Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Тўғрулбей
PDF Босма E-mail

«Салжуқийлар Аббосийлар халифалигини Эрон, Ироқдаги Бувайҳийлар, Миср ва Шомдаги Убайдийлардан (Фотимийлар) халос қилган. Улар Бувайҳийлар ҳукмронлигини бутунлай тугатиб, Убайдийлар халифалигига қақшатқич зарба берганлар. Салжуқийлар раҳнамоси Тўғрулбей ҳижрий 447 йили Бувайҳийларни Бағдоддаги давлатига барҳам бериб, масжидга кираверишда ёзилган саҳобалар ҳақорат қилинган сўзларни ўчиртирган».
Ислом тарихшунос олими, доктор Али Саллабий

Исломдан асло хавотир олманг!
Ислом тарихини яхшилаб ўрганиб чиққан одам, Ислом умматини бир қанча оғир синовларни бошидан ўтказганини кузатиш мумкин. Баъзилар бу умматни бошига мусибат тушганда, қайта тикланишига умид йўқлигини айтганлар. Ҳалокат ёқасида турганда Исломнинг тақдири ҳам фиръавнлар, греклар ва римликлар каби тарихда шунчаки хотира бўлиб қолади деганлар.
Ана шундай оғир паллада Ислом уммати устидаги чангни қоқиб, гўёки Аллоҳ уни тирилтириш учун жонсиз жасадга руҳ ато этганидек, яна оёққа туради. Ислом уммати ўзининг аввалги мавқеини қайтариш учунгина эмас, балки ундан ҳам юқори даражаларга эришмоққа мақсад қилади. Ислом уммати қулагандан сўнг қайта тикланиши тарихчиларни ҳам ҳайратга солиб келган. Бу хусусият Ер юзидаги фақат битта жамиятга хос неъмат... Улуғ жамият... Ўлмас жамият... Ислом жамияти... Каҳрамонимиз Тўғрулбейнинг тарихи бунга яққол мисол бўла олади. Энди эса муҳтарам ўқувчимизга яна ҳам тушунарлироқ бўлиши учун улуғ турк баҳодири тарих саҳнасига чиқишидан юз йил ортга қайтсак.
Бу тарих X асрда (ҳ. IV аср) Каспий денгизининг жанубий соҳилларида яшаган Абу Шужоа Бувайҳ исмли балиқчидан бошланади. Бу балиқчи Каспий денгизининг жанубий соҳилида ўтроқлашиб қолган эронликларнинг дайлам қабиласидан бўлган. Унинг Али, Ҳасан ва Аҳмад исмли уч ўғли бўлиб, учаласи ҳам дайлам халқининг машҳур раҳбари Макан ибн Калининг аскарларига қўшилиб, тез орада ўзларининг жасорати туфайли лашкарбошилардан бўлишга муваффақ бўладилар.
Улар қисқа вақт ичида Форс ҳамда Марказий Осиёнинг кўп қисмини ўз тасарруфига ўтказадилар. Уларнинг энг кенжаси Аҳмад Форснинг жанубий қисмини ва Кирмонни эгаллаб, 937 йили (ҳ. 326 йили) Ироқнинг чегарасига яқин жойлашган Аҳвозни босиб олади. Уларнинг ўртанчиси Ҳасан Форс шаҳрининг шимолини, Исфаҳон, Ҳамадон ва Райни эгаллаб, 942 йили (ҳ. 331 йили) уни ўзига пойтахт қилади. Уларнинг энг тўнғичи Али - Караж шаҳрининг раҳбари этиб тайинланади. Сўнгра ўз мамлакатига Форс шаҳрининг кўп қисмини қўшиб олиб, 943 йили (ҳ. 322 йили) Шерозни эгаллаб, уни ўзига пойтахт қилади. Шундай қилиб дайламий балиқчиси Бувайҳнинг уч ўғли Караждан Аҳвозгача, Каспий денгизидан тортиб, Форс қўлтиғигача чўзилган мамлакат-лар ҳукмдорларига айланади.
