган. Даҳшатли қийноқларга солинган ушбу қаҳрамон золим император Муртад Юлианга мурожаат қилганча:
«Башарангни кўрмаслигим учун мени сўқир қилиб қўйган Худога беҳисоб шукрлар бўлсин!» - дея хитоб қилган экан.
Муртад Юлиан ҳукм сурган давр ўтгач, Византия салтанатида бир қатор императорлар алмашди. Уларнинг айримлари муваҳҳид-мусулмон бўлган. Ундай подшохлар жумласига император Валент ёки император Валентиан Иккинчи ва унинг онаси, Ғарбий Рум подшолигининг пойтахти Миланда арийчи епископнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаганча Исломга ёрдам берган ҳоқон аёл Юстинани мисол тариқасида келтириш мумкин.
Шундан сўнг, христианлик тарихидаги энг нохуш шахс - император Феодосий Биринчи ҳукм сурган давр кириб келди. Ҳамма бало янги императорнинг Исо алайҳиссаломни Худо деб биладиган никейчилигида эмас, том маънода учига чиққан жиноятчи бўлганида эди. Феодосий Биринчи Исо алайҳиссаломни илоҳийлаштириш бидъатига даъват этган никейчи епископларни шунчаки қўллаб-қувватлаш билангина чекланмай, яккахудолик динига эътиқод қилган одамларнинг барини жиноятчига чиқарди. Империя аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этган муваҳҳид насронийларни оммавий равишда қатл қилишга киришди. Бу ҳақда тарихшунос олим, Инжилни биринчи бўлиб қадимий юнон тилидан лотин тилига ўгирган таржимон Иероним қуйидагича гувоҳлик берди:
«Арийчи бўлганидан дунёнинг аксарият қисми фарёд солиб, ҳайратда қолди...»
Империя пойтахти Константинополга келсак, шаҳар аҳолиси тўла-тўкис арийчи бўлган. Тарихшунос Морис Уайлс ўзининг «Азалдан маълум бидъат: Асрлар оша ўтиб келган мангу арийчилик» асарида шундай дейди:
«Константинополдаги 40 йиллик ҳаёт давомида нафақат черков раҳбарияти арийчи бўлди, балки шаҳар аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этган насронийлар ҳам арийчиликни никейчиликдан афзал кўрди».
Никейчи черков раҳбарларидан иборат ҳамтовоклари билан бирга ҳукм сурган Феодосий Биринчи асл насронийлик таълимоти жорий згилган барча бутунжаҳон соборлари ва уларда қабул қилинган қоидаларни бекор қилди. Бинобарин, агар ўтмишда ўтган бутунжаҳон соборлари тарихига мурожаат қиладиган бўлсак, 325 йилги биринчи Бутушжаҳон Никей собори билан 381 йилги иккинчи Бутунжаҳон Константинополь собори ўртасида деярли 60 йиллик танаффус ўтгани кўзга ташланади. Аслида эса бу, христианларни ўз динининг ҳақиқий тарихидан бехабар қолдириш мақсадида черков томонидан амалга оширилган сохтакорликлардан биридир.
381 йили император Феодосий Биринчининг амри ила Константинополь собори ўтказилди. Ушбу соборнинг қарори ила никейчилик таълимотига яна бир янги Худо қўшилди. Аниқроқ айтиладиган бўлса. ўша йили илк бор Худога тенг келтирилиб, сиғиниш учун муносиб топилган Муқаддас Руҳга эътиқод эълон қилинди ва айнан ўша йили банибашар тарихида илк бор Муқаддас Учликнинг барча аъзолари «Эътиқоднинг Никей рамзи»даги ўз жойини эгаллади. Қисқаси, энди насронийлар эътиқод қиладиган объектлар мазмунан: кексайган Ота; оқ-сариқ сочли, Уғил дея эътироф этилган навқирон йигит; кабутар кўринишида тасвирланган Муқаддас Рухдан иборат бўлиб қолди. Санаб ўтилган учала сиймо Худога тенг, аммо улар якка тартибда алоҳида олиб кўриладиган бўлса, бир-бирига тенг келадиган Худо эмас. Кўриниб турибдики, бундай ғоя ҳар қандай мантиққа, хусусан, муайян объектлар маълум бир ягона нарса бўлар экан, уларнинг ҳар бири алоҳида кўрилганда ҳам бошқасининг ўзи бўлиши керак, қоидасига зид келади. Черков бундай ақида борасида оддий христианларга ҳеч кандай тушунтириш бермаганига қарамай, Муқаддас Учликка эътиқод ўша даврдан буён, яъни Исо туғилганидан кейин 380 йил ўтиб, энди тринитарчилар дея саналадиган никейчилар эътиқоди учун мажбурий шартлардан бирига айланди.
Ўша кунгача ўтган баҳс-мунозаралар Учликка эътиқод мавзусида эмас, Исо алайҳиссаломни илоҳийлаштириш мавзуси атрофида кечган. Чунки Муқаддас Руҳ 381 йилгача ҳеч қачон Худо сифатида тилга олинмаган. Ҳатто Никей соборида ҳам Муқаддас Руҳ ҳақида биров оғиз очмаган. Буларнинг бари бугунги насронийларнинг аксарияти кўр-кўрона ишонадиган Учликка доир ақида Исо алайҳиссалом туғилганидан кейин 380 йил ўтгачгина пайдо бўлганини черков ўз қавми - оддий христианлар оммасидан бекитишга уринаётганидан далолат беради.
Бу вақтга келиб тринитар черков тарихининг мудҳиш саҳифасига айланган яна бир жиддий ҳодиса рўй берди. Ушбу ҳодиса банибашар тарихида ўтган энг ваҳший одамлардан бири - епископ Августин Иппонийнинг ёки черков таъбири ила айтганда Авлиё Августиннинг пайдо бўлиши билан боғликдир. Ул кас христианликка янгидан-янги бузук маслакларни жорий этишдан ташқари, черков амалиётига одамларни қийноққа солиш ишларини ҳам киритди. Кейинчалик христианлик тарихида содир этилган турлича қийноққа солиш жараёнлари ва азоб бериб ўтказилган судлар бир замонлар Августин тасдиқлаган ахлоқсиз қонунлар билан чамбарчас боғлиқ кечди. Жазоирнинг Нумидиясида туғилган Августин, ушбу юртни босиб олган румликларнинг авлоди бўлган. Бугунги черков уни барбар дея танитади. Епископ Августин барбар бўлмаган. Черков амалдорлари барбар халқини ўз томонига оғдириш мақсадидагина уни барбарлар орасидан чиққан қаҳрамону буюк шахс сифатида кўрсатишга уринишади. Аслида Августиннинг онаси барбар бўлган. Унинг отаси эса румлик бўлиб, Исо алайҳиссаломга зиғирдай дахли йўқ қип-қизил мажусий бўлган. Августин болаликдан даҳрий бўлиб ўсган, йигитлик ёшига етгач эса манихейчиликка - Форс юртидаги мажусий динлардан бирига кирган. Эътибор берилса, Исо алайҳиссаломнинг динини бузган Афанасий ёки Августин каби шахсларнинг аксарияти аввал бошдан христиан бўлишмаганини, улар туғилиб ўсган оилалар насроний бўлмаганини фаҳмлаш қийин эмас. Арий билан Евсевий каби буюк зотлар эса аксинча, христиан оилада тарбия топишганидан ташқари, ўз даврининг буюк насроний уламоси жафокаш Лукианнинг мактабида таҳсил кўришган.
Августин ёшлигида мажусийларнинг манихейчилик фалсафасидан олган бузуқ маслагини, унинг епископлик даврига келиб шундок ҳам бузилиб бўлган тринитар христианлик динига жорий этишга ва бу билан бир бидъат устидан бошқа бидъатни қўшиб боришга қатъий бел боғлаган. Бугунги христианлик динидаги аксарият ғоялар аслида Августин томонидан ўйлаб топилиб, Исо алайҳиссаломнинг ҳақиқий динини тамоман бузиб ташлаган ёлғон-яшиқ нарсалар эканини аксарият насронийлар тасаввур ҳам қила олмайди. Бироқ христианлик учун энг катта мусибат ушбу жиноятчи томонидан черков амалиётига жорий этилган қийноққа солиш мафкураси бўлди. Бундай мафкура Исо алайҳиссаломнинг асл таълимотига мувофиқ танҳо Аллоҳга иймон келтирган насронийлар ёки ушбу таълимот душманларининг таъбири ила айтганда арийчилар учун ҳақиқий фожианинг ибтидоси бўлди. Учликка эътиқод қилинадиган динга киришга мажбур қилиш учун арийчиларни ва бошқа тоифага мансуб насронийларни қийноққа солиш амалиёти кенг тус олди. Минг-минглаб муваҳҳид насронийлар ўлдирилди. Имкон топганлар Учликка эътиқод тарафдорлари томонидан Исо алайҳиссаломнинг ҳақиқий издошларини ёппасига қириш мақсадида ихтиро қилиниб, қўлланиладиган мудҳиш қийноққа солиш анжомларидан узоқ-узоқларга қочишди.
Тринитарчилар Исонинг ҳақиқий издошларидан батамом халос бўлдик деган хаёлга боришган вақтда ҳеч ким кутмаган бир ҳодиса рўй берди!
Тўртинчи аср интиҳосида қандай ҳодиса юз бердики, тринитарчилар билан муваҳҳидликка эргашганлар орасидаги муносабатлар ўзгарди? Қандай қилиб яккахудолик тарафдорлари тарих саҳнасига қайтишга эришишди? Қандай қилиб муваҳҳидлик Европа ҳудудининг йирик қисми, Шимолий Африка, Эфиопия ва Яманга етиб, оммалашди?


Ат-Туробийнинг
"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан

 
Баннер