Айни замонда...
Мусулмонлар халифалигининг маркази Бағдодда қўзғолон кўтарилади. Ҳукумат амирлар ва лашкарбошилар қўлида бўлиб, Аббосийлар халифалигининг номигина қолган эди. Сўнгра ҳукуматни қўлга олган бу амирларнинг бири халифа Муттақийлиллоҳни қулатиб, ўрнига ҳукуматга келади. Бу нотинчликдан фойдаланиб, Аҳмад ибн Бувайҳ 945 йили Бағдодга юриш қилиб, уни эгаллаб олади. Шунда янги халифа Мустақфийбиллоҳ Аҳмад ибн Бувайҳни амирул Умаро қилиб тайинлаб, унга «Муизуддавла» (Давлат қудрати), энг катта акасига «Имомуддавла» (Давлат таянчи), ўртанчисига «Рукнуддавла» (Давлат устуни) деган фахрий унвон беради. Шундай қилиб Ироқ ва Ислом халифалигининг пойтахти Бағдод Бувайҳийларнинг (шиалар) қўлига тўлиғи билан ўтиб кетади. Аббосийлар халифалиги уларни Рофидийларнинг мутлақ адашган ўн икки имомга сиғинган мазҳабидан бўлганлигига қарамай, уларга ишониб олган эди. Бир йилдан сўнг Аҳмад ибн Бувайҳ халифани қулатиб, уни қамоққа ташлаган ва у ўша ерда жон берган. Аҳмад ибн Бу-вайҳ халифаликни ўз қўлига олгандан сўнг Бувайҳийлар халифаликни ўзлари назорат қиладилар. Лекин уларнинг замонида ҳеч қайсиси халифаликка муносиб бўлган эмас. Сўнгра уларни сунний-мусулмонларни кўра олмасликлари кучайиб, уларга қарши жирканч хатти-ҳаракатлар қила бошлайдилар. Улар халифалик марказида хоҳлаган ишларини қилар, ҳатто Бағдод масжидлари эшикларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Муовия ибн Абу Суфён, Абу Бакр Сиддиқ, Умарул Форуқ ва Усмон ибн Аффонни (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) ҳақоратлаган сўзларни ёзиб қўядилар. Халифа эса буларга ниҳоятда эркинлик берган эди. Аҳмад ибн Бувайҳ Ашуро кунини аза тутиш ва ўзини-ўзи чопқилаш куни деб белгилаган. У куни бозорлар ёпилиб, ошпазларни овқат қилиши тақиқланган. Аёлларни кўчага чиқариб, сочини ёйдириб, Ҳусайн ибн Али учун ёноқларини уриб йиғлаб, мотам тутишларини буюрган. Бағдоддаги бу жаҳолат илк бор Аҳмад ибн Бувайҳ томонидан уюштирилган. Бувайҳийлар даври Исломга мувофиқ келмайдиган адолатсизликлар билан тўлиб тошган, Исломнинг қора кунларидан бири бўлган. Улар Аббосийлар халифалигини қулатиб, Бағдодни Миср ва Шимолий Африкага раҳбарлик қилаётган исмоилий-шиаларга ўтказиб беришни кўзлаганлар. Маслаҳатчилар Аббосийларнинг кучсиз халифалиги ўрнига, Убайдийлардан кучли бир халифани раҳбар этиб тайинлашга маслаҳат берганлар. Бувайҳийлар даврида Аббосийлар пойтахтида аввал кузатилмаган очарчилик ҳукм сурган. Озик-овқатнинг баҳоси ошган. Одамлар ўлган жониворлар, мушуклар ва дарахт япроқларини еб кун кўрганлар. Натижада касалликлар тарқалиб. кўпчилик одамлар ҳалок бўлганлар.
XI асрнинг (ҳ. V аср) ўрталарида Ислом халифалигининг маркази Бағдодда нотинчлик ҳукмрон суради. Бувайҳийлар заифлашиб, эгаллаган жойларининг кўпчилиги қўлдан чиқиб кетган. Шу пайтда Бағдодда шиалар раҳбари Бусасирий ҳукмронлик қилар эди. У ҳукуматга хоҳлаган инсонини қўйиб ёқмаганини ишдан оларди. Мисрда ўз халифалигини эълон қилган Убайдийлар (Фотимийлар) билан алоқасини мустаҳкамлаган. Уларнинг мақсади: Аббосийлар халифалигига бар-ҳам бериб, ҳукуматни ботиний (исмоилий) мазҳабининг тарафдорлари бўлган Убайдийлар қўлига ўтказиш эди. Убайдийлар бу борада махсус хуфиялар ёллаб, уларни моддий тарафдан таъминлаб турганлар. Натижада Ислом халифалиги хавф остида қолган. Улар Шом ва Ҳижозни уз тасарруфига ўтказиб, Мағрибдан Ироқнинг чегарасигача чўзилган улкасида, Исломга мувофиқ келмаган бузуқ ақидалар ҳукмронлик қитарди. Уша пайтда Византиянинг шимолидагилар саҳобалар замонида мусулмонларга олдириб қўйган ерларини қайтариб олиш тараддудида бўладилар. Византияликлар ўша пайтда ҳукуматдаги мусулмонларни саҳобалар давридан кескин фарқ қилаётгани ва уларнинг дини ҳам римликларнинг Ярмук ва Ажнадайн маъракаларида тор-мор этилганларнинг динидай эмаслигини жуда яхши билганлар. Шунинг учун улар Исломга юриш қилиш вақти келди деб ўйлашган. Ислом уммати оғир аҳволда қолиб, унга ёвуз кучлар ҳар тарафдан таҳдид солар эди!
Ислом умматининг бошига мусибат тушган бир пайтда...
Аббосийлар халифаси Қоим Биамриллоҳ Ўрта Осиёдаги янги барпо этилган Ислом давлатидан мадад сўраб, нома йўллайди. Саноқли кунлар ичида Ўрта Осиёдан Ислом қўшини Бағдодга келиб, мусулмонлар халифалигининг марказини 113 йил бошқарган Бувайҳийлардан тозалаб кетадилар. Бу Ўрта Осиёда пайдо бўлган, тарих йўналишини ўзгартирган давлатни вужудга келиши қандай бўлган?
Баъзида Ер юзининг турли жойларида зулм ва жиноятчилик авж олган даврда, одамларни умидлари сўниб, энди ҳаммаси тамом деб ўйлаб қоладилар. Масала Ислом уммати хусусида кетаркан, унинг ортида ажиб ишлар ётади. Ваҳоланки, у бизга аён эмас. Душманлар бир ерда Исломни бутунлай йўқ қилиш пайида бўлса, Аллоҳ таоло уни бошқа жойда янги Исломий кучни яратиб қўяди. У қисқа муддат ичида атрофидаги ёвуз кучларни бартараф қилади. Бу кучни шаклланиши кўп ҳолларда узоқ ҳамда кутилмаганда амалга ошади. Бу эса Ҳаким ва Эшитгувчи Аллохдан бошқа ҳеч кимга аён эмас. Шунингдек, шавкатли салжуқийларнинг қудратли давлатини вужудга келиши бунга яққол мисол бўла олади.
Бувайҳийлар Ислом маркази Бағдодда нотинчликлар солиб, бузуқликлар қилаётган бир пайтда Ўрта Осиё, Орол ва Каспий денгизлари ўртасида ҳозирги Қозоғистон мамлакатининг жанубида Салжуқ ибн Дўкак исмли турк баҳодири пайдо бўлади. У турк ўғузларининг асосий 23 қабиласидан бири бўлган қиниқ уруғига мансуб эди. Унинг Микоил, Исроил, Мусо ва Юнус деган фарзандларининг исмларига қараганда, у яҳудийлар динига эътиқод қилган одам эканлиги маълум бўлади. Баъзи тарихий манбаларда маълум бўлишича, Салжуқнинг ҳарбий маҳорати яҳудийлик динига эътиқод қилган ҳазар-турклари аскарларидан бошланган. Яна баъзи маълумотларга қараганда, у шарқдаги несториан-христианларга мансуб бўлган.
Салжуқ ибн Дўкак «ябғу» деб аталган турк хоқонлигида хизмат қилган. У абжирлиги ва мардлиги туфайли тез орада лашкарбоши бўлишга эришади. Лекин хоқон (ябгу) аскарлари орасида Салжуқнинг нуфузи тез ўсиб бораётганини пайқаб, уни йўқ қилишни қасд қилади. Аллоҳнинг инояти билан Салжуқ хоқонни бу режасидан хабар топиб, у ердан кетиб, Туркистонга боради. Туркистон аҳли мусулмон баҳодирларидан бири Қутайба ибн Муслим замонидан бери Ислом динига эътиқод қилишар эди. Салжуқ мусулмонлар билан яқиндан муомала қилиб, уларнинг гўзал феъл-атворини кузатгандан сўнг, 985 йили (ҳ. 374 й.) Ислом динини қабул қилади. У иймоннинг ҳаловатини тотгандан сўнг Осиёдаги ой ва қуёшга сиғинган динсиз туркларни ҳам Исломга даъват этишга бел боғлайди. Лекин уларнинг ҳукмдорлари ўз мансабларидан айрилиб қолишларидан қўрқиб, Исломни ўз халқига етказишдан бош тортадилар. Бу бутпарастлар ҳам Салжуқни қатл қилишга қарор қиладилар. Шунда бу туркий баҳодир ўз кабиласидан йиғилган аскарлар билан қарши чиққан подшоларга қарамай, Ислом динини етказиш учун ҳарбий юриш бошлаб, бирин-кетин мағлуб эта бошлайди. Исломнинг ҳақиқатини тушунган туркийлар Ислом динини қабул қилишиб, Салжуқ аскарига қўшиладилар. Салжуқ тез орада катта ва қудратли қўшин тузиб, Ислом динини Осиёга кенг тарқалишига муваффақ бўлади. 1000 йилга (ҳ. 390 й.) келиб, Салжуқ ибн Дўкакнинг набираси томонидан бир неча йилдан кейин барпо этиладиган янги туркий давлатнинг ўзаги вужудга келади.
Салжуқ ибн Дўкак оламдан ўтгандан сўнг фарзандлари унинг йўлини давом эттирадилар. Ҳукуматни ўғли Исроил ўз қўлига олади. Унинг акаси Микоил бутпарастлар билан бўлган бир жангда вафот этади. Ҳукуматга раҳбарлик қилган Исроил ҳам вафот этгандан сўнг Салжуқнинг зарзандлари ва набиралари кенгашишиб, ораларидан Микоилнинг ўғли бўлган, бир ёш йигитни бошлиқ этиб сайлашади. У йигит ёш чоғида бобоси Салжуқ билан кўп юрар, ундан Исломга ва Аллоҳ йўлида курашишга бўлган тиришқоқликни ўрганган эди. Бу йигитнинг исми - Тўғрулбей. Ундан катта Чағрибей деган акаси бўлса ҳам, салжуқлар уни оқил идрок соҳиби эканлиги ва бу масъулиятли мансабга Тўғрулбей муносиброқ эканини таъкидлайдилар. Ислом тарихшуноси доктор Али Саллабий «Даулатус-Салажиқа» асарида уни қуйидагича тавсифлаган:
«Тўғрулбей кучли, ақлли, жасур, диндор, тақволи ва адолатли бўл-ган. Уни халқи қўллаб-қувватлаб, унга катта ишонч билдирди. Сўнгра у кучли бир қўшин тузиб, салжуқ-туркийларини кучли бир давлат остига бирлаштиришга ҳаракат қилган».
Ар-Равондий «Тариху давлатус-Салжуқийя» асарида шундай дейди:
«Мен Тўғрулбейни укасига бир камон ўқини бериб: «Синдириб кўрчи», - деб айтганини эшитган эдим. Укаси ёйни олиб, осонлик билан синдириб ташлайди. Ундан сўнг ёйдан иккитани бераркан, уни ҳам осонлик билан синдиради. Сўнг учта берганда, бироз қийинчилик билан синдиради. Уқлар сони тўрттага етганда кучи етмай қолади. Шунда Тўғрулбей айтади: «Биз ҳам шу ёйлар каби тарқоқ бўлган ҳолимизда озчилик одамлар ҳам осонгина синдира олади. Агар бир тану бир жон бўлсак, бизни ҳеч ким енга олмайди».
Тўғрулбей ҳукуматга келиши билан бутпарастлар ва Форс шаҳри-даги Бувайҳийларга қарши юриш қилади. У Ўрта Осиё ва Форснинг кўп ҳудудларини эгаллаб, ўз давлатини кенгайтира бошлайди. У Журжон, Табаристон, Хоразм, Табас, ва Рай шаҳарларини ўз тасарруфига ўтказади. Сўнгра Ҳамадон, Озарбайжон, Доғистон ҳамда Ғарбий Эронни ўзига қаратиб, ундан сўнг ҳозирги туркларга қарашли Онадўлини (Анатолия) эгаллайди (ярим ой ва юлдузсимон қизил байроқни биринчи Тўғрулбей кўтариб, кейин уни усмонийлар байроғи қатори ҳисобланиб, ундан кейин ҳозирги Туркиянинг давлат байроғи бўлган деган маълумотлар бор). Бағдоддаги Аббосийлар халифаси рисоладагидек ҳукмронлик қила олмаса ҳам, Салжуқийлар унга ҳурмат билан муомала қилганлар. У Бағдоддаги халифа Қоим Биамриллоҳга совғага қўшиб, уни мусулмонларнинг халифаси сифатида ҳурмат қилишлигини билдирган нома йўллайди. Халифа Салжуқийлар давлати ва Тўғрулбейдан миннатдор эканлигини айтиб, мактуб жўнатади. Бу туркий баҳодир Осиёнинг марказидан Ироқнинг чегарасигача чўзилган қудратли давлатни султони бўлади. Доктор Али Саллабий Салжуқийларни шу пайтдаги давлатини қуйидагича таърифлайди:
«Салжуқийлар 1058 йили (ҳ. 447 й.) Ғазнавийлар ва Бувайҳийларни енгиб кенг қулоч ёйгандан сўнг Ислом оламининг асосий кучига айланади. Улар византияликлар ерларига кириб, ҳатто уларни урушга чорлаганлар. Аббосийлар ҳукуматида Аллоҳ йўлида курашишни истамаган Бувайҳийлар ҳукмронлик қилаётган пайтда ўзлари хоҳласалар-у, лекин қудрати етмайдиган халифалик ерларига кириб, нотинчлик со-лаётган византияликларга қарши юриш қила бошлайди. Бу ҳаракати билан улар халқнинг эътиборига сазовор бўладилар. Чунки одамлар римликларни такаббурлигига гувоҳ бўлгандан сўнг уларга қарши собит туришларини айтар эдилар».
Бу пайтда Аббосийлар халифалиги қулаш арафасида турган эди. Чунки шиа Бусасирий Бағдод ҳукуматини босиб олиш учун Мисрдаги Убайдийлар билан махфий алоқа қилиб турган эди. Шунда Аббосийлар халифалиги Қоим Биамриллоҳ мусулмонлар ва Ислом халифалигини қутқариб қолиш учун мактуб йўллайди. Улуғ баҳодир Салжуқнинг набираси Тўғрулбей қўшини билан ўн йиллардан бери сунний-мусулмонларни сабабсиз қамаб, аёвсиз азоблаб келаётган Бувайҳийларнинг бузуқлигидан тозалаш учун ғалаба ойи бўлган Рамазон ойида Бағдодга қараб юриш қилади. У 1055 йили 23 декабрда (ҳ. 447 й. Рамазон) Бағдодга кириб, Бувайҳийларни 113 йиллик ҳукмронлигига барҳам беради. Тўғрулбей ўзини Аббосийлар халифалигининг посбони ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёрдамчиси деб эълон қилган. Сўнгра у шиа вазири хоин Бусасирийни ушлаб, қилган жиноятлари фош бўлгандан сўнг уни қатл эттирган. Салжуқнинг набираси Тўғрулбей Аббосийлар халифалигини қулашидан сақлаб, халифа Қоим Биамриллоҳнинг нуфузини қайтариб берган. Халифа уни султон этиб тайинлаб, унга Рукниддин (Дин устуни) деган фахрий унвон берган. Шунингдек, халифа султон Тўғрулбей номидан танга чиқариб, Бағдод ва бошқа шаҳарлар масжидларида унинг номи хутбага қўшиб айтилишига фармон беради. Тўғрулбей ўша пайтда халифаликка қарашли барча ҳудудларни золим Бувайҳийлардан тозалаб, Аллоҳнинг шариатни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини кенг тарғиб килган. У Бағдод масжиди эшикларидаги саҳобаларни ҳақоратлаган ёзувларни ўчиртирган. Сўнгра у Ироқнинг барча қисмида адолат ва ҳа-киқий Исломни ўрнатган. Мусулмонлар Тўғрулбейни жуда ҳам эъзозлар эдилар. Одамлар Исломнинг асл ҳақиқатларини кўришиб, тўда-тўда бўлиб, Исломни қабул қилар эдилар. Султон Тўғрулбей Ислом халифалигининг ишлари билан деярли 8 йилга яқин машғул бўлган. Тўғрулбей Аббосийлар халифалигининг ҳақиқий раҳнамоси эди. У 1062 йили (ҳ. 455 й.) Рамазон ойининг саккизинчисида 70 ёшида оламдан ўтган. У умрини Аллоҳнинг дини ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатига сарфлади. Орқасидан Урта Осиёдан Шом ўлкаларигача чўзилган Салжуқийлар давлатини қолдириб кетган. Шарқ ва ғарбдаги мусулмонлар ундан жудо бўлганликлари учун қайғуриб, унга мағфират ва раҳмат ти-лаб дуо қилганлар. Оталар ўз фарзандларига Аллоҳнинг мадади билан Ислом умматининг нуфузини тиклаган, бу салжуқий баҳодирнинг тарихини ҳикоя қилиб берар эдилар.
Тарихчи доктор Саллабий «Даулатус-Салажиқа» асарида уни қуйидагича тавсифлаган:
«Подшоҳ Тўғрулбей ақлли, юмшоқ табиатли, сабрли, сирни қатъий сақловчи, намозни канда қилмаган ҳамда душанба ва пайшанба кун-лари рўза тутувчи эди. У доим оқ рангда кийим кияр эди. У 70 ёшида вафот этган. Унинг орқасида фарзанд қолмаган. У халифа Қоим даврида 7 йил 11 ой хизмат қилган. Тўғрулбей кўп садақа берар, масжидлар қурар, кўп ибодат қилар ҳамда Аллоҳ йўлида курашишга чақирар эди. У шундай дер эди: «Мен уй қуриб, унинг ёнига масжид қурмасликдан Аллоҳдан уяламан».
Салжуқийлар ҳукмронлигини Тўғрулбейдан кейин ўз кўлига олган ёш йигит ким бўлган?
Манцикерт маъракасининг тарихи қандай бўлган?
Бу салжуқ баҳодири тарихда учинчи бор хавфли «қисқич» усулини қандай қилиб қўллаган?
Мусулмонлар қандай қилиб тарихда илк бор Византия империясининг императорини асир оладилар?

Ат-Туробийнинг
"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан

 
Баннер